Important Announcement
PubHTML5 Scheduled Server Maintenance on (GMT) Sunday, June 26th, 2:00 am - 8:00 am.
PubHTML5 site will be inoperative during the times indicated!

Home Explore BMKN (Abdullaeva)

BMKN (Abdullaeva)

Published by Maxsud Mannanov, 2023-01-17 05:51:25

Description: BMKN (Abdullaeva)

Keywords: BMKN (Abdullaeva)

Search

Read the Text Version

86. Кунботар жойга етганида қуёшнинг қора балчиқли булоққа ботаётганини кўрди ва унинг олдида бир қавмни кўрди. Биз: «Эй Зулқарнайн, ё уларни азоблайсан ё яхши муомала қиласан», дедик. 87. У айтди: «Ким золим бўлса, албатта уни азоблаймиз, сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот ҳам уни мислсиз азоб билан азоблайди; 88. аммо имон келтириб, солиҳ амал қилганга келсак, унга гўзал мукофот сифатида яхшилик бордир ва унга ишимизнинг осонини айтамиз». 89. Сўнгра у яна сабабга эргашди. 90. Қуёш чиқиш жойига етганида унинг бир қавм устидан чиқаётганини кўрди. Улар учун қуёшдан тўсадиган парда қилмаган эдик. 91. Унинг олдидаги нарсанинг хабарини ана шундай иҳота қилдик. 92. Сўнгра у яна сабабга эргашди. 93. Икки тоғнинг ўртасига етиб келганида унинг ортида гапни мутлақо англамайдиган қавмни кўрди. 94. Улар: «Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Сенга ҳақини берсак, биз билан уларнинг орасида девор қилиб берасанми?» дейишди. 95. У деди: «Парвардигорим менга берган имконият сизларнинг нарсаларингиздан яхшироқдир. Сизлар менга куч билан кўмак беринглар, сизлар билан уларнинг орасида бир тўсиқ-девор барпо қилай; 96. менга темир парчаларини келтиринг». Тоғнинг икки томонини баробарлаштирганда: «Дам уринглар!» деди. Ниҳоят, уни ўт-оловга айлантиргач: «Олиб келинглар, устидан эриган мис қуяман», деди. 97. Шунда унинг устига чиқа олишмади, уни тешиб ҳам ўта олишмади. 98. У: «Бу Парвардигорим тарафидан бир раҳматдир. Агар Парвардигоримнинг ваъдаси келса, буни ер билан текислаб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди. 99. Ўша Куни уларни бир-бирлари билан аралаштириб ташланган ҳолларида тарк этдик. Сурга пуфлангач, уларнинг ҳаммаларини тўплаймиз. 100. Ўша куни кофирларга дўзахни рўбарў қилиб кўрсатдик. 101. Уларнинг кўзлари Менинг зикримдан тўсилган ва эшитишга тоқат қила ҳам олишмас эди. 102. Ёки куфр келтирганлар Мени қўйиб, бандаларимни дўст қилиб олишни ўйлашадими?! Ҳақиқатан Биз дўзахни кофирларга манзил қилиб қўйганмиз. 103. (Эй Муҳаммад), «Сизларга амалларда энг кўп зиён кўрадиганларнинг кимлиги хабарини берайми?» деб айтинг. 104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзларини эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир. 105. Ана шулар Парвардигорларининг оятларига ва Унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир. Демак, уларнинг амаллари беҳуда кетди. Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермаймиз. 106. Куфр келтирганлари ҳамда оятларимни ва пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли уларнинг жазоси ана шу дўзахдир.

107. Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлади. 108. Унда мангу қолиб, ундан кўчишни исташмайди. 109. (Эй Муҳаммад): «Агар денгиз Парвардигоримнинг сўзларига сиёҳ бўлса-ю, унга яна шунча сиёҳни қўшсак ҳам Парвардигоримнинг сўзлари тугашидан олдин денгиз тугаб қолади», денг. 110. (Эй Муҳаммад): «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман, холос. Менга илоҳингиз ягона илоҳ экани ваҳий қилинмоқда. Ким Парвардигорига рўбарў бўлишни умид қилса, солиҳ амал қилсин, Парвардигорига ибодатда ҳеч кимни шерик қилмасин», деб айтинг. 19. МАРЯМ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 98 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Кааф, ҳа, йа, ъайн соод. 2. (Бу) Парвардигорингнинг бандаси Закариёга раҳматининг зикридир. 3. У Парвардигорига махфий нидо қилиб; 4. айтган эди: «Парвардигорим, суякларим мўртлашди, кексаликдан бошга оқ тушди. Парвардигорим, Сенга дуо қилиб, бахтсиз бўлмаганман; 5. ва ортимдаги қариндошлардан хавфдаман. Хотиним эса туғмасдир. Энди менга Ўз даргоҳингдан бир дўст (меросхўр) ато қил; 6. у менга ва Яъқуб авлодига меросхўр бўлсин. Парвардигорим, уни Ўзинг рози бўладиганлардан қил». 7. «Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга бирор адаш-исмдош қилган эмасмиз». 8. У: «Парвардигорим, менда қаёқдан ўғил бўлсин?! Ахир аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб, мункиллаб қолган бўлсам?!» деди. 9. У: «Ана шундай! Парвардигоринг айтдики, бу Менга осондир. Дарҳақиқат, бундан олдин сени яратдим, ҳолбуки, ҳеч нарса эмас эдинг», деди. 10. У: «Парвардигорим, менга бир белги қилиб бер», деди. У Зот: «Сенинг белгинг саломат ҳолингда одамларга уч кеча гапирмаслигингдир», деди. 11. Кейин меҳробдан ўз қавмининг олдига чиқди ва уларга: «Эртаю кеч тасбеҳ айтинглар», деб ишора қилди. 12. «Эй Яҳё, китобни маҳкам тутгин!» дедик ва унга ҳикматни гўдаклигидаёқ бердик. 13. Ва Ўз томонимиздан меҳр ва поклик бердик, у тақволи бўлди. 14. Ва ота-онасига меҳрибон бўлди, жабр қилувчи ва исёнчи эмас эди. 15. Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам салом бўлсин.

16. (Эй Муҳаммад), Китобда Марямни эсланг. У ўз оиласидан шарқ томонга ажраб чиқди; 17. улардан парда билан тўсилганида унга Ўз Руҳимизни юбордик. У шунда унга бир бутун одам бўлиб кўринди. 18. У (Марям): «Раҳмонга илтижо қилиб, сендан паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди. 19. У: «Мен сенга пок ўғил тақдим қилиш учун Парвардигорингнинг элчисиман, холос», деди. 20. У: «Менда қаёқдан ўғил бўлсин, менга инсон тегинмаган бўлса, бузуқ ҳам бўлмасам?!» деди. 21. У айтди: «Парвардигоринг айтадики: «Бу Менга осондир ва уни одамлар учун мўъжиза ҳамда Биз томонимиздан раҳмат қиламиз. Бу ҳал бўлган ишдир». 22. Сўнгра унга ҳомиладор бўлди. Кейин у билан узоқ жойга четланди. 23. Шунда тўлғоқ уни хурмо дарахти остига олиб келди. У: «Қани эди, бундан олдин ўлиб кетган бўлсам ва бутунлай унутилиб кетсам», деди. 24. Унинг остидан нидо қилди: «Маҳзун бўлма, дарҳақиқат, Парвардигоринг остингдан ариқ оқизиб қўйди; 25. хурмо шохини силкит, сенга янги хурмо туширади; 26. еб-ичгин ва кўзинг қувонсин. Агар одамзоддан бирортасини кўрадиган бўлсанг: «Мен Раҳмонга рўза назр қилганман, бугун инсон зотига гапирмайман», дегин». 27. Шунда, уни кўтариб, қавмига олиб келганида улар шундай дейишди: «И-е Марям, ажойиб иш қилибсан-ку!; 28. эй Ҳоруннинг синглиси, отанг ёмон одам эмас ва онанг ҳам бузуқ эмас эди-ку!» 29. Шунда унга ишора қилди. Улар: «Бешикдаги гўдак бола билан қандай гаплашамиз?!» дейишди. 30. У айтди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У менга китоб берди ва мени Набий қилди; 31. қаерда бўлсам ҳам, мени баракотли қилди. Модомики, ҳаёт эканман, намоз ва закотни тавсия қилди; 32. мени волидамга меҳрибон қилди ва жабр қилувчи, бадбахт қилмади; 33. менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир». 34. Мана шу шубҳа қилишаётган Исо ибн Марям тўғрисидаги ҳақ сўздир. 35. Аллоҳга фарзанд тутиш асло тўғри келмайди, У бундан покдир. У бир ишни ҳукм қилса, унга фақат: «Бўл!» дейди, шунда у бўлади. 36. «Аллоҳ Парвардигорим, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Демак, Унгагина ибодат қилинглар. Мана шу тўғри йўлдир». 37. Сўнгра фирқалар ўзаро ихтилофга тушишди. Буюк Куннинг кўринишидан куфр келтирганларга вайл бўлсин!

38. Бизга келадиган Кунда эшитадиган ҳам, кўрадиган ҳам бўлиб қолишади. Лекин золимлар бугун очиқ-ойдин залолатдадирлар. 39. (Эй Муҳаммад), барча ишлар битирилган ҳасрат Кунидан уларни огоҳлантиринг. Улар ғафлатдадирлар, улар имон келтирмайдилар. 40. Биз Ерга ва унинг устидаги жонзотларга меросхўр бўламиз ва Бизгагина қайтарилишади. 41. Китобда Иброҳимни эсланг. Ҳақиқатан у сиддиқ набий бўлган эди. 42. Эсланг, у отасига шундай деган эди: «Эй ота, нега эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан? 43. Эй ота, сенга келмаган илм менга келди. Шунинг учун менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман. 44. Эй ота, шайтонга ибодат қилма, чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. 45. Эй ота, ҳақиқатан сени Раҳмон томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман». 46. У: «Эй Иброҳим, сен олиҳаларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени албатта тошбўрон қиламан! Мендан узоқ вақтга нари бўл!» деди. 47. У айтди: «Омон бўл! Энди Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман, У менга меҳрибондир; 48. сизлардан ҳам, Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Парвардигоримга илтижо қиламан. Шоядки, Парвардигоримга илтижо қилиш билан бадбахт бўлмасам». 49. У улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган нарсалардан четлашгач, унга Исҳоқ ва Яъқубни бердик ва барчаларини набий қилдик. 50. Ва уларга Ўз раҳматимиздан инъом этдик ҳамда улар учун рост, юксак мақтовларни қилдик. 51. Китобда Мусони эсла. Албатта, у танлаб олинган эди ҳамда набий ва расул эди. 52. Унга Турнинг ўнг томонидан нидо қилдик ва муножот учун уни Ўзимизга яқинлаштирдик. 53. Ва унга Ўз раҳматимиз билан оғаси Ҳорунни набий қилиб бердик. 54. Ва китобда Исмоилни эсланг. У ваъдасига содиқ эди ҳамда расул ва набий бўлган эди. 55. У аҳлини намозга, закотга буюрар эди ва Парвардигори ҳузурида рози бўлинган киши эди. 56. Ва Китобда Идрисни эсланг. У сиддиқ ва набий бўлган эди. 57. Биз уни юксак мартабага кўтардик. 58. Аллоҳ неъматлантирган ана ўша зотлар набийлардан, Одам зурриётидан, Нуҳ билан бирга кемага чиқарганларимиздан, Иброҳим ва Исроил зурриётидан, Ўзимиз ҳидоят қилган ва танлаб олганлардандир. Уларга Раҳмон оятлари тиловат қилинганда йиғлаб, саждага йиқилишар эди. 59. Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қилган, шаҳватларга эргашганлар ўринбосар бўлди. Энди улар албатта ёмонликка йўлиқишади.

60. Фақат ким тавба қилса ва имон келтириб, солиҳ амал қилса, мустасно. Ана шулар жаннатга киришади, уларга ҳеч бир ноҳақлик қилинмайди. 61. Булар Раҳмоннинг Ўз бандаларига ғойибона ваъда қилган Адн жаннатларидир. Унинг ваъдаси албатта келувчидир. 62. У ерда улар беҳуда сўз эшитмайдилар, фақат «салом» эшитадилар. У ерда уларга эртаю кеч ризқлари бор. 63. Ана ўша – бандаларимизнинг тақводорларига мерос қилиб берадиган жаннатимиздир. 64. «Биз ёлғиз Парвардигорингиз амри билангина тушамиз. Олдимиздаги ҳам, ортимиздаги ҳам, мана шунинг ўртасидагилар ҳам фақат Уникидир. Парвардигорингиз унутувчи эмасдир». 65. У осмонлару Ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир. Фақат Унга ибодат қилинг ва Унинг ибодатида сабрли бўлинг. Унга тенг бирор зотни билурмисиз? 66. Инсон: «Агар ўлсам, яна тирик ҳолимда чиқариламанми?!» дейди. 67. Ўша инсон Биз уни бундан олдин ҳеч нарса эмаслигида яратганимизни эсламайдими?! 68. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизга қасамки, уларни шайтонлари билан бирга тўплаймиз, сўнгра уларни дўзах атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қиламиз. 69. Сўнгра ҳар гуруҳдан Раҳмонга ашаддий осий бўлганини суғуриб оламиз. 70. Кейин Биз унга киришга лойиқроқ бўлганларни яхши билувчимиз. 71. Сизларнинг ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. Бу Парвардигорингиз ҳузуридаги вожиб ҳукмдир. 72. Сўнгра тақволиларни қутқарамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз. 73. Уларга равшан оятларимиз тиловат қилинганида куфр келтирганлар имон келтирганларга: «Икки гуруҳнинг қай бири мақом ва мажлис жиҳатидан яхшироқдир?» дейишади. 74. Ҳолбуки, улардан олдин уй анжомлари ва кўринишлари яхшироқ бўлган қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганмиз. 75. (Эй Муҳаммад): «Ким залолатда бўлса, Раҳмон унга муҳлат берсин. Шунда ўзларига ваъда қилинган азоб ёки қиёматни кўрганда кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари кучсизроқ эканини билиб олишади», денг. 76. Ва Аллоҳ тўғри йўлдагиларга ҳидоятни зиёда қилади. Парвардигорингизнинг наздида боқий солиҳ амалларнинг савоби яхшироқ ва оқибати хайрлидир. 77. (Эй Муҳаммад), оятларимизга куфр келтирган ва: «Албатта (охиратда) менга мол-дунё ҳамда бола-чақа ато қилинади» деган кимсани кўрдингизми?!

78. У ғайбни билдимикан ёки Раҳмоннинг ҳузуридан аҳду паймон олдимикан?! 79. Йўқ! Унинг айтаётганларини ёзиб қўямиз ва унга азобни ҳам кучайтирамиз. 80. У айтаётган нарсага меросхўрмиз ва у эса Бизга ёлғиз келади. 81. Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига ҳимоячи бўлиши учун «илоҳлар»ни тутдилар. 82. Йўқ! «Илоҳ»лари уларнинг ибодатларини инкор этиб, уларга қарши бўлишади. 83. (Эй Муҳаммад), Биз кофирларни қўзғаб-қўзғаб туришлари учун шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми? 84. Уларга қарши шошилманг! Биз уларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз. 85. Тақводорларни Раҳмон ҳузурига меҳмон қилиб тўплаган кунимизда... 86. жиноятчиларни эса дўзахга тушишлари учун ҳайдаймиз. 87. Раҳмон ҳузурида аҳд-паймон олганлардан бошқа ҳеч ким шафоатга эга бўлолмайди. 88. Улар: «Раҳмон фарзанд тутди», дейишади. 89. Ҳақиқатан шундай оғир гап айтдингизки; 90. ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб тушай дейди; 91. «Раҳмон фарзанд тутди» деганлари учун. 92. Раҳмонга фарзанд тутиш лойиқ эмасдир. 93. Осмонлару Ердаги барча кимсалар Раҳмонга банда бўлган ҳолларида келурлар. 94. Ҳақиқатан У Зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир. 95. Қиёмат куни уларнинг ҳаммаси Унинг ҳузурига ёлғиз келадилар. 96. Имон келтирган ва яхши амалларни қилганлар учун Раҳмон муҳаббат пайдо қилади. 97. (Эй Муҳаммад), тақводорларга хушхабар беришингиз ва саркаш қавмларни огоҳлантиришингиз учун уни тилингизга осон қилиб қўйдик. 98. Улардан олдин қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганмиз. Улардан бирортасини сезяпсизми ёки овозини эшитяпсизми?! 20. ТОҲА СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 135 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. То ҳо. 2. (Эй Муҳаммад), сизга Қуръонни бахтсиз бўлишингиз учун нозил қилмадик; 3. балки қўрқувчиларга эслатма бўлиши учун. 4. У Ерни ва юксак осмонларни яратган Зотдан нозил бўлгандир. 5. Раҳмон Аршга истиво қилди.

6. Осмонлардагию Ердаги нарсалар ва улар орасидагию Ер остидаги нарсалар Уникидир. 7. (Эй Муҳаммад), сўзда овозингизни кўтарсангиз-да, У сирни ҳам, махфийни ҳам билади. 8. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир. 9. Сизга Мусонинг хабари келдими? 10. У ўтни кўрган пайт аҳлига: «Кутиб туринглар, мен ўтни кўрдим, шояд, сизга ундан чўғ келтирсам ёки ўт бошида йўл кўрсатувчини топсам», деди. 11. Унга яқин келганида нидо қилинди: «Эй Мусо!; 12. Мен сенинг Парвардигорингдирман. Кавушингни еч, чунки муқаддас Туво водийсидасан; 13. Мен сени танлаб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ сол; 14. Мен Аллоҳдирман, Мендан ўзга илоҳ йўқ, Менга ибодат қил ва Менинг зикрим учун намозни адо эт; 15. қиёмат албатта келувчидир. Ҳар бир жон саъй-ҳаракатига яраша жазоланиши учун уни махфий тутаман; 16. Унга имон келтирмайдиган ва ҳавойи нафсига эргашган сени ҳаргиз ундан тўсмасин. У ҳолда ҳалок бўласан. 17. Эй Мусо, қўлингдаги нима?» 18. У: «Бу асоим, унга таянаман, у билан қўйларимга барг қоқиб бераман ва унда бошқа ишларим ҳам бор», деди. 19. У Зот: «Ташла уни, эй Мусо!» деди. 20. Уни ташлаган эди, бирдан у ҳаракат қиладиган илонга айланди. 21. У Зот айтди: «Уни ол, қўрқма. Уни аввалги ҳолига келтирамиз; 22. қўлингни қўйнингга тиқ, у ҳеч бир ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу бошқа бир мўъжизадир; 23. бу сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатишимиз учундир. 24. Фиръавнга бор, чунки у туғёнга кетди». 25. (Мусо) айтди: «Парвардигорим, кўксимни кенг қил; 26. ва ишимни осон қил; 27. Тилимдан тугунни ечиб юбор. 28. токи гапимни англашсин; 29. менга аҳлимдан бир вазир қилиб бер – 30. оғам Ҳорунни. 31. У билан белимни бақувват қил; 32. уни ишимда шерик қил; 33. токи Сенга кўпроқ тасбеҳ айтайлик; 34. ва Сени кўпроқ зикр қилайлик; 35. Ўзинг бизни кўриб турувчисан». 36. (У Зот) деди: «Эй Мусо, ҳақиқатан сенга сўраганинг берилди. 37. Дарҳақиқат, сенга бошқа сафар ҳам неъмат берган эдик. 38. Ўшанда онангга шундай нарсани ваҳий қилдик: 39. «Уни сандиққа солиб, дарёга ташла. Дарё уни соҳилга отсин. Уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани тутиб олади». (Эй Мусо), Менинг кўз ўнгимда тарбияланишинг учун сенга Ўз тарафимдан муҳаббат солдим.

40. Ўшанда опанг бориб: «Сизларга уни кафилликка оладиганни кўрсатайми?» деган эди. Шунда кўзи қувониши ва маҳзун бўлмаслиги учун сени онангга қайтардик. Ва бир жонни ўлдирдинг. Шунда сени ғамдан қутқардик ва турли синовлар билан синадик. Сўнгра кўп йиллар Мадян аҳли билан қолдинг ва тақдирга биноан келдинг, эй Мусо! 41. Сени Ўзим учун танладим. 42. Сен ва оғанг мўъжизаларимни олиб боринглар ва Менинг зикримда сусткашлик қилманглар. 43. Фиръавнга боринглар! Чунки у туғёнга кетди. 44. Унга юмшоқ сўз сўзланглар. Шояд, эсласа ёки қўрқса». 45. Икковлари: «Парвардигоримиз, унинг бизга ёмонлик қилишидан ёки туғёнга боришидан қўрқамиз», дейишди. 46. У Зот айтди: «Қўрқманглар! Мен сизлар биланман, эшитиб ва кўриб тураман; 47. унинг олдига боринглар ва унга шундай денглар: «Биз Парвардигорингнинг элчиларимиз, Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор, уларни азоблама. Дарҳақиқат, сенга Парвардигорингдан мўъжиза келтирдик. Омонлик ҳидоятга эргашганларга бўлади; 48. бизга ваҳий қилиндики, ёлғонга чиқарган ва юз ўгириб кетганларга, шубҳасиз, азоб бўлади». 49. У (Фиръавн): «Икковингизнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?» деди. 50. У: «Парвардигоримиз ҳар бир нарсага хилқатини берган ҳамда уни тўғри йўлга йўллаб қўйгандир», деди. 51. У: «Аввалги авлодларнинг ҳоли нима бўлган?» деди. 52. У айтди: «Улар ҳақидаги илм Парвардигорим ҳузуридаги китобдадир. Парвардигорим адашмайди ва унутмайди»; 53. «У Ерни сизларга бешик қилган, унда сизлар учун йўллар очган ва осмондан сув туширган Зотдир». Биз у билан турли ўсимликлар навларини ундириб чиқардик. 54. токи енглар ва чорваларингизни боқинглар. Бунда ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир. 55. Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва сизларни яна бир бор ундан чиқарамиз. 56. Дарҳақиқат, унга мўъжизаларимизнинг барини кўрсатдик. Шунда у ёлғонга чиқарди ва юз ўгирди. 57. У (Фиръавн) деди: «Бизларни еримиздан чиқариш учун сеҳринг билан келдингми, эй Мусо?! 58. У ҳолда биз ҳам сенга худди шундай сеҳр келтирамиз. Ўзинг билан бизлар ўртамизда бир жойни танлагинки, у биз ҳам, сен ҳам хилоф қилмайдиган ўрта жой бўлсин». 59. У (Мусо): «Ваъдалашув вақтингиз зийнат кунида, одамларнинг чошгоҳда тўпланишида», деди. 60. Шунда Фиръавн бориб, бор макр-ҳийласини йиғиб келди.

61. Мусо уларга: «Ҳолингизга вой! Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиманглар, акс ҳолда сизларни азоб билан бутунлай ҳалок қилади. Ёлғон тўқиганларнинг ноумид бўлиши аниқдир», деди. 62. Шунда улар ишлари ҳақида ўзаро шивирлашиб баҳслаша бошлашди. 63. Улар: «Бу иккови сеҳргардир. Сеҳрлари билан сизларни ерларингиздан чиқаришни ва афзал йўлингизни йўқотишни исташади»; 64. демак, макр-ҳийлангизни йиғинглар, сўнг бир саф бўлиб келинглар. Бугун ким устун бўлса, нажот топади», дейишди. 65. Улар: «Эй Мусо, сен ташлайсанми ёки биз аввал ташловчи бўлайликми?» дейишди. 66. У: «Йўқ, сизлар ташланглар», деди. Бирдан уларнинг арқонлари ва асолари сеҳрлари туфайли унга ҳаракатланаётгандек бўлиб кўринди. 67. Шунда Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилди. 68. Биз айтдик: «Қўрқма, сен албатта устунсан; 69. қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг ҳунарини ютиб юборади. Уларнинг ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам зафар топмайди». 70. Шунда сеҳргарлар: «Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига имон келтирдик» деб, саждага ташланишди. 71. У: «Сизларга изн бермай туриб унга имон келтирдинг- ларми?! У сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Энди қўл-оёқларингизни қарама-қаршисига кесаман ва сизларни хурмо шохларига осаман, ўшанда қай биримизнинг азобимиз шиддатлироқ ва давомлироқ эканини билиб оласизлар», деди. 72. Улар айтишди: «Ўзимизга келган очиқ-ойдин мўъжизалардан ва бизларни яратган Зотдан сени асло устун қўймасмиз. Энди нима ҳукм қилсанг, қилавер. Сен фақат дунё ҳаётида ҳукм қиласан, холос; 73. бизлар хатоларимизни ва сен бизларни мажбурлаган сеҳргарликни мағфират қилиши учун Парвардигоримизга имон келтирдик. Аллоҳ яхши ва боқийдир». 74. Ким Парвардигорига гуноҳкор ҳолида келса, унга албатта дўзах бордир. У ерда у на ўла олади, на яшай олади. 75. Ким Унга солиҳ амалларни қилган мўмин ҳолида келса, ана ўшаларга олий даражалар – 76. остидан анҳорлар оқиб турган, адн жаннатлари бор. Мана шу покланганларнинг мукофотидир. 77. Ҳақиқатан Мусога: «Бандаларим билан тунда йўлга туш, уларга денгиздан қуруқ йўл оч, етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма», деб ваҳий қилдик. 78. Шунда Фиръавн ўз лашкарлари билан улар ортидан таъқиб этди. Денгиз уларни ўраганича ўраб олди. 79. Фиръавн ўз қавмини адаштирди, тўғри йўлга бошламади. 80. Эй Бани Исроил, сизларга душманингиздан нажот бердик ва сиз билан Турнинг ўнг томонини ваъдалашдик ҳамда сизларга манна ва салвони туширдик.

81. Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар, бунда ҳаддингиздан ошманглар, яна бошингизга ғазабим келиб қолмасин. Кимнинг бошига ғазабим тушса, ҳақиқатан у ҳалок бўлибди. 82. Мен тавба қилган, имон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра ҳидоятда юрганларни кўплаб мағфират қилувчиман. 83. Қавмингдан олдин келишга нима шошилтирди, эй Мусо? 84. У: «Ана, улар изимдан келишяпти. Рози бўлишинг учун Сенга шошдим, Парвардигорим», деди. 85. У Зот: «Дарҳақиқат, Биз сендан кейин қавмингни фитнага дучор қилдик. Сомирий уларни адаштирди», деди. 86. Мусо қавмига ғазабланган, афсусланган ҳолда қайтиб келиб: «Эй қавмим, Парвардигорингиз сизга чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга вақт узоқ туюлдими ёки бошингизга Парвардигорингиздан ғазаб тушишини хоҳлаб, менга берган ваъдангизни буздингизми?!» деди. 87. Улар: «Сенга берган ваъдани ўз ихтиёримиз билан бузмадик. Лекин у қавмнинг зийнатларидан бизларга юклатилган эди. Шунда уларни ташладик, Сомирий ҳам ана шундай илқо қилди», дейишди. 88. Шунда уларга овозли бузоқ шаклини чиқариб берди. Улар: «Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи мана шу эди, фақат у унутди», дейишди. 89. Унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини, зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмаётганини кўришмаяптими?! 90. Дарҳақиқат, илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, бу билан фитнага дучор қилиндингиз, холос. Шубҳасиз, Парвардигорингиз Раҳмондир. Энди менга эргашинглар, амримга итоат қилинглар», деган эди. 91. Улар: «Мусо олдимизга қайтмагунича, унга сиғинишдан тўхтамаймиз», дейишди. 92. У: «Эй Ҳорун, уларнинг залолатга кетишганини кўрганингда, сени нима тўсди… 93. менга эргашишингдан? Амримга итоатсиз бўлдингми?!» деди. 94. У: «Ҳой онамнинг ўғли, соч-соқолимдан тутма. Сенинг «Бани Исроилни тафриқага солибсан, гапимга кирмабсан» дейишингдан қўрқдим», деди. 95. У: «Нега бундай қилдинг, эй Сомирий?» деди. 96. У: «Улар кўрмаган нарсани мен кўрдим. Шунда элчининг изидан бир сиқим олиб, уни сочдим. Нафсим менга шундай қилишни чиройли кўрсатди», деди. 97. У (Мусо) айтди: «Энди жўна! Энди сенга ҳаётда «тегиш йўқ» дейиш бор, холос. Сен учун сира хилоф қилинмайдиган ваъдамиз бор. Ўзинг берилиб ибодат қилган «илоҳинг»га назар солиб қўй: уни албатта куйдирамиз, сўнгра денгизга сочиб юборамиз; 98. «илоҳингиз Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ҳар бир нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир». 99. Шундай қилиб, сизга ўтган нарсалар хабарини қисса қилиб берамиз. Дарҳақиқат, сизга Ўз тарафимиздан Зикрни бердик. 100. Ким ундан юз ўгирса, у қиёмат куни оғир юкни кўтаради.

101. Унда мангу қолишади. Қиёмат куни бу уларга қандай ҳам ёмон юк бўлди! 102. Сурга пуфланган Кунда... Ўша кунда жиноятчиларни кўзлари кўк бўлган ҳолда тўплармиз. 103. Улар: «Ўн кунгина турдингиз», деб ўзаро шивирлашадилар. 104. Биз уларнинг айтадиган сўзларини яхши биламиз. Ўшанда уларнинг йўл-йўриққа чечанлари: «Бир кунгина турдингиз», дейишади. 105. (Эй Муҳаммад), сиздан тоғлар ҳақида сўрашади. Шунда: «Парвардигорим уларни мутлақо совуриб юборади», деб айтинг. 106. Сўнг уларни теп-текис қилиб қўяди. 107. У ерда чуқурлик ҳам, дўнглик ҳам кўрмайсиз. 108. У Кунда чорловчига эргашадилар, ундан юз буриш йўқ. Овозлар ҳам Раҳмонга бўйсунади. Пичир-пичирларнигина эшитасиз. 109. У Кунда Раҳмон изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқага шафоат фойда бермайди. 110. У Зот уларнинг олдинги ва кейинги нарсаларини билади. Улар эса Уни илм билан қамраб олиша олмайди. 111. Барча юзлар Ҳаййга, Қайюмга бош эгишади. Дарҳақиқат, зулмни кўтарган ноумид бўлади. 112. Ким мўмин ҳолида солиҳ амалларни қилса, зулмдан ҳам, нуқсондан ҳам хавфсирамайди. 113. Шу тариқа уни араб тилидаги Қуръон сифатида нозил этдик. Шоядки, тақво қилишса ёки уларда эслатма пайдо қилса деб, унда (қўрқинчли) ваъдаларни баён этдик. 114. (Эй Муҳаммад), Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ олий Зотдир. Ваҳийси тугамай туриб Қуръонга ошиқманг ва: «Парвардигорим, илмимни зиёда қилгин», денг. 115. Биз илгари Одам билан аҳдлашган эдик, лекин у буни унутди ва унда азму қарорни кўрмадик. 116. Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни эсланг. Шунда сажда қилишди, фақат иблис бош тортди. 117. Шунда Биз айтдик: «Эй Одам, аниқки, бу сенга ҳам, хотинингга ҳам душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқармасинки, бахтсиз бўлиб қолурсан; 118. шубҳасиз, сен у ерда оч ва яланғоч қолмайсан; 119. ва у ерда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмайсан». 120. Ўшанда шайтон уни васваса қилиб: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» деди. 121. Шунда икковлари ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолиб, ўзларини жаннат барглари билан тўса бошлашди. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди. 122. Сўнгра Парвардигори уни танлаб олди, тавбасини қабул этиб, ҳидоят қилди. 123. У Зот айтди: «Ҳар иккингиз ундан тушингиз. Энди баъзингиз баъзингизга душмандир. Сизларга Мен томонимдан ҳидоят келганида, ким ҳидоятимга эргашса, адашмайди ва бахтсиз бўлмайди;

124. ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, унга танг-тор ҳаёт бўлади ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирамиз». 125. У: «Парвардигоро, нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг? Ахир кўрувчи эдим-ку?!» деди. 126. У Зот: «Ҳа, шундай: сенга оятларимиз келганида уларни унутдинг. Сен ҳам бугун шундай «унутилурсан», деди. 127. Ҳаддидан ошган ва Парвардигорининг оятларига имон келтирмаганларни ана шундай жазолаймиз. Охират азоби қаттиқ ва боқийдир. 128. Улардан илгари ҳам масканларида юрган қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганимиз ҳам уларни ҳидоятга бошламадими? Бунда ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир. 129. Агар Парвардигорингдан лафз ва белгиланган муддат бўлмаганида, албатта (азоб) лозим бўлар эди. 130. (Эй Муҳаммад), уларнинг сўзларига сабр қилинг. Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Парвардигорингизга тасбеҳ айтинг. Кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айтинг. Шояд, рози бўлсангиз. 131. Биз айримларни синаш учун баҳраманд қилиб, дунё ҳаётининг кўрки қилиб қўйган нарсаларга кўзингизни тикаверманг, Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва давомлироқдир. 132. Аҳлингизни намозга буюринг ва ўзингиз бунда сабрли бўлинг. Сиздан ризқ сўрамаймиз, сизга Биз ризқ берамиз. Оқибат эса тақвоникидир. 133. Улар: «У бизга Парвардигоридан мўъжиза келтирсайди», дейишади. Ахир уларга аввалги саҳифалардаги нарсаларнинг баёни келмадими? 134. Агар Биз уларни ундан олдин азоб билан ҳалок қилганимизда албатта: «Парвардигоримиз, бизга пайғамбар юборганингда эди, хор-зор ва шарманда бўлишимиздан олдин оятларингга эргашган бўлар эдик», дейишар эди. 135. (Эй Муҳаммад): «Барча кутувчидир, демак кутинглар. Кимлар тўғри йўл эгалари эканини ва кимлар ҳидоят топганини албатта билиб оласизлар», деб айтинг. 21. АНБИЁ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 112 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Одамларга ҳисоб-китоблари яқинлашиб қолди. Улар эса ҳамон ғафлатда, юз ўгирувчидирлар. 2. Уларга Парвардигорларидан янги эслатма келса, уни фақат ўйнаган ҳолда тинглашади. 3. Диллари эса ғофилдир. Золимлар ўзаро: «Бу ўзингизга ўхшаган бир одам-ку. Кўриб туриб ҳам сеҳрга келаверасизми?» деб пичирлашади.

4. У: «Парвардигорим осмонлару Ердаги сўзни билади. У эшитувчи, билувчидир», деди. 5. Улар: «Балки алғов-далғов тушлардир, балки уни ўзи тўқиб олгандир, балки у шоирдир? Бўлмаса, у ҳам, аввалгиларга юборилганидек, бирор мўъжиза келтирсин», дейишди. 6. Улардан олдин Биз ҳалок қилган бирор шаҳар имон келтирмаган, энди улар имон келтиришармиди?! 7. (Эй Муҳаммад), сиздан олдин ҳам фақат эркакларни Ўзимиз ваҳий билан пайғамбар қилиб юборганмиз. (Эй маккаликлар), агар билмайдиган бўлсанглар, зикр аҳлидан сўранглар. 8. Уларни овқат емайдиган жасад қилган эмасмиз, улар мангу яшаб қолувчи ҳам эмаслар. 9. Сўнгра ваъдамизга содиқ қолиб, уларга ҳамда Ўзимиз хоҳлаганларга нажот бердик ва ҳаддан ошувчиларни ҳалок қилдик. 10. Дарҳақиқат, сизларга Китоб нозил қилдик. Унда сизларнинг зикрингиз бор, ақл юритмайсизларми?! 11. Қанчалаб золим қишлоқларни ҳалок қилдик ва улардан кейин бошқа қавмларни пайдо этдик. 12. Улар азобимизни сезиб қолишгач, бирдан у ердан қоча бошлашади. 13. «Қочманглар! Маишатбозлик қилган жойларингизга, масканларингизга қайтинглар, балки сўроқ қилинарсизлар?!» 14. Улар: «Ҳолимизга вой! Ҳақиқатан бизлар золим эканмиз», дейишади. 15. Ўша дод-войлари уларни ўрилган ўтдай, совуган кулдай қилгунимизча давом этди. 16. Осмону Ерни ва улар орасидаги нарсаларни шунчаки ўйнаб яратганимиз йўқ. 17. Агар кўнгилхушликни ирода қилганимизда уни қилувчи бўлганимизда ҳам Ўз ҳузуримиздан қилиб олган бўлар эдик. 18. Йўқ, ҳақни ботил устига отамиз. Шунда уни яксон қилгач, бехосдан у заволга учрайди. Сизларга эса қилган тавсифларингиздан вой бўлсин! 19. Осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарса Уникидир. Унинг ҳузуридагилар Унинг ибодатидан орланишмайди ҳам, мағрурланишмайди ҳам. 20. Улар кечаю кундуз чарчамай тасбеҳ айтишади. 21. Ёки улар ердан тирилтирадиган илоҳлар ясаб олишганми? 22. Агар иккисида Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида ҳар иккови ҳам бузилиб кетган бўлар эди. Аршнинг Парвардигори Аллоҳ улар сифатлаётган нарсалардан покдир. 23. У Ўзи қиладиганлардан сўралмайди, балки улар сўралишади. 24. Ёки Ундан ўзга илоҳларни тутишдими? (Эй Муҳаммад), «Далилингизни келтиринг, мана шу мен билан биргаларнинг эслатмаси ва мендан олдингиларнинг эслатмасидир», денг. Йўқ, уларнинг кўплари ҳақни билмай туриб юз ўгирувчилардир.

25. Сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга: «Мендан ўзга илоҳ йўқ, фақат Менга ибодат қилинглар» деб ваҳий туширганмиз. 26. Улар: «Раҳмоннинг боласи бор», дейишади. У бундан покдир. Йўқ, улар мукаррам бандалардир. 27. Ҳузурида Ундан олдин бирор сўз айтишмайди, Унинг амри билангина иш қилишади. 28. У улардан олдинги нарсани ҳам, кейинги нарсани ҳам билади. Улар фақат У рози бўлганларнигина шафоат қилишади. Улар Ундан қўрқиб, хавфда туришади. 29. Улардан ким: «Мен Ундан ўзга бир илоҳман» деса, ўшани жаҳаннам билан жазолаймиз. Золимларни ана шундай жазолаймиз. 30. Куфр келтирганлар осмонлар ҳам, Ер ҳам яхлит битта бўлганини, сўнг уларни ажратиб юборганимизни ва барча мавжудотни сувдан пайдо қилганимизни кўрмайдиларми, энди имон келтирмайдиларми? 31. Ер уларни тебратмаслиги учун унда тоғларни ва йўл топиб юришлари учун унда даралар, йўлларни пайдо қилдик. 32. Осмонни ҳимояловчи шифт қилиб қўйдик. Улар эса бунинг аломатларидан юз ўгиришгандир. 33. У кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган Зотдир. Ҳар бири фалакда сузиб юради. 34. (Эй Муҳаммад), сиздан олдин ҳам бирор одамзотга мангу ҳаёт бермаганмиз. Сиз ўлувчисиз-ку, улар мангу қолишармиди? 35. Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз. 36. (Эй Муҳаммад), куфр келтирганлар сизни кўришганида: «Илоҳларингизни айблайдиган шуми?!» деб сизни масхара қилишади. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари Раҳмоннинг зикрига куфр келтиришган. 37. Инсон шошқалоқ қилиб яратилган. Сизларга оят-аломатларимни албатта кўрсатаман. Мени шошилтирманглар. 38. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?» дейишади. 39. Куфр келтирганлар олдиларидан ва орқаларидан ўт-оловни тўса олмай қоладиган, ўзларига ёрдам берилмайдиган вақтни билсалар эди! 40. Йўқ, бу уларга тўсатдан келиб, ҳайрату даҳшатга солиб қўяди. Энди уни қайтаришга куч-қувватлари етмайди, уларга муҳлат ҳам берилмайди. 41. (Эй Муҳаммад), аниқки, сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам масхара қилинганлар. Уларни масхара қилганларни ўзлари масхара қилиб юрган нарсалари ўраб олгандир. 42. «Кечаси ва кундузи сизларни Раҳмондан ким сақлай олади?» денг. Йўқ, улар Парвардигорларининг зикридан юз ўгирувчилардир! 43. Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «илоҳ»лари борми? Улар ўзларига ҳам ёрдам қила олмайдилар ва Биздан марҳамат ҳам кўрмайдилар. 44. Йўқ, Биз ўшаларни ва ота-боболарини баҳраманд қилдикки, ҳатто уларга умр узун кўринди. Улар Ерни атрофидан қисқартираётганимизни кўрмайдиларми?! Ёки улар ғолибмикинлар?

45. (Эй Муҳаммад), «Сизларни фақат ваҳий билан огоҳлантираман, лекин карлар огоҳлантирилаётган вақтларида даъватни эшитмайдилар», денг. 46. Қасамки, агар уларга Парвардигорингизнинг азобидан озгина етса, албатта: «Ҳолимизга вой! Ҳақиқатдан бизлар золим эканмиз», дейишади. 47. Қиёмат куни учун адолатли тарозиларни қўямиз. Бирор жонга заррача ҳам зулм қилинмайди. Агар ҳардал донаси оғирлигича бўлса ҳам, ўшани келтирамиз. Ҳисоб-китобга Ўзимиз кифоя қилурмиз. 48. Дарҳақиқат, Мусо ва Ҳорунга Фурқонни, зиёни, тақводорлар учун эслатмани ато қилдик. 49. Улар Парвардигорларидан ғойибона қўрқишади, қиёматдан ҳам улар хавфда туришади. 50. Бу Биз нозил қилган муборак эслатмадир, сизлар ҳали уни инкор қиляпсизларми?! 51. Дарҳақиқат, илгари Иброҳимга ҳақ йўлни ато этдик. Биз уни билган эдик. 52. Ўшанда у отаси ва қавмига: «Манави сизлар сиғинаётган бу ҳайкаллар нимадир?» деган эди; 53. улар: «Ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда кўрганмиз», дейишди. 54. У: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ адашувда экансизлар», деди. 55. Улар: «Бизга келтирганларинг ростми ёки сен ўйин қилувчиларданмисан?» дейишди. 56. У айтди: «Йўқ! Сизларнинг Парвардигорингиз осмонлару Ернинг Парвардигоридирки, уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бераман; 57. Аллоҳга қасамки, сизлар кетганингиздан кейин санамларингизни бир бало қиламан». 58. Шунда уларни парчалаб ташлади. Фақат «Каттасига қайтишса» деб, ўшанигина (қолдирди). 59. Улар: «Илоҳларимизни ким бундай қилди?! У золимлардан экан- ку!» дейишди; 60. «Уларни эслаб юрадиган Иброҳим исмли бир йигитни эшитган эдик», дейишди. 61. (Катталари): «Уни одамлар олдига олиб келинглар. Улар гувоҳ бўлишсин», дейишди. 62. Улар: «Илоҳларимизни сен шундай қилдингми, эй Ибро-ҳим?!» дейишди. 63. У: «Йўқ, буни уларнинг манави каттаси қилди. Агар гапира олишса, улардан сўраб кўринглар», деди. 64. Шунда улар ўзларига келиб: «Сизларнинг ўзларингиз золимдирсиз», дейишди. 65. Сўнгра яна бошлари айланиб: «Буларнинг гапира олмаслигини яхши билар эдинг-ку!» дейишди. 66. У айтди: «Аллоҳни қўйиб, сизларга бирор фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?;

67. сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизга ҳам суф-э! Ахир, ақл юритмайсизларми!» 68. (Мушриклар): «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар, илоҳларингизга ёрдам беринглар!» дейишди. 69. Биз: «Эй олов! Иброҳим учун салқинлик ва омонлик бўл!» дедик. 70. Улар макр қилмоқчи бўлишди. Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўрувчи қилиб қўйдик. 71. Ва унга ҳамда Лутга нажот бериб, Ўзимиз барча оламлар учун муборак қилган заминга юбордик. 72. Унга Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳлардан қилдик. 73. Яна уларни Бизнинг амримиз билан ҳидоятга бошловчи пешволар қилдик. Уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизгагина ибодат қилувчи бўлишди. 74. Ва Лутга ҳикмат ва илм бердик ҳамда уни нопокликлар қилаётган шаҳардан қутқардик. Ҳақиқатан улар ёмон, фосиқ қавм эди. 75. Ва уни Ўз раҳматимизга ноил қилдик. Ҳақиқатан, у солиҳлардандир. 76. Ва Нуҳни ҳам. Бундан олдин у нидо этганида, унинг нидосига жавоб қилдик: уни ва аҳлини улкан балодан қутқардик. 77. Унга оятларимизни ёлғонга чиқарган қавм устидан нусрат бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Уларнинг барчаларини ғарқ қилиб юбордик. 78. Довуд ва Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилганларини (эсланг). Ўшанда кечаси унга қавмнинг қўйи тарқалиб кетган эди. Уларнинг ҳукмига гувоҳ эдик. 79. Шунда буни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукм ва илм берган эдик. Довуд билан бирга тасбеҳ айтсин деб, тоғлар ва қушларни бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қиламиз. 80. Унга сизларга зиён етишдан сақлайдиган совут ясаш санъатини ўргатдик. Энди шукр келтирувчилардан бўларсиз?! 81. Сулаймонга шиддатли шамолни унинг амри билан Биз муборак қилган ер сари эсадиган қилиб қўйдик. Биз ҳамма нарсани билувчидирмиз. 82. Ва шайтонлардан унга ғаввослик қиладиганларни ва бундан бошқа ишларни бажарадиганларни ҳам. Яна уларни сақловчи бўлдик. 83. Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «Менга мусибат етди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан!» деганини эсланг. 84. Шунда уни ижобат қилдик, ундаги заҳматни кетказдик. Ўз ҳузуримиздан раҳмат кўрсатиб, барча ибодат қилувчиларга эслатма бўлиши учун унга аҳли-оиласини, уларга қўшиб яна шунча авлодни ҳам бердик. 85. Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир. 86. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир. 87. Зуннуннинг ғазабланган ҳолда чиқиб кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнгра қоронғи зулматда туриб: «Сендан

ўзга Илоҳ йўқ, Сен нуқсонлардан покдирсан! Дарҳақиқат мен зулм қилувчилардан бўлдим» деб нидо қилганини (эсланг!) 88. Шунда уни ижобат қилдик ва ғамдан қутқардик. Мўминларга ана шундай нажот берурмиз. 89. Ва Закариё Парвардигорига нидо қилиб: «Парвардигорим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди. 90. Шунда уни ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Дарҳақиқат, улар яхши ишларга шошишар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилишар эди. Улар Бизга итоаткор эдилар. 91. Ўз номусини пок сақлаганга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга аломат қилдик. 92. (Эй инсонлар), сизларнинг ушбу умматингиз бир умматдир, Мен эса сизларнинг Парвардигорингизман. Демак, Менгагина ибодат қилинглар. 93. Улар эса ишларини ўзаро бўлиб ташлашди. Барчалари Бизга қайтувчилардир. 94. Ким мўмин ҳолида солиҳ амаллар қилса, саъй-ҳаракати зое кетмайди. Биз албатта уни ёзиб қўювчидирмиз. 95. Биз ҳалок қилган шаҳар-қишлоқларнинг қайтмаслиги мумкин эмасдир. 96. Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганида; 97. ва ҳақ ваъда яқинлашганда куфр келтирганларнинг кўзлари тўсатдан чақчайиб, айтишади: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик, аслида золимлардан эканмиз!». 98. Сизлар ва Аллоҳдан бошқага сиғинаётганларингиз ҳам дўзах ёқилғисидир. Сизлар унга албатта тушасизлар. 99. Агар ўшалар илоҳлар бўлганида унга тушмаган бўлишарди. Ҳаммаси у ерда мангу қолади. 100. Уларга ўша ерда фақат дод-фарёд бор. Улар у ерда эшитишмайди. 101. Биз томонимиздан яхшилик берилганлар, ана ўшалар ундан узоқ қилинурлар. 102. Унинг чисирлашини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматлар ичра мангу қолувчилардир. 103. Уларни буюк даҳшат ғамга солмайди. Фаришталар улар-ни: «Бу сизларга ваъда қилинган кунингиздир» деб кутиб олишади. 104. Ўша кунда осмонни худди хат ёзилган саҳифани ёпгандек ёпамиз. Яратишнинг аввалини қандай бошлаган бўлсак, уни худди шундай қайтарамиз. Бу зиммамиздаги ваъдадир, уни албатта қилувчидирмиз. 105. Зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Ерга фақат солиҳ бандаларим меросхўр бўлишади» деб ёзиб қўйганмиз. 106. Бунда ибодат қилувчи қавм учун етарли ўгит бордир. 107. (Эй Муҳаммад), сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик. 108. «Менга «Илоҳингиз ягона Илоҳдир» деб ваҳий қилинмоқда. Энди мусулмон бўларсиз?!» денг.

109. Агар юз ўгириб кетишса, айтинг: «Сизларга баробар эшиттирдим. Сизларга ваъда қилинаётган нарса яқин ёки узоқлигини билмайман; 110. У сўзнинг ошкорасини ҳам билади ва яшираётганларингизни ҳам билади; 111. билмайман, балки бу сизлар учун бир синов ёки бироз вақтгача фойдаланишдир». 112. У: «Парвардигорим, Ўзинг ҳақ билан ҳукм қилгин. Парвардигоримиз Раҳмондир ва сизларнинг васфларингиздан мадад сўраладиган Зотдир», деди. 22. ҲАЖ СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 78 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй одамлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёматнинг зилзиласи улкан нарсадир. 2. Уни кўрадиган Кунингизда ҳар бир эмизувчи эмизиб турганини унутади, ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлайди. Одамларни «маст» ҳолда кўрасиз, ҳолбуки улар маст эмаслар. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир. 3. Одамлардан Аллоҳ хусусида билмаган ҳолда тортишганлари ва ҳар бир бебош шайтонга эргашганлари ҳам бор. 4. Унга битиб қўйилганки, уни дўст тутган кимсани, шубҳасиз, адаштиради ва дўзах азобига йўллайди. 5. Эй инсонлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, Биз сизларга баён қилиш учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнг алақадан, сўнгра битган-битмаган музғадан яратдик. Биз сизларни хоҳлаганимизча, маълум муддатгача бачадонларда қолдириб, кейин чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз. Сўнгра вояга етказамиз. Сизлардан эрта вафот этадиганлари ҳам, билганларини билмай қоладиган даражадаги нотавон умрга етадиганлари ҳам бор. Ерни қақраган ҳолда кўрасизлар. Биз унга сув туширсаккина, у жонланиб кўпчийди ва турли гўзал жуфтларни ундиради. 6. Булар Аллоҳнинг ҳақлиги, Унинг ўликларни тирилтириши ҳамда У ҳамма нарсага қодирлигидандир. 7. Ва қиёмат шак-шубҳасиз келувчидир ва Аллоҳ қабрлардагиларни албатта тирилтиради. 8. Одамлардан Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари бор, ҳолбуки уларнинг ўзи илмсиз, ҳидоятда эмас, бирор нурли Китоби ҳам йўқ. 9. Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун бўйин товлаб юрадиган ҳам бор. Унга бу дунёда шармандалик бор, қиёмат куни эса унга олов азобини тоттирамиз. 10. Бу ўз қўлларинг тақдим қилган нарсалардан ва албатта, Аллоҳ бандаларга зулмкор эмаслигидандир. 11. Одамлардан Аллоҳга бир ёқлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, шу сабабли хотиржам бўлади. Агар унга мусибат

етса, юз ўгириб кетади. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўради. Бу эса очиқ- ойдин зиёндир. 12. У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсага илтижо қилади. Ана шунинг ўзи қаттиқ адашишдир. 13. У фойдасидан кўра зарари яқинроқ бўлганга илтижо қилади. У нақадар ёмон хожа ва нақадар ёмон ҳамдамдир! 14. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни Аллоҳ остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритади. Аллоҳ истаганини албатта қилади. 15. Ким Аллоҳ унга дунё ва охиратда ёрдам беришига шубҳа қилса, бир арқон топиб, шифтга осилсин, сўнгра уни кессин. Шунда назар солсин- чи, унинг ҳийласи ғам-ғуссани кетказармикан?! 16. Уни мана шундай очиқ-ойдин оятлар ҳолида нозил этдик. Аллоҳ Ўзи истаган кишини албатта ҳидоят қилади. 17. Аллоҳ қиёмат куни имон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насоролар, мажусийлар ва ширк келтирганлар орасида Ўзи ажрим қилади. Аллоҳ ҳар бир нарсага албатта шоҳиддир. 18. (Эй Муҳаммад), осмонлардаги ва Ердаги бор жонзотлар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамларнинг кўплари Аллоҳга албатта сажда қилишини кўрмадингизми? Кўпларга эса азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилса, ҳеч ким уни азиз қилувчи бўлмайди. Аллоҳ хоҳлаганини албатта қилади. 19. Мана бу икки ғаним тоифа Парвардигори ҳақида талашиб- тортишди. Шунда куфр келтирганларга оловдан кийим бичилди. Бошлари устидан қайноқ сув қуйилади. 20. У билан қоринларидаги нарсалар ва терилари эритилади. 21. Улар учун темирдан гурзилар бор. 22. Улар ҳар гал ғам туфайли қочиб чиқмоқчи бўлишса, унга қайтарилишади ва: «Олов азобини тотинглар!»(дейилади). 23. Аллоҳ имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритади. Улар у ерда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безанишади. У ердаги либослари эса ипакдир. 24. Улар ёқимли сўзга ҳидоят қилинишган ва мақталган Зотнинг йўлига йўлланишган эди. 25. Албатта ўзлари кофир бўлган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ҳамда Биз туб аҳоли учун ҳам, келувчи учун ҳам баробар қилиб қўйган Масжидул-Ҳаромдан тўсувчиларга ва у ерда зулм билан йўлдан чиқмоқчи бўлганга аламли азобдан тоттириб қўямиз. 26. (Эй Муҳаммад) эсланг, Иброҳимга Байтнинг ўрнини белгилаб бериб айтдик: «Менга бирор нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилувчилар, қиём, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклагин; 27. одамлар ичида ҳажга чорлагин, улар сен томон пиёда ва ҳар қандай туя устида узоқ йўллардан келурлар; 28. улар ўзларига бўладиган манфаатларга гувоҳ бўлсинлар, маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари устида Аллоҳнинг

исмини зикр қилсинлар. Энди ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар ва бечора фақирларга ҳам едиринглар; 29. сўнгра кирларини кетказсинлар, назрларини адо қилсинлар ва «Кўҳна уй»ни тавоф қилсинлар». 30. Ҳукм шундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларнинг риоясини қилса, Парвардигори ҳузурида бу ўзи учун яхшидир. Сизларга тиловат қилинганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинглар ва ёлғон сўздан четда бўлинглар. 31. Аллоҳга холис ибодат қилинглар, Унга ширк келтирманглар. Ким Аллоҳга ширк келтирса, у гўё осмондан қулаб тушган-у, уни қуш олиб қочган ёки уни шамол узоқларга учириб кетган нарса кабидир. 32. Ана шундай, ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, демак, бу қалбларнинг тақвосидандир. 33. Сизлар учун уларда маълум муддатгача манфаатлар бордир. Сўнгра уларнинг ўрни «Қадимги уй»дадир. 34. Ҳар бир умматга уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра Аллоҳнинг исмини зикр қилишлари учун қурбонликни жорий этганмиз. Илоҳингиз ягона Илоҳдир, демак, Унгагина таслим бўлинглар. (Эй Муҳаммад), итоаткорларга хушхабар беринг! 35. Улар Аллоҳ зикр қилинганда қалблари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган мусибатга сабр қиладиган ҳамда намозни тўкис адо этадиган, ўзларига ризқ қилиб берган нарсамиздан эҳсон қиладиганлардир. 36. Ва баданаларни сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Уларда сизларга яхшилик бордир. Уларга тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳнинг номини зикр қилинглар. Энди қачонки ёнбошлари билан тушганларида эса, улардан еяверинглар, қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринглар. Шукр қилишинглар учун уларни сизларга бўйсундириб қўйдик. 37. Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам Аллоҳга етиб бормайди. Лекин Унга сизлардан тақво етади. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани эвазига Уни улуғлашингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. (Эй Муҳаммад), яхшилик қилувчиларга хушхабар беринг! 38. Аллоҳ имон келтирганларни албатта мудофаа қилади. Аллоҳ барча хоин ва кофирларни севмайди. 39. Ҳужумга учраётганларга мазлум бўлганлари сабабли (урушишга) изн берилди. Аллоҳ албатта уларга ёрдам беришга қодирдир. 40. Улар ноҳақдан, фақат «Парвардигоримиз Аллоҳдир» деганлари учун диёрларидан қувилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, бутхоналар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга албатта мадад беради. Шубҳасиз, Аллоҳ қувватлидир, иззатлидир. 41. Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этадилар, закотни берадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар. Ишларнинг оқибати Аллоҳнинг измидадир.

42. (Эй Муҳаммад), агар улар сизни ёлғончига чиқаришаётган бўлса, булардан олдин Нуҳ қавми, Од ва Самуд ҳам ёлғончига чиқаришган эди; 43. Иброҳим қавми ва Лут қавми ҳам. 44. Мадян аҳолиси ҳам. Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди. Мен кофирларга бир оз муҳлат бериб, сўнг уларни ушладим. Энди Менинг инкорим қандай бўлди?! 45. Қанчадан-қанча шаҳарларни золим ҳолларида ҳалок қилдик. Энди улар шифтлари қулаган, ташландиқ қудуқ, баланд қаср (ҳолидадир). 46. Ахир улар Ер юзида юрмайдиларми, шунда уларда идрок-ли қалблар, эшитадиган қулоқлар бўларди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксиларидаги қалблар кўр бўлур. 47. Сиздан азобнинг тезроқ келишини сўрашади. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига зинҳор хилоф қилмайди. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз ҳузуридаги бир кун сизларнинг ҳисобингиздаги минг йил кабидир. 48. Қанчадан-қанча шаҳарларга золим ҳолида ҳам муҳлат бериб, сўнгра уларни тутдим. Қайтиш фақат Менгадир. 49. (Эй Муҳаммад), «Эй одамлар! Мен сизларга фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», денг. 50. Имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга мағфират ва карамли ризқ бордир. 51. Оятларимизни ожиз қолдиришга уринганлар – ана ўшалар дўзах эгаларидир. 52. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан олдин юборган ҳар бир расул ва набий борки, у бирор нарсани таманний қилганида шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлсин. Шунда Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказади. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилади. Аллоҳ билувчи, ҳикматлидир. 53. Шайтон ташлайдиган нарса (Аллоҳнинг) дилида касали борлар ва қалби тошларни фитна қилиши учундир. Албатта золимлар узоқ ихтилофдадирлар. 54. Илм берилганлар эса, унинг Парвардигорингиздан келган ҳақ эканини билиб, унга имон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир. Аллоҳ имон келтирганларни албатта тўғри йўлга ҳидоят қилувчидир. 55. Куфр келтирганлар уларга қиёмат тўсатдан келмагунча ёки «туғмас» Куннинг азоби келмагунча, ундан ҳамиша шубҳададирлар. 56. У Кунда ҳукмронлик фақат Аллоҳга хосдир. Улар ўртасида Ўзи ҳукм қилади. Имон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар ноз-неъмат жаннатларидадир. 57. Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларга, ана ўшаларга хорловчи азоб бордир. 58. Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар, сўнгра ўлдирилган ёки вафот этганларни Аллоҳ албатта гўзал ризқ билан ризқлантиради. Дарҳақиқат, Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшисидир. 59. У Зот уларни ўзлари рози бўладиган жойга киритади. Дарҳақиқат, Аллоҳ билувчидир, ҳилмлидир.

60. Мана шундай! Ким ўзига берилган азият баробарида ўч олсаю, сўнгра унга яна зулм қилинса, Аллоҳ унга албатта ёрдам беради. Дарҳақиқат, Аллоҳ афв қилувчидир, мағфиратлидир. 61. Зеро, Аллоҳ кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади. Аллоҳ эшитувчидир, кўриб турувчидир. 62. Чунки Аллоҳнинг Ўзигина ҳақдир, Ундан бошқа сиғинаётганлари эса ботилдир. Аллоҳ Олийдир, Улуғдир. 63. Аллоҳ осмондан сув тушириб, ернинг ям-яшил бўлишини кўрмадингизми?! Аллоҳ лутф кўрсатувчидир, хабардордир. 64. Осмонлару Ердаги нарсалар Уникидир. Ҳақиқатан Аллоҳнинг Ўзигина беҳожатдир, мақталгандир. 65. Аллоҳ Ердаги нарсаларни, денгизда Ўзининг изни билан юрадиган кемаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ одамларга шафқатлидир, раҳмлидир. 66. У сизларга ҳаёт берган, кейин ўлдирадиган, сўнгра яна тирилтирадиган Зотдир. Дарҳақиқат, инсон ношукрдир. 67. Биз ҳар бир умматга қурбонлик қилишни буюрдик, улар шунга амал қилувчилардир. Демак, (эй Муҳаммад) бу ишда ҳаргиз сиз билан тортишишмасин. Парвардигорингизга даъват қилинг. Сиз албатта тўғри йўлдадирсиз. 68. Агар улар сиз билан тортишишса, айтинг: «Аллоҳ нима қилаётганингизни билувчидир; 69. Аллоҳ қиёмат куни сизлар тортишган нарса бўйича ораларингизда ҳукм қилади». 70. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг осмону Ердаги ҳамма нарсани билиб туришини билмасмидингиз?! Булар албатта Китобдадир. Бу Аллоҳга албатта осондир. 71. Улар Аллоҳни қўйиб, У бирор ҳужжат туширмаган, ўзлари ҳам билмаган нарсага ибодат қилишади. Золимларга бирор ёрдам берувчи йўқдир. 72. Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинаётганда куфр келтирганларнинг юзларида инкорни кўрасиз. Уларнинг оятларимизни тиловат қилиб бераётганларга ҳамла қилишларига оз қолади. Уларга: «Бундан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У Аллоҳ куфр келтирганларга ваъда қилган дўзахдир ва у нақадар ёмон жойдир», денг. 73. Эй инсонлар! Бир масал айтилдики, энди унга қулоқ солинг! Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг ҳаммаси бирлашиб ҳам битта пашшани ярата олмайди. Агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ўшани ундан қутқариб ҳам олиша олмайди. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинувчи ҳам заифдирлар. 74. Улар Аллоҳни Ўзига муносиб равишда қадрламадилар. Аллоҳ қувватлидир, иззатлидир. 75. Аллоҳ элчиларни фаришталардан ҳамда инсонлардан танлайди. Аллоҳ эшитувчидир, кўриб турувчидир.

76. У Зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги нарсани билади. Ишлар ёлғиз Аллоҳгагина қайтарилади. 77. Эй имон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Парвардигорингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки нажот топсангизлар. 78. Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилинглар. У сизларни танлаб олди ва динда сизларга ҳеч бир мушкуллик юкламади. (Бу) отангиз Иброҳимнинг динидир. То пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса одамларга гувоҳ бўлишингиз учун У сизларни олдин атагандек, бунда ҳам мусулмонлар деб атади. Энди намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизларнинг Хожангиздир. У қандайин яхши Хожа ва нақадар яхши мададкордир! 23. МУЪМИНУН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 118 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. 2. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. 3. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир. 4. Улар закотни адо қилувчилардир. 5. Улар фаржларини сақловчилардир. 6. Ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлар мустасно. Улар маломат қилинувчи эмаслар. 7. Ким шундан бошқани истаса, ана ўшалар тажовузкорлардир. 8. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир. 9. Улар намозларини асровчилардир. 10. Ана ўшалар меросхўрлардир. 11. Улар Фирдавсни мерос олишади, улар унда мангу қолишади. 12. Ҳақиқатан инсонни лойнинг мағзидан яратдик. 13. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. 14. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан музға яратдик, музғадан суяк яратдик, сўнг суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Энг гўзал яратувчи Аллоҳ баракотли, буюкдир. 15. Сўнгра шундан кейин сизлар албатта вафот этасизлар. 16. Сўнгра сизлар қиёмат куни қайта тирилтириласизлар. 17. Дарҳақиқат, устингизда етти йўлни яратдик. Биз махлуқотдан ғофил эмасмиз. 18. Осмондан ўлчов билан сув тушириб, уни ерга сингдириб қўйдик. Биз уни кетказишга ҳам албатта қодирмиз. 19. Ва у билан сизлар учун хурмо ва узум боғлари пайдо қилдик, сизларга у ерда кўп мевалар бор, сизлар улардан ейсизлар. 20. Ва Тури Синодан чиқадиган бир дарахтни еювчиларга ёғ ва нонхуруш қилиб ўстирдик.

21. Чорва ҳайвонларида ҳам сизлар учун албатта ибрат бордир. Сизларга уларнинг қорнидаги нарсадан ичирамиз, яна сизлар учун уларда кўпгина фойдалар бор, шунингдек улардан ейсизлар ҳам. 22. Уларга ҳамда кемаларга миниб юрасизлар. 23. Дарҳақиқат, Нуҳни қавмига пайғамбар қилдик. Шунда у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Наҳот қўрқмасанглар?!» деди. 24. Шунда унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлари айтишди: «Бу ҳам сизларга ўхшаган одам, сизлардан афзал бўлиб олмоқчи, холос. Агар Аллоҳ хоҳласа, фаришталарни туширган бўлар эди. Аввалги ота- боболаримиздан буларни эшитган эмасмиз; 25. у фақат бир жинни одам, холос. Демак, уни бир оз муддат кузатиб туринглар». 26. (Нуҳ): «Парвардигорим, уларнинг менга нисбатан ёлғонига қарши Ўзинг менга ёрдам бергин», деди. 27. Шунда унга ваҳий қилдик: «Бизнинг кўз ўнгимизда ва ваҳий- кўрсатмамиз билан бир кема ясагин. Амримиз келиб, таннурдан фавворалар отилганида у кемага ҳар биридан бир жуфтдан ва аҳли-оилангни чиқар. Улардан ким ҳақида сўз ўтган бўлса, мустасно. Ўша зулм қилганлар борасида Менга гап очмагин, улар албатта ғарқ қилинувчилардир; 28. кейин ўзинг ва сен билан бирга бўлганлар кемага жойлашиб олгач: «Бизни золим қавмлардан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин»; 29. «Парвардигорим, мени бир муборак манзилга туширгин, Сен манзилга туширувчиларнинг энг яхшисисан», деб айтгин». 30. Бунда албатта аломатлар бордир. Биз синовчидирмиз. 31. Сўнгра улардан кейин бошқа авлодни пайдо қилдик. 32. Кейин уларга ўзларидан бўлган пайғамбарни юбордик. (У айтди): «Аллоҳга ибодат қилинглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир, наҳот қўрқмасанглар». 33. Унинг қавмидан куфр келтирган, охиратдаги учрашишни ёлғонга чиқарган ва Биз дунё ҳаётида маишатпараст қилиб қўйган зодагонлари айтишди: «Бу ҳам сизларга ўхшаган одам, у ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади; 34. агар ўзингизга ўхшаган одамга итоат қилсангиз, унда албатта зиён кўрувчидирсиз; 35. ўлиб, тупроқ ва суякларга айланганингиздан кейин албатта чиқарилувчи бўлишингизни у сизларга ваъда қиляптими; 36. сизларга ваъда қилинаётган нарса жуда-жуда узоқдир; 37. дунёдаги ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқдир. Ўламиз, яшаймиз, биз қайта тирилувчи эмасмиз. 38. у фақат Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадир, бизлар унга ишонмаймиз». 39. У: «Парвардигорим, мени ёлғончи қилганларга қарши менга ёрдам бер», деди. 40. (Аллоҳ): «Оз кунда улар албатта пушаймон бўлишади», деди.

41. Дарҳақиқат уларни (азобли) қичқириқ тутди. Уларни хас-чўпга айлантирдик. Золим қавмлар даф бўлсин! 42. Сўнгра улардан кейин бошқа авлодларни пайдо қилдик. 43. Ҳеч бир уммат ўз ажалидан олдин ҳам кетмайди, ортда ҳам қолмайди. 44. Сўнгра пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик. Ҳар қачон бир умматга ўз пайғамбари келса, уни ёлғончи қилдилар. Шунда Биз ҳам баъзилари ортидан баъзиларини эргаштиравердик ва уларни «ҳикоя»ларга айлантирдик. Энди имон келтирмайдиган қавмлар даф бўлсин! 45. Сўнгра Мусо ва биродари Ҳорунни оятларимиз ва очиқ ойдин ҳужжат далил билан юбордик; 46. фиръавн ва унинг аъёнларига. Шунда улар мутакаббирлик қилдилар ва кибру ҳавога кетган қавм бўлдилар; 47. улар ўшанда: «Ўзимизга ўхшаган икки одамга имон келтирамизми?! Ҳолбуки, уларнинг қавми бизларга қулдирлар» дейишди. 48. Кейин икковларини ёлғончига чиқардилар ва ҳалок қилинувчилардан бўлишди. 49. Дарҳақиқат, ҳидоят топишлари учун Мусога Китоб берган эдик. 50. Марям ўғлини ва унинг онасини аломат қилдик, иккисини оқин сувли баланд бир қароргоҳга жойладик. 51. Эй пайғамбарлар, пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар. Мен нима иш қилаётганингизни билурман. 52. Сизларнинг умматингиз ягона бир умматдир. Мен эса Парвардигорингиздирман. Бас, Мендан қўрқинглар! 53. Сўнгра (яхлит) ишларини майда-майда қилиб юборишди. Ҳар бир фирқа ўз ҳузуридаги нарса билан хурсанддир. 54. (Эй Муҳаммад), уларни ғафлатларида бир муддат қўйиб қўйинг. 55. Уларга мол-дунё ва фарзандлар билан ёрдам бераётганимизни; 56. ўзларига яхшиликларни тезлатишимиз деб ҳисоблашадими? Йўқ, улар сезмайдилар. 57. Улар албатта Парвардигорларидан қўрқиб, хавфда турувчилардир. 58. Улар Парвардигорларининг оятларига имон келтирувчилардир. 59. Парвардигорларига ширк келтирмайдиганлардир. 60. Шунингдек, берадиган садақаларини (қиёмат куни) Парвардигорга қайтувчи эканликларидан қалблари қўрқиб турган ҳолда берадиганлардир. 61. Айнан шулар яхшиликларга шошилишади ва улар бунда ўзиб кетувчилардир. 62. Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Ҳузуримизда фақат ҳақни сўзлайдиган китоб бор. Уларга зулм қилинмайди. 63. Йўқ! Қалблари бундан ғафлатдадир. Уларнинг бундан бошқа ўзлари қилувчи амаллари бордир. 64. То уларнинг маишатпарастларини азоб билан тутганимизда бирдан фарёд солишади.

65. «Энди бугун фарёд солманг! Биз томонимиздан сизларга ёрдам берилмайди; 66. чунки оятларим сизларга тиловат қилинганида сизлар ортингизга қарамай қочар эдинглар; 67. у билан кибрланар, тунги суҳбатларингизда беҳуда сўзлар айтар эдинглар», (дейилади). 68. Наҳотки, улар бу Сўзни чуқурроқ фикрлаб кўришмади ёки уларга аввалги ота-боболарига келмаган нарса келибдими? 69. Ёки ўз пайғамбарларини танимай, уни инкор қилувчи бўлишдими? 70. Ёки «Унда мажнунлик бор», дейишяптими? Йўқ! Уларга у ҳақни келтирди. Уларнинг аксарияти эса ҳақни ёқтирмайдиганлардир. 71. Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашганида эди, осмонлару Ер ва улардаги жонзотлар бузилиб кетар эди. Йўқ! Биз уларга эслатма келтирдик. Улар эса бу эслатмадан юз ўгирувчидирлар. 72. (Эй Муҳаммад), ёки улардан ҳақ сўраяпсизми?! Парвардигорингизнинг атоси яхшироқдир ва У ризқ берувчиларнинг энг яхшисидир. 73. Сиз уларни албатта тўғри йўлга чақирасиз. 74. Охиратга имон келтирмайдиганлар бу йўлдан озувчидирлар. 75. Агар уларга раҳм қилиб, улардан зарарларини аритсак ҳам, туғёнларида бардавом ҳолда саргардон юришаверади. 76. Дарҳақиқат, уларни азоб билан тутдик, улар эса Парвардигорларига бўйин ҳам эгмадилар, тавба-тазарру ҳам қилмадилар. 77. Уларга қаттиқ азоб эшигини очганимизда, ўша вақтда улар ноумид бўлувчилардир. 78. У сизларга қулоқни, кўзлару дилларни пайдо қилгандир. Бунга жуда оз шукр қиласизлар! 79. У сизларни ер юзида яратиб, таратган Зотдир. Унинг ҳузуригагина тўпланасизлар. 80. У тирилтиради ва ўлдиради. Кечаю кундузнинг алмашиши ҳам Унга хосдир. Ахир, ақл юритмайсизларми?! 81. Йўқ! Улар ҳам аввалгилар айтганига ўхшаш нарсани айтдилар. 82. Улар айтишди: «Ўлиб, тупроқ ва суякка айланганимизда яна қайтадан тириламизми; 83. дарвоқе, бу бизларга ҳам, ота-боболаримизга ҳам аввал ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқаси эмас». 84. (Эй Муҳаммад), «Агар билсанглар, Ер ва ундаги жонзотлар кимники?» денг. 85. Улар: «Албатта Аллоҳникидир», дейишади. Сиз: «Наҳотки эслатма олмасанглар?!» денг. 86. «Етти осмоннинг Парвардигори, улуғ Аршнинг Парвардигори ким?» денг. 87. Улар «Албатта Аллоҳдир», дейишади. Сиз: «Наҳотки, қўрқмасанглар?!» деб айтинг.

88. Сиз: «Агар билсангиз, барча нарсанинг ҳукмронлиги «қўли»да бўлган, Ўзи паноҳ берадиган ва Унга қарши ҳеч ким паноҳ бера олмайдиган Зот ким?!» деб айтинг. 89. Улар: «Булар ҳам Аллоҳга хосдир», дейишади. Сиз: «Унда нега сеҳрланмоқдасиз?!» деб айтинг. 90. Йўқ, Биз уларга ҳақни келтирдик, улар эса ёлғончилардир. 91. Аллоҳ ҳеч бир фарзанд тутмаган, У билан бирга бирор илоҳ ҳам бўлмаган. Шундай бўлганида ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсаси билан кетиб, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Аллоҳ улар қилаётган васфдан покдир. 92. У Зот ғайбни ва ҳозирни билувчидир. У Зот уларнинг ширкидан олийдир. 93. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Парвардигорим, уларга ваъда қилинган нарсани менга кўрсатадиган бўлсанг; 94. Парвардигорим, мени ўша золим қавмлар ичида қилмагин». 95. Биз уларга ваъда қилаётган нарсамизни сизга кўрсатишга албатта қодирмиз. 96. Сиз эса ёмонликни гўзал муомала билан даф қилинг. Биз улар сифатлаётган нарсани яхши биламиз. 97. Сиз: «Парвардигорим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ беришингни сўрайман!» денг. 98. Парвардигорим, Сендан уларнинг ҳузуримга келишларидан паноҳ сўрайман». 99. Ниҳоят улардан бирига ўлим келган чоғда айтади: «Парвардигорим, мени қайтаргин; 100. Шояд, ташлаб келган жойимда яхши амал қилсам». Йўқ! Бу ҳақиқатан у айтувчи бўлган сўздир. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир. 101. Сур чалинганида, ана ўша Кунда уларнинг ораларида на насаб қолади, на бир-бирларини суриштиришади. 102. Кимнинг тарозиси оғир келса, демак, ана шулар нажот топувчилардир. 103. Кимнинг тарозиси енгил келса, демак, ана шулар ўзларига зиён қилишибди. Улар дўзахда мангу қолувчилардир. 104. Юзларини олов куйдиргач, улар у ерда бадбашара ҳолатда бўлишади. 105. «Сизларга оятларим тиловат қилинмаганмиди? Сизлар уларни ёлғонга чиқарган эмасмидингиз?!»(дейилганида); 106. Улар айтишади: «Парвардигоримиз, бадбахтлигимиз ғолиб келиб, адашган қавм бўлган эканмиз; 107. Парвардигоримиз, бизни бундан чиқаргин, агар яна қайтадиган бўлсак, унда албатта золимлардан бўлурмиз». 108. У айтди: «Унда хор бўлинглар ва Менга гапирманглар!». 109. Аниқки, бандаларимдан бир гуруҳи: «Парвардигоримиз, Сенга имон келтирдик. Бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла! Сен раҳм қилувчиларнинг яхшисисан», дер эдилар.

110. Шунда уларни масхара қилдинглар. Ҳатто бу сизларга Менинг зикримни унуттирди. Сизлар улардан кулардингизлар. 111. Мен бугун сабр қилганлари учун уларни мукофотладим. Улар ҳақиқатан ютуққа эришувчилардир». 112. У: «Ерда қанча йил қолдинглар?» деди. 113. Улар: «Бир кун ёки унинг ярмича қолдик. Ҳисоблаб турувчилардан сўра», дейишади. 114. У айтди: «Агар билган бўлсанглар, жуда оз қолдинглар»; 115. ёки сизларнинг гумонингизча, сизларни беҳуда яратдигу, сизлар Бизга қайтарилмайсизми?!». 116. Ҳақ подшоҳ – Аллоҳ юксакдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У карамли Аршнинг Парвардигоридир. 117. Ким ўзида ҳеч бир далил бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа «илоҳ»га илтижо қилса, энди унинг ҳисоб-китоби фақат Парвардигорининг ҳузуридадир. Албатта кофирлар нажот топишмайди. 118. (Эй Муҳаммад), «Парвардигорим, мағфират қил, раҳм айла! Сен раҳм қилувчиларнинг энг яхшисисан», деб айтинг. 24. НУР СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 64 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Бу сурадир, уни Биз нозил этдик ва уни фарз қилдик. Эслатма олишингиз учун унда очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик. 2. Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз даррадан уринглар. Агар Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган бўлсанглар, уларга нисбатан Аллоҳнинг динида сизларни шафқат тутмасин. Уларнинг жазоланишига бир гуруҳ мўминлар гувоҳ бўлишсин. 3. Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланади. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланади. Бу мўминларга ҳаром қилингандир. 4. Покиза аёлларга бўҳтон қилган, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир. 5. Кейин тавба қилиб, ўзини тузатганлар бундан мустаснодир. Зеро, Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 6. Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолда ўз хотинларини бадном қиладиганлардан ҳар бирининг гувоҳлиги «мен ростгўйларданман» деб, Аллоҳ номи билан тўрт марта қасамёд қилишидир. 7. Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтишидир. 8. Ва ундан азобни қайтарадиган нарса Аллоҳнинг номи билан «У албатта ёлғончилардандир», деб тўрт марта гувоҳлик беришидир. 9. Бешинчисида эса агар у ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлишини айтишидир.

10. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида ҳамда Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаганида эди... 11. Албатта, ифк (бўҳтон ва туҳмат)ни келтирганлар ўзларингиздан бўлган бир гуруҳдир. Уни ўзларингиз учун ёмонлик деб ҳисобламанглар, аксинча, у сизлар учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўз қилмишининг гуноҳи бордир. Улардан унинг каттасини кўтарган кимсага эса улкан жазо бордир. 12. (Эй мўминлар), уни эшитган пайтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин бўҳтон-ку!» дейишса бўлмасмиди?! 13. Улар ўшанга тўртта гувоҳ келтиришса бўлмасмиди?! Демак, гувоҳ келтира олмаганларнинг ўзлари Аллоҳ ҳузурида ёлғончидирлар. 14. Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли-марҳамати бўлмаганида тинмай сўзлаган нарсаларингиз учун сизларни албатта улкан жазо тутар эди. 15. Ўшанда сизлар уни тилингиз билан илиб олган, билмаган нарсангизни оғзингиз билан сўзлаган, уни енгил санаган эдингиз. Ҳолбуки у Аллоҳнинг наздида улкандир. 16. Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапириш тўғри эмас. Парвардигоро, Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?! 17. Агар мўмин бўлсангиз, бунга ўхшаш нарсаларга ҳаргиз қайтмаслигингизни Аллоҳ сизларга насиҳат қилади. 18. Аллоҳ сизларга оятларни баён қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир. 19. Имон келтирганлар ичида бузуқликлар тарқалишини яхши кўрадиганларга дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар эса билмассиз. 20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли-марҳамати ҳамда Аллоҳ шафқатли, раҳмли бўлмаса эди... 21. Эй имон келтирганлар, шайтоннинг изидан эргашманглар. Ким шайтон изидан эргашса, (у) албатта бузуқлик ва ёмонликка буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, ичингиздан бирор киши абадул-абад поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклайди. Аллоҳ эшитувчидир, билувчидир. 22. Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳ йўлида муҳожир бўлганларга ҳеч нарса бермасликка қасам ичмасинлар, балки уларни афв қилиб-кечирсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 23. Албатта (фаҳшдан) бехабар, иффатли мўмина аёлларга бўҳтон қилганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатланишади. Уларга улкан азоб бордир. 24. У Кунда тиллари, қўллари ва оёқлари қилиб юрган амаллари ҳақида уларга қарши гувоҳлик беради. 25. Ўша Кунда Аллоҳ уларнинг ҳақ жазоларини тўлиқ беради ва улар Аллоҳнинг шубҳасиз ҳақ эканини билишади.

26. Нопок аёллар нопок эркаклар учундир, нопок эркаклар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир, покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Айнан ўшалар улар айтаётган бўҳтонлардан покдирлар. Уларга мағфират ва карамли ризқ бордир. 27. Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирманглар! Мана шундай қилишингиз сизларга яхшидир. Шоядки, эслатма олсангиз. 28. Агар уларда ҳеч кимни кўрмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманглар. Агар сизларга: «Қайтинглар», дейилса, унда қайтиб кетинглар. Мана шу сизлар учун энг пок (йўлдир). Аллоҳ нима қилаётганингизни билувчидир. 29. Маскан бўлмаган, сизлар фойдаланадиган уйларга киришингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ ошкор қилаётган нарсангизни ҳам, яшираётган нарсангизни ҳам билади. 30. (Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини тийишсин ва фаржларини сақлашсин. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан хабардордир. 31. Мўминаларга айтинг: «Кўзларини тийишсин, фаржларини сақлашсин ва зийнатларини кўрсатишмасин, кўриниб қолгани мустасно. Рўмолларини кўксиларига тўсиб юришсин. Улар эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака- укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёллардан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатишмасин. Яна яширин зийнатларини билдириш учун оёқларини уришмасин. Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар, шояд шунда нажот топсангизлар». 32. Ораларингиздаги тулларни, қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар камбағал бўлишса, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилади. Аллоҳ (карами) кенгдир, билувчидир. 33. Никоҳни топа олмаганлар то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини пок сақласинлар. Қўл остингиздагилардан мукотаба тузишни истайдиганлари бўлса, бу ҳолда уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар билан мукотаба тузинг ва Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан уларга беринг. Дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳини деб иффатни истаган чўриларингизни фоҳишаликка мажбурламанг. Ким уларни мажбурласа, улар мажбур қилинганларидан кейин Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 34. (Эй мўминлар), дарҳақиқат, сизларга очиқ-ойдин оятларни, сиздан олдин ўтганларнинг мисолларини ва тақводорлар учун ваъз- насиҳатни нозил қилдик. 35. Аллоҳ осмонлар ва Ернинг «нури»дир. Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, чироқ эса бир шиша ичида, шиша эса гўё дур юлдуз кабидир. У шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилади. Унинг мойи гарчи унга олов тегмаса ҳам ёритиб юборай дейди. Нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган кишиларни Ўз нурига ҳидоят

қилади. Аллоҳ одамларга мисолларни келтиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 36. У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтишади; 37. шундай кишилар борки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмайди. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқишади. 38. Бу қилган амалларининг энг яхшисига Аллоҳ уларни мукофотлаши ва фазлу карамидан кўпайтириб бериши учундир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ беради. 39. Куфр келтирганларнинг амаллари эса, саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлаб, олдига келгач, ҳеч нарса топа олмайди ва ўз қаршисида Аллоҳни топади. Шунда У Зот унинг ҳисоб- китобини тўлиқ қилади. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир; 40. ёки худди денгиз қаъридаги зулматларга ўхшайди. Уни тўлқин устидан тўлқин қоплайди, унинг устидан эса булут. Бир-бирига устма-уст зулматлардир: қўлини чиқарса, уни кўра олмайди ҳам. Кимга Аллоҳ нур бермаса, унинг учун ҳеч бир нур бўлмайди. 41. (Эй Муҳаммад), Аллоҳга осмонлар ва Ердаги жонзотлар, қанот қоққан қушлар ҳам тасбеҳ айтишини кўрмадингизми?! Ҳар бири ўз дуоси ва тасбеҳини билади. Аллоҳ эса уларнинг нима қилаётганларини билувчидир. 42. Осмонлар ва Ернинг ҳукмдорлиги Аллоҳга хосдир ва қайтиш ҳам фақат Аллоҳгадир. 43. Аллоҳнинг булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни қатлашини кўрмадингизми?! Сўнгра уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. У осмондан, ундаги «тоғ»лардан дўл ёғдириб, у билан Ўзи хоҳлаганларга мусибат етказади ва Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборади. Чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказай дейди. 44. Аллоҳ кеча ва кундузни алмаштириб туради. Бунда кўз (ақл) эгалари учун албатта ибрат бордир. 45. Аллоҳ ҳамма жонзотни сувдан яратди. Улардан қорни билан юрадиганлари ҳам, икки оёқда юрадиганлари ҳам, тўрттасида юрадиганлари ҳам бор. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 46. Дарҳақиқат, Биз баён қилиб берувчи оятларни нозил қилдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини тўғри йўлга йўллаб қўяди. 47. Улар: «Аллоҳга ва Расулга имон келтирдик ҳамда итоат қилдик», дейишади. Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетади. Ана ўшалар мўмин эмасдирлар. 48. Қачон ораларида ҳукм чиқариш учун Аллоҳ ва Унинг Расули сари чорлансалар, ногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетади. 49. Агар ҳақ уларда бўлса, унга бўйин эгиб келишарди.

50. Уларнинг дилларида касаллик борми? Ёки шубҳа қилишадими? Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Расули уларга зулм қилишидан қўрқишадими? Йўқ, ана шуларнинг ўзлари золимлардир. 51. Мўминларнинг ораларида ҳукм чиқариш учун Аллоҳ ва Унинг Расулига чорланганларидаги гаплари «Эшитдик ва итоат қилдик» бўлади. Ана шулар нажот топувчилардир. 52. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, ана шуларгина ютуққа эришувчилардир. 53. (Эй Муҳаммад), агар амр қилсангиз, албатта (жиҳодга) чиқишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳга қасам ичишади. «Қасам ичманглар! Бу маълум тоатдир, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир», денг. 54. «Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг! Энди агар юз ўгирсанглар, унинг зиммасида ўзига юклатилган нарса, сизларнинг зиммангизда ўзингизга юкланган нарса бордир. Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топасизлар. Пайғамбар зиммасида фақат очиқ-ойдин етказиш бордир», денг. 55. Аллоҳ сизлардан имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф- хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Улар Менгагина ибодат этишади ва Менга бирор нарсани шерик қилишмайди. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, ана шулар фосиқлардир. 56. (Эй мўминлар), намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шояд, раҳм қилинсангиз. 57. (Эй Муҳаммад), куфр келтирганларни Ер юзида (Аллоҳни) ожиз қолдирувчи, деб асло ўйламанг! Уларнинг жойлари дўзахдир. У нақадар ёмон оқибатдир! 58. Эй имон келтирганлар! Қўл остингиздагилар ҳамда балоғатга етмаганларингиз сизлардан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешин вақтида кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. Бу учтаси авратларингиздир, булардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. Баъзиларингиз баъзиларингизга кириб-чиқиб турувчиларсиз. Аллоҳ сизларга оятларини ана шундай баён қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳакимдир. 59. Ёш болаларингиз балоғатга етишса, улардан олдингилар изн сўраганидек изн сўрасинлар. Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳакимдир. 60. Аёллардан ўтириб қолган, никоҳдан умид қилмайдиганларига зийнатларини кўз-кўз қилмаган ҳолда кийимларини ечиб қўйишларида гуноҳ йўқдир. Иффатларини сақлашса, ўзлари учун яхшидир. Аллоҳ эшитувчидир, билувчидир. 61. Кўзи ожизга танглик йўқ ва чўлоққа ҳам танглик йўқ. Ва беморга ҳам танглик йўқ. (Эй мўминлар), ўз уйларингиздан, ё оталарингизнинг уйларидан, ё оналарингизнинг уйларидан, ё ака-укаларингизнинг уйларидан, ё опа-сингилларингизнинг уйларидан, ё амакиларингизнинг уйларидан, ё

аммаларингизнинг уйларидан, ё тоғаларингизнинг уйларидан, ё холаларингизнинг уйларидан, ё сизлар калитига эга бўлган уйлардан ёки дўстингизнинг уйидан (изнсиз) таомланишингизда сизларга (танглик йўқ). Сизларга жамланган ёки тарқоқ ҳолда овқатланишингизда ҳам танглик йўқ. Уйларга кирганингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак саломни айтинглар. Сизлар ақл юритишинглар учун Аллоҳ сизларга оятларини ана шундай баён қилади. 62. Мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирганлардир. Улар у билан бирор умумий иш устида бўлишганида ундан изн сўрамагунча кетиб қолишмайди. (Эй Муҳаммад), фақат сиздан изн сўрайдиганлар – айнан ўшаларгина Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирадиганлардир. Улар баъзи ишлари учун сиздан изн сўрашса, улардан хоҳлаганингизга изн беринг ва Аллоҳдан уларга мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчидир, раҳмлидир. 63. Пайғамбарни чақиришни ораларингиздаги бир-бирларингизни чақириш каби қилманглар. Сизлардан яширинган ҳолларида суғурилиб чиқиб кетадиганларни Аллоҳ яхши билади. Унинг амрига зид иш тутадиганлар ўзларига бирор фитна етишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар. 64. Огоҳ бўлингларки, осмонлар ва Ердаги ҳамма нарса албатта Аллоҳникидир. У сизларнинг қай ҳолатда эканингизни яхши билади. Унинг Ўзига қайтариладиган Кунда эса улар қилган амалларининг хабарини беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. 25. ФУРҚОН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 77 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир. 2. У осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Унгагина хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, подшоҳлигида шериги бўлмаган, ҳамма нарсани аниқ ўлчов билан яратган Зотдир. 3. Уни қўйиб, бирор нарса ярата олмайдиган, ўзлари яратилувчи бўлган, ўзларига зарар ёки фойда беришга ҳам қодир бўлмайдиган, ўлимга ҳам, ҳаётга ҳам, қайта тирилишга ҳам қодир бўлмайдиган «илоҳ»ларни тутдилар. 4. Куфр келтирганлар: «Бу уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи тўқиб олган ва бунда унга бошқа қавмлар ёрдам берган» деб, зулм ва ёлғон келтиришди. 5. Улар: «Бу аввалгиларнинг афсоналаридир, буларни у ёздириб олган, улар унга эртаю кеч ўқиб берилади», дейишди. 6. (Эй Муҳаммад), «Уни осмонлару Ердаги сирни биладиган Зот нозил қилган, У албатта мағфиратлидир, раҳмлидир», денг.

7. Улар айтишди: «Бу қандай пайғамбарки, таом еса, бозорларда юрса?! Унга бирор фаришта туширилса эди, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлар эди; 8. ёки унга хазина ташланса ёхуд унинг учун бир боғ бўлса-ю, ундан еганида эди». Золимлар: «Сизлар фақат сеҳрланган кишига эргашяпсизлар», ейишди. 9. (Эй Муҳаммад), улар сизга қандай мисолларни тўқишганига қаранг! Улар йўлдан оздилар, энди йўл топишга қодир ҳам эмаслар. 10. Агар хоҳласа, сизга бундан ҳам яхшироғини – остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни берадиган ва сизга қасрларни қилиб берадиган Зот баракотлидир. 11. Йўқ! Улар қиёматни ёлғонга чиқардилар. Биз қиёматни ёлғонга чиқарганларга дўзахни тайёрлаб қўйганмиз. 12. У уларни узоқ жойдан кўргандаёқ унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитишади. 13. Унинг тор жойига кишанланган ҳолларида ташланганларида эса ўша жойда ҳалокат тилаб қолишади. 14. (Айтиладики): «Бугунги кунда битта ҳалокат эмас, кўплаб ҳалокатни тиланглар; 15. (Эй Муҳаммад, айтинг): «Бу яхшими ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган мангулик жаннати яхшими?». Бу улар учун мукофот ва охирги мақомдир. 16. Уларга ўша ерда мангу туришганида хоҳлаган нарсалари бўлади. Бу Парвардигорингиз зиммасидаги масъулиятли ваъдадир. 17. Уларни ҳам, Аллоҳни қўйиб, ибодат қилган нарсаларини ҳам тўплаган Кунда У: «Анави бандаларимни сизлар адаштирдингизми ёки уларнинг ўзлари йўлдан озишдими?!» дейди. 18. Улар айтишди: «Ўзинг покдирсан, Сендан бошқаларни дўст тутиш бизларга раво эмас эди. Лекин Сен уларни ва ота-боболарини баҳраманд этдинг, улар эса ҳатто зикрингни унутдилар ва ҳалокат қавми бўлдилар». 19. Дарҳақиқат, улар сизларни айтаётган сўзларингизда ёлғончига чиқардилар. Энди уни қайтаришга ҳам, ёрдам беришга ҳам қодир бўлмайсиз. Сизлардан ким зулм қилган бўлса, унга улкан азобни тоттирамиз. 20. (Эй Муҳаммад), сиздан олдин юборган пайғамбарларимиз ҳам албатта таом ейишар ва бозорларда юришар эди. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик, қани сабр қила олармикинсизлар?! Парвардигорингиз эса кўриб турувчидир. 21. Бизга йўлиқишдан умидсизлар: «Бизга фаришталар туширилса эди ёки Парвардигоримизни кўрсак эди!» дейишади. Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйишди ва ниҳоятда ҳаддан ошишди. 22. Улар фаришталарни кўрадиган Кунда, айнан ўша Кунда жиноятчиларга хушхабар бўлмайди. Ва улар: «Бутунлай ҳаромдир!» дейишади. 23. Ва қилган амалларига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборамиз.

24. Ўшал кунда жаннат эгалари энг яхши қароргоҳ ва энг чиройли оромгоҳларда бўлишади. 25. У кунда булутли осмон ёрилиб, фаришталар туширилади. 26. У кунда ҳақиқий подшоҳлик Раҳмонникидир. У кофирлар учун кўп қийин кундир. 27. У кунда золим қўлларини тишлаб, шундай дейди: «Эҳ, қанийди, мен ҳам Пайғамбар билан бир йўлни тутган бўлсам эди!»; 28. эвоҳ, қанийди, фалончини дўст тутмаган бўлсам; 29. дарҳақиқат, менга насиҳат келганидан сўнг ўша мени йўлдан оздирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетувчидир». 30. Ва Пайғамбар айтди: «Парвардигорим, қавмим бу Қуръонни тарк этди». 31. Ҳар бир пайғамбар учун жиноятчилардан мана шундай душман қилганмиз. Ҳидоят қилиш ва ёрдам беришга Парвардигорингизнинг Ўзи кифоядир. 32. Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон нега бир йўла тўла нозил қилинмади?» дейишди. (Эй Муҳаммад), қалбингизни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни тартил билан тиловат қилиб бердик. 33. Улар сизга бирор масал келтиришса, албатта сизга ҳақни ва гўзал шарҳини келтирамиз. 34. Дўзах томон юзтубан ҳолларида ҳайдаладиганлар – ана ўшалар маконлари энг ёмон, йўлларидан энг адашганлардир. 35. Дарҳақиқат, Мусога китобни бердик ва унга акаси Ҳорунни вазир қилдик. 36. Шунда Биз: «Икковингиз оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмга боринг», дедик. Сўнг уларни йўқ қилиб юбордик. 37. Ва пайғамбарларни ёлғонга чиқарган Нуҳ қавмини ғарқ этдик ва уларни одамларга ибрат қилиб қўйдик. Яна золимларга аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз. 38. Од, Самуд ва қудуқ эгаларини ҳамда бу орадаги кўп авлодларни ҳам (ҳалок этдик). 39. Буларнинг ҳаммасига мисоллар келтирдик ва уларнинг барини тамоман йўқ қилиб юбордик. 40. Аниқки, улар ёмонлик ёмғири ёғдирилган шаҳардан ўтишган эди. Уни кўришмаганмиди?! Йўқ, улар қайта тирилишни умид қилишмаган эди. 41. (Эй Муҳаммад), улар сизни кўришса, шундай масхара қилишади: «Аллоҳ шуни Пайғамбар қилиб юбордими?; 42. агар сабр қилиб (маҳкам) турмаганимизда сал бўлмаса у бизни илоҳларимиздан оздираёзди-я!». Яқинда азобни кўрган вақтларида ким йўлдан озганроқлигини билиб олишади. 43. Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олганни кўрдингизми? Энди сиз унга вакил бўласизми? 44. Ё уларнинг кўплари эшитади ёки тушуна олади деб ўйлайсизми? Улар ҳайвон кабидир холос, балки улар йўлдан кўпроқ адашгандирлар. 45. Парвардигорингиз сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми? Агар хоҳласа, уни жилдирмай қўярди. Сўнгра қуёшни унга далил қилдик.

46. Сўнгра уни Ўзимизга аста-секин тортиб оламиз. 47. У сизлар учун кечани либос, уйқуни ором қилган ва кундузни эса ҳаётга қайтиш қилган Зотдир. 48. У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Осмондан пок сувни туширдик; 49. у билан ўлик юртни тирилтиришимиз ва ўзимиз яратган кўплаб чорваларни ҳамда инсонларни суғориш учундир. 50. Эслатма олишлари учун уни ораларида тақсимлаб қўйдик, бироқ одамларнинг кўплари фақатгина ношукрликни исташди. 51. Агар хоҳласак, ҳар бир шаҳарга биттадан огоҳлантирувчи юборган бўлардик. 52. (Эй Муҳаммад), кофирларга итоат этманг! Унинг ёрдамида уларга қарши қаттиқ курашинг! 53. У икки денгизни – бунисини чучук, унисини шўр қилиб оқизиб қўйган ва улар ўртасига тўсиқ ҳамда мустаҳкам парда қилган Зотдир. 54. У сувдан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насабли, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Ҳақиқатан Парвардигорингиз қодирдир. 55. Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига фойда ҳам зарар ҳам етказмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар. Кофир ўз Парвардигорига қарши (шайтонга) ёрдам берувчидир. 56. (Эй Муҳаммад), сизни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз. 57. «Бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, фақат ким хоҳласа, Парвардигори томон йўл олсин», деб айтинг. 58. Ва ўлмайдиган, ҳамиша тирик Зотга таваккул қилинг ҳамда Уни ҳамд-сано билан поклаб ёд этинг. Бандаларининг гуноҳларидан хабардорликка Унинг Ўзи кифоядир. 59. У осмонлару Ерни ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда яратган, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. У Раҳмондир. Унинг ҳақида хабардордан сўранг. 60. Қачон уларга: «Раҳмонга сажда қилинглар!» дейилса, улар: «Раҳмон нимадир? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?» дейишади. Бу уларнинг нафратларини зиёда қилади. 61. Осмонда буржларни қилган, унда чироқни ва нур сочувчи ойни пайдо қилган Зот баракотлидир. 62. У эслатма олмоқчи ва шукр қилмоқчи бўлганлар учун кеча- кундузни (ўзаро) ўринбосар қилиб қўйган Зотдир. 63. Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозеъ билан юрадиган ва жоҳиллар сўз қотганида «Салом» дейдиганлардир. 64. Улар тунларни Парвардигорларига сажда ва қиём билан ўтказадиганлардир. 65. Улар: «Парвардигоримиз, Ўзинг бизлардан дўзах азобини нари қилгин, ҳақиқатан дўзах азоби ҳалокатлидир; 66. у нақадар ёмон қароргоҳ ва энг ёмон мақом» дейдиганлардир. 67. Улар нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмайдилар, булар ўртасида мўътадилдирлар.

68. Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа илоҳга илтижо қилишмайди, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдиришмайди ва зино қилишмайди. Ким мана шуларни қилса, уқубатга дучор бўлади. 69. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилади ва унда хор бўлиб, мангу қолади. 70. Фақат ким тавба қилса, имон келтириб, солиҳ амал қилса, Аллоҳ ана шуларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштиради. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 71. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, албатта у Аллоҳга яхши қайтган бўлади. 72. Улар ёлғон гувоҳлик беришмайди ва беҳуда нарсалар олдидан ўтаётганларида олийжаноблик билан ўтишади. 73. Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилганда уларга кар ва кўрлардек ташланмайдилар. 74. Улар «Парвардигоримиз, Ўзинг жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга пешво қил», дейдиганлардир. 75. Ана ўшалар сабр қилганлари учун баланд болохоналар билан мукофотланишади ҳамда унда табрик ва салом билан қаршиланишади. 76. Унда мангу қолувчидирлар. У нақадар гўзал қароргоҳ ва мақомдир. 77. «Агар дуоларингиз бўлмаганида Парвардигорим сизларга асло парво қилмасди. Энди ёлғонга чиқардингиз. Энди сизларга жазо муқаррардир», деб айтинг. 26. ШУАРО СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 227 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. То син мим. 2. Булар очиқ ойдин Китобнинг оятларидир. 3. Эҳтимол, мўмин бўлишмагани учун ўзингизни ҳалок қилмоқчидирсиз?! 4. Агар хоҳласак, уларга осмондан мўъжиза туширамиз. Шунда бўйинлари унга эгилганча қолади. 5. Уларга Раҳмондан янги эслатма келиши билан ундан юз ўгиришди. 6. Яна ёлғонга чиқаришди. Уларга ўзлари масхара қилган нарсанинг хабари яқинда келиб қолади. 7. Улар ерга боқиб, унда турли фойдали жуфтликлардан қанчасини ундириб қўйганимизни кўришмайдими?! 8. Албатта бунда аломат бор, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади. 9. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.

10. (Эй Муҳаммад), эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилди: «У золим қавмга боргин –; 11. Фиръавн қавмига. Улар қўрқишмайдими?!» 12. (Мусо) деди: «Парвардигорим, улар мени ёлғончига чиқаришларидан қўрқаман; 13. юрагим сиқилади, тилим ҳам бурро эмас. Ҳорунга ҳам (пайғамбарлик) юборгин; 14. улар наздида менинг гуноҳим бор, шунинг учун мени ўлдиришларидан хавфдаман». 15. У (Аллоҳ) айтди: «Асло! Энди икковингиз мўъжизаларимиз билан боринглар. Албатта, Биз сизлар билан бирга эшитиб турамиз. 16. Энди Фиръавнга бориб айтинглар: «Ҳақиқатан бизлар оламлар Парвардигорининг элчиларимиз; 17. Бани Исроилни бизга қўшиб жўнатгин». 18. У (Фиръавн) айтди: «Сени гўдаклигингдан орамизда тарбия қилмаганмидик?! Умрингнинг бир неча йилини орамизда ўтказмаганмидинг?!; 19. сўнг ношукрлардан бўлиб, қилган ишингни қилмаганмидинг?!» 20. У (Мусо) деди: «Мен буни адашган ҳолимда қилганман; 21. ўшанда сизлардан қўрқиб қочиб кетгандим. Кейин Аллоҳ менга ҳикмат ато этди ва мени пайғамбарлардан қилди; 22. ўша менга миннат қилаётган «неъмат»инг Бани Исроилни қул қилиб олганинг эди». 23. Фиръавн: «Оламлар Парвардигори деганинг нима?» деди. 24. У (Мусо): «Агар ишонадиган бўлсанглар, У осмонлару Ер ҳамда улар орасидаги ҳамма нарсанинг Парвардигоридир», деди. 25. У (Фиръавн) атрофидагиларга: «Эшитяпсизларми?!» деди. 26. У (Мусо): «У сизларнинг Парвардигорингиз ва аввалги ота- боболарингизнинг Парвардигоридир», деди. 27. У (Фиръавн): «Сизларга юборилган пайғамбарингиз шубҳасиз жиннидир», деди. 28. У (Мусо): «Агар ақл юритсанглар, У машриқу мағрибнинг ва улар ўртасидаги ҳамма нарсанинг Парвардигоридир», деди. 29. У (Фиръавн): «Агар мендан бошқани илоҳ қилиб олсанг, сени албатта зиндонбандлардан қиламан», деди. 30. У (Мусо): «Агар сенга очиқ-ойдин нарса келтирсам ҳам-а?» деди. 31. У (Фиръавн): «Агар ростгўйлардан бўлсанг, уни келтир!» деди. 32. Шунда у асосини ташлаган эди, бирданига у чин аждаҳо бўлди. 33. Ва қўлини чиқарган эди, бирданига у қараб турганларга оппоқ бўлиб кўринди. 34. У атрофидаги аъёнларига айтди: «Албатта бу ўта билимдон сеҳргардир: 35. у ўз сеҳри билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?» 36. Улар айтишди: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга йиғувчиларни юбор;

37. улар сенга барча ўткир сеҳргарларни йиғиб келишсин». 38. Шунда сеҳргарлар маълум кунда келишилган жойда тўп­ландилар. 39. Ва одамларга айтилди: «Сизлар ҳам тўпланиб бўлдинг­ларми?; 40. агар сеҳргарлар устун келишса, ўшаларга эргашамиз». 41. Сеҳргарлар келишгач, Фиръавнга: «Агар биз ғолиб келсак, бизларга мукофот бўладими?» дейишди. 42. У: «Ҳа, бу ҳолда сизлар яқинларимдан бўласизлар», деди. 43. Мусо уларга: «Ташлайдиганларингизни ташланглар», деди. 44. Шунда улар арқон ва асоларини ташлашди ва: «Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта биз ғолиб чиқамиз», дейишди. 45. Сўнгра Мусо асойини ташлаган эди, у тўсатдан уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади. 46. Шунда сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида йиқилишди. 47. Улар шундай дейишди: «Оламлар Парвардигорига имон келтирдик; 48. Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига». 49. У айтди: «Мен сизларга изн бермай туриб унга имон келтирдингларми! У албатта сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир! Энди яқинда биласизлар, қўл-оёқларингизни қарама-қаршисидан кестириб, ҳаммангизни осиб юбораман!». 50. Улар айтишди: «Зарари йўқ. Зеро, бизлар Парвардигоримизга қайтувчилармиз; 51. биринчи имон келтирганлар бўлганимиз учун Парвардигоримиз хато-гуноҳларимизни кечиришини умид қиламиз». 52. Биз Мусога «Бандаларим билан тунда йўлга чиқ. Албатта изингизга тушишади», деб ваҳий юбордик. 53. Шунда Фиръавн шаҳарларга йиғувчиларни юборди: 54. «Аниқки, анавилар озчилик кимсалардир; 55. дарҳақиқат, улар бизларни ғазаблантирувчилардир; 56. бизлар албатта эҳтиёткор жамоамиз». 57. Шунда уларни чиқардик, боғ-роғлар ва булоқлардан; 58. хазиналар ва шинам маскандан. 59. Шундай қилиб, уни Бани Исроилга мерос қилиб бердик. 60. Тонг пайтида уларнинг изига тушишди. 61. Икки жамоа бир-бирини кўргач, Мусонинг шериклари: «Энди қўлга тушдик», дейишди. 62. У: «Йўқ, аниқки Парвардигорим мен билан, У менга йўл кўрсатади», деди. 63. Ўшанда Мусога: «Асоинг билан денгизни ургин!» деб ваҳий қилдик. Шунда (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғдек бўлди. 64. Бошқаларни ҳам ўша ерга яқинлаштирдик. 65. Мусо ва у билан бирга бўлганларнинг ҳаммасини қутқардик. 66. Сўнгра бошқаларни ғарқ қилиб юбордик. 67. Албатта бунда аломат бор, лекин кўплари мўмин бўлишмади. 68. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.

69. (Эй Муҳаммад), уларга Иброҳимнинг хабарини тиловат қилиб беринг. 70. Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган эди. 71. Улар: «Санамларга ибодат қиляпмиз ва уларга топинишда давом этаверамиз», дейишди. 72. У айтди: «Дуо-илтижо қилганингизда улар сизларни эшитишадими?; 73. ёки сизларга фойда ё зарар етказа олишадими?» 74. Улар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг шундай қилишганини кўрганмиз», дейишди. 75. (Иброҳим) айтди: «Нимага ибодат қилаётганингизни (ўйлаб) кўрдингизми; 76. сизлар ва олдинги ота-боболарингиз ҳам?!; 77. шубҳасиз, оламлар Парвардигоридан бошқа уларнинг ҳаммаси менга душмандир; 78. У мени яратган, мени ҳидоят қиладиган ҳам Ўзидир; 79. мени едириб-ичирадиган ҳам Ўзидир; 80. беморлигимда шифо берадиган ҳам Ўзидир; 81. мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Ўзидир; 82. қиёмат куни хатоларимни мағфират қилишидан умид қилганим ҳам Ўзидир; 83. Парвардигорим, менга ҳикмат ато эт ва мени солиҳларга қўшгин; 84. яна кейингиларда мен ҳақимда рост мақтовни жорий қилгин; 85. яна мени наъим жаннати ворисларидан қилгин; 86. отамни ҳам мағфират қилгин. У шубҳасиз адашганлардан бўлди; 87. қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин». 88. У Кунда мол-давлат ҳам, ўғиллар ҳам фойда бермайди. 89. Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келганларгина мустасно. 90. Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди. 91. Иғвога учганларга дўзах кўрсатилди. 92. Ва уларга айтилди: «Ибодат қилиб юрган нарсаларингиз қани; 93. Аллоҳдан ўзга?! Улар сизга ёрдам бера олишадими ёки ўзларини қутқара оладиларми?!» 94. Энди улар ва иғвога учганлар унга юзтубан ташландилар; 95. ва иблиснинг лашкарлари – ҳаммалари биргаликда. 96. Улар унинг ичида хусуматлашишар экан, айтишди: 97. «Аллоҳга қасамки, биз очиқ-ойдин адашувда эканмиз; 98. сизларни оламлар Парвардигорига тенглаштирганимизда; 99. бизни айнан жиноятчилар йўлдан оздиришди; 100. мана энди бизга шафоатчилар ҳам йўқ; 101. бирон қадрдон дўст ҳам йўқ; 102. Қани энди ортга қайтсагу, мўминлардан бўлсак». 103. Албатта бунда ибрат бор, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади. 104. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.

105. Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончига чиқарди. 106. Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтди: «Қўрқмайсизларми?!; 107. мен сизларга ишончли пайғамбардирман; 108. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар; 109. Бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигорининг зиммасидадир; 110. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар» 111. Улар: «Сенга ялангоёқлар эргашиб турганда биз сенга имон келтирармидик?!» дейишди. 112. У айтди: «Уларнинг нима қилаётганлари ҳақида илмим йўқ; 113. агар сезсангиз, уларнинг ҳисоб-китоби фақат Парвардигорим зиммасидадир; 114. мен мўминларни ҳайдовчи эмасман; 115. мен очиқ огоҳлантирувчиман, холос». 116. Улар: «Эй Нуҳ, қасамки, агар бас қилмасанг, албатта тош­бўрон қилинувчилардан бўласан», дейишди. 117. (Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, қавмим мени ёлғончига чиқарди; 118. энди Ўзинг мен билан уларнинг орасини очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин!». 119. Шунда унга ва у билан бирга бўлганларга тўла кемада нажот бердик. 120. Сўнгра қолганларни ғарқ қилдик. 121. Албатта бунда аломат бор, лекин уларнинг кўплари имон келтиришмади. 122. Албатта Парвардигорингиз қудратлидир, раҳмлидир. 123. Од пайғамбарларни ёлғончига чиқарди. 124. Ўшанда биродарлари Ҳуд уларга айтди: «Қўрқмайсизларми?!; 125. мен сизларга ишончли пайғамбардирман; 126. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар; 127. бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигорининг зиммасидадир; 128. ҳар тепаликка бир белги ўрнатиб, беҳуда ўйин қилаверасизларми?; 129. ва худди мангу турадигандек қасрларни қураверасизларми? 130. тутганингизда ҳам бераҳмларча тутасиз; 131. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. 132. ўзингиз биладиган нарсалар билан қўллаган Зотдан қўрқинглар. 133. У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан қўллади; 134. боғ-роғлар ва булоқлар билан ҳам; 135. устингизга буюк Куннинг азоби етишидан қўрқаман». 136. Улар айтишди: «Бизлар учун ваъз-насиҳат қилсанг ҳам ёки воизлардан бўлмасанг ҳам, барибир; 137. бу албатта аввалгиларнинг одати, холос; 138. бизлар азобланмаймиз». 139. Уни ёлғончига чиқаришди. Шунда уларни ҳалок қилдик. Албатта бунда аломат бор, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади.

140. Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир. 141. Самуд пайғамбарларни ёлғончига чиқарди. 142. Ўшанда биродарлари Солиҳ уларга айтди: «Қўрқмайсизларми?!; 143. мен сизларга ишончли пайғамбардирман; 144. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар; 145. бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигорининг зиммасидадир; 146. омонликда қолдирилармиди бу ердаги нарсаларда; 147. боғларда ва булоқларда?! 148. экинзору новдалари нозик хурмозорлар ичида; 149. яна усталик билан тоғлардан уйлар йўнаверасизларми?!; 150. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар; 151. ва ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат қилманглар; 152. улар ер юзида бузғунчилик қилишади, ислоҳ этишмайди». 153. Улар айтишди: «Сен аниқ сеҳрланганлардан холоссан; 154. сен ҳам бизга ўхшаган инсондан бошқа нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, бир мўъжиза келтир-чи!». 155. У айтди: «Мана шу туя. Бир кун унинг, маълум бир кун сизларнинг сув ичиш навбатингиз; 156. унга ёмонлик қила кўрманглар, акс ҳолда сизларни буюк Куннинг азоби тутади». 157. Уни сўйишди ва надомат чекувчиларга айланишди. 158. Шунда уларни азоб тутди. Албатта бунда аломат бордир, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади. 159. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир. 160. Лут қавми пайғамбарларни ёлғончига чиқарди. 161. Ўшанда биродарлари Лут уларга айтди: «Қўрқмайсизларми?!; 162. мен сизларга ишончли пайғамбардирман; 163. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар; 164. бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигори зиммасидадир; 165. бутун оламлардан эркакларга яқинлашасизларми?!; 166. ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфтларингизни тарк этиб а?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар». 167. Улар: «Эй Лут, агар тўхтамасанг, албатта ҳайдаб чиқарилганлардан бўласан!» дейишди. 168. У айтди: «Албатта, мен сизларнинг (бу) ишларингизни ёмон кўрувчиларданман; 169. Парвардигорим, менга ва аҳлимга уларнинг қилаётган амалларидан нажот бергин!» 170. Шунда унга ва аҳлининг барига нажот бердик; 171. қолувчилардан бир кампиргина мустасно. 172. Сўнгра қолганларини ҳалок қилдик. 173. Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдикки, огоҳлантирилганларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди!

174. Албатта бунда аломат бордир, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади. 175. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир. 176. Айка соҳиблари пайғамбарларни ёлғончига чиқаришди. 177. Шунда Шуъайб уларга айтди: «Қўрқмайсизларми?! 178. мен сизларга ишончли пайғамбардирман; 179. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар; 180. бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигорининг зиммасидадир; 181. ўлчовни тўлиқ ўлчанглар ва зиён етказувчилардан бўлманглар; 182. ва тўғри тарози билан тортинглар; 183. одамларнинг нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар; 184. сизларни ҳам, олдингиларни ҳам яратган Зотдан қўрқинглар». 185. Улар дедилар: «Сен аниқ сеҳрланганлардансан, холос. 186. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамсан, бизлар сени ёлғончилардан деб ўйлаяпмиз. 187. Агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмоннинг бир бўлагини ташлаб юбор». 188. У: «Парвардигорим қилаётган амалларингизни яхши билади», деди. 189. Шунда улар уни ёлғончига чиқаришгач, уларни «соябон» кунининг азоби тутди. У буюк Куннинг азоби эди. 190. Албатта бунда аломат бордир, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади. 191. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир. 192. У оламлар Парвардигорининг нозил қилганидир. 193. Уни ар-Руҳул-амин олиб тушди… 194. қалбингизга; огоҳлантирувчилардан бўлишингиз учун; 195. очиқ-ойдин араб тилида. 196. Албатта, ундагилар аввалгиларнинг китобларида ҳам бордир. 197. Бани Исроил уламоларининг уни билишлари улар учун далил эмасми?! 198. Агар Биз уни баъзи ажамийларга нозил қилганимизда ҳам; 199. шунда уларга уни ўқиб берса ҳам унга имон келтирмас эдилар. 200. Биз уни жиноятчиларнинг қалбларига ана шундай йўлладик. 201. Улар то аламли азобни кўрмагунларича унга имон келтирмайдилар. 202. Шунда уларга у тўсатдан келади, улар сезмай ҳам қолишади. 203. Шунда улар: «Бизлар муҳлат берилганлармизми?!» де­йишади. 204. Улар Бизнинг азобимизни қисташяптими? 205. (Эй Муҳаммад), кўрдингизми, Биз уларни йиллар давомида фойдалантирсак-да; 206. сўнгра уларга ваъда қилинган нарса келганида; 207. уларга фойдаланиб юрган нарсалари асқотмади.

208. Биз огоҳлантирувчилари бўлмай бирор шаҳар-қишлоқни ҳалок қилган эмасмиз. 209. Бу эслатма бўлиши учундир. Биз золим бўлмадик. 210. Уни шайтонлар олиб тушгани йўқ. 211. Бу уларга мумкин эмас ва қила олишмайди ҳам. 212. Чунки улар эшитишдан четлатилгандир. 213. (Эй Муҳаммад), Аллоҳга қўшиб бошқа илоҳга илтижо қилманг. Йўқса, азобланганлардан бўлиб қоласиз. 214. Ва яқин қариндошларингизни огоҳлантиринг. 215. Ва сизга эргашган мўминларга қанотингизни пастлатинг. 216. Агар улар сизга итоатсизлик қилишса, «Мен сизлар қилаётган ишлардан покдирман» деб айтинг. 217. Иззатли ва раҳмли Зотга таваккул қилинг! 218. У сизни қоим бўлаётганингизда ҳам кўради; 219. сажда қилувчилар ичида юрганингизни ҳам кўриб туради. 220. Унинг Ўзи эшитувчидир, билувчидир. 221. (Эй Муҳаммад, айтинг): «Сизларга шайтонларнинг кимларга тушишини айтиб берайми?; 222. улар барча бўҳтончи ва гуноҳга ботганларга тушади; 223. эшитганларини уларга ташлашади, уларнинг кўплари ёлғончилардир». 224. Ва шоирларга гумроҳлар эргашади. 225. Уларнинг ҳар водийда дайдишларини... 226. ...ва қилмайдиган ишларини айтишларини ҳам кўрмадингизми? 227. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлумликдан кейин зафар қозонганлар мустасно. Зулм қилганлар эса қайси қайтиш жойига қайтиш­ларини тезда билишади. 27. НАМЛ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 93 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. То сиин. Ушбулар Қуръоннинг ва очиқ-ойдин Китобнинг оятларидир; 2. мўминларга ҳидоят ва хушхабардирки; 3. улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга аниқ ишонадиганлардир. 4. Биз охиратга имон келтирмайдиганларга амалларини чиройли қилиб кўрсатдик. Энди улар адашиб-гангиб юраверадилар. 5. Ана ўшаларга энг ёмон азоб бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўрувчилардир. 6. (Эй Муҳаммад), сизга Қуръон ҳаким ва билувчи Зот томонидан берилди.

7. Эсланг, Мусо аҳли-оиласига: «Аниқки, мен бир олов кўрдим. Тезда сизларга ундан бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келаман», деди. 8. Унга келганида: «Олов олдидагига ва атрофидагиларга баракот бўлсин, оламларнинг Парвардигори – Аллоҳ покдир!» деб нидо қилинди. 9. «Эй Мусо! Мен қудратли ва ҳикматли Аллоҳдирман!; 10. ва асойингни ташла!» Унинг илон каби қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, қўрқма! Зеро, Менинг ҳузуримда пайғамбарлар қўрқишмайди!» 11. Лекин ким зулм қилса-ю, сўнгра ёмонлик кетидан яхшиликни алмаштирса, албатта Мен мағфиратлидирман, раҳмлидирман. 12. Қўлингни ёқанг ичига кирит, у ҳеч бир зиёнсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу Фиръавн ва унинг қавмига аталган тўққиз мўъжиза ичидадир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар. 13. Уларга оятларимиз очиқ-ойдин бўлиб келганида: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди. 14. Ўзлари аниқ билиб туришса ҳам зулм ва кибрлари туфайли уларни инкор этдилар. (Эй Муҳаммад), энди бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. 15. Дарҳақиқат, Биз Довуд ва Сулаймонга илм бердик. Икковлари: «Бизни кўп мўмин бандаларидан афзал қилган Аллоҳга мақтовлар бўлсин», дейишди. 16. Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди ва у: «Эй одамлар, бизга қушларнинг тили билдирилди ва ҳамма нарсадан берилди. Бу албатта очиқ- ойдин фазлдир», деди. 17. Сулаймонга унинг жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар. 18. Улар чумолилар водийсига келишганида бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, Сулаймон ва унинг лашкарлари билмай сизларни топтаб юбормасин», деди. 19. Шунда унинг сўзидан кулиб, табассум қилди ва: «Парвардигорим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга мени муваффақ этгин. Ўз раҳматинг билан мени солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин», деди. 20. У қушларни кўздан кечириб шундай деди: «Нега ҳудҳудни кўрмаяпман? Ёки у ғойиблардан бўлдими?; 21. ё уни албатта қаттиқ азоб билан жазолайман ёки сўйиб юбораман ёхуд у менга аниқ ҳужжат келтиради». 22. Кўп ўтмай, у келиб айтди: «Сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим; 23. дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан, унга ҳар нарсадан ато қилинибди ва унинг буюк тахти ҳам бор экан; 24. мен унинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга амалларини чиройли кўрсатиб, тўғри йўлдан тўсгандир, энди улар ҳидоят топишмайди;

25. осмонлару Ердаги сирларни ошкор қиладиган, яширадиган ва ошкор нарсаларингизни биладиган Аллоҳга сажда қилсинлар; 26. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У буюк Аршнинг Парвардигоридир». 27. У айтди: «Рост сўзладингми ёки ёлғончиларданмисан, тезда кўрамиз; 28. бу мактубимни уларга олиб бориб ташла, сўнгра четга чиқиб кузат, нимани қайтаришаркин?». 29. У айтди: «Эй аъёнлар! Менга муборак бир мактуб ташланди; 30. Албатта у Сулаймондандир, унда: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм; 31. менга катталик қилмай, таслим бўлган ҳолингизда келинглар», (дейилибди)». 32. У: «Эй аъёнлар! Менга бу ишимда маслаҳат беринглар. Сизлар гувоҳ бўлмагунингизча мен бирор ишни қилмайман», деди. 33. Улар: «Биз куч-қувват ва азму шижоат эгаларидирмиз. Буюриш ўзингга ҳавола, нимага амр қилишингни ўйлаб кўравер», дейишди. 34. У айтди: «Подшоҳлар бирор шаҳар-қишлоққа киришса, уни вайрон этиб, аҳлининг азиз кишиларини хор қилишади – улар шундай иш қилишади; 35. мен уларга бир ҳадя юбориб кўрай-чи, элчилар нима билан қайтишаркин?». 36. Сулаймонга келганида у айтди: «Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисизлар? У ҳолда Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан қувонарсизлар?». 37. «Сен уларга қайтиб бор. Энди биз уларга шундай қўшин билан борамизки, улар унга бас кела олишмайди ва у ердан уларни мағлуб-хор ҳолларида чиқарамиз». 38. У айтди: «Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қай бирингиз ҳузуримга унинг тахтини келтира олади?». 39. Жинлардан ифрити: «Мен уни ўрнингдан тургунингча сенга келтираман. Албатта, бунга қодир ва ишончлидирман», деди. 40. Китобдан илми бор киши: «Мен уни кўз очиб-юмгунингча сенга келтираман», деди. Шунда унинг ўз ҳузурида турганини кўргач: «Бу Парвардигоримнинг фазлидандир, мен шукр келтираманми ёки ношукрлик қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилади. Ким ношукрлик қилса, у ҳолда Парвардигорим беҳожатдир, карамлидир», деди. 41. У айтди: «Унинг тахтини танимайдиган қилиб-ўзгартириб қўйинглар. Кўрайлик-чи, у танирмикан ёки танимайдиганлардан бўлармикин?». 42. У келгач: «Сенинг тахтинг шундаймиди?» дейилди. У: «Худди ўшанинг ўзи», деди. «Бизга бундан илгари илм берилиб, мусулмон бўлганмиз». 43. Уни эса Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаси тўсгандир, чунки у кофир қавмлардан эди.

44. Унга: «Саройга кир», дейилди. Уни кўрганида сув деб ўйлаб, оёқларини очди. У: «Бу биллурдан ясалган шаффоф саройдир», деди. У: «Парвардигорим, мен ўзимга зулм қилиб юрган эканман, Сулаймон билан бирга оламларнинг Парвардигори – Аллоҳга таслим бўлдим!» деди. 45. Дарҳақиқат, «Аллоҳга ибодат қилинглар» деб Самуд қавмига биродарлари Солиҳни юбордик. Лекин улар тортишувчи икки гуруҳ бўлиб олишди. 46. У: «Эй қавмим, нима учун яхшиликдан олдин ёмонликка ошиқасизлар? Сизларга раҳм қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрамайсизларми?» деди. 47. Улар: «Сени ва сен билан бўлганларнинг шумқадамлигидан деб билдик», дейишди. У: «Шумланишингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Аслида сизлар синалаётган қавмдирсиз», деди. 48. У шаҳарда ўзини ўнгламай Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз киши бор эди. 49. Улар Аллоҳ номига қасам ичиб айтишди: «Уни ва унинг аҳлини тунда ўлдирамиз, сўнгра валийсига: «Биз унинг аҳли ҳалокатига гувоҳ эмасмиз, биз ростгўйлармиз», деймиз». 50. Улар макрларини қилишди, Биз ҳам улар сезмаган ҳолда «макр» қилдик. 51. Макрларининг оқибати нима бўлганини кўринг: Биз уларни ва қавмларини – барчаларини яксон қилдик. 52. Ана, зулмлари сабабли уйлари ҳувиллаб ётибди! Бунда биладиган қавм учун албатта ибрат бордир. 53. Имон келтириб, тақволи бўлганларга эса нажот бердик. 54. Лутни ҳам (эсланг). Ўшанда у қавмига айтди: «Сизлар кўра- билатуриб, фаҳш иш қиласизларми?! 55. Сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват билан яқинлик қиласизларми?! Ҳа, сизлар жоҳил қавмдирсиз!» 56. Қавмининг жавоби эса: «Лут аҳлини шаҳрингиздан чиқаринглар, чунки улар ўзларини жуда пок тутадиганлардир» дейиш бўлди. 57. Кейин Биз унга ва аҳлига нажот бердик, фақат хотинини ҳалок бўлувчилардан қилдик. 58. Ва улар устига ёмғир ёғдирдик, шунда огоҳлантирилганларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди! 59. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳга ҳамд ва Унинг танлаб олган бандаларига салом бўлсин! Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?»; 60. ёки осмонлару Ерни яратган, сизларга осмондан сув туширган ва унинг ёрдамида гўзал боғлар ўстирган Зотми? Сизларда уларнинг дарахтларини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, улар тенглаштирадиган қавмдирлар; 61. ёки Ерни қароргоҳ этиб, ўртасида дарёлар пайдо қилган, унга тоғларни таянч қилган ва икки денгиз ўртасида тўсиқ барпо қилган Зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билишмайди;

62. ёки ночор одам дуо қилганида ижобат этадиган ва ёмонликни аритадиган ҳамда сизларни Ер юзида халифа қиладиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалар кам эслайсизлар-а!; 63. ёки сизларни қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлга соладиган ҳамда Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборадиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Аллоҳ улар шерик қилаётган нарсалардан олийдир; 64. ёки махлуқотни аввалда яратиб, сўнгра уни қайта яратадиган ва сизларни осмонлару Ердан ризқлантирадиган Зотми? Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?». (Эй Муҳаммад), «Агар ростгўй бўлсанглар, далилингизни келтиринглар», денг. 65. «Осмонлару Ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмайди», денг. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сеза олишмайди. 66. Балки илмлари охиратни идрок қилгандир? Йўқ, бундан шак- шубҳададирлар. Йўқ, улар бу тўғрида кўрдирлар. 67. Куфр келтирганлар айтишди: «Бизлар ва ота-боболаримиз тупроққа айлангандан кейин яна чиқариламизми?; 68. дарҳақиқат, бу бизларга ҳам, ота-боболаримизга ҳам ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқа нарса эмас». 69. «Ер юзида юриб, жиноятчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар», деб айтинг. 70. (Эй Муҳаммад), улар учун хафа бўлманг ва қилаётган макр­ларидан сиқилманг ҳам. 71. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?» дейишади. 72. «Сизлар ошиқаётган нарсанинг баъзиси ортингиздан эргашиб келаётгандир?» деб айтинг. 73. Парвардигорингиз одамларга албатта фазл-марҳаматлидир, лекин уларнинг кўплари шукр қилишмайди. 74. Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиганини ҳам, ошкор қиладиганини ҳам албатта билади. 75. Осмондаги ва Ердаги ҳар бир яширин нарса очиқ-ойдин Китобда бордир. 76. Албатта ушбу Қуръон Бани Исроилга улар ихтилоф қилаётган нарсаларнинг кўпини баён қилиб беради. 77. Албатта у мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир. 78. Парвардигорингиз улар ўртасини Ўз ҳукми билан ажрим қилади. У қудратлидир, билувчидир. 79. Аллоҳга таваккул қилинг, сиз аниқ ҳақ узрадирсиз. 80. Албатта, сиз «ўлик»ларга уқтира олмайсиз, юз ўгириб қочаётган «кар»ларга ҳам даъватни етказа олмайсиз. 81. Сиз «кўр»ларни залолатларидан ҳидоятга бошловчи эмассиз. Фақат оятларимизга имон келтирадиганларгагина уқтира оласиз ва улар мусулмонлардир. 82. Улар устига Сўз тушганида Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У одамларнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганларини уларга айтиб беради.

83. Биз ҳар бир умматдан оятларимизни ёлғонга чиқарганларини бир гуруҳ қилиб тўплаган Кунда улар тизилиб туришади. 84. Улар келишгач, У Зот: «Сизлар аниқ билмай туриб Менинг оятларимни ёлғонга чиқардингларми?! Ёки нима қилган эдинглар?» дейди. 85. Золим бўлганлари сабабли улар устига Сўз тушади. Шунда улар гапира олишмайди. 86. Биз уларнинг ором олишлари учун кечани пайдо қилганимизни, кундузни эса ёруғ қилганимизни кўришмайдими? Бунда имон келтирадиган қавм учун албатта ибратлар бор. 87. Сур чалиниб, Аллоҳ хоҳлаганларидан бошқа осмонлардаги ва Ердагилар даҳшатга тушган Кунда ҳамма Унга бўйин эгиб келади. 88. Тоғларни кўриб, қимирламай турибди, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар худди булутлар юргандек «сузишади». Бу ҳамма нарсани пухта қилувчи Аллоҳнинг санъатидир. У нима қилаётганингиздан албатта хабардордир. 89. Ким яхшилик билан келса, унга бундан кўра яхшироғи бўлади ва улар ўша Куни даҳшатдан омондадирлар. 90. Ким ёмонлик билан келса, у юзтубан дўзахга ташланади: «Сизларга фақат қилган амалларингизнинг жазоси берилади». 91. (Эй Муҳаммад, айтинг): «Мен ушбу шаҳарнинг Парвардигорига, уни ҳарам қилган Зотга ибодат қилишга буюрилгандирман. Ҳамма нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга амр этилгандирман; 92. ва Қуръонни тиловат қилишга ҳам». Ким тўғри йўлга юрса, фақат ўзи учун юрган бўлади. Ким йўлдан озса, унга: «Мен фақат огоҳлантирувчиларданман», денг. 93. Айтинг: «Ҳамду сано Аллоҳгадир! Яқинда У сизларга Ўз аломатларини кўрсатади, сизлар уларни кўриб, танийсизлар». Парвардигорингиз қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. 28. ҚАСАС СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 88 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. То сиин миим. 2. Булар очиқ-ойдин Китобнинг оятларидир. 3. (Эй Муҳаммад), имон келтирадиган қавм учун сизга Мусо ва Фиръавннинг хабаридан ҳақиқати билан тиловат қилиб берамиз. 4. Дарҳақиқат, Фиръавн ўз ерида туғёнга кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини хўрлаб, ўғилларини сўяр, қизларини тирик қолдирарди. Албатта у бузғунчилардандир. 5. Биз эса у ерда хўрланганларга марҳамат қилишни, уларни пешволарга айлантиришни ва ворислар қилишни; 6. ва ўша ерда уларга имкон беришни, Фиръавн, Ҳомон ҳамда икковининг лашкарларига ўзлари қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз.

7. Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Агар қўрқсанг, уни дарёга ташла! Қўрқма ва хафа бўлма, Биз уни албатта сенга қайтарамиз ва уни пайғамбарлардан қиламиз» деб ваҳий юбордик. 8. Кейин Фиръавн хонадони ўзига душман ва ғамларига сабаб бўлиши учун уни тутиб олди. Фиръавн, Ҳомон ва икковининг лашкарлари албатта янглишишган эди. 9. Фиръавннинг хотини: «Мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезишмас эди. 10. Мусонинг онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди. Бизга ишонувчилардан бўлиши учун кўнглини хотиржам қилмаганимизда уни фош этиб қўйган бўларди. 11. Она унинг опасига: «Изидан бор», деди. Шунда уларга сездирмай уни бир четдан кузатиб турди. 12. Биз олдин эмизувчиларни ундан тўсиб қўйган эдик. Шунда у: «Мен сизларга унинг учун кафил бўладиган ва унга хайрихоҳ бўлувчи оилани кўрсатайми?» деди. 13. Шундай қилиб, Биз кўзи қувониши, хафа бўлмаслиги ва Аллоҳнинг ваъдаси албатта ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўплар буни билишмайди. 14. У вояга етиб, камол топганида, унга ҳикмат ва илм бердик. Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз. 15. У шаҳарга аҳолиси ғафлатдалигида кирган эди, унда урушаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса душманларидан эди. Шунда ўз гуруҳидан бўлгани душманига қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб, уни ўлдириб қўйди. У: «Бу шайтоннинг ишидир, у йўлдан оздирувчи аниқ душмандир», деди. 16. У: «Парвардигорим, мен ҳақиқатан ўзимга зулм қилиб қўйдим, энди Ўзинг мағфират қил», деди. Шунда У Зот уни мағфират қилди. Унинг Ўзигина мағфиратлидир, раҳмлидир. 17. У: «Парвардигорим, менга қилган инъоминг ҳаққи-ҳурмати, энди асло жиноятчиларга ёрдамчи бўлмайман», деди. 18. Сўнгра у эрталаб шаҳарда қўрққанича аланглаб кетаётган эди, бирдан кеча ундан ёрдам сўраган кимса яна ёрдамга чақира бошлади. Мусо унга: «Ҳақиқатан сен аниқ гумроҳсан!» деди. 19. Энди у иккисига ҳам душман бўлганни тутмоқчи бўлганида у: «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен ер юзида фақат жабр қилувчи бўлишни истайсан, ислоҳ қилувчилардан бўлишни истамайсан», деди. 20. Шаҳарнинг олис четидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктиришмоқда. Энди чиқиб кет! Мен сенга насиҳат қилувчиларданман», деди. 21. Сўнгра қўрқиб, аланглаган ҳолда у ердан чиқиб: «Парвардигорим, мени бу золим қавмдан қутқар!» деди. 22. Мадян томон юзланганида: «Шояд Парвардигорим мени тўғри йўлга йўллаб қўйса», деди.


Like this book? You can publish your book online for free in a few minutes!
Create your own flipbook