ВАЗИРЛАР: ТАРИХ ВА БУГУН Тошкент-2023
Ташмухамед Алиевич Саримсоқов (раҳбарлик даври 1959-1971 йй.) 1915 йилнинг 10 сентябрида Андижон вилоятининг Шаҳрихон қишлоғида (ҳозирги Шаҳрихон шаҳрида) туғилган. У ўқишни шу ердаги анъанавий мактабда бошлаб, оиласи Қўқонга кўчиб ўтгандан кейин янги саккиз йиллик мактабда давом эттирган ва мазкур мактабни 1931 йили намунали хулқ билан тугатган. Шундан сўнг Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тайёрлов факультетига ўқишга кирган ва шу йилнинг сентябрида физика-математика факультети талабалигига қабул қилинган. 1936 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг физика-математика факультетини муваффақиятли тамомлаб, аспирантурага кирган ва унга раҳбар сифатида В.И.Романовский тайинланган. 1938 йилнинг сентябридан Ўрта Осиё давлат университети физика- математика факультетида доцент, 1938 йилдан 1941 йилнинг августигача умумий математика кафедраси мудири ва декан муовини лавозимида фаолият кўрсатган. 1941-1945 йилларда ҳарбий хизматда бўлган Т.А.Саримсоқов эҳтимоллар назарияси, математик статистика ва уларнинг татбиқлари билан астойдил шуғулланишда давом этган. 1942 йилда “Ҳолатлар тўплами саноқли бўлган бир жинсли стохастик жараёнлар назарияси” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. 1960 йилда самарали илмий фаолияти учун Т.Саримсоқовга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби” фахрий унвони берилган. 2
Топологик яриммайдонлар ва уларнинг татбиқлари соҳасида дастлаб олинган асосий натижалар Т.Саримсоқовнинг М.Я.Антоновский ва В.Г.Болтянский билан биргаликда ёзган “Буль топологик алгебралари” (Тошкент, 1963 й.) монографиясида ҳамда 1966 йилда “Успехи математических наук” журналида босилган шу номдаги мақолада батафсил баён қилинган. Бу монография учун муаллифлар 1967 йилда М.Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти билан тақдирланди. Монография инглиз тилига таржима қилиниб, АҚШда нашр этилган. Т.А.Саримсоқов томонидан 170 дан ортиқ илмий ишлар, 8 та монография ва иккита дарслик, кўплаб илмий-оммабоп мақолалар нашр этилган. Олим Ўзбекистоннинг йирик фан ташкилотчиларидан бири сифатида Фанлар академиясининг тамал тошини қўйганлар сафида бўлган, 1943 йилдан академия аъзоси, 1946 йилдан 1952 йилгача унинг президенти бўлган. 1943-1944, 1952-1958, 1971-1983 йилларда Тошкент давлат университетининг ректори лавозимида фаолият юритган ва бунда унинг педагог-олим, тарбиячи ва ташкилотчи сифатидаги салоҳияти янада яққол намоён бўлган. 1959 йилдан 1960 йилгача Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус давлат қўмитаси раиси, 1960 йилдан 1971 йилгача Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири сифатида Ўзбекистонда олий таълимнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган. Республикамизнинг кўплаб олий таълим муассасаларида математика кафедраларининг ташкил этилиши ва ривожланиши Т.А.Саримсоқов номи билан бевосита боғлиқ. Т.Саримсоқов кўплаб халқаро илмий ва ижтимоий-сиёсий анжуманлар қатнашчиси бўлган. Йирик олим ва жамоат арбоби сифатида дунёнинг 30 га яқин мамлакатида бўлиб, юртимиз илм-фани ютуқларини тарғиб қилган. Атоқли олим самарали педагогик фаолияти ва илмий кадрларни тайёрлашдаги хизматлари учун кўплаб орден ва медаллар билан тақдирланган. Меҳнат Қаҳрамони унвонига ҳам сазовор бўлган. 2002 йилда Ўзбекистонда фан ва таълимни ривожлантиришга қўшган юксак ҳиссаси учун Т.Саримсоқов вафотидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. 3
Ғанижон Абдурахмонов (раҳбарлик даври 1971-1979 йй.) 1925 йил 3 декабрда Фарғона шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топган. 1942 йилда ўрта мактабни, 1946 йилда Фарғона давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини имтиёзли тамомлагач, шу олий даргоҳда ўқитувчи лавозимида фаолият юритган. 1950 йилда профессор У.Турсунов раҳбарлигида (СамДУда) “Ҳозирги ўзбек адабий тилида субстантивация” мавзусида номзодлик, 1960 йилда “Ўзбек адабий тилининг қўшма гап синтаксиси асослари” мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. 1966-1971 йилларда Фарғона давлат педагогика институти ректори, 1971-1979 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, 1979-1983 йилларда Жаҳон тиллари университети ректори, 1983-1988 йилларда Тошкент давлат педагогика институти ректори, 1989-1990 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитаси раиси лавозимларида меҳнат қилган. Ғ.Абдураҳмонов ўзбек тилшунослиги олдида турган вазифаларни биринчилардан бўлиб аниқлаб берган ва тилимиз ривожи йўлида йирик тадқиқотлар олиб борган таниқли ўзбек олими бўлиб, нашр этилган 200 номдаги 380 босма табоқли илмий ишлар муаллифидир. Улар орасида “Исследование по старотюркскому синтаксису”, “Ўзбек халқининг ва тилининг ривожланиш тарихи” (1999), “Миллий тилларнинг тараққиёти” (1962), “Қадимги туркий тил” (1983), “Ҳозирги ўзбек адабий тили” (синтаксис, 1998), “Атама луғатларини тузиш” (ахборот 4-3-сонлар, 1993) каби ўзбек тилининг тарихи, ривожланиши ҳамда унинг назарий масалаларини ёритувчи муҳим аҳамиятга молик бўлган йирик тадқиқотлар мавжуд. 4
Академик Ғ.Абдураҳмоновнинг тадқиқотлари ўзбек, рус, турк, араб ва инглиз тилларида чоп этилган бўлиб, ўзбек тили муаммолари ҳақидаги илмий қарашлари Туркия (1965-1970, 1999-2000 йилларда), Финляндия (1979 йил), Москва, Санкт-Петербург, Ашхобод, Бокуда ўтказилган назарий анжуманларда баён қилинган. Илмий ишларининг асосий умумий тилшунослик ва туркологиянинг назарий муаммоларига, тилнинг социал ва фалсафий масалаларига, миллий тиллар тараққиётига бағишланган. 1970 йилда олим ташаббуси билан М.Кошғарийнинг “Девону луғотит- турк” асарининг 900 йиллигига бағишланган халқаро анжуман ташкил этилган. Ушбу анжуманда хорижлик туркийшунос олимлардан академиклар А.Н.Кононов, А.М.Шчербак, А.Р.Тенишев (Россия), М.М.Мусаев (Қозоғистон), профессорлар М.З.Закиев (Татаристон), Р.Г.Сибагатовлар (Россия) иштирок этган. Академик Ғ.Абдураҳмоновнинг китоблари Англия, Америка, Франция, Туркия кутубхоналарида сақланмоқда. Йирик олим ёш тадқиқотчиларнинг меҳрибон устози сифатида 10 га яқин докторлик ҳамда 37 та номзодлик диссертациясиига илмий раҳбарлик қилган, ФарДУда тилшунослик йўналиши бўйича фан докторлари ва номзодлари етишиб чиқишида беқиёс хизмат кўрсатган. Устоз қаерда ва қандай лавозимларда ишламасин, етук олим, самимий ва ҳалол инсон, моҳир педагог, қатъиятли ва ташкилотчи раҳбар, энг муҳими, инсонпарвар киши сифатида катта обрў-эътибор қозонган. Ғ.Абдураҳмонов тилшуносликда ўзига хос кенг қамровли мактаб ярата олган катта олим, ноёб истеъдод эгаси бўлиб, ўзбек халқи тарихи ҳамда тилшунослик фанлари ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаши депутати этиб сайланган. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони, “Шуҳрат” медали (1994) билан тақдирланган. 5
Пўлатов Салим Пўлатович (раҳбарик даври 1978-1985 йй.) 1930 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1946 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш инженерлари институтига ўқишга кирган ва уни 1951 йилда битириб, муҳандис-механик олий маълумотини қўлга киритган. Институт илмий кенгаш қарорига биноан, аспирантурада ўқишга тавсия қилинган. Уни битиргач, 1954 йилдан шу институтда турли лавозимларда, яъни ассистент, катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири сифатида фаолият кўрсатган. 1958 йилда техника фанлари номзоди илмий унвонига сазовор бўлган олим институтнинг қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультетида декан муовини, 1959 йилдан эса декан лавозимларида ишлаган. Марказий Фарғона, Мирзачўл ва Қаршичўл ерларини ўзлаштириш мақсадида 1960 йил Андижон шаҳрида, 1974 йил Қарши шаҳрида, 1975 йил Янгиер шаҳрида институтнинг филиаллари ва кейинчалик уларни асосида мустақил олий ўқув юртлари барпо этишда ўз ҳиссасини қўшган. 1961-1978 йиллари институт ректори лавозимида ишлаган П.Пўлатовга профессор илмий унвони берилган, икки марта “Меҳнат қизил байроқ”, икки марта “Ҳурмат белгиси” орденлари ҳамда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги механизатори” унвони ва Ўзбекистон ҳукуматининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. 1993 йилда Россия Транспорт академиясини ҳақиқий аъзоси илмий унвонига сазовор бўлган. 1961-1978 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислар институти ректори, 1978-1985 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, 6
1985-1991 йилларда Тошкент автомобиль транспорти ва йўллари институтида ректорлик лавозимларида ишлаган. 1991 йилдан умрининг охиригача Президент девонидаги “Авф қилиш” комиссияси раиси лавозимида фаолият юритган. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ўзбек халқининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол қатнашиб келган С.Пўлатов бир неча бор Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Тошкент вилоят халқ депутатлигига сайланган. У Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашини IХ, Х, ХI, ХII чақириқлари сайловида халқ депутатлигига сайланиб, жамият ҳаётида фаол қатнашган. С.Пўлатов Ўзбекистон Олий кенгашининг “Фан ва экология” қўмитаси аъзоси бўлиб, билими, тажриба ва ташаббуси билан соҳа тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Пўлатов Салим Пўлатович бутун меҳнат фаолиятини олий мактаб тизими ривожига бағишлаган. У 35 йилга яқин (1961-1994) олий мактаб соҳасида вазир (7 йил) ва ректор лавозимларида (28 йил) ишлаган. Олим 200 дан ортиқ илмий асарлар ва мақолалар муаллифидир. Ўзбекистон олий таълим соҳасига оид 2 та монография ҳамда қишлоқ хўжалик машиналари соҳасидаги 10 дан ортиқ ихтироларга муаллифдир. Унинг илмий раҳбарлигида бир неча фан номзодлари тайёрланган. Дунё мамлакатларига мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлашдаги хизматлари учун Мўғулистон Халқ демократик давлатининг Фахрий ёрлиғи ҳамда Вьетнам ҳукуматининг “Дўстлик” медали билан тақдирланган. Пўлатов Салим Пўлатович Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, 1993 йилда Россия Транспорт академиясининг ҳақиқий аъзосидир. 7
Салохиддинов Маҳмуд Салоҳиддинович (раҳбарлик даври 1985-1988 йй.) 1933 йил 23 ноябрда Наманган вилояти Наманган шаҳрида туғилган. 1950 йил Наманган шаҳридаги 4-сонли мактабни тамомлаб, шу йили Ўрта Осиё давлат университетининг физика-математика факультетиша ўқишга кирган. 1955 йил университетни муваффақиятли тамомлаган. 1955-1958 йилларда Ўрта Осиё давлат университети аспиранти, 1958 йил физика-математика фанлари номзоди, 1967 йил физика-математика фанлари доктори, 1969 йил профессор унвонига эга бўлган. 1958-1959 Тошкент давлат университети физика-математика факультети ассистенти, 1959-1964 йилларда Фанлар академияси В.И.Романовский номли Математика институти кичик, катта илмий ходими, 1964-1966 йилларда институтнинг дифференциал тенгламалар бўлими мудири, 1966-1985 йилларда директор ўринбосари ва директори, 1984-1985 йилларда Фанлар академияси вице-президенти, 1985-1988 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, 1988-1994 йилларда Фанлар академияси президенти, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси маърузалари” журналининг бош муҳаррири, Фан ва техника соҳаси бўйича Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти қўмитасининг раиси, 1988-1997 йилларда Республика “Билим” жамияти бошқаруви раиси, 1990-1996 йилларда Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институтининг физика-математика фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимояси бўйича ихтисослашган кенгаш раиси, физика-математика бўлими раиси, 1997-2011 йилларда Ўзбекистон Миллий университети Математика институти дифференциал тенгламалар бўлими мудири лавозимларида фаолият кўрсатган. 2011 йилдан 8
то умрининг охирига қадар Ўзбекистон Миллий университети дифференциал тенгламалар кафедраси профессори лавозимида фаолият олиб борган. 1976 йил “Халқ маорифи аълочиси”, 1992 йил “Мустақиллик нишони”, 2003 йил “Меҳнат шуҳрати”, 2007 йил “Буюк хизматлари учун”, 2017 йил “Фидокорона хизматлари учун” орден ва медаллари билан тақдирланган. 1984 йилда эса Маҳмуд Салохиддиновга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони берилди. М.С.Салоҳиддинов 5 та монография, 6 та дарслик, 6 та ўқув қўлланма ҳамда республика ва халқаро матбуотда нашр қилинган 247 та илмий ва 74 та илмий-оммабоп асарлар муаллифидир. 9
Заидов Миргияс Аббасович (раҳбарлик даври 1988-1990 йй.) 1930 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1953 йилдан КП аъзоси, иқтисодиёт фанлари номзоди бўлган. 1951 йилда хўжалик, жамоатчилик ва сиёсий ишларда фаолият олиб борган. 1951-1986 йилларда ўрта мактаб ўқитувчиси, Собиқ совет давридаги комсомол ишларида ишлаган, Ўзбекистон КП туман қўмитаси котиби, Ўзбекистон КП Марказий қўмитаси бўлими мудири, Ўзбекистон КП Тошкент саноати вилоят қўмитаси иккинчи котиби, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмаси қўмитаси раиси, сўнг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича давлат қўмитаси раиси, Ўзбекистон КП Тафтиш комиссияси раиси, 1986-1988 йилларда Тошкент Халқ хўжалиги институти ректори, 1988-1990 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири (1988 йилда иккита вазирлик бирлашиб, Халқ таълими вазирлиги ташкил этилган ва 1990 йилда яна Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги номи билан ажралган) лавозимларида фаолият кўрсатган. Олимнинг ўзбек футболига қўшган ҳиссаси алоҳида таҳсинга сазовор. У собиқ СССР футбол федерацияси президиуми аъзоси, Ўзбекистон футбол федерацияси биринчи раиси бўлган.1964-1990 йилларда Умумжаҳон ҳимояси қўмитаси аъзоси, Жаҳон ҳимояси Совет қўмитасининг раиси ўринбосари, Жаҳон ҳимояси ва Жаҳон фонди Ўзбекистон қўмитаси раиси лавозимларидан ҳам ишлаган. Заидов Миргияс Аббасович 60 дан ортиқ давлатларга расмий ташриф буюрган. У 6 та монография ва адабиётлар муаллифи. Шунингдек, кўплаб фан номзодлари ва фан докторларига илмий раҳбарлик қилган. Собиқ Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи Юқори кенгаши 7, 8 ва 9 чақириқларида депутатликка сайланган. 10
Алимов Шавкат Орифжонович (раҳбарлик даври 1990-1992 йй.) 1945 йил 2 март куни Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида туғилган. Мактабни 1962 йилда олтин медаль билан битиргач, Москва давлат университетининг физика факультетига ўқишга кирган ва уни математика кафедраси бўйича 1968 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1968-1970 йилларда аспирантурада ўқиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1973 йилда Москва давлат университетида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. 1974 йилда 29 ёшида Москва давлат университетининг ҳисоблаш математикаси ва кибернетика факультети профессори лавозимига танлов асосида сайланган. 1984 йилда Тошкент давлат университети профессори лавозимига ишга қабул қилинган, 1985 йилдан Фанлар академияси Математика институти директор ўринбосари лавозимида ишлаган. 1985 йилда Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори бўлган. 1985-1987 йилларда Самарқанд давлат университети ректори, 1987-1990 йилларда Тошкент давлат университети ректори, 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазири сифатида фаолият юритган. 1992-1994 йилларда Тошкент давлат университети амалий математика факультети математика ва физика кафедраси мудири, 1994-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари, 1995-1998 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси, 1998-2003 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг илмий ишлар бўйича проректори лавозимларида меҳнат қилган. 150 дан ортиқ илмий мақолалар ва кўплаб ўқув-методик ишлар муаллифи. Унинг шогирдлари орасидан 7 та фан доктори ва 20 дан ортиқ фан номзодлари етишиб чиққан. 11
Абдуллаев Жура Абдуллаевич (раҳбарлик даври 1992-1994 йй.) 1927 йил 21 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 1934-1944 йилларда Тошкент шаҳридаги 41-мактабда таълим олган. 1948 йил Ўрта Осиё политехника институтига ўқишга қабул қилинган. 1953 йили олийгоҳни “Реле муҳофазаси ва тизим автоматикаси” мутахассислиги буйича имтиёзли тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1944 йил июнь ойида Тошкент пассажир паровозлари депосида паровоз ўт ёқари сифатида бошлаган. 1946-1948 йилларда Тошкент пассажир паровозлари депоси дизель- поездда биринчи категорияли машинист ёрдамчиси, 1957-1960 йилларда Фанлар академияси Энергетика ва автоматика институтида дастлаб, кичик сўнгра катта илмий ходим, 1960-1976 йилларда Ўзбекистон Энергетика ва автоматика институти мудири, 1976-1992 йилларда Тошкент электротехника алоқа институтининг (ҳозирда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети) ректори, 1992-1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, 1994-1995 йилларда Фанлар академияси президенти вазифасини бажарувчи, 1995-1997 йилларда Фанлар академияси Президиумининг механика, бошқарув жараёнлари ва информатика бўлими раиси, 1997-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази илмий маслаҳатчиси ва шу билан биргаликда яъни 2004-2008 йилларда Тошкент ахборот технологиялари университети телекоммуникация тармоқларини бошқариш кафедраси мудири лавозимларида фаолият кўрсатган. 12
1954-1958 йилларда Фанлар академияси автоматика ва телемеханика институти (Москва)да “Тарқоқ ижро пунктли тизимларни телемеханизациялаш принциплари” мавзусида номзодлик ишини ҳимоя қилган. 1973 йил техника фанлари бўйича докторлик диссертациясини ёқлаган. 1982 йил профессор илмий унвони берилган. Ж.Абдуллаев 9 та монография ва ўқув қўлланмалар, 250 дан зиёд илмий мақолалар, 40 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномаси муаллифидир. Унинг илмий раҳбарлигида 6 нафар фан доктори, 20 нафардан ортиқ ёш тадқиқотчилар тайёрланган. 13
Салимов Оқил Умирзоқович (раҳбарлик даври 1994-1998 йй.) 1928 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1945 йил Ўрта Осиё индустриал институтига ўқишга қабул қилинган. 1950 йил мазкур институтни муваффақиятли тамомлаб, Москва автомобиль йўллари институтининг аспирантурасига ўқишга кириб, 1953 йил техника фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган. 1953-1965 йилларда Ўрта Осиё политехника институтида ассистент, катта ўқитувчи, доцент, бўлим бошлиғи, декан муовини, декан, проректор лавозимларида фаолият юритган. Институтда бир нечта янги факультетлар очилишига, хусусан, авиация факультети ва унинг махсус лабораторияси ташкил этилишида ташаббус кўрсатган. 1965-1969 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида фан ва таълим бўлими мудири муовини ҳамда мудир, 1970-1986 йилларда Марказий Комитетнинг мафкура котиби лавозимларида фаолият юритган. Ушбу соҳада ишлаган пайтлари республикамизда 12 та янги олий таълим муассасасининг очилишига ўз ҳиссасини қўшган. 1970 йилда бор-йўғи 600 ўринга эга боғча мавжуд бўлган бўлса, 1980 йилга келиб унинг ташабуси билан бу кўрсаткич бир миллион 600 мингтага етказилган ҳамда республиканинг барча туман ва марказларида маданият ва истироҳат боғлари барпо этилган. 1986-1988 йилларда Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси, 1988-1989 ва 1989-1992 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, 1992-1994 йилларда Тошкент давлат техника университети ректори, 1994-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, 14
1998-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг маслаҳатчиси лавозимларида фаолият кўрсатган. 1998-2005 йилларда О.Салимов бошчилигида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилган. Олим 2005 йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармасининг раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. 15
Саидахрор Саидахмедович Гулямов (раҳбарлик даври 1998-2004 йй.) 1947 йил 25 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. 1969 йил Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаган. 1973-1984 йилларда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетида фан номзоди, иқтисод фанлари доктори илмий даражаларини, сўнг профессор илмий унвонини олган. Меҳнат фаолиятини 1974 йилдан Тошкент Халқ хўжалиги институти иқтисодий кибернетика кафедраси катта ўқитувчиси лавозимида бошлаб, 1974-1978 йилларда институт доценти, 1984-1985 йилларда иқтисодий кибернетика факультети декани, 1985-1988 йилларда ўқув ишлари бўйича проректор, 1988-1998 йилларда ректор лавозимларида фаолият кўрсатган. 1998-2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири, 2004-2006 йилларда Тошкент иқтисодиёт университети ректори, 2006-2010 йилларда Фанлар академияси вице президенти, 2003-2010 йилларда Ўзбекистон Хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари кенгашининг раиси лавозимларида ишлаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари институтининг АКТ ва рақамли иқтисодиёт кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатмоқда. С.Гулямов 1992-1996 йилларда Ўзбекистон Олий мажлиси депутати этиб сайланган. 1991 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони, 1997 йилда “Дўстлик”, 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган. 16
С.Гулямов томонидан 470 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган. Олим 9 та монография (1 таси Россияда ва 1 таси Японияда), 24 та дарслик ва ўқув қўлланма (3 таси рақамли иқтисодиётга тегишли), рақамли иқтисодиёт соҳасида луғат, хорижий журналларда 47 та (17 таси – Scopuc ва Web of Scince журналларида) ва 3 та хорижий патент (2 таси Евро Иттифоқи ва 1 таси Россия Федерацияси) муаллифидир. С.Гулямовнинг ташаббуси билан 1989 йилдан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университетида илмий даражалар берувчи кенгашлар ташкил этилган. Олим ўз илмий мактабини яратиб, 172 нафар фан номзоди ва 69 нафар фан доктори тайёрлаган. Шундан 37 фан номзоди ва 28 фан докторига илмий раҳбарлик қилган. 17
Касимов Рустам Сабирович (раҳбарлик даври 2004-2007, 2016-2017 йй.) 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1978 йилда Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида араб тили таржимонлигидан бошлаган. 1983 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган ва узоқ йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 1981-1994 йилларда Тошкент давлат университетида тадқиқотчи, ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, докторант, факультет декани сифатида фаолият юритган. 1994-1997 йилларда Тошкент давлат техника университетида бизнесни бошқариш факультети декани, 1997-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида кафедра мудири, декан сифатида меҳнат фаолиятини давом эттирган. 2000-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, 2003 йилда Банк-молия академияси ректори, 2003-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимларида ишлаган. 2004-2007 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири, 2004-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган. 2009-2011 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори, 2011-2016 йилларда Ўзбекистон Таълим, фан ва маданият ходимлари 18
касаба уюшмаси Республика кенгашида раис ўринбосари сифатида меҳнат қилган. 2016-2017 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, 2017-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентини маслаҳатчиси – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, 2019 йилдан то вафотига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ректори сифатида меҳнат фаолиятини олиб борган. 19
Парпиев Азимджан (раҳбарлик даври 2007-2010 йй.) 1947 йил 7 ноябрда Андижон вилояти, Шаҳриҳон шаҳрида туғилган. 1964 йил Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг пахтани дастлабки ишлаш факультетига ўқишга қабул қилинган. 1970 йил мазкур институтни муваффақиятли тамомлаб, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг пахтани дастлабки ишлаш кафедрасида стажер-тадқиқотчи сифатида фаолиятини бошлаган. 1975-1990 йилларда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ассистенти, катта ўқитувчиси, доценти, 1990-1992 йилларда факультет декани, 1992-1999 йилларда ўқув ишлари бўйича проректори, 1999-2005 йилларда Гулистон давлат университети ректори, 2005-2006 йилларда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори, 2006-2007 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири биринчи муовини лавозимларида ишлаган. 2007-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида фаолият кўрсатган. Ҳозирги кунда олим Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтнинг табиий толаларни дастлабки ишлаш техникаси кафедраси профессори лавозимида фаолият олиб бормоқда. 20
Ходиев Баҳодир Юнусович (раҳбарлик даври 2010-2014 йй.) 1960 йил 22 январда Тошкент шаҳрида туғилган. 1982 йилда Тошкент Халқ хўжалиги институтининг иқтисодий аҳборотни механизация асосида ташкил этиш ихтисослиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини институтнинг иқтисодий информатика кафедрасида кичик илмий ходим лавозимида иш бошлаган. 1987 йилда кундузги аспирантурага ўқишга кириб, 1990 йилда “Қишлоқ хўжалиги экинларини ерни унумдорлиги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда мақсадга мувофиқ равишда моделлаштиришни асослаш” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1991-1994 йилларда катта ўқитувчи, 1995 йилда кафедра доценти, 1988-2000 йилларда иқтисодий информатика кафедраси мудири лавозимида фаолият олиб борган. 2000 йилда “Ўзбекистон иқтисодиётида тадбиркорлик ривожини эконометрик моделлаштириш” мавзусида “Эконометрика ва статистика” ихтисослиги бўйича докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. 2000 йил декабридан ТДИУнинг ўқув ишлари бўйича ректор муовини, 2006 йил 31 майдан 2010 йил 1 мартгача ректор лавозимида фаолият олиб борган. 2010-2014 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Давлат маслаҳатчиси, Бош вазир ўринбосари, Республика Олий таълим юртлари ректорлари кенгаши раиси лавозимларида иш олиб борган. 2016-2019 йил ноябргача ТДИУнинг ректори лавозимида хизмат қилди. Б.Ю.Ходиев иқтисодчи олим сифатида кўплаб хорижий мамлакатларда ўтказилган илмий анжуманларда иштирок этиб, улар билан ҳамкорлик ишларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган. 21
1995 йилда АҚШнинг Вашингтон шаҳрида “Банк фаолиятининг самарадорлиги” бўйича халқаро семинарда иштирок этган. 1996 йилда яна шу шаҳарга “Банк ва молия бошқариш” бўйича семинарда гуруҳ раҳбари сифатида қатнашган. 1998 йилда Буюк Британиянинг Нотингем университетида “Макроиқтисодиётда менежмент” бўйича семинарда фаол иштирок этган. Б.Ю Ходиев илмий фаолиятида хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва уларни таълим тизимига татбиқ қилиш алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг ташаббуси билан университетда кўплаб халқаро конференциялар ташкил этилди. Олим ҳар қандай лавозимда ишни илмий, ижодий ва тадбиркорлик билан ташкил қилган. ТДИУда ихтисослаштирилган Илмий кенгашга раислик йилларида илм-фанга интилган ёшларнинг диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилишларини самарали ташкил этиб, уларга раҳбарлик қилган. Йирик иқтисодчи олим, профессор Б.Ю. Ходиевнинг 200 дан ортиқ илмий ишлари чоп этилган. Улар орасида якка ва ҳаммуаллифликда чоп этилган бир қанча дарслик ва ўқув қўлланмалар бор. Шунингдек, олим монография ва илмий тўпламларнинг масъул муҳаррири, қатор хорижий ва республика журналларининг таҳрир кенгаши аъзоси ҳамдир. 22
Вахабов Алишер Васикович (раҳбарлик даври 2014-2016 йй.) 1963 йил 12 майда Тошкент шаҳрида туғилган. 1980 йил Тошкент давлат университетининг фалсафа-иқтисод факультетига ўқишга қабул қилинган. 1985 йил мазкур университетни муваффақиятли тамомлаб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тақсимотига биноан Тошкент халқ хўжалиги институтининг умумиқтисодий назария кафедрасида ассистент лавозимида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1990 йил иқтисод фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, кафедра доценти лавозимида фаолиятини давом эттирган. 1998-1999 йилларда Тошкент молия институти қошидаги Солиқ ўқув марказида кафедра мудири, 1999-2002 йилларда Тошкент молия институти молия-иқтисод факультети декани лавозимида фаолият олиб борган. 2000 йилда иқтисод фанлари бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 2001 йилда профессор илмий унвонига сазовар бўлган. 2002-2005 йилларда Тошкент молия институти ўқув ишлари бўйича проректори, 2005-2012 йилларда институт ректори, 2012-2014 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори лавозимларида ишлаган. 2014-2016 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида фаолият кўрсатган. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ректори лавозимида фаолият олиб бормоқда. А.Вахабов илмий раҳбарлигида 9 та фан доктори, 18 та фан номзоди тайёрланган. Унинг муаллифлигида 9 та дарслик, 14 та ўқув қўлланма, 2 монография, жами 130 дан ортиқ ўқув-илмий ишлар чоп этилган. 23
Маджидов Ином Уришевич (раҳбарлик даври 2017-2021 йй.) 1963 йил 8 ноябрда Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган. 1980 йил Тошкент политехника институтининг гидротехника иншоотлари ва ГЭС қурилиши факультетига ўқишга қабул қилинган. 1985 йил мазкур институтни муваффақиятли тамомлаб, Тошкент политехника институтига аспирантурага қабул қилинган. Кейинчалик институт илмий ходими, ассистенти лавозимларида ишлади, техника фанлари доктори илмий даражасига, профессор илмий унвонига мувафақ бўлди. 1992 йил Тошкент архитектура қурилиш институти гидротехник иншоотлар кафедраси доценти, 1993-1994 йилларда ўқув-услубий бошқарма бошлиғи, 1994-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Олий ва ўрта махсус ўқув юртларини давлат аттестацияси ва аккредитацияси бош бошқармаси ахборот-таҳлил ва назорат бўлими бошлиғи, 1998-2000 йилларда Олий ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2000-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ташкилий-кадрлар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, 2002-2004 йилларда Ташкилий-назорат хизмати кадрлар тайёрлаш ва ўқитиш шўъбаси етакчи назоратчиси бўлиб ишлаган. 2004-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Олий таълим муассасалари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари-илмий-методик раҳбарлик ва кадрлар тайёрлаш сифатини таъминлаш бўлими бошлиғи, бош бошқармаси бошлиғи, 2016-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 24
2017-2021 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида фаолият кўрсатган. Ҳозирги кунда И.Маджидов Ўзбекистон Миллий университети ректори сифатида мамлакатимиз илм-фани ва таълим тизими ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда. 25
Тошқулов Абдуқодир Ҳамидович (раҳбарлик даври 2021-2022 йй.) 1976 йил 29 августда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. 1993 йил Термиз давлат университетининг молия ва кредит мутахассислигига ўқишга қабул қилинган. 1998 йил мазкур университетни муваффақиятли тамомлаган. 2005 йил иқтисод фанлари номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 2018 йилда иқтисод фанлари бўйича доцент илмий унвонини, 2021 йилда иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олган. 2020 йил “Дўстлик”ордени билан тақдирланган. Меҳнат фаолиятини 1998 йил Термиз давлат университети молия ва солиқ тизими кафедраси ўқитувчиси лавозимида бошлаган. 2002-2003 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти илмий тадқиқотчиси, 2003-2004 йилларда Бозор ислоҳотлари илмий-тадқиқот институти илмий ходими, 2004-2005 йилларда Термиз давлат университети иқтисодиёт-молия факультети декани ўринбосари, 2005-2006 йилларда Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти Сурхондарё вилояти филиали илмий ходими, кейинчалик раҳбари, 2006-2010 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси вазифаларида ишлаган. 2010-2015 йил ва 2015-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, 2018-2020 йил ва 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати бўлган. 2017-2021 йилларда Термиз давлат университети ректори лавозимида ишлаган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси аъзоси, Халқ депутатлари вилоят кенгаши, Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда 26
тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси, Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи вилоят ишчи гуруҳи раҳбари, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияcи раиси сифатида фаолият юритган. 2021-2022 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида фаолият кўрсатган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда. 27
Абдураҳмонов Иброҳим Юлчиевич (раҳбарлик даври 2022 йилдан бошланган) 1975 йилнинг 19 февралда Наманган вилояти Чуст тумани Ғовасой қишлоғида таваллуд топган. 1992 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, шу йили Миллий университетга ўқишга қабул қилинган. И.Абдураҳмонов ўқишдаги муваффақиятлари сабабли Мирзо Улуғбек номида давлат стипендиясига сазовор бўлган. 1993-1997 йилларда Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси илмий-тадқиқот институтининг Генетик муҳандислик ва биотехнологиялар лабораториясида лаборант бўлиб ишлаган. 1997 йилда магистрлик даражасини олиб, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти докторантурасига қабул қилинган. 1998 йилда Ўзбекистоннинг қатор иқтидорли ёш олимлари ва талабалари қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умид” жамғармаси грантига сазовор бўлиб, ўқишини АҚШнинг Техас қишлоқ хўжалиги ва механизация университетида (Texas A&M University) ген муҳандислиги йўналишида давом эттирган. 2001 йилда Техас қишлоқ хўжалиги ва механизация университетининг магистрлик дипломи билан тугатган. У олиб борган ғўзанинг айрим турларидаги ҳали фанда номаълум бўлган фитохром гени ва хусусиятларини аниқлаш бўйича тадқиқот муваффақиятли натижа берган. 2001 йилда Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти докторантурасида ўқишга қабул қилинган. 2002 йилда ғўза маркер селекцияси учун ДНК-маркерларини ривожлантириш бўйича фан номзоди диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, институт катта илмий ходими лавозимида фаолиятини давом эттирган. 28
2002–2008 йилларда АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштириладиган пахта геномикаси тадқиқотларига қаратилган иккита йирик грант соҳиби бўлган. Америкалик олимлар билан ҳамкорликда грант лойиҳаси доирасида олинган фундаментал тадқиқотлар натижалари нуфузли халқаро илмий журналларда чоп этилган. 2008 йилда ғўза геномикаси соҳасида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, биология фанлари доктори илмий даржасини, 2011 йилда молекуляр генетика ва биотехнология бўйича профессор унвонини олган. Шунингдек, ўсимликлар геномикаси, гермоплазма характеристикаси, генетик хариталаш, маркер селекцияси, трансгеномика, протеомика ва биоинформатика бўйича тадқиқотлар олиб борган. И.Абдурахмонов раҳбарлигида дунёда биринчи марта “Нотенг бирикканлик ёрдамида генларни хариталаш” усули билан ғўзанинг юқори сифатли навларини яратишда қўлланиладиган ДНК маркерлар аниқланди ҳамда мамлакатимизда етиштириладиган ғўза навларини молекуляр генетик паспортлари яратилди. Бундан ташқари, АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаментидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда “ғўза генларини (РНК интерференциясини) ўчириш” ҳамда ушбу технологияни амалиётда қўллаш технологияларини ишлаб чиқди. Ушбу ген-нокаут технологияси ёрдамида юқори сифатли, узун толали, серҳосил ва эртапишар, илдиз тизими ривожланган ғўза навлари олинган. Олим бир пайтнинг ўзида “Ўзбекистон пахта гермоплазмаси ресурсларидан фойдаланган ҳолда тола ҳосилдорлиги ва сифат генларини молекуляр хариталаш”, “Ғўза фитохромлари ва гуллаш генларини характерлаш ва молекуляр хариталаш”, “Фузариоз вилти касаллигининг миқдорий белги ген/локусларининг молекуляр тавсифи ва ассоциацияси ва яхшиланган ғўза гермоплазмасини ишлаб чиқиш”, “Ғўза гермоплазмасининг нематодаси, фузариоз вилти касаллигига қарши потенциал чидамлилигини баҳолаш ва номзод ген маркерларини ишлаб чиқиш” каби лойиҳаларга раҳбарлик қилган. И.Абдураҳмонов 2012 йилда Геномика ва биоинформатика марказини ташкил этишда бош бўлди ва унинг раҳбари этиб тайинланди. Мазкур марказ 2016 йилдан буён Фанлар академиясининг энг йирик ва энг навқирон илмий муассасаси ҳисобланиб келмоқда. И.Абдураҳмонов Ўзбекистонда геномика фанининг етакчи мутахассисларидан бири ҳисобланади. У ҳозирда “Plant Genomics” ва “Integrated OMICs” каби халқаро журналларда муҳаррирлик қилади. Шунингдек, Халқаро Пахта геноми ташаббуслари (International Cotton Genome Initiative – ICGI) ташкилоти ва АҚШнинг Пахта тадқиқотлари уюшмаси (Cotton Researchers Association – ICRA) ижроия қўмитаси аъзоси ҳамдир. 29
Европа комиссияси томонидан ташкил этилган “Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва биотехнологиялар” мавзусидаги 7-доиравий дастурнинг миллий вакили сифатида фаолият юритган. 2010 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фундаментал тадқиқотлари ҳамда пахта геномининг генетик ранг-баранглигига қўшган ҳиссаси учун Халқаро Фанлар академияси – TWAS мукофоти, Ўзбекистонда геномика фанини ривожланиши учун қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон белгиси кўкрак нишони билан тақдирланган. 2013 йилда Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг ғўза геномикаси ва битехнологиясига қўшган ҳиссаси учун “ICAC – 2013 Пахта тадқиқотчиси” унвонини олган. 2014 йилда TWAS – Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси бўлди. 2015 йилда Халқаро пахта геноми ташаббуслари – ICGI ташкилотининг “Солиштирма геномика ва биоинформатика” ишчи гуруҳининг ҳамраиси этиб сайланган. И.Абдураҳмонов 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси вице-президенти лавозимида фаолият кўрсатиб шу йилда ўтказилган сайловларда Фанлар академияси академиклигига сайланган. 2017-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири бўлган. 2021 йилда республикадаги илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотларга қўшган улкан ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор” унвонига лойиқ топилган. 2022 йилдан бугунга қада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузиридаги Пахтачилик кенгаши раиси сифатида мамлакадаги пахтачилик соҳасидаги илмийғамалий ишларни мувофиқлаштириб бормоқда. 2022 йилда Хитой-Ўзбекистон ўртасидаги илмий-инновацион ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Хитойнинг Халқаро маданий алоқалар маркази (China International Cultural Exchange Center (CICEC)) ҳамда Global People Журнали (the Global People Magazine) томонидан таъсис этилган “Ипак йўли элчиси” мукофоти билан тақдирланган. 2023 йилда эса ғўзада молекуляр маркерлар технологияси ҳамда юқори сифатли толага эга, каслликларга чидамли янги биотехнологик навлар яратишда эришган ютуқлари учун “UNESCOнинг ҳаёт ҳақидаги фанлар халқаро мукофоти”га сазовор бўлган. Академик Иброҳим Абдураҳмонов 2022 йилдан бошлаб Олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимида фаолият олиб бормоқда. 30
Search
Read the Text Version
- 1 - 30
Pages: