5. Улар айтишди: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан тўсилган, қулоқларимизда оғирлик бор, сен билан бизнинг орамизда эса парда бор. Сен ҳам амалингни қилавер, биз ҳам амалимизни қилаверамиз». 6. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен ҳам сизларга ўхшаш башардирман. Менга «Илоҳингиз ягона Илоҳдир» деб ваҳий қилинди. Сизлар Унинг Ўзигагина тўғри юзланинглар ва Ундан мағфират сўранглар. Мушрикларнинг ҳолига вой бўлсин; 7. улар закотни беришмайди ва ўзлари охиратга ишонишмайди». 8. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга албатта битмас- туганмас мукофотлар бордир. 9. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизлар ҳақиқатан Ерни икки кунда яратган Зотга куфр келтиряпсизларми ва ўзгаларни Унга тенглаштиряпсизларми?! Ахир У оламларнинг Парвардигори-ку; 10. У (ер) устида барқарор тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва ундагилар ризқини тўрт кунлик ўлчовда белгилади. Бу сўровчилар учундир». 11. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга истиво қилиб, унга ва Ерга: «Ихтиёр қилган ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Иккови: «Ихтиёримиз билан келдик», дейишди. 12. Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди. Дунё осмонини чироқлар билан безадик ва асрадик. Бу қудратли, билувчи Зотнинг ўлчовидир. 13. Агар юз ўгиришса, «Сизларни Од ва Самудга келган чақмоққа ўхшаш чақмоқ билан огоҳлантирдим», деб айтинг. 14. Ўшанда пайғамбарлари уларнинг олдларидан ҳам, ортларидан ҳам «Фақат Аллоҳга ибодат қилинглар» деб келишганида, улар: «Агар Парвардигоримиз хоҳласа, фаришталарни туширган бўларди. Энди биз сизлар билан юборилган нарсага кофирдирмиз», дейишди. 15. Од бўлса Ер юзида ноҳақ мутакаббирлик қилди ва: «Куч- қувватда бизлардан ким ҳам зўрроқ?» деди. Уларни яратган Аллоҳ ўзларидан қувватли эканини билишмасмиди? Улар оятларимизни инкор этардилар. 16. Биз уларга дунё ҳаётида хор қилувчи азобни тоттириш учун наҳс кунларда устларига даҳшатли шамол юбордик. Охират азоби эса, шубҳасиз, хор қилувчироқдир ва уларга ёрдам берилмас ҳам. 17. Аммо Самудни ҳидоят қилган эдик. Улар эса ҳидоятдан кўра кўрликни ихтиёр қилишди. Шунда қилмишлари сабабли уларни хорловчи азоб чақмоғи урди. 18. Имон келтирган ва тақволи бўлганларга нажот бердик. 19. Аллоҳнинг душманлари дўзахга тўпланиб, тизиб қўйиладиган кунда; 20. унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилмишлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради. 21. Улар териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?» дейишганида: «Ҳамма нарсани сўзлатган Аллоҳ бизни ҳам сўзлатди. Сизларни илк бор У яратди ва Унгагина қайтарилурсиз», дейишди.
22. Сизлар қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзингизга қарши гувоҳлик беришидан яширинувчи эмасдинглар. Лекин сизлар Аллоҳ қилаётган амалларингизнинг кўпини билмайди, деб ўйладинглар; 23. Парвардигорингиз ҳақидаги ана шу гумонларингиз сизларни ҳалокатга учратди ва зиён кўрувчилардан бўлдинглар. 24. Агар чидашса, дўзах уларнинг жойидир. Агар ортга қайтишни сўрайдиган бўлишса, ортга қайтарилувчи ҳам бўлишмайди. 25. Уларга «улфатлар»ни бириктириб қўйдик, ўшалар уларга олдларидаги ва ортларидаги нарсаларни чиройли кўрсатишди ва уларга ҳам ўзларидан олдин ўтган жин ва инсдан иборат умматлар қатори Сўз ҳақ бўлди. Ҳақиқатан улар зиён кўрувчи бўлишди. 26. Куфр келтирганлар: «Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринглар, шояд, ғолиб бўлсанглар», дейишди. 27. Куфр келтирганларга албатта қаттиқ азобни тоттирамиз ва уларга қилмишлари учун энг ёмон жазони берамиз. 28. Бу Аллоҳ душманларининг жазоси бўлмиш дўзахдир. Улар оятларимизни инкор қилганлари сабабли ўша жойда мангу қолишади. 29. Куфр келтирганлар: «Парвардигоро, бизларни адаштирган жин ва инсдан бўлганларни бизларга кўрсатгин, уларни оёқларимиз остига олайлик, токи улар энг тубанлардан бўлсинлар», дейишди. 30. «Парвардигоримиз – Аллоҳдир» деган, сўнгра истиқоматда бўлганлар ҳузурига фаришталар тушиб айтишади: «Қўрқманглар ва ғамгин ҳам бўлманглар, сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан хурсанд бўлинглар; 31. дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам бизлар сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизларга унда кўнглингиз тилаган нарсалар бордир ва сизларга унда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. 32. (бу) мағфиратли, раҳмли Зотдан зиёфатдир». 33. Аллоҳга даъват қилган, ўзи ҳам яхши амал қилиб: «Шубҳасиз, мен мусулмонларданман!» деган кишидан ҳам гўзал сўзловчи борми? 34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмайди. (Ёмонликни) яхши нарса билан даф қилинг. Шунда сиз билан адоватда бўлган кимса худди қадрдон дўстдек бўлиб қолади. 35. Унга фақат сабрлилар эришадилар, унга фақат улуғ насиба эгалари эришадилар. 36. Агар сизларни шайтон томонидан васваса тутса, унда Аллоҳдан паноҳ сўранглар. Зеро, У эшитувчидир, билувчидир. 37. Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг аломатларидандир. Агар ибодат қилувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, уларни яратган Аллоҳга сажда қилинглар. 38. Агар кибрлансалар, Парвардигорингиз ҳузуридагилар малолланмай Унга кечасию кундузи тасбеҳ айтишади. 39. Яна ерни қақраган ҳолда кўришингиз Унинг аломатларидандир. Биз қачон унинг устидан сув туширсак, у жонланади ва кўпчийди. Уни тирилтирган Зот ўликларни ҳам албатта тирилтирувчидир. У ҳамма нарсага қодирдир.
40. Оятларимиз ҳақида эгри кетадиганлар албатта Биздан махфий эмаслар. Дўзахга ташланадиган одам яхшими ёки қиёмат куни омонда қоладиган одамми?! Нимани хоҳласангиз, қилаверинглар, У нима қилаётганингизни албатта кўриб турувчидир. 41. Улар ўзларига Зикр келганида унга куфр келтирганлардир. Шубҳасиз, у азиз Китобдир. 42. Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмайди. У ҳикматли, мақталган Зот томонидан нозил қилингандир. 43. (Эй Муҳаммад), сизга олдинги пайғамбарларга айтилган сўзгина айтилмоқда. Шубҳасиз, Парвардигорингиз мағфират ва аламли азоб эгасидир. 44. Агар Биз Қуръонни ажам тилида қилганимизда албатта: «Унинг оятлари муфассал баён қилинмабди-да! Арабга ажамийчами?!» деган бўлишарди. Сиз: «У имон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир. Имон келтирмайдиганларнинг қулоқларида оғирлик-карлик бордир. У улар учун кўрликдир. Улар узоқ бир жойдан чақирилаётганлардир», деб айтинг. 45. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат, Мусога китоб берганимизда ҳам у ҳақда ихтилоф қилинди. Агар олдин Парвардигорингиз томонидан сўз ўтмаганида ораларида ажрим чиқарилган бўларди. Ҳақиқатан улар (Қуръон) ҳақида шак-шубҳададирлар. 46. Ким солиҳ амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса ҳам ўз зараригадир. Парвардигорингиз бандаларга зулм қилувчи эмасдир. 47. Қиёмат илми Унинг Ўзигагина қайтарилур. Барча меваларнинг шоналаридан чиқиши ҳам, ҳар бир урғочининг нимага ҳомиладор бўлиши ҳам, нимани туғиши ҳам фақат Унинг илми билан бўлади. У Зот уларга: «Менинг шерикларим қани?!» деб нидо қиладиган Кунда улар: «Сенга билдирамизки, бунга орамиздан бирорта гувоҳ йўқдир», дейишади. 48. Ўзлари олдин сиғиниб юрган нарсалари улардан ғойиб бўлади ва ўзларига қочиш жойи йўқлигига ишонадилар. 49. Инсон яхшилик тилашдан малолланмайди. Агар унга ёмонлик етса, бирданига умидсиздир, тушкундир. 50. Агар унга бирор кулфат етганидан сўнг Ўзимиздан бирор марҳаматни тоттирсак, у албатта: «Бу ўзимдандир, мен қиёмат бўлишига ишонмайман. Агар Парвардигоримга қайтарилсам, шак-шубҳасиз Унинг ҳузурида мен учун гўзал (мукофот) бордир», дейди. Ўшанда куфр келтирганларга қилган амалларининг хабарини албатта берурмиз ва уларга қаттиқ азобдан албатта тоттирурмиз. 51. Қачон инсонни неъматлантирсак, у юз ўгиради ва ўз томонига қараб кетади. Қачон унга ёмонлик етса, у узундан-узоқ дуо қилишга тушади. 52. (Эй Муҳаммад, уларга шундай денг): «Айтинглар-чи, агар у Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сиз унга куфр келтириб юрган бўлсангиз, ким чуқур ихтилофда бўлганлардан ҳам адашганроқ бўлади?!» 53. (Қуръоннинг) ҳақлиги аниқ бўлгунича Биз уларга атрофларидаги ва ўзларидаги аломатларимизни кўрсатамиз. Парвардигорингизнинг ҳамма нарсага гувоҳ экани кифоя эмасми?!
54. Огоҳ бўлингларки, албатта улар Парвардигорларига рўбарў бўлишдан шак-шубҳададирлар. Огоҳ бўлингларки, У албатта ҳамма нарсани қамровчидир. 42. ШЎРО СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 53 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳа миим. 2. Айн сиин қооф. 3. (Эй Муҳаммад), қудратли ва ҳикматли Аллоҳ сизга ва сиздан аввалгиларга шу тарзда ваҳий қилади. 4. Осмондаги ва Ердаги ҳамма нарса Уникидир. У Олийдир, Буюкдир. 5. Устларидаги осмонлар ёрилиб кетай дейди. Фаришталар эса Парвардигорларининг ҳамди билан тасбеҳ айтишади ва Ердагиларга мағфират сўрашади. Огоҳ бўлингларки, албатта Аллоҳнинг Ўзигина мағфиратлидир, раҳмлидир. 6. Ундан бошқа «дўстлар» тутганларни Аллоҳ кузатувчидир. (Эй Муҳаммад), сиз уларга вакил эмассиз. 7. Шаҳарлар онаси ва унинг атрофидагиларни огоҳлантиришингиз учун, шубҳа қилинмайдиган «жамлаш куни»дан огоҳлантиришингиз учун Биз сизга араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. Бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир. 8. Агар Аллоҳ хоҳлаганида уларни албатта бир уммат қилган бўларди. Лекин У хоҳлаган кишисини Ўз раҳматига киритади. Золимларга эса бирор дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир. 9. Ёки улар Ундан бошқа «дўстлар» тутишдими? Йўқ, Аллоҳнинг Ўзигина дўстдир. У ўликларни тирилтиради, У ҳамма нарсага қодирдир. 10. (Эй Муҳаммад, айтинг): «Бирор нарсада ихтилоф қилсангиз, унинг ҳукми Аллоҳдадир. Ана шу Аллоҳ Парвардигоримдир. Унгагина таваккул қилдим ва Унгагина тавба қилурман». 11. У осмонлару Ерни йўқдан бор қилувчидир. У сизларга ўзларингиздан жуфтларни, чорва ҳайвонларини ҳам жуфт-жуфт қилиб яратди. У сизларни шу асосда кўпайтиради. Унинг мислидек ҳеч нарса йўқдир. У эшитувчидир, кўриб турувчидир. 12. Осмонлару Ернинг калитлари Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг ёки танг қилади. Зотан, У ҳамма нарсани билувчидир. 13. (Эй имон келтирганлар, Аллоҳ) сизларга дин сифатида Ўзи Нуҳга буюрган ва сизга ваҳий қилган ҳамда Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат қилди: «Динни барпо қилинглар ва унда фирқаларга бўлинманглар!» Мушрикларга сиз даъват қилаётган нарса оғир келди. Аллоҳ унга Ўзи хоҳлаган кишини танлаб олади ва Ўзигагина юкунувчи кишини ҳидоят қилади.
14. Улар ўзларига илм келгандан кейин ўзаро зиддият қилишиб, фирқаларга бўлинишди. Агар Парвардигорингиздан маълум муддатгача Сўз ўтмаганида, уларнинг ораси албатта ажрим қилинган бўларди. Албатта, улардан кейин Китобга ворис қилинганлар ундан шак-шубҳададирлар. 15. (Эй Муҳаммад), ўзингизга буюрилганидек ана шунга даъват қилинг ва тўғри йўлда бўлинг, уларнинг хоҳиш-истакларига эргашманг ва айтинг: «Аллоҳ нозил қилган ҳар бир китобга имон келтирдим ва ўртангизда адолат ўрнатишга буюрилдим. Аллоҳ бизларнинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизнинг амалларингиз ўзингиз учундир. Биз билан сизларнинг орамизда хусумат йўқ. Аллоҳ бизларни жамлайди ва қайтиш Унинг Ўзигадир». 16. Аллоҳ ҳақида уни қабул қилинганидан кейин ҳам талашиб- тортишадиганларнинг ҳужжатлари Парвардигорлари ҳузурида ботилдир, уларга ғазаб ва қаттиқ азоб бордир. 17. Аллоҳ Китобни ва мезонни ҳақ билан нозил қилган Зотдир. Қаердан ҳам билардингиз, эҳтимол, қиёмат яқиндир! 18. Унга имон келтирмайдиганлар унинг тезлатишни исташади, имон келтирганлар эса ундан қўрқувчидирлар. Зотан улар унинг ҳақ эканини билишади. Огоҳ бўлингларки, қиёмат ҳақида шубҳага борувчилар чуқур залолатдадирлар. 19. Аллоҳ бандаларига лутфлидир. У Ўзи хоҳлаганга ризқ беради. У қувватлидир, қудратлидир. 20. Ким охират ҳосилини истаса, унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга ўшандан берамиз ва унга охиратда насиба бўлмайди. 21. Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шериклари борми?! Агар Сўз бўлмаганида улар ўртасида албатта ҳукм қилинган бўлар эди. Золимлар учун албатта аламли азоб бордир. 22. Золимларни ўз қилмишларидан қўрққан ҳолларида кўрасиз. У ҳолбуки уларга тушувчидир. Имон келтирган ва солиҳ амал қилганлар эса жаннат боғларидадир, улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шунинг ўзи катта инъомдир. 23. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилган бандаларига Аллоҳнинг берадиган хушхабари ана шудир. (Эй Муҳаммад): «Бунинг учун сизлардан ҳақ эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман», деб айтинг. Ким яхшилик қилса, унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Аллоҳ албатта мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир. 24. Ёки: «Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиди» дейишадими? Агар Аллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўяди. Аллоҳ Ўз сўзлари билан ботилни йўққа чиқариб, ҳақни ҳақ қилади. У диллардагиларни албатта билувчидир. 25. У Ўзи бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қилмишларингизни биладиган Зотдир. 26. У имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ижобат қилади ва уларга фазлидан кўпайтириб беради. Кофирларга эса қаттиқ азоб бордир.
