Important Announcement
PubHTML5 Scheduled Server Maintenance on (GMT) Sunday, June 26th, 2:00 am - 8:00 am.
PubHTML5 site will be inoperative during the times indicated!

Home Explore Usmonov, F. R ,Isomov ,R.D, Matematikadan qo'llanma.

Usmonov, F. R ,Isomov ,R.D, Matematikadan qo'llanma.

Published by Maxsud Mannanov, 2023-05-31 10:48:13

Description: Usmonov, F. R ,Isomov ,R.D, Matematikadan qo'llanma.

Keywords: Usmonov, F. R ,Isomov ,R.D, Matematikadan qo'llanma.

Search

Read the Text Version

25. Аллоҳ «тинчлик уйи»га чорлайди ва хоҳлаганини тўғри йўлга бошлайди. 26. Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламайди. Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда мангу қолишади. 27. Ёмонлик қилувчиларга эса жазо шунга яраша бўлади: уларни хорлик ўраб олади, Аллоҳ жазосидан уларни қутқариб қолувчи бўлмайди, уларнинг юзларини тун зулматининг бир бўлаги каби қоп-қора парда қоплайди. Ана шулар дўзахийлардир ва улар унда абадий қолишади. 28. Ўшал куни Биз ҳаммани тўплаймиз ва мушрикларга: «Сизлар ҳам, шерик қилганларингиз ҳам жойингиздан қимирламанглар», деймиз. Кейин уларнинг ораларини ажратганимизда, шерик қилганлари айтади: «Бизга сиғинмаган эдингизлар; 29. Сизлар билан ўртамизда Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ, ибодатларингиздан бехабар эдик». 30. Шунда ҳар бир инсон ўз қилмишларидан хабардор бўлади, ҳаммалари ҳақиқий Хожа Аллоҳга қайтади, ўйлаб топган нарсалари ғойиб бўлади. 31. (Эй Муҳаммад): «Ким сизларга осмондан ва Ердан ризқ беради? Ким эшитиш ва кўришга эгалик қилади? Ким ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаради? Ким бутун ишларни бошқаради?» денг. Улар: «Албатта Аллоҳдир!» дейишади. «Унда қўрқмайсизларми?» денг. 32. Ҳақиқий Парвардигорингиз Аллоҳдир! Ҳақиқатдан ўзгаси фақат адашишдир. Қаёққа оғиб кетяпсизлар?! 33. Шу тариқа уларнинг имон келтирмаслиги ҳақидаги Парвардигорингизнинг Сўзи тасдиқланди. 34. (Эй Муҳаммад): «Сизлар шерик қилаётганлар орасида олдин яратиб, кейин яна қайтара оладигани борми?» денг. «Аллоҳ яратади ва сўнгра қайтаради, унда нега юз ўгиряпсизлар?» денг. 35. «Шерик қилаётганларингиз орасида Ҳаққа бошлайдигани борми?» деб сўранг. «Аллоҳгина Ҳақ йўлга бошлайди, эргашиш учун ҳидоятга бошловчи ҳақлими ёки йўл тополмайдиган, ўзи етовга муҳтожлар ҳақлими? Сизларга нима бўлди, қандай қарорга келдингизлар?» денг. 36. Уларнинг кўплари гумонга эргашади, холос. Аслида ҳақиқат олдида гумон ҳеч нарсага ярамайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилмишларини билувчидир! 37. Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга тарафидан тўқилиши мумкин эмас, балки оламлар Парвардигоридан олдингиларини тасдиқловчи, ҳукмларни очиқ баён этувчи қилиб юборилган ҳақлигига ҳеч шубҳа йўқ Китобдир. 38. Ёки ўзи тўқиб олган дейдиларми?! (Эй Муҳаммад): «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга кучингиз етганича кимни хоҳласангиз, чақиринг!» деб айтинг. 39. Балки улар ўзлари илмини билмаган нарсани уларга унинг таъвили етмай туриб, ёлғонга чиқаришади. Улардан олдингилар ҳам шундай ёлғон санашган эди. Золимларнинг оқибати қандай бўлганини бир кўринг!

40. Уларнинг орасида бунга ишонадиганлари ҳам, ишонмайдиганлари ҳам бор. Парвардигорингиз бузғунчиларни жуда яхши билади. 41. (Эй Муҳаммад), агар сизни ёлғончига чиқаришса: «Менинг амалим ўзимга, сизларники ўзингизга, сизлар менинг ишимга дахлдор эмассизлар, мен – сизларникига», денг. 42. Улар орасида сизга қулоқ соладиганлари ҳам бор. Аммо ақл юргизмайдиган карларни эшитадиган қила олармидингиз?! 43. Улар орасида сиз тарафга боқадиганлари ҳам бор. Агар ўзлари кўрмасалар, бундай кўрларни ҳидоят қила олармидингиз?! 44. Ҳақиқатан Аллоҳ инсонларга бирор нарсада зулм қилмайди, аксинча одамлар ўзларига ўзлари зулм қилишади. 45. Аллоҳ уларни тўплаган кунда ерда худди куннинг бир соатича яшагандек, бир-бирларини энди таниётгандек бўлишади. Дарҳақиқат, Аллоҳга йўлиқишни ёлғонга чиқарганлар зиён кўрдилар ва ҳидоят топмадилар. 46. Агар уларга ваъда қилган азобларимиздан баъзисини сизга (эй Муҳаммад,) кўрсатсак ҳам, ё сизни олдинроқ вафот эттирсак ҳам, барибир уларнинг қайтиши Бизгадир. Кейин уларнинг қилмишларига Аллоҳ гувоҳдир. 47. Ҳар бир умматнинг пайғамбари бўлади, пайғамбарлари келгач, улар ўртасида адолат билан ҳукм юртилади, бирорталарига зулм қилинмайди. 48. Улар: «Агар рост айтаётган бўлсангиз, бу ваъда қачон амалга ошади?» дейишади. 49. (Эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳ хоҳламаса, мен ўзимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайман. Ҳар бир уммат учун ажал бор, ажаллари келган вақтда уни бирор соат кейинга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди», денг. 50. «Айтинглар-чи, Унинг азоби кечаси сизларга келадими ё кундузи? Унда бузғунчилар бунинг нимасига шошилишяпти?» денг. 51. Бу содир бўлганидан кейингина ишонасизларми? «Энди-я?! Ахир уни тезлаштиришни хоҳлаган эдинглар-ку?!» 52. Сўнгра золимларга: «Абадий азобни тортинглар, кирдикорингизга яраша жазосини оляпсизлар», дейилади. 53. Сиздан (эй Муҳаммад): «Жазо ҳақми?» деб сўрашади. «Ҳа, Парвардигорга қасам, у ҳақдир, ундан асло қочиб қутула олмайсизлар!» денг. 54. Зулм қилган ҳар бир жон ер юзидаги барча бойликни бериб бўлса ҳам қутулишни истайди. Улар азобни кўргач, ич-ичларидан пушаймон бўлишади. Ўрталарида адолат билан ҳукм юритилади, уларга асло зулм қилинмайди. 55. Огоҳ бўлинглар, осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир! Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, лекин кўплар буни билмайди. 56. У тирилтиради ва ўлдиради, Унгагина қайтариласизлар. 57. Эй инсонлар, Парвардигорингиздан сизларга насиҳат, диллардаги нарсаларга шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди.

58. Аллоҳнинг фазли ва Унинг раҳмати ила. Ана шу билан хурсанд бўлишсин. Бу улар тўплаган нарсалардан яхшидир. 59. «Айтинглар-чи, Аллоҳ сизларга берган ризқни нега ҳалол ва ҳаром қилиб олдинглар?» денг. «Аллоҳ сизларга рухсат бердими ё Аллоҳга бўҳтон қиляпсизларми?» денг. 60. Аллоҳга бўҳтон қилаётганлар Қиёмат куни ҳақида қандай гумонга боришади? Албатта Аллоҳ инсонларга ўта марҳаматлидир, аммо кўплари буни билишмайди. 61. (Эй Муҳаммад), қандай машғулотда бўлманг, Қуръондан нима ўқиманг, (эй инсонлар), нима иш қилманглар, Биз бунга киришган пайтингизданоқ хабардормиз. На ерда, на осмонда зарра миқдорича, ҳатто ундан каттароқ ёки кичикроқ бирор нарса Парвардигорингиздан яширин эмас, бари очиқ-ойдин Китобда битиб қўйилган. 62. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг дўстларига хавф ҳам бўлмайди, улар ғам ҳам чекишмайди. 63. Улар имонли ва тақволилардир. 64. Уларга дунё ва охират ҳаётида хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзлари ўзгармасдир. Бу ҳақиқатан улкан ютуқдир. 65. (Эй Муҳаммад), уларнинг гапи сизни хафа қилмасин, дарҳақиқат азизликнинг барчаси Аллоҳникидир. У эшитувчи ва билувчидир. 66. Огоҳ бўлинглар, осмонлару Ердаги барча жонзотлар Аллоҳникидир. Аллоҳдан ўзга шерикларга сиғинаётганлар нимага эргашишяпти? Фақат гумонга эргашишади ва фақат тахмин қилишади, холос! 67. Ором олишингиз учун кечани, кўришингиз учун кундузни яратган Аллоҳдир. Бунда уқадиган кишилар учун далиллар бордир. 68. Улар «Аллоҳ фарзанд тутди», дейишди. У (бундан) покдир, У беҳожатдир! Осмонлар ва Ердаги ҳамма нарса Уникидир! Ахир, бу ҳақда ҳеч қандай далилингиз йўқ-ку! Аллоҳ ҳақида билмайдиган нарсаларингизни айтаверасизларми?! 69. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳга туҳмат қилувчилар асло нажот топишмайди», денг. 70. Дунё неъматларидан бироз баҳраланишадию, кейин Бизга қайтишлари бор. Ўшанда куфрлари учун уларга қаттиқ азоб тоттириб қўямиз. 71. (Эй Муҳаммад), уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб беринг. У ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятларини сизларга эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккул қилдим. Сиз шерик келтираётганларингиз билан ишингизни қилаверинглар. Яна ишингиз ўзингизга ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнг менга нисбатан ҳукмингизни ижро қилаверинглар, менга муҳлат бериб ҳам ўтирманглар; 72. Агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақат Аллоҳдандир. Мен мусулмонлардан бўлишга буюрилганман». 73. Лекин уни ёлғончига чиқаришгач, Биз уни ва у билан кемада бирга бўлганларни қутқариб, уларни ерда ўринбосарлар қилдик.

Оятларимизни ёлғонга чиқарганларнинг барини эса ғарқ қилдик. Огоҳлантирилганларнинг оқибати не бўлганини бир кўринг! 74. Ундан кейин ҳам қавмларга ўз пайғамбарларини юбордик. Улар очиқ-ойдин далиллар билан келишса-да, қавмлари олдин ёлғонга чиқарганларига ишона олишмади. Бузғунчиларнинг дилини ана шундай муҳрлаб қўямиз. 75. Шундан кейин Мусо билан Ҳорунни далилларимиз билан Фиръавн ҳамда аъёнларига юбордик. Шунда улар кибрга боришди ва гуноҳкор қавм бўлишди. 76. Уларга Биздан ҳақ келганида: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди. 77. Мусо: «Сизларга ҳақ далил келса, шундай дейсизларми? Бу қандай сеҳр бўлсин, ахир сеҳргарлар нажот топишмайди-ку!» деди. 78. Улар: «Сен бизни ота-боболаримиз тутиб келаётганда топган нарсамиздан буриш учун ва икковингизга ер юзида катталик бўлиши учун келдингми? Биз иккингизга имон келтирувчилардан эмасмиз», дейишди. 79. Фиръавн: «Энг кучли сеҳргарларни олдимга бошлаб келинглар», деди. 80. Сеҳргарлар келгач Мусо уларга: «Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар!» деди. 81. Улар кўрсатишганида, Мусо: «Қилганларингиз сеҳр холос, Аллоҳ албатта уни йўққа чиқаради, чунки Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини асло ўнгламайди; 82. гарчи гуноҳкорлар ёқтирмаса-да, Аллоҳ Ўз ваъдасига биноан ҳақиқатни рўёбга чиқаради», деди. 83. Мусога ўз қавмидан баъзи зурриётларигина Фиръавн ва унинг аъёнлари фитнасидан қўрққан ҳолларида имон келтирдилар, холос. Албатта Фиръавн ер юзида катта кетган эди. Албатта у исрофгарлардан эди. 84. Мусо: «Эй қавмим, агар Аллоҳга имон келтириб, итоатда бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар», деди. 85. Улар: «Аллоҳгагина таваккул қилдик, Парвардигоро, бизларни бу золим қавмларга фитна қилдириб қўйма; 86. ва бизларни Ўз раҳматинг билан кофирлар қавмидан қутқар!» дейишди. 87. Биз Мусо ва биродарига: «Мисрда қавмингизга уйлар қуринглар ва уларда қибла белгилаб, ибодат қилинглар ҳамда мўминларга хушхабар беринглар», деб ваҳий юбордик. 88. Мусо: «Парвардигоро, Сен Фиръавн ва унинг аъёнларига бу дунёда зеб-зийнат ва мол-дунё бердинг. Парвардигоро, бу Сенинг йўлингдан адаштиришлари учундир. Парвардигоро, уларнинг молларини йўқ қил, то аламли азобни кўрмагунларича имонга келмасинлар!» деди. 89. Шунда У: «Дуоларингиз қабул бўлди, энди қатъият кўрсатинглар ва нодонлар йўлидан юрманглар!» деди. 90. Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Фиръавн лашкарлари билан ҳаддан ошган ва зулм қилган ҳолда қувиб келиб ғарқ бўла бошлаганида: «Бани Исроил имон келтирган илоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига мен ҳам ишондим ва Унга бўйсунувчиларданман», деди.

91. «Эндими? Ахир олдин итоатсизлик қилиб, бузғунчилардан бўлган эдинг-ку!» дейилди. 92. Сендан кейингиларга ибрат бўлиши учун бугун жасадинг- ни қутқарамиз. Лекин кўпгина одамлар далилларимиздан ғофилдирлар. 93. Биз Бани Исроилни яхши юртга жойлаштирдик ва уларни яхши нарсалардан ризқлантирдик. Ўзларига илм келганидан кейин эса ихтилофга боришди. Улар тортишаётган нарсалар хусусида Парвардигорингиз қиёмат куни албатта ҳукм чиқаради. 94. (Эй Муҳаммад), сизга туширган нарсамизга шубҳа қилаётган бўлсангиз, сиздан олдин Китобни ўқиганлардан сўранг. Ахир, Ҳақ Парвардигорингиздан келди, бас, асло шак қилувчилардан бўлманг. 95. Ёки Аллоҳнинг далилларини ёлғонга чиқарувчилардан ҳам бўлманг, унда ҳалокатга кетувчилардан бўлиб қоласиз. 96. Парвардигорингизнинг Сўзи вожиб бўлганлар имонга келмайдилар; 97. Ҳатто уларга барча оят-мўъжизалар келиб, қаттиқ азобларни кўрмагунларича. 98. Кошки бирор қишлоқ аҳли имон келтирганда эди, имони фойда берган бўлур эди. Юнус қавмигина шундай қилди: имон келтиришгач, улардан дунёдаги расволик азобини кетказдик ва маълум муддатгача ҳаёт неъматларидан фойдалантириб қўйдик. 99. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, Ер юзидаги барча ёппасига имонга келган бўларди. Ёки одамларни имонли бўлишга мажбурламоқчимисиз? 100. Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир жон имонли бўла олмайди. Ақлини ишлатмайдиганларни У куфр нопоклиги билан жазолайди. 101. (Эй Муҳаммад): «Осмонлару Ердаги нарсаларга назар солинглар», денг. Лекин имон келтирмайдиганларга далиллар ҳам, огоҳлантиришлар ҳам кор қилмайди. 102. Улар ҳам олдингиларнинг куни келишини кутишяптими? «Кутаверинглар, мен ҳам сизларга қўшилиб кутаман», денг. 103. Ўшанда Биз пайғамбарларимизни ва мўминларни қутқарамиз. Шу каби мўминларни қутқариш Бизнинг ҳақ бурчимиздир. 104. (Эй Пайғамбар), айтинг: «Эй инсонлар, диним хусусида шубҳада бўлсанглар ҳам, барибир сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинаётганларингга ибодат қилмайман, балки сизларнинг жонларингизни олувчи Аллоҳга сиғинаман. Менга имонлилардан бўлиш буюрилган». 105. Эй Пайғамбар, ҳаниф динга юз буринг ва асло мушриклардан бўлманг; 106. Аллоҳ қолиб, сизга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсаларга сиғинманг! Агар шундай қилсангиз, албатта, сиз золимлардан бўлиб қоласиз. 107. Бордию Аллоҳ сизга бирор зарар етказса, Ундан ўзга уни даф қилувчи йўқдир. Агар сизга бирор яхшиликни раво кўрса, Унинг фазлини тўсиб қолувчи йўқдир. У фазлини хоҳлаган бандасига беради, У кечирувчи, раҳмлидир!

108. «Эй одамлар, сизларга Парвардигорингиздан ҳақ келди, ким ҳидоят топса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолатга кетади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айтинг. 109. (Эй Муҳаммад), ўзингизга юборилган ваҳийга эргашинг ва Аллоҳ ҳукм қилгунча сабрли бўлинг. У энг яхши ҳукм қилувчидир. 11. ҲУД СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 123 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф, лам, ро. (Бу) оятлари мустаҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан батафсил баён қилинган Китобдир. 2. У Аллоҳдан бошқасига сиғинмаслигингиз учундир. Албатта, мен Ундан сизларга келган огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман; 3. Парвардигорингиздан мағфират тиланглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. У маълум муддатгача сизларни яхшиликлардан фойдалантиради, ҳар бир фазилат соҳибига Ўзининг фазлидан беради. Агар юз ўгирсанглар, улуғ Кундаги азобланишингиздан қўрқаман; 4. Аллоҳга қайтасизлар, У эса ҳамма нарсага қодирдир». 5. Огоҳ бўлингки, улар Ундан беркитиш учун дилларидагини яширишади. Огоҳ бўлишсинки, кийимларига ўраниб олганларида ҳам пинҳон ва ошкора қилмишларини билади. Албатта, У диллардаги пинҳон сирларни ҳам билувчидир. 6. Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билади. Ҳаммаси очиқ-ойдин Китобдадир. 7. У сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун осмонлар ва Ерни олти кунда яратган Зотдир. Ўшанда Арши сув устида эди. (Эй Муҳаммад), агар «Ўлгандан кейин албатта қайта тирилтириласизлар» десангиз, куфр келтирганлар: «Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас!» дейишади. 8. Агар уларга азобни маълум муддатга кечиктирсак, улар «уни нима тўхтатиб турибди», дейишади. Огоҳ бўлишсинки, азоб келадиган кунда ҳеч нарса уларни бундан тўса олмайди ва уларни ўзлари масхара қилган нарсалар чирмаб олади. 9. Ҳақиқатан Биз инсонга Ўзимиздан бирор неъматни бериб, сўнг ундан тортиб олсак, у, албатта, ноумид ва ношукр бўлади. 10. Агар унга кулфат етганидан кейин неъматларимиздан тоттириб қўйсак: «Энди кулфатларим ариди», дейди ва хурсанд бўлиб керилади. 11. Сабрли бўлувчилар, яхшиликлар қилувчилар бундан мустасно. Ана шуларга мағфират ва катта мукофотлар бор. 12. (Эй Муҳаммад), балки уларнинг: «Унга нега хазина туширилмаган ё нега у билан бир фаришта келмаган?» дейишгани учун ўзингизга ваҳий қилинган нарсаларнинг баъзисидан кечиб, юрагингиз

сиқилаётгандир?! Сиз огоҳлантирувчисиз, холос, Аллоҳ ҳар бир нарсага вакилдир! 13. Ёки: «Буларни ўзи тўқиган», дейишяптими? Унда айтинг: «Агар ростгўй бўлсанглар, Аллоҳдан бошқа кимни бўлса ҳам чорлаб, шунга ўхшаш тўқилган ўнта сурани келтиринглар-чи!». 14. Агар улар жавоб бера олишмаса, билингларки, Қуръон Аллоҳнинг илми билан туширилган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир! Энди сизлар мусулмон бўларсизлар?! 15. Ким дунё ҳаёти ва унинг зийнатларини истаса, амалларига ярашасини берамиз, бунда зиён кўришмайди. 16. Уларга охиратда оловдан бошқа насиба йўқ ва бу дунёдаги ишлари фойдасиз, қилган барча амаллари беҳудадир. 17. Парвардигоридан аниқ ҳужжатга эга бўлган, кетидан Унинг гувоҳи келиб хабар берган, бунгача Мусонинг китоби дастур ва раҳмат бўлиб турган кишилар улар билан тенг бўлармиди? Ана шундайларгина унга ишонишади. Қавмлардан ким уни инкор қилса, борар жойи дўзахдир. (Эй Муҳаммад), бу ҳақда шубҳага борманг, чунки унинг Парвардигорингиздан келгани ҳақдир, лекин кўплар ишонишмайди. 18. Аллоҳга туҳмат қилувчидан ҳам золимроқ ким бор? Бундайлар Парвардигорга рўбарў бўлишганида, гувоҳлар: «Ана шулар Парвардигорингизга туҳматчилардир!» дейишади. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир. 19. Улар Аллоҳнинг йўлидан тўсувчи, у йўлнинг эгри бўлишини хоҳловчи ҳамда ана шулар охиратга куфр келтирувчилардир. 20. Ана шулар ер юзида қочиб қутулишолмайди, улар учун Аллоҳдан бошқа ҳимоячи ҳам бўлмайди. На эшитишга қодир бўлмаганлари, на кўрмаганлари учун азоб кўпайтириб берилади. 21. Ана ўшалар ўзларига зиён қилганлардир ва тўқиган нарсалари улардан ғойиб бўлди. 22. Шубҳа йўқки, улар охиратда ҳам энг зиёнкорлардир. 23. Имон келтириб, эзгу ишларни қилган ва Парвардигорига бўйсунганлар – айнан ўшалар, албатта, жаннатийлардир ва улар унда мангу қолишади. 24. Иккала гуруҳнинг мисоли худди кўр ва кар одам билан кўрувчи ва эшитувчи кабидир. Иккиси мисолда тенг бўлармиди?! Ўйлаб кўрмайсизларми?! 25. Ҳақиқатан Нуҳни қавмига юбордик ва (у деди): «Мен сизларга аниқ огоҳлантирувчиман; 26. «Аллоҳдан ўзгага ибодат қилманглар, чунки мен сизларга аламли Куннинг азоби бўлишидан қўрқаман». 27. Шунда қавмининг кофир зодагонлари: «Сенинг ҳам фақат ўзимизга ўхшаган инсонлигингни кўряпмиз, сенга орамиздаги зоти пастларгина тушунмай эргашаётганини кўряпмиз, сизларнинг бизлардан афзалликларингизни кўрмаяпмиз, балки сизларни ёлғончилардан деб гумон қиляпмиз», дейишди.

28. У айтди: «Эй қавмим, айтинг-чи, агар Парвардигоримдан аниқ ҳужжатим бўлса, У Ўз даргоҳидан менга раҳмат ато этган бўлса-ю, бу сизларга мавҳум бўлса, сизлар ёқтирмаган нарсаларни сизларга мажбурлармидик?!» 29. «Эй қавмим, сизлардан бунинг учун мол-дунё сўрамайман, мукофотим ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир. Лекин имон келтирганларни ҳайдай олмайман, улар, албатта, Парвардигорга рўбарў бўлишади. Лекин сизларнинг жоҳил қавм эканингизни кўряпман». 30. «Эй қавмим, агар уларни ҳайдасам, Аллоҳнинг (азоби)дан қутулишда менга ким ёрдам беради? Нега ўйламайсизлар?!» 31. «Ва сизларга «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демайман, ғайбни ҳам билмайман, «Мен фариштаман» ҳам демайман. Назарингизга илинмаётганлар борасида Аллоҳ уларга бирор яхшилик бермайди, ҳам демайман. Уларнинг дилидагиларни Аллоҳ яхшироқ билади, акс ҳолда мен золимлардан бўлиб қоламан!». 32. Улар: «Эй Нуҳ, биз билан баҳслашдинг, аммо баҳсни кўпайтириб юбординг, агар ростгўйлардан бўлсанг, ваъда қилган азобингни келтир-чи!» дейишди. 33. Нуҳ айтди: «Аллоҳ хоҳласа, уни албатта келтиради, сизлар Уни ожиз қолдира олмайсизлар!» 34. «Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни хоҳлаб турган бўлса, сизларга насиҳат қилишни истаганим билан сизларга насиҳатимнинг фойдаси бўлмайди. У Парвардигорингиздир ва Унинг ҳузурига қайтариласизлар!» 35. (Эй Муҳаммад), ёки улар: «Уни ўзи тўқиб олган», дейишяптими? «Агар уни тўқиган бўлсам, жинояти ўзимга-ку, сизларнинг қилаётган жиноятингиздан покдирман», денг. 36. Ва Нуҳга ваҳий қилинди: «Қавмингдан олдин имон келтирганларидан ташқари бошқа ҳеч ким энди имонга келмайди, уларнинг қилмишлари туфайли қайғурма!» 37. «Бизнинг кузатувимиз ва ваҳийимиз остида бир кема яса ва золимлар ҳақида Менга сўз очма, улар, албатта, ғарқ қилинувчилардир». 38. У кема ясаркан, қавмининг зодагонлари ҳар гал унинг олдидан ўтаётиб унинг устидан кулишарди. У айтди: «Агар бизни масхара қилсанглар, сизлар масхара қилгандек биз ҳам сизларни масхара қиламиз»; 39. «Яқинда кимга шармандали азоб келишини ва унга мангу азоб тушишини биласизлар». 40. Ниҳоят амримиз келиб, таннур жунбушга келганида: «Унга ҳар нарсадан бир жуфтдан, олдин ҳукм қилинганлардан бошқа аҳли-аёлингни ҳамда имон келтирганларни кемага чиқар!» дедик. Аммо у билан имон келтирганлар жуда озчилик эди. 41. (Нуҳ): «Унга чиқинглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми биландир. Парвардигорим, албатта, кечиримли ва раҳмлидир», деди. 42. Кема тоғдай тўлқинлар узра сузиб кетаётганида Нуҳ бир четда турган ўғлини чақириб: «Ўғлим, биз билан бирга чиқ, кофирлар билан қолма!» деди.

43. (Ўғли): «Тоққа чиқиб оларман, у мени сувдан сақлайди», деди. (Нуҳ): «Бугун Аллоҳ раҳм қилганлардан ташқари Унинг азобидан қутқарувчи йўқдир», деди. Шу заҳоти тўлқин икковининг ўртасини тўсди ва (ўғли) ғарқ этилганлардан бўлди. 44. «Эй Ер, сувингни ютгил, эй осмон, ўзингни тутгил!» дейилди. Сув қуриди. Иш битди ва (кема) Жудий тоғида ўрнашди ҳамда «Золим қавмлар ҳалок бўлсин!» дейилди. 45. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб: «Эй Парвардигорим, ўғлим аҳлимдандир, ваъданг эса ҳақдир, Сен ҳукм қилувчиларнинг энг доносисан!» деди. 46. У: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта бу яхши иш эмас! Билмаган нарсангни Мендан сўрама! Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. 47. Нуҳ: «Парвардигоро, билмаган нарсамни сўрашдан Сендан паноҳ тилайман, агар мени кечирмасанг ва менга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қоламан», деди. 48. Шунда: «Эй Нуҳ, Биз сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга берган салом ва баракотларимиз билан (кемадан) туш! Шундай умматлар ҳам бўладики, уларни бироз нафлантирамиз-да, сўнгра уларга Биздан аламли азоб етади», дейилди. 49. (Эй Муҳаммад), булар сизга ваҳий қилинган ғайбий хабарлардандир, буларни олдин сиз ҳам, қавмингиз ҳам билмас эдингизлар. Сабр қилинг, оқибат, албатта, тақводорларникидир. 50. Од қавмига биродарлари Ҳудни юбордик. У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга сиғининглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос!»; 51. «Эй қавмим, сизлардан ажр сўрамайман, ажр-мукофотим мени яратган Зотнинггина зиммасидадир, ақлни ишлатмайсизларми?!»; 52. «Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, кейин Унга тавба қилинглар! Шунда У осмондан мўл сув ёғдиради, қувватингизга қувват қўшади. Жиноятчи бўлиб, юз ўгириб кетманглар!». 53. Улар айтишди: «Эй Ҳуд, бизга очиқ ҳужжат келтирмадинг, сенинг гапинг билан илоҳларимиздан кечувчи ҳам эмасмиз, сенга имон келтирувчи ҳам эмасмиз»; 54. «илоҳларимиздан баъзилари сенга ёмонлик қилибди», деймиз, холос». Шунда у деди: «Аллоҳни гувоҳ қиламан, сизлар ҳам гувоҳ бўлинглар, мен сизлар ширк келтираётган нарсаларингизга алоқадор эмасман!»; 55. «У ундан ўзгасидир. Менга ҳаммангиз макр-ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат бермай ҳам қўяверинглар!»; 56. «Мен Парвардигорим ва сизларнинг ҳам Парвардигорингиз Аллоҳгагина таваккул қиламан. Ҳар бир ўрмаловчи жонзотнинг пешонаси Унинг чангалидадир. Парвардигорим албатта тўғри йўлдадир!»; 57. «Агар юз ўгириб кетсанглар, менга юклатилган нарсани сизларга етказдим. Энди Парвардигорим ўрнингизга сизлардан бошқа қавмни

келтиради, Унга бирон-бир зарар беролмайсизлар! Парвардигорим ҳақиқатан ҳамма нарсани асровчидир». 58. Амримиз келганида Ҳудни ва у билан имон келтирганларни Ўз раҳматимиз билан асраб қолдик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик. 59. Ана шулар Оддир. Улар Парвардигорнинг оятларини инкор этдилар, Унинг пайғамбарларига итоатсизлик қилдилар ва ҳар бир жабр қилувчи қайсарнинг буйруғига эргашдилар. 60. Бу дунёда ҳам, қиёмат куни ҳам уларга лаънат етиб туради. Огоҳ бўлинг, Од Парвардигорни инкор қилган эдилар. Огоҳ бўлинг, Ҳуднинг қавми Одга ҳалокат муқаррардир! 61. Самудга биродарлари Солиҳни юбордик. У: «Эй қавмим, фақат Аллоҳга сиғининглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ, У сизларни ердан пайдо қилди ва сизларни уни обод қилувчи этди. Шунинг учун Ундан мағфират сўранглар, кейин Унга тавба қилинглар. Парвардигорим, албатта, яқиндир, ижобат қилувчидир. 62. Улар: «Эй Солиҳ, бундан олдин орамизда умид қилинадиган киши сен эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз сиғиниб келган нарсаларга сиғинишдан қайтарасанми? Биз сен даъват этаётган нарсангдан шак- шубҳадамиз», дейишди. 63. У айтди: «Эй қавмим, айтинг-чи, менда Парвардигоримнинг очиқ ҳужжати бўлатуриб, менга Унинг раҳмати берилган бўлсаю, Унга итоатсизлик қилсам, Аллоҳдан мени қутқаришга ким ёрдам беради? Сизлар эса менга зиённи кўпайтирасизлар, холос!»; 64. «Эй қавмим, Аллоҳнинг ушбу туяси сизларга бир далил бўлсин: уни Аллоҳнинг ерида ўтлаб юришига қўйиб беринглар, унга бирор зиён етказманглар, акс ҳолда, сизлар яқин азобга қоласизлар». 65. Лекин уни сўйдилар. Шунда у: «Уйларингда уч кун манфаатланиб туринглар, бу ҳақиқий жазонинг ваъдасидир», деди. 66. Амримиз келганида Солиҳни ва у билан имонга келганларни Ўз раҳматимиз билан ўша куннинг шармандалигидан ҳам қутқардик. Парвардигорингиз ҳақиқатан ўта кучли ва қудратлидир! 67. Зулм қилганларни ҳайқириқ тутди ва ҳаммалари диёр(уй)ларида ўлик ҳолда ётишарди; 68. гўё бу ерда сира яшамагандек. Огоҳ бўлинглар, Самуд Парвардигорига куфр келтирган эди, огоҳ бўлинглар, Самуд ҳалок бўлсин! 69. Фаришталаримиз Иброҳимга хушхабар келтиришди ва «Cалом» дейишди. У ҳам «Cалом» деди ва тезда бузоқ кабобини келтирди. 70. Унга (таомга) қўл узатишмаганини кўриб, улардан ҳайрон бўлди ва ичида қўрқувга тушди. Улар: «Қўрқма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дейишди. 71. Ёнида турган хотини кулиб юборди. Унга Исҳоқ ва Исҳоқдан кейин Яъқуб ҳақида хушхабар бердик. 72. У: «Вой шўрим, ўзим кампир бўлсам, эрим қари бўлса, мен туғармидим?! Бу нарса жуда қизиқ-ку!» деди.

73. Улар: «Аллоҳнинг амридан ажабланяпсанми? Эй хонадон аҳли, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлсин, У албатта мақтовга сазовор, олийшарафдир!» дейишди. 74. Иброҳимнинг қўрқуви кетиб, унга хушхабар етгач, Лут қавми ҳақида Биз билан баҳслаша бошлади. 75. Иброҳим, албатта ҳалим, нолон ва юкунувчидир. 76. (Фаришталар айтишди): «Эй Иброҳим, бундан қайт, Парвардигорингнинг ҳукми келиб бўлган, уларга қайтарилмайдиган азоб, албатта, келади». 77. Фаришталаримиз Лутнинг олдига келишганида, бундан ҳоли ёмонлашди, ташвишдан юраги сиқилди ва: «Бугун оғир кундир», деди. 78. Унинг олдига қавми шошилиб келди. Улар олдин ёмон ишлар қилишарди. У: «Эй қавмим, мана булар менинг қизларим, улар сизлар учун покроқдир, Аллоҳдан қўрқинглар, меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар! Орангизда бирор тўғри йўлдаги одам йўқми?» деди. 79. Улар: «Бизнинг қизларингга ҳожатимиз йўқлигини биласан, нимани хоҳлаётганимиз ҳам сенга аён», дейишди. 80. У: «Кошкийди сизларга қувватим етсайди, қанийди мустаҳкамроқ ерга беркина олсам», деди. 81. Улар айтишди: «Эй Лут, биз Парвардигорингнинг фаришталаримиз, улар сенга ҳеч нарса қилишолмайди. Шунинг учун оилангни олиб, тун оққанда чиқиб кет. Хотинингдан бошқа бирор киши ортига ўгирилмасин. У ҳам бошқаларга ўхшаб жазоланади. Уларга жазо тайин қилинган вақт тонгдир. Ахир, тонг яқин эмасми?» 82. Амримиз келганида Биз ўлкаларини ағдар-тўнтар қилиб ташладик ва устидан тинимсиз қаттиқ сопол тошлар ёғдирдик; 83. Парвардигоринг ҳузурида уларга белги қўйилган эди. Булар золимлардан узоқ эмасдир. 84. Кейин Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга сиғининглар, сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ўлчов ва тарозуни камитманглар! Сизларни яхшиликда кўриб турибман. Улуғ кун азоби бошингизга албатта тушишидан қўрқаман»; 85. «Эй қавмим, ўлчаб ва тортиб беришда адолатли бўлинглар, одамларнинг нарсаларидан уриб қолманглар ва ер юзида ҳаддан ошиб, бузғунчилик қилманглар». 86. Агар имонли бўлсанглар, Аллоҳнинг қолдиргани сизларга яхшироқдир ва мен сизларга пойлоқчи эмасман. 87. Улар: «Эй Шуайб, наҳотки сенинг намозинг ота-боболаримиз сиғиниб келган нарсаларни тарк этишга ёки молларимизни хоҳлаганимизча тасарруф этишдан қайтаришга буюраётган бўлса?! Ахир, сен ҳалим ва тўғри йўлдаги кишисан-ку!» дейишди. 88. У айтди: «Эй қавмим, менда Парвардигоримнинг очиқ-ойдин ҳужжати турганини ва У мени яхши ризқ билан таъминлаганини кўрмаяпсизларми? Сизларга хилоф қилиб, қайтарган нарсаларимни ўзим қилмоқчи эмасман. Имкон борича ислоҳ қилишдан ўзгасини истамайман.

Муваффақият фақат Аллоҳдандир, Унгагина таваккал қиламан, Унгагина илтижо қилурман!»; 89. «эй қавмим, менга мухолифлик қилиш тағин Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига келган балоларни сизларга ҳам келтирмасин. Лут қавми ҳам сизлардан узоқ эмас!»; 90. «Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, Унга тавба-тазарру қилинглар. Парвардигорим, албатта, раҳмли ва яхшиликни раво кўрувчидир». 91. Улар: «Эй Шуайб, айтаётганларингнинг кўпини тушунмаяпмиз ва сен ичимиздаги ожизлардан эканингни кўряпмиз. Агар қариндошларинг бўлмаганида сени тошбўрон қилган бўлардик, чунки сен бизга азиз эмассан», дейишди. 92. (Шуайб) айтди: «Эй қавмим, наҳот қариндошларим сизларга Аллоҳдан азизроқ бўлса?! Ундан юз ўгиряпсизларми, ваҳоланки, Парвардигорим қилмишларингизни қамраб олувчидир»; 93. «эй қавмим, билганларингни қилаверинглар, мен ҳам шундай қиламан. Яқинда кимга жазо келиб шарманда қилишини ҳам, ким ёлғончи эканини ҳам биласизлар. Кутинглар, мен ҳам сизлар билан кутаман». 94. Амримиз келганида Шуайбни ва у билан имон келтирганларга раҳматимиз ила нажот бердик. Зулм қилганларни эса даҳшатли қичқириқ ушлади ва ўз диёр(уй)ларида юзтубан ётишарди; 95. гўё у ерда ҳеч яшамагандек. Самуд ҳалок бўлганидек Мадян ҳам ҳалок бўлсин! 96. Кейин Биз Мусони оятларимиз ва очиқ-ойдин далилларимиз билан юбордик; 97. Фиръавн ва унинг аъёнларига. Улар эса Фиръавн амрига бўйсунишди, Фиръавннинг амри эса тўғри эмас эди. 98. Қиёмат куни у қавмини эргаштириб уларни дўзахга олиб тушади. Тушадиган жойлари қандайин ёмон-а! 99. Уларни дунёда ҳам, қиёмат куни ҳам лаънат таъқиб қилади. Берилган «ёрдам» қандайин ёмон-а! 100. (Эй Муҳаммад), булар Биз сизга баён қилаётган ўлкаларнинг қиссаларидир. Улардан сақланиб турганлари ҳам, йўқолганлари ҳам бор. 101. Биз уларга зулм қилмадик, балки улар ўзларига зулм қилишди. Парвардигорингизнинг амри келганида Аллоҳни қўйиб сиғинган илоҳлари асло фойда бермади, уларга зиёндан бошқасини кўпайтирмади. 102. Аҳолиси золим юртларни тутганда Парвардигорингизнинг тутиши шундайдир. Унинг тутиши, албатта, аламли ва шиддатлидир. 103. Албатта, бунда охират жазосидан қўрққанга ибрат бордир. Ушбу кун одамлар тўпланадиган ва гувоҳ бўлинадиган Кундир! 104. Уни маълум муддатгача кечиктириб турамиз. 105. Ўша кун келганида Унинг изнисиз ҳеч ким гапирмайди. Уларнинг орасида бадбахтлари ҳам, бахтлилари ҳам бўлади. 106. Бадбахтлар дўзахда бўлишади, у ерда фақат инграб-сиқташади.

107. Улар осмонлару Ер тургунча ўша жойда абадий қолишади. Фақат Парвардигорингиз хоҳлаганлар бундан мустасно. Парвардигорингиз нимани хоҳласа, ўшани албатта амалга оширувчидир. 108. Бахтлилар жаннатдадирлар, то осмонлару Ер мавжуд экан, у ерда абадий қолишади. Парвардигорингизнинг хоҳлагани бундан мустасно. Бу битмас-туганмас атодир. 109. (Эй Муҳаммад), улар сиғинаётган нарса борасида шубҳага борманг, олдин ота-боболари сиғинаётганидек сиғинишаверади. Биз ҳам уларнинг насибасини тўлиғича, камитмай берамиз. 110. Мусога Китоб берган эдик, шунда у ҳақда ихтилоф қилинди. Агар Парвардигорингизнинг Сўзи бўлмаганида эди, уларнинг ўрталарида ҳукм қилинган бўлар эди. Улар у (қиёмат) ҳақда шак-шубҳададилар. 111. Парвардигорингиз ҳамманинг амалига ярашасини мукаммал беради, чунки қилаётган ишларидан У хабардордир. 112. Демак, (эй Муҳаммад), буюрилганидек, сиз ва сиз билан тавба қилганлар тўғри йўлда бўлингизлар, ҳаддан ошмангизлар, чунки У нима қилаётганларингизни кўриб турувчидир. 113. Зулм қилганларга суянманглар, токи сизларни олов тутмасин! Сизларга Аллоҳдан ўзга бирон дўст топилмайди, сўнг сизларга ёрдам ҳам берилмайди. 114. Кундузнинг бошию охирида ва кечанинг бир қисмида намозни адо қилинг. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Булар эсловчиларга эслатмадир. 115. (Эй Муҳаммад), сабрли бўлинг, албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг мукофотини бермай қўймайди. 116. Сизлардан олдинги даврда ўтганлар ичида бузғунчиликлардан қайтарадиган фозил кишилар бўлганида эди! Лекин улар орасида Биз нажот берган озчиликкина шундай қилишди. Зулм қилганлар эса ўз маишатларини кўзлаб кетишди ва гуноҳкорлардан бўлиб қолишди. 117. Парвардигорингиз аҳолиси солиҳ шаҳарларни ноҳақлик билан вайрон қилувчи эмасдир. 118. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида инсонларни бир уммат қиларди, аммо улар мудом ихтилофга боришаверади; 119. Парвардигорингиз раҳм қилганлар эса бундан мустасно. Уларни шунинг учун яратган. Бу билан Парвардигорингизнинг: «Дўзахни жин ва одамларнинг бари билан тўлдираман» деган Сўзи ҳақ бўлди. 120. (Эй Муҳаммад), қалбингизни саботли қилиш учун сизга пайғамбарлар қиссасини баён этаётирмиз. Уларда сиз учун ҳақиқат, мўминларга насиҳат ва эслатма бордир. 121. Имон келтирмайдиганларга айтинг: «Ўз ҳолингизча иш қилаверинглар, биз ҳам иш қилувчилармиз»; 122. «мунтазир бўлинглар, биз ҳам мунтазирмиз». 123. Осмонлару Ернинг ғайбий нарсалари Аллоҳга хосдир. Барча ишлар Унга қайтарилади. Демак, Унгагина сиғининг, Унгагина таваккул қилинг. Парвардигорингиз қилаётган амалларингиздан бехабар эмасдир.

12. ЮСУФ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 111 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф, лам, ро. Булар очиқ-равшан Китобнинг оятларидир. 2. Биз уни англаб-тушунишинглар учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик. 3. (Эй Муҳаммад), Биз сизга ушбу Қуръонни ваҳий қилиш орқали энг гўзал қиссани айтиб берамиз. Сиз ундан олдин бехабарлардан эдингиз. 4. Эсланг, Юсуф отасига айтди: «Эй отажон, мен тушимда ўн битта юлдуз, қуёш ва ойни менга сажда қилган ҳолларида кўрдим». 5. Отаси айтди: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтма, яна улар сенга бирор шумлик қилишмасин, чунки шайтон инсонга аниқ душмандир»; 6. «Парвардигоринг сени шу тариқа танлаб олади, тушлар таъбирини ўргатади ҳамда сенга ва Яъқуб наслига боболаринг Иброҳим ва Исҳоққа бергани каби неъматларини тўлиқ қилиб беради. Парвардигоринг, албатта, билувчи ва ҳикматлидир». 7. Сўровчилар учун Юсуф ва унинг ака-укалари қиссасида албатта ибратлар бордир. 8. Шунда улар айтишди: «Биз кўпчилик бўлсак-да, Юсуф ва укаси отамизга биздан кўра суюмли, отамиз аниқ адашяпти»; 9. «отамиз бизга яна эътибор бериши учун Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқроққа ташлаб келинглар, кейин солиҳ қавмлардан бўлиб оласизлар». 10. Улардан бир сўзловчи айтди: «Юсуфни ўлдирманглар, балки агар бирор нарса қилмоқчи бўлсанглар, уни қудуқ тубига ташланглар, уни баъзи йўловчилар олиб кетар!». 11. Улар айтишди: «Эй ота, сиз нега Юсуфни бизга ишонмайсиз, ҳолбуки, биз унга хайрихоҳмиз-ку!»; 12. «эртага уни бизга қўшиб беринг, яйраб ўйнаб келсин, уни қўриқлаб юрамиз». 13. У: «Уни олиб кетишларинг дилимни сиёҳ қилади, қаровсиз қолдирганингизда уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди. 14. Улар: «Аллоҳга қасамки, биз кўпчилик бўлатуриб уни бўри еб кетадиган бўлса, лаёқатсизлардан эканмиз-да!» дейишди. 15. Уни олиб кетиб қудуқ тубига ташлашга келишишганида унга: «Уларнинг бу қилмишлари ҳақида, албатта, уларга хабар берасан, унда сени танишмайди ҳам», деб ваҳий юбордик. 16. Кечқурун оталари олдига йиғлаб келишди. 17. «Отажон, Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб, қувалашиб кетганимизда уни бўри еб кетибди. Агар рост айтсак ҳам, балки бизга ишонмассиз», дейишди. 18. Улар унинг ёлғондан қон суртилган кўйлагини олиб келишди. Яъқуб: «Йўқ, нафсингиз қилмишингизни маъқул кўрсатибди. Энди ҳолим чиройли сабрдир. Айтганларингизда менга ёрдам берадиган Аллоҳнинг Ўзидир!» деди.

19. Йўловчилар ўтиб қолишди ва одамларини сувга юборишди. У челагини қудуққа тушираркан: «Суюнчи беринглар, бола бор экан!» деди. Уни сотишни ўйлаб, яшириб қўйишди. Лекин Аллоҳ уларнинг қилмишларини билувчидир! 20. Уни арзонга – бир неча дирҳамга сотиб юбордилар ва унга қизиқмадилар ҳам. 21. Уни сотиб олган мисрлик хотинига: «Унга яхши жой бер, эҳтимол бизга фойдаси тегиб қолар ё ўғил қилиб олармиз», деди. Тушлар таъбирини ўргатишимиз учун ҳам Биз шу тариқа Юсуфни ўша ерга жойлаштирдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир, аммо кўп одамлар буни билишмайди. 22. Вояга етганида Биз унга ҳукм ва билимни бердик. Биз яхшилик қилувчиларни шундай мукофотлаймиз. 23. У бўлган уйнинг бекаси уни йўлдан урмоқчи бўлди. У эшикларни беркитиб: «Ёнимга кел!» деди. Юсуф: «Аллоҳдан паноҳ сўрайман! Хожам менга яхши қарагандир. Золимлар нажот топмайди», деди. 24. Аёл унга мойил эди, агар Парвардигорининг далилини кўрмаганида – у ҳам мойил бўларди. Биз ундан ёмонлик ва фаҳшни шундай қайтардик, чунки у танлаб олинган бандаларимиздандир. 25. Иккови эшикка қараб югурди, аёл унинг кўйлагининг орқасини йиртиб олди. Эшик олдида эрига дуч келишди. Аёл: «Хотинингга ёмонлик хоҳлаганнинг жазоси зиндонга ташлаш ё қаттиқ қийноқ бўлиши керак», деди. 26. (Юсуф): «Унинг ўзи мендан нафсимни (жинсий яқинлик қилишимни) талаб қилди», деди. Унинг қариндошларидан бири гувоҳлик бериб, шундай деди: «Агар кўйлагининг олдидан йиртилган бўлса, бека тўғри гапирган, Юсуф алдаган бўлади»; 27. «агар кўйлаги орқасидан йиртилган бўлса, унда бека алдаган, Юсуф рост гапирган бўлади». 28. Эр кўйлакнинг орқасидан йиртилганини кўриб, айтди: «Бу, албатта, сиз, хотинларнинг макрингиздир, макрларингиз ҳақиқатан улкандир»; 29. «Эй Юсуф, буни эсдан чиқар, сен эса айбингга кечирим сўра, чунки сен, албатта, гуноҳкорлардан бўлдинг». 30. Шаҳардаги аёллар: «Азизнинг хотини хизматкорини ром қилмоқчи бўлибди, уни севги ўраб олганмиш, аёлнинг аниқ адашаётганини кўряпмиз», дейишди. 31. Аёл уларнинг иғволарини эшитгач, уларни чақиртирди, суяниб ўтирадиган жой тайёрлаб, уларга меҳмондорчилик уюштирди ва ҳар бирининг қўлига пичоқ берди. Сўнгра «Олдимизга чиқ!» деди. Улар уни кўриб, ҳайратда қолишди ва қўлларини кесиб олишди. «Субҳаналлоҳ, бу одам эмас, мукаррам фариштанинг ўзи-ку!» дейишди. 32. Аёл: «Менга қилган маломатларинг у туфайли бўлганди. Мен уни ром қилмоқчи бўлдим, у эса кўнмади. Агар буйруғимни бажармаса, албатта зиндонга ташланади ва хўрланганлардан бўлади», деди.

33. (Юсуф): «Эй Парвардигорим, мени мажбурлаётган нарсаларидан кўра зиндон афзалдир, агар мендан уларнинг макрини даф этмасанг, уларга мойиллик кўрсатиб, нодонлардан бўлиб қоламан», деди. 34. Парвардигори унинг дуосини ижобат қилди ва уларнинг макрини даф қилди. У, албатта, эшитувчи ва билувчидир. 35. Кейин унинг айбсиз экани белгиларини кўргач, бир муддат зиндонбанд қилишларига тўғри келди. 36. У билан икки йигит ҳам зиндонга тушди. Бири: «Тушимда узум сувини чиқараётганимни кўрдим», деди. Иккинчиси: «Бошимда нон кўтариб турган эканман ва уни қушлар еяётган эмиш», деди. «Бизга тушимиз таъбирини айтинг, биз сизни яхшилик қилувчилардан деб биламиз», дейишди. 37. (Юсуф) айтди: «Сизларга ризқ қилиб юбориладиган таом олдингизга етиб келмасидан аввал унинг таъвилини айтиб бераман. Бу менга Парвардигорим ўргатган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга имон келтирмайдиган, охиратни инкор қиладиган қавмнинг динини тарк этганман»; 38. «ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқублар динига эргашганман. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилишимиз бизга мумкин эмас. Бу эса бизга ва барча одамларга Аллоҳнинг фазлидандир, аммо кўплар шукр қилишмайди»; 39. «Эй ҳамзиндонлар, кўпсонли илоҳлар яхшими ёки ягона ва қудратли Аллоҳми?»; 40. «Уни қўйиб, ўзингиз ва ота-боболарингиз ўйлаб топган номларгагина сиғиняпсизлар. Аллоҳ эса уларга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган. Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига тегишлидир. У Ўзигагина сиғинишларингизга буюрган. Мана шу тўғри диндир, лекин кўпчилик буни билмайди»; 41. «эй ҳамзиндонлар, бирингиз ҳукмдорига шарбат қўйиб беради, бошқангиз эса дорга осилади, қушлар унинг бошини чўқийди. Иккингиз сўраётган ҳолат бўлади». 42. Ва у қутулиши гумон қилинганига: «Подшоҳинг ҳузурида мен ҳақимда эслат!» деди. Аммо шайтон унга буни унуттирди ва у яна бир неча йил зиндонда қолди. 43. Подшоҳ: «Тушимда етти семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини, еттита думбул ва еттита қуриган бошоқни кўрдим. Эй аъёнлар, агар таъбир қила олсанглар, тушимни тушунтириб беринглар!» деди. 44. Улар: «Булар чалкаш тушлар, бизлар чалкаш тушларнинг таъбирини билмаймиз», дейишди. 45. Иккисидан омон қолгани анчадан кейин эслаб: «Унинг туши таъбирини мен билиб келаман, мени унга юборинглар!» деди. 46. У: «Эй Юсуф, эй ростгўй одам, етти семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётгани ҳамда еттитадан думбул ва қуруқ бошоқ кўрилган тушнинг таъбирини айт, одамлар олдига борганимда, шояд, улар ҳам буни билиб олишса», деди. 47. У айтди: «Пайдар-пай етти йил экин экинглар, йиққанингиздан озгинасини ейишга олиб, қолганини бошоғида сақланглар»;

48. «кейин етти йил қурғоқчилик келиб, бироз асраб қўйганингиздан бошқасини битиради»; 49. «сўнгра шундан кейин бир йил келади, одамлар унда ёмғирга сероб бўлишади, унда шарбатлар олишади». 50. Подшоҳ: «Уни бу ерга келтиринглар!» деди. (Юсуфнинг) олдига элчи келганида: «Хожангга бориб, қўлларини кесиб олган аёллар ҳоли нима бўлганини сўра, Парвардигорим ҳақиқатан уларнинг макрини яхши билади», деди. 51. Подшоҳ аёллардан: «Уни ёқтириб қолганингизда нима бўлган эди?» деб сўради. Улар: «Аллоҳ асрасин, биз унинг гуноҳини билмадик», дейишди. Азизнинг хотини: «Энди ҳақиқат очилди, уни мен ўзимга ром қилмоқчи эдим, у ҳақиқатан ростгўйлардандир», деди. 52. «Бу қилмишларим азиз йўғида унга хиёнат қилмаганимни, Аллоҳ эса хоинлар макрига йўл бермаслигини англаши учун эди». 53. «Нафсимни оқламайман, Парвардигорим асрамаса, нафс, албатта, ёмонликка ундайди. Парвардигорим ҳақиқатан кечирувчи ва меҳрибондир». 54. Подшоҳ: «Уни олиб келинглар, уни ўзимга хос кишилардан қиламан», деди. У билан сўзлашгач эса: «Энди ҳақиқатан бизнинг ҳузуримизда ҳурматли ва ишончлисан», деди. 55. (Юсуф): «Мени шу ернинг хазиналарига бошлиқ қилинг, мен асрашни яхши биламан», деди. 56. Биз Юсуфга мамлакатнинг хоҳлаган ерида ўрнашиши учун шундай имконият бердик. Биз хоҳлаганимизга инъомимизни берамиз ва яхшилик қилувчиларни мукофотсиз қолдирмаймиз. 57. Лекин имон келтирган ва тақволиларнинг охиратдаги мукофоти яхшироқдир. 58. Юсуфнинг ака-укалари келишди ва унинг ҳузурига киришди, у уларни таниди, аммо уни танишмади. 59. Уларга керакли нарсаларни берганидан кейин: «Ота бир укангизни ҳам ҳузуримга олиб келинглар, кўряпсизлар, тўла ўлчаб беряпман ва мен энг яхши мезбонман», деди. 60. «Агар уни олиб келмасанглар, даргоҳимда сизларга дон йўқ, менинг олдимга яқинлашманглар ҳам». 61. Шунда улар: «Отасидан сўраб олиб келишга, албатта, ҳаракат қиламиз», дейишди. 62. (Юсуф) хизматкорларига: «Оилаларига қайтгандан кейин таниб, яна қайтиб келишлари учун уларнинг сармояларини юклари ичига жойланглар», деди. 63. Улар оталари ҳузурига қайтгач: «Отажон, яна ғалла олишимиз учун укамизни бизга қўшиб жўнатмасангиз ғалла берилмайдиган бўлди, уни ҳимоя қиламиз», дейишди. 64. (Яъқуб): «Олдин унинг акасини ишонганимдек уни ҳам сизларга ишониб топширайми? Майли, Аллоҳ энг яхши асрагувчи, У меҳрибонларнинг меҳрибонидир!» деди. 65. Улар юкларини очиб, сармоялари ўзларига қайтарилганини билгач: «Нима қилайлик, мана, сармоямизни қайтаришибди, укамизни ҳимоя

қилган ҳолда яна борсак, оиламизга бир туя юк ортиқ оламиз, бу (Миср хазинабони учун) оз ўлчовдир», дейишди. 66. (Яъқуб): «Қайтариб келиш учун Аллоҳ номига қасам ичмагунларингча, уни сизлар билан юбормайман, сизга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно», деди. Улар қасам ичишгач: «Аллоҳ сўзларимизга гувоҳдир!» деди. 67. У яна: «Эй ўғилларим, бир дарвозадан эмас, бошқа- бошқасидан киринглар, Аллоҳнинг бирор ҳукмини сизлардан қайтара олмайман, ҳукм ёлғиз Аллоҳдандир! Унгагина таваккул қиламан, таваккул қилувчилар Унгагина суянишсин!» деди. 68. Оталари уларга буюрган томондан киришди, аммо улардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтара олмади, бу Яъқуб истагининг амалга ошгани эди, холос. Зотан, у Биз ўргатган билимдан хабардор эди, лекин кўп инсонлар гумроҳдир. 69. Улар Юсуфнинг ҳузурига киришгач, у укасини ёнига чорлаб: «Мен акангман, буларнинг қилмишига хафа бўлма!» деди. 70. Уларга юкларини ҳозирлаб бергач, жомни укасининг юки ичига яширди. Шунда бир хабарчи: «Эй карвондагилар, сизлар ўғри экансизлар!» деди. 71. Уларга юзланиб: «Нима йўқотдинглар?» деб сўрашди. 72. Улар: «Подшоҳнинг жомини йўқотдик, ким топса, бир туя ғалла олади, бунга кафилман», дейишди. 73. (Акалар): «Аллоҳга қасам, бу ерга бузғунчилик қилгани келмаганимизни ва ўғри ҳам эмаслигимизни биласизлар-ку?!» дейишди. 74. Улар: «Бордию ёлғон айтаётган бўлсанглар, жазоси нима бўлсин?!» дейишди. 75. Улар: «Агар у кимнинг юкидан чиқса, ўшанинг ўзи жазоланади, биз золимларни шундай жазолаймиз», дейишди. 76. Шунда олдин уларнинг юкларини текширди, кейин укасининг юки ичидан уни «топиб» чиқарди. Юсуфга бу тадбирни Биз ўргатдик. Аллоҳнинг хоҳиши бўлмаганида подшоҳ қонуни бўйича укасини олиб қололмас эди. Биз хоҳлаганимизни улуғлаб қўямиз, зеро, ҳар бир илмлидан ҳам Билимлироқ бор. 77. Улар: «Агар шу ўғирлаган бўлса, олдинроқ акаси ҳам ўғирлик қилган эди», дейишди. Юсуф буни дилига тугиб қўйди, аммо уларга билдирмади ва: «Аҳволларингиз баттар бўлди, нима деяётганингизни Аллоҳ яхши билади», деди. 78. Улар: «Эй ҳукмдор, бунинг жуда кекса отаси бор, ўрнига бирортамизни олиб қолинг, яхши одамлардан эканингизни кўриб турибмиз», дейишди. 79. У: «Молимизни кимдан топиб олган бўлсак, ундан бошқани ушлаб қолишдан Аллоҳ сақласин! У ҳолда золимлардан бўламиз», деди. 80. Барча умидлари узилгач, маслаҳатга четланишди. Уларнинг каттаси: «Олдин Юсуфга нисбатан ваъдангизни бажармаганингиз учун отамизнинг Аллоҳ номи билан қасам ичиргани эсингиздан чиқдими?

Отамизнинг рухсати бўлмагунича ёки Аллоҳ менга ҳукм қилмагунича мамлакатдан чиқиб кетмайман, У энг адолатли ҳукм қилувчидир!» деди. 81. «Сизлар отангиз олдига қайтиб, унга айтинг: «Эй ота, ўғлингиз ўғирлик қилди, билганимизгагина гувоҳлик берамиз, ғайбий нарсаларни билмаймиз»; 82. «биз бўлган шаҳар ва карвонимиздагилардан сўранг, рост айтяпмиз». 83. (Яъқуб): «Йўқ, ҳавойи нафсингиз қилмишингизни маъқул кўрсатган. Энди ҳолим чиройли сабрдир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг барини менга қайтарса! У билувчи ва ҳикматлидир», деди. 84. Улардан юз ўгириб: «Эй Юсуфим!» деди. Кўзлари оқариб кўрмай қолди, дардини ичга ютди. 85. Шунда улар: «Аллоҳга қасамки, ҳолдан тойгунча ё ўлиб кетгунча Юсуфни эслайверасизми?» дейишди. 86. У айтди: «Дарду ҳасратларимни Аллоҳгагина айтаман, Аллоҳдан сизлар билолмаган нарсани билиб оламан»; 87. «Эй ўғилларим, бориб Юсуф ва укасини изланглар ҳамда Аллоҳ раҳматидан ноумид бўлманглар, Аллоҳ раҳматидан ҳақиқатан кофир кимсалар ноумид бўлади». 88. Унинг олдига кириб: «Эй ҳукмдор, бизга ва оиламизга очлик балоси келди, аммо сармоямиз арзимас, шунга эҳсон сифатида ҳам ғаллани кўпайтириб бер, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни, албатта, мукофотлайди», дейишди. 89. Шунда у: «Нодонлик пайтингизда Юсуф ва укасига нима қилганингизни эслайсизми?» деб сўради. 90. Улар: «Наҳот сен Юсуф бўлсанг?» дейишди. У: «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса укам. Аллоҳ бизга марҳамат қилди, ким тақво ва сабр қилса, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни мукофотсиз қолдирмайди», деди. 91. Улар: «Аллоҳга қасам, ҳақиқатан Аллоҳ сени биздан устун қилибди ва бизлар адашувчилардан эканмиз», дейишди. 92. У бундай деди: «Бугун сизларни айблаш йўқ, Аллоҳнинг Ўзи сизларни кечирсин, чунки У меҳрибонларнинг энг раҳмлисидир!»; 93. «мана бу кўйлагимни олинг-да, отамизнинг юзига ёпинг, шунда кўзлари очилади. Кейин бутун аҳлу оилангизни бошлаб олдимга келинглар». 94. Карвон йўлга чиққанида оталари: «Ақлдан озган деманг- лару, мен Юсуфнинг ҳидини сезяпман», деди. 95. Улар: «Аллоҳга қасамки, албатта, сиз яна эски адашувингиздасиз!» дейишди. 96. Хушхабарчи келиб, кўйлакни унинг юзига ташлаган эди, у кўрадиган бўлиб қолди. У айтди: «Сизларга Аллоҳ борасида сизлар билмайдиган нарсаларни биламан, демаганмидим?». 97. Улар: «Отажон, гуноҳларимизни кечиришини (Аллоҳдан) сўраб беринг, ҳақиқатан гуноҳ қилдик», дейишди. 98. У: «Парвардигоримдан гуноҳингизни кечиришини албатта, сўрайман, У ҳақиқатан кечирувчи ва меҳрибондир», деди.

99. Улар Юсуфнинг олдига боришганида у ота-онасини бағрига босиб: «Иншааллоҳ, Мисрга хотиржам киринглар», деди. 100. У ота-онасини ўз тахтига чиқарди. Ҳаммалари унга таъзим қилиб, тиз чўкишди. Шунда у айтди: «Отажон, мана шу олдин кўрган тушимнинг таъбиридир, Парвардигорим уни рўёбга чиқарди. У менга марҳамат қилиб, қамоқдан қутқарди, шайтон – акаларим билан орамизни бузиб, иғво қилганидан сўнг, мана, сизларни чўл-саҳролардан келтирди. Парвардигорим хоҳлаган ишини лутф билан, албатта, амалга оширувчидир, У ҳақиқатан билимли ва ҳикматлидир»; 101. «Парвардигоро, менга подшоҳлик ато этдинг, тушлар таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару Ерни яратган Зот, дунёю охиратда менинг Хожамдирсан, мусулмон ҳолимда жонимни ол ва солиҳ бандаларингга қўш!» 102. (Эй Муҳаммад), бу Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Улар ишларини ҳийла билан тадбир қилишаётганида уларнинг ҳузурида йўқ эдингиз. 103. Гарчи сиз қаттиқ хоҳласангиз ҳам, кўп одамлар мўмин бўлишмайди. 104. Бунинг учун улардан ҳақ ҳам сўрамайсиз. У оламлар учун бир эслатмадир! 105. Улар осмонлару Ердаги қанчалаб далиллардан юз ўгириб ўтишади. 106. Уларнинг кўпи фақат мушрик бўлган ҳолларидагина Аллоҳга имон келтирадилар. 107. Улар Аллоҳнинг азоби қамраб олишидан ёки сезмай туришганида қиёмат соатининг тўсатдан келишидан хотиржаммикинлар?! 108. «Бу менинг йўлимдир, мен ва издошларим очиқ далил билан Аллоҳга чақирамиз. Аллоҳ покдир ва мен мушриклардан эмасман», денг. 109. Биз сиздан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан бўлган эркакларни ваҳий билан пайғамбар қилиб юборганмиз. Ер юзини кезиб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Тақволилар учун охират уйи яхшироқдир, нега ақл юритмайдилар? 110. Пайғамбарлар ўз қавмлари имонга келишидан бутунлай умидини узиб турганида уларга Бизнинг ёрдамимиз келди ва хоҳлаганларимиз шундай қутқарилади. Лекин жиноятчи қавмлардан азобимиз қайтарилмас! 111. Оқилларга уларнинг қиссаларида, албатта, ибрат бор эди. Булар тўқилган сўз эмас, балки олдингиларнинг тасдиғи, ҳамма нарсанинг баёни, имон келтирганлар учун ҳидоят ва раҳматдир! 13. РАЪД СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 43 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф. Лаам. Мимм. Ро. Булар Китобнинг оятларидир. (Эй Муҳаммад), сизга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарса ҳақдир, лекин одамларнинг кўплари имон келтирмайдилар.

2. Аллоҳ, кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз кўтарган, сўнгра Аршга истиво қилган, қуёш ва ойни бўйсундириб қўйган Зотдир. Ҳар бири муайян муддатгача ҳаракат қилади. У ишларнинг тадбирини қилади, сизларнинг Парвардигорга рўбарў бўлишга имон келтиришингиз учун оятларини муфассал баён қилади. 3. У Ерни ёйиб, унда тоғлар ва дарёларни пайдо қилган, барча мевалардан жуфт-жуфт қилиб яратган Зотдир. У кечани кундузга киритади. Албатта бунда тафаккур қилувчи қавм учун оят-аломатлар бордир. 4. Ерда ёнма-ён бўлтак ерлар, узумзор боғлар, экинзорлар, шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, улар бир хил сув билан суғорилади. Аммо Биз уларнинг баъзисини баъзисидан таъмда афзал қилиб қўямиз. Албатта бунда ақл юритувчи қавм учун аломатлар бордир. 5. (Эй Муҳаммад), ажабланаётган бўлсангиз, уларнинг «Тупроққа айланиб кетсак ҳам янгитдан яратилармидик?» дейишлари янада ажиброқдир. Ана шулар Парвардигорларига куфр келтирганлардир. Ана шуларнинг бўйинларида кишанлар бўлади, ана шулар дўзах аҳлларидир ва унда абадий қолишади. 6. Улар яхшиликдан аввал ёмонлик келишини сиздан талаб қилишади. Ҳолбуки, улардан олдин ҳам бундай мисоллар ўтган. Парвардигорингиз одамларнинг золимлигига қарамай, албатта мағфиратлидир ва албатта Парвардигорингизнинг азоби қаттиқдир. 7. Куфр келтирганлар: «Унга Парвардигоридан бир мўъжиза туширилса эди», дейишади. Сиз фақат огоҳлантирувчисиз, холос ва ҳар қавмнинг ўз ҳидоятчиси бордир. 8. Аллоҳ ҳар бир аёлнинг ҳомиласини ҳамда бачадонлар ташлайдиган ёки кўпроқ кўтариб юрадиган нарсаларни ҳам билади. Унинг ҳузурида ҳар бир нарса ўлчовлидир. 9. У махфийни ҳам, ошкорани ҳам билувчидир, Кабир ва Мутаъолдир. 10. Сизлардан гапни сир тутган ҳам, уни ошкор қилган ҳам ёки кечаси яширингану, кундузи ошкор юрган ҳам баробардир. 11. Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бўлиб, уни Аллоҳнинг амри билан ҳимоя қилиб туришади. Албатта, бирор қавм ўзидаги нарсани ўзгартирмагунча Аллоҳ уларнинг ҳолатини ўзгартирмайди. Агар Аллоҳ бирор қавм¬га ёмонликни ирода қилса, уни ҳам қайтариб бўлмайди. Улар учун Ундан ўзга мададкор ҳам йўқ. 12. У чақмоқни сизларга қўрқув ва умид қилиб кўрсатади ҳамда оғир булутларни пайдо қилади. 13. Момақалдироқ ҳам Унга мақтов билан, фаришталар ҳам Ундан қўрққан ҳолларида тасбеҳ айтади. У яшинларни юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кишиларни Аллоҳ хусусида тортишиб турганларида уради. Унинг ушлаши қаттиқдир. 14. Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унгадир. Ундан ўзгага дуо- илтижо қилаётганларнинг эса бирорта дуосини ижобат қилмайди. Улар икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига келишини кутган одамга ўхшашади. Ҳолбуки, сув унга етиб келмайди. Кофирларнинг дуоси мутлақо бефойдадир.

15. Истасаю истамаса ҳам осмонлар ва Ердаги барча жонзот ҳамда уларнинг соялари эртаю кеч Аллоҳга сажда қилишади. 16. (Эй Муҳаммад): «Осмонлару ернинг Парвардигори ким?» деб сўранг. «Аллоҳ», деб жавоб қилинг. «Уни қўйиб, ўзларига фойда ё зарар бера олмайдиганларни ўзларингга дўст тутдингларми?» денг. «Кўр билан кўрувчи тенг бўлармиди ёки зулматлар билан нур баробар бўлармиди?» денг. Ёки улар Аллоҳ яратганига ўхшашларни яратганларни Унга шерик қилиб олишдими ва бу уларга яратилган махлуқотларга ўхшаб кўриняптими? «Ҳамма нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир ва У ягонадир, якка ғолибдир», денг. 17. У осмондан сув туширганида жилғалардан сув сел бўлиб оқади ва устида кўпикларни ҳам кўтариб келади. Зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун оловда эритиладиган нарсада ҳам кўпик пайдо бўлади. Аллоҳ ҳақ ва ботилни мана шундай зарбулмасал қиляпти. Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади, одамларга фойдали нарса эса ер юзида қолади. Аллоҳ мисолларни мана шундай келтиради. 18. Парвардигорларига ижобат этганларга яхшилик бордир. Унга итоат этмаганлар эса, мабодо ер юзидаги ҳамма нарсанинг икки баробари ўзлариники бўлсаю, уни товон қилиб тўлашса ҳам уларга ёмон ҳисоб-китоб бўлади ва жойлари дўзахдадир. У нақадар ёмон жойдир! 19. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиздан сизга нозил қилинган нарса албатта ҳақ эканини биладиган киши кўр одамга ўхшармиди? Албатта, ақл эгаларигина насиҳатни олишади. 20. Улар Аллоҳга берган ваъдаларига вафо қиладиган ва аҳду паймонни бузмайдиганлардир. 21. Улар Аллоҳ боғланишни буюрган нарсани боғлашади, Парвардигорларидан қўрқишади ва оғир ҳисоб-китобдан хавфда бўлишади. 22. Улар Парвардигорларининг розилигини истаб, сабр қилишади, намозни адо этишади, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан яширин ва ошкора инфоқ-эҳсон қилишади, ёмонликни яхшилик билан даф қилишади. Ана шулар учун охират диёри бордир. 23. Бу Адн жаннатлардир. Унга улар солиҳ ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари билан бирга киришади. Сўнгра уларнинг ҳузурига ҳар эшикдан фаришталар кириб айтишади: 24. «Сабр қилиб ўтганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу охират диёри қандайин яхши!» 25. Аллоҳга аҳд-паймон берганидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қиладиганларга – ана ўшаларга лаънат бўлсин ва уларга ёмон диёр бор. 26. Аллоҳ хоҳлаган кишиларининг ризқини кенг ва танг қилади. Улар шу дунё ҳаёти билан қувондилар, ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас бир матоҳ, холос. 27. Куфрда бўлганлар: «Унга Парвардигоридан бирор мўъжиза туширилса эди», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳ хоҳлаганини албатта адаштиради ва Ўзига юзланганларни ҳидоят қилади», деб айтинг.

28. Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором топадиганлардир. Огоҳ бўлингларки, қалблар Аллоҳнинг зикри билангина ором топади! 29. Имон келтириб, яхши амалларни қилганларга «тубо» ва гўзал оқибат бордир. 30. (Эй Муҳаммад), шундай қилиб, ўзларидан олдин ҳам кўп умматлар ўтган бир умматга Биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун сизни пайғамбар қилиб юбордик. Ҳолбуки, улар Раҳмонга куфр келтиришади. «У менинг Парвардигоримдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унгагина таваккал қилдим, тавбам ҳам Унгагинадир», деб айтинг. 31. Агар бир Қуръон бўлсаю, у билан тоғлар жилдирилса ёки у билан Ер ёрилса ёхуд у билан ўликлар тилга киритилса ҳам (улар имонга келишмайди). Аксинча, барча ишлар Аллоҳнинг измидадир. Имон келтирганлар агар Аллоҳ хоҳласа барча одамларни ҳидоят қилишини билишмасмиди? То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича куфр келтирганларга ўзларининг қилмишлари сабабли мудом турли балолар етиб туради ёки уларнинг диёрлари яқинига тушади. Аллоҳ ваъдасига асло хилоф қилмайди. 32. (Эй Муҳаммад), сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам масхара қилинганида Мен ўша куфр йўлини тутганларга муҳлат бериб, сўнг уларни жазолаганман. Жазоларим қандай бўлган экан?! 33. Ҳар бир жоннинг қилмишлари устида турувчи Зот ким? Улар Аллоҳга ширк келтирдилар. «Бутларингизнинг номларини айтинг, балки Унга ер юзида У билмайдиган бирор нарсанинг хабарини берарсизлар? Ваҳоланки, булар юзаки гаплардир», денг. Йўқ, куфр келтирганларга макрлари чиройли қилиб кўрсатилди ва улар йўлдан тойилдилар. Аллоҳ кимни йўлдан тойдирса, унинг учун бирор ҳидоят қилувчи бўлмайди. 34. Улар учун дунё ҳаётида ҳам азоб бор. Охират азоби эса бундан ҳам оғирроқдир. Уларни Аллоҳ (азоби)дан сақловчи йўқ. 35. Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли шуки, унинг остидан анҳорлар оқиб туради, мевалари ва соялари доимийдир. Бу тақво қилганларнинг мукофотидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир. 36. (Эй Муҳаммад), Биз китоб берганлар сизга нозил қилинган нарсадан хурсанд бўлишади. Тоифалар ичида унинг бир қисмини инкор қиладиганлар ҳам бор. «Мен албатта Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка буюрилдим. Унгагина даъват қиламан ва қайтишим ҳам Унгадир», денг. 37. Шунингдек, Биз уни арабча ҳукм сифатида нозил қилдик. Агар ўзингизга келган билимдан сўнг ҳам уларнинг нафсоний хоҳишларига эргашсангиз, сиз учун Аллоҳ томонидан бирор дўст ҳам, ҳимоячи ҳам бўлмайди. 38. Дарҳақиқат, сиздан олдин ҳам пайғамбарлар юбордик ва уларга хотинлар ва зурриётлар ҳам берганмиз. Ҳеч бир пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз оят-мўъжиза келтирган эмас. Ҳар бир замон учун хос китоб бордир. 39. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ўчиради ва қолдиради. Асл китоб Унинг ҳузуридадир.

40. Агар сизга ваъда қилган баъзи нарсаларни кўрсатсак ҳам ёки сизни вафот эттирсак ҳам сизнинг зиммангизда етказиш, Бизнинг зиммамизда эса ҳисоб-китоб қилиш бордир. 41. Уларнинг ерларига келиб, четларидан қисқартираётганимизни кўришмаяптими? Аллоҳгина ҳукм қилади, Унинг ҳукмини таъқиб қилувчи йўқдир. У тез ҳисоб-китоб қилувчидир. 42. Дарҳақиқат, улардан олдингилар ҳам макр-ҳийла қилишди. Аммо барча макр-ҳийлалар Аллоҳдадир. У ҳар бир жоннинг нима қилаётганини билади. Яқинда кофирлар оқибат диёри кимники эканини билиб олишади. 43. Куфр келтирганлар «Сен пайғамбар эмассан», дейишади. «Сизлар билан менинг орамизда Аллоҳнинг Ўзи ҳамда Китоб илмидан хабардор ҳар бир киши гувоҳликка кифоядир», денг. 14. ИБРОҲИМ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 52 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф. Лаам. Ро. (Эй Муҳаммад), Биз Китобни сизга Парвардигорларининг изни билан одамларни зулматлардан нурга – қудратли ва мақталган Зотнинг йўлига чиқаришингиз учун нозил қилдик. 2. Аллоҳ – осмонлару Ердаги борки нарсалар Ўзиники бўлган Зотдир. Кофирларга қаттиқ азобдан ҳалокат бўлсин. 3. Улар дунё ҳаётини охиратдан афзал биладиганлар, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганлар ва бунинг қинғир бўлишини истайдиганлардир. Ана ўшалар бутунлай адашганлардир. 4. Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, ўз қавмининг тили билан баён қилиб бериши учун юборганмиз. Сўнгра Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказади, кимни хоҳласа, ҳидоят қилади, чунки У азиздир, ҳакимдир. 5. Дарҳақиқат, Мусони мўъжизаларимиз билан юбориб: «Қавмингни зулматлардан нурга олиб чиқ ва уларга Аллоҳнинг кунларини эслат! Бунда ҳар бир сабр ва шукр қилувчи учун албатта ибратлар бордир» дедик. 6. Ўшанда Мусо қавмига деди: «Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг: У сизни ёмон азобларга солаётган ва ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдираётган фиръавнийлардан қутқарди. Ва бунда Парвардигорингиздан улкан синов бордир; 7. ва Парвардигорингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсанглар, сизларга албатта зиёда қилурман. Агар куфр келтирсанглар, азобим албатта қаттиқдир», деб эълон қилганини ҳам эсланг». 8. Мусо деди: «Агар сизлар ва Ер юзидагилар – ҳаммангиз куфр келтирсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, мақталгандир». 9. Сизларга олдин ўтганларнинг – Нуҳ, Од, Самуд қавмлари ва улардан кейин ўтган, Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Пайғамбарлари уларга ҳужжатлар билан келишганида қўллари билан

уларнинг оғизларини тўсиб: «Сизлар келтирган нарсага куфр келтирдик ва сизлар бизни даъват қилаётган нарсангиздан шубҳадамиз», дейишди. 10. Пайғамбарлари уларга: «Осмонлару Ернинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ хусусида шак-шубҳа борми? У сизларни гуноҳларингизни кечириш ва ўзларингизни маълум муддатгача қолдириш учун чақирмоқда-ку!» дейишди. Улар эса: «Сизлар ҳам бизга ўхшаган одамсиз, холос. Бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқчисиз. Унда бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтиринг-чи?!» дейишди. 11. Пайғамбарлари уларга айтишди: «Биз худди сизга ўхшаган одамлармиз, холос. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига пайғамбарликни инъом этур. Биз сизларга Аллоҳнинг изнисиз ўзимизча бирор ҳужжат келтира олмаймиз. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар»; 12. «бизни тўғри йўлга йўллаган Аллоҳга нечун таваккул қилмас эканмиз?! Сизлар етказган озорларга албатта сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар». 13. Куфр келтирганлар ўз пайғамбарларига: «Қасамки, сизларни еримиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки ўз динимизга қайтасизлар», дейишди. Шунда Парвардигорлари уларга шундай ваҳий юборди: «Қасамки, золимларни албатта ҳалок қилурмиз»; 14. «Улардан сўнг у ерга сизларни жойлаштирамиз. Бу ҳузуримда туришдан қўрқувчилар ва огоҳлантиришимиздан хавфда бўлувчилар учундир». 15. Улар фатҳу нусрат сўрадилар ва ҳар бир жабр қилувчи, қайсар кимса умидсизликка учради. 16. Унинг қаршисида дўзах бор, унга йирингли сув берилади. 17. Уни ютишга уринадию, ўтказа олмайди. Унга ҳар томондан ўлим келадию, ўла олмайди. Бунинг ортидан эса қаттиқ азоб бор. 18. Парвардигорларига куфр келтирганларнинг амаллари бамисоли бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулга ўхшайди. Улар қилган амалларидан бирор нарсага эга бўла олишмайди. Мана шунинг ўзи қаттиқ адашувдир. 19. (Эй инсон), Аллоҳ осмонлару Ерни Ҳақ билан яратиб қўйганини кўрмадингми? Агар У хоҳласа, сизларни кетказиб, янги халқни келтиради. 20. Бу эса Аллоҳга қийин эмасдир. 21. Ҳаммалари Аллоҳга рўбарў бўлишади. Шунда бечоралар мутакаббирларга: «Биз сизларга эргашган эдик. Энди сизлар устимиздаги Аллоҳнинг азобидан бирор нарсани енгиллата оласизларми?» дейишганида, улар: «Агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилганида, биз ҳам сизларни албатта ҳидоят қилган бўлар эдик. Энди дод-вой соламизми ёки сабр қиламизми, бизга барибир. Биз учун ҳеч бир нажот йўқ», дейишди. 22. Иш битиб бўлгач, шайтон: «Албатта, Аллоҳ сизга ҳақни ваъда қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердиму, ваъдамга хилоф қилдим. Устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат чорлашим биланоқ ўзингиз менга итоат қилиб кетдингиз. Энди мени эмас, ўзларингизни маломат қилинглар. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бера олмайсизлар.

Илгари мени шерик қилганингизни энди албатта инкор қиламан. Золимларга албатта аламли азоб бордир», деди. 23. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритилиб, Парвардигорларининг изни билан улар ўша жойда мангу қолишади. Уларнинг сўрашишлари «Салом»дир. 24. (Эй инсон), Аллоҳ пок сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайди. Унинг илдизи мустаҳкам, шохлари эса осмондадир. 25. Парвардигорининг изни билан у ҳамиша мева бериб туради. Шояд англасалар деб, Аллоҳ одамларга шундай мисоллар келтиради. 26. Ёмон сўзнинг мисоли худди ёмон дарахтга ўхшайди. У ердан узилиб қолган, унинг илдизи йўқдир. 27. Аллоҳ имон келтирганларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам собит Сўз билан собитқадам қилади. Аллоҳ золимларни эса йўлдан оздиради. Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади. 28. (Эй инсон), Аллоҳнинг неъматини куфрга алмаштирган ва ўз қавмларини «ҳалокат диёри»га туширганларни кўрмадингми? 29. У дўзахдирки, унда куйишади. У қандайин ёмон жой! 30. Улар Унинг йўлидан адаштириш учун Аллоҳга «тенг»ларни топдилар. (Эй Муҳаммад), «Ҳозирча фойдаланиб қолинглар, борар жойингиз дўзахдир», деб айтинг! 31. Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни тўкис адо этсинлар. Савдо-сотиқ, ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ- эҳсон қилсинлар. 32. Аллоҳ осмонлару Ерни яратган, осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри билан денгизда сузиши учун кемаларни сизга хизматкор қилган ва дарёларни сизга бўйсундириб қўйган Зотдир. 33. У муттасил ҳаракатдаги қуёш ва ойни сизларга хизматкор қилиб қўйди. Шунингдек, сизларга кеча билан кундузни ҳам хизматкор қилиб қўйди. 34. Ва У сизларга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, саноғига ета олмайсизлар. Ҳақиқатан инсон ўта золим ва ношукрдир. 35. (Эй Муҳаммад), эсланг, Иброҳим шундай деган эди: «Парвардигоро, бу юртни тинч-омон қилгин, мени ва зурриётимни бутларга сиғинишдан четда қилгин; 36. Парвардигорим, улар кўп одамларни йўлдан адаштирди. Демак, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга итоатсиз бўлса, албатта, Ўзинг кечиримли ва раҳмлисан; 37. Парвардигоримиз, ҳақиқатан мен зурриётимдан баъзисини Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Парвардигоримиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Ўзинг одамлардан айримларининг қалбларини уларга мойил қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шунда шукр қилишса;

38. Парвардигоримиз, яширин нарсамизни ҳам, ошкор нарсамизни ҳам Сен албатта яхши биласан. Аллоҳга Ерда ҳам, осмонларда ҳам бирор нарса махфий эмасдир; 39. Кексалик пайтимда менга Исмоил ва Исҳоқни ҳадя этган Аллоҳга мақтовлар бўлсин! Парвардигорим дуоларни эшитувчидир. 40. Парвардигорим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Парвардигоро, дуоимни қабул этгин; 41. Парвардигоримиз, ҳисоб қилинадиган Кунда мени, ота-онамни ва мўминларни мағфират айлагин». 42. (Эй Муҳаммад), Аллоҳни золимларнинг қилаётган амалларидан ҳаргиз ғофил деб ўйламанг. У фақат уларни кўзлар қотиб қоладиган кунга қолдиради, холос. 43. Улар бошларини кўтарган, югурган ҳолдадирлар. Кўзлари жойига қайтмайди. Қалблари бўм-бўш бўлиб қолади. 44. (Эй Муҳаммад), одамларни уларга азоб келадиган Кундан огоҳлантиринг. Ўшанда зулм қилганлар: «Эй Парвардигоримиз, бизларга бироз муҳлат бергин, токи даъватингни қабул қилайлик, пайғамбарларингга эргашайлик», дейишади. «Илгари сизларга завол йўқлигига қасам ичмаганмидингиз?!; 45. ва зулм қилганларнинг масканларига жойлашмаганмидингиз? Уларни нима қилганимиз сизларга равшан бўлмадими? Сизларга мисоллар келтирмадикми?». 46. Ҳақиқатан улар ўз макрларини қилишди. Ваҳоланки, уларнинг макрлари Аллоҳнинг ҳузурида эди. Гарчи уларнинг макрлари тоғларни йўқ қилиб ташлайдиган даражада бўлса ҳам. 47. Аллоҳни Ўз пайғамбарларига берган ваъдасига хилоф қилувчи деб ҳисобламанг. Албатта, Аллоҳ қудратлидир, интиқом эгасидир. 48. Бу нарса Ер бошқа ерга ва осмонлар ҳам алмаштириладиган, ҳамма ягона ва ғолиб Аллоҳга рўбарў бўладиган Кундадир. 49. (Эй Муҳаммад), ўша Кунда гуноҳкорларни занжирлар билан кишанланган ҳолда кўрасиз. 50. Уларнинг кийимлари қорамойдан, юзларини ўт-олов ўраб олган бўлади. 51. Бу Аллоҳнинг ҳар кимга қилмишига яраша жазо бериши учундир. Аллоҳ албатта тез ҳисоб қилувчидир. 52. Бу одамларга у билан огоҳлантирилишлари, У Зотнинг ягона Илоҳ эканини билишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун баённомадир. 15. ҲИЖР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 99 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф. Лаам. Ро. Булар Китоб ва равшан Қуръоннинг оятларидир. 2. Куфр келтирганлар балки мусулмон бўлишни хоҳлаб қолишар?

3. (Эй Муҳаммад), уларга қўйиб беринг, еб-ичиб, ҳузурланиб, сароб орзулар билан ўралашиб юришаверсин. Тез кунда билиб олишади. 4. Ҳеч бир шаҳарни белгиланган вақти келмагунича ҳалок қилмаганмиз. 5. Ҳеч бир уммат ажалидан олдинга ўтиб кета олмайди, ортда ҳам қола олмайди. 6. Улар айтишди: «Эй Зикр нозил қилинган киши, ҳақиқатан сен мажнунсан»; 7. Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга фаришталарни келтир-чи!» 8. Биз эса фаришталарни фақат ҳақ билан туширамиз. Бу ҳолда уларни кутиб турилмайди. 9. Зикрни Биз нозил қилдик ва уни сақловчи ҳам Бизмиз. 10. (Эй Муҳаммад), сиздан олдинги гуруҳларга ҳам юборганмиз. 11. Уларга қайси пайғамбар келмасин, уни масхара қилмай қўйишмасди. 12. Биз буни гуноҳкорларнинг дилларига солиб қўямиз. 13. Улар унга имон келтиришмайди. Ҳолбуки, аввалгиларнинг оқибатлари ҳам шундай ўтган. 14. Агар уларга осмондан бир эшик очсак-да, кун бўйи унга кўтарилиб туришса ҳам; 15. «кўзларимиз боғланиб қолди, биз сеҳрланган қавмдирмиз», деган бўлишарди. 16. Ҳақиқатан Биз осмонларда буржлар пайдо қилиб қўйдик ва уни боқувчи кўзлар учун зийнатлаб қўйдик. 17. Ва уни ҳар бир қувилган шайтондан ҳимояладик; 18. бирортаси ўғринча қулоқ солса, ортидан учар думли юлдуз таъқиб қилади. 19. Ерни ёйиб, устига тоғларни тиклаб қўйдик ва унда ўлчовли турли нарсаларни ўстирдик. 20. Ва унда сизлар учун ҳам, сизлар ризқини беролмайдиганлар учун ҳам тирикчилик воситаларини пайдо қилиб қўйдик. 21. Ҳар бир нарсанинг хазиналари Бизнинг ҳузуримиздадир. Биз уларни маълум ўлчовда туширамиз. 22. Биз шамолларни урчитувчи қилиб юбордик. Осмондан сув тушириб, у билан сизларни сероблантирдик. Сизлар уни тўпловчи эмассиз. 23. Фақат Биз тирилтирамиз ва ўлдирамиз, меросхўр ҳам Биздирмиз. 24. Биз сизлардан олдин ўтганларни билдик ва кейин келувчиларни ҳам билдик. 25. Парвардигорингизнинг Ўзи уларни тўплайди. У ҳикмат ва билим эгасидир. 26. Биз инсонни қора балчиқдан, қуритилган лойдан яратдик. 27. Ва бундан олдин жинларни қайноқ оловдан яратдик. 28. (Эй Муҳаммад), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга шундай деди: «Мен қора балчиқдан бўлган қуритилган лойдан башар яратувчидирман;

29. уни тиклаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар». 30. Шунда фаришталарнинг ҳаммалари баравар сажда қилишди. 31. Фақат иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди. 32. У Зот: «Эй иблис! Сенга не бўлдики, сажда қилувчилар билан бўлмадинг?» деди. 33. У: «Сен қора балчиқдан олиб қуруқ лойдан яратган башарга сажда қила олмайман», деди. 34. У Зот деди: «Унда бу ердан чиқ, сен қувилгансан!; 35. Жазо Кунигача сенга лаънат бўлгай!» 36. У: «Парвардигорим, улар қайта тирилтириладиган Кунгача менга муҳлат бер», деди. 37. У Зот деди: «Сен муҳлат берилганлардансан; 38. маълум вақт-кунгача». 39. У айтди: «Парвардигорим, қасамёд этаманки, мени йўлдан оздирганинг сабабли уларга ердаги гуноҳларни чиройли кўрсатиб қўяман ва уларнинг барини йўлдан оздираман»; 40. улардан ихлосли бандаларинггина мустасно». 41. У Зот айтди: «Бу Менинг тўғри йўлимдир; 42. сенга эргашган гумроҳларни истисно қилганда Менинг бошқа бандаларим устидан ҳукмронлик қила олмайсан; 43. уларнинг барчаси учун ваъда қилинган жой дўзахдир; 44. унинг етти дарвозаси бордир, ҳар бир дарвоза уларнинг бир гуруҳига тақсимлангандир». 45. Тақводорлар жаннат боғлари ва булоқлар узрадирлар. 46. Уларга «Салом билан, хотиржам киринглар» (дейилади). 47. Биз дўст-биродар бўлиб, сўриларда бир-бирларига юзланиб ўтирганларнинг дилларидаги ғилли-ғашликларни чиқариб ташладик. Инсон дунё ҳаётида ўзи истаган нарсаларга эришиб, роҳат-фароғатда умргузаронлик қилаётган бўлса ҳам кўнглида бир оз гина-кудурати, ғилли-ғашлиги бўлса, еган-ичгани татимайди, ҳаловати кетади, бахти кемтик бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан жаннатга мушарраф қилган тақволи бандаларининг қалбларидаги ғилли-ғашликлар, яъни гина, ҳиқду ҳасад, кўролмаслик, нафрат каби иллатларни чиқариб ташлайди. 48. Уларга у ерда чарчоқ ҳам етмайди, улар ундан чиқарилишмайди ҳам. 49. (Эй Муҳаммад), Менинг Ўзимгина кечиримли, раҳмли эканимни бандаларимга билдириб қўйинг. 50. Ва Менинг азобим ҳам энг аламли азобдир. 51. Уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг. 52. Ўшанда улар унинг ҳузурига кириб: «Салом» дейишганида у: «Биз сизлардан қўрқиб турибмиз», деди. 53. Улар: «Қўрқма, биз сенга бир доно ўғилнинг хушхабарини етказамиз», дейишди.

54. У: «Менга қариган чоғимда хушхабар берасизларми? Энди ниманинг ҳам хушхабарини берардингизлар?» деди. 55. Улар: «Сенга ростдан ҳам хушхабар келтирдик. Сен ноумидлардан бўлма», дейишди. 56. У: «Парвардигорининг раҳматидан фақат адашганлар ноумид бўлишади», деди. 57. У: «Нима иш билан келдингиз, эй элчилар?» деди. 58. Улар: «Биз жиноятчи бир қавм¬га юборилганмиз; 59. фақат Лутнинг бутун оиласини қутқариб қоламиз. 60. Унинг хотини эса мустасно. Унинг албатта (азобда) қолишини тақдир қилиб қўйдик». 61. Элчилар Лутнинг хонадонига келишганида; 62. У: «Сизлар нотаниш қавм экансиз», деди. 63. Улар айтишди: «Йўқ! Сенга улар шак­шубҳа қилаётган нарсани келтирдик; 64. сенга ҳақни келтирдик ва бизлар ҳақиқатан ростгўйлармиз; 65. туннинг бир қисмида оиланг билан йўлга чиқ ва ўзинг уларнинг ортида бор. Сизлардан ҳеч ким атрофга алангламасин ва буюрилган томонга кетаверинглар». 66. Ва Биз унга тонг пайти ўшаларнинг томири қирқилиши хабарини ваҳий қилдик. 67. Ва шаҳар аҳли хурсанд ҳолда етиб келди. 68. У деди: «Ахир булар меҳмонларим, мени уятга қўйманглар; 69. ва Аллоҳдан қўрқинглар! Мени шарманда қилманглар». 70. Улар: «Сени оламлардан қайтармаганмидик?!» дейишди. 71. У: «Агар буни қилмоқчи бўлсанглар, манави қизларим бор», деди. 72. (Эй Муҳаммад), умрингизга қасамки, улар сархушликларида гангиб юришарди. 73. Кунчиқар пайтда уларни даҳшатли қичқириқ тутди. 74. Шунда бу шаҳарни остин-устун қилдик ва уларнинг устига сопол тош ёғдирдик. 75. Бунда фаросатлиларга албатта ибратлар бордир. 76. Дарвоқе, у доимий йўл устидадир. 77. Бунда мўминларга ибратлар бордир. 78. Айка эгалари ҳам албатта золимлардан бўлишган. 79. Шунда Биз улардан интиқом олдик. Уларнинг икки шаҳри ҳам аниқ йўл устидадир. 80. Ҳақиқатан Ҳижр эгалари пайғамбарларни ёлғончига чиқаришган эди. 81. Биз уларга мўъжизаларимизни келтирган эдик, улардан юз ўгиришди. 82. Улар тоғларни йўниб, уй қилиб хотиржам эдилар. 83. Шунда тонг пайти уларни даҳшатли қичқириқ тутди. 84. Қилиб юрган нарсалари уларга фойда бермади.

85. Осмонлар ва Ерни, улар орасидаги нарсаларни фақат ҳақ билан яратдик. Қиёмат албатта келади. Шунинг учун (эй Муҳаммад, уларни) чиройли юз ўгириш билан тарк қилинг. 86. Парвардигорингизнинг Ўзигина яратувчи ва билувчидир. 87. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат, Биз сизга «етти такрорланувчи»ни ва улуғ Қуръонни бердик. 88. Биз улардан айрим тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга кўзингизни тикманг, улар учун хафа ҳам бўлманг! Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг! 89. «Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман», деб айтингки; 90. худди тақсимловчиларга туширганимизга ўхшаб; 91. улар Қуръонни бўлак-бўлак қилишди. 92. Парвардигорингизга қасамки, уларнинг ҳаммасидан сўраймиз; 93. қилиб юрган ишлари ҳақида. 94. Энди ўзингизга буюрилган ишни ошкора қилинг ва мушриклардан юз ўгиринг. 95. Сизни масхараловчилардан ҳимоялаймиз. 96. Улар Аллоҳга бошқа «илоҳ»ни шерик қилишади. Яқинда билиб олишади. 97. Биз уларнинг гапларидан юрагингиз сиқилаётганини яхши биламиз. 98. Шунда Парвардигорингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва сажда қилувчилардан бўлинг! 99. Сизга аниқ нарса келгунича Парвардигорингизга ибодат қилаверинг! 16. НАҲЛ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 128 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Аллоҳнинг амр-фармони келди. Энди сизлар уни қистамай қўяқолинглар. У Зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва юксакдир. 2. У Ўз амри ила хоҳлаган бандаларига фаришталарни руҳ билан тушириб: «Огоҳлантирингларки, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Демак, Мендангина қўрқинглар», дейди. 3. У осмонлару Ерни ҳақ билан яратди. Улар келтираётган ширкдан У юксакдир. 4. У инсонни нутфадан яратди. Энди эса у аниқ хусуматчи бўлиб турибди. 5. У яна сизлар учун иссиқ кийим ва бошқа фойдалар бўлиши учун чорва ҳайвонларини яратди ҳамда улардан тановул ҳам қиласизлар. 6. Ва оқшом қайтаётганларида ва тонгда кетаётганларида уларда сизлар учун гўзаллик бор.

7. Ва улар юкларингизни сизлар жонингизни қийнатибгина ета оладиган юртларга кўтариб боради. Парвардигорингиз шафқатлидир, раҳмлидир. 8. Яна минишингиз ва зийнат учун отлар, хачирлар ва эшакларни ҳамда сизлар билмайдиган нарсаларни яратади. 9. Йўлларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг зиммасидадир. Уларнинг эгриси ҳам бордир. Агар У хоҳлаганида ҳаммангизни ҳидоят қилган бўларди. 10. У осмондан сизларга ичимлик бўладиган сувни туширган Зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган ўт-ўланлар ҳам ўша сувдандир. 11. У ўша сув билан сизларга экинларни, зайтун, хурмо, узум ва бошқа барча меваларни ўстиради. Бунда тафаккур қилувчи қавмлар учун ибратлар бордир. 12. У Зот сизларга кеча ва кундузни, қуёш ва ойни бўйсундириб қўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйсунгандир. Бунда ақл юритувчи қавмлар учун оят-аломатлар бордир. 13. Ва сизлар учун ерда ранг-баранг нарсаларни ҳам яратди. Бунда насиҳатни оладиган қавмлар учун оят-аломатлар бордир. 14. У янги гўшт ейишингиз, ундан тақиладиган тақинчоқлар чиқариб олишингиз учун денгизни ҳам бўйсундириб қўйди. Унда яна сувни ёриб кетаётган кемаларни ҳам кўрасиз. Унинг фазлидан талаб қилишингиз ва шукр этишингиз учун шундай қилди. 15. У Зот сизларни тебратиб юбормаслиги учун ер устига тоғларни ташлаб қўйди. Дарёлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўлни топсангиз. 16. Ва аломатлар ҳамда юлдузлар билан улар йўл топишади. 17. Яратадиган билан ярата олмайдиганлар тенг бўлармиди? Ўйлаб кўрмайсизларми? 18. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир. 19. Аллоҳ нимани яшираётганингизни ҳам, нимани ошкор қилаётганингизни ҳам билади. 20. Аллоҳни қўйиб сиғинаётган нарсалари ҳеч нарсани ярата олмайди, ўзлари яратилур. 21. Улар ўликдир, тирик эмасдир ва қачон қайта тирилтирилишларини ҳам билишмайди. 22. Илоҳингиз ягона Илоҳдир. Охиратга имон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар. 23. Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ҳам, нимани ошкор қилаётганларини ҳам билади. У мутакаббирларни яхши кўрмайди. 24. Уларга: «Парвардигорингиз нимани нозил қилди?» дейилганида улар: «Олдингиларнинг афсоналарини», дейишади. 25. Бу қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва жоҳилона йўлдан адаштирганларининг гуноҳларидан бир қисмини бўйинга олишлари учундир. Огоҳ бўлингки, улар бўйнига олган нарса қандайин ёмон!

26. Дарҳақиқат, улардан олдингилар ҳам макр қилишган. Шунда Аллоҳ уларнинг (макр) биноларини пойдевори билан йиқитди. Шифти устларига қулаб тушди ва уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келди. 27. Сўнгра қиёмат куни У Зот уларни шарманда қилади ва: «Сизлар ёнини олиб, тортишиб юрган Менинг «шерик»ларим қани?» дейди. Илм берилганлар эса: «Бугун хорлик ва ёмонлик кофирларгадир», дейишади. 28. Фаришталар уларнинг жонини ўзларига зулм қилиб туришганида оладилар. Улар таслим бўлганча: «Асло ёмонлик қилмаган эдик», дейишади. Йўқ, Аллоҳ нима қилганларингизни билувчидир. 29. Энди дўзах эшикларидан унда мангу қолувчи ҳолингизда киринг! Мутакаббирларнинг турар жойи қандайин ёмон-а! 30. Тақводорларга: «Парвардигорингиз нимани нозил қилди?» дейилганида, улар: «Яхшиликни», дейишади. Яхшилик қилганларга бу дунёда чиройли мукофот бордир. Аммо охират диёри бундан ҳам яхшироқдир. Тақводорларнинг диёрлари қандай ҳам яхши! 31. Улар остларидан анҳорлар оқиб турувчи адн жаннатларига киришади, у ерда улар учун истаган нарсалари бор. Аллоҳ тақводорларни мана шундай мукофотлайди. 32. Фаришталар уларнинг жонларини пок ҳолларида ола туриб: «Сизларга салом бўлсин! Қилиб юрган амалларингиз туфайли жаннатга киринглар!» дейишади. 33. Улар ўзларига фаришталарнинг ёки Парвардигорингиз амрининг келишини кутишяптими? Улардан олдингилар ҳам шундай қилишган эди. Аллоҳ уларга зулм қилгани йўқ, аммо улар ўзларига зулм қилишган эди. 34. Қилган ёмонликлари ўзларига етди ва масхаралаган нарсалари ўзларини ўраб олди. 35. Ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз ҳам, ота- боболаримиз ҳам Ундан ўзга нарсага сиғинмаган, Унинг ҳукмисиз бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлар эдик», дейишди. Улардан олдингилар ҳам шундай қилишган. Пайғамбарлар зиммасида очиқ-ойдин етказиш бор, холос. 36. Дарвоқе, ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг» деб бир пайғамбар юборганмиз. Бунда улардан Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам, устларига залолат ҳақ бўлганлари ҳам бор. Энди Ер юзида юриб, ёлғонга чиқарганларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар. 37. (Эй Муҳаммад), уларнинг ҳидоятига ўта қизиқаётган бўлсангиз ҳам Аллоҳ Ўзи залолатга кетказган кимсаларни ҳидоят қилмайди. Уларга ҳеч қандай ёрдам берувчилар ҳам бўлмайди. 38. Улар жон-жаҳдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмайди» деб, Аллоҳ номи билан қасам ичишди. Йўқ, (тирилтиради!). Бу Унинг ҳақ ваъдасидир, лекин одамларнинг кўплари билишмайди. 39. Уларга ихтилоф қилаётган нарсаларини баён қилиб бериш учун ва куфр келтирганлар ўзларининг шубҳасиз ёлғончи эканларини билишлари учун (қайта тирилтиради). 40. Бирор нарсани ирода қилсак, унга айтадиганимиз «Бўл!» дейишдир, шунда у бўлади.

41. Мазлум бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда ҳам гўзал жойга жойлаштирамиз. Охират мукофоти эса, янада каттароқдир. Қанийди, билганларида эди! 42. Улар сабр қилган ва Парвардигорларига таваккул қилганлардир. 43. (Эй Муҳаммад), сиздан олдин ҳам фақат эр кишиларни юбориб, уларга ваҳий нозил қилиб турганмиз. (Эй мушриклар), агар билмайдиган бўлсанглар, зикр аҳлларидан сўранглар. 44. Уларни очиқ ҳужжатлар ва китоблар билан юбордик. Одамларга нозил қилинган нарсани баён қилиб беришингиз учун, шоядки тафаккур қилишса деб сизга Зикрни нозил қилдик. 45. Макр билан ёмонлик қилганлар Аллоҳ уларни ерга юттириб юборишидан ёки уларга кутмаган томонларидан азоб келиб қолишидан хотиржаммилар?! 46. Ёхуд айланиб юришганида уларни тутганида Уни ожиз қолдира олишмайди. 47. Ёки қўрқиб юришган пайтларида уларни тутишидан ҳамми? Дарҳақиқат, Парвардигорингиз шафқатли, раҳмлидир. 48. Ахир Аллоҳ яратган ҳар бир нарсанинг соялари бўйсунган ҳолда Аллоҳга сажда қилиб, ўнгга ва чапга мойил бўлишини кўрмайдиларми?! 49. Осмонлару Ердаги барча жонзотлар ва фаришталар фақат Аллоҳга сажда қилишади. Улар мутакаббирлик қилишмайди. 50. Улар устларидаги Парвардигорларидан қўрқишади ва ўзларига буюрилган амрларни бажаришади. 51. Аллоҳ айтди: «Иккита илоҳ тутмангиз. Угина ягона Илоҳдир. Демак, Мендангина қўрқингиз». 52. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Уникидир, дин ҳам бардавом Уникидир. Аллоҳдан ўзгадан қўрқасизларми? 53. Сиздаги борки неъмат Аллоҳдандир. Сўнгра сизга ёмонлик етганида Унгагина ёлворасиз. 54. Сўнгра У сизлардан ёмонликни кўтаргач, сизлардан бир гуруҳ Парвардигорларига ширк келтиради; 55. бу – берганларимизга уларнинг ношукрликларидир. Шундай фойдаланиб туринглар, яқинда биласизлар. 56. Улар ўзлари билмайдиган нарсага Биз уларга берган ризқдан насиба ажратишади. (Эй мушриклар), Аллоҳга қасамки, ўзингиз тўқиб олган нарса ҳақида албатта сўраласиз. 57. Улар Аллоҳга қизларни мансуб қилишади, У покдир. Ўзларига эса кўнгиллари тусагани бўлармиш. 58. Қай бирларига қизнинг хушхабари берилса, ғазабидан юзлари қорайиб кетади. 59. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан қавмидан беркиниб олади. Хорланса ҳам уни олиб қолсинмикин ёки тупроққа кўмсинмикин? Огоҳ бўлингларки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ҳам ёмон! 60. Охиратга имон келтирмайдиганлар ёмон сифатга эгадир. Энг олий сифат Аллоҳникидир. У Азиз ва Ҳакимдир.

61. Агар Аллоҳ одамларни зулмлари сабабли тутганида ерда бирор жонзотни қолдирмаган бўларди. Лекин уларни маълум муддатгача қўйиб беради. Ўша муддат келганида эса, уни бирор соат ортга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди. 62. Улар ўзлари ёқтирмаган нарсани Аллоҳга тиркаб, яна тиллари ўзларига гўзал мукофот бўлиши ҳақида ёлғонлайди. Ҳеч шубҳасиз, уларга албатта дўзах бўлади ва улар албатта биринчилардир. 63. (Эй Муҳаммад), Аллоҳга қасамки, сиздан олдинги умматларга ҳам пайғамбарлар юборганимизда шайтон уларга амалларини чиройли қилиб кўрсатган эди. У бугун уларнинг дўстидир. Уларга аламли азоб бордир. 64. Сизга Китобни уларга ўзлари ихтилоф қилган нарсаларни баён этишингиз учун имон келтирадиган қавмларга ҳидоят ва раҳмат қилиб нозил этдик, холос. 65. Аллоҳ осмондан сув тушириб, у билан «ўлик» ерни «тирилтирди». Бунда эшитадиган қавм учун албатта оят-аломатлар бордир. 66. Чорва ҳайвонларида ҳам сизлар учун ибрат бордир. Сизларни уларнинг қорнидаги нажосат ва қон орасидан чиқадиган, ичувчилар учун ёқимли тоза сут билан суғорамиз. 67. Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва чиройли ризқ оласиз. Бунда ақл юритувчилар учун албатта аломат бордир. 68. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз асаларига шундай ваҳий юборди: «Тоғларга, дарахтларга ва одамлар кўтарган нарсаларга уя қилгин; 69. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг осон қилиб қўйган йўллардан юргин». Уларнинг қорнидан одамлар учун шифо бўлувчи турли рангдаги шарбат чиқади. Бунда тафаккур қилувчилар учун албатта оят- аломатлар бордир. 70. Аллоҳ сизларни яратди, сўнгра вафот эттиради ҳам. Ораларингизда умрнинг энг заиф даврига қайтарилиб, олдин билган нарсаларининг ҳеч бирини билолмай қолганлар ҳам бор. Албатта, Аллоҳ билувчи ва қудратлидир. 71. Аллоҳ ризқда баъзиларингизни баъзиларингиздан афзал қилиб қўйди. Афзал қилинганлар ҳамма тенг бўлиши учун ўз ризқларини қўл остидагиларига бериб қўймайдилар-ку! Аллоҳнинг неъматини инкор қилишадими?! 72. Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга имон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?! 73. Аллоҳдан ўзга улар учун осмонлару Ерда бирор ризқ бера олмайдиган ва ҳеч нарсага қудрати етмайдиганларга сиғинишадими? 74. Аллоҳга мисол келтирманглар! Ҳақиқатан Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар. 75. Аллоҳ шундай мисол келтиради: ҳеч нарсага қодир бўлмаган мамлук-қул билан Биз мўл ризқ берган ҳамда ўшандан яширин ва ошкора эҳсон қиладиган киши баробар бўлармиди? Ҳамду сано Аллоҳгадир. Лекин уларнинг кўплари билишмайди.

76. Аллоҳ икки кишини мисол келтиради: бири гунг, ҳеч нарсага кучи етмайди, ўз эгасига қарамдир. Қаерга юборса ҳам, бирор яхшилик келтирмайди. Ўша одам билан ўзи тўғри йўлда туриб, бошқаларни адолатга буюрадиган киши баробар бўлармиди? 77. Осмонлару Ернинг ғайб илми Аллоҳга хосдир. Қиёмат иши эса кўз очиб-юмгунчалик ёки ундан ҳам яқинроқдир. Ҳақиқатан Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 78. Аллоҳ сизларни ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда оналарингиз қорнидан чиқарди ва сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз. 79. Осмон бўшлиғида бўйсундириб қўйилган қушларга боқмайдиларми? Уларни фақат Аллоҳ тутиб турибди-ку! Бунда албатта имонли қавмлар учун аломатлар бордир. 80. Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди ва сизларга чорва ҳайвонлари терисидан кўчиб борадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган чодирлар қилди. Уларнинг жунлари, юнглари ва тивитларидан анча вақтгача фойдаланадиган жиҳоз ва матолар қилди. 81. Аллоҳ сизларга Ўзи яратган нарсалардан соялар қилиб қўйди ва сизларга тоғлардан бошпаналар, сизларни иссиқ-совуқдан сақлайдиган ва зарбадан сақлайдиган кийимлар қилиб берди. Шояд мусулмон бўлсангиз деб, У сизларга Ўз неъматини шундай тўкис қилиб берди. 82. (Эй Муҳаммад), агар юз ўгириб кетишса, у ҳолда зиммангизда очиқ-равшан етказиб қўйиш, холос. 83. Аллоҳнинг неъматини билишадию кейин уни инкор қилишади. Уларнинг кўплари куфр келтирувчилардир. 84. Ўша кунда ҳар бир умматдан бир гувоҳни келтирамиз, кейин куфр келтирганларга ижозат берилмайди, улардан рози қилиш ҳам талаб этилмайди. 85. Зулм қилганлар азобни кўрганларида улардан бу енгиллатилмайди ва уларга муҳлат ҳам берилмайди. 86. Ширк келтирганлар ўз «шерик»ларини кўрган пайтларида: «Парвардигоримиз, манавилар Сени қўйиб ибодат қилган «шерик»ларимиз», дейишади. Шунда улари буларига: «Сизлар ҳақиқатан ёлғончисизлар», деб сўз қотишади. 87. Ўша куни улар Аллоҳга таслим бўлишади ва тўқиб олган «илоҳ»лари улардан ғойиб бўлади. 88. Куфр келтирган ва Аллоҳ йўлидан тўсганларга бузғунчилик қилганлари учун азоб устига азобни зиёда қиламиз. 89. (Эй Муҳаммад), ўша кунда ҳар бир умматга ўзидан гувоҳ олиб келамиз ва сизни эса анавиларга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сизга ҳамма нарсани баён қилиш учун, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб Китобни нозил этдик. 90. Аллоҳ адолатга, яхшиликка, яқинларга эҳсон қилишга буюради ва фаҳш, мункар иш ва ситам қилишдан қайтаради. У ёдда сақлашингиз учун сизларга эслатади.

91. Аҳдлашганингизда Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни мустаҳкам қилганингиздан сўнг бузманг. Аллоҳ қилаётган ишларингизни албатта билади. 92. Тўқигани пишиқ бўлганидан сўнг уни чуваб юборган хотинга ўхшаб бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун қасамларингизни орангизга алдов воситаси қилиб олманг. Аллоҳ бу билан сизларни синаяпти, холос. У қиёмат куни нима ҳақда ихтилоф қилганингизни баён қилиб беради. 93. Агар Аллоҳ хоҳлаганида сизларни бир уммат қилар эди. Лекин У хоҳлаганларини йўлдан оздиради ва хоҳлаганларини ҳидоят қилади. Қилиб юрган амалларингиздан албатта сўраласизлар. 94. Қасамларингизни орангизда алдов воситаси қилиб олмангки, қадам собит бўлганидан сўнг тойиб кетади ҳамда Аллоҳнинг йўлидан тўсганингиз учун ёмонликни тотиб қоласиз ва сизларга улкан азоб бўлади. 95. Аллоҳнинг аҳдини арзон баҳога сотманглар. Агар билсанглар, сизлар учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқдир. 96. Ҳузурингиздаги нарса тугайди, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса абадийдир. Сабрлиларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр билан мукофотлаймиз. 97. Эркакми, аёлми, ким мўмин ҳолида солиҳ амал қилса, унга пок, гўзал ҳаёт бахш этамиз ва уларни қилиб юрган гўзал амаллари баробарида мукофот билан тақдирлаймиз. 98. Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин. 99. Имон келтирганларга ва Парвардигорларига таваккул қилганларга у асло ҳукмронлик қила олмайди. 100. Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутадиганларга ва у сабабли мушрик бўлганларга, холос. 101. Бир оятни бошқа бир оятнинг ўрнига алмаштирсак, – ҳолбуки Аллоҳ Ўзи нозил қиладиган оятларни яхши билувчидир – улар: «Шак- шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб оласан!» дейишади. Йўқ, уларнинг кўплари билишмайди. 102. Уни имон келтирганларни саботли қилиш учун ҳамда мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар сифатида Муқаддас руҳ Парвардигорингиздан ҳақ билан нозил қилганини айтинг. 103. Аниқки, уларнинг: «Унга бирор одам ўргатяпти» деяётганларини биламиз. Улар гумон қилаётган кимсанинг тили ажамийдир, бу эса очиқ- ойдин арабийдир. 104. Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларни Аллоҳ ҳидоятга бошламайди ва уларга аламли азоб бордир. 105. Ёлғонни Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқишади. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидир. 106. Ким имондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби имон билан ором топганда мажбурланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, уларга Аллоҳдан ғазаб ва улкан азоб бордир. 107. Бу уларнинг дунё ҳаётини охиратдан устун қўйганлари ва Аллоҳнинг кофир қавмларни ҳидоят қилмаслиги сабаблидир.

108. Ана ўшаларнинг қалблари, қулоқлари ва кўзларини Аллоҳ муҳрлаб қўйгандир. Ана ўшалар ғофиллардир. 109. Ҳеч шубҳа йўқки, охиратда улар зиён кўрувчилардир. 110. Сўнгра Парвардигорингиз фитналарга учраганларидан кейин ҳижрат қилган, сўнгра жиҳод қилиб, сабр этганлар учун, Парвардигорингиз шулардан кейин уларга мағфиратли, раҳмлидир. 111. У Кунда ҳар бир жон ўзи ҳақида тортишгани келади ва ҳар бир жонга қилган амали тўлиқ қилиб берилади ҳамда уларга зулм қилинмайди. 112. Аллоҳ бир шаҳарни мисол келтиради: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар томондан фаровон келиб турарди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилди. Шунда Аллоҳ унинг қилмишлари учун очлик ва хавф «таъми»ини «тоттир»ди. 113. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан Расул келганида улар уни ёлғончига чиқаришгач, золим бўлган ҳолларида уларни азоб тутди. 114. Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол-покларини енглар, агар Унгагина ибодат қилувчи бўлсанглар Аллоҳнинг неъматига шукр қилинглар. 115. У сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Ким зулм қилмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолда мажбур бўлиб қолса, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. 116. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб, «Бу ҳалол, бу ҳаром» деяверманглар. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар зафар топишмайди. 117. Озгина матоҳдир ва уларга аламли азоб бор. 118. (Эй Муҳаммад), яҳудий бўлганларга эса сизга бундан олдин айтиб берган нарсаларимизни ҳаром қилдик. Биз уларга зулм қилмадик, ўзларига зулм қилдилар. 119. Кейин Парвардигорингизга билмаган ҳолда гуноҳ қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатганларга, шубҳасиз Парвардигорингиз шулардан сўнг мағфиратли, раҳмлидир. 120. Иброҳим Аллоҳга итоаткор, ҳаниф бир уммат эди, мушриклардан эмас эди. 121. Унинг неъматларига шукр қилувчи эди. Уни танлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилди. 122. Унга дунёда яхшилик бердик. Охиратда эса у, албатта, солиҳлардандир. 123. Сўнгра (эй Муҳаммад), сизга: «Ҳаниф бўлган Иброҳимнинг миллатига эргашинг, у мушриклардан бўлмаган эди», деб ваҳий қилдик. 124. «Шанба» фақат унинг тўғрисида ихтилоф қилганлар зиммасига юкланди. Ихтилоф қилган нарсалари ҳақида Парвардигорингиз қиёмат куни улар орасида ҳукм чиқаради. 125. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг динига ҳикмат ва гўзал насиҳат билан даъват қилинг. Улар билан гўзал услубда мунозара қилинг. Албатта, Парвардигорингиз Ўз йўлидан адашганларни яхши билувчидир, У ҳидоят топувчиларни ҳам яхши билувчидир.

126. (Эй имон келтирганлар), агар интиқом олмоқчи бўлсанглар, ўзингизга етказилган мусибат баробарида интиқом олинглар. Агар сабр қилсанглар, бу албатта сабр қилувчилар учун яхшироқдир. 127. (Эй Муҳаммад), сабр қилинг, сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳнинг ёрдами билангина бўлади. Улар учун ғамга ботманг, уларнинг қилаётган макрларидан сиқилманг ҳам. 128. Аллоҳ албатта тақводорлар ва яхши ишлар қилганлар биландир. 17. ИСРО СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 111 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ўз бандасини Масжидул-Ҳаромдан Биз атрофини баракотли қилиб қўйганимиз Масжидул-Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун тунда сайр қилдирган Зот покдир. Дарҳақиқат, У эшитувчидир, кўриб турувчидир. 2. Ва Мусога китобни бердик ва «Мендан ўзгани вакил қилиб олманглар!» деб уни Бани Исроилга ҳидоят қилиб бердик. 3. Эй Биз Нуҳ билан бирга кўтариб, нажот берган кишиларнинг зурриётлари, у кўп шукрли банда эди. 4. Китобда Бани Исроилга: «Ерда икки марта бузғунчилик қиласизлар ва қаттиқ туғёнга кетасизлар», деб баён қилдик. 5. Энди ўша иккисидан биринчисининг белгиланган вақти келганида устингизга катта куч-қудратга эга бандаларимизни юборамиз. Улар уйлар оралаб изғишади. Бу ваъданинг ижроси эди. 6. Сўнгра улар устидан ғалабани сизларга қайтардик ва сизга мол- дунё ва фарзандлар билан ёрдам бердик, ададингизни кўп қилдик. 7. Агар яхшилик қилсангиз, ўзингизга яхшилик қилган бўласиз, ёмонлик қилсангиз ҳам ўзингизгадир. Энди кейинги ваъда вақти келса, юзингизни шувут қилишлари, олдинги сафар кирганлари каби Масжидга киришлари ва эгаллаб олган ерларни вайрон қилишлари учун юборамиз. 8. Шояд Парвардигорингиз сизларга раҳм қилса. Агар қайтсанглар, Биз ҳам қайтамиз. Дўзахни кофирлар учун зиндон қилиб қўйганмиз. 9. Бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилади ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга улуғ мукофот борлиги хушхабарини беради. 10. Охиратга имон келтирмайдиганларга аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз. 11. Инсон яхшилик тилаб дуо қилганидек, ёмонлик тилаб ҳам дуо қилади, инсон шошқалоқдир. 12. Кеча ва кундузни икки белги-аломат қилиб қўйдик. Кечанинг аломатини ўчирдик. Кундуз аломатини Парвардигорингиздан фазл талаб қилишингиз ва йиллар саноғини ҳамда ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз.

13. Ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйганмиз ва қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китоб чиқарамиз. 14. Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қиласан (деймиз). 15. Ким ҳидоятга юрса, ўзи учунгина ҳидоятга юради. Ким залолатга кетса, ўзи учунгина залолатга кетади. Ҳеч бир юкли жон ўзганинг юкини кўтармайди. Токи пайғамбар юбормагунимизча азобловчи бўлмаганмиз. 16. Бирор шаҳарни ҳалок этишни хоҳласак, унинг маишатпарастларини (итоатга) буюрганимизда улар у ерда фосиқлик қилишгач, ўша шаҳар устига «сўз» муқаррар бўлади. Энди уни ер билан яксон қиламиз. 17. Нуҳдан кейин қанча умматларни ҳалок қилдик. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлиш ва уларни кўришга Парвардигорингизнинг Ўзи кифоя қилади. 18. Ким дунёни истаса, истаган кишимизга ундан хоҳлаган нарсамизни тезда берамиз. Сўнгра унга дўзахни ҳам берамиз, унга хору залил ҳолида кириб ёнади. 19. Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун мўмин бўлган ҳолида керакли ҳаракатини қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир. 20. (Эй Муҳаммад), барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Парвардигорингизнинг атоларидан берамиз. Парвардигорингизнинг атолари чекланган эмас. 21. Баъзиларини баъзиларидан қандай афзал қилиб қўйганимизга назар солинг. Аммо охират даражалари каттароқ ва афзалроқдир. 22. Аллоҳга яна бирор «илоҳ»ни қўша кўрманг, акс ҳолда қораланиб, маҳрум ҳолда ўтириб қоласиз. 23. Парвардигорингиз фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди. (Эй инсон), агар ҳузурингда уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳам кексалик ёшига етишса, уларга «уфф» дема, уларни жеркима ва уларга ёқимли сўз айт! 24. Уларга меҳрибонлик билан хокисорлик қанотини паст тут ва: «Парвардигорим, мени гўдаклигимда тарбия қилганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин», деб айт. 25. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги нарсаларни яхши билувчидир. Агар яхши бўлсанглар, У кўп тавба қилувчиларга мағфиратлидир. 26. Қариндошга, мискинга ва ночор мусофирга ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! 27. Исрофгарлар шайтонларнинг биродарлари бўлишган. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр бўлган. 28. Агар Парвардигорингиз раҳматидан умидвор ҳолда улардан юз ўгирадиган бўлсангиз, уларга мулойим сўз айтинг. 29. Қўлингизни бўйнингизга боғлаб олманг, уни бир йўла ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда маломат ва надоматда қоласиз. 30. Парвардигорингиз хоҳлаган кишига ризқни кенг ҳам, тор ҳам қилади. У бандаларидан хабардор, кўриб турувчи Зотдир.

31. Фақирликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир. 32. Зинога яқинлашманглар, чунки у фаҳш иш ва ёмон йўлдир. 33. Аллоҳ тақиқлаган жонни ўлдирманг. Ҳақ билан бўлса, мустасно. Ким мазлум ҳолида ўлдирилса, унинг валийсига ҳуқуқ берганмизки, у ўлдиришда ҳаддан ошмасин. Зеро, унга нусрат берилгандир. 34. То вояга етгунича етимнинг молига яқинлашманглар. Яхшилик билан бўлса, мустасно. Аҳдга вафо қилинглар, аҳд сўраладиган нарсадир. 35. Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарозида тортинг. Мана шу яхши ва оқибати гўзалдир. 36. (Эй инсон), ўзинг билмаган нарсага эргашма, чунки қулоқ, кўз ва дил – буларнинг барчасида масъул бўлинади. 37. Ер юзида кибр-ҳаво билан юрма! Чунки асло ерни тешиб кира олмайсан ва бўй-бастда тоғларга ета олмайсан! 38. Буларнинг барча ёмонлари Парвардигорингиз ҳузурида ёқтирилмагандир. 39. (Эй Муҳаммад), булар Парвардигорингизнинг сизга ваҳий қилган баъзи ҳикматларидир. (Эй инсон), Аллоҳга бошқа бирор «илоҳ»ни тенг қилма. Яна маломат қилинган ва қувилган ҳолингда дўзахга ташланмагин. 40. Парвардигорингиз сизларга ўғилларни хослаб бериб, фаришталарни Ўзига қиз қилиб олибдими? Ҳақиқатан оғир гапни айтяпсизлар. 41. Ҳақиқатан бу Қуръонда уларга эслатма учун турли нарсаларни баён қилдик. Лекин булар уларни ҳақдан йироқлаштиради, холос. 42. (Эй Муҳаммад), «Агар улар айтганларидек, У билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида улар Арш эгаси томон йўл излаган бўлишарди», деб айтинг. 43. У Зот улар айтаётган нарсадан покдир, ниҳоятда олийдир. 44. Етти осмону Ер ва улардаги борки жонзот Уни поклаб ёд этади. Уни мақтов билан поклаб ёд этмаган бирор нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечирувчидир. 45. (Эй Муҳаммад), Қуръон қироат қилганингизда сиз билан охиратга имон келтирмайдиганлар ўртасига кўринмас ёпиқ парда тортиб қўямиз. 46. Ва уни англамасликлари учун қалбларида пардалар ва қулоқларида оғирлик қилиб қўйдик. Қуръонда Парвардигорингизнинг ёлғиз Ўзини зикр қилганингизда улар ортларига ўгирилиб кетишади. 47. «Биз улар сизни тинглашаётганда нега қулоқ солишаётганини ҳам, улар ўзаро пичирлаб гаплашаётганларида золимларининг: «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос» деганларини ҳам яхши биламиз». 48. (Эй Муҳаммад), улар сиз ҳақингизда қандай мисоллар келтиришганини кўринг. Улар адашишди, энди йўл топа олишмайди. 49. Улар: «Суяк ва чириган тупроққа айланиб бўлганимиздан кейин ҳам янгидан яратилиб, тирилтириламизми?» дейишди. 50. Сиз: «Тош ёки темир бўлсангиз ҳам;

51. ёки кўнглингизда мушкул кўринган бошқа бирон махлуқ бўлсангиз ҳам», деб айтинг. Шунда улар: «Бизни ким қайта тирилтиради?» дейишади. «Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», денг. Сизга бошларини қимирлатиб: «Бу қачон бўлади?» дейишади. «Шоядки, яқинда бўлса», денг. 52. У сизларни чорлайдиган Кунда Унга мақтов билан жавоб берасизлар ва жуда оз турганингизни гумон қиласизлар. 53. (Эй Муҳаммад), бандаларимга айтингки, улар гўзал нарсани сўзласинлар. Зеро, шайтон ораларини бузиб туради. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир. 54. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларни яхши билувчи Зотдир. Хоҳласа, сизларга раҳм қилади, хоҳласа, сизларни азоблайди. (Эй Муҳаммад), сизни улар устидан қўриқчи қилиб юборган эмасмиз. 55. Парвардигорингиз осмонлару Ердаги бор жонзотни яхши билувчидир. Ҳақиқатан баъзи пайғамбарларни баъзиларидан афзал қилдик ва Довудга Забурни бердик. 56. (Эй Муҳаммад), уларга: «Ундан ўзга гумон қилганларингизни чақиринглар. Шунда улар сиздан зарарни даф қилиб ёки буриб юбора олишармикин?!» деб айтинг. 57. Улар илтижо қилаётганларнинг ўзлари ҳам Парвардигорларига йўл излашади, қай бирларидир Унга яқинроқ бўлишни исташади. Унинг раҳматидан умид қилишади, азобидан эса қўрқишади. Ҳақиқатан Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир. 58. Бирор шаҳар-қишлоқ йўқки, уни қиёмат кунидан олдин ҳалок қилувчи бўлмасак ёки шиддатли азоб билан азобловчи бўлмасак. Бу Китобда битилгандир. 59. (Эй Муҳаммад), мўъжизалар юборишимиздан аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганларигина қайтаради. Самуд қабиласига туяни очиқ мўъжиза қилиб бердик, шунда унга зулм қилишди. Оятларни фақат қўрқитиш учунгина юборамиз. 60. Эсланг (эй Муҳаммад), сизга «Парвардигорингиз одамларни иҳоталаб-қамраб олгандир», деган эдик. Биз сизга кўрсатган «рўё»ни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни одамлар учун фақат бир синов қилдик, холос. Биз уларни қўрқитамиз, аммо бу уларнинг туғёнларини зиёда қилади. 61. Эсланг, фаришталарга «Одамга сажда қилинглар!» деганимизда сажда қилишди, фақат иблис: «Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» деди. 62. У: «Менга хабар бер-чи, мендан мукаррам қилганинг шуми? Агар мени қиёмат кунигача қолдирсанг, унинг оз қисмидан ташқари барча зурриётини жиловлаб оламан», деди. 63. У Зот айтди: «Боравер, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда шубҳасиз дўзах етарли жазоингиз бўлур; 64. улардан кучинг етганини овозинг билан қўзғат, улар устига отлиқ ва пиёда қўшинингни торт, топган мол-дунёси ва бола-чақаларида шерик бўл ва уларга ваъдалар қил». Ҳақиқатан шайтон уларга ёлғон-алдовдан бошқасини ваъда қилмайди;

65. «бандаларим устидан сенинг ҳеч қандай ҳукмронлигинг йўқ. Парвардигорингнинг Ўзи вакилликка кифоядир». 66. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. У сизларга раҳмлидир. 67. Денгизда сизларга фалокат етса, Ундан ўзга илтижо қиладиганларингиз ғойиб бўлур. Сизларга нажот бериб, қуруқликка чиқаргач эса, юз ўгирасиз. Инсон ўзи ношукрдир. 68. Сизларни қуруқлик томонидан ерга юттириб юборишидан ёки устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун халоскор топа олмай қолишдан хотиржаммисиз?! 69. Ёки У сизларни унга яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юборишидан, куфр келтирганингиз сабабли ғарқ қилиб юборишидан ва ўзингизга Биздан ўч олувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?! 70. Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азизу мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда кўтариб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик. 71. Биз барча одамларни ўз имомлари билан чақирадиган Кунни эсланг. Кимга китоби ўнг томонидан берилса, ўшалар китобларини ўқишади ва уларга заррача зулм қилинмайди. 72. Ким бу дунёда сўқир бўлса, у охиратда ҳам сўқир ва бутунлай йўлдан адашган бўлади. 73. (Эй Муҳаммад), улар Бизнинг шаънимизга бошқа нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун фитна қилиб, Биз ваҳий қилган нарсадан буриб юборишларига сал қолди. У ҳолда сизни дўст қилиб олган бўлишарди. 74. Агар сизни саботли қилмаганимизда, ҳақиқатан уларга мойил бўлишингизга оз қолган эди. 75. Шундай бўлганида сизга дунёда ҳам, охиратда ҳам икки ҳиссадан (азоб) тоттирган бўлардик. Сўнгра Биздан ҳимояланишга бирор ёрдамчи топа олмас эдингиз. 76. Улар сизни қўзғатиб, бу ердан чиқариб юборишларига сал қолди. Шундай бўлганда ҳам улар сиздан кейин кўп туришмайди. 77. Бу сиздан олдин юборган пайғамбарларимизнинг суннатидир. Бизнинг суннатимиз ўзгарганини кўрмайсиз. 78. Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо этинг ва «фажр Қуръони»ни ҳам. Зеро, «фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир. 79. Кечанинг бир қисмида таҳажжуд билан бедор бўлинг, у сизга нофиладир. Шоядки, Парвардигорингиз сизни Мақоми маҳмудда тирилтирса. 80. Ва айтингки: «Парвардигорим, кирадиган жойимга содиқлик билан киритиб, чиқадиган жойимдан содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато қил!». 81. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Ҳақ келди, ботил эса йўқ бўлди. Чунки ботил ҳамиша йўқ бўлувчидир». 82. Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга фақат зиённи кўпайтиради.

83. Инсонга неъмат ато этганимизда у юз ўгириб, четга бурилиб кетади. Унга ёмонлик етганида эса, ноумид бўлади. 84. «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилади. Парвардигорингиз ким тўғри йўлдалигини яхши билувчидир», деб айтинг. 85. (Эй Муҳаммад), сиздан руҳ ҳақида сўрашади. «Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир, сизларга жуда оз илм берилган», деб айтинг. 86. Агар хоҳласак, сизга ваҳий қилган нарсаларимизни кетказамиз. Сўнгра Бизга қарши ўзингизга вакил топа олмайсиз. 87. Парвардигордан марҳамат бўлсагина, мустасно. Албатта, Унинг фазлу карами сиз учун каттадир. 88. Айтинг: «Агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бунда бир-бирларига ёрдамчи бўлишса ҳам унга ўхшашини келтира олишмайди». 89. Дарҳақиқат, ушбу Қуръонда одамларга турли мисолларни баён қилдик. Шунда одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар. 90. Улар шундай дейишди: «То бизларга шу ердан булоқ чиқариб бермагунингча асло сенга имон келтирмаймиз»; 91. ёки сенинг хурмозоринг ва узумзоринг бўлсаю улар орасидан анҳорларни оқизиб қўймагунингча; 92. ёки ўзинг даъво қилганингдек, устимизга осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча ёхуд Аллоҳ ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча; 93. ёки олтиндан бир уйинг бўлмагунича ёхуд осмонга кўтарилмагунингча ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча ўша кўтарилишингга ҳам ишонмаймиз». Айтинг (эй Муҳаммад): «Парвардигорим покдир, мен фақат башардан чиққан Расулман, холос!». 94. Одамларга ҳидоят келган пайтда имон келтиришларидан «Аллоҳ одамзоддан пайғамбар юборадими?» дейишларигина тўсди. 95. «Агар ер юзида фаришталар юрган бўлишганида уларга осмондан фариштадан пайғамбар туширган бўлар эдик», деб айтинг. 96. «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. Албатта, У Ўз бандаларини яхши билади ва кўриб турувчидир», деб айтинг. 97. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ўша ҳидоят топувчидир, кимни адаштирса, улар учун Ундан ўзга зинҳор мададкор топа олмайсиз. Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплаймиз. Уларнинг турар жойлари дўзахдир. У қачон пасайиб қолса, уларга ловуллаган оловни зиёда қиламиз. 98. Мана шу оятларимизга куфр келтирганлари ва «Агар суяк ва чириган тупроққа айлансак ҳам янгитдан яратилиб, қайта тирилтириламизми?!» деганларининг жазосидир. 99. Улар осмонлару Ерни яратган Аллоҳ уларга ўхшашини ҳам яратишга қодир эканини ва улар учун шак-шубҳасиз ажал белгилаганини билмайдиларми?! Аммо золимлар куфрдан бошқасидан бош тортишди.

100. (Эй Муҳаммад): «Агар сизлар Парвардигоримнинг раҳмат хазиналарига эга бўлсангиз ҳам уни сарфлашдан қўрқиб, мумсиклик қилган бўлар эдингиз. Инсон зоти ўзи хасис бўлади», деб айтинг. 101. Ҳақиқатан Мусога тўққизта очиқ-ойдин мўъжиза бердик. Бани Исроилдан унинг уларга келган пайтдагини сўрагин. Шунда Фиръавн унга: «Мен сени, эй Мусо, сеҳрлангансан деб ўйлайман», деди. 102. У: «Анавиларни фақат осмонлару Ернинг Парвардигори ибрат қилиб туширганини яхши биласан. Сени, эй Фиръавн, албатта ҳалок бўлувчисан деб ўйлайман», деди. 103. Шунда уларни ердан қўзғатиб, чиқармоқчи бўлди. Шунда уни ва у билан бирга бўлганларни жамлаб, ғарқ қилдик. 104. Шундан кейин Бани Исроилга: «Мана шу ерни маскан тутинглар. Охират ваъдаси келган чоғда ҳаммангизни тўплаб, келтирамиз», дедик. 105. Уни ҳақ билан нозил қилдик ва у ҳақ билан нозил бўлди. Сизни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи этиб юбордик, холос. 106. Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак нозил этдик. 107. (Эй Муҳаммад): «Унга имон келтиринглар ёки келтирманглар – барибир. Олдин илм берилганларга у тиловат қилинганда юзлари билан саждага йиқилишади», деб айтинг. 108. Улар: «Парвардигоримиз покдир, Парвардигоримизнинг ваъдаси албатта амалга ошади», дейишади. 109. Йиғлаб, юзлари билан йиқилишади ва бу хокисорликларини зиёда қилади. 110. «Аллоҳ деб чорланг ёки Раҳмон деб чорланг, қандай чорласангиз ҳам энг гўзал исмлар Уникидир», деб айтинг. Намозингизни жуда жаҳрий ҳам ўқиманг, уни жуда махфий ҳам ўқиманг, шуларнинг ўртасидаги йўлни тутинг. 111. «Фарзанд тутмаган, ҳукмронлигида шериги бўлмаган ва хорликдан қутқарувчи дўстсиз Аллоҳга ҳамд бўлсин», денг ва Уни улуғлаб такбир айтинг! 18. КАҲФ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 110 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ўз бандасига Китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. 2. Уни тўғри қилган, Ўз ҳузуридан бўладиган оғир азобдан огоҳлантирадиган, солиҳ амалларни қилувчи мўминларга гўзал ажр башоратини берадиган Зотдир. 3. У ерда абадий қолувчидирлар. 4. Ва «Аллоҳ Ўзига бола тутди» деганларни огоҳлантириш учун. 5. Уларнинг ҳам, ота-боболарининг ҳам бу ҳақда илмлари йўқ. Оғизларидан чиқувчи сўз оғирдир! Улар фақат ёлғонни сўзлашяпти.

6. (Эй Муҳаммад), улар бу Сўзга имон келтиришмаса, балки уларнинг ортидан афсус билан ўзингизни ҳалок қилмоқчи бўларсиз?! 7. Биз уларнинг қай бирлари чиройли амал қилишини синаш учун ер юзидаги нарсаларни зеб-зийнат қилиб қўйганмиз. 8. Биз унинг юзидаги нарсаларни қуп-қуруқ тупроққа айлантирувчимиз. 9. (Эй Муҳаммад), ғор ва битик эгаларини мўъжизаларимизнинг энг ажойиби деб ўйладингизми? 10. Йигитлар ғорга жойлашгач, «Парвардигоримиз, бизга ҳузурингдан раҳмат бергин ва ишимизни Ўзинг ўнглагин», дейишди. 11. Шунда бир неча йилга ғорда уларнинг қулоқларига парда уриб қўйдик. 12. Сўнгра икки гуруҳдан қай бири улар турган муддатни ҳисобловчироқ эканини билиши учун уларни уйғотдик. 13. Биз сизга уларнинг хабарларини ҳақ билан сўзлаб берурмиз. Улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз ҳидоятни зиёда қилган йигитлардир. 14. Уларнинг қалбларини қувватлантирдик. Ўшанда улар туриб шундай дейишди: «Парвардигоримиз осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Ундан ўзга бирон «илоҳ»га асло илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз; 15. манави қавмимиз эса Ундан ўзгани «илоҳ» қилиб олди. Ўзлари учун очиқ-ойдин ҳужжат келтира олишармикин? Аллоҳ шаънига ёлғон тўқигандан ҳам золимроқ ким бор?». 16. Улар: «Модомики, улардан ва Аллоҳдан ўзга улар сиғинаётган нарсалардан юз ўгирган бўлсангиз, ғордан паноҳ топинглар. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳматини кенг қилади ва ишларингизда осонлик яратади», дейишди. 17. Қуёш чиққанда ўнг томондан уларнинг ғоридан қиялаб ўтаётганини, ботганда эса чап тарафдан уларни ташлаб ўтаётганини, улар эса унинг кенг жойидалигини кўрасиз. Бу ҳам Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Аллоҳ кимни ҳидоятга бошласа, ўша ҳидоят топувчидир. Кимни адаштирса, унга тўғри йўл кўрсатувчи бирон дўст топа олмайсиз. 18. Уларни уйғоқ деб ўйлайсиз, ҳолбуки, уйқудадирлар. Уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турамиз. Итлари эса остонада олд оёқларини чўзиб ётибди. Агар уларни кўрганингизда ортга қараб қочар ва улардан қўрқувга тўлган бўлар эдингиз. 19. Ва ўзаро савол-жавоб қилишлари учун уларни шу ҳолатда уйғотдик. Улардан бири: «Қанча қолдинглар?» деди. Улар: «Бир кун ёки кунинг бир қисмича қолгандирмиз», дейишди. Яна айтишди: «Қанча қолганингизни Парвардигорингиз билувчидир, энди бирортангизни шаҳарга ушбу пулингиз билан юборинг, покиза емакларни танлаб, улардан сизларга егулик келтирсин ва эҳтиёт бўлсин, сизларни бировга ҳаргиз сездириб қўймасин»; 20. «чунки агар улар сизни қўлга олишса, тошбўрон қилишади ёки ўз динларига қайтаришади. У ҳолда зинҳор нажот топа олмайсиз».

21. Шундай қилиб, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат ҳақида ҳеч шубҳа йўқ эканини билишлари учун уларни билдирдик. Ўшанда уларнинг иши ҳақида ўзаро тортиша бошлашди: «Уларнинг устларига бино барпо қилинглар, Парвардигорлари уларни яхши билувчидир», дейишди. Ҳукмронлик қилаётганлар эса: «Уларнинг устларига албатта масжид қуриб оламиз», дейишди. 22. Ҳали улар «Учтадирлар, итлари тўртинчи», дейишар? Балки «Бештадирлар, итлари олтинчи», деб ғайбга тош ҳам отишар? Эҳтимол «Еттитадирлар, итлари саккизинчи» ҳам дейишар? (Эй Муҳаммад): «Уларнинг саноғини Парвардигорим яхши билувчидир, уларни жуда озчилик билур», денг. Улар ҳақида талашиб юрманг, фақат очиқ талашиш бўлса, майли. Улар ҳақида буларнинг ҳеч биридан фатво ҳам сўраманг. 23. Зинҳор бирор нарсани: «Буни эртага албатта қиламан», деманг; 24. балки «Аллоҳ хоҳласа», денг. Унутиб қўйсангиз, Парвардигорингизни зикр қилинг ва: «Шояд Парвардигорим мени бундан яқинроқ яхшиликка ҳидоят қилса», денг. 25. Ва ғорларида уч юз йил қолишди ва тўққизни зиёда ҳам қилишди. 26. (Эй Муҳаммад): «Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ яхши билувчидир. Осмонлару Ернинг ғайби Унга хосдир. У нақадар кўрувчи ва эшитувчидир. Уларга Ундан ўзга дўст йўқдир ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди», денг. 27. Сизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китобидан тиловат қилинг. Унинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ, Ундан ўзга паноҳни ҳам топа олмайсиз. 28. Эртаю кеч Парвардигорларининг «юзи»ни истаб, Унга дуо қилувчилар билан бирга сабр қилинг. Дунё ҳаётининг зийнатини хоҳлаб, улардан кўзларингизни четлатманг. Қалбини зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилманг. 29. «Ҳақ Парвардигорингиздандир. Ким хоҳласа, имон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», деб айтинг. Биз золимларга алангаси уларни ўраб оладиган ўт-оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган ёғ каби юзларни қовурувчи сув берилади. Нақадар ёмон ичимлик у ва нақадар ёмон жой у! 30. Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганлар (билишсинки), Биз яхши амал қилганларнинг мукофотини зое қилмаймиз. 31. Ана шуларга остларидан анҳорлар оқиб турадиган боқий жаннатлар бордир. У ерда олтин билагузуклар билан безанишади, сундус ва истабрақдан яшил либослар кийишади. Улар у ерда сўриларда суяниб ўтиришади. Нақадар яхши мукофот ва нақадар ҳузурланиш жойи! 32. (Эй Муҳаммад), уларга икки кишининг мисолини келтиринг. Улардан бирига икки узумзор боғ бериб, уларни хурмо билан ўраган ва ўртасини экинзор қилган эдик. 33. Ҳар икки боғ бекаму кўст ҳосил берар ва улар орасидан анҳор оқизиб қўйган эдик.

34. Унинг меваси ҳам бор эди. У ўз шериги билан гаплашар экан: «Бойлигим сеникидан кўпроқ ва одамларим ҳам бақувватроқ», деди. 35. У боғига кирар экан, ўзига зулм қилган ҳолида шундай деди: «Мен ҳеч қачон буни йўқ бўлади, деб ўйламайман; 36. қиёмат ҳам қоим бўлмаса керак, деб ўйлайман. Агар Парвардигоримга қайтарилсам ҳам, албатта бундан яхши оқибатни топаман». 37. Гаплаша туриб шериги унга шундай деди: «Сени тупроқдан, сўнгра нутфадан яратган ва бекаму кўст инсон этиб ростлаган Зотга куфр келтирдингми?!; 38. лекин мен: «У – Аллоҳ менинг Парвардигоримдир ва Унга ҳеч кимни шерик қилмайман», дейман. 39. Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур, куч-қувват фақат Аллоҳ биландир» десанг эди! Агар мол-дунё ва бола-чақа борасида мени ўзингдан пастроқ деб билсанг; 40. ажаб эмаски, Парвардигорим менга боғингдан яхшироғини берса, сеникига осмондан офат юбориб, у теп-текис ерга айланиб қолса; 41. ёки суви ерга сингиб кетиб, уни мутлақо топа олмай қолсанг». 42. Унинг меваси (офат билан) ўраб олинди. Ўзи эса унга сарфлаган нарсаларига чапак чалиб қолаверди. Қулаб ётган ишкомларни кўриб: «Қанийди Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда», дерди. 43. Унга Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган гуруҳ ҳам бўлмади, ўзи ёрдам берувчи ҳам бўлмади. 44. Ўша жойда мадад Ҳақ Аллоҳга хосдир. У мукофоти яхши ва оқибати хайрли Зотдир. 45. (Эй Муҳаммад), уларга дунё ҳаётининг мисолини келтиринг. У Биз осмондан сув туширганимизда унинг сабаби билан ер набототлари аралашиб чиққани, сўнг хашакка айланиб, уни шамол учириб кетганига ўхшайди. Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зотдир. 46. Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Боқий қолувчи солиҳ амаллар Парвардигорингиз ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир. 47. Биз тоғларни юрғизадиган ва сизлар ерни яланғоч кўрадиган Кунни эсланг! Ўшанда уларнинг бирортасини қўймай тўплаймиз. 48. Улар Парвардигорингизга саф тортган ҳолларида рўбарў қилинадилар (ва Биз уларга айтурмиз): «Сизларни илк бор қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда Бизга келдингиз. Балки Бизни сизларга бирор вақтни ваъда қилгани йўқ деб ўйлаганмидингиз?». 49. Ва китоб қўйилади. Шунда гуноҳкорларни ундаги нарсадан қўрққан ҳолларида кўрасиз. Улар: «Шўримиз қуриб қопти! Бу қандай китобки, кичигини ҳам, каттасини ҳам қолдирмай ҳисоб қилибди-я!» дейишади ва амалларини ҳозирланган ҳолда кўришади. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмайди. 50. Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни эсланг. Шунда сажда қилишди, фақат иблис қилмади. У жинлардан эди. У Парвардигорининг амрига бўйсунмади. Энди Мени қўйиб, уни ва

зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Улар сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир! 51. Уларни на осмонлару Ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилганман ва адаштирувчиларни ёрдамчи қилиб олган ҳам эмасман. 52. У: «Менга «шериклар» деб ўйлаганларингизни чақиринг» деган Кунда уларни чақиришади. Шунда улар жавоб бермайди ва уларнинг ўрталарига ҳалокат чоҳи қилиб қўйган бўламиз. 53. Гуноҳкорлар оловни кўриб, ўзларининг унга тушишларини билишади, аммо ундан қочишга жой топа олмайдилар. 54. Ҳақиқатан ушбу Қуръонда одамларга турли мисолларни баён қилдик. Инсон кўп тортишувчи бўлган эди. 55. Одамларга ҳидоят келганида уларнинг имон келтиришларидан ва Парвардигорларидан мағфират сўрашларидан фа-қат олдин ўтганларнинг йўли келиши ёки очиқ-ойдин азоб келиши тўсди. 56. Пайғамбарларни хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборамиз, холос. Куфр келтирганлар эса ноҳақ тортишиб, ботил билан ҳақни енгмоқчи бўлишади ҳамда оятларимни ва ўзлари огоҳлантирилган нарсаларни масхара қилишади. 57. Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганда улардан юз ўгирган, ўзи қилиб ўтган нарсаларни унутган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Дарҳақиқат, Биз уни англамасликлари учун уларнинг қалбларига қулф уриб, қулоқларини оғирлаштириб қўйдик. Уларни ҳидоятга чақирсангиз ҳам, асло ҳидоятга юришмайди. 58. Парвардигорингиз мағфират, раҳм-шафқат эгасидир. Агар уларни қилмишлари сабабли тутганида, уларга азобни тезлаштирган бўлар эди. Лекин уларга ваъда қилинган вақт борки, ундан ўзга бирор паноҳ топишмайди. 59. Анави шаҳарларни ҳам зулм қилишгач, ҳалокат пайтларини аниқ белгилаб қўйиб ҳалок этганмиз. 60. Мусо ўз йигитига: «Икки денгиз қўшиладиган жойга етмагунимча, ҳатто йиллар ўтиб кетса ҳам, юравераман» деганини эсла. 61. Иккови (денгизлар) қўшиладиган ерга етишганда балиқларини унутишди. Шунда у денгиз тубига тушиб кетди. 62. Ундан ўтишлари биланоқ у йигитга: «Тушлигимизни келтир. Дарҳақиқат, бу сафаримизда чарчаб қолдик», деди. 63. У: «Буни қаранг-а, харсанг ёнидагилигимизда балиқни унутибман. Сизга айтишни шайтонгина унуттирибди. Ажабо, денгизга йўл олибди», деди. 64. У: «Мана шу биз истаган нарса», деди. Сўнг келган йўлларидан изларига қайтишди. 65. Шунда у бандаларимиздан бирини топди. Унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато қилган ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик. 66. Мусо унга: «Сенга ўргатилган илмдан менга ҳам ўргатишинг учун сенга эргашсам майлими?» деди. 67. У: «Сен мен билан бирга юришга сабр қила олмайсан;

68. илми иҳотангда бўлмаган нарсага қандай ҳам сабр қиласан?» деди. 69. Мусо: «Иншааллоҳ, менинг сабрли эканимни кўрасан ва ҳеч бир ишда сенга итоатсизлик қилмайман», деди. 70. У: «Агар менга эргашсанг, то ўзим айтмагунимча бирор нарса ҳақида мендан сўрамагин», деди. 71. Шунда йўлга тушишди. Кемага минишлари билан уни тешиб қўйди. У: «Одамларни ғарқ қилиш учун буни тешдингми?! Жуда ўринсиз иш қилдинг-ку?!» деди. 72. (Хизр): «Мен билан бирга бўлишга сабр қила олмайсан», демаганмидим?» деди. 73. (Мусо): «Унутганим учун мени айблама, ишимда қийинчиликка солма», деди. 74. Сўнгра улар яна йўлга тушишди. Ниҳоят бир болани учратганларида (Хизр) уни ўлдирди. У: «Ҳеч кимни ўлдирмаган бегуноҳ жонни ўлдирасанми?! Жуда ёмон иш қилдинг-ку?!» деди. 75. У айтди: «Сенга «Мен билан бирга бўлишга сабр қила олмайсан», демаганмидим?!». 76. (Мусо): «Агар бундан кейин сендан яна бирор нарса сўрасам, мен билан ҳамроҳлик қилмай қўявер. Ҳақиқатан мени маъзур тутишни охирига етказдинг», деди. 77. Сўнгра яна йўлга тушишди. Бир шаҳарга келишганда унинг аҳлидан таом сўрашди. Қавм икковларини зиёфат қилишдан бош тортди. Кейин у ерда йиқилай деб турган бир деворни кўришди. Шунда (Хизр) уни тиклаб қўйди. У: «Хоҳлаганингда бунинг учун ҳақ олар эдинг», деди. 78. У: «Мана шу мен билан сенинг ажрашишимиздир. Энди сен сабр қила олмаган нарсаларнинг таъвилини сенга айтиб бераман», деди. 79. «Кемага келсак, у денгизда ишлайдиган мискинларники эди. Ўшанда мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. Чунки ортларидаги бир подшоҳ барча кемаларни тортиб олаётган эди; 80. энди болага келсак, ота-онаси мўмин кишилар эди. Ўшанда биз унинг туғён ва куфр билан икковини қийнаб қўйишидан қўрқдик; 81. шу сабабли Парвардигорлари бунинг бадалига уларга покизаликда ва меҳрибонликда ундан кўра яхшироғини беришини ирода қилдик; 82. деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковига тегишли хазина бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Парвардигоринг икковининг вояга етиб, Парвардигорингнинг раҳмати бўлган хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Буни ўзимча қилганим йўқ. Сен сабр қила олмаган нарсаларнинг таъвили мана шудир». 83. Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрашади. «Сизларга унинг ҳақидаги зикрни тиловат қилиб бераман», денг. 84. Биз унга ер юзида имкониятлар бердик ва ҳамма нарсасига йўл ато қилдик. 85. Шунда у сабабга эргашди.


Like this book? You can publish your book online for free in a few minutes!
Create your own flipbook