Ҳар банда ўзини ахтаргай ҳар чоқ, Чўқинар - омадин кутиб, ҳойнаҳой. Қудуқ қазганида шўр чиқар бироқ, Ювиб кетаверар кулбасини сой. Эзгу ният билан бошласа бир иш, Афсуски, ғовларга дуч келар доим. Наҳот, унга мудом ҳамроҳдир ташвиш, Наҳот, қадамида қиёмат қоим. Шоир, мақтанасан ўзингча нега, Нодонлар ичида қилиб ифтихор. Шеърингга мушукдай бўлолгин эга, Машрабнинг, яхшиям, кучукчаси бор. 2015 йил 5 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. КУНДАЛИК ҲАНГОМАЛАР Бу не кундир, атрофингга боқсанг секин, У хам керак, сен хам керак, мен хам керак. Барчамизни даврасига тўплаб, лекин Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. Бу не кундир, бир-бирига керак ҳамма, Бировимиз тоға бўлсак, биров амма. Бир чойнакдан чой ичамиз, чайнаб шамма, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. Бу не кундир, ўз айбини очар биров, Қўринганга ғазабини сочар биров. Ит қувлаган соқов каби қочар биров, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. 150
Бу не кундир, қарз олганлар қайтармайди, Судхўрга ҳам бирорта важ айтолмайди. Чўнтагини уриб кетар ҳар хил дайди, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. Бу не кундир, таьмагирлар келса ғолиб, Теварагинг ўраб олар, дўстлар қолиб. Ҳайдаб юрар сўнг олдига молдай солиб, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. Бу не кундир, мезбон қочса меҳмонидан, Нима қилсин? Тўймаган-ку ўз жонидан. Пора деган гап чиқади ош-нонидан, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. Бу не кундир, қоринни ҳам тўқлаб олдинг, Ҳатто, қўни-қўшниларни йўқлаб олдинг. Ухламасдинг, роса тўйиб ухлаб олдинг, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. Бу не кундир, ғам-ташвишлар ортда қолди, Юрагингга умидларинг қувонч солди. Раҳбар уканг саломингга алик олди, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. Бу не кундир, осмонларинг бўлдилар соф, Кўксинг гўё Помир тоғи ё Кўҳи Қоф. Худойимдан тушган эмиш ерга инсоф, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. Бу не кундир, хурсандчилик қилгин, шоир, Бамисоли Зуҳросини топган Тоҳир. Яхши гап хам тарқалибди сенга доир, Бир ўтириб ўйлайдиган одам керак. 2015 йил 6 сентябрь. АҚШ, Техас. 151
АГАР СЕНСИЗ… Қуёш чиқиб чарақлайди тенгсиз бу олам, Қушлар сайрар, эсар тонгнинг шамоллари ҳам. Бамисоли қайта бошдан туғилгай одам, Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор, Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор. Ой балқади, биллур кўкни шуълага чайқаб, Ол шафақни симиради булутлар чанқаб. Юлдузлар ҳам рақсга тушар, ненидир пайқаб, Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор, Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор. Битта сен, деб бу дунёда юрган мен ўзим, Гардларингни тўтиёлар айлагай кўзим. Исминг айтсам, садоларга тўлади сўзим, Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор, Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор. Мен ошиқман, меҳр кўргаз, назарга илгил, Сендан ўзга қиблам йўқдир оламда, билгил. Азал касбинг раҳмдилсан, раҳмлар қилгил, Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор, Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор. Умид ёрким, фақат сенсан ой ва қуёшим, Маҳшаргача тик боқолмас, эгилган бошим. Сақлан, жоним, то тутмасин кўздаги ёшим, Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор, Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор. 152
Фалакларнинг саломига чиққин сен кулиб, Баҳра олсин замин, осмон шавқларга тўлиб. Остонангда турибман мен, Абдулло бўлиб, Агар сенсиз ўтар бўлса, онларим бекор, Тандаги бу жоним бекор, шонларим бекор. 2015 йил 8 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ЎТАР ДУНЁ Ўзингни ҳар лаҳза азобга шайла, Шунчаки пўписа эмас машаққат. Зулмнинг борлигин эътироф айла, Ғоят кулгилидир гина, кудурат. Арслон панжасини уриб турган дам, Ахлоқдан дарс бериб, қилаберма дўқ. Демакки, савиянг шулдир, эй одам, Сенга бошқа таъриф топиб бўлмас, йўқ. Мен ҳам куйлагандим замонни тўлиб, - Ассалом! - деб турдим, отмасидан тонг. Босқинчи ҳаққимни олса ҳам юлиб, Таъзим бажо айлаб, чалавердим бонг. Дунёда энг баланд, йиқилмас дорни, Аввал алданганга қурмоқ керак, рост. Бўйнига олдими магар иқрорни - Мардона иш тутсин, ботирларга хос. Кўрдим, йўл четида турарди бир чол, Ёшу тажрибаси етган анчага. Бажарар ишин у англатди дарҳол, Топшириқ бераман, дейди, барчага. 153
Ўтмишин ўзига ростлайди Инсон, Чингизнинг зулмидан зарра қилмас ор. Кўзига кўринмас дарё-дарё қон, Энди унга фақат шон-шуҳрат даркор. Ўтиб кетар экан барибир дунё, Ёмоннинг умри ҳам ўчган нафасдир. Мен унинг исмини билмайман, аммо Яхши одам бўлган, десалар басдир. 2015 йил 8 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. КОИНОТ Кўм-кўк яйлов, кўринмайди Бошқа ҳеч бир зот, Ёлларини силкитганча Ўтлайди бўз от. Ялтир-юлтир учиб ўтар Капалак баъзан, Сирли олам мана шулдир, Шулдир коинот. 2015 йил 9 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. РОСТГЎЙЛИК Мени лақиллатиб, Айтаверма сўз, Мана бу оташдир, Мана бу-чи, муз. Қурбақа эмасдир Малика асло, Яхшини яхши де, Ёвузни ёвуз. 2015 йил 9 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. 154
ТЕХАС ҲАНГОМАЛАРИДАН Техасга борганда икки ҳамроҳим, Мени куни бўйи қилдилар сарсон. Дейишар, бу жойни кўрингиз токим, Мана бу заминдир, мана бу осмон. Ажабо, кимнингдир шляпаси бор, Кимлардир иштонлик, тўнлик экан-да. Рост гап, соддаликдан қутулмоқ душвор, Жўнлик ҳамма жойда жўнлик экан - да. 2015 йил 9 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ОРОЛ Бир қуруқлик пайдо бўлди, Денгизда, не ҳол? Меники деб эълон қилди Кимлардир дарҳол. Охир келиб қарашсалар, Ҳеч вақо йўқдир, Шунчаки у сузиб юрган Кит экан, 'орол'. 2015 йил 9 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. АСР ФОЖЕАСИ (Ўтмиш эсдаликларидан) Етмиш тўрт йил умр кўрди мудҳиш бир тузум, Бунақаси тарихларда учрамаган ҳеч. Гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай эслайман ўзим, Гап пойларди фуқароси эртадан то кеч. Павлик деган бола буни берганди бошлаб, Унга бутун мамлакатда қўйганлар ҳайкал. Ўз отасин қулоқ, дея сотган у боплаб, Шу тариқа, авжга минган қатағон жадал. 155
Шоҳлар ўтган, Ироддан то Неронга қадар, Тулпорини сенатига сайлаган бири. Павликчилар ҳаммасидан бўлдилар баттар, Милён-милён бегуноҳнинг йўқ ҳатто гўри. Боғчадаги болага ҳам, керак бўлса гар, Гап ташишни ўргатарди ҳушёр энага. Дер эдилар, бундан чиқар зўр ватанпарвар, Инсоф сўзин, шарт бўлмаса, қўлламоқ нега? Ишга солмиш чердакдаги каптарларни ҳам, Миш-мишларни тарқатарди, боғлаб патига. Динлар абас, эътиқодлар топганди барҳам, Дарз кетганди улуғ халқнинг садоқатига. Арслон деган сўз аслида турар ҳуркитиб, Ёвузликнинг асорати ўзидан ёмон. Сўнгсиз таъқиб шўрликларни қўймиш қўрқитиб, Бахтлимиз! - деб, қийқирарди тун-кун оломон. Йиллар ўтди, бугун чиндан ўзгардинг, юртим, Замин узра фарзандларинг фикри бор, пойдор. Байроғингни кўзга суртиб, бош эгиб турдим, Жаҳон тузган машваратда сенинг ўрнинг бор. Кўрганларинг кечмиш бўлсин, энди, илоё, Йўлларингни ёруғ қилсин ўзи, каҳкашон. Қўлин очиб, пирлар сени айлагай дуо: Топталмасин элнинг қадри асло, ҳеч қачон. 2015 йил 11 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. 156
БАШОРАТ Раҳматли устозлар, Домлаларим, Сиз, Дорилфунундаги билим таянчи. Қабрингиз қошида дейман чўкиб тиз: Умрингиз якуни ғоят аянчли. Башорат қилдингиз нималарнидир, Уларнинг ҳеч бири топмади исбот. Бошга кўтарардик Сизни барибир, Чунки билмас эдик, қанақа ҳаёт. Бизга уқдирдингиз, буткул ер юзи Кетиб бораётир нотўғри йўлдан. Тарихни ёритар Маркснинг сўзи, Бошқалар бахтини бой берган қўлдан. Бизга уқдирдингиз, эътиқод, имон, Кўп борса, чилимнинг тутуни, холос. Сира дўст бўлмайди қорни тўқ инсон, Дунёни янгилаш бизларгадир хос. Бизга уқдирдингиз, уммон ортида, Бир тузум ётибди, тагидан чириб. Охир тонг қолдингиз тарих олдида, Айтган гапларингиз аксини кўриб. Наҳот, ўйин эди инсон тақдири, Наҳот, ўтган умр таваккал яккаш. Наҳот, жаҳолатдир бу ҳолнинг сири, Қолди бўйнингизда башарни алдаш. 157
Раҳматли устозлар, Домлаларим, Сиз, Аччиқ қисматингиз ибратдир бироқ. Узр сўрамоқлик шарт экан сўзсиз, Башоратдан аввал, фолдан олдинроқ. 2015 йил 12 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. МАСЛАҲАТ Шоир укам Алишерга Ишинг сира юришмайди, Алишер Назар, Ҳолбуки, сен яхши шоир, тўғри сўз инсон. Ташхисингни қўйиб берай, хоҳласанг агар, Хушомадни билмагайсан, бу - катта нуқсон. Лекин уни ўргатувчи йўқ бирор мактаб, Бехабарсан оддийгина ишлардан, аттанг. Биринчидан, рухсат олмай айта кўрма гап, Иккинчидан, хўжайининг маънавий отанг. Тонгда бориб идорага, йўлини пойла, Чунки ўзинг очмоғинг шарт эшикни ахир. Ёрдамчисин алдаб-сулдаб, бартараф айла, Таъзим қилиб туравер сўнг, мисоли фақир. Эртаси кун етказ унга кўрган тушингни: Қуёш билан чиққанмишсиз кўкка баробар. Аста-секин тутиб олгин, укам, ўзингни, Энди содиқ хизматчисан, ҳатто биродар. Ходимларни текширишар баъзан атайин, Сен ҳақингда гап бошласа хўжайин ногоҳ. Сира- сира паст тушмагин, дегил, нетайин Сизга хизмат қилиш учун жўнатган Аллоҳ. 158
Қарабсан-ки, обрў энди бормоқда ошиб, Номинг атроф теваракка танилди анча. Котиба ҳам кўрганида қолади шошиб, Хўжайиннинг одами, деб ҳайиқар барча. Уйингизга бозор қилиб бордим, деб айтма, Уйимизга ўтдим, дегил, бозорча қилиб. Камтарлик ҳам иш беради энг нозик пайтда, Шукур, деб қўй, шляпасин илгакга илиб. Ҳаёт жуда катта уммон, билмайди сарҳад, Шу жумладан, хушомаднинг йўқ учи-кети. Ушбу гапдан хўжайининг қувонар беҳад: Сизникидек ҳуролмайди қўшнининг ити! Мана, охир етиб келдинг улуғ маррага, Босиб ўтган шонли йўлинг зафарга далил. Мақтовларни оширгину милён каррага, Бошқаларни ёмонлашни бошлайвер дадил. Маслаҳатим кимларгадир ёқмас муқаррар, Лекин ёз, деб қистайверар тажриба мени. Хўжайининг нафақага кетса ҳам агар, Ҳеч шубҳасиз, қолдиради ўрнига сени. 2015 йил 15 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ВАТАН Ватан қадрин белгиламас олтин ё олмос, Уни биров сотолмас ё сотиб ололмас. Кунчиқарда Худойимнинг олий мақоми Кунботарга борганингда пасайиб қолмас. 2015 йил 16 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. 159
ХАЛҚ Халқ гоҳида толиб эрур, гоҳ устоз даҳо, Бир қарасанг, бешикдаги гўдакдир ҳатто. Боболаринг бобоси ҳам унга авлоддир, Ибтидони билмайди у, билмас интиҳо. 2015 йил 16 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ҲАЁТ Неча ойлар ортда қолди, йўқ кўзда хобим, Яратганнинг ўзи билар чеккан азобим. Тунлар шундай ўтиб борар, кундузи эса, Маломатлар келтиради ёзган китобим. 2015 йил 16 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ШАЙТОН Сен дарёга чўмилгани боргандинг, Инсон, Сувдан чиқсанг, йўқолибди кўйлак ва иштон. Либосингни излаб тағин овора бўлма, Аллақачон олиб кетди уларни Шайтон. 2015 йил 16 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. МАНГУ ПАНОҲ Озроққина меҳр бергил, Бизларга, Аллоҳ, Озроққина шафқат ҳам бер, Қодир Худойим. Ер юзини қоплаб борар Фақат оҳу воҳ, Ҳамма жойда бамисоли Қиёмат қойим. 160
Ошёнига яқин келмас Қушлар ҳам асло, Дарахтини чирмаб олса Агарда илон. Уясига қадам босмас Бўрилар ҳатто, Агар сезса шу атрофда Борлигин қопқон. Инсон ахир Инсон эрур, Яширмоқ нега, Кун кўрар у хонадонин Ҳолига қараб. Агар бир кун мушук каби Қолса беэга, Юрмас ахир нола чекиб, Эшикни тирнаб. Фарзандлардан буюрмаса Фожеадир бу, Ота энди ўз-ўзига Қилгай маломат. Бир замонлар қартайганда Падарин, ёҳу, Ғорга элтиб ташлаганлар, Қандоқ жаҳолат! Қадрдонлар ажраб кетар, Бирдан, ногаҳон. Айри тушар балки машъум Манфаат сабаб. Бундай чоғда одам кимга Суянсин нолон, Наҳот, дўстлик рўё эрур, Кечиргин, ё Раб. 161
Қашқирларнинг тўдасида Қолса биров гар, Ким ҳимоя қилар эди Уни шу фурсат. Бир ожизга беришмаса Мадад муқаррар, Ғолибман деб бонг ургайдир Ёвузлик албат. Кўз ташлайман олис ўтмиш Қаърига гоҳо, Тарих мудом ботирларнинг Ёнини олган. Енгиб чиққан курашларда Алпомиш борҳо, Прометей ўт-оловни Сақлаб қололган. Парвардигор, сен бандангни Қилдинг ҳимоят, Яна ўзинг мурувватлар Айлагил эҳсон. Одамзодга эзгуликни Қайтиб бер фақат, Ёлғиз сенинг паноҳингда Бахт топгай Инсон. 2015 йил 18 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. 162
КИЙИК ОВИ Тонгда овчи сайдга чиқди, Деганча, “Ё, Ҳақ!” Бир кийикни таъқиб этди Қисганча тоққа. Ўқи тегди ўлжасининг Қулоғига нақ, Иккинчиси теккан эди Айнан туёққа. Овчи ростдан тушган эди Ўлжа кетига, Эринмасдан қараб чиқди Яқин -йироқни. Кийик эса, ола қол, деб Йўлнинг четига, Ташлаб кетмиш бир қулоғу Битта туёқни. 2015 йил 18 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. БАЛИҚЧИЛАР Балиқ овлайдиган Улкан кема-ю, Ҳаваскор балиқчи Турарди қатор. Бундай пайт ҳаммада Ягона орзу, Ишлари юришиб Омад бўлса ёр. Вақт ўтди, назар сол Яна бу ёққа, Томоша айлагил, Бўлиб ҳангу манг. Кеманинг тўрлари Тўлмиш чаваққа, Ва лекин ҳаваскор Тутганди наҳанг. 2015 йил 18 сентябрь. АҚШ, Техас. 163
НОДОНЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА Қайдадир юз берса бирор фалокат, Тушар таҳликага жамики ҳайвон. Мухбир енгамиз, деб жар солар албат, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. Амир қушбегининг кетига тепди, Шу зум Петербургни оламан, дебди. Шаксиз у - бекорнинг бештасин ебди, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. Зилзила Тошкентнинг ярмини бузса, Кимдир ўша куни ёзганмиш қисса. Ҳис эт, фожеадан чиқаргин ҳисса, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. Ер юзин забт этган улар чинакам, Ё довдир, ё лофчи ёки муттаҳам, Чопиб чиқаман дер Эверестга ҳам, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. Пайт келиб, қасамлар ичади ҳатто, Ўзининг фойдасин унутмас аммо. Тинмайди, дўзахга тушкунича то, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. Турфа форумларда қатнашар баъзан, Уни юборганмиш гўёки Ватан. Тугатар, қўлига тушса илму фан, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. 164
Худойим, ҳамиша ҳолимизга боқ, Сенинг паноҳингда яшайлик узоқ. Таъмагир ҳукмига топширма бироқ, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. Тарихда ўтгандир ботирлар бисёр, Неча саркарда-ю шоҳлар пурвиқор. Авлиё зотларнинг назари ҳам бор, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. Инсон боласига ҳушёрлик одат, Юртига киритмас ёвларни минбаъд. Токи, бошланмасин қирғин ва офат, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. Балки унинг даври эмасдир мангу, Лекин яшаб келар тинч ва беқайғу. Бир кун тупугига тойиб ўлар у, Бундан фақатгина қўрқмайди нодон. 2015 йил 20 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. МУАЗЗАМЛИК Улуғ дарё билан қўйсанг баробар, Айтилмас, мана бу муаззам ариқ. Баҳайбат фил турса ёнида агар, Муаззам чумоли дейилмас, аниқ. Муаззам шоирдир Фирдавсий ҳамон, “Шоҳнома” оламда тенги йўқдир, бас. Қанчалик чиройли бўлмасин дўкон, Колизей сингари муаззам эмас. 165
Магар чиқиб қолса бирор ҳаваскор, Муаззам даҳо, деб ёзар хабарчи. Ёлғоннинг наҳотки жозибаси бор, Чойхона паловга қўйилмас жарчи. Ўзбек муҳтож эмас ўтрикка, аммо Жаҳон минбарида ўқий олур дарс. Киминг бор, деганда бировдан асло Буюк инсонларни олмагаймиз қарз. Хаёл суриш яхши болага ўхшаб, Орзу ярашади кекса-ю ёшга. Ўзини муаззам дейиш бошқа гап, Муаззам бўлмоққа интилиш бошқа. 2015 йил 21 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. КОШКИ Ёшларга Сен ёшсан, эртанги кунингга боқай, Дарё кеч, саҳро кез, довонлар ошки. Қараб юрар эдим ортимга токай, Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки. Афсус, равон эмас бу мубҳам йўллар, Ҳар бир қадамингда шунчалар тошки. Топтаб ташлангандир ўнг билан сўллар, Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки. Истеъдод олдида паст тушар осмон, Коинот ўз сирин айлагай фошки. Юксак парвозингга келтиргум имон, Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки. 166
Олдда кутиб турар давраи сарвар, Тафаккур то абад кўз билан қошки. Зора шонинг чиқса боболар қадар, Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки. Инсон дастидадир ғов ҳам,сийлов ҳам, Аҳли диёнатга ул ўзи бошки. Яратган қўлласин ҳар нафас, ҳар дам, Сенинг камолингни кўрсайдим, кошки. 2015 йил 21 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ТОЙЧОҚ ВА ЎҒЛОН Тойчоғингни авайлагин, Азиз йилқибон, У тулпорга айланади, Вақт ўтиб ҳали. Минглаб одам оёғига Қалқар бегумон, Майдонларда келбатини Кўрган маҳали. Ота, сен ҳам дуолар қил Ўғлонинг учун, Боланг балки ўспириндир, Балки жуда ёш. Эҳтимол, у юрт сўрайди, Улғайиб бир кун, Валлоҳ, сенинг ўзингга ҳам Бўлғусидир бош. 2015 йил 23 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. 167
КИЙИК ВА ТОШБАҚА Тирикликнинг сирлари кўп, Кузатсанг агар, Тоқат билмас, бу дунёга Келганда инсон. Бешикда ҳам тинч ётмайди, Ғоятда ўжар, Кийик каби сакрайди сўнг, Толмас, чопағон. Йиллар ўтиб, охирлайди Фоний бу дунё, Инсон учун жаннатлардан Асло кам эмас. У дунё гар чорлаб қолса, Эшитмас гўё, Тошбақадек имиллайди, Боргиси келмас. 2015 йил 23 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ИНСОН ШАРАФИ Эскирган ковушни ёки жандани Қайга ташласанг ҳам, нима фарқи бор. Тупроққа жо бўлган марҳум бандани Мармартош маҳлиё этмоғи душвор. Юксак сағана-ю безаклар бари Азадор бир зотнинг ҳиммати холос. Балхда қаровсиздир Беруний қабри, Бу айни нодонлик жаҳолотга хос. Замин фарзандидир, шубҳасиз, Инсон, Ғоялар меваси эмасдир асло. Ғаними чоҳ қазса унга ҳар бир он, Дўстлари бошига кўтаргай аммо. 168
Ва лекин холислик мудом омонат, Ўзини ҳакам дер салла, бесалла. Бандаси Аллоҳга ёлворар фақат, Худога солдим, деб айтар баралла. Нозим Рус ерида жой топди мангу, Аммо сатрлари ҳад билмай яшар. Энг аввал, дунёнинг шоиридир у, Сўнгра коммунистдир, билиб қўй, башар. Оламда дахлсиз бир мантиқ мавжуд, Унга даф қилолмас вақту замона. Бировнинг хочи бор, бировда-чи бут, Лекин Яратганга бари парвона. Миллат деганлари бир дарахтсимон, Илдизи заминнинг қаърига етган. Кишилик бошига тушган ҳар туфон, Унинг ҳам бутоғин синдириб кетган. Инсонга икки ҳис доимо ҳамдам, Бири-Отамакон, бириси -Дунё. Баъзан ўзи чиққан тепани одам Ҳисоблаб юради олам, деб гўё. Гарчи ер юзида кўп эрур жонзод, Турларин санаб ҳам бўлмас, эҳтимол. Тарихни яратар фақат Одамзод, Тафаккур уйининг меъмори мисол. Бу туйғу менинг ҳам умримда ғолиб, Йўқолмас, сувга от, ташла ўтларга. Ватан тупроғидан бир сиқим олиб, Кейин боражакман ўзга юртларга. 2015 йил 24 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. 169
МЎМИЁ Ажиб ҳол юз бергай, Тириклай туриб, Мўмиё нусхамни яратдирсам гар. Амал кресломда ўша ўтириб, Бир кун иш юритса, оқшомга қадар. Арзагўй дод солиб келса, барибир, Мендан садо чиқмас, сўзлайди ўзи. Ёрдамчим тушунмас, англамас, не сир, Чунки тик боқмаган ҳеч қачон кўзи. Эҳтимол, бекорчи қулоқни излаб, Олдингга бир олим киргай шу куни. Узун маърузасин ўқийди бўзлаб, Жимгина тинглайди мўмиё уни. Кассир қиз кутишдан чарчади охир, Тирқишдан мўралар сенга атайин. Сўнгра бош чайқайди: – Иши кўп оғир, Қорайиб кетибди шўрлик хўжайин. – Тепадан сўрашди! – дейди ногаҳон Котиба эшикдан боққанча қиё. Мўъжиза юз берар хонада шу он: Жонланиб кетади бирдан мўмиё. 2015 йил 27 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. 170
ШИКОЯТЧИ ҲАНГОМАСИ У миршабхонага қилар қўнғироқ: – Жиноят юз берди, чорасин кўринг. Ўзим санаб чиқдим эрта тонгданоқ, Битта товуғим йўқ, топтириб беринг. Ишлаган одамнинг иши кўп, мана Товуқ масаласи очиқдир ҳамон. Ҳафта ҳам ўтмасдан, сим қоқар яна: – Итим ғойиб бўлди, нетай, миршабжон. У шеърлар тўқирди отарчи учун, – Талантинг йўқ, – дебди юзига биров. – Оҳ, менинг талантим йўқолди бугун! Ўша идорага сим қоқар дарров. Кимлардир уни деб доим овора, У ҳам чарчамасди, билмасди тиним. Бир кун ўзи келди: – Тез кўринг чора, “Сенинг ақлинг йўқ”, деб айтди хотиним. Кўринмай кетди у, нечук аҳволи? Миршаблар йўқлашди, ўйларга толиб. – Дунёдан ўтдилар, – деди аёли, Қаранг, энди ўзи қолмиш йўқолиб. 2015 йил 27 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. 171
РАНГБАРАНГЛИК Заминга баробар кулфати, бахти, Мажнунтол ёнида заққум дарахти. Caҳролар белибос, ўрмонлар башанг, Делфиннинг ҳамроҳи одамхўр наҳанг. Шодлик бир томонда, бир томонда ғам, Икки хил балодир сув билан ўт ҳам. Лекин қозонда сув, тагида чўғдир, Бирови бўлмаса таом ҳам йўқдир. Яхшилар бор жойда ёмон ҳам мавжуд, Бу – қадим боболар қолдирган ўгит. Мен ҳам ўз фикримни айтай якунда: Қайсига мансубсан – ҳамма гап шунда! 2015 йил 27 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ТЕНГЛИК Қачон бойваччалар бу ҳолни англар: Рақиби бўлолмас аҳволи танглар. Арслон чиқмас сира сичқон овига, Унга ярашади фил билан жанглар. 2015 йил 27 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. ЁР ВА АҒЁР – Шеър кимга аталган? – сўрайсан такрор, Жавобим мана бу, унутма зинҳор: – Қара, рўпарангда турибди борлиқ, У сенга ёр эрур ва ёки ағёр. 2015 йил 27 сентябрь. АҚШ, Хьюстон. Нашр учун масъул муҳаррир: Алишер НАЗАР 172
МИЛЛИЙ РУҲ СУВРАТЛАРИ Бирор ҳодисани тушуниш ва баҳолаш учун унинг моҳиятини англаб етиш керак бўлади. Моҳияти англаб етилмаган ҳодиса салмоғи ва аҳамияти қандайлигидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий баҳосини олмаслиги мумкин. Айниқса, моддий ўлчовларга бўй бермайдиган улкан адабий ҳодисаларнинг моҳиятини англаш ва изоҳлаш жуда мушкул юмушдир. Адабиёттанув илми учун Абдулла Ориф феномени – тушунтириш мушкул бўлган шундай муаммо. Бу феноменга хос бир кўп жиҳатлар ҳали етарлича ўрганилган эмас. Бетакрор талантнинг моҳиятини тушуниш, унинг фақат ўзига хос бадииятидаги ингичка соҳирликни илмий мантиқнинг универсал тилига кўчириш ўта мушкул экани ҳам бунга сабабдир. Чунки мантиқ қонуниятга таянади, қонуният эса такрорни тақозо қилади. Кўпинча ҳодисага хос ўртоқ жиҳатлар такрор ва қолипда намоён бўлади. Чинакам бадиият маҳсули бўлган Абдулла Ориф шеърияти қолипларга сиғмас бетакрор ҳодиса ўлароқ қонуниятга осонлик билан бўй бермайди. Бундай бетакрор ҳодисани тўлиқ изоҳлаш осмонни қучмоқ, уммонни бўйсундирмоқ, тоғни қопга жойламоқ сингари қилиб бўлмайдиган ишдир. Бироқ кўкка учиш, уммонда сузиш, тоғни кезиш зарур бўлганидек, қайтарилмас поэтик ҳодисани ҳам текширишга улкан эҳтиёж бор. Негаки, текширмаслик билмасликни, билмаслик туймасликни, туймаслик эса, руҳан ва ақлан ғарибликни келтириб чиқаради. Шу сабабдан ҳам миллат руҳиятига улкан таъсир кўрсатган шоир Абдулла Ориф ижоди моҳиятини англаш ва имконимиз қадар изоҳлашга уринишимизни ўқирманлар тушуниши ва кечиришига умид қиламиз. 173
МИЛЛИЙ РУҲИЯТ МЕЪМОРИ Абдулла Орифнинг барча асарларида даврнинг изи кўриниб турсада, бу изларнинг нима учун айнан шу тарзда поэтик ифода топгани сабабини илмий изоҳлаш ўта қийин. Унинг ҳеч кимга ўхшамайдиган йўсинда фикрлайдиган, ҳаёт ҳодисаларидан ўзга замондошларига қараганда бошқача таъсирланадиган ва уни бўлакча тасвирлайдиган шоир экани бу юмушни янада мушкуллаштиради. Абдулла Орифнинг шеърияти озод ва покиза кўнгилнинг гоҳ майин, гоҳ нолакор, гоҳ ўтли, гоҳ мунгли манзараларини, баъзан бу ҳолатларнинг барчасини бирваракайига оҳангдор ва мусиқий ўзбек сўзи орқали ифодалаш натижаси ўлароқ дунёга келади. Шеър ёзиш сиёсий юмуш саналган даврларда ҳам шоир одамнинг руҳиятини тадқиқ этди, унинг туйғуларини тасвирлади. Абдулла Ориф шеърият майдонига қадам қўйган даврда одамнинг кимлиги унинг ижтимоий мавқеи билан ўлчаниб, қандайлиги қайси ижтимоий синфга мансуб эканига қараб баҳоланарди. Шахс жамиятга қарши қўйилар, негаки, омманинг истак, интилиш ва манфаатлари алоҳида одамникидан солиштириб бўлмайдиган даражада юқори саналарди. Адабиёт учун конкрет шахснинг кўнгли манзараларини тасвирлаш муҳим саналмасди. Шундай бир шароитда Абдулла Ориф қиёфасиз оммани эмас, алоҳида одам – шахснинг руҳий оламини тадқиқ этишга тутинди. У миллий шеъриятда бутун жамиятнинг тартибу қонуниятларини билиш ва тасвирлашдан кўра, биргина одамнинг кўнгил ҳолатини тушуниш ҳамда ифодалаш ҳам муҳим ва ҳам мушкул эканини туйган илк ижодкор бўлди. Конкрет одамга яқинлашиб, унинг кўнгил ҳолатларини ифодалаш шоир шеъриятига ўзгача самимийлик, дардчиллик бахш этди. Маълумки, алоҳида одам доим дардманд, серташвиш ва тушунилишга муҳтождир. Шеър кўпинча дард ифодасидир. Камдан-кам ҳолларда қувончдан шеър туғилади. Шу сабаб, шеърни қайғунинг ўз фарзанди, қувончнинг ўгай боласи дейиш мумкин. Коммунистик мафкура эса ана шу ўгай болга эътиборни кучайтириб, ғам тасвирини тақиқлаб, социалистик турмушнинг хушёқар жиҳатларини акс эттиришни талаб қиларди. Шундай шароитда мафкуравий шеърият қобиқларини парчалаб, алоҳида одамнинг кўнгил ҳолатини тасвирлайдиган, лирикани юракка яқинлаштирадиган ижодкорга улкан эҳтиёж бор эди. Акс ҳолда халқ руҳиятига зўрлик ва зуғум 174
билан сингдирилаётган ноинсоний сифатлар миллатнинг маънавиятини мажруҳ қилиб, ўзлигидан айириши мумкин эди. Абдулла Ориф шеърияти ўзбек лирикасига кўнгил дардлари сувратлари, орзу-армонлар фожиаси, руҳий изтироблар манзарасини олиб кирди. Шоир ўтмишда шонли боболари дунё билан бўйлашган, бугун олам ва одамни тоза кўрмоқ қайғусида яшаётган ўзбекнинг ўтли нолаларини шеърга солди. У қуруқшаган ўзбек шеъриятига ўйчил ғам ва ғамчил ўй олиб кириб, одамнинг ички дардларини, чигал руҳиятини ифода қилди. Дардчил одамнинг кўнгил ҳолати тўғрисида ҳайқирилмайди, дард ҳақида кўзда ёш билан сўзланади. Шу сабаб, шоир шеърларига ҳайқириқ эмас, ҳазинлик, мунг хос эди. Зеро, одамни одамдан йироқлаштирадиган ҳайқириқ дардлашаётган кишига ярашмайди. Янги замон адабиётида илкинчи бўлиб Абдулла Ориф ўта ингичка туйғулар, исмсиз дардларни шеърга солди. Ҳасратзада, озурдажон кўнгил мавжлари, комилликдан “юлдузлар қадар йироқ“ кишилар борлигидан таъсирчан юракда қолган озорлар бу шеъриятнинг манбаси эди. Совет даврида ғоят кенг ёйилган даъваткор шеърият қулоққа урилсада, кўнгилга инмас эди. А. Орифнинг аламангиз ва мунгли сатрлари ўзбекнинг кўнгли тўридан жой олди. Ҳайқириқ битикилар қулоқ пардаларини зўриқтирган бўлса, шоирнинг сокин ва самимий шеърлари кўнгил кўзига тушган пардаларни йиртиб, дилдаги зангларни кўчирди. Бу битиклар билан ошно бўлган шеърхон бехосдан ўзида ҳам нозик ҳислар, ингичка сезимлар борлигини, руҳиятининг қай бир пучмоқларида тоза туйғулар мавж ураётганини пайқаб қолди. Ярадор қалбнинг нидолари бўлмиш ўша майин шеърлар туфайли миллий руҳият инқироздан сақлаб қолинди. Коммунистик мафкура ёлғонни жамиятнинг ахлоқи даражасига кўтариб, одамларнинг сезимларигада тазйиқ ўтказмоқчи бўлаётган бир пайтда А. Орифнинг кўнгилларга чуқур кириб борадиган дардчил шеърияти ўзбекни сезимларнинг қуруқшаб қолиши ва туйғулар таназзулидан сақлаб қолди. Ўз туйғуларини “Қайдадир гулшандан ахтариб висол Ел кезар, тоғларнинг гўзал арвоҳи. Шоирнинг дилрабо байтлари мисол Оҳ тортиб тизилар турналар гоҳи” тарзида ўта таъсирли, майин ва ўзбекча ифодалай олган шоир миллатнинг ички дунёсига теран кириб бориши табиий эди. Олдин ишлатилмайдиган йўсинда қўлланган том ўзбекча 175
сўзлар руҳиятни осон забт этди. Ушбу поэтик ифодалар шеърхонлар қалбини, демакки, унинг инсоний моҳиятини эзгулаштириб, гўзал сезимлар ҳосил қилди. Одатда ҳар бир давр ўзида пайдо бўлган улкан муаммоларни ҳал қиладиган даҳоларни яратади дейишади. Бизнингча, Абдулла Ориф деган самимий ва бетакрор поэтик ҳодисани у яшаган давр яратмади, билъакс бу феномен чоғдошларнинг руҳий олами, туйғулар тизими ва тафаккур тарзига кардинал таъсир кўрсатиш орқали ўз даврини яратди. Тўғри, шоирнинг шеърлари ижтимоий тузумни ўзгартириб юбормади. Лекин бу бадиий яратиқлар одам руҳиятига хос асл жиҳатларни сездириш орқали одамни мафкуранинг сохта қутқуларига берилиб кетишдан сақлаб қолди. Абдулла Орифнинг дилбар ва самимий шеърлари расмий идораларларда тўла ҳукмрон бўлган ёлғон мафкуранинг миллат руҳиятига ҳам эгалик қилишига тўсиқ бўлди. Чин истеъдодга даврнинг тазйиқу чекловлари тўсқинлик қилолмайди. Истеъдод даврдан, вазиятдан марҳамат кутмаслиги, ҳар қандай тўсиқни енга олиши билан истеъдоддир. Ўта ноқулай шароитда кўнглидагисини юзага чиқара олиш истеъдоднинг илк белгиси саналади. Ҳар битта ўзбекнинг ички оламига теран кириб боргани учун ҳам мустақилликкача бўлган даврда яшаган ўзбекларнинг фикрловчи қисми маънавий оламини Абдулла Ориф шеърияти шакллантирган деб айтса бўлади. Шунинг учун ҳам кўнгил кўзи очиқ ўзбекки бор ўша вақтда истисносиз А. Ориф шеърлари билан ошно эди. Абдулла Ориф шеърларидаги беадад самимият, туйғулар чинлиги кишини ўзига асир қилади. Шоирнинг битганлари ўй, ҳиссиёт ва кайфиятнинг қуйма манзараларидир. Инсон туйғулари товланишини ўта чуқур билган ҳамда таъсирли ифода эта олган шоир шеърларидаги айрим чизгиларнинг ўзиёқ шеърхонда поэтик кайфият ҳосил қилади: “Асаблар тупроққа чўккан эди тиз” ёки “Йироқ-йироқлардан мунгли ва узун Турналар товушин тинглардим фақат” ёхуд “Сонсиз эгатларга сочилмиш, ана, Менинг орзуларим, менинг ўйларим” ёинки “Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида Салқин туман ичра бўзарар тонглар, Қуёшнинг эринчак ёғдуларида Нафис ялтирайди барги хазонлар” ё бўлмаса “Қаро сочларингда оппоқ аланга” сингари сатрлар чин инсоний сезимларнинг яхлит, таъсирчан ва ўхшашсиз ифодаси экани билан дилни ром этади. 176
Абдулла Ориф шеърияти ёмонликка муросасиз шахснинг ёлқинли иқрорларидир. Инсонга улкан муҳаббат туйган шоир уни комил кўрмоқ истайди. Одамга эса адоқсиз нуқсону иллатлар хослиги ва, энг ёмони, бу иллатлардан қутулишга ошиқмаётгани шоир руҳиятини қиймалайди. Шу боис у коинот сарвари дейилмиш ҳазрати одамдан ёзғиради. Шоир шеърларида муросасизлик ҳисси кучли экани инсонни нуқсонлардан холи кўриш истагидан. Нафратини одамга эмас, балки ундаги иллатларга қаратган шоир ёзади: “Йўқ, маймундан тарқамаган дердим одамзод”. Аммо инсондаги адоқсиз нуқсонлар шоирни умидсизлантириб, одамзот қабоҳат бобида нечоғлик “камолот”га эришганини кўрсатаверади. Бу ҳол улкан муҳаббат соҳиби бўлмиш шоирда доимо мунг, баъзан қаҳр уйғотади. Абдулла Ориф шеърияти самимият ифодаси экани сабаб кўнгилларни ром этиб, юракларга сингиб кетади. Шоир самимияти унинг ўз дунёси, руҳияти, кайфияти, ҳиссиётини тафтиш қилиши ва ўзини англашга астойдил уринишида намоён бўлади. Саратондаги эпкиндай ҳодисаларданда кучли даражада таъсирланадиган безовта қалб эгаси қилиб яратилган шоир ўзини руҳий мувозанатдан чиқарган ҳолатларни илғамоқ ва чизмоққа тутинади. Шоир ҳар битта замондоши қалбида нелар кечаётганини билгиси, туйгиси ва ифодалагиси келади. Атроф жавонибда оммавий бахт ҳақида тинимсиз жағ урилаётган бир вақтда ҳар бир алоҳида одамнинг қалбидаги дардни туйиб, акс эттирарди. Образларнинг теран халқчил томирларга эгалиги Абдулла Ориф шеъриятини миллат руҳининг сувратларига айлантирди. Энг чигал руҳий ҳолатларни ҳам ғоят улкан назокат ва юксак жозиба билан аниқ ва таъсирли ифодалай билиш шоир шеърларига ўзгача тароват бахш этади. Бунинг учун санъаткор учқунда аланга, қатим нурда қуёш, томчида уммонни кўра биладиган қудратли ижодий тасаввурга ва туйганини сўз билан моддийлаштириш қудратига эга бўлиши керак. Поэтик ифоданинг аниқ ва туйғуларга таъсир қўрсатадиган бўлишини жиҳатидан Абдулла Ориф шеърияти миллий адабиётдаги тенгсиз ҳодисадир. Шоирнинг: “Оёқланган қўзидай довдирар елда майса, Кўм-кўк мовий осмонда кезиб юрар оқ булут” сатрларидаги ташбиҳлар пухта ҳаётий асосга эгалиги ҳамда чексиз ҳиссий қудрати билан кишини ҳайратга солади. Елда силкинаётган кўкламий майса ҳолатининг эндигина оёқ босмоқчи 177
бўлиб довдираётган қўзичоққа ўхшатилиши халқ турмушини билгангина эмас, ичдан туйган кишининг қўлидан келадиган ишдир. Шу жойнинг ўзида биргина чизги билан кўклам осмонини ҳам ёрқин суратлантира олиш учун эса улкан истеъдод керак бўлади. Кўз олдига келтириш мушкул, ифодалаш деярли мумкин бўлмаган мавҳум сезимларни моддийлаштириш борасида Абдулла Ориф тенгсиз маҳоратга эгадир: “Ёрилмаган ярадай севги!”- дейди бир шеърида. Қулоққа чалинишидан бўлак моддийлиги йўқ туйғуни бунданда ортиқ туйимли қилиб тасвирлаш мумкин эмас. Белгилики, инсоннинг руҳий ҳолати ва кайфиятини манзаралаштириш учун улкан истеъдод лозим. Бу жиҳатдан А. Ориф таланти тенгсиз қудратга эга: Қалдироқ гумбурлар юксак тоғларда, Чилтор қилларидай таралар ёмғир. Шамол шовуллайди қадим боғларда, Буюк кўҳна дунё кўпчийди оғир. Жаҳон шеърияти хазинасидан ҳам тоғлардаги қалдироқ гумбури, ёмғирнинг чилтор қилларидай таралиши, шамолнинг қадим боғлардаги шовури, эртанги кунни туғмоққа шайланаётган оғироёқ дунёнинг хамир каби оғир кўпчиши каби миқёсли ва серқатлам ҳолатларни сабаб-оқибат алоқалари ҳамда мантиқий изчилликни сақлаган ҳолда шу қадар таъсирли чизиб берган бошқа бир шеърни топиш қийин. Шеърда ифода изчиллиги, тасвир кетма-кетлиги фақат маъно жиҳатидангина эмас, балки ҳаракат ва оҳанг жиҳатидан ҳам уйғунлаштирилгани битикнинг бадиий таъсир даражасини неча баравар оширган. Абдулла Ориф ўз шеърларида чуқур инсоний изтироблар, самимий туйғулар, ҳиссиётнинг камалакдай товланишларини акс эттириш орқали миллатнинг кўнгил дардларини ифода қилади. Жумладан, атрофидаги иллатга ботган ва хиёнаткор кимсалар боис кўзига олам нурсиз кўриниб, олти ойдан буён шеър ёзишга қўли бормаётган ижод кишисининг ҳасратли туйғулари акс этган машҳур “Сароб” шеърида одамларни тушунмоқчи, ҳаётнинг маъносини англамоқчи бўлган шахс кечинмалари улкан дард билан тасвирланади: Олти ойким, шеър ёзмайман, юрагим зада, Олти ойким ўзгаларга тилайман омад. Олти ойким, дўстларим ҳам пана-панада Истеъдодим сўнганидан қилар каромат. 178
Ниманидир ахтараман — шеърдан ҳам улуғ, Ниманидир ахтараман — нондан азизроқ. Дунё ўзи бепоён-ку, рангларга тўлуғ, Бироқ менинг кўзларимдан ранглар ҳам йироқ. Одам атроф оламни боридай эмас, ўз кайфиятига мутаносиб кўради. Кўзига оламнинг ҳар бир жилваси шеър бўлиб туюладиган шоир учун олти ойдан буён шеър ёзмаслик – оғир кўргулик. Бундай ҳолга тушган одамга дунёнинг ёқимли кўриниши мумкин эмас. Шоир шундай аҳволдаги шахс руҳий ҳолатини тенгсиз маҳорат билан акс эттиради. Зеро, дўстман деб юрганлар истеъдоди “сўнганидан каромат” қиладиган шароитда кишининг кўзига олам рангсиз ва совуқ кўриниб, унда бирор ёқимли чизги кўзга ташланмаслиги табиийдир. Дунёдан эзгулик, одамлардан тозалик излаган шоир қидирганларининг болаликда қолиб кетган армонларгина эканидан изтиробга тушади: “Кўз олдимда киприкдайин тизилар йиллар, Ҳар бирига маржон бўлар аччиқ унларим. Хира туман орасида чўғдай милтиллар Жайрон қувиб жайрон янглиғ ўтган кунларим”. Бу мисралардан адоқсиз ғам уфуриб турибди. Ўтган умри ҳақидаги хаёлга ғарқ бўлган ўйчан йигитнинг оламга сиғмас дардли туйғулари теран акс этган бу шеър яралганида шоир бор- йўғи йигирма беш ёшда эди. Аммо у ўтган умри ҳақида жуда узоқ умр кўрган оқсоқолдай фикр юритиб, “киприкдайин тизилган йиллар”га “аччиқ унлари” маржон бўлганини ёдга олади. Ҳаётни фаровон, инсонни комил кўришни истаган шоирнинг одамзотнинг разолатга ботиб бораётганига таниғ бўлиши унда чегарасиз ғам пайдо қилади. Шоир ўз омадсизлигидан эмас, дунёнинг кемтиклиги, одамларда иллат кўплигидан дард чекади. Шеърнинг кейинги мисраларидан шоир дардларининг илдизлари теран, кўлами катта экани англашилади. Барчага муҳаббату оқибат кўрсатган лирик қаҳрамон одамлардан ҳам поклик, тўғрилик, мусаффолик, меҳру муҳаббат кутади. Кўнгил дарвозасини ҳаммага очиб қўйган шоир садоқатига хиёнат, ишончига алдов, муҳаббатига нафрат билан тўлов қайтарган кимсалар сабаб кўнглида пайдо бўлган аччиқ армонларни: “Қуюндайин чарх урардик доим тўзонда, Чанг нелигин билмас эдик ўшанда ҳали. Онамизни ўйлар эдик инсон деганда, Аммо она танҳолигин билмасдик ҳали”,- дея ифода этади. Шеърий парчанинг дастлабки мисраларида болаликнинг беғубор онлари, оламни ғуборсиз санаб, 179
“чанг нелигин билмай” кечирилган болалик акс этган бўлса, “Онамизни ўйлар эдик инсон деганда” сатрида шоирнинг одамларга бўлган беғараз ишончи ифодаланади. Сўнгги қаторда эса дунёга ишонч тўла кўз билан боққан лирик қаҳрамоннинг она каби беғараз эзгу зот кам эканини билмаслиги акс этади. Шеърда нафақат ўзгалар, балки ўзини ҳам тушунмоқчи бўлган инсон руҳияти акс этади. Одамлардан эзгулик келганини кўрмаётгани боис шоир назарига ёруғ ранглар ташланавермайди. Юксак ғоялар сароб, нурли келажак ҳақидаги гаплар пуч эканини англаш уни умидсизликка туширгандай бўлади. Лекин лирик қаҳрамоннинг тоза кўнгли оламда халқ, Ватан сингари юксак ва ўлмас тушунчалару улар олдида ўталиши керак бўлган бурч каби мангу туйғулар борлигини ҳис этади. Шоир ёшликдаги тоза туйғуларидан айрилсада, умидсизланиб дунёдан қўл силтамайди. Лекин шеърнинг энг умидбахш ўринларида ҳам дунёнинг кемтиклиги, одамнинг нокомиллиги туфайли шоирни ўраб олган мунг сезилиб туради: Хазон тўла боғчаларга бораман тағин, Яна ўзни хаёл ила шеърга ташлайман. Тўниб қолган юрагимга бериб бир таскин, Яна қувноқ қўшиқларни куйлай бошлайман. “Қувноқ қўшиқларни куйлай бошла”ган одам кайфиятидаги эзгинлик муҳри ўқирман эътиборини тортади. Шеърда қўлланган “Хазон тўла боғчаларга бор”иш, “Тўниб қолган юраги”га таскин бериш каби ташбиҳларда фикрчан одамнинг самимий туйғулари акс этган. Бу шеър тоза ҳиссиётли одамнинг покиза кўнглидаги оташин туйғулар ифодасидир: “Инжиқ руҳим май истайди гоҳи- гоҳида, Фақат унинг оғушида топаман ором. Хаёлларим сархуш бўлиб кезган чоғида У беармон кунларимга қайтаман тамом”. Улкан дард ифодаси бўлмиш бу самимий шеърда қаҳрамонни майга ошно қилаётган сабабларга эътибор қилинсагина, муаллифнинг поэтик нияти англаб етилади. Одамлар учун минг оташда куйган шоир, ўз навбатида, одамлардан ҳам таъмасиз муҳаббат кутади: Таъна қилмай ахир севгим мукофотини Инсон учун минг оташда куяр эдим мен О, қанчалар севар эдим инсон зотини, Қандай буюк муҳаббат-ла севар эдим мен. Бугун тўниб, атрофимга қарайман секин, 180
Ўт беролмас қалбга энди у ёшлик дамлар. Мен инсонни бир инсондай севардим, лекин Нечун кўпдир ҳалигача разил одамлар. Шоирнинг аччиқ иқрори замиридаги самимият ўқирманни ўзига ром этиб, ҳиссиётини безовта қилади. Бу безовталик, қониқмаслик шеърхоннида ўзини тафтиш қилишга ундайди. Тафтиш эса покланиш йўлидаги илк қадамдир. Бетакрор маҳорат билан ёзилган ушбу шеърда одам деган ҳодисанинг ўта сирли экани, одамлар ўртасидаги муносабатларнинг чигал ҳамда тушунарсизлиги таъсирчан ифода этилган. Шоирнинг санъаткорлиги шундаки, у ҳодисаларнинг бошқалар ҳам кўриб турган, аммо пайқамаган жиҳатларини ўзига хос тарзда акс эттиради. Асл шоирнинг истеъдоди – ундаги нигоҳнинг ўткирлиги, туйғунинг нозиклиги, ҳиссиётнинг теранлиги, ифоданинг аниқлигига эришишдан иборат. Кўкламда ўрик ғўраларини барча кўрган, аммо фақат чин шоиргина унда ҳам ҳаёт бардавомлиги нишонасини, ҳам ўзбек аёлига хос тенгсиз андишани кўра ва кўрсата билади: “Дилбар келинчакнинг кўксида ғулу Зардоли шохига ташлар кўз қирин”. Шоирнинг маҳорати бу ўринда мим даражасига кўтарилади: у айтмайди, ишора билан англатади. У имлаб кўрсатган жойда ўзбек қизининг туғма андишаси, минглаб йиллик миллий маданияти бўй кўрсатади. Қанчалик ғўра егиси келмасин, буни бошқаларга билдирмаслик учун фикру зикрини банд қилган ўрикка очиқ қарамай, кўз қирини ташлаш фақат ўзбек келинчагига хос миллий хусусият бўлганидек, фақат Абдулла Ориф бу ҳолатда умр давомийлиги борлигини кўра ва кўрсата билган миллий шоирдир. Шеъриятга қайғунинг йўлдошлиги ҳақида кўп ёзилади, лекин уни ўқирман кўз олдига яққол келтириб қўйиш жуда кам шоирнинг қўлидан келади. Қувонч тўғрисида ҳам кам битилмаган, бироқ шодликни моддийлаштириш ҳам камдан кам ижодкорга насиб этган. Абдулла Орифнинг бетакрор истеъдоди айни шу қийиндан- қийин икки юмушни биргина байтда бажарганида яққол кўринади: “Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам Тошқинлар киради қалбимга маним”. Ғамни кўз олдига келтириб бўлмайди, лекин қизғалдоқнинг гулбарги ҳар биримизга яқин. Уни енгил бир ҳаракат билан учириб юбориш мумкинлигини ҳамма билади. Шоир қалбидан қиғалдоқ япроғидек учириб юборилган ғам ўрнига тошқин кирмоқда. Шодлик тилга олингани йўқ, лекин инсон 181
кўнглидаги тошқин унга улкан қувонч ёр бўлгани белгисидир. Чинакам улкан санъаткоргина буни шу йўсин ифодалай билади. Абдулла Ориф – ўхшаши йўқ бадиий манзаралар шуурига яхлит ҳолда қуйилиб келадиган ижодкор. Бу даврдаги кўпчилик шеърларида поэтик манзаралар тасвирида чок мутлақо йўқлиги кишида шоир тасвир учун сўз изламай, осонгина ёзаверадигандай таассурот қолдиради. Бу шоир тасвир имкониятининг мўл- кўллигидан далолатдир. Қуйидаги тасвирнинг таъсир қудратига эътибор қилайлик: Еллар ҳам уйғонди ишқалаб кафтин, Офтоб ҳам юксалди – тик келар қуёш. Тоғлар ҳам юк ташлаб кўтарди кифтин, Безавол майса ҳам силкитади бош. Тарновлар бўғзида лола ҳам кўркам, Тераклар учида изғир мавжудот. Ҳаттоки, туйғусиз чирик хазон ҳам Яшил пўпанакдан боғлабди қанот. Ҳовлиқма жилғалар чопар беэга, Қушлар қий-чувига тўлмиш дала, боғ... Бу мисралардаги ҳар бир тамсил ўз ўрнида, ҳар бир ташбиҳ образнинг моҳиятини очишга тўлиқ йўналтирилган, ҳар бир ифода моҳиятни яққолроқ англатишга хизмат қилади. Бу қадар ҳаётий, бу қадар соддаваш, бунчалар батафсил ва бу чоғлиқ юксак эстетик энергияси бор поэтик тасвирга эришмоқ учун шоир шеърий маҳоратнинг баланд чўққиларини забт этган бўлиши керак. Абдулла Ориф ижодининг дастлабки босқичидаёқ: “Мени чорлаётир олий бир жамол”,- дея хитоб қилганди. Эҳтимол, ёш шоир ўша маҳалдаёқ Аллоҳ жамолини кўзда тутгандир. Балки, шеъриятнинг гўзал чўққиларини забт этмоқни истагандир. Бу тўғрида қатъий фикр айтиш қийин. Аммо унинг ўзбек бадиий сўзининг ифода имкониятларини орттиргани, исмсиз туйғуларга ном қўя билгани, ифодалаш мушкул руҳий ҳолатлар манзарасини чиза олгани билан нафақат миллий шеърият, балки миллий турмушимизда ҳам ўхшаши йўқ ҳодиса бўлиб қолганига шубҳа йўқ. Бундан буён наинки барча ўзбек шоирлари, балки бутун ўзбек миллати Абдулла Ориф таъсиридан холи бўлолмайди. Негаки, унинг ижоди миллий шеъриятнинг йўналишини белгилабгина қолмай, миллий руҳиятнинг таркибини ҳам тайин этди. Ўзбекнинг руҳиятини тасвирламоққа жазм қилган ижодкорки бор Абдулла 182
Ориф феноменига дуч келавергани, ундан таъсирланавергани янглиғ ўзбек сифатида шаклланаётган одамки бор, улуғ шоир қайноқларидан билиб-билмай сувланаверади. Чунки унинг битикларида акс этган туйғулар миллий руҳиятимизнинг таркибий унсурларига айланган. ҲИКМАТ ЖИЛВАЛАРИ Эгаманликдан сўнг ўзбек миллати ўз тараққиётининг шахслашиш босқичига кирди ва бу даврда дид ва қизиқишларнинг хилма- хиллиги кучайди. Ахборот олиш манбалари кўпайиб, одамнинг хабардорлик имконияти турфалашгани сари бадиий адабиёт олдингидай жамият аъзоларининг диққат марказидаги ҳодиса бўлмай қолди. Бу ҳол кўпчиликда жамият адабиётдан йироқлашди деган хавотир уйғотди. Аслида ҳам одамларнинг бадиий адабиётга муносабатида бир қадар совуққонлик пайдо бўлди. Лекин одамлар адабиётдан безиб кетмадилар, балки ўқишнинг турфа усул ва имкониятларидан фойдаланила бошланди. Дидлар ҳар хиллашди, эндиликда бировга жуда маъқул келган нарса бошқа бировга мутлақо ёқмаслиги оддий ҳолга айланди. Ҳозир ҳам давом этаётган бу босқич адабиёт учун чинакам синов даври бўлди. Хайриятки, Абдулла Ориф шеърияти мана шу синовлардан ҳам шараф билан ўтиб, улус руҳият ва тафаккурига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Азалдан ҳикматга мойил шеърлар битиб келган Абдулла Ориф ижодининг эгаманликдан кейинги даврида буюк Ялавочнинг: “Сўзда сеҳр бор, шеърда ҳикмат” ҳадисларида айтилганидек, ўзининг умр йўлида кўрган-кечирган ва кузатганларидан ҳикмат чиқаришга кўпроқ эътибор қаратди. Жамият ҳаётида кескин ижтимоий-сиёсий курашлар кечган бу йилларда шоир ўз битикларида одам деб аталмиш ўта мураккаб яратиқнинг чексиз олам оғушидаги чигал ҳаётининг саноқсиз қирраларини акс эттирди. Олам ҳодисаларига кўпни кўрган донишманд назари билан қарайдиган мутафаккир шоир атроф оламдаги ҳар бир нарса- ҳодисадан ибрат ё ҳикмат топиб, эсдан чиқмайдиган йўсинда поэтик акс эттиради. Шоир “Бойқаро” деб номланган шеърда томоғига тиқилган сўнгакдан азоб тортаётган шоҳнинг ҳолатини 183
акс эттириш асносида, ёмонлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди деган тўхтамга жуда табиий йўсинда келади: Эшитган дўст албат қон ютган, На ғанимлар бундан ризодир. Бу – султоннинг ўзи қатл этган Набираси Мўмин Мирзодир. Тасвирда муҳимни номуҳимдан бехато ажрата олгани боис Абдулла Ориф султон Бойқаро томоғига сўнгак қаёқдан, қай ҳолда тиқилганига, унинг қандай азоб тортаётганини тасвирлашга ортиқча тўхталмайди. Шоир ҳаётда учраб турадиган оддий ҳақиқатдан ўта таъсирли ҳаётий-поэтик хулоса чиқара олган. Шоирнинг “Имон” отлиқ бошқа бир битиги ҳозир тўхталганимиз шеърнинг мантиқий давомига ўхшайди. Одамнинг барча тутумлари моҳияти ундаги имон кучига боғлиқ экани акс этган шеър: “Ҳеч ким 'бас' демайди бойликка тўйиб, Йўқсил ҳам чидайди, ёнмайди куйиб. Бир жуфт шеър айтишни бўйнимга қўйиб, Оламда йўқ эдим, Ўзи бор қилди” тарзида бошланади. Шеърнинг илк бандидаёқ шоирга сўз айтиш Яратган томонидан белгиланган қисмат экани юқоридагидай таъсирли йўсинда ифодаланади. Банданинг ўз тақдиридан ташқарида бўлолмаслиги, борлигу йўқлик, истеъдоду иқтидор фақат Аллоҳнинг марҳамати экани собит бир ҳақиқат сифатида тасвирланади. Битикда ҳар бир шахс ўз имону виждони олдида масъул экани, одамнинг имкону қудрати қанчалик бўлмасин, қилмиши учун жавоб беришга маҳкумлиги ўта таъсирли йўсинда акс эттирилади: Ёвузлик ҳар ённи этса ҳам хароб, Бир куни қайдадир бергайдир жавоб. Эзгулик седана донидек ноёб, Бўй сочиб, ўзидан умидвор қилди. Шеърнинг бу бандида ёвузлик ва эзгулик ғоят эсда қоларлик йўсинда қарама-қарши қўйилиб, ёвузликнинг миқёси “ҳар ённи” хароб этадиган, эзгуликники эса “седана донидек ноёб” бўлишига қарамай, кейингисининг ғалабаси тайин эканига умид акс этади. Шеърда седананинг қўлга илинмас даражадаги майда донидек бўлсада эсзгулик “ҳар ённи хароб” этган ёвузликка нисбатан қудратли экани ғоят ўзига хос тарзда ифодаланган. Тасвирнинг ҳажмини эмас, балки қамровини кенгайтиришга уринган шоир седананинг бетакрор исидан ҳам ўринли бир бадиий тафсил сифатида фойдаланади. Шеърнинг сўнгги бандида Яратганнинг 184
ихтиёрисиз тикан кирмаслигига, ёвузлик қачондир енгилиб, эзгулик енгишига ишонган имони бут кишининг некбин қаноати ифода этилади: Ер юзи бўлгайдир шаксиз фаровон, Инсонга қайтгайдир диёнат, виждон. Шоир келажакка келтириб имон, Шу шеърни ёзмоққа ихтиёр қилди. Шеър кишида умид ва эзгулик тантанасига ишонч уйғотиши, кўнгилда ёруғ туйғулар ҳосил қилиши билан диққатни тортади. Битикнинг қофияланиш тартибидаги ўзига хослик ҳам эътиборга лойиқ. Ўнта тўртликдан иборат бу шеър бандлари а-а-а-б, в-в-в-б, г- г-г-б, д-д-д-б, е-е-е-б ва ҳк. тарзида қофиялангани сабаб ўзгача бир мусиқийлик, ёқимли оҳанг касб этади. Абдулла Орифнинг бу давр ижодига мансуб кўпчилик битикларида кўнгил дахл қилиб бўлмайдиган муқаддас маъволиги, унга қилинган зуғум танага қилинган зулмдан оғирроқ экани тасвирланади. Чунончи, “Инсон ғурури” шеърида юксак маънавий фазилатлар кўнгилда етилишидан келиб чиқиб, уни топташ ёвузлик экани кескинлик билан “Ким инсон қалбига кирса берухсат, Ҳаттоки, ҳайвондан ваҳшийроқ эрур” тарзидаги тўхтам шаклида ифода этилади. Мутафаккир шоир ўз битикларида қаламга олинган нарса- ҳодисанинг моҳияти ва сабабини кўрсатишга алоҳида эътибор бергани ҳолда кўпинча оқибатни батафсил тасвирлаб ўтирмайди. У сабабнинг моҳияти табиий равишда оқибатнинг қандайлигини белгилашини кўзда тутади. Шу боис шеърларида ҳамма нарсани ипидан игнасига қадар айтиб қўймайди. Ўқирманнинг закоси ва топқирлигига ишонганидан кўп ўринларда ишора билан кифояланади. Жумладан, “Соғуний” шеърида “Зулмки, устивор бўлдими агар, Энди ҳамроҳингдир ўкинч ва ҳасрат” сатрларига бутун шеърнинг моҳиятини жойлагани ҳолда бу хулосани изоҳлашни ортиқча санайди. Шеърда улуғ аллома ва арбоб тортган азоблар санаб ўтирилмай, миллат озодлиги йўлида фидо бўлган шахснинг руҳи улуснинг бундан буёнги тутумлари қандайлигининг сергак кузатувчиси бўлиб қолани тасвирига урғу беради. Бу ҳол ўқирманни ўзида ҳазрат Соғуний руҳини инжитмайдиган сифатлар бўлиши кераклигини ҳис эттиришга олиб келади. Шоирни инсон қисматига доир ечимсиз муаммолар адоқсиз ўйга толдиради. Шу сабаб “Шеърият” деб аталган битикдаги “Гоҳ ўйлаб 185
қоламан, киммиз ўзи биз, Соҳиби давронми, фалакнинг қули?” йўсинидаги савол унинг доимий йўлдоши эканида ажабланарли жиҳат йўқ. Шоир эзгу ўй ва эзгу амалли одамлар даврнинг эгалари бўлишини орзулайди, лекин оламнинг ғаддор ўзгармас тартиби уни оғир мулоҳазалар оғушига ташлайди: Эл-юртнинг қалбида пинҳон оҳу зор Шеър бўлиб ўзидан бергайдир хабар. Ана, Машраб учун қурилган у дор Бузилмай турибди шу кунга қадар. Ўзини инсон ва инсониятдан, инсону инсониятни ўзидан айро кўрмаган шоир “Эл-юртнинг қалбида пинҳон оҳу зор Шеър бўлиб ўзидан бергайдир хабар” тарзида шеърнинг буюк миссияси ожизларга мадад беришдан иборатлигини ифодалайди. Шеърда талмеҳ санъатидан фойдаланиб, Машрабнинг бугун ҳам қайтарилиши мумкин бўлган қисматини эсга солиш орқали ўзгача таъсирчанликка эришилган. Битикда шоир ва шеър қисматининг замонлар оша ҳам ўзгармай қолгани, булар тақдиридаги фожиавий давомийлик алоҳида таъкидларсиз ўқирманга сездирилади. Абдулла Ориф бошқа жуда кўп битикларида ҳам шеърнинг қиммати-ю шоирнинг вазифаси ва тақдири тўғрисидаги фикру туйғуларини акс эттиради. Чунончи, бир шеърида келган биргина “Шоир деганлари шаҳиддир хунсиз” сатри орқали шоир ижодкор зиммасидаги юкнинг ҳамма замонларда ҳам нақадар оғир бўлишини бутун залвори билан бера олган. Ушбу китобга кирган деярли барча шеърларида Абдулла Ориф одамга одамдай яшаш насиб этишига доир чин истакларини ифодалайди. “Ибодат” шеърида яшашнинг ғоят мушкул, адоқсиз синову қийноқлар оғушида кечиши тасвирланади. Лекин инсон учун азоблар ичра бўлсада тириклик дунёдаги барча нарсадан афзал тортиқ экани ва буни тасвирлаш асл ижодкорнинг Яратганга хуш келадиган юмуши бўлиши кераклигини “Дунёда неъмат йўқ ҳаётдан азиз, Сен унга бағишла ўлмас сатрингни” мисраларида ифода этади. Дунёнинг адолатсизлиги, одамларнинг бир-бирига зуғуми туфайли киши, ҳатто, ўлганидан кейин ҳам хотиржам бўлолмаслигини тасвирлаш орқали шеърда ҳаётий фожианинг даражаси бор кўлами билан кўрсатилади: Ҳали тугамайди бу аччиқ қисмат, Кимдир ном талашиб ақлдан озар. 186
Энг мудҳиш томони, ўтмай сал фурсат Сени маҳв этганлар хотира ёзар. Одамга хос қилвирликларни энг майда жиҳатларигача кўра билган шоир айнан шу одамнинг ўлимига сабаб бўлган каслар марҳумнинг энг яқинлари сифатида хотиралар ёзишидай иккиюзламачиликни ҳаётнинг “мудҳиш томони” ҳисоблайди. Бундай вазиятларда кишига ёмонликнинг чегараси йўқдай, уни бартараф этиш имконсиздай туюлади. Шунинг учун ҳам шоир шеърни умидбахш юмор билан: “Яхшиси, ўлмасдан яшамоқлик шарт”,- дея тугаллайди. Қизиғи шундаки ярим асрдан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган ижодий умри мобайнида мудом минглаб йиллик анъаналар бағрида туриб порлоқ поэтик кашфиётлар қилиб келаётган Абдулла Ориф 2012 йилда илк бор шаклий изланишларга жазм этиб, “Ранглар ва оҳанглар” деб аталган қофиясиз шеърлар туркумини яратди. У ижодий умри давомида биринчи марта қофия ва оҳангдошликка асосланмаган учлик бандлардан иборат шеърлар ёзди. Бу учлик бандларда икки жиҳат уйғунлашгани кўзга ташланади: учликлар бутун бир шеърни ташкил этувчи унсурлар; айни вақтда ҳар бир учлик муайян ички мустақилликка эга шеър ҳам. Қофияга боғланиб қолмаслик натижасида шоир мисралар воситасида уйқаш оҳанг эмас, уйғун руҳ яратиш имконига эга бўлган. Қофиянинг йўқлиги эса муаллиф зиммасига шеърни қулоққа эшитиладиган ташқи оҳанг эмас, балки кўнгил торларига уриладиган ички зарб билан таъминлаш вазифасини юклаган. Шеърда қофия, оҳангдошлик сингари ташқи атрибутларга боғланиб қолмаслик шоирга миқёсли фикрлаш ва кўнглидан кечган сезимларни батафсил ифодалаш имконини беради “Ранглар ва оҳанглар” шеъридаги: Оқ денгиздан оқ шамоллар эссалар, Қизилидан келса алвон шаббода, Қора денгиздан-чи, тим қора насим. Оқ танли кишидан оқлик уфурса, Сарғимтил қавмдан заҳил эпкинлар, Қоралардан эса сиёҳранг тутун. Не ҳол юз берарди рубъи маскунда, Ким ҳам кўз юмарди бу манзарадан? 187
Яхшиям шамолнинг ранглари йўқдир. Шеърнинг кейинги мисраларида ҳаёт бу хаёлий манзарадаги каби жўн эмаслигини тасвирлаб, нарса-ҳодисаларнинг ташига эмас, ички моҳиятга назар ташлагандагина уларни англаш мумкинлигини қайд этган шоир шеърни “Қара, наъматакнинг қуруқ шохида Бир қуш сайраб турар саҳардан то кеч, Сергак бўлолсайдик ўша қуш каби” тарзида якунлайди. Сиртдан парокандадай туюлгувчи бу мисраларни қофия ҳам, оҳанг ҳам, ҳатто, маъно ҳам эмас, ички поэтик руҳгина ўзаро бирлаштириб туради. “Уйғунлик” шеърида олам ҳодисалари ва одамга шоирнинг фалсафий муносабати яққол кўринади. Очун ҳодисалари орасидаги ички мутаносиблик ҳақида ўйлаган шоир: “Олам уйғунликдан иборат асли, Бўшлиқ деганлари йўқдир мутлақо, Маконни нимадир тўлдириб турар. Сувсиз идишда ҳам зангор ҳаво бор, Қоп-қаро коинот бағрида эса, Вақт яшар, жисмсиз руҳлар кезади” тарзидаги тўхтамга келади. Хорезматик фикрлайдиган шоир уйғунликни хилма-хиллик ва ўзига хосликнинг бирлигида кўради. Ҳар битта одамга ўз миллати бетимсол, тили тансиқ, ватани муқаддас туйилиши сабабини уйғунлик туйғуси билан изоҳлайди. “Баҳор чоғи, меҳр билан қуёш чарақлар, Булутлар ҳам момиққина ўрдакчалардай. Бирданига ёмғир қуяр. Нақадар роҳат!” учлиги билан бошланган “Миллат” шеърида эса айни шу жиҳатга тамомила ўзгача ракурсда ёндашилади. Барчаси ҳам муайян даражада воқеабандликка қурилган бу шеърларда шоир қиссадан ҳисса чиқариб, ўгитбозлик қилмайди. Муаллиф ҳамма гапни ўзи айтиб қўймай, уларни шеърхоннинг хаёлан давом эттиришига имкон бергани учун ҳам ушбу учлик битиклар кишига тугалланмай қолгандай туюлади. Сиртдан қараганда япон хайкулари ва хитой сяошиларига бир қадар ўхшаб кетадиган учлик бандлардан иборат бу шеърлар ички мантиқий изчиллик маҳсули экани билан улардан кескин фарқ қилади. Тафаккур ва тасаввур қудратига битилган мадҳия дейиш мумкин бўлган “Фикр” саккизлигида шоирнинг некбинлик туйғуси юксак даражада етади. Ушбу шеърда фикр йўлдош бўлгандагина одам чинакам инсон бўлиши мумкинлиги ўйлаётгани учун ҳам кимсасиз саҳрода ёлғизлигини сезмаётган шахс ҳолатининг ёрқин тасвири орқали акс эттирилади: Атроф саҳро, йўқ бирор жонзот, Булут босган, димиққан ҳаво. 188
Лекин қайнар фикримда ҳаёт, Теварагим гавжумдир гўё. Шеърда фикр кишисининг ҳаёт ва вазиятни ўз измига сола билиши, унинг борлиқ етовига тушиб қолмаслиги таъсирли тасвирланган. Иккинчи тўртликда айни шу одамнинг фикрламаётгандаги ҳолати антитеза тарзида келтирилади: “Атроф бозор, одамга тўлган, Булут ҳам йўқ, очиқдир ҳаво. Лекин фикрим тўхтаган, ўлган, Мен ёлғизман буткул, мутлақо”. Шеър шундай тугайди, унда қиссадан ҳисса чиқарилмаган, муайян тўхтамга келинмаган. Шеърхоннинг фикрлаб, ўзига ижодий шерик бўлишига ишонган шоир бу юмушларни унга қолдиради. Шеърдаги “саҳро” ва “бозор”, “булут босган” ва “булут ҳам йўқ”, “димиққан ҳаво” ва “очиқдир ҳаво”, “Лекин қайнар фикримда ҳаёт” ва “Лекин фикрим тўхтаган, ўлган”, “Теварагим гавжумдир гўё” ва “Мен ёлғизман буткул, мутлақо” сингари ифодаларнинг мазмунан ўзаро том қарама-қарши экани ўқирманни шоир ниятини англаб етишга йўналтиради. Шеърхон ўйлайдиган кишигина чин маънодаги тирик одам экани, ўйламаслик ёхуд фикрлай олмаслик кишини ўликка тенг қилиб қўйишини теран ҳис этади. Бошдан-оёқ мантиқий тазодга қурилгани шеърнинг таъсир кучини оширган. Юмор – Абдулла Ориф ижодига доимий йўлдош. Шоирнинг юмори ҳамиша дард, мунг билан қоришиқ келгани, ғамдан туғилгани, киноя, пичинг, коса тагида нимкоса сингари белгиларга эгалигидан фақат кулги уйғотиш билан чекланмайди. Бундай хусусият шоир ижодининг турли даврларида битилган “Ҳангома”, “Турмуш ташвишлари”, “Тулки фалсафаси”, “Ади-бади ҳақида ривоят”, “Маймуният”, “Танишлар”, “Тарбия”, “Шарқ ҳикояси” янглиғ кўплаб шеърларида яққол кўзга ташланади. Чунончи, “Мухбир” шеърида шоир унга юрт ҳаётини бўяб-бежаб кўрсатмоқчи бўлган мухбирдан норозилигини киноя йўли билан ифодалайди: Таништирма менга осмонни, Икки кўзим ҳозирча очиқ. Пеш қилмагин ҳа деб бўстонни, Кўрдим: гуллар ғоят ярашиқ. Шеърнинг кейинги бандида мухбир ифтихор билан таништирмоқчи бўлаётган самолёт гувиллаши, булоқ шилдироғи, қушлар сайроғи, юлдузу ойнинг чиройи унга янгилик эмаслигини қайд этар экан шоир пичинг билан қилинган бу романтик саноқлардан сўнг ҳеч кутилмаганда: “Мен биламан, қайдадир дала Ва неча бош 189
чўпоннинг моли”,- дейди. Улуснинг тириклиги ва тирикчилигини ташқаридан эмас, балки ичдан биладиган эл одамигина бундай қаноатга кела билади. Зеро, мухбирнинг саноғидагилар ташқи безаклар бўлса, шоирнинг айтганлари эса моҳиятни англатади. Шоир ўзини элдан айро кўрмагани боис ҳам комил ишонч билан: “Ватанимда учраган ҳар тош, Кўринади ўтдек кўзимга. Меникидир шу ер, шу қуёш, Таништирма мени ўзимга”,- дея олади. Шеърда ҳаётга юзаки муносабатда бўлиб, унинг сиртидаги жиҳатларнигина кўрадиган мухбир образи енгил киноя билан тасвирланади. Абдулла Ориф “Август” шеърида отамакон соғинчи туфайли пайдо бўлган ғоят нозик ва ингичка туйғуларини ҳеч кимникига ўхшамаган йўсинда ифодалашга эришади. Унда мусофир юртлардаги ўғлоннинг руҳиятига мос умид ва гумон, илинж ва хавотир ўта таъсирли акс этган: Мен бугун мусофир, саргашта сайёҳ, Балки қумлоқларга сингмиш сўзларим. Сен ҳам соғиндингми, эй она даргоҳ, Мени кутгайсизми, хумор кўзларим? Шоир элу юртга деган сўзларининг эгаларига етиб бормай, “қумлоқларга синг”иб кетишидан хавотирланади. Она юрт соғинчи билан яшаётган ўғлон уни ҳам соғинганликлари ва кутаётганликларини билгиси келади. Бундай табиий туйғулар самимий ифода тарзи билан ўқирман юрагига таъсир этади. Шеърнинг кейинги бандида Абдулла Орифнинг маҳорат ханжари ўзгача ярақлаб кетади: “Ватандан йироқда кечди кўп дамлар, Байтларим ўхшади кўприкларимга. Дўрмон боғларида тоза шабнамлар, Қўниб турган каби киприкларимга”. Бу мисраларда юртдан минглаб чақирим наридаги шоирнинг шеърлари ватанга ташланган кўприк бўлишини исташидай табиий ҳол ўзининг гўзал ифодасини топган. Ҳам ота юртнинг, ҳам ижоднинг тимсоли айланган Дўрмон боғларидаги тоза шабнамларнинг киприкларга “қўниб турган каби” бўлиши ҳам ҳаётий-мантиқий, ҳам ифода нуқтаи назаридан ҳаққоний ва гўзалдир. Зеро, киприкларга қўнган бу шабнам тасвири шунчаки бир поэтик образ эмас, балки соғинчдан кўзига ёш олган шоир руҳиятининг ифодаси экани билан ҳам жозибалидир. Шоирнинг “Ватан меҳри” шеърида соғинч ва меҳрга ташналик туйғуси янада шахсийроқ ва бўртиқроқ акс эттирилади. Шеърда 190
дардга чалинган инсон руҳияти юқумли ифода қилинган: “Хасталикка йўлиқдим Ватанимдан йироқда, Вайрон бўлди минг карра шундоқ ҳам вайрон кўнглим”. Шеърда шоир учун ватан туйғуси – мубҳам ва мавҳум сезим эмас, балки синглиси Бибисора сиймосида конкретлашган, шахслашган ҳиссиёт. Бегона юртларда ожиз қолган оғага сингилнинг муҳаббати ватан ва юртдошлар меҳридай хусусият касб этади. Шоир баландпарвоз осмоний ифодалардан қочади, юксак инсоний сезимларни одамга яқинлаштиради, оламни, жумладан, ватаннида муайян одам сиймосида идрок этади. Шу сабаб қуйидаги ғоят ичкин ҳолатлар ифодаси ҳам шахсий туйғуларга ўралашиб қолиш эмас, балки умуминсоний кечинмалар намунаси ўлароқ қабул этилади: Эллик йил айро тушган икки жигарбанд мисол Ака-сингил йиғлашдик, елкаларга қўйиб бош. Шу лаҳза онам руҳи чарх урарди, эҳтимол, Балки отам арвоҳи тиларди бизга бардош. Қондошларнинг ўзаро яқинлик ва меҳру оқибати ҳар қандай миллатга мансуб ота-она учун ҳам хотиржамлик асосидир. Шу жиҳат юқоридаги ифодаларга умуминсонийлик бағишлайди. Ватаннинг меҳрини олиб келган сингил баҳона шеърнинг лирик қаҳрамони ўзининг ватандаги ҳаёт йўлларини ёдга олади. Ундаги адашувлар, қийналишу абгорликлар, хиёнату алдовлар бир-бир кўз олдига келгандай бўлади. Шоирнинг бу шеърида “Сароб”даги каби аёвсиз инкор, ёвқур норозилик сезилмайди. Лирик қаҳрамон энди одамлардаги иллатларга бағрикенглик билан хотиржам қарай билади. Шу сабаб шеърда Абдулла Орифга хос юмористик ёндашув намоён бўлади. Битикнинг бир бандида шоирнинг ҳаётга нимкулги ва нимтанқид муносабати акс этган: “Донишмандлар ҳаётни аслида синов дейди, Бу ҳикматни ҳар инсон ўзича англар бироқ. Тирикликда собит бир мантиқ бўлса қанийди, Бўрилар қолиб кетиб, қўйни синашар кўпроқ”. Бу сатрларда ҳаёт синовларининг золиму зўравон бўрилар ўрнига жабрдийда қўйлар бошидан аримаслигидан ҳазиломуз ёзғириқ ифодаланган. Шеърнинг бошқа бир бандида, умуман, одам, хусусан, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган даҳолар билан ўткинчи машҳурлар қадрини солиштириш асносида тирикликда улкан адолатсизлик борлиги кинояли оҳангда акс эттирилади: Ким бўлибман аҳир мен, меҳрга зорку башар, Чулғаб олмиш оламни зўравонлик ва ақча. 191
Оддий бир тўптепарга қиёслаб кўрсанг агар, Гомер ва Толстойнинг нархи бўларкан қанча?! Бу тасвирлар мазмуни ҳаққонийлиги, долзарблиги ва афсуски, эскирмаслиги билан ўқирманга кучли таъсир кўрсатади. Ўта мунгли бошланган ҳасратзада битикнинг умидбахш кўтаринки оҳангларда тугалланиши шеърхон кўнглига ёруғлик солади: “Соғайиб, сафингизда юрарман ҳали мен ҳам, Ошно бўлиб шеър деган абадий бир сеҳрга. Ёлғиз Худога солдим, гар бировдан етса ғам. Лекин мудом талпиндим инсоний бир меҳрга”. Шоир соғайиб, “шеър деган абадий бир сеҳрга” ошно бўлиб юришдай эзгу ниятини билдириш қаторида ўзига жабр қилганларни ҳам “Худога сол”ганини айтиб, бир умр инсоний меҳрга интилиб яшаганини қайд этади. “Янги аср мўъжизалари” шеърида Абдулла Ориф оламга мутафаккир назари билан қараб, бугунни изоҳлаб, келажакни башорат қиладиган файласуф тимсолида намоён бўлади. Шеърнинг дастлабки бандларида шоир бугунги ҳаётга хос жиҳатларга муносабат билдирар экан, ўтмишни қўмсаб, қайтмас ёшликни бефойда соғиниш туйғулари исканжасига тушиб қолмайди. У тараққиёт янада тезлашиб, инсон еру кўкни измига солишига ишончини: “Хотиринг жам бўлсин, энди одамзод Қайта кириб олмас эски ғорига. Агарда Аллоҳим айласа имдод, Бергай осмонларни ихтиёрига” тарзида ифода қилади. Шоир аср мўъжизалари олдинлари одамиятга чексиздай туюлган оламни кичрайтириб, ерни “қуванинг анорича” ҳолатга келтирганини, лекин бу ҳол ҳеч кимга уни оёқости қилиш ҳуқуқини бермаслигини таъкидлайди: Башарнинг мулкидир замин, ҳойнаҳой, Кимгадир аталган томорқа эмас. Хонангга сиғмайди қуёш билан ой, Харобот узра ҳам порлайверар, бас. Бу сатрларда шоирнинг чегара билмас хаёлоти, йилдиримдан чопқирроқ тафаккур қарқин (суръат)и яққол намоён бўлади. Унда кўнгли ва кўзи тор, оламга фақат менчилик айвонидан назар ташлайдиган, ҳар бир хатти-ҳаракатини манфаатга қаратган кимса тутумларига муносабат бетакрор йўсинда акс этган. Китобдаги кўплаб шеърларда шоирнинг тазарруси ифода топган. Тазарру ва афсус – чинакам одам ҳамда ҳақгўй ижодкорнинг доимий йўлдоши. Негаки, одам хато қилиш ва афсус чекиб, тазарру 192
айтишга маҳкум яратиқ. Дунё дунё бўлиб, тазарру қилишга эҳтиёжи бўлмаган одамни кўрмаган. Фақат яшамаган кимсаларгина тазарруга муҳтожлик туймайдилар. Бир одам, шоир, арбобдай тўла ҳаёт кечирган Абдулла Орифнинг ўйчил бир одам сифатида афсуслар чекиб, тазарру қилишга лойиқ ишлари ҳам бор. Бу ҳол тазарру шеърлари шоирнинг ожизлиги эмас, қудрати ифодаларидир дейишга имкон беради. Жумладан, шоир Усмон Азимга бағишланган “Бахшиёна” шеърида чоғдошлари орасида кенг ёйилган иллатларга тўхталиб, уларни тузатишга беҳуда сарфлаган умрига ачиниб, буюк андуҳ билан шундай дейди: Усмон шоир, умрим ўтди, Энди нетай, Пайти келди, пушаймоним Баён этай. Энг яхшиси, Бойсун тоғдан Бирор ғор топ, Чориғимни судраб унга Кириб кетай. Чорасизликнинг бу қадар чиройли поэтик ифодаси шеърнинг таъсир кучини оширади. Инсон руҳиятининг буюк меъмори бўлган шоир тўдага, оломонга айланган одамларга ҳадик билан қарайди. Тўдада одам ўз шахслик қиёфасидан айрилиб, бошвоқсиз йиртқичга айланиши мумкинлигидан хавотирланган шоир ўз туйғуларини: “Бир ҳисни яшириб ахир нетаман, Тўдани кўрганда қўрқиб кетаман”,- дея ғоят эсда қоладиган йўсинда тасвирлайди. Теран афсус туйғуси шоирнинг етти бандлик “Ўкинч” шеърида ғоят кўламли ва таъсирли ифода этилган. Шеърнинг “Бир вақтлар туғилган жойим бор эди, Учсам қўнадиган ишончли ошён. Мен учун ҳамиша ифтихор эди, Бугун бегонадир менга у макон” тарзидаги илк бандиёқ улкан ҳасрат ифодаси ўлароқ шеърхон руҳиятига кучли таъсир қилади. Айни вақтда у ўқирманда бир қатор саволлар юзага келишига ҳам сабаб бўлади. Бир вақтлар туғилган жойнинг бугун лирик қаҳрамонга бегона бўлиб қолиши дафъатан тушунарли эмас. Буни англаш учун шеърхон ақлан ва руҳан бироз зўриқиши лозим бўлади. Маълумки, ҳар қандай макон, ҳатто ватан ҳам одам билан мукаррам. Бир вақтлар, яъни ота-она ва бошқа яқинлар ҳаёт бўлиб, шоир ўзини кўкдаги бургутдай ҳис этиб юрган дамларда у туғилган макон ишончли ошён эди. Бугун у 193
шоирга бегона. “Муҳаббат, ҳурмат, оқибат” манбаси бўлган меҳр улашгувчи яқинлар дунёдан ўтиб, уларнинг мунғайган қабрларигина қолгани бу бегоналикка сабаб. Эгаларининг ўтиши уларга хос эзгу туйғуларнингда йитишига олиб келгани шеърда ғоят таъсирли ифода этилади: Меҳр ила муҳаббат, ҳурмат, оқибат, Билмадим, қайгадир бўлмишлар ғойиб. Тепалик бағрида кўринар фақат, Отам ва онамнинг қабри мунғайиб. Шеърдан шоирнинг мақсади – ўз дардини айтиб ҳасрат қилиш эмас. Мустамлака юртда ҳавас қилиб бўлмайдиган йўсинда ҳаёт кечиришга мажбур бўлган лирик қаҳрамон бугунги озод юрт эгаси бўлмиш ёш чоғдошига катта ёшдагилар номидан: “Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим, Шу йўлда тобланди, ақл ва юрак. Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим, Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак?”- дея савол қўйиб, одамий бўлиш мумкин бўлган шароитда одам бўлишга чақиради. Шеърнинг бир қадар автобиографик характерга эга бўлган кейинги бандида тасвир ўзгача таранглик ва таъсир касб этади: Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб, Нажот деворига тирмашдим узоқ. Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб, Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ? Ушбу банддаги “ёпиқ қўрғон”, “нажот девори” сингари тафсиллар рамзий маънога эга бўлиб, совет тузуми ва унинг мафкураси шоир ҳаёти ва ижодига ўтказган зуғумни англатади. Шоир риторик сўроқлар орқали ёш замондошини иллатлардан қутулишга чорлайди. Шеърнинг кейинги бандида лирик қаҳрамонга қаратилган танқид тиғи яна ўткирлашиб: “Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун, Айтмаган ёлғоним қолмади бирор”,- дейилади. Навбатдаги бандда эса иқрорнинг аччиғи юқори нуқтасига етгандай бўлади: “Дуч келган кимсага қилдим хушомад, Оёғин яладим мушукдай ҳатто. Эгилди бир замон тик бўлган қомат, Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво”. Шеърнинг моҳияти сўнгги мисрада яққол намоён бўлади. Лирик қаҳрамон ёш замондошининг ўзига қисматдош бўлмаслигини тилайди. Бу тилак битикнинг якунловчи аккордида ҳадди аълосида ифода этилади: Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ, 194
Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма. Шоир чоғдошини замонга мослашишга эмас, балки замонни ўзига мувофиқлаштириб эркин яшашга чорлайди. Абдулла Орифнинг ушбу китобидаги аксар битиклар ўзининг бадиий-эстетик таъсир қудрати билан миллатнинг кўзи олдингидан ўткирроқ, туйғулари бой ва нозикроқ бўлишига хизмат қилади. Бу шеърлар ўқирманни оламга шоир назари билан қарайдиган, олдинлари илғамаган, илғасада англамаган ҳолату туйғуларни туйишга хизмат қилади. Қозоқбой ЙЎЛДОШ 2015 йил 25 август-21 сентябр 195
Search
Read the Text Version
- 1
- 2
- 3
- 4
- 5
- 6
- 7
- 8
- 9
- 10
- 11
- 12
- 13
- 14
- 15
- 16
- 17
- 18
- 19
- 20
- 21
- 22
- 23
- 24
- 25
- 26
- 27
- 28
- 29
- 30
- 31
- 32
- 33
- 34
- 35
- 36
- 37
- 38
- 39
- 40
- 41
- 42
- 43
- 44
- 45
- 46
- 47
- 48
- 49
- 50
- 51
- 52
- 53
- 54
- 55
- 56
- 57
- 58
- 59
- 60
- 61
- 62
- 63
- 64
- 65
- 66
- 67
- 68
- 69
- 70
- 71
- 72
- 73
- 74
- 75
- 76
- 77
- 78
- 79
- 80
- 81
- 82
- 83
- 84
- 85
- 86
- 87
- 88
- 89
- 90
- 91
- 92
- 93
- 94
- 95
- 96
- 97
- 98
- 99
- 100
- 101
- 102
- 103
- 104
- 105
- 106
- 107
- 108
- 109
- 110
- 111
- 112
- 113
- 114
- 115
- 116
- 117
- 118
- 119
- 120
- 121
- 122
- 123
- 124
- 125
- 126
- 127
- 128
- 129
- 130
- 131
- 132
- 133
- 134
- 135
- 136
- 137
- 138
- 139
- 140
- 141
- 142
- 143
- 144
- 145
- 146
- 147
- 148
- 149
- 150
- 151
- 152
- 153
- 154
- 155
- 156
- 157
- 158
- 159
- 160
- 161
- 162
- 163
- 164
- 165
- 166
- 167
- 168
- 169
- 170
- 171
- 172
- 173
- 174
- 175
- 176
- 177
- 178
- 179
- 180
- 181
- 182
- 183
- 184
- 185
- 186
- 187
- 188
- 189
- 190
- 191
- 192
- 193
- 194
- 195
- 196