27. Агар Аллоҳ бандаларининг ризқини кенг қилиб қўйса, улар Ер юзида ҳаддан ошиб кетишади. Лекин У Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширади. У Ўз бандаларидан хабардордир, кўриб турувчидир. 28. У (одамлар) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳматини кенг ёядиган Зотдир. У дўстдир, мақтов эгасидир. 29. Осмонлару Ернинг яратилиши ва уларда турли жонзотлар таратиб қўйилиши Унинг аломатларидандир. У хоҳлаганида уларни йиғиб олишга қодирдир. 30. (Эй инсонлар), сизларга қандай мусибат етса, ўз қўлларингиз қилган сабабдандир ва У кўпини афв этиб туради. 31. Сизлар Ер юзида ожиз қолдирувчи эмассизлар ҳамда сизлар учун Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир. 32. Денгизда тоғдек сузиб юрувчилар Унинг аломатларидандир. 33. Агар У хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўяди, шунда улар унинг устида тўхтаб қолишади. Бунда ҳар бир ўта сабрли ва шукр қилувчи учун ибратлар бордир. 34. Ёки уларнинг кирдикорлари сабабли уларни ҳалок қилади ва кўпларини афв этади. 35. Оятларимиз ҳақида тортишадиганлар ўзлари учун қочиб қутуладиган жой йўқлигини билиб олишсин. 36. (Эй инсонлар), сизларга берилган нарса дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Имон келтирган ва Парвардигорларига таваккул қилганлар учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар яхшироқ ва боқийроқдир. 37. Улар катта гуноҳлар ва бузуқликлардан четланадиган ва ғазабланган вақтларида кечириб юборадиганлардир. 38. Улар Парвардигорларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро маслаҳат билан бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қиладиганлардир. 39. Улар ўзларига зулм қилинганида интиқом олувчилардир. 40. Ёмонликнинг жазоси ўзига ўхшаш ёмонликдир. Ким афв этиб, тузатса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. У золимларни асло севмайди. 41. Албатта, ким мазлумликдан сўнг ғолиб бўлса, бундайлар(ни айблаш)га йўл йўқдир. 42. Фақатгина одамларга зулм қиладиган ва Ер юзида ноҳақ ҳаддидан ошадиганлар(ни айблаш)га йўл бордир. Ана ўшаларга аламли азоб бордир. 43. Шубҳасиз, ким сабр қилса, кечириб юборса, албатта бу мақталган ишлардандир. 44. Аллоҳ кимни йўлдан оздирса, Ундан кейин унга бирор дўст бўлмайди. Золимларнинг азобни кўрган вақтларида: «Қайтишга бирор йўл бормикан?» деяётганларини кўрасиз. 45. Уларни хорликдан маъюс бўлган, нигоҳларини қуйи қилиб кўзларини яширган ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрасиз. Имон келтирганлар: «Албатта, зиён кўрувчилар қиёмат куни ўзларига ва аҳли
аёлларига зиён қилганлардир», дейишади. Огоҳ бўлингларки, золимлар мангу азобдадирлар. 46. Уларга Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай дўст бўлмайди. Аллоҳ кимни йўлдан оздирса, унга бирор йўл йўқдир. 47. (Эй инсонлар), Аллоҳ томонидан қайтариш бўлмайдиган Кун келмай туриб, Парвардигорингизга ижобат қилинглар! Ўша Куни сизга паноҳ ҳам бўлмайди ва сизларга инкор қилиш ҳам йўқ! 48. (Эй Муҳаммад), энди улар юз ўгиришса, бас, сизни улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўзимиздан раҳматни тоттирган чоғимизда у билан шодланади, агар уларга ўз қўллари қилган нарсалари туфайли бирор ёмонлик етса, инсон албатта ношукрлик қилади. 49. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳгадир. У хоҳлаган нарсасини яратади. У хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этади ва хоҳлаганига ўғилларни ҳадя этади. 50. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб беради ҳамда хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўяди. Албатта, У билувчидир, қодирдир. 51. Аллоҳнинг инсон билан сўзлашиши бўлмаган. Фақат ваҳий орқали ёки парда ортидан ёхуд элчи юбориб, изни билан хоҳлаган нарсасини ваҳий қилади. Албатта, У Олийдир, ҳикматлидир. 52. (Эй Муҳаммад), шундай қилиб, амримиз билан сизга Руҳни ваҳий қилдик. Олдин Китоб нима, имон нима, билмас эдингиз. Лекин уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганимизни ҳидоят қилурмиз. Албатта, сиз тўғри йўлга бошлайсиз; 53. осмонлардаги ва Ердаги нарсалар Ўзиники бўлмиш Аллоҳнинг йўлига. Огоҳ бўлингки, ишлар Аллоҳгагина қайтади. 43. ЗУХРУФ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 89 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳа миим. 2. Очиқ-ойдин Китобга қасам. 3. Биз уни араб тилидаги Қуръон қилдик, балки ақл юритарсизлар? 4. Дарҳақиқат, у ҳузуримиздаги асл Китобдадир, олиймақомдир, ҳикматлидир. 5. Ҳаддидан ошган қавм бўлганингиз учун сизлардан Зикрни буриб юборайликми? 6. Аввалгиларга ҳам қанчадан-қанча пайғамбарлар юбордик. 7. Улар ҳам ўзларига келган пайғамбарларни фақат масхара қилишарди. 8. Улардан кўра кучлироқларни ҳалок қилганмиз. Аввалгиларнинг мисоллари ўтди.
9. (Эй Муҳаммад), улардан: «Осмонлару Ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли, билувчи Зот яратган», дейишади. 10. У сизларга ерни бешик қилиб берган ва ҳидоят топишингиз учун сизларга унда йўлларни пайдо қилиб қўйган Зотдир. 11. У осмондан ўлчов билан сув туширди. Шунда Биз у билан ўлик юртни «тирилтирдик». Сизлар ҳам мана шундай чиқариласизлар. 12. У барча нарсаларни жуфт-жуфт яратди ва сизларга кемалар ҳамда ҳайвонлардан миниладиган уловлар қилиб берди. 13. Сизлар улар устига минганларингизда, сўнгра унга ўрнашиб олгач, Парвардигорингизнинг неъматини эслаб, шундай дейсизлар: «Бизларга буни бўйсундириб қўйган Зот покдир, бунга ўзимиз қодир эмас эдик; 14. ва албатта бизлар Парвардигоримизга қайтувчилармиз». 15. Улар бандаларидан Унга бўлак (ҳукм) қилдилар. Албатта инсон очиқ-ойдин ношукрдир. 16. Ёки Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб, сизларни ўғиллар билан сийладими? 17. Қачон уларнинг бирортасига Раҳмонга мисол қилган нарсасининг хушхабари берилса, юзи қорайиб кетади, ғазабга тўлади. 18. Зеб-зийнат ичида ўстириладиган ва жанжал пайтида очиқ сўз айта олмайдиган кимсаними?! 19. Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни аёллар ҳисобладилар. Ёки уларнинг яратилишига гувоҳ бўлишганми? Бу гувоҳликлари албатта ёзилади ва ўзлари сўроққа тутилишади. 20. Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида бизлар уларга ибодат қилмаган бўлардик», дейишди. Уларда бунга илм йўқ. Улар ёлғон тўқишяпти, холос. 21. Ёки ундан олдин уларга бир китоб берганмиз-у, улар ўшани тутиб олишганми? 22. Йўқ, улар: «Биз ота-боболаримизни бир дин узра топдикки, бизлар улар изидан бориб албатта ҳидоят топувчилармиз», дейишади. 23. (Эй Муҳаммад), шу каби сиздан илгари қайси бир шаҳарга огоҳлантирувчи юбормайлик, албатта ўша ернинг маишатпарастлари: «Бизлар ота-боболаримизни бир дин узра топганмиз ва бизлар албатта уларнинг изларидан эргашувчидирмиз», дейишган. 24. У: «Агар сизларга ота-боболарингизни унда топганингиздан ҳам ҳидоят қилувчироқни келтирган бўлсам-чи!» деганида улар: «Бизлар сизлар билан юборилган нарсага кофирдирмиз», дейишди. 25. Шунда улардан интиқом олдик. Энди уларни ёлғончига чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг! 26. Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Мен сизлар сиғинаётган нарсадан безорман; 27. мени яратган Зотгина мустасно, У мени албатта ҳидоят қилади». 28. Шояд қайтишса деб, у буни ўз ортида қолувчи сўз қилди. 29. Мен эса анавиларни ва уларнинг ота-боболарини, то уларга ҳақ ҳамда аниқ Пайғамбар келгунича баҳралантирдим.
30. Уларга Ҳақ келганида эса: «Бу сеҳрдир ва биз бунга куфр келтирамиз», дейишди. 31. Яна улар: «Бу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди», дейишди. 32. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг раҳматини улар тақсимлашадими? Дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам улар ўртасида Биз тақсимладик ва баъзилари бошқаларини хизматкор қилиб олишлари учун айримларининг даражаларини айримлариникидан устун қилиб қўйдик. Парвардигорингизнинг раҳмати улар тўплайдиган нарсалардан яхшироқдир. 33. Агар одамларнинг бир миллат бўлиб қолишлари бўлмаганида Раҳмонга куфр келтирадиганларнинг уйлари шифтини ҳам, унга чиқадиган нарвонларини ҳам кумушдан қилиб қўяр эдик; 34. ва уйларининг эшикларини ҳам, устида ястаниб ётадиган сўриларини ҳам; 35. ва зеб-зийнатларни ҳам. Барчаси дунё ҳаётининг матоҳларидир, охират эса Парвардигорингиз наздида тақводорлар учундир. 36. Ким Раҳмоннинг Зикридан кўз юмиб олса, унга бир шайтонни бириктирамиз, шунда у ҳамроҳ бўлиб олади. 37. (Шайтонлар) уларни йўлдан тўссалар ҳам улар ўзларини ҳидоят топувчилардан ҳисоблашади. 38. Ҳузуримизга келганда (шайтонга): «Қанийди, мен билан сенинг орамиз мағриб билан машриқ орасичалик узоқ бўлса эди. Нақадар ёмон ҳамроҳсан-а!» дейди. 39. Зулм қилганингиз учун бугун азобга шерик бўлишингиз сизларга асло фойда бермайди. 40. (Эй Муҳаммад), «кар»ларга эшиттира олармидингиз ёки «кўр»ларни ва аниқ адашувда бўлганларни ҳидоят қила олармидингиз? 41. Агар сизни кетказсак ҳам, Биз улардан албатта интиқом оламиз. 42. Ёки уларга ваъда қилганимизни сизга кўрсатурмиз. Зеро, Биз уларга қодирдирмиз. 43. Ўзингизга ваҳий қилинган нарсани маҳкам ушланг! Сиз албатта тўғри йўлдадирсиз. 44. Зикр сизга ҳам, қавмингизга ҳам шарафдир ва яқинда сўраласизлар. 45. Сиздан олдин юборган пайғамбарларимиздан сўранг-чи: Раҳмондан бошқа ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилган эканмизми?! 46. Аниқки, Биз Мусони Ўз мўъжизаларимиз билан Фиръавнга ва унинг аъёнларига юбордик. Шунда у: «Албатта мен оламлар Парвардигорининг пайғамбаридирман», деди. 47. Уларга мўъжизаларимизни келтирганида баногоҳ улардан кула бошлашди. 48. Уларга бирор мўъжизани кўрсатсак, у албатта олдингисидан каттароқ бўлар эди. Шояд, қайтишса деб, уларни азоб билан ушладик. 49. Улар: «Эй сеҳргар! Сенга берган ваъдасига биноан бизлар учун Парвардигорингга дуо қил! Бизлар албатта ҳидоят топувчилармиз», дейишди.
50. Улардан азобни аритганимизда бирданига улар (ваъдаларини) буза бошлашади. 51. Фиръавн ўз қавмига нидо қилди: «Эй қавмим! Миср подшоҳлиги ва остимдан оқиб турган мана бу анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми; 52. мен мана бу ҳақир, очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхшироқ эмасманми?; 53. унга олтин билагузуклар ташланганида ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келишганида эди!» 54. У қавмини лақиллатган эди, унга итоат қилди, чунки улар фосиқлар қавми эди. 55. Бизни дарғазаб қилишгач, улардан интиқом олдик – барчаларини ғарқ қилиб юбордик. 56. Уларни кейингилар учун ибратли ўтмиш ва мисол қилиб қўйдик. 57. (Эй Муҳаммад), Марям ўғли мисол қилиб келтирилса, қавмингиз қичқира бошлайди. 58. «Бизларнинг илоҳларимиз яхшими ёки уми?» дейишди. Уни фақат тортишиш учунгина сизга мисол қилиб келтиришди. Аслида улар хусуматчи қавмдирлар. 59. У бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик. 60. Агар хоҳлаганимизда ўрнингизга фаришталарни Ердаги ўринбосарлар қилиб қўйган бўлардик. 61. Албатта, у қиёмат учун аломатдир. Сизлар у ҳақда сира шубҳа қилманглар. (Эй Муҳаммад, айтинг): «Менга эргашинглар, мана шу тўғри йўлдир». 62. Шайтон сизларни ҳаргиз тўсмасин, албатта у сизларга аниқ душмандир. 63. Исо ҳужжатлар билан келганида айтди: «Мен сизларга ҳикмат билан ва сизлар ихтилоф қилаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун келдим. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар; 64. Аллоҳ албатта менинг ҳам Парвардигорим, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Унга ибодат қилинглар, мана шу тўғри йўлдир». 65. Сўнгра ўз ораларидаги фирқалар ихтилоф қилишди. Зулм қилганларга аламли Кун азобидан вой бўлсин! 66. Улар фақат ўзлари ҳам сезмаган ҳолларида тўсатдан қиёмат келишини кутмоқдалар, холос. 67. Ўша Кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирига душмандирлар. 68. Эй бандаларим, бугун сизларга хавф йўқдир ва хафа ҳам бўлмайсизлар. 69. Оятларимизга имон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар! 70. Ўзларингиз ҳам, хотинларингиз ҳам мамнун ҳолларингизда жаннатга киринглар.
71. Уларга олтиндан бўлган лаганлар ва қадаҳлар айлантирилади. У ерда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган нарсалар бор. Сизлар у ерда мангу қолурсиз. 72. Қилиб ўтган амалларингиз учун сизларга мерос қилиб берилган жаннат шудир. 73. Сизлар учун у ерда кўплаб мева бўлиб, улардан ейсизлар. 74. Гуноҳкорлар дўзах азобида албатта мангу қолувчидир. 75. Улардан енгиллатилмайди ва улар ўша ерда тамоман ноумиддирлар. 76. Уларга зулм қилмадик, лекин ўзлари золим бўлишди. 77. Улар «Эй Молик, Парвардигоринг бизни битирақолсин!» деб нидо қилишганида у: «Сизлар тураверасизлар», деди. 78. Сизларга ҳақни келтирдик, лекин кўпларингиз ҳақни ёмон кўрувчидирсиз. 79. Ёки улар бирор ишга қарор қилишдими? Биз ҳам қарор қилувчидирмиз. 80. Балки уларнинг гумонича, Биз уларнинг сирларини ва пичирлашувларини эшитмаётгандирмиз? Йўқ, Бизнинг элчиларимиз уларнинг олдида ёзиб туришади. 81. (Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Агар Раҳмоннинг фарзанди бўлганида мен унга ибодат қилувчиларнинг биринчиси бўлар эдим». 82. Осмонлару Ернинг Парвардигори, Аршнинг Парвардигори улар қилаётган васфдан покдир. 83. Уларга қўйиб беринг, ўзларига ваъда қилинаётган Кунга рўбарў бўлгунларича шўнғиб, ўйнаб юришаверсин. 84. У осмонда ҳам Илоҳ, ерда ҳам Илоҳдир. У ҳикматлидир, билувчидир. 85. Осмонлару Ер ва улар орасидаги нарсаларнинг ҳукмронлигига эга Зот баракотлидир. Қиёмат илми Унинг ҳузуридадир ва Унгагина қайтариласизлар. 86. Ундан ўзга сиғинаётган нарсалари шафоатга эга бўлишмайди. Билган ҳолларида ҳаққоний гувоҳлик берганларгина мустасно. 87. (Эй Муҳаммад), агар улардан ўзларини ким яратганини сўрасангиз, улар албатта «Аллоҳ», дейишади. Унда қаёққа ўгирилиб кетмоқдалар?! 88. (Аллоҳ Ўз Пайғамбарининг): «Парвардигоро, албатта, анавилар имон келтирмайдиган қавмлардир», деган гапини ҳам (билади). 89. (Эй Муҳаммад), улардан юз ўгиринг ва: «Саломатлик бўлсин», денг. Улар яқинда билиб олишади. 44. ДУХОН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 59 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Ҳа миим. 2. Очиқ-ойдин Китобга қасамки; 3. Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Биз албатта огоҳлантирувчи бўлдик. 4. Унда барча ҳикматли ишлар ажрим қилинади; 5. Ҳузуримиздан амр бўлгандир. Дарҳақиқат, Биз юборувчидирмиз. 6. Бу Парвардигорингиздан раҳматдир. Унинг Ўзи эшитувчидир, билувчидир. 7. Агар ишонувчи бўлсангиз, У осмонлару Ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир. 8. Ундан ўзга илоҳ йўқдир, тирилтиради ва ўлдиради. У сизларнинг ҳам, ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир. 9. Йўқ, улар шак ичра ўйнамоқдалар. 10. (Эй Муҳаммад), осмон аниқ тутунни келтирадиган кунни кутинг. 11. У одамларни ўраб олади, бу аламли азобдир. 12. «Парвардигоро, бизлардан азобни аритгин! Албатта бизлар имон келтирувчилармиз». 13. Уларда қаёқдан ҳам эслатма бўлсин, ҳолбуки, уларга аниқ пайғамбар келган эди. 14. Сўнгра ундан юз ўгиришди ва: «ўргатиб қўйилган, (ўзи) мажнундир», дейишди. 15. Биз бу азобни бир оз аритувчидирмиз, сизлар ҳам қайтувчидирсиз. 16. Даҳшатли ушлаш билан ушлайдиган Кунимизда Биз интиқом олувчидирмиз. 17. Улардан илгари Фиръавн қавмини ҳам имтиҳон қилганмиз, уларга улуғ пайғамбар келганди: 18. (У айтди): «Аллоҳнинг бандаларини менга топширинглар, мен сизларга албатта ишончли пайғамбардирман; 19. Аллоҳга кибру ҳаво қилманглар, мен сизларга очиқ-ойдин ҳужжат келтирурман. 20. Мен Парвардигорим ва сизларнинг Парвардигорингиздан мени тошбўрон қилишингиздан паноҳ сўрадим. 21. Агар менга имон келтирмасанглар, мендан нари туринглар». 22. У Парвардигорига: «Анавилар жиноятчи қавмдир», деб дуо қилди. 23. «Бандаларим билан бирга тунда йўлга чиқ. Албатта таъқиб этиласизлар; 24. ва денгизни сокин ҳолида қўй, улар ғарқ қилинадиган қўшиндир». 25. Улар қолдиришди қанчалаб боғ-роғларни ва булоқларни; 26. экинзорлар ва гўзал масканларни; 27. ва ўзлари баҳраманд бўлаётган ноз-неъматларни. 28. Мана шундай! Уларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик. 29. Шунда уларга осмон ҳам, Ер ҳам йиғламади ва уларга муҳлат ҳам берилмади.
30. Ҳақиқатан Бани Исроилга хорловчи азобдан нажот бердик – 31. Фиръавндан. У катта кетган ва ҳаддан ошганлардан эди. 32. Дарҳақиқат, уларни оламлар ичидан илм асосида танлаб олдик. 33. Ва уларга мўъжизалардан ичида аниқ синов борларини бердик. 34. Албатта анавилар айтишади: 35. «Биринчи ўлимимиздан бошқаси йўқ ва бизлар қайта тирилувчи эмасмиз; 36. Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринг-чи!». 37. Улар яхшироқми ёки Туббаъ қавмию, улардан олдин ўтганларми?! Биз уларни ҳалок қилдик, чунки улар жиноятчи эдилар. 38. Осмонлару Ерни ва улар орасидаги нарсаларни ўйнаб яратганимиз йўқ! 39. Биз уларни фақат ҳақ билан яратдик, лекин уларнинг кўплари билишмайди. 40. Ажрим Куни барчалари учун белгиланган вақтдир. 41. У Кунда дўст дўстга бирон нарсада асқатмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди. 42. Аллоҳ раҳм қилганларгина мустасно. У қудратлидир, раҳмлидир. 43. Албатта заққум дарахти – 44. гуноҳкорнинг таомидир; 45. эритилган мис каби қоринларда қайнайди; 46. қайноқ сувнинг қайнашидек. 47. «Уни тутиб, дўзах ўртасига судраб боринглар; 48. сўнгра боши устидан қайноқ сув азобини қуйинглар!»; 49. «Тотиб кўр, сен «азизу мукаррам»дирсан! 50. Дарвоқе, бу сизларнинг шубҳа қилиб юрган нарсангиздир!» 51. Тақводорлар албатта омонлик мақомидалар; 52. боғлар ва булоқлар узра. 53. Улар юпқа ва қалин ипакдан кийишади, бир-бирларига юзма-юз ҳолдалар. 54. Мана шундай! Яна уларни оҳукўз ҳурларга уйлантириб қўямиз. 55. Улар у ерда хотиржам ҳолларида турли меваларни чақиришади. 56. Улар у ерда биринчи ўлимдан бошқа ўлимни тотишмайди. (Аллоҳ) уларни дўзах азобидан сақлагандир. 57. (Бу) Парвардигорингиздан фазл-марҳаматдир. Мана шу улкан ютуқдир. 58. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат эслатма олишлари учун уни тилингизга осон қилдик. 59. Энди сиз кутиб туринг, улар ҳам албатта кутувчидирлар. 45. ЖОСИЯ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 37 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳа миим.
2. Китобнинг нозил қилиниши қудратли, ҳикматли Аллоҳдандир. 3. Осмонлару Ерда мўминлар учун албатта аломатлар бордир. 4. Яна яратилишингизда ва тарқатиб қўйган жониворларда ишонувчилар учун аломатлар бордир. 5. Ва кеча-кундузнинг алмашиб туришида, Аллоҳ осмондан ризқ тушириб, у билан «ўлик» ерни тирилтиришида ва шамолларнинг йўналишида ақл юритадиганлар учун аломатлар бордир. 6. (Эй Муҳаммад), булар Аллоҳнинг оятларидир, уларни сизга ҳаққоний тиловат қиляпмиз. Улар Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, қайси сўзга имон келтиришяпти ўзи?! 7. Ҳар қандай бўҳтончи ва гуноҳкорнинг ҳолига вой бўлсин! 8. Ўзига тиловат қилинаётган Аллоҳ оятларини эшитади-ю, сўнгра худди эшитмагандек, мутакаббирлик қилиб туриб олади. Шунда (эй Муҳаммад), унга аламли азоб «хушхабар»ини беринг. 9. Оятларимиздан бирор нарсани билганида уни эрмак қилади. Ана ўшаларга хорловчи азоб бордир. 10. Улар ортида дўзах бор. Уларга топганлари ҳам, Аллоҳни қўйиб, тутган «дўст»лари ҳам бирор нарсада асқатмайди. Уларга улкан азоб бордир. 11. Бу (Қуръон) ҳидоятдир. Парвардигорлари оятларига куфр келтирганларга аламли уқубат азоби бордир. 12. Аллоҳ амри билан кемаларнинг сузиши ҳамда Унинг фазлидан исташингиз ва шукр қилишингиз учун сизларга денгизни бўйсундириб қўйди. 13. У сизларга Ўз томонидан осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарсани бўйсундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун албатта аломатлар бордир. 14. (Эй Муҳаммад), имон келтирганларга айтинг, Аллоҳнинг кунларидан ноумид кимсаларни кечириб юборишсин. Шунда У Зот қавмни қилиб юрган ишлари учун мукофотлагай. 15. Ким яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарардир. Сўнгра Парвардигорингизга қайтариласизлар. 16. Дарҳақиқат, Бани Исроилга китобни, ҳикмат ва пайғамбарликни бердик, уларни покиза нарсалар билан ризқлантирдик ва уларни оламлар узра афзал қилдик. 17. Яна уларга (дин) иши ҳужжатларини ато этдик. Шунда улар илм келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват сабабли ихтилофга тушишди. Албатта, Парвардигорингиз қиёмат куни ўрталарида ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқаради. 18. Сўнгра (эй Муҳаммад), сизни (дин) ишида бир шариатга йўлладик. Энди ўшанга эргашинг, билмайдиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг. 19. Чунки улар Аллоҳдан бўлувчи нарсани сиздан қайтара олишмайди. Золимлар бир-бирларига албатта дўстдирлар. Аллоҳ эса тақводорларнинг дўстидир. 20. Бу одамлар учун кўз очувчидир, аниқ ишонадиганлар учун ҳидоят ва раҳматдир.
21. Ёмонлик қилганлар уларни имон келтириб, солиҳ амал қилганлар билан тенг қилишимизни, ҳаётлари ҳам, ўлимлари ҳам баробар бўлишини ўйлашгандир? Уларнинг қилган ҳукми қандай ҳам ёмон! 22. Аллоҳ осмонлару Ерни ҳақ билан яратди ва барча жон қилмишларига яраша, зулм қилинмаган ҳолда жазо-мукофот олишади. 23. (Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган, Аллоҳ уни билган ҳолда адаштирган, қулоғи ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрмайсизми? Уни Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади?! Эслатма олмайсизларми?! 24. Улар: «Дунёдаги ҳаётимиздан бошқаси йўқ. Ўламиз, яшаб юрамиз, бизларни фақат замон ҳалок қилади», дейишади. Ҳолбуки, уларнинг бу борада илмлари йўқ, улар фақат гумон қилишади, холос. 25. Уларга аниқ оятларимиз тиловат қилинганида: «Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринг-чи!» дейишдан бошқа ҳужжатлари бўлмайди. 26. Айтинг: «Аллоҳ сизларни тирилтиради, сўнгра ўлдиради, сўнгра сизларни шубҳаси йўқ қиёмат куни тўплайди. Лекин одамларнинг аксарияти билмайди». 27. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга хосдир. Қиёмат қойим бўладиган кунда, ана шу кунда бузғунчилар зиён кўришади. 28. Барча умматни тиз чўккан ҳолида кўрасиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилиб (айтилади): «Бугун қилиб юрган амалларингизнинг жазо-мукофотини олурсиз; 29. мана бу китобимиз сизларга ҳақни айтади. Дарҳақиқат, Биз қилган амалларингизни ёзиб турган эдик». 30. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни Парвардигор Ўз раҳматига киритади. Бу аниқ ютуқдир. 31. Аммо куфр келтирганларга (айтилади): «Ахир сизларга оятларим тиловат қилинмаганмиди?! Сизлар мутакаббирлик қилдингиз ва жиноятчи қавм бўлдингиз!»; 32. қачон: «Аллоҳнинг ваъдаси албатта ҳақдир ва қиёмат шубҳасиз» дейилса, «Қиёмат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз аниқ ишонувчи эмасмиз», дедингиз». 33. Уларга қилиб ўтган ёмонликлари аён бўлди ва ўзлари масхара қилиб юрган нарсалари уларни ўраб олди. 34. (Уларга) айтилди: «Сизлар ушбу кунингиздаги учрашувни унутганингиздек, бугун Биз ҳам сизларни «унутамиз». Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизларга ёрдамчилар ҳам йўқдир; 35. булар сизларнинг Аллоҳнинг оятларини масхара қилганингиз ва дунё ҳаёти сизларни алдаб қўйгани учундир». Улар бугунги кунда ундан чиқарилмайди ва улардан тавба ҳам талаб қилинмайди. 36. Мақтовлар осмонларнинг Парвардигори ва Ернинг Парвардигори, оламларнинг Парвардигоригадир. 37. Осмонлару Ердаги улуғлик Уникидир. У қудратлидир, ҳикматлидир.
46. АҲҚОФ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 35 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳа миим. 2. Китоб қудратли ва ҳикматли Аллоҳдан нозил қилингандир. 3. Биз осмонлару Ерни ҳамда улар орасидаги нарсаларни фақат ҳақ ва маълум муддат билан яратдик. Кофирлар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгирувчилардир. 4. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингиз хабарини бериб, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратганлар? Ёки осмонларда уларнинг шерикликлари борми? Агар ростгўй бўлсангиз, менга бундан олдинги китобни ёки илмий бир асарни келтиринг». 5. Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо қиладиганлардан кўра адашганроқ ким бор? Ҳолбуки, улар ўшаларнинг дуосидан ғофилдирлар. 6. Ўшалар одамлар тўпланганида буларга душман бўлиб, ибодатларини ҳам инкор қилишади. 7. Қачон уларга равшан оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар уларга Ҳақ келгандаёқ: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдир», дейишади. 8. Балки «уни ўзи тўқиб олган» ҳам дейишар? Айтинг: «Агар уни тўқиб олган бўлсам, Аллоҳдан бирор нарсани мендан қайтаришга қодир эмассизлар. У сизлар кўпиртираётган нарсаларни яхши билувчидир. Мен билан сизларнинг ўртангизда гувоҳликка Унинг Ўзи кифоядир. У мағфиратлидир, раҳмлидир». 9. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен пайғамбарларнинг дастлабкиси эмасман, ўзимга ҳам, сизларга ҳам нима қилинишини билмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсага эргашаман. Мен очиқ огоҳлантирувчиман, холос»; 10. Айтинг: (эй мушриклар), хабар беринглар-чи, агар у Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сизлар унга куфр келтирсанглар ва Бани Исроилдан бир гувоҳ ҳам унга ўхшашига гувоҳлик бериб, имон келтирса-да, сизлар мутакаббирлик қилсангизлар. Аллоҳ золим қавмларни асло ҳидоят қилмайди». 11. Куфр келтирганлар имонлиларга: «Агар бу яхшилик бўлганида, улар унга биздан олдин бормасдилар», дейишди. Ўзлари ундан ҳидоят топишмагач: «Бу эски уйдирмадир», дейдилар. 12. Ундан олдин Мусонинг китоби йўл бошловчи ва раҳмат эди. Бу эса араб тилидаги, тасдиқловчи, зулм қилувчиларни огоҳлантирувчи ва яхшилик қилувчиларга хушхабар берувчи Китобдир. 13. «Парвардигоримиз Аллоҳдир» деган, сўнгра мустақим турганларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлишмайди. 14. Ана ўшалар жаннат аҳлидир ва қилган амаллари мукофотига унда мангу қолишади.
15. Инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Унинг ҳомиладорлиги ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Қачон у вояга етиб, қирқ ёшга етганида: «Парвардигорим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амал қилишимга мени муваффақ этгин. Зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, Сенга тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман», дейди. 16. Улар шундай зотларки, Биз жаннат эгалари қатори уларнинг яхши амалларини қабул қиламиз ва ёмонликларини ўтиб юборамиз. Уларга берилган ҳақ ваъда шудир. 17. Шундай кимса ҳам борки, у ота-онасига: «Суф сизларга, менга чиқарилишимнинг ваъдасини беряпсизларми? Ҳолбуки, мендан олдин ҳам авлодлар ўтган-ку!» дейди. Улар Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда: «Ҳолингга вой бўлгур, имон келтиргин, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», дейишса, у: «Бу олдингиларнинг афсоналари», дейди. 18. Ана шуларга ўзларидан аввал ўтган жин ва инсон умматлар қаторида Сўз ҳақ бўлгандир. Улар албатта зиён кўрувчилардан бўлишди. 19. Ҳаммаларига қилган амалларига яраша даражалар бордир. Уларга амалларининг (мукофоти ёки жазоси) тўлиқ берилади ва уларга ноҳақлик қилинмайди. 20. Куфр келтирганлар дўзахга рўпара қилинадиган Кунда (уларга айтилади): «Дунё ҳаётидаёқ лаззатларингизни совуриб, ҳузурланиб бўлгансиз. Бугунги кунда Ер юзида ноҳақ кибр ва фосиқлик қилганингиз учун хорлик азоби билан жазоланасизлар». 21. (Эй Муҳаммад), Однинг биродарини эсланг, ўшанда у қум тепаликлардаги қавмини «Аллоҳдан ўзгага ибодат қилманглар, сизлар учун буюк Куннинг азобидан қўрқаман», деб огоҳлантирган эди. Ҳолбуки, ундан аввал ҳам, кейин ҳам огоҳлантирувчилар бўлган эди. 22. Улар: «Бизни «илоҳ»ларимиздан буришга келдингми? Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир-чи!» дейишди. 23. У: «Билим Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен сизларга нима билан юборилган бўлсам, шуни етказаман. Лекин сизларнинг нодон қавм эканингизни кўриб турибман», деди. 24. Улар ўшанинг водийлари томон келаётган булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир ёғдирувчи булутдир», дейишди. Йўқ! Бу ўзларингиз ошиққан аламли азоби бор бўрондир. 25. Парвардигорининг амри билан у ҳамма нарсани яксон қилади. Тонг отганида масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Биз гуноҳкор қавмларни шундай жазолаймиз. 26. (Эй Макка аҳли), уларни Биз сизларга бермаган имконларга қодир қилган эдик ҳамда уларга қулоқ, кўз ва диллар бергандик. Улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари учун қулоқ, кўз, диллари асло фойда бермади. Шунда уларни ўзлари масхара қилган нарсалари ўраб олди. 27. Ҳақиқатан атрофингиздаги шаҳар-қишлоқларни ҳалок қилдик Шояд қайтишса деб, уларга аломатларни баён қилгандик.
28. Ахир ўзлари Аллоҳни қўйиб, Унга яқинлаштирувчи деб тутган «илоҳ»лари уларга ёрдам берса бўлмасмиди?! Йўқ, улар ғойиб бўлишди. Бу уларнинг уйдирмалари ва тўқиган бўҳтонларидир. 29. (Эй Муҳаммад), бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишлари учун олдингизга юборганимизни эсланг. Улар ҳозир бўлиб: «Жим эшитинглар!» дейишди. Тугагач, қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтишди. 30. Улар айтишди: «Эй қавмимиз! Биз Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдингиларни тасдиқловчи, ҳаққа ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Китобни тингладик; 31. эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга имон келтиринг, У гуноҳларингизни мағфират қилади ва аламли азобдан асрайди; 32. ким Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, у ер юзида қочиб қутула олмайди ва унга У Зотдан ўзга дўстлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ- ойдин залолатдадир». 33. Ахир улар осмонлару Ерни яратган ва уларни яратишда чарчамаган Аллоҳ ўликларни ҳам тирилтиришга қодир эканини англаб етишмадими? Йўқ, албатта У ҳамма нарсага қодирдир. 34. Куфр келтирганлар дўзахга рўпара қилинган Кунда: «Бу ҳақ эмасми?!» (дейилганида), улар: «Парвардигоримизга қасамки, шундай!» дейишади. (Шунда Аллоҳ): «Энди куфр келтирганингиз учун азобни тотинглар», дейди. 35. (Эй Муҳаммад), матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек, сиз ҳам сабр қилинг, уларга ошиқманг! Улар ўзларига ваъда қилинган нарсани кўрганларида худди кундуздан бир соатгина турганга ўхшашади. Бу бир етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмларгина ҳалок қилинади. 47. МУҲАММАД СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 38 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг амалларини барбод қилди. 2. Имон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага – ҳолбуки, у Парвардигорларидан келган ҳақдир – имон келтирганларнинг айбларини беркитади ва аҳволларини ўнглайди. 3. Бу куфр келтирганларнинг ботилга эргашганлари ва имон келтирганларнинг эса Парвардигорларидан бўлган ҳаққа эргашганлари учундир. Аллоҳ инсонларга уларнинг мисолларини шундай баён қилади. 4. Куфр келтирганлар билан тўқнашганингизда бўйинларга уринглар! Уларни тор-мор қилганингиздан сўнг тутқунликда маҳкам ушланглар. То уруш анжомларини қўймагунларича ё илтифот ёки товон олишдир. Ҳукм шудир. Аллоҳ хоҳлаганида улардан Ўзи ғолиб келарди, лекин У баъзиларингизни баъзиларингиз ила синашни истади. Аллоҳ йўлида ўлдирилганларнинг амалларини асло зое қилмайди.
5. Уларни ҳидоят қилади ва ҳолатларини яхшилайди. 6. Уларни Ўзи таърифлаган жаннатга киритади. 7. Эй имон келтирганлар, агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У ҳам сизларга ёрдам беради ва қадамларингизни собит қилади. 8. Куфр келтирганларга эса ҳалокат бўлади ва амалларини зое қилади. 9. Бу уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани ёқтирмаганлари учундир. Шу боис У амалларини бекор қилади. 10. Улар Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Аллоҳ уларни тамоман яксон қилди-ку! Кофирларга ҳам шунга ўхшаши бўлади. 11. Бу, Аллоҳ албатта имон келтирганларнинг дўст-ҳомийи эканидан ва кофирларга ҳеч қандай ҳомий йўқлигидандир. 12. Аллоҳ имон келтирганлар ва яхши амал қилганларни албатта остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритади. Куфр келтирганлар эса «баҳраланиб», худди чорва ҳайвонлари егандек еб-ичишади ва дўзах уларнинг жойидир. 13. (Эй Муҳаммад), сизни ҳайдаб чиқарган шаҳрингиздан кўра қувватлироқ қанчадан-қанча шаҳарларни ҳалок қил-ганмиз. Уларга бирор ёрдамчи бўлмаган. 14. Ўз Парвардигори тарафидан аниқ ҳужжатга эга бўлган киши ёмон амали ўзига чиройли кўринган ва ҳавойи нафсига эргашганлар каби бўлармиди?! 15. Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлар ҳам, таъми ўзгармаган сутли анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли майли анҳорлар ҳам, мусаффо асалли анҳорлар ҳам бор. Улар учун унда барча мевалардан ва ўз Парвардигорларидан мағфират бор. (Улар) дўзахда абадий қолувчи ва ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиганларга ўхшашармиди? 16. (Эй Муҳаммад), улардан шундайлари борки, сизга қулоқ солиб туради-да, ҳузурингиздан чиққач эса илм берилганларга: «Ҳозиргина нима деди?» дейди. Ана ўшалар дилларини Аллоҳ муҳрлаб қўйган ва ҳавойи нафсларига эргашганлардир. 17. У ҳидоят топганларнинг ҳидоятини зиёда қилади ва тақво ато этади. 18. Улар энди қиёматнинг тўсатдан келишинигина кутишяпти. Дарвоқе, аломатлари ҳам келди. У келган пайтда эслашлари не фойда берарди? 19. Бас, (Эй Муҳаммад), Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билинг ҳамда ўзингизнинг, мўминлар ва мўминаларнинг гуноҳлари учун мағфират сўра. Аллоҳ сизларнинг кезар жойларингизни ҳам, борар жойларингизни ҳам билади. 20. Имон келтирганлар: «Бирон сура нозил қилинса эди», дейишади. Қачон қатъий бир сура нозил қилиниб, унда жанг зикр қилинса, қалбида хасталиги борларнинг сизга худди жони чиқаётганнинг қарашидек боқишаётганини кўрасиз. Уларга яхшироқдир;
21. итоат ва маъруф сўз. Энди қачон иш муқаррар бўлганида Аллоҳга содиқ қолишганда ўзларига яхши бўлар эди. 22. Агар юз ўгирсанглар, аниқки, Ер юзида бузғунчилик қилиб, қариндошликни узасизлар. 23. Бундайларни Аллоҳ лаънатлади, уларни «кар» ва кўзларини «кўр» қилди. 24. Ахир, улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми? Ёки дилларида «қулфлар» борми? 25. Ҳақиқатан ўзларига ҳидоят равшан бўлганидан сўнг яна ортларига қайтганларни шайтон уларга зийнатлаб кўрсатди ва уларни йўллади. 26. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани ёқтирмаганларга: «Сизларга баъзи ишларда итоат қиламиз», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг яширганларини билади. 27. Фаришталар юзларига ва орқаларига уриб, жонларини олаётганида қандай бўларкин? 28. Бу, уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага эргашганлари ва Унинг розилигини ёқтирмаганлари учундир. У шунда амалларини беҳуда қилди. 29. Дилларида хасталик борлар Аллоҳ уларнинг адоватларини ошкор қилмайди, деб ўйлашадими? 30. (Эй Муҳаммад), агар хоҳласак, уларни сизга кўрсатиб қўярдик, у ҳолда уларни аломатларидан таниб олар эдингиз. Албатта, сиз уларни сўз оҳангларидан ҳам танийсиз. Аллоҳ амалларингизни билиб туради. 31. Дарҳақиқат, сизларни синаймиз, токи сизлардан мужоҳидларни ва сабр қилувчиларни билсак ҳамда хабарларингизни имтиҳон қилсак. 32. Албатта, куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар ҳамда ҳидоят аниқ бўлганидан сўнг яна Пайғамбарга қарши чиққанлар Аллоҳга бирор зарар етказа олишмайди. У уларнинг ишларини беҳуда кетказади. 33. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга итоат этинглар ва амалларингизни йўққа чиқарманглар! 34. Албатта, куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсган, сўнгра кофир ҳолида ўлганларни Аллоҳ асло мағфират қилмайди. 35. (Эй мўминлар), бўш келманглар ва ўзингиз устун бўлатуриб, сулҳга чақирманглар. Аллоҳ сизлар биландир ва амалларингизни сира камайтирмайди. 36. Албатта, дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушлик, холос. Агар имон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, У мукофотларингизни беради ва сизлардан мол-дунёларингизни сўрамайди. 37. Агар сизлардан сўраб қийнайдиган бўлса, бахиллик қиласизлар ва У сизларнинг гиналарингизни фош қилади. 38. Мана, сизлар Аллоҳ йўлида эҳсон қилишга чақирилмоқдасиз. Ораларингизда бахиллик қиладиганлар ҳам бор. Ким бахиллик қилса, албатта ўз зарарига бахиллик қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ беҳожат, сизлар
муҳтожсизлар. Агар сизлар юз ўгириб кетсангиз, ўрнингизга сизлардан бошқа қавмни келтириб қўяди, улар эса сизларга ўхшаган бўлишмайди. 48. ФАТҲ СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 29 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), Биз сизга очиқ-ойдин фатҳни бердик. 2. Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечиши, сизга Ўз неъматини тўкис қилиб бериши ва сизни тўғри йўлга бошлаши учундир; 3. Аллоҳ сизга буюк ғалабани бериши учундир; 4. У имонларига имон қўшилиши учун мўминлар дилига таскин туширган Зотдир. Осмонлару Ернинг лашкарлари Аллоҳникидир. Аллоҳ билимлидир, ҳикматлидир. 5. Мўминлар ва мўминаларни остларидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу қолинадиган жаннатларга киритиш учун, уларнинг гуноҳларини ўчириш учундир. Бу Аллоҳ ҳузурида улкан ютуқдир. 6. Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мунофиқалар, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учундир. Уларга мусибатнинг ёмони тушувчидир. Аллоҳ уларга ғазаб қилди, уларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди. У нақадар ёмон жойдир! 7. Осмонлару Ернинг лашкарлари Аллоҳникидир. Аллоҳ қудратлидир, ҳикматлидир. 8. (Эй Муҳаммад), Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз. 9. Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиришингиз, уни қўллаб, улуғлашингиз ҳамда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтишингиз учундир. 10. (Эй Муҳаммад), сизга байъат қилаётганлар албатта Аллоҳнинг Ўзига байъат қилган бўлишади. Аллоҳнинг «қўли» уларнинг қўллари устидадир. Ким уни бузса, ўзига зарар қилади. Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан мукофотни беради. 11. Ортда қолган аъробийлар сизга: «Молимиз ва аҳлимиз бизни банд қилди, биз учун мағфират сўрагин», дейишади. Улар қалбларида йўқ нарсани тиллари билан айтишади. Айтинг: «Агар Аллоҳ сизларга бирор зарарни истаса ёки сизга манфаатни истаса, ким сизларга Аллоҳдан бирор нарсага эга бўла оларди? Йўқ, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир». 12. Сизлар балки Пайғамбар ва мўминлар ҳеч қачон ўз аҳлларига қайтиб келмайдилар, деб ўйладингиз ва бу дилларингизга чиройли кўрсатилиб, ёмон гумон қилдингиз ва ҳалокатга учровчи қавм бўлдингиз. 13. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирмаса, Биз кофирларга албатта ловуллаган дўзахни тайёрлаб қўйганмиз. 14. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳникидир. Хоҳлаганини мағфират қилади, хоҳлаганини азоблайди. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
15. Ўлжаларни олиш учун жўнаб кетаётганингизда ортда қолганлар: «Сизларга эргашишимиз учун бизларга ҳам қўйиб беринглар», дейишади. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўлишади. «Асло бизга эргашмайсизлар, Аллоҳ аввал шундай деган», деб айтинг. Улар: «Йўқ, бизга ҳасад қилаётирсизлар», дейишади. Йўқ, улар ниҳоятда кам тушунишади. 16. (Эй Муҳаммад), ортда қолган аъробийларга айтинг: «Яқинда катта кучга эга қавмга чақириласизлар, ё улар билан урушасизлар ёки улар мусулмон бўлишади. Агар итоат қилсангиз, Аллоҳ сизларга гўзал мукофот берур. Агар яна олдин қочганингиздек ортга қочсангиз, аламли азоб билан азоблайди». 17. Кўрга танглик йўқ, чўлоққа ҳам танглик йўқ, беморга ҳам танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, уни остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Ким юз ўгириб кетса, аламли азоб билан азоблайди. 18. (Эй Муҳаммад), Дарҳақиқат, Аллоҳ дарахт остида сизга байъат қилаётганларида мўминлардан рози бўлди. У ўшанда уларнинг дилларидагини билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни яқин фатҳ билан мукофотлади; 19. ва улар оладиган кўпгина ўлжалар билан ҳам. Аллоҳ қудратлидир, ҳикматлидир. 20. (Эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ўзингиз оладиган кўпгина ўлжаларни ваъда қилди. Мана бунисини эса нақд қилиб қўйди ва одамларнинг қўлини сизлардан тўсиб қўйди. Токи мўминларга ибрат бўлсин ва сизларни тўғри йўлга бошласин. 21. Ҳали сизлар қодир бўлмаган бошқаси ҳам борки, уни Аллоҳ иҳоталаб қўйган. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 22. Агар кофирлар сизлар билан жанг қилганларида ортларига қараб қочган бўлишарди, сўнгра ўзларига дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам топа олишмасди. 23. (Бу) Аллоҳнинг аввалдан келаётган йўлидир. Аллоҳнинг йўлига эса ўзгартириш топа олмайсизлар. 24. У Макка водийсида сизларни улар устидан зафар қозонтирганидан сўнг уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган Зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. 25. Улар куфр келтирган, сизларни Масжидул Ҳаромдан, қурбонликни эса ўз жойига етишидан тўсган кишилардир. Агар сиз билмаган мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бўлмаганида, билмай, уларни ўлдириб қўйишингиз туфайли сизларга зиён етиши бўлмаганида (Аллоҳ сизларни Маккага юришдан қайтармаган бўларди). Аллоҳ хоҳлаганини Ўз раҳматига киритиш учун (шундай қилди). Агар ажралиб олишганида улардан кофирларини аламли азоб билан азоблар эдик. 26. Ўшанда куфр келтирганлар қалбларида «ғурур»ни – «жоҳилият ғурури»ни жойлашганида Аллоҳ Ўз Пайғамбарининг ва мўминларнинг устларига хотиржамлигини туширди ва уларга тақво калимасини лозим
кўрди. Улар бунга жуда ҳақли ва аҳл эдилар. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 27. Қасамки, Аллоҳ Ўз Пайғамбарига тушни рўёбга чиқарди. Агар Аллоҳ хоҳласа, сизлар Масжидул-Ҳаромга албатта омонликда, сочларингиз қирдирилган ва қисқартирилган ҳолда қўрқмай кирасизлар. У сиз билмаган нарсани билди ва бундан олдин бошқа яқин фатҳни қилди. 28. У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. 29. Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга қаҳрли, ўзаро раҳм-шафқатлидирлар. Уларни Аллоҳнинг фазли ва ризосини истаб рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасизлар. Юзларида сажда асоратидан аломатлар бор. Бу уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Инжилдаги мисоллари эса, худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик турган, деҳқонларни ажаблантирган, кофирларни эса ғазаблантирган бир экинга ўхшайди. Аллоҳ улардан имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларига мағфират ва улкан мукофотни ваъда қилди. 49. ҲУЖУРОТ СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 18 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан ва Унинг Пайғамбаридан олдинлаб кетманглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ эшитувчидир, билувчидир. 2. Эй имон келтирганлар! Ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз зое бўлиб кетмаслиги учун овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва бир-бирларингиз билан дағал сўзлашгандек унга баланд овозда гапирманглар. 3. Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Уларга мағфират ва буюк мукофот бор. 4. (Эй Муҳаммад), ҳужралар ортидан туриб сизни чақирадиганларнинг кўплари ақл юритмайдилар. 5. Агар улар то олдиларига чиққунингизгача сабр қилишганида ўзларига яхши бўларди. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 6. Эй имон келтирганлар! Агар сизларга бир фосиқ хабар келтирса, яна билмай бирор қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилмишингизга надомат чекмаслигингиз учун уни аниқлаб кўринглар. 7. Билингларки, ораларингизда Аллоҳнинг Расули бордир. Агар у кўп ишларда сизларга итоат қилса, албатта машаққатларга дучор бўлардингиз. Лекин Аллоҳ сизларга имонни севимли қилди ва уни қалбларингизга зийнатлади ва сизларга куфрни, фисқни ва исённи ёмон кўрсатди. Ана ўшаларгина тўғри йўлда юрувчилардир.
8. Бу Аллоҳдан фазл ва неъматдир. Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир. 9. Агар мўминлардан икки тоифа урушиб қолсалар, дарҳол ўрталарини ислоҳ қилинглар. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, тажовуз қилгани то Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар унга қарши урушинглар. Агар у қайтса, дарҳол ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинглар. Адолатли бўлинглар, зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни севади. 10. Мўминлар албатта биродарлар, икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинглар ва Аллоҳга тақво қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз. 11. Эй имон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, балки улар булардан яхшироқдир. Аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилишмасин), балки улар булардан яхшироқдир. Бир-бирингизни мазах қилманглар ва лақаб билан атаманглар. Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмон! Ким қайтмаса, айнан ўшалар ситамкорлардир. 12. Эй имон келтирганлар! Кўп гумондан четланинглар, чунки баъзи гумон гуноҳдир. Жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими? Буни ёмон кўрасизлар-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ албатта тавбаларни қабул қилувчидир, раҳмлидир. 13. Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишингиз учун сизларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Аллоҳнинг наздида энг ҳурматлигингиз тақводорингиздир. Аллоҳ билувчидир, хабардордир. 14. Аъробийлар «Имон келтирдик», дейишди. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Сизлар имон келтирганингиз йўқ, лекин «бўйсундик» денглар, ҳали имон қалбларингизга кирганича йўқ. Агар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилсангиз, У сизларга амалларингиздан ҳеч нарсани камайтирмайди. Аллоҳ албатта мағфиратлидир, раҳмлидир». 15. Ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар содиқдирлар. 16. (Эй Муҳаммад, аъробийларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳга динингизни билдирмоқчимисиз? Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлару Ердаги нарсани билади. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир». 17. Улар сизга Исломга кирганларини миннат қилишади. «Менга Исломингизни миннат қилманглар, балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизларни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айтинг. 18. Аллоҳ осмонлару Ернинг ғайбини албатта билади ва Аллоҳ қилмишларингизни кўриб турувчидир. 50. ҚОФ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 45 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Қоф. Улуғ Қуръонга қасам.
2. Ҳа, уларга ўзларидан огоҳлантирувчи келганидан ажабланишди ва кофирлар айтишди: «Бу ажиб нарса-ку; 3. ўлиб, тупроққа айланиб кетсак ҳамми? Бу (ақлдан) узоқ қайтишдир!» 4. Дарҳақиқат, уларни ер камайтираётганини билганмиз ва Бизнинг ҳузуримизда сақланган китоб бордир. 5. Балки, уларга ҳақ келганида уни ёлғонга чиқаришар? Улар изтиробли ишдадирлар. 6. Ахир улар тепаларидаги осмонни кўришмайдими? Уни қандай бино қилибмиз ҳамда зийнатлабмиз ва унинг ёриқлари ҳам йўқ! 7. Ерни эса ёйиб қўйдик, унга тоғларни ташладик ва унда турли гўзал жуфтларни ундирдик; 8. қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма қилиб. 9. Осмондан баракали сув ёғдириб, у билан боғ-роғларни ва ўриладиган донларни ўстирдик. 10. Ва шиғил мевали, новдалари узун хурмо (дарахт)ларни ҳам; 11. бандаларга ризқ қилиб. Ва у билан ўлган шаҳарни тирилтирдик. (Қабрдан тирилиб) чиқиш ҳам шундай бўлади. 12. Улардан олдин Нуҳ қавми, қудуқ эгалари ва Самуд ҳам ёлғончига чиқаришган. 13. Од ҳам, Фиръавн ҳам, Лутнинг «биродарлари» ҳам; 14. дарахтзор эгалари ҳам, Туббаъ қавми ҳам – барчалари пайғамбарларни ёлғончига чиқаришгач, ваъдам ҳақ бўлди. 15. Ахир, биринчи яратишга ожиз бўлдикми? Балки, улар янги яратилишдан шубҳададирлар. 16. Инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимага васваса қилишини ҳам биламиз ва Биз унга жон томиридан ҳам яқиндирмиз. 17. Ўнг ва чапда ўтирган ҳолларида икки қабул қилувчи; 18. у талаффуз қиладиган ҳар бир сўзни ёзиб борувчи фаришта ҳозиру нозирдир. 19. Ўлим талвасаси ҳақиқатан келди. (Эй инсон), мана шу сен қочиб юрган нарсадир. 20. Сур ҳам чалинди. Бу ваъда қилинган кундир. 21. Ҳар бир жон ҳайдовчи ва гувоҳлик берувчи билан бирга келади. 22. (Эй инсон), бундан албатта ғафлатда эдинг. Шунда сенинг пардангни очдик, энди бугун кўзинг ўткирдир. 23. Унинг «яқини»: «Мана бу ҳузуримда тайёр бўлган нарсадир», дейди. 24. Ҳар бир кофирни ва қайсарни дўзахга ташланг; 25. яна яхшиликни ман қилувчи, тажовузкор, шак келтирувчини; 26. Аллоҳ билан бошқа «илоҳ»ни шерик қилганни. Уни қаттиқ азобга ташланг! 27. Унинг «яқин»и: «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, балки унинг ўзи узоқ залолатда бўлди», дейди. 28. (Аллоҳ) айтади: «Менинг ҳузуримда тортишманглар, илгари сизларга таҳдид қилганман.
29. Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди ва Мен бандаларга ноҳақлик қилувчи ҳам эмасман!» 30. Ўша кунда дўзахга: «Тўлдингми?» деймиз ва у: «Яна қўшимча борми?» дейди. 31. Жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга келтирилди. 32. Бу сизларга – қайтувчига, сақловчига ваъда қилингандир; 33. Раҳмондан ғойибона қўрққан ва тавбакор қалб билан келганга ҳам. 34. «Унга омонликда кирингиз! Бу мангулик кунидир!». 35. Уларга у жойда хоҳлаганлари бор. Ҳузуримизда зиёдаси бор. 36. Улардан олдин кучли-қудратлироқ авлодлардан қанчасини ҳалок қилдик. Ўшалар «Нажот бормикин?» деб юртларни кезиб юришди. 37. Бунда албатта қалб эгасига ва ҳозир бўлиб қулоқ тутганга эслатма бордир. 38. Биз осмонлару Ерни ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда яратдик ва Бизга чарчоқ етмади. 39. (Эй Муҳаммад), уларнинг айтаётганларига сабр қилинг ҳамда қуёш чиқиши ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг. 40. Кечанинг бир қисмида ҳам Унга тасбеҳ айтинг ва саждалардан кейин ҳам. 41. Нидо қилувчи яқин жойдан нидо қилган Кунда қулоқ тутинг. 42. У Кунда ўша қичқириқни улар ҳақиқатан эшитадилар. Бу чиқиш Кунидир. 43. Албатта, Биз тирилтирамиз, ўлдирамиз ва қайтиш ҳам Бизгадир. 44. У Кунда устларидаги ер ёрилиб, шошиб чиқишади. Бу Бизга осон бўлган тўплашдир. 45. Биз уларнинг айтаётганларини яхши биламиз. (Эй Муҳаммад), сиз улар устида зўрловчи эмассиз. Бас, таҳдидимдан қўрққанларни Қуръон билан огоҳлантиринг. 51. ЗОРИЁТ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 60 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Чангитиб-тўзитувчиларга қасам. 2. Юк ташувчиларга қасам. 3. Осон юрувчиларга қасам. 4. Иш тақсимловчиларга қасам. 5. Сизларга ваъда қилинган нарса ростдир; 6. ва жазо-мукофот албатта юз берувчидир. 7. Йўллари бор осмонга қасам. 8. Албатта, сизлар ихтилофли сўз узрасиз. 9. Ундан бурилган кимса оғиб кетади. 10. Алжирайдиганлар ҳалок бўлсин!
11. Улар жаҳолатдаги ғофиллардир. 12. «Жазо куни қачон?» деб сўрашади. 13. Ўша уларнинг дўзахда азобланадиган кунидир. 14. «Азобингизни тотиб кўринг, сизлар ошиққан нарса шудир!» 15. Албатта, тақводорлар жаннатларда ва булоқлар узрададир; 16. Парвардигорлари берган нарсаларни олган ҳолларида. Чунки улар бундан олдин яхшилик қилувчи бўлишганди. 17. Улар кечалари оз ухлашарди. 18. Саҳарларда улар истиғфор айтишарди. 19. Ва мол-мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бор. 20. Ва аниқ ишонувчилар учун Ерда аломатлар бор. 21. Ва ўзларингизда ҳам бор, кўрмаяпсизларми?! 22. Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётганлар бор. 23. Осмон ва Ернинг Парвардигори билан қасамки, бу нутқ сўзлашингиз каби ҳақиқатдир. 24. (Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг мукаррам меҳмонлари хабари келдими? 25. Унинг ҳузурига киришганда: «Салом», дейишди. У: «Салом, нотаниш қавм», деди. 26. Ва аҳлига бориб, семиз бир бузоқни келтирди. 27. Уни уларга яқин суриб, «Емайсизларми?» деди. 28. Шунда улардан хавфсираган эди, улар: «Қўрқма», дейишди ва унга доно ўғил башоратини беришди. 29. Шунда хотини қичқирганча келди-да, ўз юзига уриб, «Туғмас кампирман-ку!» деди. 30. Улар: «Парвардигоринг шундай деди. Албатта Унинг Ўзигина ҳикматлидир, билувчидир», дейишди. 31. У: «Муддаоларингиз не, эй элчилар?!» деди. 32. Улар айтишди: «Биз жиноятчи қавмга юборилдик; 33. Улар устидан сопол тошларни ташлашимиз учун; 34. Парвардигоринг ҳузурида ҳаддидан ошганлар учун белги қўйилганларни». 35. У жойдаги мўминлардан бўлганларни чиқариб юбордик. 36. У ерда бир хонадондан бошқа мусулмонларни топмадик. 37. Аламли азобдан қўрқадиганлар учун у ерда аломатлар қолдирдик. 38. Ва Мусода ҳам. Уни Фиръавнга очиқ-ойдин ҳужжат билан юборганимизда; 39. у арконига ишониб, юз ўгирди ва: «У сеҳргар ёки мажнундир», деди. 40. Шунда уни, лашкарларини тутиб, денгизга отдик ва у маломатга лойиқ эди. 41. Ва Одда ҳам. Уларга қисир шамолни юборган эдик; 42. У нима нарсанинг устидан ўтса, чириган суяк каби қилмай қўймасди. 43. Ва Самудда ҳам. Уларга: «Вақтинчалик баҳраланиб туринглар», дейилганида;
44. Кибрланиб, Аллоҳнинг амрига саркашлик қилишганда анграйган ҳолларида уларни чақмоқ урди. 45. Шунда улар ўринларидан тура олишмади ва ёрдам берилмади ҳам. 46. Олдин Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок этганмиз), чунки улар фосиқ қавм эдилар. 47. Ва осмонни куч-қудрат билан бино қилдик ва шубҳасиз уни кенгайтирувчидирмиз; 48. ва Ерни тўшаб қўйдик, нақадар яхши тўшовчидирмиз! 49. Сизлар эслатма – ибрат олишларингиз учун ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик. 50. (Эй Муҳаммад, уларга айтинг): «Аллоҳга қочинглар. Албатта, мен сизларга Унинг тарафидан очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман; 51. ва Аллоҳга бошқа «илоҳ»ни шерик қилманглар. Албатта, мен сизларга Унинг тарафидан очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман». 52. Худди шунингдек, улардан аввалгиларга ҳам пайғамбар келса, улар ҳам уни сеҳргар ёки мажнун» дейишган. 53. Бир-бирларига васият қолдиришганмиди? Йўқ, улар туғёнга кетган қавмлардир! 54. (Эй Муҳаммад), улардан юз ўгиринг. Энди сиз маломатга қолмайсиз. 55. Эслатинг, зеро, эслатиш мўминларга манфаат беради. 56. Жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим. 57. Улардан ризқ истамайман ва Менга таом беришларини ҳам хоҳламайман. 58. Зеро, Аллоҳнинг Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, тоқатлидир. 59. Албатта, зулм қилганларга худди биродарлари насибасичалик насиба бор, Мени шоштирмай қўяқолишсин! 60. Кофир бўлганларга ваъда қилинаётган кунларида ҳалокат бўлсин. 52. ТУР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 49 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Турга қасам; 2. сатрланган китобга қасам; 3. ёзишга тайёрланган терига; 4. ва Байтул-маъмурга қасам; 5. ва кўтарилган шифтга қасам; 6. ва тўлдирилган денгизга қасам. 7. Парвардигорингизнинг азоби албатта бўлувчидир. 8. Уни қайтарувчи йўқдир. 9. У кунда осмон титраб, чайқалади. 10. Ва тоғлар ҳам сайр қилиб юради. 11. Ўша кунда ёлғонга чиқарувчиларга ҳалокат бўлсин!
12. Улар шўнғишиб ўйнайдиганлардир. 13. У Кунда улар дўзах оловига ҳайдалишади. 14. «Сизлар ёлғонга чиқарган дўзах шу бўлади; 15. бу сеҳрми ёки сизлар кўрмаяпсизларми; 16. унда куйинглар! Чидайсизларми, чидамайсизларми – сизларга энди барибир. Қилиб ўтган амалларингизнинг жазосини оласизлар, холос». 17. Тақводорлар жаннатларда, неъматлар ичидадир. 18. Парвардигорлари уларга берган нарсалардан ҳузурдадирлар. Парвардигорлари уларни дўзах азобидан сақлагандир. 19. «Енглар, ичинглар, ош бўлсин, бу қилган амалларингиз эвазигадир». 20. Улар қатор тизилган сўриларда ёнбошлаб ётишади. Ва уларни оҳукўз ҳурларга жуфтлаб қўямиз. 21. Ўзлари имон келтириб, зурриётлари уларга имон билан эргашганларга зурриётларини ҳам қўшамиз ва уларнинг амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир киши қилган амали билан гаровланган. 22. Ва уларни хоҳлаган мевалари ва гўштлари билан қувватлантирамиз. 23. Улар у жойда қадаҳларни бир-бирларига узатишади. Унда беҳуда гап ва гуноҳ йўқ. 24. Ва атрофларида садафдаги дурдек хизматкорлари айланиб юришади. 25. Улар бир-бирларига юзланиб, савол-жавоб қилишади: 26. «Ҳақиқатан, бизлар илгари аҳли-оиламиз орасида қўрқар эдик. 27. шунда Аллоҳ бизларга марҳамат қилди ва бизларни самум азобидан сақлади. 28. ҳақиқатан, бизлар илгари Унга дуо қилардик. Албатта, Ўзи яхшилик қилувчи ва меҳрибон Зотдир». 29. (Эй Муҳаммад), эслатма бераверинг, ахир Парвардигорингизнинг неъмати туфайли коҳин ҳам, мажнун ҳам эмассиз. 30. Балки, улар «у бир шоирдир, унга ўлим етишини кутамиз», дейишар? 31. Айтинг: «Кутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман». 32. Балки ақллари шунга буюраётгандир ёки улар туғёнга кетган қавммикин? 33. Балки «Уни ўзи тўқиган», дейишар? Йўқ, улар имон келтиришмайди. 34. Агар ростгўй бўлишса, унга ўхшаш бирор гап келтиришсин-чи! 35. Ёки улар Яратувчисиз ўзлари яралиб қолишганми ёки улар яратувчилармиди?! 36. Ёки улар осмонлар ва Ерни яратишганми?! Йўқ, улар имон келтиришмайди! 37. Ёки улар ҳузурида Парвардигорингизнинг хазиналари борми? Ёки улар бошқарувчиларми?
38. Балки уларнинг унга чиқиб эшитадиган нарвонлари бордир? У ҳолда ўша эшитувчилари аниқ ҳужжат келтиришсин! 39. Ёки қизлар Унгаю, ўғиллар сизларгами? 40. (Эй Муҳаммад), ёки сиз улардан ҳақ сўраяпсиз-у, улар тўловдан қийналишяптими? 41. Ёки ғайб уларнинг ҳузурида-ю, улар ёзиб олишяптими? 42. Балки ҳийла кўрсатишни хоҳлашаётгандир? У ҳолда ўша кофирларларнинг ўзлари «ҳийла»га учрашади. 43. Ёки уларнинг Аллоҳдан ўзга илоҳлари борми?! Аллоҳ уларнинг ширкларидан покдир. 44. Устларига осмоннинг бир парчаси тушаётганини кўриб ҳам «тўп- тўп булутлар-ку!» дейишади. 45. Уларни ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача қўйиб беринг! 46. У кунда уларнинг ҳийлалари ҳеч бир фойда бермайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди. 47. Албатта, золимларга бундан бошқа азоб ҳам бор, лекин уларнинг кўплари билишмайди. 48. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг ҳукмига сабр қилинг. Зотан, сиз албатта Бизнинг назоратимиздасиз, ўриндан турганингизда Парвардигорингизни поклаб ёд этинг! 49. Шунингдек, тунда ҳам ва юлдузлар ботганидан кейин ҳам Уни поклаб ёд этинг. 53. НАЖМ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 62 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ботаётган юлдузга қасам. 2. Соҳибингиз адашгани ҳам, йўлдан озгани ҳам йўқ. 3. У ҳаводан олиб сўзлаётгани йўқ; 4. у фақат тушириладиган ваҳийдир. 5. Унга буюк қувват эгаси таълим берди. 6. Донолик эгасидир, у тўғриланди. 7. У юксак уфқда эди. 8. Сўнгра яқинлашиб, пастлади. 9. Икки камон масофасича, ундан ҳам яқин бўлди. 10. У Зот бандасига нимани ваҳий қилган бўлса, етказди. 11. Қалб кўрганини ёлғонга чиқармади. 12. Ўзи кўрган нарсаси устида у билан тортишасизларми?! 13. Дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди; 14. «сидратул мунтаҳо» олдида. 15. Унинг ҳузурида маъво жаннати бор. 16. Ўшанда сидрани ўраган нарса ўраб олганди. 17. Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам.
18. Дарҳақиқат, у Парвардигорининг улкан мўъжизаларини кўрди. 19. Лот ва Уззони кўрдингизми; 20. яна учинчиси – Манотни-чи? 21. Сизларга эркагу, Унга аёлми? 22. У ҳолда бу нотўғри тақсим-ку! 23. Улар фақат сиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ улар ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширган эмас. (Мушрикларга) Парвардигорларидан ҳидоят келганига қарамай, гумонга ва ҳавойи нафсларига эргашишади, холос. 24. Ёки инсонга орзу қилгани бўлаверадими? 25. Зеро, охират ҳам, дунё ҳам Аллоҳникидир. 26. Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бор, уларнинг шафоати ҳам фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлганларга изн бермагунича фойдасиздир. 27. Дарвоқе, охиратга имон келтирмаганлар фаришталарни аёл номи билан аташади. 28. Ҳолбуки, бу ҳақда уларда ҳеч қандай билим йўқ. Улар гумонга эргашадилар, холос. Гумон эса асло ҳақиқат ўрнига ўтмайди. 29. (Эй Муҳаммад), Эслатмамиздан орқа ўгириб кетган, фақат дунё ҳаётини истаганлардан юз ўгиринг. 30. Уларнинг эришган илмлари мана шудир. Албатта, Парвардигорингиз Ўзининг йўлидан адашганларни яхши билувчидир ва У ҳидоятдагиларни ҳам яхши билувчидир. 31. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. У ёмонлик қилганларни амалига яраша жазолайди ва яхшилик қилганларни яхшилик ила мукофотлайди. 32. Улар кичик гуноҳлардан бошқа катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиганлардир. Парвардигорингиз албатта мағфирати кенг Зотдир. У сизларни тупроқдан пайдо қилганда ҳам, оналарингиз қорнида ҳомилалик чоғингизда ҳам яхши билувчидир. Шундай экан, ўзларингизни оқламай қўяқолинглар, У ким тақводор эканини яхши билувчидир. 33. (Эй Муҳаммад), юз ўгириб кетганни кўрдингизми; 34. озгина берди ва тўхтади. 35. Унинг ҳузурида ғайб илми бормидики, у кўра олса; 36. ёки Мусо саҳифаларидаги нарсалардан бехабарми; 37. ва вафодор Иброҳимнинг ҳамми? 38. ҳеч бир юкли ўзганинг юкини кўтармайди. 39. Инсон учун ўзи қилганигина бўлади. 40. Унинг саъй-ҳаракати албатта тезда кўринади. 41. Сўнгра у жазосини тўла олади. 42. Ва албатта интиҳо Парвардигорингиз ҳузуридадир. 43. Ва кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам албатта Удир. 44. Ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам албатта Удир. 45. Жуфтликни – эркак ва аёлни яратган ҳам Удир; 46. отилиб чиққан нутфадан. 47. Кейинги пайдо қилиш ҳам албатта Унинг зиммасидадир.
48. Ва беҳожат қилган ҳам, бадавлат қилган ҳам албатта Унинг Ўзидир. 49. Ва Шиъронинг Парвардигори ҳам албатта Унинг Ўзидир. 50. Ва биринчи Одни ҳалок қилган ҳам албатта Ўзидир. 51. Ва Самудни қолдирмаган ҳам Ўзидир. 52. Ва бундан олдин Нуҳ қавмини ҳам. Чунки улар ўта зулм ва туғёнга кетган эдилар. 53. Тўнтарилганни қулатган ҳам. 54. Ўшанда уни ўраган нарса ўраб олди. 55. (Эй инсон), энди Парвардигорингнинг қайси неъматларига шубҳа қиласан? 56. Бу ҳам аввалги огоҳлантирувчилардек бир огоҳлантирувчидир. 57. Яқинлашувчи яқинлашди. 58. Уни Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот қайтаролмас. 59. Ҳали бу Сўздан ажабланяпсизларми? 60. Йиғламасдан куляпсизларми? 61. Ғофиллик ҳолларингизда-я?! 62. Энди Аллоҳга сажда ва ибодат қилинглар. 54. ҚАМАР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 55 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Қиёмат яқинлашди ва ой бўлинди. 2. Агар кўришса, юз ўгиришади ва: «Бу ўткинчи сеҳр-ку!» дейишади. 3. Ва ёлғонга чиқардилар ҳамда нафслари хоҳишига эргашдилар. Ҳолбуки, ҳар бир иш муқаррардир. 4. Уларга огоҳлантириши бўлган хабарлар келган эди. 5. Етук ҳикмат бўлса-да, бу огоҳлантиришлар фойда бермади. 6. (Эй Муҳаммад), энди улардан юз ўгиринг! Чақирувчи хунук нарсага чақирадиган кунда; 7. кўзлари қўрқинчга тўлган ҳолда тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келишади. 8. Чақирувчи томонга шошиб боришаркан, кофирлар: «Бу қийин Кун-ку», дейишади. 9. Булардан олдин Нуҳ қавми ҳам ёлғончига чиқарган эди. Улар бандамизни ёлғончига чиқариб, «мажнун» дейишди ва унга тўсқинлик қилинди. 10. Шунда у Парвардигорига: «Мен мағлуб бўлдим, ёрдам бергин», деб дуо қилди. 11. Биз осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик; 12. ва ердан булоқларни отилтириб чиқардик. Шунда сувлар тақдир қилинган иш узра бирлашди. 13. Уни тахта ва михлардан ясалган нарсага кўтардик.
14. У «кўз ўнгимизда» инкор қилинган одамга мукофот ўлароқ юради. 15. Уни бир аломат қилиб қолдирдик. Қани, эслатма олувчи борми?! 16. Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?! 17. Дарҳақиқат, Қуръонни зикр учун осон қилдик. Ундан эслатма олувчи борми?! 18. Од ёлғончига чиқарди. Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди? 19. Биз давомли наҳс кунида улар устига даҳшатли бўронни юбордик. 20. У одамларни худди қўпорилган хурмо каби юлиб олади. 21. Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?! 22. Дарҳақиқат, Қуръонни зикр учун осон қилдик. Ундан эслатма олувчи борми?! 23. Самуд огоҳлантирувчиларни ёлғончига чиқарди. 24. Шунда улар айтишди: «Ўз орамиздаги бир одамга эргашамизми? Бу ҳолда ҳақиқатан адашган ва аҳмоқ-нодонлардан бўламиз-ку; 25. Бизларнинг орамиздан айнан шунга зикр нозил қилинибдими?! Йўқ, у ёлғончи ва кеккайгандир». 26. Улар эртага ким ёлғончи ва кеккайганлигини билиб олишади. 27. Биз уларни синаш учун туяни юборамиз. (Эй Солиҳ), сен уларни кузатиб ва сабр қилиб тур; 28. уларга сув ўрталарида тақсимлангани, ҳар бир ичишга ҳозир бўлиниши хабарини бер. 29. Шунда улар шерикларини чақиришган эди, у тутди-да, сўйиб юборди. 30. Шунда азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?! 31. Биз улар устига бир қичқириқ юборган эдик, улар қўранинг шох- шаббаларига ўхшаб қолишди. 32. Дарҳақиқат, Қуръонни зикр учун осон қилдик. Ундан эслатма олувчи борми?! 33. Лут қавми огоҳлантиришларни ёлғон деди. 34. Биз улар устига тошбўрон юбордик. Фақат Лут оиласига саҳарда нажот бердик; 35. бу Ўз тарафимиздан неъматдир. Шукр қилганларни мана шундай мукофотлаймиз. 36. Дарҳақиқат, Бизнинг ушлашимиздан уларни огоҳлантирган эди, аммо огоҳлантиришларга ишонишмади. 37. Улар меҳмонларини топширишини ундан сўрашди. Шунда кўзларини кўр қилдик. Менинг азобим ва огоҳлантиришларимни тотиб кўринглар! 38. Дарҳақиқат, уларни эрта тонгда давомли азоб тутди. 39. Энди Менинг азобим ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар! 40. Дарҳақиқат, Қуръонни зикр учун осон қилдик. Ундан эслатма олувчи борми?! 41. Дарҳақиқат, Фиръавн аъёнларига огоҳлантирувчилар келди.
42. Улар оятларимизнинг барчасини ёлғонга чиқаришганида уларни қудратли, ғолиб Зотнинг тутиши билан тутдик. 43. Кофирларингиз аввалгиларингиздан яхшироқми?! Ёки китобларда сизлар учун оқлов борми?! 44. Балки улар «Биз музаффар жамоамиз», дейишар? 45. Яқинда у жамоа енгилиб, ортларига қараб қочишади. 46. Балки уларга ваъда қилинган вақт қиёматдир. Қиёмат эса даҳшатлироқ ва аччиқроқдир. 47. Албатта, жиноятчилар адашувда ва ловуллаган оловдадир. 48. Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда: «Дўзах азобини тотиб кўринглар!» (дейилади). 49. Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратганмиз. 50. Фармонимиз биргина сўздир. Кўз юмиб-очгунча бўлади. 51. Дарҳақиқат, сизга ўхшаганларни ҳалок қилдик. Энди эслатма олувчи борми?! 52. Улар қилган ҳамма нарса битиклардадир. 53. Ҳар бир каттаю кичик нарса битилгандир. 54. Тақводорлар албатта боғлар ва анҳорлар ичидадирлар. 55. Қудратли Подшоҳнинг ҳузурида сиддиқлик мақомида бўлишади. АР-РАҲМОН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 78 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ар-Раҳмон; 2. Қуръонни ўргатди; 3. инсонни яратди; 4. унга баённи ўргатди. 5. Қуёш ва ой ҳисобдадир. 6. Ўт-ўлан ва дарахт сажда қилишади. 7. Осмонни баланд кўтарди ва мезонни ўрнатди; 8. тарозида ҳаддингиздан ошмаслигингиз учун. 9. Адолат билан ўлчанглар ва тарозидан уриб қолманглар. 10. Ерни жонзотлар учун қўйди. 11. Унда мева-чева ва ғунчали хурмо дарахтлари бор. 12. Яна сомонли донлар ва райҳонлар бор. 13. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 14. Инсонни сополсимон қуриган лойдан яратди. 15. Ва жинларни ўтнинг алангасидан яратди. 16. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 17. У икки машриқ ва икки мағрибнинг Парвардигоридир. 18. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
19. Икки денгизни учрашадиган қилиб оқизиб қўйди. 20. Ўрталарида тўсиқ; ошиб ўтолмайдилар. 21. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 22. У иккисидан дур ва маржон чиқади. 23. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 24. Денгизда баланд тоғлар каби сузиб юрувчилар ҳам Уникидир. 25. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 26. (Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. 27. Улуғлик ва икром эгаси Парвардигорингизнинг Ўзигина боқийдир. 28. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 29. Осмонлару Ердаги жонзотлар Ундан сўрашади. У ҳар куни фаолиятдадир. 30. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 31. Яқинда сизлар учун вақт топамиз, эй инсонлар ва жинлар! 32. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 33. Эй жин ва инсон жамоалари, агар сизлар осмонлару Ер чегараларидан чиқиб кетишга қодир бўлсангиз, чиқиб кетаверинглар. Фақат қувват билангина чиқиб кета олурсизлар. 34. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 35. Устингизга ўтнинг алангаси ва қуюқ тутун юборилади, ундан қутула олмайсизлар. 36. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 37. Осмон ёрилиб, қиздирилган мой каби бўлади. 38. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 39. Ўша Кунда инсонлар ҳам, жинлар ҳам гуноҳидан сўралмайди. 40. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 41. Гуноҳкорлар аломатидан танилиб туради ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилади. 42. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 43. «Гуноҳкорлар ёлғонга чиқараётган дўзах мана шудир!» 44. Улар ўша билан ўта қайноқ сув ўртасида айланиб туришади. 45. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
46. Парвардигори (ҳузурида) туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор. 47. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 48. Улар шох-новдалидир. 49. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 50. У иккисида икки оқар булоқ бор. 51. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 52. У иккисида барча мевадан жуфт нав бор. 53. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 54. Астарлари қалин ипак кўрпачалар узра ёнбошлаган ва икки жаннат мевалари яқин ҳолда бўлишади. 55. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 56. Уларда нигоҳларини тийган, аввалда инс ҳам, жин ҳам тегмаганлар бор. 57. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 58. Улар гўё ёқут ва маржондай. 59. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 60. Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир. 61. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 62. У иккисидан қуйироқда яна икки жаннат бор. 63. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 64. Иккиси тўқ яшилдир. 65. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 66. У иккисида отилиб турувчи икки булоқ бор. 67. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 68. Икковларида мева-чева, хурмо ва анорлар бор. 69. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 70. Уларда хушхулқ, гўзаллар бор. 71. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 72. Чодирларда асралган ҳурлар бор. 73. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 74. Илгари уларга инсон ҳам, жин ҳам тегмаган.
75. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 76. Яшил болишларга ва гўзал гиламлар узра ёнбошлаган ҳолдадирлар. 77. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? 78. Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш Парвардигорингнинг исми баракотли, улуғ бўлди. 56. ВОҚЕА СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 96 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Воқеа воқеъ бўлганида; 2. унинг воқеълигини ёлғонга чиқарувчи йўқдир. 3. У пастлатувчидир, кўтарувчидир. 4. Ер қаттиқ ларзага келтирилганда; 5. ва тоғлар титилиб кетганда; 6. чанг-тўзонга айланганда; 7. сизлар уч тоифа бўласизлар; 8. ўнг томон эгаларидир, ўнг томон эгалари кимлар? 9. ва чап томон эгаларидир – чап томон эгалари кимлар? 10. пэшқадамлар, пешқадамлар; 11. улар яқиндирлар; 12. неъмат жаннатларидадир. 13. Аввалгилардан кўпчилик; 14. ва охиргилардан озчилик; 15. тўқима сўриларда; 16. улар устида ёнбошлаган, юзма-юз ҳолда; 17. атрофларида мангу ёш йигитчалар айланиб юришади; 18. оқар чашма майи тўла қадаҳ, кўза ва косалар билан. 19. Ундан бош оғриғи ҳам, маст ҳам бўлишмайди. 20. Ва хоҳлаган меваларни олишади; 21. Иштаҳалари тортган қуш гўштини ҳам. 22. Яна оҳукўз ҳурлар бор; 23. мисоли яширилган марварид каби. 24. Қилиб юрган амалларининг мукофотидир. 25. Улар унда беҳуда, гуноҳ(сўз)ни эшитишмайди. 26. «Салом, Салом!» деган сўз мустасно. 27. Ўнг томон эгалари; ўнг томон эгалари недир? 28. Улар тикансиз сидрзорлардадир; 29. сермева бананзорлардадир; 30. ва ёйиқ соялардадир; 31. ва оқар сувлардадир; 32. ва сероб мевалардадир;
33. тугамайдиган ва ман қилинмайдиган; 34. баланд тўшалган кўрпачалардадир. 35. Биз уларни дафъатан яратдик. 36. уларни бокиралар қилдик – 37. тенгқур маҳбубалардир; 38. ўнг тараф эгалари учундир. 39. Аввалгилардан ҳам кўпчилик; 40. кейингилардан ҳам кўпчиликдир. 41. Ва чап томон эгалари – чап томон эгалари недир?! 42. Самум ва қайноқ сувдадир. 43. Қора тутун соясидадирлар; 44. на салқин, ва на фойдали. 45. Улар бундан олдин маишатпараст эдилар. 46. Ва улкан гуноҳда қатъий эдилар. 47. Ва айтишарди: «Биз ўлиб, тупроқ ва суякка айлансак ҳам қайта тирилтириламизми? 48. ўтган ота-боболаримиз ҳамми?» 49. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Албатта, аввалгилар ҳам, охиргилар ҳам; 50. маълум куни, белгиланган вақтда албатта тўпланувчилардир». 51. Сўнгра сизлар, эй ёлғонга чиқарувчи гумроҳлар; 52. албатта заққум дарахтидан ейсизлар; 53. ундан қоринларни тўлдирасизлар. 54. Сўнг устидан қайноқ сувдан ичасизлар. 55. ташна туялар каби ичасизлар. 56. Уларнинг қиёмат кунидаги «зиёфат»лари мана шу! 57. (Эй инсонлар), сизларни Биз яратганмиз, ишонмайсизларми! 58. Ўзингиз тўкадиган манийни ўйлаб кўрмайсизми?! 59. Уни сизлар яратасизми ёки Биз яратувчимизми?! 60. Ораларингиздаги ўлимни Биз белгилаганмиз ва Биз ожиз эмасмиз; 61. сизларга ўхшашларни алмаштириб қўйишга ва сизларни ўзларингиз билмайдиган ҳолда яратишга ҳам. 62. Сизлар илк яратилишингизни билдингиз-ку, эсламайсизларми?! 63. Экадиган нарсаларингизни ўйлаб кўрмайсизларми; 64. уни сизлар ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми? 65. Агар хоҳласак, уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлар эдик. Сизлар эса ажабланганча қолиб: 66. «бизлар зиён кўрувчилармиз; 67. балки маҳрумдирмиз» (дер эдинглар). 68. Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а; 69. уни булутлардан сизлар туширасизми ёки Биз туширувчимизми? 70. Агар хоҳласак, уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи! 71. Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўрдингизми?! 72. Унинг дарахтини сизлар пайдо қиласизларми ёки Биз пайдо қилувчимизми?
73. Биз уни бир эслатма ва йўловчилар учун фойдали қилиб қўйдик. 74. (Эй Муҳаммад), улуғ Парвардигорингизнинг номини поклаб ёд этинг! 75. Юлдузларнинг ботиш жойига қасам; 76. агар билсанглар, бу буюк қасамдир. 77. Албатта у Қуръони каримдир. 78. У сақланган Китобдадир. 79. Уни покланганларгина ушлайди. 80. Оламлар Парвардигоридан нозил қилингандир. 81. (Эй куфр аҳли), сизлар мана шу Сўзга бепарволик қиляпсизларми? 82. Ва ёлғонга чиқаришни ўзингизга ризқ санаяпсизларми? 83. Жон ҳалқумга келганида-чи; 84. Ҳолбуки, ўша вақтда қараб тураверасизлар. 85. Биз унга сизлардан кўра яқинмиз, аммо сизлар кўрмайсизлар. 86. Қани, энди ҳисоб бермайдиган бўлсанглар; 87. уни ўрнига қайтаринглар-чи, агар ростгўй бўлсангиз. 88. Агар у муқарраблардан бўлса; 89. роҳат-фароғатда ва Наъим жаннатидадир. 90. Агар у ўнг тараф эгаларидан бўлса; 91. шунда «Сенга ўнг тараф эгаларидан салом бўлсин». 92. Ва агар ёлғон деювчи гумроҳлардан бўлса; 93. унда қайноқ сувдан «зиёфат»; 94. ва дўзахда куйиш бордир. 95. Албатта, бу аниқ ҳақиқатдир. 96. Буюк Парвардигорингизнинг исмини поклаб ёд этинг! 57. ҲАДИД СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 29 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтади. У қудратлидир, ҳикматлидир. 2. Осмонлару Ернинг подшоҳлиги Уникидир. У тирилтиради ва ўлдиради. У ҳамма нарсага қодирдир. 3. У Аввалдир, Охирдир, Зоҳирдир, Ботиндир ва У ҳамма нарсани билувчидир. 4. У осмонлару Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима кўтарилганини ҳам билади. Қаерда бўлсангиз ҳам, У сиз билан бирга, Аллоҳ нима амал қилаётганингизни кўриб турувчидир. 5. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Уникидир ва барча ишлар Аллоҳгагина қайтарилади.
6. Кечани кундузга киритади, кундузни тунга киритади ва У диллардаги сирларни ҳам билувчидир. 7. (Эй инсонлар), Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига имон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Зеро, сизлардан имон келтирган ва нафақа қилганларга улуғ мукофот бордир. 8. Сизларга не бўлдики, Аллоҳга имон келтирмайсизлар? Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Парвардигорингизга имон келтиришга чақириб турибди. Агар ишонувчи бўлсангизлар, У сизлардан аҳду паймон олган эди. 9. У сизларни зулматлардан нурга олиб чиқиши учун Ўз бандасига аниқ оятларни нозил қилади. Ҳақиқатан Аллоҳ сизларга шафқатлидир, раҳмлидир. 10. Сизларга не бўлдики, Аллоҳ йўлида эҳсон қилмайсизлар? Ҳолбуки, осмонлару Ернинг мероси Аллоҳникидир. Сизлардан ҳеч ким фатҳдан олдин эҳсон қилганларга ва урушганларга баробар бўла олмайди. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилган ва урушганлардан кўра баландроқдир. Аллоҳ барчаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 11. Аллоҳга «қарзи ҳасана» берадиган киши борми?! (У Зот) унга икки ҳисса кўпайтириб қайтаради ва унга улуғ мукофот бор. 12. Мўмин ва мўминаларнинг олдлари ва ўнг тарафларида нурлари юраётганини кўрган Кунингизда: «Остларидан анҳорлар оқиб турувчи, мангу қолинадиган жаннатлар сизларга бугунги Куннинг хушхабаридир, ана шу улкан ютуқдир», (дейилади). 13. Ўша куни мунофиқ ва мунофиқалар имонлиларга: «Тўхтаб туринглар, биз ҳам нурингиздан озгина олайлик» дейишса, уларга: «Ортингизга қайтиб нур қидиринглар» дейилади. Сўнгра улар ўртасига дарвозали девор урилади: унинг ичида раҳмат, ташқарисида эса азоб бўлади. 14. (Мунофиқлар) уларга: «Биз сизлар билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилишганида улар айтишади: «Ҳа, лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунича ўзингизни фитнага солдингиз, кўз тутдингиз, шубҳаландингиз ва хомхаёллар сизларни алдади. Сизларни алдоқчи Аллоҳ хусусида алдаб қўйди. 15. Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмайди. Жойингиз дўзахдир, у сизга муносибдир. Бу қандайин ёмон оқибатдир!». 16. имон келтирганлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа мойил бўлиш, илгари китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан диллари қотиб кетганларга ўхшамаслик вақти келмадими?! Уларнинг кўплари фосиқдирлар. 17. (Эй мўминлар), билингларки, албатта Аллоҳ «ўлган» ерни тирилтиради. Тушунишларингиз учун сизларга оятларни шу тариқа баён қилдик. 18. Албатта, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар ҳамда Аллоҳга «қарзи ҳасан» берувчиларга икки ҳисса кўпайтириб берилади ва уларга улуғ мукофот бор.
19. Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирганлар – айни ўшалар Парвардигорлари ҳузурида сиддиқлар ва шоҳидлардир. Уларга мукофотлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар – айни ўшалар дўзах эгаларидир. 20. Билингизки, бу дунё ҳаёти ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўзаро фахрланиш, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришга интилиш, холос. У худди кофирларни таажжубга солиб экин ундирган ёмғирга ўхшайди. Кейин қарабсизки, у қуриб, сарғаяди, сўнгра хор-хашакка айланиб кетади. Охиратда эса қаттиқ азоб, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир. 21. (Эй инсонлар), Парвардигорингизнинг мағфиратига ҳамда Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирганлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмону Ернинг кенглигича бўлган жаннатга шошилинглар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. 22. Хоҳ заминга, хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан олдин у Китобда бўлади. Албатта, бу Аллоҳга осондир. 23. Токи сизлардан кетган нарсаларга қайғурмагайсизлар ва сизларга келган нарсадан ҳовлиқиб кетмагайсизлар. Аллоҳ ҳар қандай димоғдор ва мақтанчоқни севмайди. 24. Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахилликка буюрадиганлардир. Ким юз ўгиргудай бўлса, албатта, Аллоҳнинг Ўзи беҳожатдир, мақталгандир. 25. Биз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжатлар билан юбордик ва одамлар адолатда туришлари учун улар билан Китоб ҳамда мезон туширдик. Яна темирни ҳам туширдик – унда куч-қувват ва одамлар учун фойдалар бор. Бу Аллоҳ Ўзига ва пайғамбарларига ғойибона ёрдам берадиганларни билиши учундир. Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир. 26. Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда икковининг авлодларига нубувват ва китобни бериб қўйдик. Улар орасида ҳидоят топганлари бор, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир. 27. Сўнгра улар ортидан пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганлар қалбига шафқат ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олишди. Буни уларга фарз қилмаган эдик, ўзлари Аллоҳнинг розилигини истабгина қилдилар-у, лекин ҳақиқий риоясини қила олишмади. Шунда улардан имон келтирганларига мукофотларини бердик, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир. 28. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига имон келтиринглар. У раҳматидан сизларга икки ҳисса беради ва юришингиз учун нур пайдо қилади ҳамда сизларни мағфират этади. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 29. Бу, Аҳли китобларнинг Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир бўлолмасликларини, албатта фазл Аллоҳнинг «қўл»ида бўлиб, уни хоҳлаган кишига беришини билишлари учундир. Аллоҳ буюк фазл эгасидир.
58. МУЖОДАЛА СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 22 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ икковингизнинг суҳбатингизни ҳам эшитди. Аллоҳ албатта эшитувчидир, кўриб турувчидир. 2. Ораларингиздаги ўз хотинларини «зиҳор» қиладиганларга улар оналари эмасдир, фақат уларни туққанларгина уларнинг оналаридир. Улар ҳақиқатан сўзнинг бемаъниси ва ёлғонини айтишади. Аллоҳ афв этувчидир, кечирувчидир. 3. Хотинларини зиҳор қилиб, сўнг айтганларидан қайтувчилар қўшилишларидан олдин бир қулни озод қилишсин. Бу сизларга қилинган насиҳатдир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 4. Ким тополмаса, қўшилмасдан олдин икки ой пайдар-пай рўза тутсин. Ким қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдирсин. Бу сизларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиришингиз учундир. Булар Аллоҳнинг чегараларидир. Кофирларга эса аламли азоб бордир. 5. Албатта, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилувчилар ўзларидан олдингилар хор бўлганларидек хор бўлишади. Дарвоқе, Биз аниқ оятларни нозил қилиб қўйганмиз, кофирларга эса хорловчи азоб бор. 6. Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган Кунда қилган амалларининг хабарини беради. Буларни Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутишган. Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳдир. 7. Аллоҳ осмонлару Ердаги ҳамма нарсани билишини англамадингизми? Агар уч кишининг махфий суҳбати бўлса, албатта тўртинчиси Удир. Беш кишининг ҳам олтинчиси Удир. Бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлишса ҳам албатта Аллоҳ улар биландир. Сўнг қиёмат куни уларга қилган амалларининг хабарини беради. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 8. (Эй Муҳаммад), махфий сўзлашишдан қайтарилганларни кўрмадингизми?! Ман этилган ишга яна қайтишади, гуноҳ, душманлик ва Пайғамбарга итоатсизлик қилишда махфий суҳбат қуришади. Ҳузурингизга келишганида эса сизга бир ибора билан салом беришадики, Аллоҳ сизга ўша билан салом бермаган эди. Яна ўзларича: «Нега бу гапимиз учун Аллоҳ бизларни азобламаяпти?» дейишади. Уларга ўзлари кирадиган дўзах етарлидир. У қандайин ёмон жой! 9. Эй имон келтирганлар! Сизлар ўзаро махфий суҳбат қилсангиз, гуноҳ, адоват ва Пайғамбарга итоатсиз бўлиш хусусида махфий суҳбатлашманглар, яхшилик ва тақво хусусида махфий суҳбат қилинглар ва Ҳузурига тўпланиладиган Зот – Аллоҳдан қўрқинглар. 10. Ўзаро махфий суҳбатлашиш шайтондан бўлиб, имонлиларни ғамгин қилиш учундир, у Аллоҳнинг изнисиз уларга сира зарар етказа олмайди. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар.
11. Эй имон келтирганлар! Агар мажлисларда сизларга «жой беринг» дейилса, жой беринглар, Аллоҳ сизларга ҳам жой беради. Агар «туринг» дейилса, туринглар. Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни, хусусан, илм берилганларни даражаларга кўтаради. Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир. 12. Эй имон келтирганлар! Агар Пайғамбар билан махфий суҳбат қилмоқчи бўлсанглар, махфий суҳбатингиздан олдин садақа беринглар. Бу ўзларингиз учун яхшироқ ва покизароқдир. Агар топа олмасанглар, у ҳолда Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 13. Махфий суҳбатингиздан олдин садақа беришингиздан қўрқдингизми? Агар бера олмаган бўлсанглар, Аллоҳ афв қилганидан кейин намозни тўкис адо этинглар ва закотни беринглар. Ва Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 14. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмни дўст тутганларни кўрмайсизми? Улар сизлардан ҳам, улардан ҳам эмасдир. Яна билиб туриб, ёлғон қасам ичишади. 15. Аллоҳ улар учун қаттиқ азобни тайёрлаб қўйган. Дарҳақиқат, уларнинг қилаётган ишлари жуда ёмондир! 16. Улар қасамларини ўзларига қалқон қилиб олиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Уларга хорловчи азоб бордир! 17. Уларнинг мол-дунёси ҳам, фарзандлари ҳам Аллоҳ азобидан ҳеч нарсани қайтара олмайди. Улар дўзах эгаларидир, улар унда мангу қолишади. 18. Аллоҳ уларнинг барчасини қайта тирилтирадиган Кунда улар худди сизларга қасам ичаётганларидек Унга ҳам қасам ичишади ва бирор нарсага эришамиз, деб ўйлашади. Огоҳ бўлингки, уларгина айнан ёлғончидирлар. 19. Шайтон уларни эгаллаб олган ва уларга Аллоҳнинг зикрини унуттирган. Ана ўшалар шайтоннинг гуруҳидир. Огоҳ бўлингки, шайтоннинг гуруҳи албатта зиён кўрувчилардир. 20. Албатта, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилувчилар ниҳоятда хор бўлувчилардир. 21. Аллоҳ: «Албатта, Мен ва пайғамбарларим ғолиб бўлажакмиз», деб ёзиб қўйган. Албатта, Аллоҳ кучлидир, қудратлидир. 22. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган қавмнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилувчиларга – гарчи улар ўз оталари ёки фарзандлари ёки ака-укалари ёки қариндош-уруғлари бўлса ҳам, дўстлашаётганларини кўрмайсиз. Айнан ўшаларнинг қалбларида имонни собит қилган ва уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллаган. Уларни остларидан анҳорлар оқиб турган, унда мангу қолинадиган жаннатларга киритади. Аллоҳ улардан рози, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлишади. Айнан ўшалар Аллоҳнинг гуруҳидир. Огоҳ бўлингларки, Аллоҳнинг гуруҳигина албатта нажот топувчидир. 59. ҲАШР СУРАСИ
Мадинада нозил бўлган, 24 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этади. У қудратлидир, ҳикматлидир. 2. У аҳли китоблардан кофир бўлганларини биринчи «тўплаш»даёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган Зотдир. (Эй мўминлар), сизлар уларнинг чиқиб кетишларини ўйламаган ҳам эдингиз. Ўзлари ҳам қалъаларини Аллоҳдан тўсиб қолади, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан келди ва уларнинг қалбига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошлашди. Эй ақл эгалари, бундан ибрат олинглар! 3. Агар Аллоҳ уларга кўчиришни ёзмаганда уларни шу дунёдаёқ азоблаган бўларди. Уларга охиратда дўзах азоби ҳам бордир. 4. Бу уларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши чиққанлари учундир. Ким Аллоҳга қарши чиқса, Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир. 5. (Эй имон келтирганлар), сизлар хурмоларни кесасизларми ёки жойида қолдирасизларми, бу фақат Аллоҳнинг изни билан ва фосиқларни шарманда қилиш учун бўлди. 6. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаганлар устидан ҳукмрон қилиб қўяди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 7. Аллоҳ шаҳар-қишлоқ аҳлидан Ўз Пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар сизлардан бойларингиз орасидагина айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун Аллоҳга, Унинг Расулига ва унинг қариндошларига, етимлар, мискинлар ва йўқсил мусофирларгадир. Пайғамбар сизларга етказган нарсага амал қилинглар, сизларни қайтарган нарсадан сақланинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳнинг жазоси албатта қаттиқдир. 8. Яна ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва Унинг розилигини тилайдиган ҳамда Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир. 9. Улардан олдин бу диёрда яшаган ва имонини сақлаганлар эса ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севишади ҳамда уларга берилган нарсаларга дилларида ҳасад сезишмайди. Ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзгаларни ихтиёр қилишади. Ким нафсининг ҳирсидан сақланса, ўшалар зафар топувчидир. 10. Улардан кейин келганлар айтишади: «Парвардигоро, бизларни ва бизлардан олдин имон билан ўтганларни мағфират қилгин, имон келтирганларга нисбатан қалбимизда нафрат пайдо қилма! Парвардигоро, Сен шафқатлисан, раҳмлисан». 11. (Эй Муҳаммад), нифоқ қилганларнинг аҳли китобдан бўлмиш кофир биродарларига: «Қасамки, агар сизлар чиқарилсангиз, бизлар ҳам сизлар билан чиқиб кетамиз, сизлар хусусингизда ҳеч қачон ҳеч кимга итоат
этмаймиз. Мабодо сизларга уруш қилинса, биз албатта ёрдам берамиз» дейишларини кўрмайсизми? Аллоҳ уларнинг ёлғончилигига гувоҳлик беради. 12. Агар улар қувиб чиқарилишса, улар билан бирга чиқиб кетишмайди. Қасамки, агар уларга уруш қилинса, ёрдам беришмайди. Борди- ю ёрдам берганларида ҳам ортларига қараб қочишади, сўнг уларга ёрдам берилмайди. 13. (Эй мўминлар), уларнинг дилларига Аллоҳдан кўра сизлар қўрқинчлироқсиз. Бу, уларнинг англамайдиган қавм эканидандир. 14. Улар сизларга қарши чиқолмай, фақат қалъалик қишлоқлар ёки деворлар ортида уруш қила олишади. Ўз ораларидагина адоватлари қаттиқдир. Уларни бир деб ўйлайсизу диллари бошқа-бошқадир. Бу, уларнинг ақлсиз қавм эканидандир. 15. Бу худди улардан озгина олдин ўтган, қилмишларининг уқубатига қолганларга ўхшашдир. Уларга аламли азоб бордир. 16. Улар шайтон кабидирлар, у инсонга «кофир бўл» дейди, кофир бўлгач эса: «Мен сендан безорман, мен оламлар Парвардигори – Аллоҳдан қўрқаман», дейди. 17. Иккисининг ҳам оқибати бир – дўзахга тушади ва у ерда мангу қолади. Бу золимларнинг жазосидир. 18. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар жон эртанги кун учун нима тақдим қилганига қарасин. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир. 19. Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У Зот уларга ўзларини унуттирди. Ана ўшалар фосиқлардир. 20. Дўзах эгалари ва жаннат эгалари баробар бўлмайди. Жаннатийлар ютуққа эришувчилардир. 21. Агар ушбу Қуръонни бирор тоққа нозил қилганимизда унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кўрган бўлардингиз. Биз бу мисолларни одамларга шояд фикр юритишса деб келтиряпмиз. 22. У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир, яширинни ҳам, ошкорни ҳам билувчидир. У меҳрибондир, раҳмлидир. 23. У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Мўминдир, Муҳайминдир, Азиздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир. 24. У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусаввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару Ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этади. У қудратлидир, ҳикматлидир. 60. МУМТАҲАНА СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 13 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй имон келтирганлар! Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманингиз бўлганларни дўст тутманглар. Сизлар уларга дўстлик хабарини
юборасизлар, улар эса сизларга келган ҳаққа куфр келтиришади. Парвардигорингиз Аллоҳга имон келтирганингиз учун Пайғамбарни ва сизларни ҳайдаб чиқаришади. Менинг йўлимда жиҳод қилиб ва розилигимни истаб чиққан бўлсангиз-да, уларга пинҳона дўстлик қиласизлар. Ҳолбуки, нимани яшираётганингизнию, нимани ошкор қилганингизни яхши биламан. Сизлардан ким буни қилса, ҳақиқатан тўғри йўлдан адашибди. 2. Агар улар сизлардан устун келишса, сизларга душман бўлишади ва сизларга ёмонлик билан қўлларию тилларини чўзишади. Яна улар сизларнинг кофир бўлишингизни хоҳлашди. 3. Қиёмат куни қариндошларингиз ва фарзандларингиз сизларга ҳаргиз фойда бера олишмайди ва У ораларингизни ажратиб қўяди. Аллоҳ қилмишларингизни кўриб турувчидир. 4. Сизларга Иброҳимда ва у билан бирга бўлганларда гўзал намуна бор. Улар ўз қавмига: «Бизнинг сизларга ва Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингизга алоқамиз йўқ, сизларни инкор қилдик, энди то ягона Аллоҳга имон келтирмагунингизча сизлар билан бизнинг орамизда доимий адоват ва нафрат пайдо бўлди», дейишди. Аммо Иброҳимнинг отасига айтган «Сен учун мағфират сўрайман, аммо Аллоҳдан бўладиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман» деган сўзи мустасно. «Парвардигоримиз, Сенгагина таваккул қилдик, Сенгагина тавбалар қилдик ва қайтиб бориш фақат Сенгадир». 5. «Парвардигоримиз, бизларни кофирларга фитна қилиб қўймагин ва бизларни мағфират қил. Парвардигоримиз, Сен қудратлисан, ҳикматлисан». 6. Дарҳақиқат, Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умидвор бўлганлар учун уларда гўзал намуна бордир. Ким юз ўгириб кетса, Аллоҳ беҳожатдир, мақталгандир. 7. Ажаб эмаски, Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилса! Аллоҳ ўта қодирдир ва Аллоҳ кечирувчидир, раҳмлидир. 8. Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик қилишдан ва адолатли бўлишдан Аллоҳ сизларни қайтармайди. Аллоҳ адолат қилувчиларни албатта яхши кўради. 9. Сизлар билан дин борасида урушган, сизларни диёрингиздан қувиб чиқарган ва чиқарилишингизга ёрдам берганларнигина дўст тутишдан Аллоҳ қайтаради. Ким улар билан дўстлашса, айнан ўшаларгина золимлардир. 10. Эй имон келтирганлар! Сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келишса, уларни имтиҳон қилинглар. Аллоҳ уларнинг имонларини яхши билади. Агар уларнинг мўминалигини билсангиз, уларни кофирларга қайтариб юборманг, булар уларга ҳалол эмас ва улар ҳам буларга ҳалол эмас. Уларга сарфлаганларини (эрларига) қайтаринглар. Агар маҳрларини бериб, уларни никоҳингизга олсангиз, сизларга гуноҳ бўлмайди. Сизлар ҳам кофираларни ушлаб турманглар. Берган маҳрларингизни талаб қилинглар,
улар ҳам сарфлаганларини талаб қилишсин. Бу сизларга Аллоҳнинг ҳукмидир, У ораларингизда ҳукм қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир. 11. Агар аёлларингиздан бирортаси кофирларга ўтиб кетса, улар билан урушда туширилган ўлжадан хотинлари кетиб қолганларга уларнинг харажати миқдорини беринглар. Ўзлариингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар. 12. Эй Пайғамбар! Агар мўминалар олдингизга келиб, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини ўлдирмаслик, қўл ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва бирор яхши ишда исён қилмасликка сизга байъат беришса, уларнинг байъатларини олинг ва Аллоҳдан уларга мағфират сўранг. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 13. Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмни дўст тутманглар. Кофирлар қабр эгаларидан умид узганлари каби улар ҳам охиратдан ноумид бўлишган. 61. САФ СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 14 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмонлардаги ва Ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтишади. У қудратлидир, ҳикматлидир. 2. Эй имон келтирганлар! Сизлар нега қилмайдиган нарсангизни гапирасизлар? 3. Қилмайдиган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳ ҳузурида қаттиқ нафратлидир. 4. Албатта, Аллоҳ Ўз йўлида худди туташ бинолардек саф тортиб уруш қиладиганларни яхши кўради. 5. Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, мен Аллоҳнинг пайғамбари эканимни билатуриб, нега менга озор берасизлар?» деганини эсланг. Улар оғишган эди, Аллоҳ уларнинг дилларини оғдирди. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмайди. 6. Исо ибн Марямнинг «Эй Бани Исроил! Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлаш, ўзимдан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган пайғамбардирман» деганини эсланг. Уларга ҳужжатларни келтирганда эса: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди. 7. Исломга даъват қилинаётганида Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмайди. 8. Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлишади. Гарчи кофирлар ёқтиришмаса ҳам Аллоҳ Ўз нурини камолга етказувчидир. 9. У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтиришмаса ҳам уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир. 10. Эй имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган «тижорат»га далолат қилайми?
11. Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Агар билсангиз, ана шу сизлар учун яхшидир. 12. Гуноҳларингизни кечиради ва сизларни остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга ва Адн жаннатидаги покиза масканларга киритади. Мана шу улкан ютуқдир. 13. Яна сизлар яхши кўрадиган бошқаси ҳам борки, бу Аллоҳдан бўлажак нусрат ва яқин фатҳдир. (Эй Муҳаммад), мўминларга хушхабар беринг. 14. Эй имон келтирганлар, Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинглар! Исо ибн Марям ҳаворийларга: «Кимлар Аллоҳ учун менинг ёрдамчиларим бўлади?» деганида ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз», дейишди. Шунда Бани Исроилдан бир тоифа имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Биз имон келтирганларга уларнинг душманларига қарши ёрдам бердик ва улар устун бўлишди. 62. ЖУМЪА СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 11 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмонлардаги ва Ердаги нарсалар барча нарсанинг эгаси, айблардан холи, қудратли, ҳикматли Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтади. 2. У уммийларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар. 3. Ва ҳозирча уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. У қудратлидир, ҳикматлидир. 4. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир. 5. Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар устига китоб юкланган эшакка ўхшашади. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандайин ёмон! Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмайди. 6. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй яҳудий бўлганлар, агар сизлар бошқаларни эмас, фақат ўзларингизни «Аллоҳнинг дўстлари» деб даъво қилсангиз, агар бу рост бўлса, унда ўлимни орзу қилақолинглар». 7. Улар қўллари қилиб қўйганлари сабабли ҳеч қачон уни орзу қилишолмайди. Аллоҳ золимларни билувчидир. 8. Айтинг: «Сизлар қочаётган ўлим албатта сизларга йўлиқувчидир. Сўнгра яширин ва ошкорни Билувчига қайтарилурсиз. Шунда сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини беради». 9. Эй имон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тўхтатинглар. Агар билсанглар, мана шу ўзларингиз учун яхшидир.
10. Намоз адо қилингач Ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлидан истайверинглар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шояд нажот топсанглар. 11. (Эй Муҳаммад), улар тижорат ёки ўйин-кулгини кўриб қолишса, ўша ёққа ёпирилишади ва сизни тик турган ҳолингизда тарк этишади. Сиз: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўйин-кулгидан ва тижоратдан яхшидир ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир», деб айтинг. 63. МУНОФИҚУН СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 11 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад), мунофиқлар ҳузурингизга келиб, «Гувоҳлик берамизки, сиз албатта Аллоҳнинг Пайғамбарисиз», дейишади. Ҳолбуки, сиз Унинг Пайғамбари эканингизни Аллоҳ албатта билади ва Аллоҳ гувоҳлик берадики, мунофиқлар албатта ёлғончидирлар. 2. Қасамларини қалқон қилиб олиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Уларнинг қилаётган ишлари нақадар ёмондир! 3. Бунга сабаб, уларнинг имон келтириб, сўнгра кофир бўлганларидир. Шунда диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар англай олишмайди. 4. Қачон уларни кўрсангиз, қиёфалари сизни ажаблантиради ва агар гапиришса, сўзларига қулоқ соласиз. Улар худди суяб қўйилган ходаларга ўхшашади. Улар ҳар бир қичқириқни ўз зиддиларига деб билишади. Улар душмандирлар, улардан эҳтиёт бўлинг! Аллоҳ уларни ҳалок қилсин! Қаёққа ўгирилиб кетишяпти?! 5. Қачон уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг Расули сизлар учун мағфират сўрайди», дейилса, улар бошларини буриб кетишади ва уларнинг кибрланган ҳолларида юз ўгираётганларини кўрасиз. 6. (Эй Муҳаммад), улар учун мағфират сўрайсизми ёки мағфират сўрамайсизми – уларга барибирдир. Аллоҳ уларни асло мағфират қилмайди. Албатта, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоятга йўлламайди. 7. Улар «Аллоҳнинг Расули ҳузуридагиларга эҳсон қилманглар, токи тарқаб кетишсин» дейдиганлардир. Ҳолбуки, осмонлару Ернинг хазиналари фақат Аллоҳникидир, лекин мунофиқлар билишмайди. 8. Улар: «Агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан чиқариб юборади», дейишди. Ҳолбуки, куч-қудрат Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва мўминларга хосдир, лекин мунофиқлар билишмайди. 9. Эй имон келтирганлар! Молларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, ана ўшалар албатта зиён кўрувчилардир. 10. Бирортангизга ўлим келиб: «Парвардигорим, мени озгина муддатга қолдирсанг-у, садақа қилсам ва солиҳлардан бўлсам» демасидан олдин Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар. 11. Аллоҳ бирор жонни ажали келганида кечиктирмайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
65. ТАҒОБУН СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 18 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмонлардаги ва Ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтишади. Ҳукмронлик фақат Уникидир ва мақтов ёлғиз Унга хосдир. У ҳар нарсага қодирдир. 2. У сизларни яратган Зотдир. Сизлардан кофир ҳам, мўмин ҳам бор. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб турувчидир. 3. У осмонлару Ерни ҳақ билан яратди. Ва сизларга сурат бериб, суратларингизни гўзал қилди. Қайтиш Унинг Ўзигадир. 4. У осмонлару Ердаги нарсаларни билади. Сизлар яшираётганни ҳам, ошкор қилаётганни ҳам билади. Аллоҳ диллардаги сирларни ҳам билувчидир. 5. Сизларга олдин кофир бўлганларнинг хабари келмадими? Улар ўз қилмишларининг жазосини тортдилар ва яна уларга аламли азоб бордир. 6. Бу шунинг учунки, уларга пайғамбарлари ҳужжат-далиллар билан келганларида улар: «Бизни башар ҳидоятга бошлайдими?» деб куфр келтиришарди ва юз ўгиришарди. Аллоҳ беҳожатлигини кўрсатди. Аллоҳ бойдир, мақталгандир. 7. Кофирлар ўзларини ҳеч қачон қайта тирилмасликларини даъво қилишади. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Йўқ, Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилтириласизлар, сўнгра қилган ишларингизнинг хабари берилади. Бу Аллоҳга осондир». 8. Сизлар Аллоҳга, Унинг Расулига ва Биз нозил қилган Нурга имон келтиринглар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 9. У сизларни «жамлаш куни»га тўплайдиган кун Тағобун кунидир. Ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ амал қилса, унинг ёмонликларини ўчиради ва уни остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Унда абадий қолинади. Мана шу улкан мукофотдир. 10. Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганлар – ана ўшалар дўзах эгаларидир, улар у ерда абадий қолишади. Бу қандайин ёмон оқибатдир! 11. Аллоҳнинг изнисиз ҳеч қандай мусибат етмайди. Ким Аллоҳга имон келтирса, У Зот унинг қалбига ҳидоят солади. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 12. Аллоҳга итоат қилинглар ва Пайғамбарга бўйсунинглар. Агар юз ўгирсангиз, у ҳолда Пайғамбаримизнинг зиммасида аниқ етказиш бор, холос. 13. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар. 14. Эй имон келтирганлар! Албатта, жуфтларингиздан ва фарзандларингиздан сизларга душманлик бор, улардан эҳтиёт бўлинглар. Агар афв этсангиз, кечсангиз ва кечирсангиз, у ҳолда Аллоҳ албатта мағфиратлидир, раҳмлидир.
Search
Read the Text Version
- 1
- 2
- 3
- 4
- 5
- 6
- 7
- 8
- 9
- 10
- 11
- 12
- 13
- 14
- 15
- 16
- 17
- 18
- 19
- 20
- 21
- 22
- 23
- 24
- 25
- 26
- 27
- 28
- 29
- 30
- 31
- 32
- 33
- 34
- 35
- 36
- 37
- 38
- 39
- 40
- 41
- 42
- 43
- 44
- 45
- 46
- 47
- 48
- 49
- 50
- 51
- 52
- 53
- 54
- 55
- 56
- 57
- 58
- 59
- 60
- 61
- 62
- 63
- 64
- 65
- 66
- 67
- 68
- 69
- 70
- 71
- 72
- 73
- 74
- 75
- 76
- 77
- 78
- 79
- 80
- 81
- 82
- 83
- 84
- 85
- 86
- 87
- 88
- 89
- 90
- 91
- 92
- 93
- 94
- 95
- 96
- 97
- 98
- 99
- 100
- 101
- 102
- 103
- 104
- 105
- 106
- 107
- 108
- 109
- 110
- 111
- 112
- 113
- 114
- 115
- 116
- 117
- 118
- 119
- 120
- 121
- 122
- 123
- 124
- 125
- 126
- 127
- 128
- 129
- 130
- 131
- 132
- 133
- 134
- 135
- 136
- 137
- 138
- 139
- 140
- 141
- 142
- 143
- 144
- 145
- 146
- 147
- 148
- 149
- 150
- 151
- 152
- 153
- 154
- 155
- 156
- 157
- 158
- 159
- 160
- 161
- 162
- 163
- 164
- 165
- 166
- 167
- 168
- 169
- 170
- 171
- 172
- 173
- 174
- 175
- 176
- 177
- 178
- 179
- 180
- 181
- 182
- 183
- 184
- 185
- 186
- 187
- 188
- 189
- 190
- 191
- 192
- 193
- 194
- 195
- 196
- 197
- 198
- 199
- 200
- 201
- 202
- 203
- 204
- 205
- 206
- 207
- 208
- 209
- 210
- 211
- 212
- 213
- 214
- 215
- 216
- 217
- 218
- 219
- 220
- 221
- 222
- 223
- 224
- 225
- 226
- 227
- 228
- 229
- 230
- 231
- 232
- 233
- 234
- 235
- 236
- 237
- 238
- 239
- 240
- 241
- 242
- 243
- 244
- 245
- 246
- 247
- 248
- 249
- 250
- 251
- 252
- 253
- 254
- 255
- 256
- 257
- 258
- 259
- 260
- 261
- 262
- 263
- 264
- 265
- 266
- 267
- 268
- 269
- 270
- 271
- 272
- 273
- 274
- 275
- 276
- 277
- 278
- 279
- 280
- 281
- 282
- 283
- 284
- 285
- 286
- 287
- 288
- 289
- 290
- 291
- 292
- 293
- 294
- 295
- 296
- 297
- 298
- 299
- 300
- 301
- 302
- 303
- 304
- 305
- 306
- 307
- 308
- 309
- 310
- 311
- 312
- 313
- 314
- 315
- 316
- 317
- 318
- 319
- 320
- 321
- 322
- 323
- 324
- 325
- 326
- 327
- 328
- 329
- 330
- 331
- 332
- 333
- 334
- 335
- 336
- 337
- 338
- 339
- 340
- 341
- 342
- 343
- 344
- 345
- 346
- 347
- 348
- 349
- 350
- 351
- 352
- 353
- 354
- 355
- 356
- 357
- 358
- 359
- 360
- 361
- 362
- 363
- 364
- 365
- 366
- 367
- 368
- 369
- 370
- 371
- 372
- 373
- 374
- 375
- 376
- 377
- 378
- 379
- 380
- 381
- 382
- 383
- 384
- 385
- 386
- 387
- 388
- 389
- 390
- 391
- 392
- 393
- 394
- 395
- 396
- 397
- 398
- 399
- 400
- 401
- 402
- 403
- 404
- 405
- 406
- 407
- 408
- 409
- 410
- 411
- 412
- 413
- 414
- 415
- 416
- 417
- 418
- 419
- 420
- 421
- 422
- 423
- 424
- 425
- 426
- 427
- 428
- 429
- 430
- 431
- 432
- 433
- 434
- 435
- 436
- 437
- 438
- 439
- 440
- 441
- 442
- 443
- 444
- 445
- 446
- 447
- 448
- 449
- 450
- 451
- 452
- 453
- 454
- 455
- 456
- 457
- 458
- 1 - 50
- 51 - 100
- 101 - 150
- 151 - 200
- 201 - 250
- 251 - 300
- 301 - 350
- 351 - 400
- 401 - 450
- 451 - 458
Pages: