Important Announcement
PubHTML5 Scheduled Server Maintenance on (GMT) Sunday, June 26th, 2:00 am - 8:00 am.
PubHTML5 site will be inoperative during the times indicated!

Home Explore BMKN (Nusratova)

BMKN (Nusratova)

Published by Maxsud Mannanov, 2023-01-17 05:44:50

Description: BMKN (Nusratova)

Keywords: BMKN (Nusratova)

Search

Read the Text Version

15. Дарҳақиқат, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир. Улуғ мукофот эса Аллоҳнинг ҳузуридадир. 16. Қўлингиздан келганича Аллоҳга тақво қилинглар, қулоқ тутинглар, итоат этинглар ва эҳсон қилинглар, ўзларингизга яхши бўлади. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, айнан ўшалар нажот топувчилардир. 17. Агар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз, У сизларга кўпайтириб қайтаради ва мағфират қилади. Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ҳалимдир. 18. У яширин ва ошкора ишларни билувчи, қудратлидир, ҳикматлидир. 65. ТАЛОҚ СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 12 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй Пайғамбар, агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддаларида талоқ қилинг ва иддани ҳисобланг. Парвардигорингиз Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқишмасин, фақат очиқ фаҳш иш қилганлари мустасно. Мана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, ҳақиқатан ўзига- ўзи зулм қилибди. Сиз билмассиз, балки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилар? 2. Улар муддатига етишса, уларни яхшилик билан олиб қолинглар ёки яхшиликча ажрашинглар ҳамда ўзларингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бундан фақат Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган насиҳат олади. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўяди. 3. Яна унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Унинг Ўзи унга кифоядир. Аллоҳ Ўз ишини албатта етказувчидир. Ҳақиқатан Аллоҳ ҳамма нарсага ўлчов қўйгандир. 4. Аёлларингиздан ҳайздан умидсиз бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Яна ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўйишларидир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У унинг ишини осон қилиб қўяди. 5. Булар Аллоҳнинг сизларга нозил қилган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг ёмонликларини ўчиради ва мукофотини буюк қилади. 6. Уларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингизга қараб жой беринглар ва уларни қисиб чиқариш мақсадида уларга зарар етказманглар. Агар ҳомиладор бўлишса, то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар. Агар сизга (фарзандни) эмизиб беришса, уларнинг ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан келишиб олинглар. Агар тангликка тушсангиз, унинг учун бошқаси эмизиб беради. 7. Ризқи кенг киши бойлигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи танг қилинган бўлса, Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи

берганидан ортиқчасига таклиф этмайди. Аллоҳ тангликдан кейин тезда осонликни ҳам пайдо қилади. 8. Қанчадан-қанча шаҳарлар ўз Парвардигори ва Унинг пайғамбарлари амридан бош тортишди. Кейин Биз уларни қаттиқ ҳисобга тортдик ва оғир азоб билан азобладик. 9. Сўнг улар қилмишларининг уқубатини тотдилар ва ишларининг оқибати зиён бўлди. 10. Аллоҳ уларга қаттиқ азобни тайёрлаб қўйди. Эй имон келтирган ақл эгалари, энди Аллоҳдан қўрқинглар! Дарвоқе, Аллоҳ сизларга Зикрни нозил қилди; 11. ва имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг очиқ-ойдин оятларини тиловат қилиб берувчи Пайғамбарни юборди. Ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ амал қилса, У уни остларидан анҳорлар оқиб турувчи, абадий қолинадиган жаннатларга киритади. Ҳақиқатан Аллоҳ унинг ризқини яхши қилгандир. 12. Аллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам шунчасини яратган Зотдир. Унинг амри улар орасига тушиб туради. Бу сизлар Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини, Аллоҳ ҳамма нарсани Ўз илми билан ўраб олганини билишингиз учундир. 66. ТАҲРИМ СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 12 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй Пайғамбар! Хотинларингизнинг розилигини истаб Аллоҳ сизга ҳалол қилган нарсани нега ҳаром қилиб оласиз? Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 2. Дарвоқе, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ҳалоллаб олишни фарз қилди. Аллоҳ Хожангиздир ва У билувчидир, ҳикматлидир. 3. Пайғамбар хотинларидан бирига бир гапни махфий айтган эди. Шунда бу ҳақда хабар бергач, Аллоҳ уни бундан воқиф қилди. У баъзисини билдирди ва баъзисини қолдирди. Қачон (Пайғамбар Ҳафсага) бу ҳақда хабар берганида, у: «Буни сизга ким айт-ди?» деди. «Менга билувчи, хабардор хабар берди», деди. 4. Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, ҳақиқатан қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлибди. Агар унга қаршиликка борсанглар, унда Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ҳам, булардан кейин яна фаришталар ҳам унга ёрдамчидир. 5. Агар у сизларни талоқ қилса, Парвардигори сизлардан яхшироқ жуфтларни – муслима, мўмина, итоатли, сертавба, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни алмаштириб бериши мумкин. 6. Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва аҳли аёлларингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлмиш дўзахдан сақланглар. Унда қўпол, қаттиққўл фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига итоатсизлик қилишмайди, фақат буюрилганини бажаришади.

7. Эй куфр келтирганлар! Бугун узр айтмай қўяқолинглар, қилмишларингиз жазосини оляпсиз, холос. 8. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Ажаб эмаски, Парвардигорингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. У Кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шарманда қилмайди. Уларнинг нурлари олдлари ва ўнг тарафларида боради. Улар эса: «Парвардигоро, бизларга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта Сен ҳамма нарсага қодирсан», дейишади. 9. Эй Пайғамбар! Кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қилинг ва уларга қаттиқ туринг. Уларнинг жойи дўзахдадир. У нақадар ёмон жой! 10. Аллоҳ куфр келтирганларга Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол келтирди. Улар бандаларимиздан икки солиҳ банданинг измида эди, уларга хиёнат қилишди ва Аллоҳдан бирор нарсани улардан қайтара олишмади ҳамда уларга: «Кирувчилар билан бирга дўзахга киринглар!» дейилди. 11. Аллоҳ имон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Парвардигорим, менга Ўз ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва мени золим қавмдан қутқаргин», деди. 12. Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни. Ўшанда Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқлади ҳамда итоаткорлардан бўлди. 67. МУЛК СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 30 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳукмронлик «қўли»да бўлган Зот буюк ва олийдир ва У ҳар нарсага қодирдир. 2. (Эй инсонлар), У қай бирингизнинг амаллари яхшироқлигини синаш учун ўлим ва ҳаётни яратди. У Қудратли ва Кечирувчидир. 3. У етти осмонни устма-уст қилиб яратди. (Эй инсон), Раҳмоннинг яратишида бирор қарама-қаршилик кўрмайсан. Нигоҳингни қарат-чи, бирор нуқсон кўрармикансан? 4. Кейин кўзингни қайта-қайта (самога) қарат, кўзинг сенга хор ва толиққан ҳолда қайтади. 5. Биз дунё осмонини ёритқичлар билан безадик ва уларни шайтонларга қарши отиладиган ҳам қилдик. Уларга дўзах азобини тайёрлаб қўйганмиз. 6. Парвардигорларига куфр келтирганларга дўзах азоби бор, у қандай ҳам ёмон қайтиш жойи-я! 7. Улар дўзахга ташланганларида унинг ўкирган ҳолда қайнаш овозини эшитишади.

8. У ғазабидан портлаб кетай дейди. Ҳар гал унга бир гуруҳ ташланса, дўзах посбонлари: «Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?» деб сўрашади. 9. Улар: «Огоҳлантирувчи келган эдию, «Аллоҳ сизларга ҳеч нарса туширмаган, фақат қаттиқ адашяпсизлар», деб уларни ёлғончига чиқарган эдик», дейишди. 10. Улар яна: «Агар ўшанда қулоқ солганимизда ёки ақлимизни ишлатганимизда ҳозир дўзахийлар орасида бўлмасдик», дейишди. 11. Улар гуноҳларини эътироф қилишди. Энди дўзахийлар ҳалок бўлсин! 12. Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиганларга мағфират ва улкан мукофотлар бор. 13. Хоҳ яширин, хоҳ ошкора сўзланг, барибир, У диллардагини билади. 14. Яратган зот билмасмиди? У сирларни билувчи ва баридан хабардордир! 15. У сизларга Ерни бўйсундириб қўйди, Ерида кезиб, Унинг неъматларидан фойдаланинглар, қайтиш ҳам Унгадир! 16. Юксакдаги Зотнинг сизларни қимирлаб турган Ерга ютдиришидан омонда бўласизларми? 17. Ёки юксакдаги Зотнинг тош жаласи ёғдиришидан омондамисиз? Ҳали огоҳлантиришларим қандайлигини биласизлар. 18. Дарвоқе, улардан олдингилар ҳам ёлғончи қилишганди, жазоларим нима бўлди? 19. Тепаларида учаётган қушларнинг қанотларини қандай очиб- ёпаётганини кўришмайдими? Уларни Раҳмондан бошқа ушлаб турадиган зот йўқ, У ҳамма нарсани кўриб туради. 20. Раҳмондан бошқа сизларга ёрдам берадиган бирор куч борми? Куфр келтирганлар очиқ ғурурдадирлар. 21. Ёки ризқини тортиб қўйса, сизларга ризқ берадиган ким бор? Ваҳоланки улар саркашликда ва ҳақдан йироқдадирлар. 22. Бошини хам қилиб юрган ҳидоятдами ёки қаддини тик тутиб тўғри йўлда бораётганми? 23. (Эй Муҳаммад): «У сизларни яратиб, қулоқ, кўз ва ақлни бериб қўйган Зотдир, аммо сизлар оз шукр қиласизлар», денг. 24. «У сизларни Ерда кўпайтириб қўйган Зотдир ва яна Унинг ҳузурида тўпланасизлар», денг. 25. Улар эса: «Агар рост айтаётган бўлсангиз бу ваъда қачон амалга ошади?» , деб сўрашади. 26. «Бунинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, мен фақат очиқ огоҳлантирувчиман», денг. 27. Азоб яқинлашганини кўрганларида эса куфр келтирганларнинг юзи қорайиб кетади ва уларга: «Мана сўраган нарсаларингиз!» дейилади. 28. «Айтинглар-чи, Аллоҳ мени ва издошларимни ҳалок этса ёки раҳм кўрсатса, куфр келтирганларни қаттиқ азобдан ким қутқаради?» денг.

29. «У Раҳмондир, биз Унга имон келтирдик, Унга суяндик. Сизлар эса яқинда ким адашаётганини албатта билиб оласизлар», денг. 30. «Агар сувларингиз ерга сингиб кетса, ким сизларга чашма сувларини чиқариб беради?» денг. 68. ҚАЛАМ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 52 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Нун. Қаламга ва у билан ёзиладиган сатрларга қасам. 2. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фазли туфайли мажнун эмассиз; 3. ва сизга тугамас мукофот бордир; 4. ва албатта сиз улуғ хулқ узрасиз. 5. Яқинда кўрасиз, улар ҳам кўришади: 6. қай бирингиз мажнун эканини. 7. Ким йўлдан озгану, ким ҳидоятда юрганини Парвардигорингиз Ўзи яхши билади. 8. Инкор қилувчилар сўзига кирманг! 9. Улар ён берсангизгина ўзлари ҳам ён беришни хоҳлашади. 10. Гапига кирманг ҳар қандай пасткаш ёлғончи-қасамхўрнинг: 11. ғийбатчи, чақимчилик қилувчининг; 12. яхшиликдан тўсувчи, гуноҳга ботганнинг; 13. қўрс ва ҳаромининг. 14. Моли ва фарзанди кўплиги туфайли; 15. оятларимиз ўқилганида: «олдингиларнинг афсоналари-ку!» дейди. 16. Яқинда бурнига тамға қўямиз. 17. Биз ҳақиқатан уларни боғ эгаларини имтиҳон қилгандай синадик. Улар тонгда барча мевани териб олишга қасам ичишганди. 18. Истисно қилишмаганди. 19. Улар уйқудалигида боғ узра Парвардигорнинг балоси айланди. 20. У шип-шийдам бўлиб қолди. 21. Эрта тонгда бир-бирларини чақиришди: 22. «мева термоқчи бўлсанглар, тезроқ юринглар». 23. Улар шивирлаб гаплашиб йўлга тушишди: 24. «бугун олдингизга бирор мискин кириб қолмасин!» 25. Улар ўз кучларига ишониб, қатъий ниятда жўнашди. 26. Боғни кўриб айтишди: «Йўлдан адашибмиз, шекилли»; 27. «йўқ, ундан маҳрум бўлибмиз!» 28. Шунда уларнинг яхшироғи: «Аллоҳ зикрини қилинглар, демабмидим?!» деди. 29. Улар: «Парвардигор покдир, ўзимизга зулм қилдик», дейишди. 30. Кейин бир-бирларига маломат қила бошлашди: 31. «ҳолимизга вой, ҳақиқатан ҳаддан ошгандик, дейишди»;

32. «шояд Парвардигоримиз бундан яхшироғини берса, Ўзидангина умид қиламиз». 33. Жазо шундай! Агар билишсайди, охиратдаги жазо бундан-да қаттиқ! 34. Тақволилар учун эса Парвардигорлари ҳузурида неъмат боғлари бордир. 35. Биз мусулмонларни жиноятчи-кофирларга тенглаб қўямизми?! 36. (Эй куфр келтирганлар), сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар? 37. Ёки ўқийдиган бирор китобингиз борми: 38. хоҳлаган нарсаларингиз берилиши ёзилган? 39. Балки «нимани ҳукм қилсак – шу бўлади» деган Биз билан қиёматгача аҳдномангиз бордир? 40. (Эй Муҳаммад), сўранг-чи, ким бунга кафил бўларкин? 41. Ёки уларнинг шериклари борми? Агар рост айтаётган бўлишса, ўша шерикларини бошлаб келишсин! 42. Болдирлар яланғочланган ва саждага чорланган кунда бунга қодир бўлишмайди. 43. Уларнинг нигоҳлари сўнади, ўзларини хорлик чулғайди. Ҳолбуки, соғ пайтларида саждага чорланган эди-ку! 44. Қуръонни ёлғонга чиқарганларни Менга қўйиб беринг! Биз уларни шундай ҳалок қиламизки, ҳатто билмай қолишади. 45. Шунинг учун уларга муҳлат бераман, Менинг ҳийлам ҳақиқатан қаттиқдир! 46. Ёки (эй Муҳаммад), улардан ҳақ сўраяпсизу, қарзга ботиб қолишдими? 47. Ёхуд уларда ғайб илми бору, ундан ёзишяптими? 48. Парвардигорингиз амрига сабр қилинг ва ғамга ботганида илтижо қилган наҳанг эгаси каби бўлманг. 49. Агар Парвардигорингизнинг фазли бўлмаганида, у саҳрога ташланган ва маломатларга қолган бўларди. 50. Лекин Парвардигори уни танлаб, солиҳлардан қилди. 51. (Эй Муҳаммад), Эслатмани эшитганида куфр келтирганлар сизни кўзлари билан тойдирмоқчи бўлишади ва «у ҳақиқий мажнун», дейишади. 52. У оламлар аҳли учун насиҳатдан бошқаси эмасдир! 69. АЛ-ҲОҚҚА СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 52 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ал-Ҳоққа. қаердан ҳам 2. Ал-Ҳоққа недир? 3. (Эй Муҳаммад), Ал-Ҳоққанинг нималигини билардингиз! 4. Самуд ва Од «Қориъа»ни ёлғон дейишди.

5. Шунда Самуд қарсиллаган овоз билан ҳалок қилинди. 6. Од эса даҳшатли бўрон билан ҳалок этилди. 7. Аллоҳ уни етти кечаю саккиз кундуз бетўхтов ҳукмрон қилиб қўйдики, қавмнинг тўнтарилган чирик хурмо дарахтлари каби чўзилиб ётганини кўрардингиз. 8. Улардан бирортаси боқий қолганини кўрдингизми? 9. Фиръавн ҳам, ундан олдингилар ҳам, яксон бўлган шаҳардагилар ҳам гуноҳ қилишган эди. 10. Парвардигорлари пайғамбарига итоатсизлик қилишганида У қаттиқ жазолади. 11. (Эй инсонлар), сув тошганида Биз сизларни кемага чиқардик; 12. сизларга буни эслатиш ва эшитувчи қулоқлар англаши учун қилдик. 13. Сур бир марта пуфланганида; 14. еру тоғлар кўтарилиб, бир ҳамлада силкинганида; 15. Ана ўшанда қиёмат содир бўлади. 16. Ўша кунда заифлашиб қолган осмон ёрилади. 17. Фаришталар чор атрофда туришади, ўша Куни Парвардигор Аршини улардан саккизтаси кўтариб туради. 18. Ўша Кунда Аллоҳга рўпара қилинасизлар, бирорта ҳам сирингиз яширин қолмайди. 19. Кимга амаллар китоби ўнг томонидан берилса: «Менинг китобимни ўқиб кўринглар», дейди. 20. «Ҳисоб-китоб қилинишимга албатта ишонардим». 21. Энди у тилаган ҳаётда; 22. юксак жаннатда: 23. мевалари қўл етгудай. 24. Уларга: «Ўтган кунлардаги амалларинг эвазига еб- ичаверинглар», дейилади. 25. Китоби чап томондан берилган айтади: «Қанийди, китобим берилмаганида эди»; 26. «ҳисоб-китобим қандай бўлишини ҳам билмасдим»; 27. «қанийди, қайта тирилмасам эди»; 28. «бойликларим ҳам ёрдам беролмади»; 29. «ишонганларим ҳам йўқ бўлди». 30. Шунда буюрамиз: «Уни ушлаб, кишанланг!»; 31. «сўнг дўзахга ташланг!»; 32. «кейин етмиш қулочли занжирга боғланг!». 33. Чунки у буюк Аллоҳга ишонмаганди. 34. Қашшоққа таом беришга рағбатлантирмаган эди. 35. Бугун бу ерда унга бирор дўст ҳам йўқ. 36. Йирингдан бошқа бирор емиш ҳам йўқ. 37. Буни эса гуноҳкордан бошқаси емас. 38. Кўраётганларингизга қасам; 39. кўрмайдиганларингизга ҳам қасам. 40. Ҳақиқатан у мукаррам элчининг сўзидир.

41. Шоир сўзи эмас, сизлар унча ишонмайдиган. 42. Сизлар кам эслайдиган фолбин сўзи ҳам эмас. 43. Уни оламлар Парвардигори нозил қилган. 44. Агар у Биз айтмаган сўзни тўқиганида; 45. албатта уни ўнг қўлидан тутардик; 46. кейин жонтомирини кесиб ташлардик. 47. Уни бирортангиз асраб қололмайсиз. 48. Қуръон ҳақиқатан тақволиларга насиҳатдир. 49. Биз албатта айримларингиз уни ёлғонга чиқарганини биламиз. 50. Ва у ҳақиқатан кофирларга надоматдир. 51. Шундай! Ахир у айни ҳақиқатдир! 52. Буюк Парвардигорингиз номи билан Уни поклаб ёд этинг! 70. МАОРИЖ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 44 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Сўровчи келадиган азобни сўради – 2. кофирларга. Уни қайтара олувчи йўқдир; 3. бу Аллоҳдандир – меърожлар Эгасидан! 4. Эллик минг йилга тенг кунда фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига кўтарилишади. 5. (Эй Муҳаммад), энди чиройли сабр қилинг! 6. Улар буни ҳали узоқ деб ўйлашади. 7. Биз уни яқин деб биламиз. 8. Ўша куни осмон мис каби эрийди. 9. Тоғлар тўзиган юнгга айланади. 10. Дўст дўстидан ҳол сўролмас – 11. бир-бирини кўриб турса ҳам. Гуноҳкор хоҳлайди ўша кун азобидан қутулишни ўғиллари эвазига; 12. хотинию, ака-укалари; 13. ҳатто ўз қариндош-уруғларию; 14. ер юзидаги ҳаммани бериб бўлса-да, қутулса қанийди. 15. Йўқ! У алангали оловдир; 16. унинг бош терисини шилиб олажак! 17. Чорлайди Ҳақдан қайтган ва юз ўгирганни; 18. мол йиғиб-босганни. 19. Инсон ҳақиқатан бесабр яралгандир; 20. кулфат келганида чидамайди; 21. мол-мулк келса, бахилга айланади. 22. Намоз ўқувчиларгина бундан мустасно. 23. Улар намозларида бардавом бўлишади. 24. Ва молларидан улуш чиқаришади: 25. ҳожатманд ва фақирларга. 26. Булар жазо кунини тасдиқловчилардир.

27. Ва Парвардигорлари жазосидан қўрқувчилардир; 28. чунки Парвардигорлари азобидан қутулиш йўқдир! 29. Ва улар фаржларини сақлашади. 30. Хотинлари ва чўриларига бўлса, маломат қилинмайди. 31. Булардан ўзгасини истаганлар ҳаддан ошувчилардир. 32. Ва улар омонатларга ва аҳдларига вафо қилишади. 33. Ва улар тўғри гувоҳлик беришади. 34. Ва улар намозларини адо этишади. 35. Ана шулар жаннат боғларида иззатда бўлишади. 36. (Эй Муҳаммад), кофирларга нима бўлди, сиз томонга чопиб қолишди; 37. ўнг томондан, сўл томондан тўп-тўп бўлиб? 38. Ё улардан ҳар бири Наъим жаннатига киришни тама қиляптими? 39. Асло йўқ! Албатта Биз уларни ўзлари билган нарсадан яратганмиз. 40. Бас! Мағриблар ва машриқлар Парвардигорига қасам, Биз албатта қодирмиз: 41. уларни яхшиларига алмаштиришга ва Биз бунга ожиз эмасмиз! 42. Уларга қўйиб беринг, ваъда қилинган Кун келгунича валақлашиб, ўйнаб-кулиб юришаверсин. 43. Ўша куни бутларига ошиққандек қабрлардан шоша-пиша чиқишади; 44. кўзлари сўник, ўзлари шарманда ҳолатда. Уларга кўп марта ваъда қилинган Кун шудир! 71. НУҲ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 28 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Биз Нуҳни: «Уларга аламли азоб келмасидан олдин огоҳлантир!» деб, қавмига пайғамбар қилиб юбордик. 2. У айтди: «Эй қавмим, мен албатта сизларга очиқ огоҳлантирувчиман»; 3. «Аллоҳга бандалик қилинглар, Ундан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар»; 4. «шунда У гуноҳларингизни кечиради, ажалингизни белгиланган муҳлатгача кечиктиради. Аллоҳнинг муддати келганида асло кечиктирилмайди, кошки билсайдингиз!». 5. Нуҳ айтди: «Парвардигоро, қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим»; 6. «лекин чақириғим уларнинг қочишини кучайтирди, холос»; 7. «қачон уларни Сендан кечирим сўрашга чақирсам, бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб олишади, қайсарлик билан такаббурлик қилишади»; 8. «кейин уларни ошкора даъват қилдим»;

9. «сўнг уларга очиқчасига ва кейин яширин гапириб ҳам кўрдим»; 10. уларга дедимки: «Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, У албатта кечирувчидир»; 11. «У устингизга осмондан ёмғир ёғдиради»; 12. «сизларни мол-дунё, фарзандлар билан қўллайди, сизларга боғ- роғлар ва оқар дарёларни беради»; 13. «нега Аллоҳни улуғлашни ўйламайсизлар?»; 14. «ҳолбуки У сизларни босқичма-босқич яратди»; 15. «кўрмаяпсизларми У етти осмонни устма-уст қилиб яратганини?»; 16. «Ойни нур таратувчи, Қуёшни ёғду сочувчи қилиб қўйганини». 17. «Аллоҳ сизларни ердан ундирди»; 18. «кейин сизларни унга қайтариб, сўнг Ўзи яна чиқаради»; 19. «ва Аллоҳ сизларга Ерни ёйиб-текис қилиб қўйди»; 20. «ундаги кенг йўлларда юришингиз учун». 21. Нуҳ айтди: «Парвардигорим, улар ҳақиқатан менга бўйсунишмади, балки мол-дунёси, бола-чақаси зиённи кўпайтирадиганга эргашишди»; 22. «улар жуда катта макр қилишди»; 23. «ва: «Илоҳларингизни ҳаргиз тарк қилманглар, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам, Насрни ҳам асло ташламанглар», дейишди»; 24. «улар кўпчиликни адаштиришди. Сен бу золимларга гумроҳликдан бошқа нарсасини кўпайтириб берма!». 25. Улар гуноҳлари сабабли сувга ғарқ қилинишди, ўтга ташланишди ва Аллоҳдан ўзга бирор мададкор топа олишмади. 26. Нуҳ айтди: «Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирортасини тирик қолдирма!»; 27. «чунки уларни қолдирсанг, бандаларингни йўлдан оздиришади, фақат кўрнамак ва нопокларни туғиб-кўпайтиришади»; 28. «Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирганларни, барча мўминлару мўминаларни мағфират қил ва золимларга эса ҳалокатдан бошқасини кўпайтириб берма!». 72. ЖИН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 28 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Менга аён бўлишича, жинлардан бир гуруҳи тинглаб кетгач айтишди: «Ажиб бир Қуръон эшитдик»; 2. «тўғри йўлга бошлайдиган. Унга имон келтирдик ва Парвардигоримизга ҳеч кимни шерик қилмаймиз»; 3. «Азамати улуғ Парвардигоримиз на хотин, на фарзанд тутган»; 4. «Аҳмоқларимиз Аллоҳ шаънига туҳмат гаплар айтишди»;

5. «Инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ ҳақида ҳаргиз ёлғон сўзламайди, деб ўйлардик»; 6. «Баъзи инсонлар жинларнинг айримларидан паноҳ излашар эди. Бу уларнинг нодонлигини орттирди, холос». 7. «Улар ҳам сизлар каби Аллоҳ ҳеч кимни ўлганидан кейин асло қайта тирилтирмайди, деб гумонда бўлишар эди»; 8. «Осмонга етганимизда унинг кучли посбонлар ва учар юлдузларга тўла эканини кўрдик»; 9. «Эшитишга қулай жойларда ўрнашиб олардик. Энди ким эшитмоқчи бўлса, ўзини пойлаб турган учар юлдузга дуч келади»; 10. «Ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилиндими ё Парвардигорлари уларни тўғри йўлга бошладими, билмай қолдик»; 11. «Орамизда яхшиларимиз ҳам, бошқачаларимиз ҳам бор: турли йўлларда эдик»; 12. «Аллоҳнинг Ер юзидаги иродасига қарши боролмаслигимизни ва Ундан қочиб қутула олмаслигимизни тушундик»; 13. «Ҳидоятни эшитгач, унга имон келтирдик. Ким Парвардигорига имон келтирса, зарардан ҳам, зулмдан ҳам қўрқмайди»; 14. «Орамизда мусулмонимиз ҳам, адашганларимиз ҳам бор. Ким Исломга кирибди, тўғри йўлни топибди»; 15. «Йўлдан озганлар эса дўзахга ўтин бўлибди». 16. Агар улар тўғри йўлда бўлишганида, Биз сувларини сероб қилардик; 17. бу уларни синаш учун. Ким Парвардигори зикридан юз ўгирса, уни қаттиқ азобга гирифтор қилади. 18. Масжидлар Аллоҳникидир, шунинг учун Аллоҳдан ўзгага сиғинманг. 19. Лекин Аллоҳнинг бандаси ибодатга турганида устига тўдалашиб бостириб келишди. 20. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Парвардигоримга ибодат қиламан, Унга ҳеч кимни шерик қилмайман!»; 21. «мен сизларга зарар ҳам, фойда ҳам беришга қодир эмасман». 22. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳдан ҳеч ким мени қутқара олмайди ва Аллоҳдан ўзгасидан паноҳ ҳам тополмайман». 23. «Аллоҳдан менга Унинг рисолатини етказиш вазифаси юкланган. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига бўйсунмаса, унга дўзах олови бор ва у ерда абадий қолади». 24. Улар ваъда қилинган нарсани кўришганида кимнинг ёрдамчиси заифу ким озчилик эканини билиб олишади. 25. «Ваъда қилинган жазо яқинми ё Парвардигорим муҳлат берганми, билолмадим», денг. 26. Ғайбни Унинг Ўзи билади ва сиридан ҳеч кимни хабардор қилмайди; 27. Ўзи рози бўлган ва танлаган Пайғамбари бундан мустасно. Унинг олдидан ва ортидан посбон-фаришталарни тайинлайди.

28. Уларнинг Парвардигорлари рисолатини етказганларини, Аллоҳ улар ҳузуридаги ҳамма нарсани ўраб-иҳоталаб, ҳар бир нарсанинг саноғини ҳисоблаб қўйганини билиш учундир. 73. МУЗЗАММИЛ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 20 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй ўралиб олган! 2. Кечанинг кўп қисмида ибодатда қоим бўлинг; 3. туннинг ярми ёки ундан озроғида; 4. ёки унга бир оз қўшинг. Қуръонни тартил билан тиловат қилинг! 5. Биз сизга оғир бир Сўзни юборамиз. 6. Ҳақиқатан тунда туриш нафсга қийин, аммо қироатга қулайроқдир. 7. Чунки кундузи турмуш ташвишларингиз кўп. 8. Парвардигорингиз номини ёд қилинг ва Унга бутунлай ўзни бағишланг. 9. У шарқу ғарбнинг Парвардигоридир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Унинг паноҳига киринг. 10. Уларнинг гапларига бардошли бўлинг ва муносиб ҳолда улардан чиройли четланинг. 11. Ҳузур-ҳаловатда бўлишса-да инкор этувчиларни Менга топширинг, уларга бир оз муҳлат беринг. 12. Бизда албатта кишанлар ва дўзах мавжуд. 13. Томоққа тиқилувчи таом ва қаттиқ азоб ҳам бор. 14. Ер ва тоғлар ларзага келиб, тоғлар қумтепалар каби сочилган бир Кунда; 15. (эй маккаликлар), худди Фиръавнга юборилган пайғамбар каби сизларга ҳам гувоҳликка ўтувчи Пайғамбарни юбордик. 16. Фиръавн пайғамбарга итоат этмади ва Биз уни қаттиқ жазоладик. 17. Куфр келтирсангиз, болаларни ҳам қаритиб юборадиган Кундан қандай қутуласиз? 18. Ўша куни осмон ҳам ёрилади, Аллоҳнинг ваъдаси амалга ошади. 19. Булар сизларга Эслатмадир, ким хоҳласа, Парвардигори йўлига ўтади. 20. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз сизнинг ва сизга эргашган гуруҳнинг туннинг учдан икки қисмидан озроғини ёки ярмини ё учдан бирини ибодатда ўтказаётганингизни албатта билади. Аллоҳ кеча ва кундузни Ўзи тақсимлаб қўйган. У тоқатингиз етмаслигини билиб, сизларга раҳм қилди. Энди Қуръондан имкон қадар ўқийверинглар. У баъзиларингизнинг бемор бўлишини, бошқаларингизнинг Аллоҳ розилигини излаб сафарга чиқишини, айримларингизнинг Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилишини ҳам билади. Энди муяссар бўлганича ўқинг-лар, намозни адо этинглар, закотни ато қилинглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар.

Ўзингизга қандай яхшиликни тайёрлаган бўлсангиз, Аллоҳ ҳузурида ундан яхшироғини ва улкан мукофотни топасизлар. Аллоҳдан кечиришини сўранглар, Аллоҳ ҳақиқатан кечирувчи ва раҳмлидир. 74. МУДДАССИР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 56 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй бурканиб олган! 2. Туринг ва огоҳлантиринг! 3. Ва Парвардигорингизни улуғланг! 4. Кийимингизни пок тутинг. 5. Нопокликлардан четланинг. 6. Яхшиликларингизни миннат қилманг. 7. Парвардигорингиз учун сабрли бўлинг. 8. Сурга пуфланганида; 9. ўшанда кунларнинг энг қийини кечади. 10. Кофирларга осон бўлмайди. 11. (Эй Муҳаммад), сўққабош қилиб яратганимни Ўзимга қўйиб беринг. 12. Унга беҳисоб бойлик бериб қўйдим; 13. ҳозиру нозир ўғилларни ҳам. 14. Ҳамма нарсасини осонлаштириб қўйдим. 15. Кейин эса яна зиёда этишимни тамаъ қилади. 16. Йўқ! Чунки у Бизнинг оятларимизни инкор этган. 17. Яқинда уни машаққатга учратаман. 18. У ўйланди ва чамалади. 19. Ҳалок бўлгур нимани чамалаяпти? 20. Яна ҳалок бўлгур нимани мўлжаллаяпти? 21. Кейин аланглади. 22. Сўнг юзини тириштириб, хўмрайди. 23. Кейин юз ўгириб, кибрга борди. 24. Ва айтди: «Бу – сеҳрдан ўзгаси эмас»; 25. «инсон сўзининг ўзгинасидир». 26. Уни тез дўзахга соламан. 27. (Эй Муҳаммад), дўзах қандайлигини билмайсиз. 28. У шафқат қилмайди ҳам, қолдирмайди ҳам. 29. У терини куйдиради. 30. Устида ўн тўққиз фаришта. 31. Биз дўзах қўриқчиларини фаришталардан қилганмиз. Уларнинг саноғи ҳам кофирларни синаш учун. Аҳли китоблар ишонишлари, мўминларнинг имони зиёда бўлиши учун. Китобийлар ва имон келтирганлар шак-шубҳага бормасликлари учун. Дилида хасталик борлар ва куфр келтирганлар: «Аллоҳ бу мисол билан нимани хоҳлайди?» дейишлари учун. Шу тариқа Аллоҳ хоҳлаганини адаштиради, хоҳлаганини ҳидоятга

бошлайди. Парвардигорингиз аскарларини Унинг Ўзидан бошқаси билмайди ва у одамларга фақат эслатмадир! 32. Ойга қасам. 33. Ва чекинаётган тунга қасам. 34. Ва отаётган тонгга қасам. 35. У далилларнинг буюгидир; 36. одамларга огоҳлантирувчидир; 37. илгариловчи ёки чекинувчисига. 38. Ҳар бир жон қилмишига масъулдир. 39. Ўнг томон эгалари мустасно. 40. Улар жаннатда сўрашади; 41. гуноҳкорлар ҳолидан: 42. «Сизларни дўзахга нима киритди?» 43. «Намоз ўқувчилардан эмасдик». 44. «Мискинларга таом бермасдик». 45. «Беҳуда сўзлар ботқоғига шўнғигандик». 46. «Қиёмат кунини ёлғонга чиқаргандик»; 47. «ўлимимиз келгунича». 48. Энди уларга шафоатчилар шафоати фойда бермайди. 49. Нега улар Эслатмадан юз ўгиришади? 50. худди ҳуркиган эшакларга ўхшаб; 51. шердан қочган. 52. Балки ҳар бири ўзига равшан саҳифа берилишини истар?! 53. Йўқ, улар охиратдан қўрқишмайди. 54. Балки бу бир Эслатмадир! 55. Хоҳлаганлар ундан эслатма олишади. 56. Агар Аллоҳ хоҳласагина ундан эслатма олишади. У қўрқишга ва мағфират сўрашга муносибдир. 75. ҚИЁМАТ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 40 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Йўқ, Қиёмат куни билан қасам. 2. Ва маломатгўй нафс билан қасам. 3. Инсон унинг суякларини тўплай олишимизга шубҳа қиладими? 4. Йўқ, Биз унинг бармоқ учларигача тиклашга қодирмиз. 5. Балки шунда ҳам инсон фожирликни истар?! 6. У: «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрайди. 7. Нигоҳлар лол қолганда; 8. Ой тутилиб, нурини йўқотганида; 9. Қуёш ва Ой бирлашиб кетганида; 10. Ўша куни инсон: «Қочарга жой борми?» дейди. 11. Йўқ, асло йўқ! 12. Ўша куни қарор топиш жойи фақат Парвардигоринг ҳузуридадир.

13. Ўша куни инсонга нима келтирганию, нимани қолдиргани хабари берилади. 14. Инсон эса ўзига қарши гувоҳлик беради; 15. гарчи узрларни тўкиб солса ҳам. 16. (Эй Муҳаммад), уни тезроқ ёдлайман деб тилингизни қимирлатаверманг. 17. Ҳақиқатда уни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. 18. Шунинг учун ўқиб берилаётганида қироатга эргашинг. 19. Кейин уни тушунтириб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда. 20. Йўқ, (эй Макка мушриклари) сизлар ўткинчи дунёни севасизлар. 21. Ва охиратни унутасизлар. 22. Ўша куни баъзиларнинг юзи нурли бўлади; 23. Парвардигорларига боқишар экан. 24. Ўша куни баъзи юзлар буришади; 25. Улкан азоб келишини кутишар экан. 26. Йўқ! Жон ҳиқилдоққа келганида: 27. «Дам соладиган борми?» дейилганида; 28. у бунинг ажралиш эканини билганида; 29. болдирлар бир-бирига чалишганида; 30. шу куни Парвардигорингизга қайтиш бўлур. 31. У тасдиқ этмади ва намоз ўқимади. 32. Ва лекин у «ёлғон» деди ва юз ўгирди. 33. Сўнг оиласига керилиб борди. 34. Ҳолингга вой сенинг, ҳолингга вой! 35. Яна бир карра ҳолингга вой бўлсин! 36. Инсон ўз ҳолига ташлаб қўйилган, деб ўйлайдими? 37. Ахир у манийдан тўкиладиган нутфа эмасмиди? 38. Кейин лахта қон бўлди, Аллоҳ уни мукаммал қилиб яратди. 39. Кейин ундан эркак ва аёл жуфтни яратди. 40. Наҳот шундай Зот ўликларни тирилтиришга қодир бўлмаса?! 76. ИНСОН СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 31 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Инсон устидан у эсга олишга ҳам арзигулик бўлмаган бир замон ўтмаганмиди? 2. Биз уни ҳақиқатан аралашган маний қатрасидан яратдик, синаш учун уни эшитадиган ва кўрадиган қилдик. 3. Биз ҳақиқатан унга тўғри йўлни кўрсатдик – у шукр қилувчи ё ношукр бўлди. 4. Куфр келтирганлар учун занжирлар, кишанлар ва дўзах оловини тайёрлаб қўйдик. 5. Яхшилари эса қадаҳларда кофур аралашган ичимлик ичишади; 6. бир булоқданки, Аллоҳ бандалари учун мангу оқизиб қўйилган.

7. Улар назрларига вафо қилишади, ёмонлиги кенг тарқалган Кундан қўрқишади. 8. Ўзлари хоҳлаб туришса ҳам таомларидан мискин, етим ва асирларга беришади. 9. «Фақат Аллоҳ розилиги учун таом беряпмиз, эвазига сизлардан ҳақ ҳам, ташаккур ҳам сўрамаймиз», дейишади. 10. «Қўрқинчли ва даҳшатли Кунда Парвардигоримиздан қўрқамиз», дейишади. 11. Парвардигорлари уларни ўша кун ёмонлигидан асрайди, уларнинг юзларига нур, дилларига сурур ато этади. 12. Ва сабрлари учун уларни жаннат ва ипак либослар билан мукофотлайди. 13. У ердаги сўриларда ёнбошлаган ҳолда жазирамани ҳам, қаҳратонни ҳам кўришмайди. 14. Тепаларига жаннат сояси яқин ва мевалар эса қўл етгудай эгилган бўлади. 15. Уларга кумуш идишлар ва биллур қадаҳлар айлантириб турилади. 16. Кумушдан ҳам оппоқ биллурларда истаганча ичишади. 17. У ерда қадаҳларда занжабил аралашган ичимликлар ичирилади; 18. Салсабил номли булоқлардан. 19. Атрофларида ҳамиша навқирон ходимлар айланиб туришади, уларни кўрганда сочилган маржонлар деб ўйлайсан. 20. У жойга қараганингда ноз-неъматларни ва улуғ салтанатни кўрасан. 21. Устларида яшил атласдан ва қалин ипакдан либослар, ўзлари кумуш зийнатлар билан безанган бўлади. Парвардигорлари уларга покиза шароб ичиради. 22. «Бу амалларингиз қабул бўлгани мукофотидир», дейилади. 23. (Эй Муҳаммад), Биз сизга Қуръонни бўлиб-бўлиб туширдик. 24. Энди Парвардигорингиз ҳукмини кутинг, уларнинг гуноҳкори ва куфр келтирганидан бирортасининг сўзига кирманг. 25. Эртаю кеч Парвардигорингизни зикр қилинг; 26. кечалари Унга сажда қилинг, узун тунларда Унга тасбиҳ айтинг. 27. Анавилар ҳақиқатан дунёни яхши кўришади, қиёматни унутишади. 28. Биз уларни яратдик ва вужудларини мустаҳкам қилдик. Агар хоҳласак, улар ўрнига ўхшашларини келтирамиз. 29. Ҳақиқатан бу эслатмадир: ким хоҳласа, Парвардигор йўлини танлайди. 30. (Эй инсонлар), агар Аллоҳ хоҳласагина сизлар ҳам хоҳлайсизлар. Аллоҳ албатта билувчи ва ҳикматлидир. 31. У кимни истаса, раҳматига эриштиради. Золимларга эса қийноқли азобни тайёрлаб қўйган. 77. МУРСАЛОТ СУРАСИ

Маккада нозил бўлган, 50 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Кетма-кет юбориладиганларга қасам; 2. шиддатли елувчиларга қасам; 3. тарқатувчиларга қасам; 4. фарқлаб берувчиларга қасам; 5. ваҳийни ташувчиларга қасам; 6. тавба ва огоҳлантиришларни ҳам. 7. Ваъда қилинаётгани албатта содир бўлади. 8. Юлдузлар сўнганида; 9. осмон ёрилганида; 10. тоғлар тўзғиганида; 11. пайғамбарларга белгиланган вақт келганида; 12. қай кунгача кечиктирилганди? 13. Ажрим кунигача. 14. (Эй инсон), ажрим куни нималигини биласанми? 15. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 16. Биз олдингиларни ҳалок қилмадикми? 17. Кейин Биз ортларидан бошқаларини ҳам эргаштирмадикми? 18. Гуноҳкорларни шундай ҳалок қиламиз. 19. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 20. Биз сизларни арзимас сувдан яратмадикми? 21. Кейин уни пухталаб жойламадикми; 22. маълум вақтгача? 23. Буни Биз белгиладик, белгиловчиларнинг энг яхшисимиз. 24. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 25. Биз Ерни йиғувчи қилиб қўймадикми; 26. тириклару ўликларни? 27. Ва унда баланд тоғларни вужудга келтирмадикми ва сизларга чучук сув ичирмадикми? 28. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 29. Ёлғонга чиқарган нарсангизга юринглар. 30. Уч бўлакли «соя»га юринглар. 31. У на соядир, на оташдан қутқарур. 32. У қаср каби чўғлар сочади; 33. сарғимтир туяларга ўхшаган. 34. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 35. Бу кун улар сўзлай олмайдиган; 36. ўзларини оқлашга изн берилмайдиган кундир. 37. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 38. Бу ажрим кунидир: сизларни ва олдингиларни тўпладик. 39. Агар ҳийлангиз бўлса, Менга ишлатиб кўринглар-чи! 40. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 41. Тақводорлар сояларда, булоқлар ёнидадирлар.

42. Хоҳлаган мевалари муҳайё. 43. Қилган амалларингиз эвазига еб-ичаверинглар. 44. Биз яхшилик қилувчиларни шундай мукофотлаймиз. 45. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 46. (Эй кофирлар), енглар ва бир оз маза қилиб қолинглар, албатта сизлар гуноҳкорсизлар. 47. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 48. Уларга «Рукуъ қилинглар!» дейилса, эгилишмади. 49. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой! 50. Шундан кейин ҳам қайси сўзга ишонишаркин? 78. НАБАЪ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 40 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Улар бир-бирларидан нима ҳақда сўрашяпти? 2. Улуғ хабар ҳақидаки: 3. бу ҳақда улар тортишишади. 4. Йўқ, яқинда билишади. 5. Яна бир бор йўқ, яқинда билиб олишади. 6. Биз Ерни ёйиб қўймадикми; 7. ва тоғларни қозиқ. 8. Ва сизларни жуфт қилиб яратдик. 9. Ва уйқунгизни сизларга роҳат қилдик. 10. Ва кечаларни либос-парда қилдик. 11. Ва кундузни тирикчилик вақти қилдик. 12. Тепангизга етти маҳкам осмонни тикладик; 13. ва нури ёрқин чироқни пайдо қилдик. 14. Қат-қат булутлардан мўл сув туширдик: 15. дон ва гиёҳларни ўстириш учун; 16. Ва сердарахт боғларни. 17. Ҳақиқатан Ажратадиган кун муайян бир вақтдир. 18. Сур чалинган кунда тўп-тўп бўлиб келасизлар. 19. Осмон ёрилиб, эшиклари очилади. 20. Тоғлар ҳам тўзитилиб, саробга айлантирилади. 21. Дўзах пистирма бўлади; 22. ҳаддан ошганларнинг қайтар жойидир. 23. Унда кўп асрлар қолишади. 24. Улар у ерда салқинни ва ичимликни тотишмайди; 25. фақат қайноқ сув ва йиринг; 26. муносиб жазо шудир. 27. Чунки улар ҳисоб-китобга ишонишмасди. 28. Оятларимизга ишонмай, ёлғон дейишганди. 29. Ҳар бир нарсани ҳисоблаб-ёзиб қўйганмиз.

30. (Эй кофирлар), энди тотинглар, сизларга азобдан бошқасини бермаймиз. 31. Тақводорларга албатта ютуқ бордир: 32. боғлар ва узумзорлар; 33. бўйга етган тенгқур қизлар; 34. ва шароб тўла қадаҳлар бордир. 35. У ерда беҳуда ва ёлғон сўзлар эшитишмайди. 36. Булар Парвардигордан мукофот ҳисобидандир. 37. У осмонлару Ер ҳамда улар орасидаги ҳамма нарсанинг меҳрибон Парвардигоридир. Унга ҳеч ким сўзлай олмайди. 38. Ўша кунда Руҳ ва фаришталар сафланиб туришади. Раҳмон изн берган ва ростгўйлардан ўзга ҳеч ким сўзлай олмайди. 39. Ўша кун ҳақдир, Парвардигорига қайтишни истаган ҳар ким имкон топа олади. 40. Биз сизларни яқинда албатта келадиган азобдан огоҳлантирдик. У кунда инсон икки қўли юборган нарсани кўради ва кофир: «Қанийди тупроққа айлансам!» дейди. 79. НОЗИОТ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 46 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Шиддат билан суғурувчиларга қасам; 2. авайлаб суғурувчиларга қасам; 3. тез сузувчиларга қасам; 4. ва ўзиб кетувчиларга қасам; 5. буйруқни тадбир билан бажарувчиларга қасам. 6. Титратувчи титратган кунда; 7. эргашувчи унга эргашганида; 8. ўша куни қалблар изтиробдадир. 9. Нигоҳлар сўникдир. 10. Улар айтишади: «Олдинги ҳолимизга қайтамизми?»; 11. «чириган суякка айлангандан кейин-а?» 12. Улар: «У ҳолда фойдасиз қайтиш-ку», дейишади. 13. У фақат қаттиқ наърадан бошқаси эмас. 14. Қарабсизки, улар ер устида туришибди. 15. (Эй Муҳаммад), сизга Мусо хабари келганмиди? 16. Ўшанда Парвардигори уни муқаддас Туво водийига чорлади ва: 17. «Фиръавн олдига бор, у туғёнга кетди», деди. 18. Кейин унга айт: «Покланмайсанми?»; 19. «Парвардигорингга йўллайки, тақволи бўласан». 20. ва унга улкан далилни кўрсатди. 21. Аммо у буни ёлғонга чиқариб, осийлик қилди. 22. Кейин қайсарларча бундан юз ўгирди. 23. Қавмини тўплади ва уларга қарата:

24. «Мен сизларнинг улуғ Парвардигорингизман!» деди. 25. Шунда Аллоҳ уни олдинги ва кейинги гуноҳлари учун жазога тортди. 26. Бунда тақводорларга ибрат бордир. 27. Сизларни яратиш қийинми ё осмонними? У зот уни яратди; 28. Ва шифтини кўтариб, мукаммал ҳолда ўрнатди. 29. Кечани қоронғи ва кундузни ёруғ қилди. 30. Шундан кейин Ерни ёйиқ қилди; 31. ундан сув ва ўт-ўланни чиқарди; 32. унда тоғларни ўрнатди; 33. сизларга ва чорвангизга манфаат учун. 34. Улуғ мусибат келганида; 35. ўша куни инсон қилмишларини эслайди. 36. Ва дўзах кўзи очиқларга намоён бўлади. 37. Аммо туғёнга кетган; 38. ва дунё ҳаётини афзал санаганга: 39. дўзах макон бўлади. 40. Аммо ким Парвардигоридан қўрқиб, нафс истакларини енгган бўлса; 41. унга жаннат маскан бўлади. 42. (Эй Муҳаммад), улар: «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрашади. 43. Бунга нима дея оласиз? 44. Буни фақат Парвардигорингиз билади. 45. Сиз Ундан қўрқувчиларни огоҳлантирасиз, холос. 46. Уни кўришганида дунёда фақат бир кеча ёки кундуз тургандек туюлади. 80. АБАСА СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 42 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. у хўмрайди ва ўгирилиб олди; 2. Ҳузурига кўр киши келганида. 3. (Эй Муҳаммад), қаердан биласиз, балки у покланар; 4. насиҳат олмоқчидир ва бу насиҳатдан манфаат топар? 5. Беҳожат кишига эса; 6. мутасаддилик қилмоқдасиз. 7. У покланмаса ҳам сизга ҳеч ким маломат қилмайди. 8. Аммо олдингизга шошиб келганга; 9. Аллоҳдан қўрққан ҳолида; 10. сиз унга эътибор бермаяпсиз. 11. Ундай қилманг, булар эслатмадир. 12. Ким хоҳласа, буни эсда тутади. 13. У табаррук битиклардадир; 14. ҳурматланган ва покланган.

15. Элчиларимиз қўлидадир; 16. олийжаноб ва итоаткор. 17. Ҳалок бўлгур инсон бунча куфрга бормаса?! 18. Аллоҳ уни нимадан яратди? 19. У нутфадан яратиб, туғилишини белгилади. 20. Кейин чиқиш йўлини унга осон қилди. 21. Сўнгра уни ўлдирди ва қабрга киритди. 22. Қачон хоҳлаганида уни тирилтиради. 23. Йўқ, Унинг буюрганларини адо этмади. 24. Инсон ўз емишларига назар солсин. 25. Мўл-кўл сувни тушириб қўйганмиз. 26. Кейин Ерни ёриб бердик; 27. унда ундирдик дон-дунларни; 28. узум ва сабзавотларни; 29. зайтун ва хурмоларни; 30. сердарахт боғларни; 31. мевалару ўт-ўланларни; 32. сизларга ва чорвангизга емиш қилиб. 33. Аммо Соохха янграганида: 34. у кунда қочар одам ўз ака-укасидан; 35. отасидан ва онасидан; 36. хотинию бола-чақасидан. 37. У кунда ҳамма ўз ташвиши билан оворадир. 38. У кунда баъзи чеҳра порлоқдир; 39. Табассумли ва хурсанд. 40. У кунда баъзи юзлар ғубор босган; 41. қорайиб кетган бўлади. 42. Ана шулар кофир ва фожирлардир. 81. ТАКВИР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 29 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Қуёш ўралганида; 2. ва юлдузлар ҳам сўнганида; 3. ва тоғлар жойидан жилганида; 4. ва ҳомиласи ўн ойлик туялар қаровсиз қолдирилганида; 5. ва ваҳший ҳайвонлар тўпланиб қолганида; 6. ва денгизлар тошиб чиққанида; 7. ва нафслар қўшилганида; 8. ва тириклай кўмилган қиз саволга тутилса: 9. «қайси гуноҳ учун ўлдирилди?» деб. 10. номаи аъмоллар очилганида; 11. осмон теридай шилиб олинганида; 12. дўзах қиздирилганида;

13. жаннат яқинлаштирилганида; буни хоҳлай 14. ўшанда ҳар бир жон нима ҳозирлаганини билади. 15. Йўқ, сайёраларга қасам; 16. пайдо ва ғойиб бўлувчи. 17. Қорайиб келаётган тунга қасам. 18. Мусаффо тонгга қасам. 19. Бу албатта мукаррам элчи сўзидир; 20. қудратли Арш эгаси ҳузурида ҳурматланган; 21. итоатли ва ишонч қозонган. 22. Соҳибингиз мажнун эмасдир; 23. уни уфқда аниқ-равшан кўрган; 24. ва у ғайбни яширмайди ҳам. 25. Ва бу тошбўрон қилинган шайтон сўзи эмасдир. 26. Қаёққа кетмоқдасиз? 27. Бу оламларга фақат эслатмадир; 28. тўғри йўлдан боришни истовчиларгадир. 29. Сизлар оламлар Парвардигори хоҳласагина, оласизлар. 82. ИНФИТОР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 19 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмон ёрилганида; 2. юлдузлар тўкилганида; 3. денгизлар тошганида; 4. қабрлар ағдар-тўнтар бўлганида; 5. ҳар бир жон нимани қилдию нимани қилолмаганини билади. 6. Эй инсон, карамли Парвардигоринг хусусида нима сени ғурурга кетказди? 7. У сени яратди, сўнг мукаммал ва мутаносиб қилди. 8. Ўзи хоҳлаган суратда сени яратди. 9. Йўқ, балки қиёматни ёлғон дерсиз? 10. Устингизда албатта улуғ посбонлар бўлур; 11. улар ёзувчи муҳтарам фаришталардир; 12. улар нима қилаётганингизни билишади. 13. Яхшилар албатта жаннатдадир; 14. фожирлар эса албатта дўзахдадир; 15. қиёматда унга киришади; 16. ундан қоча олишмайди. 17. Қиёмат кунини сенга нима билдирди? 18. Яна Қиёмат кунини сенга нима билдирди? 19. У кунда ҳеч бир жон бошқа жонга ҳеч нарса қилолмайди, у кунда ҳаммаси Аллоҳнинг ҳукмида бўлур!

83. МУТАФФИФУН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 36 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Уриб қолувчиларга вой бўлсин! 2. Улар одамлардан ўлчаб олишса, тўлиқ олишади; 3. бошқаларга ўлчовда ё вазнда кам беришади. 4. Улар қайта тирилишни ўйлашмайдими; 5. улуғ бир кунда? 6. У кунда инсонлар оламлар Парвардигори ҳузурида тик туришади. 7. Йўқ, фожирларнинг китоби «сижжийн»дадир. 8. (Эй Муҳаммад), «сижжийн» нима эканини қаердан билардингиз? 9. У битилган китобдир. 10. Ўша кунда ёлғончиларга войдир! 11. Қиёматни ёлғонга чиқарувчиларга ҳам. 12. Ҳаддидан ошган гуноҳкоргина уни ёлғонга чиқаради. 13. Унга оятларимиз тиловат қилинганида: «олдингиларнинг афсоналари-ку», дейди. 14. Йўқ, уларнинг қилмишлари дилларига занг каби ўрнашди. 15. Йўқ, ўша кунда улар албатта Парвардигорларидан тўсилгандирлар; 16. ва кейин албатта дўзахга киришади. 17. Сўнг уларга: «Ёлғонга чиқарганларинг мана шудир!» дейилади. 18. Йўқ, яхшиларнинг китоби «иллийн»дадир. 19. (Эй Муҳаммад), «иллийн» нималигини қаердан билардингиз? 20. У битилган китобдир. 21. Яқинлар унга гувоҳ бўлишади. 22. Ҳақиқатан, яхшилар неъматлар узра бўлишади. 23. Сўрилардан атрофга боқишади. 24. Чеҳраларида мамнунлик тароватини кўрасиз. 25. Улар муҳрланган махсус шаробдан ичишади. 26. Унинг муҳри эса мушкдандир ва мусобақачилар шу йўлда мусобақа қилишсин. 27. Унга тасним аралаштирилган. 28. У Аллоҳга яқинлар ичадиган булоқлардандир. 29. Жиноятчилар мўминлар устидан кулишарди; 30. Ёнларидан ўтганда кўз қисишиб масхаралашарди. 31. Уйларига эса ҳазил-мазах билан қайтишарди. 32. Уларни кўрганларида: «Анавилар ҳақиқатда адашганлардир», дейишади. 33. Ҳолбуки улар пойлоқчи қилиб юборилмаган. 34. Ўша кунда мўминлар кофирлар устидан кулишади; 35. Сўриларда қараб ўтиришганида. 36. Кофирлар қилмишларига ярашасини олишмадими?

84. ИНШИҚОҚ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 25 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмон ёрилганида; 2. Парвардигорига итоат қилган ҳолда. 3. Ер кенгайиб кетганида; 4. ўзидаги ҳамма нарсани чиқариб бўшанганида; 5. Парвардигорига итоат қилган ҳолда. 6. Эй инсон, Парвардигорингга йўлиққунча машаққат-меҳнат билан Унга интиласан, Унга албатта йўлиқасан. 7. Кимнинг номаи аъмоли ўнг тарафидан берилса; 8. Тез ва осон ҳисобга тортилади; 9. яқинлари олдига хурсанд қайтади. 10. Кимнинг номаи аъмоли орқа тарафидан берилса; 11. тезда ўзига ўлимни чақиради; 12. ва дўзахга киради. 13. Чунки у яқинлари орасида шод-хуррам ўтганди. 14. Ҳеч қачон ортга қайтмайман, деб ўйлаганди. 15. Ҳолбуки, Парвардигори уни кўриб турарди. 16. Шундай! Шафаққа қасам. 17. Тун ва у қоплаганларга қасам. 18. Ва тўлин Ойга қасам. 19. Ҳақиқатан сизлар бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтасизлар. 20. Нега улар ишонишмайди; 21. Қуръон ўқилганида саждага боришмайди. 22. Балки кофирлар уни ёлғонга чиқаришар?! 23. Аллоҳ нимани яшираётганларини яхши билади. 24. (Эй Муҳаммад), уларга қаттиқ азоб «хушхабари»ни беринг. 25. Аммо имон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларга туганмас мукофотлар бор. 85. БУРУЖ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 22 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Буржли осмонга қасам; 2. ва ваъда қилинган Кунга қасам; 3. гувоҳга ва гувоҳ бўлинганларга қасам. 4. «Хандақ эгалари» ҳалок бўлсин! 5. У ёқилғиси кўп олов эди. 6. Улар ўшанинг устида ўтиришарди; 7. мўминларнинг азобланишига гувоҳ бўлиб.

8. Азиз ва Ҳамид Аллоҳга имонлари учунгина улардан ўч олишарди. 9. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги фақат Ўзига хосдир, Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳдир. 10. Мўминлару мўминаларни қийнаб, кейин тавба қилмаганларга дўзах азоби бордир ва уларга ўт азоби бордир! 11. Имон келтирган ва яхшилик қилганларга остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатлар бор ва бу улкан ютуқдир. 12. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз азоби ҳақиқатан қаттиқдир! 13. Угина яратади ва қайта тирилтиради. 14. У кечирувчи ва яхши кўрувчидир. 15. Арш Эгаси ниҳоятда улуғдир. 16. Хоҳлаганини амалга оширувчидир. 17. (Эй Муҳаммад), сизга «қўшин»лар хабари келдими; 18. Фиръавн ва Самудга тегишли? 19. Балки кофирлар ёлғонга чиқаришар? 20. Ва Аллоҳ ҳамма томондан ўраб қўйган. 21. Ва бу Қуръони мажиддир: 22. Лавҳул Маҳфузда битилган. 86. ТОРИҚ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 17 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмонга қасам, «ториқ»қа қасам. 2. (Эй Муҳаммад), «ториқ»нинг нималигини қаердан билардингиз? 3. Бу учар юлдуздир. 4. Ҳар бир жон тепасида ҳимоячиси бордир. 5. Инсон нимадан яратилганига боқсин: 6. отилиб чиқувчи «сув»дан яралган; 7. умуртқа ва кўкрак орасидан чиққан. 8. Аллоҳ албатта қайта тирилтиришга қодир; 9. сирлар фош бўладиган Кунда. 10. Ўшанда инсонда на қувват, на бир ёрдамчи бўлади. 11. Ёмғирли осмонга қасам; 12. ёрилувчи Ерга қасам. 13. Ҳақиқатан бу ажрим қилувчи Сўздир; 14. ва у ҳазил эмасдир. 15. Улар макр-ҳийла қилишади. 16. Ва Мен ҳам бунинг тадбирини кўраман. 17. (Эй Муҳаммад), уларга муҳлат беринг, бир оз муҳлат беринг. 87. АЪЛО СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 19 оятдан иборат.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), энг олий Парвардигорингиз номини поклаб ёд этинг. 2. У ҳамма нарсани мутаносиб яратган. 3. У ҳамма нарсани тақсимлаб, йўллаган. 4. У яшил ўт-ўланни ўстирди; 5. Кейин эса сарғайган хашакка айлантирди. 6. Биз сизга ўқитамиз, уни эсдан чиқармайсиз; 7. Аллоҳ хоҳлагани мустасно. У ошкорию махфийини албатта билади. 8. Сизга осонини муяссар қиламиз. 9. Агар насиҳат кор келса, насиҳат қилинг. 10. Тақволилар қабул қилишади. 11. Бахтсизлар ундан қочади. 12. Ўшалар улкан оловга киради. 13. Унда ўлмайди ҳам, яшамайди ҳам. 14. Ҳақиқатан ютуққа эришди ким покланса; 15. Парвардигори номини зикр қилиб, намоз ўқиса. 16. Балки дунё ҳаётини афзал кўрарсизлар? 17. Аммо охират яхши ва боқийдир. 18. Бу албатта олдинги саҳифаларда бордир. 19. Иброҳим ва Мусо саҳифаларида. 88. ҒОШИЯ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 26 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), сизга «ғошия» хабари келди: 2. ўша кунда сўлғин бўлар айрим юзлар; 3. машаққатдан ҳориган; 4. куйдирувчи оловга кириб. 5. Қайноқ сувли булоқлардан ичирилади. 6. Ейишга заҳарли тикандан бошқаси йўқдир; 7. у семиртирмайди ҳам, тўйдирмайди ҳам. 8. Ўша кунда айрим юзлар шод-хуррам бўлар; 9. амалларидан мамнун ҳолда; 10. олий жаннат боғларида. 11. У ерда бефойда сўз эшитишмайди; 12. унда бордир қайнар булоқлар; 13. унда бордир баланд сўрилар; 14. ва терилган қадаҳлар; 15. ва қаторланган ёстиқлар; 16. ҳамма ёққа гилам тўшалган. 17. Туянинг қандай яратилганига боқишмайдими?

18. Ва осмоннинг қандай тикланганига; 19. ва тоғларнинг қандай ўрнатилганига; 20. ва Ернинг қай ҳолда ёйиб қўйилганига. 21. (Эй Муҳаммад), уларга эслатинг, сиз фақат эслатувчисиз. 22. Уларни мажбурловчи эмассиз. 23. Аммо ким юз ўгирса ва куфрга кетса; 24. уни Аллоҳ қаттиқ азоблайди. 25. Уларнинг қайтиши албатта Бизгадир. 26. Шунда ҳисоб-китоб ҳам Бизда бўлади. 89. ФАЖР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 30 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Тонгга қасам; 2. ўн кечага қасам; 3. жуфтга, тоққа қасам; 4. ўтадиган кечага қасам. 5. Наҳотки булар оқилга етарли эмас?! 6. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз Од қавмини нима қилганини кўрмадингизми? 7. Устунлари кўп Эрамни-чи?! 8. Бошқа шаҳарларда уларнинг ўхшаши йўқ эди. 9. Водий қояларида тош тарошлаган Самудни-чи? 10. қозиқлар эгаси Фиръавнни-чи? 11. Улар юртларида туғёнга кетишди; 12. кўп бузғунчилик қилишди. 13. шунда Парвардигорингиз улар бошига азоб ёғдирди. 14. Парвардигорингиз барини кузатиб турибди. 15. Парвардигори инсонни синаш учун азиз қилиб, неъматларини кўпайтириб берса, у: «Парвардигорим мени азиз қилди», дейди. 16. Парвардигори синаш учун ризқини камайтириб қўйса, у: «Парвардигорим мени хор қилди». дейди. 17. Йўқ, бундай эмас! Сизлар етимни эъзозламайсизлар; 18. мискинга таом беришга рағбатлантирмайсизлар; 19. ва меросни очкўзларча ўзлаштирасизлар; 20. ва мол-мулкни кўп севасизлар. 21. Йўқ, бундай бўлмасин! Ер кунпаякун бўлганида; 22. ва Парвардигорингиз ҳамда фаришталар келса; 23. ва дўзах келтирилса; ўша кунда инсон тушунади, аммо тушунишидан не фойда?! 24. У айтади: «Кошки эди ҳаётимда тайёргарлик кўрганимда». 25. Ўша кунда ҳеч ким Аллоҳ каби жазоламайди; 26. ва Унинг каби ҳеч ким банди қилолмас! 27. Эй хотиржам нафс!

28. Рози бўлган ва У сендан рози ҳолда Парвардигорингга қайт! 29. Бандаларим даврасига кир; 30. ва жаннатимга кир! 90. БАЛАД СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 20 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Бу шаҳарга қасам; 2. (Эй Муҳаммад), сиз яшайдиган шаҳарга. 3. Отага ва ундан тарқаганларга қасам. 4. Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик. 5. У ўзига ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйлайдими? 6. У: «кўп мол-дунё харжладим», дейди. 7. У ҳеч ким мени кўрмади, деб ўйлайдими? 8. Биз унга икки кўзни бермадикми; 9. ва тилни, икки лабни; 10. икки довонга йўлламадикми? 11. Шунда қийинига юргиси келмади. 12. Қийин йўлнинг нималигини биласизми: 13. қулни озод қилиш; 14. очарчилик кунида таом бериш; 15. қариндош етимларга; 16. хароботий мискинга. 17. Кейин имон келтирган, сабр ва меҳр-шафқатга чақирганлардан бўлади. 18. Ана шулар ўнг томон эгаларидир. 19. Оятларимизга куфр келтирганлар чап томон эгаларидир. 20. Уларни ўраб олувчи олов муқаррардир. 91. ШАМС СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 15 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Қуёш ва унинг шуъласига қасам; 2. унинг ортидан келган Ойга қасам; 3. у ёритган кунга қасам; 4. уни ўраб олган тунга қасам; 5. осмонларга ва уни тиклаганга қасам; 6. Ерга ва уни ёйганга қасам; 7. нафсга ва уни мукаммал қилганга қасам; 8. унга гуноҳ ва тақвони билдирганга қасам. 9. Уни поклаган муродига етди. 10. Уни покламаган ютуққа эришмади. 11. Самуд қавми туғёни туфайли уни ёлғончи деди.

12. Энг бадбахти ўрнидан турганида; 13. Аллоҳнинг элчиси: «Аллоҳ туяси ва унинг сувига тегманглар», деди. 14. Шунда ёлғончига чиқариб, уни сўйишди ва гуноҳлари сабабидан Парвардигорлари барчаларини ҳалок қилди. 15. У бунинг оқибатидан қўрқмайди. 92. ЛАЙЛ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 21 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Қоплаётган тунга қасам; 2. Ёришаётган кунга қасам; 3. Эркак ва аёлни яратганга қасам. 4. Ҳақиқатан ҳатти-ҳаракатларингиз турличадир. 5. Аммо ким мурувватли ва тақволи бўлса; 6. ва гўзал сўзни тасдиқласа; 7. ўшани осонига йўллаймиз. 8. Ким бахиллик қилса ва ўзини беҳожат тутса; 9. ва гўзал сўзни инкор этса; 10. ўшани қийинига йўллаймиз. 11. Унинг ҳалокатида мол-мулки асқотмайди. 12. Ҳидоятга бошлаш албатта Бизнинг зиммамиздадир. 13. Охират ва дунё ҳаёти ҳам Бизникидир. 14. Сизларни ловуллаб ёнувчи дўзахдан огоҳлантирдим; 15. унга кирар фақат бадбахтлар; 16. ёлғонга чиқарган ва юз ўгирган. 17. Тақволилардан у узоқлаштирилади. 18. Улар покланиш учун молларини садақа қилишади. 19. Унда қайтарилувчи эҳсон йўқ эди. 20. Фақат буюк Парвардигор розилигини истаган эди. 21. Яқинда у албатта рози бўлади. 93. ЗУҲО СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 11 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Чошгоҳга қасам; 2. ва қоплаётган тунга қасам. 3. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз сизни тарк этгани йўқ, ёмон кўргани ҳам йўқ. 4. Сиз учун охират дунё ҳаётидан албатта яхшидир. 5. Ва тезда Парвардигорингиз ато қилади ва рози бўласиз. 6. У сизни етимлигингизда жойламадими?

7. Ва ғофиллигингизда ҳидоятга йўлламадими? 8. Ва фақирлигингизда бой қилмадими? 9. Шунинг учун етимга қаҳр қилманг. 10. Тиланганни эса жеркиманг. 11. Ва Парвардигорингиз неъматлари ҳақида сўзланг! 94. ШАРҲ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), кўксингизни кенг очиб қўймадикми? 2. Юкингизни енгиллатмадикми; 3. елкангизда эзиб турган. 4. Номингизни улуғ қилмадикми? 5. Машаққат ортида албатта енгиллик бордир. 6. Машаққат бор жойда енгиллик ҳам бўлади. 7. Биридан бўшагач, бошқасин бошланг. 8. Ва фақат Парвардигорингизга рағбат қилинг. 95. ТИЙН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Анжирга қасам ва зайтунга қасам. 2. Тури Сининга қасам. 3. Бу омонлик шаҳрига қасам. 4. Биз инсонни энг яхши суратда яратдик. 5. Сўнгра уни асфаласофилинга ташладик. 6. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилганларга туганмас мукофотлар бордир. 7. (Эй инсон), охиратни ёлғонга чиқаришингга сени нима мажбурлади? 8. Аллоҳ ҳукмдорларнинг ҳукмдори эмасми? 96. АЛАҚ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 19 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), сизни яратган Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни «алақ»дан яратди. 2. Ўқинг! Парвардигорингиз энг мукаррамдир. У қалам билан илм ўргатган. 3. 4.

5. У инсонга билмаганларини ўргатди. 6. Йўқ, инсон барибир туғёнга кетаверади; 7. Гар ўзини беҳожат сезса. 8. (Эй инсон), қайтиш албатта Парвардигоринггадир. 9. Кўрдингми анави қайтарганни; 10. Бандани намоз ўқишдан. 11. (Эй инсон), кўрдингми, агар ўзи тўғри йўлда бўлсайди; 12. ёки тақвога чақирсайди. 13. Кўрдингми, агар у ёлғонга чиқарса ва юз ўгирса; 14. Аллоҳ кўриб туришини билмайдими? 15. Йўқ! Агар бас қилмаса, ушлаймиз пешонасидан; 16. Ўша ёлғончи ва гуноҳкорнинг пешона сочидан. 17. Қани, ўз одамларини чақирсин; 18. Биз ҳам азоб фаришталарини чақирамиз. 19. Йўқ, (эй Муҳаммад), сиз унга бўйсунманг, Аллоҳга сажда қилинг ва яқин бўлинг! 97. ҚАДР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 5 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳақиқатан Биз уни Қадр кечасида туширдик. 2. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нимани билдиради? 3. Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. 4. Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигор изни-ла барча амрлар билан тушишади. 5. У тонг отгунча омонликда бўлади. 98. БАЙЙИНА СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Китобийлар ва мушриклардан куфр келтирганлари очиқ Ҳужжат келгунича қайтишмаганди. 2. Бу Аллоҳ тарафидан юборилган элчи эдики, у пок саҳифаларни ўқирди; 3. уларда энг тўғри битиклар мавжуддир. 4. Китобийлар фақат Ҳужжат келгандан кейин бўлиниб кетишди. 5. Ҳолбуки, улар ҳанифлар каби фақат ягона Аллоҳга холис ва оғишмай ибодат қилишга, намозни адо этишга, закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдир. 6. Китобийлар ва мушриклардан куфр келтирганлари дўзах оловидадирлар ва у ерда абадий қолишади. Улар махлуқларнинг энг ёмонларидир.

7. Имон келтирган ва яхши амаллар қилганлар яратилганларнинг энг яхшиларидир. 8. Парвардигорлари ҳузурида уларнинг мукофотлари остидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий қолинадиган жаннат боғларидир. Аллоҳ улардан розидир ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлишади. Бу Парвардигоридан қўрққанлар учундир. 99. ЗАЛЗАЛА СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Зилзила бўлиб Ер қимирлаганида; 2. ичидагиларни чиқариб ташлаганида; 3. ва инсон: «унга нима бўлди?» деганида; 4. Ўша куни Ер ҳамма гапни айтади; 5. чунки Парвардигорингиз унга буюради. 6. Ўша куни одамлар амалларини кўриш учун тўп-тўп бўлиб чиқишади. 7. Ким заррача яхшилик қилган бўлса, уни ҳам кўради. 8. Ким заррача ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўради. 100. ОДИЁТ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 11 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Пишқириб чопаётганларга қасам: 2. ўт чақнатадиган; 3. тонг чоғи бостириб борадиган; 4. чанг-тўзон кўтарадиган; 5. оломон орасига ёриб кирадиган. 6. Ҳақиқатан инсон Парвардигорига ношукрдир. 7. Ва албатта ўзи бунга гувоҳдир. 8. Яна у мол-дунёга қаттиқ муҳаббатлидир. 9. Ахир у билмайдими қабрдагилар чиқарилганида; 10. ва дилидагилар ошкор қилинганида – 11. Ўша кунда Парвардигорлари улардан хабардор эканини?! 101. ҚОРИЪА СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 11 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ал-Қориъа.

2. «Ал-Қориъа» нимадир? 3. (Эй инсон), «ал-Қориъа»ни сенга нима билдирди? 4. У кунда одамлар тўзғиган парвоналар каби бўлишади; 5. тоғлар титилган юнглар каби бўлади. 6. Шунда кимнинг тарозиси оғир келса; 7. ўшалар роҳат-фароғатдадир. 8. Агар кимнинг тарозиси енгил келса; 9. унинг жойи «ҳавия»дир. 10. (Эй инсон), унинг қанақалигини сенга нима билдирди? 11. У қизиган ўтдир. 102. ТАКОСУР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй инсонлар), мол кўпайтириш ҳирси сизларни машғул қилди; 2. то қабрларни зиёрат қилгунингизча. 3. Йўқ, яқинда биласизлар. 4. Яна бир бор йўқ, яқинда биласизлар. 5. Йўқ, агар аниқ илм билан билганингизда эди. 6. Қасамки, албатта дўзахни кўрасизлар. 7. Уни албатта ишонч кўзи билан кўрасизлар. 8. Сўнгра ўша куни албатта неъматлар ҳақида сўраласизлар. 103. АСР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 3 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Асрга қасам. 2. Инсон албатта зиён-бахтсизликдадир. 3. Имон келтирган ва яхши ишлар қилганлар, бир-бирларини Ҳаққа йўллаганлар ва бир-бирларини сабрга ундаганлар бундан мустаснодир. 104. ҲУМАЗА СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 9 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳар бир ғийбатчи ва маломатчининг ҳолига вой; 2. мол-дунё тўплаб ҳисоблайверадиган! 3. У мол-дунёим вафо қилади, деб ўйлайди. 4. Йўқ, у албатта «ҳутома»га ташланади. 5. (Эй инсон), «ҳутома»нинг нималигини қаердан билардинг? 6. У Аллоҳнинг ёндирган оловидир;

7. юракларгача етиб борадиган. 8. Уларнинг устидан ўраб олади. 9. Узун устунларга боғлаб қўйилади. 105. ФИЛ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 5 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм нима 1. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фил эгаларини қилганини кўрмадингизми? 2. Уларнинг ҳийлаларини йўққа чиқармадими? 3. Улар устига гала-гала қушларни юборди. 4. Устларидан сопол тошларни отишди. 5. Ва уларни титилган сомон каби қилиб ташлади. 106. ҚУРАЙШ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 4 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Қурайшга қулай қилингани учун; 2. қишдаги ва ёздаги сафарлари осон қилингани учун; 3. мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилишсин. 4. У уларни очликда тўйдирди ва хатарлардан қутқарди. 107. МОЪУН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 7 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Динни ёлғон дейдиганни кўрдингизми? 2. У етимларни ҳайдайди; 3. ва камбағалга таом беришга рағбатлантирмайди. 4. Шундай намозхонлар ҳолига войки: 5. улар намозларини «унутиб қўйишади»; 6. улар риёга боришади; 7. ва рўзғор ашёларини беришмайди. 108. КАВСАР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 3 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), Биз сизга Кавсарни ато этдик. 2. Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг. 3. Албатта ғанимингизнинг ўзи маҳрумдир.

109. КОФИРУН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 6 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй кофирлар, 2. мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмайман; 3. сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилмайсизлар. 4. Мен сизлар ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмасман; 5. сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмассизлар. 6. Сизларнинг динингиз – ўзингизга, менинг диним – ўзимга». 110. НАСР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 3 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг мадади ва зафари келганида; 2. одамларнинг тўп-тўп ҳолда Аллоҳ динига кираётганини кўрганингизда; 3. Парвардигорингизни улуғлаб ҳамд айтинг ва мағфират сўранг. У тавбаларни албатта қабул қилувчидир. 111. МАСАД СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 5 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Абу Лаҳабнинг икки қўли қурисин, ўзи ҳалок бўлсин. 2. Бойлигию касб орқали топганлари ҳам асқатмади. 3. Яқинда ловуллаган дўзахга киради; 4. ўтин орқалаган хотини ҳам; 5. бўйнида пишиқ арқони билан. 112. ИХЛОС СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 4 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «У Аллоҳ бирдир; 2. Аллоҳ Сомаддир; 3. У туғмаган ва туғилмаган; 4. Ва ҳеч ким Унга тенг эмасдир». 113. ФАЛАҚ СУРАСИ

Маккада нозил бўлган, 5 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Паноҳ излайман тонг Парвардигоридан: 2. У яратган нарсаларнинг ёмонлигидан; 3. зулматли тун ёмонлигидан; 4. тугунларга дам солувчи аёллар ёмонлигидан; 5. ҳасад қилаётган ҳасадчи ёмонлигидан». 114. АН-НОС СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 6 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Паноҳ излайман: одамлар Парвардигоридан; 2. одамлар Подшоҳидан; 3. одамлар Илоҳидан; 4. Яшириниб оладиган васвасачи ёмонлигидан; 5. одамлар дилига васваса солувчи – 6. жинлар ва инсонларнинг шайтонларидан».

5. Кейин тавба қилиб, ўзини тузатганлар бундан мустаснодир. Зеро, Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. Ҳар бир жамият ўзи бирлаштирган одамлар жамоаси ўртасидаги муомала- муносабатларни маълум тартиб-қоидалар асосида изга солади ва ислоҳ қилади. Кишилик жамиятларида ўзига яраша тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат, ҳар бир одамнинг қадр-қиммати, ор-номуси ҳимояланган бўлиши лозим. Одамлар орасида турли фитна, туҳмат-бўҳтон, хусумат ва ихтилоф чиқариб юрадиган расво кимсаларнинг кирдикорларига қарши кўпчилик бўлиб кураш олиб бориш керак бўлади. Чунки вайсақи ва ҳангаматалаб кимсалар тарқатиб юрадиган миш-миш ва туҳмат фитналари жамиятдаги мўътадил ҳаётни издан чиқаради, одамларни бир-бирларига душман қилиб қўяди, оқибатда парокандалик, хусумат, можаролар юзага келади. Айниқса, зинога оид туҳмат гап-сўзлар бировнинг обрўсини тўкиши билан бирга, жамиятда нопок, бузуқ бир кайфиятни туғдиради. Агар шундай вайсақиларнинг тили вақтида тийиб қўйилмаса, улар бирга ўнни қўшиб, турли гапларни тарқатаверадилар ва шахсларга ҳам, жамиятга ҳам катта зарар ва кулфат етказадилар. Аммо гуноҳ содир этиб, кейин тавба қилувчилар, истиғфор айтувчилар юқоридаги ҳукмлардан мустаснодирлар. Уларга жазо чоралари қўлланмайди, гуноҳларининг мағфират этилиши Аллоҳ таолодан умид қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилувчи, гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир. Инсон зоти борки, ҳаётида турли айб ва хатолар қилади, катта-кичик гуноҳларга йўл қўяди. Инсонларни бошқа барча мавжудотдан азизу мукаррам қилиб яратган, бандаларига ниҳоятда меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло уларга бу хатоларни тузатиш, гуноҳлардан фориғ бўлишнинг йўлини ҳам белгилаб берган. Бунинг бирдан-бир чораси гуноҳ-хатолардан афсусланиш ва надомат чекиш, уларга чин дилдан тавба қилиш, истиғфор айтишдир. Кишининг гуноҳлардан қайтиши, ёмон ишларини ташлаб, яхшиликлар қилишга ўтиши тавбадир. Тавба холис Аллоҳ таоло учун, шубҳалардан холи бўлсагина, банда амалларида гуноҳлардан очиқ ва яширин асар қолмасагина унинг тавбаси чин, холис тавба (Қуръонда зикр этилган «тавбаи носуҳо») бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Гуноҳларидан холис тавба қилган киши ҳеч бир гуноҳ қилмаган киши кабидир», деганлар. Уламолар оят ва ҳадисларда зикр этилган тавбадан мурод шудир, дейишган. Гуноҳлар қотирган қалбни тавбагина юмшатади. Тавба қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи улкан неъматдир. Мўмин киши гуноҳларини кичик санамай, дарров тавбага шошилиши, гуноҳларидан фориғ бўлишни, Парвардигори ваъда қилган жаннат мукофотини қўлга киритишни ўйлаши лозим. Тавба жаннат ва дўзах ўртасига қўйилган бир тўсиқ кабидир. 6. Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолда ўз хотинларини бадном қиладиганлардан ҳар бирининг гувоҳлиги «мен ростгўйларданман» деб, Аллоҳ номи билан тўрт марта қасамёд қилишидир. Ушбу ояти каримада хотинини бегона эркак билан ушлаб олингандаги ҳолат муолажа қилинмоқда. Хотинини гуноҳ устида кўрган эрнинг ўзидан бошқа гувоҳи йўқ, у бу ҳолатда қандай йўл тутиши баён қилинмоқда. Бундай пайтда эр ва хотин қози ҳузурида мулоъана қилдирилади. Зинокорликда айбланаётган эр-хотиннинг қози олдида бир-бирини лаънатлаши «мулоъана» дейилади. Агар эр хотинини зинокорликда айбласаю ўзи мулоъанага келганда бош тортса унинг ўзи жазоланади. Мулоъана худди Ҳилол ибн Умайя воқеасида баён қилинган тартибда бўлади. Эрга ростгўйлиги ҳақида гувоҳлик бериши айтилади, у ўзининг ростгўйлардан экани тўғрисида тўрт марта Аллоҳнинг номи билан гувоҳлик беради, бешинчисида агар

гаплари ёлғон ва туҳматдан иборат бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлиши ҳақида қасамёд қилади. 7. Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтишидир. Зино масаласида арз этилганда, қози эр-хотиннинг гапини гувоҳлар олдида эшитади. Уларга ваъз-насиҳат қилади. Дунёнинг азобидан қўрқиб, ўзини охират азобига дучор қилиш яхши эмаслигини тушунтиради. Сўнгра эр-хотин ўртасида бир- бирини лаънатлаш – мулоъана бошланади. Аввал эр «Аллоҳнинг номи билан қасамки, мен ўз хотиним Фалончини зинода айблашимда рост айтяпман», деб тўрт марта айтади. Эр тўрт марта қасам ичиб, юқоридаги гапларни айтганидан сўнг бешинчисида: «Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, агар мен ўз хотиним Фалончини зинода айблашимда ёлғончилардан бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейди. Эрининг шундай қасам ичиши билан хотинга оилали одам зино қилганда бериладиган жазо вожиб бўлади. 8. Ва ундан азобни қайтарадиган нарса Аллоҳнинг номи билан «У албатта ёлғончилардандир», деб тўрт марта гувоҳлик беришидир. Яъни, аёлдан дунёдаги азобнинг кўтарилиши учун у кўпчилик олдида, қози ҳузурида «Аллоҳнинг номи билан қасамки, эрим Фалончи мени зинода айблашда ёлғончилардандир», яъни у менга бу борада туҳмат қиляпти, деб тўрт марта айтади. Ҳақиқатан дунёдаги азоб олдида охиратда Аллоҳ берадиган азоб бир неча бор оғир ва аламлидир. Шундай бўлгач, туҳмат қилинаётган аёл ўзидан азобни соқит қилиш учун эрининг ёлғон айб қўяётганига тўрт марта гувоҳлик бериши шарт қилинган. 9. Бешинчисида эса агар у ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлишини айтишидир. Бешинчисида эса аёл «Аллоҳнинг номи билан қасамки, агар эрим Фалончи мени зинода айблашида ростгўйлардан бўлса, яъни рост айтаётган бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин», деб айтади. Шу билан мулоъана тамом бўлади. Қози эр билан хотиннинг ажрашганларини эълон қилади. Уламоларимиз мулоъана ҳақида яна бир қанча қоидаларни зикр қилганлар. Жумладан: 1. Эр-хотин ўртасидаги мулоъана фақат маҳкамада (қозихона ёки судда) бўлади. 2. Мулоъана фақат очиқ-ойдин равишда зинода айблангандагина бўлади, киноя ва ишора билан бўлса, мулоъана қилинмайди. 3. Агар эр хотинини зинода айблаб туриб, ўзини лаънатлашдан бош тортса, қамаб қўйилади ва ундан ё мулоъанада қатнашиш ёки ўзининг ёлғончи эканини эътироф этиш талаб қилинади. Аёлга нисбатан ҳам худди шундай чора қўлланилади. 4. Эр мулоъанада ўзидан талаб қилинган қасамни ичиб бўлганидан кейин хотин мулоъанада иштирок этиши ёки зино қилганини тан олиши керак. 5. Эр боланинг ўзидан эмаслигини даъво қилса ҳам мулоъана вожиб бўлади. Мулоъанадан кейин вужудга келадиган ҳукмлар қуйидагилардан иборат: 1. Мулоъанадан кейин эрга ҳам, хотинга ҳам ҳеч қандай жазо чораси кўрилмайди. 2. Уларнинг ораси абадийликка ажратилади, яъни никоҳи бекор қилинади. 3. Эр боланинг насабини инкор қилса, бола аёлга нисбат берилади. Эрга мансуб деб билинмагач, бола ундан мерос ололмайди, у онасининг номи билан чақирилади ва ундан мерос олади. 4. Агар мулоъана вақтида аёлнинг зино қилгани билинса ҳам, модомики, у мулоъанада қатнашдими, уни «зония», боласини «валади зино» дейишга

ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким бу гапни айтса, туҳматчи сифатида жазога тортилади. 5. Ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл маҳрини олади. 6. Мулоъанадан кейин аёлга нафақа, турар жой бериш эркакнинг бўйнига вожиб бўлмайди. 10. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида ҳамда Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаганида эди... «Бегона одамнинг зино қилаётганини кўрдим» дейиш жуда оғир масъулият ва зиммага катта ишни олишдир. Чунки бу даъвога ишониладиган бўлса, бир одамни кўпчилик ичида шармандасини чиқариб, жазолаш керак бўлади. Шунинг учун ҳам бегона одамни зинода айблаган кишидан ўта ишончли далил, тўртта одил гувоҳ келтириш талаб қилинади. Агар у ўша далилни келтирса, зинокорга жазо берилади. Агар у далилни келтира олмаса, туҳматчи сифатида ўзига жазо берилади. Чунки шундай қилинмаса, одамларнинг бир-бирини зинода айблашлари осон бўлиб қолади. Аммо эр хотинини ёки хотин эрини зинода айбласалар, бу ишнинг ор-номуси икковларига ҳам тегади. Шунинг учун бу ҳолатда фақат ночор қолгандагина айблаш мумкин. Айблов фақат бир кишининг, яъни эр ёки хотиннинг гувоҳлиги билан қабул қилинадиган бўлса, умумий қоида бузилади. Зино фақат тўрт кишининг гувоҳлиги билангина исбот бўлади. Албатта аввалги умумий ва шиддатли ҳукмдан кейинги ҳукм билан эр-хотинларнинг истисно қилиниши Аллоҳ таоло томонидан бандаларга бўлган улуғ бир меҳрибонликдир. Агар кейинги ҳукм (мулоъана) жорий қилинмаганида инсонларга жуда қийин бўларди. Шунинг учун ҳам «Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида ҳамда Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаганида эди...» дейилмоқда. Ҳақиқатан бу борада Аллоҳнинг фазли-марҳамати бўлмаганида бандаларга жуда қийин бўлиб кетган, жамиятда ишончсизлик ва бузуқликлар авж олган, айрим бегуноҳ кишилар ноҳақ туҳматга қолган бўлур эди. Аллоҳ таоло жамиятда ахлоқ ва покликни жорий қилиш, айрим бузуқлик ва нопокликларни ислоҳ қилиш йўлларини баён қилиб берганидан сўнг энди мусулмонлар эътиборини яна бир муҳим масалага тортмоқда. Қуйида Пайғамбар алайҳиссаломнинг покиза завжалари Оиша розияллоҳу анҳога қилинган туҳмат қиссасини келтирмоқда. 11. Албатта, ифкни келтирганлар ўзларингиздан бўлган бир гуруҳдир. Уни ўзларингиз учун ёмонлик деб ҳисобламанглар, аксинча, у сизлар учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўз қилмишининг гуноҳи бордир. Улардан унинг каттасини кўтарган кимсага эса улкан жазо бордир. «Ифк» сўзи луғатда «ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш, ҳақиқатдан четга чиқиш» маъноларини билдиради. Мунофиқлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжалари Оиша розияллоҳу анҳони зинода айблаб, у зотга қарши уюштирилган туҳмат тарихга «Ифк ҳодисаси» номи билан кирган. Аллоҳ таоло Ўз ваҳийси билан ҳазрати Оишанинг мутлақо айбсизлигини, бу мунофиқлар уюштирган туҳмат эканини билдирган. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўминлар жамоасига хитоб этиб, ўша ўзларига чексиз озор етказаётган ифкни уйдирганлар уларнинг ўзларидан чиққан бир усба – одамлар тўдаси эканини маълум қилмоқда (араб тилида адади ўнтадан қирқтагача бўлган одамлар тўдаси «усба» дейилади). Нима учун ифк мўминларнинг ичидан чиқди? Сиртдан қараганда, ифк мўминлар учун, уларнинг Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг аҳли-

оиласи учун, дину диёнат учун мунофиқлар томонидан уйдирилган бир ёмонликдир. Шунинг учун ҳам бундан ҳаммалари қаттиқ хафа бўлишди, изтироб чекишди, ташвишга тушишди. Аммо Аллоҳ таоло бу ҳолатни «Аксинча, у сизлар учун яхшиликдир», демоқда. Чунки мунофиқлар ушбу ифкни тўқиганлари билан барибир мақсадларига етолмадилар. Улар мусулмонларга, уларнинг динларига, Пайғамбарлари шахсига, ахлоқ-одобларига зарар етказиш орқали уларнинг қувватини кетказмоқчи эдилар. Аксинча, ифк ҳодисаси туфайли мусулмонлар яхшиликларга эришиб, мунофиқлар шарманда бўлдилар. Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали мусулмонларни бир неча ҳақиқатдан огоҳ этмоқда. Биринчидан, ушбу бўҳтонни уюштирганлар ўзларининг ичларидаги бир гуруҳ мунофиқлардир. Туҳматчиларнинг бошида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул исмли бир мунофиқ турган эди. У Мистаҳ ва Ҳамна бинти Жаҳш кабиларнинг гапларини бирига ўнни қўшиб, бўрттириб тарқатди. Воқеанинг асосий тафсилотлари қуйидаги ҳадиси шарифда баён қилиб берилган: Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр, Саъид ибн Мусайяб, Алқама ибн Ваққос Лайсий ва Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб, ифк (уйдирма, туҳмат) аҳлининг у ҳақда гап қилган пайтда Аллоҳ уни ўша нарсадан поклаганини айтиб беришди. Уларнинг ҳар бири менга унинг (Оишанинг) гапидан бир қисмини айтиб берди. Уларнинг бири бошқасидан англовчироқ ва батафсилроқ ўрганган эди. Дарҳақиқат, мен уларнинг ҳар бири Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб айтган ҳадисни ёдлаб, англаб олдим. Уларнинг гаплари бир- бирини тасдиқлайди. Уларнинг таъкидлашларича, Оиша розияллоҳу анҳо бундай деган экан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга чиқмоқчи бўлсалар, хотинлари ўртасида қуръа ташлаб, қайси бирининг чекига тушса, ўшани ўзлари билан бирга олиб чиқар эдилар. Бир сафарги ғазотларида ўртамизда қуръа ташлаган эдилар, менинг чекимга чиқди. Мен у зот билан бирга йўлга чиқдим, бу ҳижоб (ояти) нозил қилинганидан кейин эди. Мени ҳавдаж-тахтиравонда (туяга) чиқаришар ва ундан туширишар эди. Кўп йўл юрдик. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ғазотларидан фориғ бўлиб, ортга қайтиб, Мадинага яқинлашганимизда, кечаси жўнашимиз ҳақида эълон қилдилар. Жўнашни эълон қилишган пайтда ўрнимдан турдим-да, қўшиндан ажраб, узоқлашгунча юриб бордим. Ишимни битиргач, манзилимиз томон қайтдим. Кўксимни пайпаслаб кўрсам, зафорий мунчоқли маржоним узилиб, тушиб қолибди. Ортимга қайтиб, маржонимни қидирдим. Уни излаб, ушланиб қолдим. Мени (ҳавдажда) олиб юрганлар келиб, ҳавдажимни кўтариб, мен миниб юрган туяга ортишибди. Улар мени унинг ичида деб ўйлашибди. У вақтларда аёллар енгил эди, тўлишмаган, уларга эт битмаган бўларди. Улар жуда оз овқат ейишар эди. Одамлар ҳавдажни олишда унинг оғирлигига эътибор бермай, кўтариб кетаверишибди. Кейин ўша туяни турғизиб, ҳайдаб кетишибди. Мен маржонимни қўшин кетгандан кейин топиб, улар тушган жойга келсам, у ерда ҳеч ким йўқ экан. Боя тушган жойимга қайтиб келиб турдим, улар тез орада мени топа олмай, олдимга қайтиб келишади, деб ўйладим. Кейин ўтирган жойимда кўзим илиниб, ухлаб қолибман. Сафвон ибн Муаттал Суламий–кейинчалик Заквоний бўлган – қўшин ортида қолган эди. Тонгга яқин у мен турган жойнинг олдидан ўтиб, ухлаётган кишининг қорасини кўриб қолибди. У менинг олдимга келди. Ҳижоб(ояти тушиши)дан олдин у мени кўриб юрар эди. Унинг туясини

чўктиргандаги истиржоъсидан уйғониб кетдим. Кейин у (туянинг) қўлини босиб турди, мен уловга миниб олдим. У мени уловда етаклаганча йўлга тушди. Ниҳоят, қоқ туш пайтида, дам олгани тушишган пайтда қўшинга етиб олдик. Шунда (ифк туфайли) ҳалок бўлганлар ҳалок бўлди. Ифкнинг бошида турган киши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бўлди. Кейин Мадинага келдик, у ерда бир ой хасталаниб ётдим. Одамлар ифкчиларнинг гапларини тарқатишар эди. Беморлигимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан касал бўлган чоғларимда кўрадиган лутфни кўрмаётганим мени шубҳага соларди. У зот кириб, салом берар, кейин: «Анави қалай?» деб қўярдилар, холос. То бир оз тузалгунимча бўлган ишлардан ҳеч бирини сезмадим. Мен Умму Мистаҳ билан кенгликка – очиқ ҳожат жойимизга чиқдим. Биз фақат кечалари чиқар эдик. Бу уйларимизга яқин жойдан хожатхона қилиб олишимиздан олдин эди. Бизнинг ишимиз илгариги арабларнинг саҳродаги [ёки ахлатхоналаридаги] ишларидек эди. Мен Умму Мистаҳ бинт Абу Руҳм билан қайтиб келаётган эдик, у ўз кийимига қоқилиб тушди ва «Бадбахт Мистаҳ!» деди. Мен унга: «Қандай ёмон гап айтдинг-а! Бадрда қатнашган кишини ҳам қарғайсанми?» дедим. У: «Ҳой қиз, сен уларнинг нима деганини эшитмадингми?» деди ва менга ифк аҳлининг сўзлари ҳақида хабар берди. Дардимга дард қўшилди. Уйимга қайтиб келганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар ва салом бериб: «Анави қалай?» дедилар. Мен: «Ота-онамникига рухсат беринг», дедим. Ўшанда мен улардан мазкур хабарни аниқлаб олмоқчи эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга изн бердилар, ота-онамнинг олдига келдим. Онамга: «Одамлар нима дейишяпти?» дедим. У: «Эй қизалоғим, бу ишни ўзингга олма, Аллоҳга қасамки, гоҳида гўзал аёлнинг севадиган эри бўлиб, кундошлари ҳам бўлса, улар албатта у ҳақда гап-сўзни кўпайтирадилар», деди. Мен: «Субҳаналлоҳ, одамлар шундай дейишяптими?» дедим. Ўша кеча то тонггача мижжа қоқмадим, кўз ёшим ҳам тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Тонг ҳам отди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тўхталиб қолган пайтда ўз аҳлларидан ажрашишни маслаҳат қилиш учун Алий ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдни чақирдилар. Усома кўнглидаги уларга (аҳли байтга) бўлган меҳр-муҳаббати асосида маслаҳат бериб: «Бу сизнинг аҳлингиз, эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, фақат яхшилигини биламиз», деди. Аммо Алий ибн Абу Толиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни танг қилиб қўймаган-ку, ундан бошқа ҳам аёллар кўп. Чўридан сўранг, сизга тўғрисини айтади», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барирани чақириб: «Эй Барира, унда сени шубҳалантирадиган бирор нарсани кўрганмисан?» дедилар. Барира: «Йўқ! Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен унинг ёш қизча бўлгани учун хамир устида ухлаб қолиб, қўй келиб уни еб қўйганидан ортиқ уни айблайдиган бирор иш кўрмадим», деди. Ўша куниёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг узр сўрашини талаб қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳлим борасида менга озор етказган кишидан мен учун ким ўч олади? Аллоҳга қасамки, мен аҳлимнинг фақат яхшилигини билдим. Ҳаққида фақат яхшиликни билган кишимни ҳам гап-сўз қилишди, у аҳлимнинг олдига фақат мен билан бирга кирар эди», дедилар. Шунда Саъд ибн Муъоз туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиз учун ундан мен ўч оламан. Агар у Авс-дан бўлса, унинг бўйнини чопиб ташлайман, агар биродарларимиз–Хазраждан бўлса, сиз бизга амр қиласиз, унга нисбатан амрингизни бажарамиз», деди. Саъд ибн Убода туриб, – у Хазражнинг бошлиғи эди, у бундан аввал солиҳ киши эди, лекин ҳамият уни шунга ундади – «Ёлғон айтдинг, Аллоҳга қасамки, уни

ўлдирмайсан, бунга қодир бўла олмайсан ҳам», деди. Усайд ибн Ҳузайр туриб: «Ёлғон айтдинг, Аллоҳга қасамки, уни ўлдирамиз. Сен мунофиқсан, мунофиқларнинг ёнини оляпсан», деди. Иккала қавм – Авс ва Ҳазраж қўзғалиб, ҳатто бир-бирларига ўқталишиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса минбарда эдилар, тушиб уларни тинчлантирдилар. Ниҳоят, улар жим бўлишди. У зот ҳам жим қолдилар. Куним йиғи билан ўтди, кўз ёшим ҳам тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Ота- онам менинг олдимда тонг оттиришди. Роппа-роса икки кечаю бир кундуз йиғладим, ҳатто йиғи жигаримни ёриб юборса керак, деб қолдим. Мен йиғлаётган, улар менинг олдимда ўтиришган эди. Тўсатдан ансорлардан бир аёл изн сўради, мен изн бердим. У ҳам мен билан бирга йиғлаб ўтирди. Биз мана шу ҳолатда турганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келиб, ўтирдилар. У зот бундан олдин, мен ҳақимдаги гаплар айтилган кундан бери ҳузуримда ўтирмаган эдилар. Бир ой ўтди ҳамки, у зотга менинг ишим ҳақида бирор нарса ваҳий қилинмас эди. У зот шаҳодат калималарини айтдилар, кейин: «Эй Оиша, менга сен ҳақингда бундай-бундай гаплар етиб келди. Агар пок бўлсанг, Аллоҳ сени албатта оқлайди. Агар гуноҳ иш қилган бўлсанг, Аллоҳдан мағфират сўра ва У Зотга тавба қил. Зеро, агар банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини тугатар эканлар, кўз ёшларим тиниб, бир қатра ҳам томмай қолди. Отамга: «Менинг номимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жавоб беринг», дедим. У: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», деди. Мен онамга: «Менинг номимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гапларига жавоб беринг», дедим. У ҳам: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», деди. Мен ёш қизча эдим, Қуръондан кўп нарса ўқимаган эдим. Шунинг учун шундай дедим: «Аллоҳга қасамки, сизлар одамларнинг гапини эшитганингизни, бу нарса юрагингизга қаттиқ ўрнашиб қолганини ва уни тасдиқлаганингизни яхши биламан. Агар сизларга: «Мен покман», десам ҳам, – Аллоҳ менинг пок эканимни албатта билади – сизлар мени тасдиқламайсизлар. Агар бирор ишни эътироф этсам, – Аллоҳ менинг пок эканимни албатта билади – сизлар мени тасдиқлайсизлар. Аллоҳга қасамки, мен ўзим ва сизлар учун Юсуфнинг отасидан бошқа намуна топа олмаяпман. Ўшанда у «Энди ишим – чиройли сабр. Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган Зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи» (Юсуф, 11) деган эди». Кейин тўшагимда ўгирилиб олдим. Аллоҳ мени оқлашини умид қилардим, лекин Аллоҳга қасамки, У Зот менинг шаънимда ваҳий нозил қилишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Қасамки, ўзимни Қуръонда менинг ишим ҳақида сўз боришидан ҳақирроқ биламан. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларида бирор туш кўриб, Аллоҳ мени оқлашини умид қилардим. Аллоҳга қасамки, у зот ўтирган жойларидан қимирламай туриб, уй аҳлидан бирор киши ташқарига чиқмай туриб, у зотга ваҳий нозил бўлди. У кишини одатда тутадиган (ваҳий) шиддати тутди, (бундай пайтда) ҳатто қаттиқ совуқда ҳам у зотдан марварид каби тер оқарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (ваҳий) аригач, у зотнинг менга айтган биринчи сўзлари кулиб туриб: «Эй Оиша! Аллоҳга ҳамд айт! Батаҳқиқ, Аллоҳ сени оқлади», дейиш бўлди. Шунда онам менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (таъзим қилиб) ўрнингдан тур», деди. Мен: «Йўқ! У зотга ўрнимдан турмайман, Аллоҳдан бошқага ҳамд ҳам айтмайман», дедим. Ўшанда Аллоҳ таоло

«Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир...» (Нур, 11) оятларини нозил қилган эди. Аллоҳ менинг пок эканлигим ҳақида мана шуларни нозил қилгач, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу – у Мистаҳ ибн Усосага қариндош бўлгани учун инфоқ қилиб турарди – «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида айтган гапидан кейин Мистаҳга ҳеч қачон ҳеч нарса инфоқ қилмайман», деди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар яқин қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (инфоқ) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Нур, 22) оятини нозил қилди. Абу Бакр: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени мағфират қилишини истайман», деди. Шундай қилиб, ўзи илгари ёрдам қилиб юрган Мистаҳга ёрдам қилишга қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳшдан менинг ишим ҳақида сўраб, «Эй Зайнаб, (у ҳақда) нима биласан? Нима деб ўйлайсан?» дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен қулоғим ва кўзимни (ёлғондан) сақлайман. Аллоҳга қасамки, у ҳақда фақат яхшиликни биламан», деди. Ҳусн ва мавқеда мен билан бўйлашадиган ҳам у эди, Аллоҳ уни парҳезкорлиги сабабли сақлаб қолди» (Бухорий ривояти). 12. (Эй мўминлар), уни эшитган пайтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин бўҳтон-ку!» дейишса бўлмасмиди?! Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтяптики, ифк-бўҳтон воқеасини эшитганингизда туҳматга қолган мўмин ва мўмина инсонлар ҳақида яхши гумонга бориб, «Бу ифк ахир ғирт бўҳтон-ку», десангиз бўлмасмиди? Туҳматга учраган инсонларнинг нақадар пок ва айбланаётган гуноҳлардан четда эканларини яхши билардингиз-ку! Нега улар бошига туҳмат балоси келганида уларни оқламадинглар, туҳматчиларнинг хуружи ва бўҳтонидан ҳимоя қила олмадинглар? Ушбу оятда ифк ҳодисаси содир бўлганда мусулмонлар оммасининг ўзларини лоқайд ва бепарво тутганлари танқид қилинмоқда. Ҳамма ёққа ёлғон гап тарқаб, бўҳтон авж олиб бораверди, мусулмонлар бунинг уйдирма эканини билиб туриб ҳам инкор этмадилар, иғвогарларнинг оғзига уришмади, уларнинг таъзирини бериб қўйишмади. Улар бўҳтонни кучайтиравердилар, мўминлар эса жим юришаверди. Аслида эса ифкни эшитган вақтда мўминлар ва мўминалар яхши гумон қилишлари керак эди. Яъни, улар туҳматга қолганларнинг ўрнига ўзларини қўйиб кўришлари, «Йўқ, бу иш бўлиши мумкин эмас, мен уларнинг ўрнида бўлсам, бундай қилмас эдим» дейишлари керак эди. Улар диндошлари ҳақида яхши гумон қилиб, туҳматга ишонмасликлари, «Бу ёлғон гап, мусулмон одам бундай қилмайди» дейишлари керак эди. Мўминлар оммаси ифкни эшитган вақтда: «Бу очиқ-ойдин туҳмат-ку!» деб, иғвогарларнинг юзига очиқ айтишлари керак эди! Шу йўл билан динларини, Пайғамбарларини, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли-оилаларини ҳимоя қилишлари лозим эди. Лекин улар бундай қилишмади, ҳатто айримлари ифкчиларнинг гапини тасдиқлашгача боришди. «Ифк ҳодисаси» номи билан машҳур бўлган ҳодисанинг тафсилотлари мана шулардан иборат. Бу ҳодисадан Ислом дунёси қаттиқ изтиробга тушган, мўмин- мусулмонларнинг тинчи-ороми бузилган. Мунофиқларнинг разил бўҳтонидан сўнг мусулмонлар бирлиги ва бирдамлиги хавф остида қолган. Қуруқ туҳмат, бўҳтон шундай

балоки, у ҳар қандай жамиятни парокандаликка солади, одамларнинг тинчини бузади. Ифк ҳар қандай шахсни ҳам, ҳар қандай жамиятни ҳам катта ташвишга солади. Ифк катта-кичикни ажратиб ўтирмайди, кимга нисбатан уюштирилса, ўшанинг қалбини вайрон, хаёлини паришон қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг поклиги ва тақвосига асло шубҳа қилинмайдиган, вафо ва садоқатда ҳаммага ибрат бўлган жуфти ҳалоллари, мўминлар онаси, Абу Бакр Сиддиқдай улкан саҳобанинг қизи бўлмиш Оиша розияллоҳу анҳога қилинган бу туҳмат туфайли у қаттиқ маломатга қолди, қалби вайрон бўлди, бир неча кунни сўнгсиз азоб ва йиғи билан ўтказди. Бу мудҳиш воқеа ҳазрати Оишанинг оталари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ҳам, волидаи меҳрибонлари Умму Румонни ҳам қаттиқ ташвишга солди, дилларини ўртади, шаън ва мартабаларига раҳна солди. Барчага ҳар соҳада маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган Абу Бакр Сиддиққа қизлари ҳазрати Оиша мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида, «Нима дейишимни ҳам билмайман» деб, иложсиз қолганларини изҳор қилдилар. Ифк – иғво, туҳмат, бўҳтонга учраган иккинчи тараф – Сафвон ибн Муъаттал эса умрини Аллоҳ йўлида жиҳод билан ўтказган, Расулуллоҳнинг энг ихлосли, фидойи саҳобаларидан бўлган. Ана шундай қалби тоза, тани пок, тақводор одам ўзининг Пайғамбари, йўлбошчиси, устози, шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли хотинлари билан зино қилганликда туҳматга учраб турса! Умрида аёл кишининг баданига қўл теккизмаган одам шундай катта бўҳтонга дучор бўлса! Шунинг учун ҳам бу саҳоба туҳматга чидай олмай, ифкка қўшилганлардан бири – Хассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган. Яна бу воқеага дахлдор бўлиб қолган Алий ибн Абу Толиб, Усома ибн Зайд, Умму Мистоҳ, Оиша онамизга қўшилиб йиғлаган ансория аёл, Барийра ва Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳум кабиларга ҳам осон бўлмади. Оиша розияллоҳу анҳога қарши уюштирилган ифк бутун бир умматни тенгсиз ташвишга солган эди. Туҳматдан ташвишга қолган, изтироб чекаётган умматнинг бошида унинг Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турар эдилар. Чунки бу ифк аслида Оишаи Сиддиқа ёки Сафвон розияллоҳу анҳуга ҳам эмас, балки Оламлар сарвари, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши қаратилган эди. Ислом душманлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари орқали шахсларини ёмонотлиқ қилмоқчи, Ислом динини қораламоқчи, унга путур етказмоқчи бўлишган эди. Ушбу воқеа туфайли у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда қийин бир аҳволга тушган эдилар. Туҳмат гап ҳамма ёққа ёйилиб кетган, одамлар оғзига тушди. Уни рад қилиш учун эса жуда кучли далил керак эди. Лекин қани ўша далил? Бунинг устига, баъзи мусулмонлар, ҳатто Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса каби кўзга кўринган одамлар ҳам ифкка қўшилиб кетишди. Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбардек зот бўҳтонга учраб, нима қилишларини билмай турибдилар. Ҳали Усома ибн Зайддан, ҳали Алий ибн Абу Толибдан, ҳали Барийра исмли асли чўри бўлган аёлдан, ҳали хотинлари Зайнаб бинти Жаҳшдан маслаҳат сўрамоқдалар. Масжид минбарида туриб, одамлардан ўз аҳлларига учраган мусибатда ёрдам сўрашга ҳам мажбур бўлдилар. Қайноталари, қайноналари ҳузурида энг суюкли хотинлари ҳазрати Оишага: «Ростини айт, гуноҳинг бўлса, тавба қил, Аллоҳ тавба қилганни кечиради», деб турибдилар. Бошқа вақтда келиб турган ваҳий ҳам, мана, бир ой бўлибдики, тушмай қўйди. Аммо бу ишларнинг ҳеч бири ҳикматдан холи эмас эди. Фақат ҳодиса шу қадар кутилмаган, шу қадар таҳликали ва шу қадар оламшумул эдики, ҳамма ўзини йўқотиб қўйди. Ниҳоят, барча ишни ҳикмат билан қиладиган Аллоҳ таолонинг бунга Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз

жойига келтирди. Ваҳийини тушириб, уларда ҳазрати Оишани оқлади. Ҳамма, ҳатто Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзлари ҳам: «Менга оқлов тушди», дедилар. 13. Улар ўшанга тўртта гувоҳ келтиришса бўлмасмиди?! Демак, гувоҳ келтира олмаганларнинг ўзлари Аллоҳ ҳузурида ёлғончидирлар. Ушбу ояти каримада ифк ҳодисаси рўй берганида мусулмонлар жамоаси томонидан содир этилган катта бир хатолик баён қилинмоқда. Абдуллоҳ ибн Убай бошчилигидаги мунофиқлар томонидан Оиша онамизга ифк уюштирилганида улардан гувоҳ келтиришларини талаб қилиш керак эди, аммо мўминлар бундай қилмадилар. Ўшанда мунчоқларини излаш билан овора бўлиб, карвондан қолиб кетган Оиша онамизни туясига миндириб етказиб келган Сафвон ибн Муъаттал розияллоҳу анҳу туяни етаклаб, одамлар олдидан ўтди. Уларнинг орасида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бор эди. Абдуллоҳ ибн Убай: «Бу аёл ким?!» деб сўради. Одамлар: «Оиша», дейишди. Шунда у: «Аллоҳга қасамки, бу унга тегмай қўймаган, у ҳам бунга тегмай қўймаган. Мана, Пайғамбарингизнинг аёли тунни биров билан ўтказибди. Энди эса ўша эркак унинг туясини етаклаб келмоқда», деди. Мана шундай қилиб ифк (туҳмат) бошланиб кетди. Йўқ ердаги миш-мишлар урчиб, гап кўпайди. Лекин ҳеч ким на Абдуллоҳ ибн Убайдан ва на унга қўшилганлардан: «Қилаётган бу туҳматингга гувоҳинг борми? Бу гапни қаердан олиб гапиряпсан?» деб сўрамади. Аслида эса юқорида баён этилган шаръий ҳукмларга кўра бировни зинода айблаётган одам бу ишнинг бўлаётганини кўрган тўртта гувоҳ келтириши керак эди. Туҳматчилар бунга ҳеч қандай гувоҳни келтира олмадими, демак, уларнинг ўзи Аллоҳ таолонинг ҳузурида ёлғончилардир. 14. Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли-марҳамати бўлмаганида тинмай сўзлаган нарсаларингиз учун сизларни албатта улкан жазо тутар эди. Яъни, эй мўминлар, агар дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига фазлу марҳамати ва раҳмати бўлмаганида ҳолингизга вой бўларди. Туҳматчиларнинг найрангига қўшилиб, Аллоҳнинг Пайғамбарига ва унинг аҳли- оиласига қилган бўҳтонларингиз ва тарқатган гап-сўзларингиз учун Аллоҳ иккала дунё- да ҳам қаттиқ азобга гирифтор қилган бўларди. Ҳолбуки, Аллоҳ азза ва жалла сизларни бундан қутқариб қолди, Ўз ваҳийсини нозил қилиб, масалага ойдинлик киритиб берди, ифкчиларнинг кирдикорларини Ўзи фош этиб берди. Ёлғончиларнинг оғзига уриб, динларини, Пайғамбарларини ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларини ҳимоя қилмаганлари мусулмонлар томонидан содир этилган жиддий хато эди. Чунки бундай пайтда, яъни жуфти ҳалоллари туҳматга учраб турганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Оишани ҳимоя қилсалар, гап яна ҳам кўпайиши мумкин эди. Бўлиб ўтган ҳодиса жуда таҳликали эди. Мўминларнинг бепарволиги билан, баъзиларининг эса бўҳтонга бевосита қўшилишлари билан вазият янада оғирлашиб кетган эди. Шунинг учун ҳам юқоридаги оятда Аллоҳ таоло шуни мўминларга эслатиб, Ўз фазли-карами билан мўминлардан улкан жазони аритганини эслатмоқда. Ҳолбуки, ифкка қўшилиб, мусулмонлар улкан бир азобга лойиқ иш қилган эдилар. Бу азобни Аллоҳ таоло уларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бериши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло уларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азобламасликка ваъда бериб, катта фазлу марҳамат кўрсатди.

15. Ўшанда сизлар уни тилингиз билан илиб олган, билмаган нарсангизни оғзингиз билан сўзлаган, уни енгил санаган эдингиз. Ҳолбуки у Аллоҳнинг наздида улкандир. Яъни, эй мўминлар, мунофиқлар Пайғамбарим Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаъни ва обрўсини хавф остига қўйиб, унинг оиласини бадном қилишга ҳаракат бошлашганида сизлар бунга кескин чек қўйиш ўрнига ифкчиларнинг туҳматларига қўшилиб кетдингиз. Бу иғво гапларни оғиздан-оғизга, тилдан-тилга кўчириб, билмаган нарсаларингизни ҳамма ёққа тарқатдингиз. Ифк воқеасини сизлар осон санадингиз, ваҳоланки бу Аллоҳнинг наздида жуда улкан гуноҳдир, кечирилмас туҳматдир. Ифк масаласида сизлар фақат тилингизни ишлатардингиз, ақлингизни ишлатиб, гапингизни ўйлаб кўрмас эдингиз. Ифкни тилларингиз билан илиб олардингиз, туҳматни жуда тез қабул қилар эдингиз. Гап аслида оғиздан чиқади, бунга қўшимча равишда яна «оғзингиз билан» дейиш ҳам гапнинг моҳиятига аҳамият бермай, оғзига келганини гапираверишга ишорадир. Одамлар айниқса, ифк ҳодисасига ўхшаш ҳолатларда ўйламай-нетмай, тилларига эрк бериб, оғизларига келганини гапираверишни одат қилиб олишади. Эътибор бермай гапираверишадию, аммо ана шу гаплари оламни ларзага солаётганидан, бир неча кишининг ҳаётини барбод қилаётганидан бехабар бўлишади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида ифкни енгил санамасликни, бу нарса Аллоҳнинг наздида улканлигини эслатмоқда. Ифкда қатнашган ҳар бир кишининг қилган амали, бўҳтонига яраша гуноҳи бордир. Демак, улар мутлақо жазосиз қолишмайди. Бу гуноҳ ишнинг каттасини ўзига олиб, ифкка бош бўлган одамга – Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга эса улкан азоб бордир. У қиёмат куни албатта бу азобга дучор бўлади. 16. Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапириш тўғри эмас. Парвардигоро, Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?! Бундай пайтда ҳар бир мўминдан талаб қилинадиган йўл шу. Мўмин- мусулмонларга қарши тўқилган миш-миш, ифку бўҳтонни эшитиб, унга қўшилиш ёки индамай қараб туриш мутлақо тўғри келмайди. Бундай пайтларда ҳар бир мўмин киши дарҳол: «Буни бизга гапириш тўғри келмайди», бизлар мўмин-мусулмонмиз, иғво, бўҳтон ва туҳмат гапларни гапиришни динимиз ҳаром қилган» дейиши керак эди. Таги йўқ туҳматни эшитган заҳотингиз: «Парвардигоро, Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?! «Бизни ҳам бу ифкка ўхшаш гуноҳлардан пок қилгин» десангиз бўлмасмиди?! Ана ўшанда мўминларга хос ва муносиб ишни қилган бўлар эдингиз. Сизлар эса бундай қилмадинглар, мўминларга муносиб йўлни тутмадинглар. Оиша розияллоҳу анҳо Урвага ифк воқеасини сўзлаб бераётиб, гапларининг орасида шундай деди: «Абу Айюб Ансорийга хотини «Эй Абу Айюб, одамлар нима деяётганини эшитдингизми?» деди. У: «Нима дейишяпти?» деди. Хотини унга ифк аҳлининг гапларини айтиб берди. У: «Бу миш-мишни сўзлаш бизга жоиз эмасдир, Эй пок Роббимиз, бу улуғ бўҳтон-ку!» деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди». 17. Агар мўмин бўлсангиз, бунга ўхшаш нарсаларга ҳаргиз қайтмаслигингизни Аллоҳ сизларга насиҳат қилади. Бўлар иш бўлиб ўтди. Аммо энди сизлар бунга ўхшаш ишларни бундан кейин асло такрорламанглар. Аллоҳ таолонинг сизларга ваъз-насиҳат қилиб айтадиган гапи шудир. Мўмин киши Аллоҳ таолонинг Ўз Расули орқали юборган насиҳатларига сўзсиз амал қилувчи, қайтарган ишларидан четда бўлувчилардир. Бу муҳим гапнинг «Агар мўмин

бўлсангиз...» деган шартдан кейин айтилиши ҳам муайян ҳикматга эга. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: «Гуноҳ икки хил бўлади: сен ва Парвардигоринг орасидаги гуноҳ ҳамда сен билан бандалар орасидаги гуноҳ. Аллоҳ таоло билан сенинг орангдаги гуноҳнинг тавбаси тил билан истиғфор айтиш, юракдан пушаймон бўлиш ва шу гуноҳга қайтмасликни қасд этиш билан бўлади. Агар буларни қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечади. Агар гуноҳда Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлса ва ўша ҳақ шаръий жазога лойиқ бўлсаю, уни биров билмаган бўлса, ўша гуноҳ яширин ҳолда қолгани яхши. Агар фарзларидан биронтасини ташласа, у пайтда то ўша бажармаган ибодатини қилмагунича тавбаси фойда бермайди. Кейин пушаймон ейди ва истиғфор сўрайди. Аммо сен билан бандалар орасидаги гуноҳ бундай: улар рози бўлмасалар, то ораларингни очиқ қилмагунларингча тавба сенга фойда бермайди! Яъни, мазлумнинг ҳаққини қайтариш, рози қилиш (ўзидан ризолик сўраш) зарурдир. Киши хусуматчисини бу дунёда рози қилмаса, охиратда унинг яхшиликларидан олиниши ҳақида хабар келган». 18. Аллоҳ сизларга оятларни баён қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир. Аллоҳ таоло бандаларини поклаш, уларни жамиятларда илдиз отган ифк каби ҳодисалар, покдомон кишиларни зино ва бошқа бузуқликларда айблаш каби ишлардан қайтариш учун оятларини мана шундай баён қилиб беради. Мана, уларга «Ифк ҳодисаси» ҳақидаги сиру асрорларни ҳам муфассал баён қилиб берди. Чунки У Зот ҳар бир нарсани билиб туради, ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. Аллоҳ таоло айтади:«Зотан Парвардигорларининг азобидан ҳеч ким хотиржам эмасдир. Улар яна авратларини (зинодан) сақловчилардир» (Маориж, 28–29). 19. Имон келтирганлар ичида бузуқликлар тарқалишини яхши кўрадиганларга дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар эса билмассиз. Ушбу ояти каримада ифк ҳодисасига тааллуқли баъзи бир ҳукмлар ва улардан олинадиган ибратлар ҳамда натижалар ҳақида фикр юритилади: кишилар орасида фаҳш, бузуқ, уятсиз, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиб оламиз. Ифк ҳодисаси давомида миш-миш гаплар кўпайди, яъни зино ҳақида бўҳтон тарқатилди. Бу иш оятда фаҳш ишни ёйиш билан баробар қўйилмоқда. Ҳукм умумий ҳолда айтилмоқда. Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига тенг, баробар бўлар экан. Фаҳш гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа ишларни қилиш ва сўзларни тарқатиш, фаҳшга тарғиб қилиш, унга сабабчи бўлиш – буларнинг бари аламли азобга лойиқ улкан гуноҳ ишлардандир. Ислом фаҳш ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам тақиқлайди. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор бўлади. Ўша гуноҳкор жазога тортилар экан, демак зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади. Зино, жинсий алоқа тўғрисида турли уятсиз гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, одамларни ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар, бузуқлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам фаҳш гапларни гапириш динимизда ман қилинади. Агар бир одамнинг ҳужжат-далили бўлса, жиддиятни кўзласа, керакли жойга бориб гапирсин. Гувоҳлар келтириб, зинокорларни жазолашни йўлга қўйишда хизмат қилсин. Шунда у мусулмонлар жамиятини поклашга ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Аммо бекордан-бекорга кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни сўзламасин, бемаза ишларни қилмасин. Акс ҳолда, аламли азобга дучор бўлади. Оят охирида «Аллоҳ билади, сизлар эса билмассиз», дейилмоқда.

Шундай бўлгач, гапни чўзмай, баҳоналар ахтармай, Аллоҳнинг айтганини дарҳол бажо келтиринг. 20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли-марҳамати ҳамда Аллоҳ шафқатли, раҳмли бўлмаса эди... Агар Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати бўлмаганида, агар Аллоҳ азза ва жалла Ўз зотига муносиб шафқатли ва раҳмли бўлмаганида ифк ҳодисасининг барча иштирокчилари – туҳмат-бўҳтонларни тарқатганлар ҳам, ўзлари билмаган ҳолда унга аралашиб қолган имонли кишилар ҳам Аллоҳнинг улкан азоби ва жазосига қолган бўлишар эди. Аммо Аллоҳнинг фазли улуғ, раҳмати кенг, Унинг меҳр-шафқати дунёдаги жамики махлуқотни қамраб олган. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида бир неча лафзда келтирилган бир ҳадис бор. Уни ўрганиб чиқилса, қуйидагича хулоса келиб чиқади: ўтган умматлар ичида бир кафан ўғриси бўлган экан. У умр бўйи ўликларнинг кафанини ўғирлаб тирикчилик қилибди. Аммо унинг қалбида тавҳид – ёлғиз Аллоҳга бўлган имон яхши ўрнашган экан. Ҳаёти охирлаб, кўзига ўлим кўринганда қилган ишларидан қаттиқ надомат қилибди. Аллоҳнинг азобини ўйлаб, даҳшатга тушиб, ҳатто ақлдан озаёзибди. Энди қилган ёмонликларини яхшилик билан ювишга етарли имконияти қолмаганига кўзи етгач, нима қилишини билмай, ўғилларига васият қилибди: «Ўлганимдан кейин қуруқ суягим қолгунича мени ўтда ёқинглар. Ке-йин устихонларимни туйиб-янчиб, толқонини дарёга олиб бориб, шамол турган вақтда ҳавога сочиб юборинглар. Чунки агар Аллоҳ мени тутса, гуноҳим кўплигидан мени шундай азоблайдики, ҳали бирор кишини бундай азобламаган». Ўша одам ўта жоҳиллигидан ана шундай қилиб Аллоҳнинг азобидан қутилиб қолмоқчи бўлади. У ўзича Аллоҳ зарраларимни жамлай олмайди деб ўйлайди. Фарзандлар отанинг васиятини бажаришди. Аммо Аллоҳ таоло бир амр билан унинг зарраларини жамлади ва бус-бутун ҳолида тирилтирди. У эса Аллоҳнинг ҳузурида ҳайрону лол бўлиб турар эди. Шунда Аллоҳ ундан: «Эй бандам, нега бундай қилдинг?», деб сўради. У: «Эй Роббим, Сендан қаттиқ қўрққанимдан шундай қилдим. Сенинг қўрқинчинг, хавфинг мени шу ишни қилишга олиб борди», деди. Шу пайтда Аллоҳнинг фазлу марҳамати жўш урди. Бандасининг ҳолига раҳми келди. Бандасининг Аллоҳнинг азобига тўла ишонгани ва Ундан қаттиқ қўрққанини эътиборга олиб, Аллоҳ таоло Ўз фазли билан уни мағфират қилди. Аллоҳнинг азобидан бўлган қўрқинч сабабли ақл-ҳуши учиши натижасида қилган мазкур нотўғри тасарруфини ҳам кечирди. 21. Эй имон келтирганлар, шайтоннинг изидан эргашманглар. Ким шайтон изидан эргашса, (у) албатта бузуқлик ва ёмонликка буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, ичингиздан бирор киши абадул-абад поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклайди. Аллоҳ эшитувчидир, билувчидир. Ушбу ояти каримада ифк ҳодисасида бўлгани каби миш-мишларга берилиб, тўғри келган гапни тиллар билан илиб олиб, оғизлар билан гапиравериш шайтоннинг изидан эргашиш экани, бунинг оқибати ёмон бўлиши ва яна Аллоҳнинг фазли билангина мўминларга яхшилик етиши баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб қилиб айтяптики, покдомон кишилар ҳақида ана шундай туҳмат-бўҳтон тарқатувчиларга ўхшаб шайтоннинг изидан эргашиб юрманглар. Қиёматгача одамзодга ёмонлик қилиш, уни йўлдан уришга чоғланган шайтон албатта бузуқ ишлар, ёмонликларга бошлайди. Шайтоннинг табиати шу, унинг ичган қасами шундай. Ифк ҳодисаси ҳам шунинг ёрқин мисолидир. Бу ҳодисада ҳам шайтон ўзига эргашганларни фаҳшга, мункар ишга буюрди. Оқибатда ким унга эргашган бўлса, гуноҳкор бўлди.

Агар Аллоҳ азза ва жалланинг фазлу марҳамати бўлмаса, бундай қийин аҳволга тушиб, қуруқ туҳматларга учраганлар абадулабад бу туҳмат доғидан қутула олмаган бўлур эди. Аллоҳ Ўз ваҳийларини юбориб, ифк туфайли қийноққа тушганларни поклаб, уларнинг номларини оқлади. Аллоҳ хоҳлаган кишисини поклайди. Оиша розияллоҳу анҳони ҳам, туҳматга учраган бошқаларни ҳам оқлади. Аммо туҳматни уюштирган мунофиқ кимсаларни, Ислом душманларини оқламади, уларнинг ҳисоб-китобини охиратга қолдирди. Покиза одамларни зинода айблаб, туҳматнинг гуноҳига ботиб, шу гуноҳ билан булғанган кимса охиратдаги жазога гирифтор бўлиб боради. Аллоҳ таоло Ўзи билиб, ҳақиқий мўминларни ифк ҳодисаси гуноҳларидан поклади. Мусулмонлар жамоасини ҳидоятга солди, ифк ҳодисасидан ўзларини ўнглаб олишга имкон берди. Билмасдан ифкка қўшилиб қолган ҳақиқий мўминлар – Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳумни эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қазфнинг (зинода айблашнинг) ҳаддини қоим қилиш билан оқладилар. Уларнинг ҳар бирига саксон даррадан урилди. Бу эса, ўз навбатида уларни пок-лаш, улар учун бахт-саодат эди. Бу ҳол Аллоҳ таоло уларни поклашга лойиқ яхши одамлар деб топганидан эди. Чунки поклашга сазовор бўлмаганларга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарра уришни буюрмадилар. Жумладан, фитнанинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва унинг энг яқин шериги Зайд ибн Рифоъаларга ҳам дарра урдирмадилар. Бу мунофиқлар мўминлар учун жорий қилинган покловчи жазога сазовор одамлар эмас эди. Улар охиратга гуноҳларини бутун ҳолда кўтариб боришлари керак эди. Уламоларимиз мусулмонлар оммасининг қалблари нақадар пок эканига намуна сифатида ифк воқеаси рўй берганда Абу Айюб Ансорий ва у кишининг хотинлари розияллоҳу анҳумо орасида бўлиб ўтган қуйидаги суҳбатни келтиришади: «Абу Айюб Ансорий Умму Айюбдан: «Оиша ҳақида нима дейилаётганини кўряпсанми?» деб сўради. Шунда Умму Айюб розияллоҳу анҳо: «Агар сен Сафвоннинг ўрнида бўлганингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари ҳақида ёмон гумон қилган бўлармидинг?» дебди. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу: «Йўқ!» деб жавоб қайтарибди. Шунда Умму Айюб розияллоҳу анҳо: «Оишанинг ўрнида бўлганимда мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хиёнат қилмас эдим. Демак, Оиша мендан яхши, Сафвон сендан яхши», деди». 22. Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳ йўлида муҳожир бўлганларга ҳеч нарса бермасликка қасам ичмасинлар, балки уларни афв қилиб-кечирсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзлари ушбу ояти карима ҳақида шундай деганлар: «Аллоҳ таоло мени оқлаш учун Ўз оятларини нозил қилганида қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турган Абу Бакр Сиддиқ: «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени мағфират қилишини яхши кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар». Оиша розияллоҳу анҳо яна шуларни айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ишим ҳақида Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳам сўраган эканлар. У зот: «Эй Зайнаб, нима билгансан, нима кўргансан?» дебдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақида фақат

яхшиликни биламан», дебди Зайнаб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида фақат Зайнабгина мен билан шуҳрат талашар эди. Аммо тақводорлиги туфайли Аллоҳ таоло уни сақлади. Аммо синглиси Ҳамна ифк эгалари билан бирга ҳалок бўлди». Ҳақиқий мўминлардан фақат уч кишигина бу иғвога қўшилиб қолди: Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳум. Бу уч кишига бўлган муносабатларда ҳам мусулмонларнинг фазилатлари намоён бўлди. Қариндоши Мистоҳга нафақа бериб турган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ифкдан кейин ундан нафақани узишни ирода қилган эдилар, бу ишга Аллоҳнинг Ўзи аралашди, нафақани узмаслик, балки юракни кенг қилиб, айбдорни афв этиш лозимлигини баён этди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол бу амрга бош эгиб, Мистоҳни афв қилдилар, нафақа беришни давом эттирдилар. Авваллари биров орқали юборадиган бўлсалар, энди ўзлари олиб бориб берадиган бўлдилар. Оиша розияллоҳу анҳо бўлса, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни ўта ҳурмат қиладиган бўлди. У кишига доимо яхшилик қилар, тавозуъ ила муомалада бўлар, ҳузурига кирса, ёстиқ қўйиб берар эди. Баъзилар «Ахир бу одам сизга қарши ифкка қўшилган эди-ку», дейишганида, «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилган эди», деб жавоб берганлар. Ривоятларда келишича, Оиша онамиз бир куни: «Мен Ҳассоннинг шеъридан яхшироқ шеър эшитмадим, қачон унинг шеъридан мисол келтирсам, унга жаннатдан жой берилишини сўрайман», деганлар. Бу даражадаги гўзал Ислом ахлоқининг намоён бўлишига ҳам ифк ҳодисаси сабаб бўлди. Шу билан бирга, ушбу ҳодиса туфайли мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётларида келажакда рўй беражак кўплаб ноқулайликларни бартараф этадиган қонун-қоидалар жорий қилинди. Ушбу ҳодисанинг бошқа бир ҳикмати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайбни билмасликлари, Аллоҳ таоло нимага буюрса, шуни адо этишлари яна бир бор тасдиқланди. Аллоҳ таоло мўминларни бир-бирларини афв этиб, кечириб юборишга чақириш билан бирга, «Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини севмайсизларми?!» деб, биродарини кечирган мўмин мағфират қилинишини эълон этмоқда. Шунинг учун ҳам мўминлар бир-бирларининг гуноҳларини кечириб юбордилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда бош бўлдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларига бўҳтон қилган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга қандай яхши муомалада бўлганларини юқорида эслатиб ўтдик. Ислом жамияти доимо ана шундай шаклда покланиб бормоғи лозим. Вақтида ўзини ўнглаб, тавба қилган кишиларни Аллоҳ таоло мағфират этиб, жабрланган мўминларга ҳам уларни кечиришни буюради. Аммо тавба қилмасдан, нобакорлигида давом этиб, покиза кишиларни нопок ишларда айблаб юрганларга мағфират йўқ, бу дунёда азоб-уқубатдан қутулиб кетсалар ҳам, у дунё- да албатта жазоларини оладилар. 23. Албатта (фаҳшдан) бехабар, иффатли мўмина аёлларга бўҳтон қилганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатланишади. Уларга улкан азоб бордир. Ушбу ояти карима ўзини покиза сақлаган, покдомон ва иффатли аёлларни зинода, бузуқликда ва фоҳишаликда айблаш, уларга бўҳтон тоши отиш, туҳмат қилиш ниҳоятда қабиҳ ва расво иш эканига далилдир. Мўминаларни зинода ёки бошқа фаҳш ишларда айблаганларга дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънат ва қаттиқ азоб бўлади.


Like this book? You can publish your book online for free in a few minutes!
Create your own flipbook