12. Аллоҳ Бани Исроилнинг ваъдасини олди ва улардан ўн икки сардорни тайинладик. Аллоҳ: «Агар намозни адо, закотни ато этсангизлар, пайғамбарларимга ишониб, уларни қўлласангизлар, Аллоҳга чиройли қарз берсангизлар, Мен албатта сизлар билан биргаман, гуноҳларингизни ўчираман ва остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритаман, шундан кейин ҳам сизлардан ким куфр келтирса, унинг тўғри йўлдан адашгани аниқдир», деди. 13. Аҳдномаларини бузганлари учун уларни лаънатладик ва дилларини қотириб қўйдик. Улар калималарни ўрнидан ўзгартиришади, ўзларига берилган эслатмаларнинг кўп қисмини унутишади. (Эй Муҳаммад), уларнинг ҳамиша хиёнат қилишганини кўрасиз, озгинасигина бундан мустасно. Шунда уларни афв этиб кечираверинг, Аллоҳ албатта яхшилик қилувчиларни севади. 14. «Бизлар насоролармиз» деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Улар эса қилинган эслатмаларнинг кўпини унутишди. Биз Қиёматгача улар ўртасига душманлик ва нафрат солдик. Яқинда Аллоҳ уларнинг қилмишлари хабарини беради. 15. Эй аҳли китоблар, мана, Китобдан яшириб юрган нарсаларингизнинг кўпини сизларга баён қилиш, кўпини афв этиш учун элчимиз келди. Ҳақиқатан сизларга Аллоҳдан Нур ва равшан Китоб келди. 16. У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни нажот йўлига йўллайди, Ўз иродаси билан зулматлардан нурга чиқаради ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилади. 17. «Масиҳ ибн Марям Аллоҳдир» деганлар ҳақиқатан кофир бўлишди. (Эй Муҳаммад), «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва Ер юзидаги барчани ҳалок қилмоқчи бўлса, ким Аллоҳни бундан қайтара олади?» денг. Ҳолбуки, осмонлар ва Ердаги ҳамда улар ўртасидаги ҳамма нарса Аллоҳникидир, У нимани хоҳласа, яратади ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 18. Яҳудийлар ва насоролар: «Бизлар Аллоҳнинг фарзандларимиз ва Унга суюмлимиз», дейишади. «У ҳолда нега гуноҳларингиз сабабидан сизларни азоблайди? Ҳолбуки, сизлар ҳам У яратган инсонсизлар. У хоҳлаганини кечиради, хоҳлаганини азоблайди. Осмонлару Ердаги ва улар ўртасидаги ҳамма нарса Аллоҳникидир ва қайтиш фақат Унгадир», денг. 19. Эй Аҳли китоблар, пайғамбарлар узилишидан сўнг: «Бизларга башорат берувчи ҳам, огоҳлантирувчи ҳам келмаган» демасликларингиз учун элчимиз келди. Демак, сизларга тушунтирувчи ҳам, огоҳлантирувчи ҳам келди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 20. (Эй Муҳаммад), Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга инъомини – орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, подшоҳлар қилганини, дунёда ҳеч кимга бермаганини сизларга ато этганини ёдга олинглар»; 21. «Эй қавмим, Аллоҳ сизларга ёзган Муқаддас заминга киринглар, ортингизга қайтмангки, унда зиёнкорга айланасизлар» деганини эсланг. 22. Улар: «Эй Мусо, у ерда зўравонлар бор, улар чиқиб кетмагунича асло кирмаймиз, чиқишсагина кирамиз», дейишди.
23. Улардан тақводор ва Аллоҳ марҳаматига муяссар бўлган икки киши: «Улар устига дарвозадан кириб боринглар, агар кирсанглар, албатта ғолиб бўласизлар, агар мўмин бўлсанглар, Аллоҳга таваккал қилинглар», дейишди. 24. Улар: «Эй Мусо, модомики улар бор экан, ҳаргиз у ерга кирмаймиз, сен ва Парвардигоринг бориб, икковлон уруш қилаверинглар, биз бу ерда ўтириб турамиз», дейишди. 25. У: «Эй Парвардигорим, ўзим ва биродаримдан бошқага гапим ўтмади, энди биз билан бу итоатсиз қавмни ажратиб юбор!» деди. 26. (Аллоҳ): «Энди бу ер қирқ йил уларга ҳаромдир, улар Ер юзида саргардон юришади, итоатсиз қавм учун қайғурма», деди. 27. (Эй Муҳаммад), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни очиқ етказинг. Иккови қурбонлик қилганида биридан қабул этилиб, иккинчисидан қабул қилинмади. У: «Сени албатта ўлдираман», деди. У: «Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади; 28. агар мени ўлдиришга қўл кўтарсанг, мен сени ўлдиришга қўл кўтармайман, бутун оламлар Парвардигоридан қўрқаман; 29. Мен эса, менинг гуноҳимни ҳам, ўз гуноҳингни ҳам зиммангга олиб, дўзахийлардан бўлишингни истайман. Мана шу золимларнинг жазосидир», деди. 30. Нафси укасини ўлдиришни яхши кўрсатиб, уни ўлдирди ва зиёнкорлардан бўлди. 31. Аллоҳ унга укасининг ўлигини қандай кўмишни кўрсатишга ер титувчи қарғани юборди. У: «Минг афсус, укамнинг ўлигини кўмишда шу қарғачалик бўла олмадим-а!» деб, надомат чекувчилардан бўлди. 32. Шу сабабдан Бани Исроилга: «Ким қотиллик қилмаган ва Ер юзида фасод ёймаган бир жонни ўлдирса, гўё барча инсонларни ўлдирган бўлади, ким унга ҳаёт бағишласа, гўё барча инсонларга ҳаёт бағишлаган бўлади» деб ёздик. Пайғамбарларимиз уларга аниқ ҳужжатлар келтиришди. Шундан кейин ҳам уларнинг кўпи Ер юзида ҳаддан ошиб юрибди. 33. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига уруш очувчи, Ер юзида фасод ёювчиларнинг жазоси ё ўлдириш, ё дорга осиш, ё қўл-оёғини қарама-қарши тарафидан кесиш, ё шаҳридан сургун қилишдир. Бу уларга шу дунёнинг ўзидаги расволикдир, охиратда эса қаттиқ азоб бор. 34. Қўлларингизга тушмасдан олдин тавба қилганлари мустасно, билингларки, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. 35. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар, Унга яқинлашиш йўлларини изланглар ва йўлида жиҳод қилинглар, шундагина нажот топасизлар. 36. Агар кофирлар қўлида Ер юзидаги ҳамма нарса бўлсаю яна шунча нарсани Қиёмат кунидаги азобдан қутулиш учун бермоқчи бўлишса ҳам улардан қабул қилинмайди ва уларга аламли азоб бор. 37. Улар дўзахдан қутулмоқчи бўлишади, аммо чиқа олишмайди, уларга доимий азоб бор.
38. Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар, бу уларнинг қилмишларига яраша Аллоҳ белгилаган жазодир. Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир. 39. Ким зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, Аллоҳ албатта унинг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ шаксиз кечирувчи ва раҳмлидир. 40. (Эй Муҳаммад), осмонлару Ер Аллоҳнинг мулки эканини, кимни хоҳласа азоблашини, кимни хоҳласа кечиришини ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмадингизми?! 41. Эй Пайғамбар, тилларида «имон келтирдик» деб, диллари имон келтирмаганлар ҳамда яҳудийларнинг куфрга ошиқишларидан хафа бўлманг. Улар ёлғонни хўб эшитишади, ҳузурингизга ҳеч қачон келмаганлардан ҳам эшитишади. Сўзлар ўрнига қўйилганидан кейин жойини ўзгартиришади ва: «Сизларга бу берилса, олинглар, берилмаса, эҳтиёт бўлинглар», дейишади. Аллоҳ кимни адаштирмоқчи бўлса, буни тўса олмайсиз. Аллоҳ уларнинг дилларини поклашни хоҳламади, уларга бу дунёда расволик, охиратда қаттиқ азоб бор. 42. Улар ёлғонга қулоқ соладиган ва ҳаромни еювчилардир. Агар олдингизга келишса, ўрталарида ҳакамлик қилинг ё юз ўгиринг. Юз ўгирсангиз ҳам, улар ҳеч зарар етказа олишмайди. Агар ҳакамлик қилсангиз, адолат билан қилинг, албатта Аллоҳ одилларни севади. 43. Ўзларида Таврот бўлатуриб, унда Аллоҳнинг ҳукми туриб, нега сизни ҳакам қилишади ва кейин яна юз ўгириб кетишади? Улар имонли эмаслар. 44. Биз Тавротни туширдик, унда ҳидоят ва нур бор. Итоаткор пайғамбарлар, Аллоҳ китобини сақлашга масъул руҳонийлар ва уламолар яҳудийларга у билан ҳукм қилишади. Улар бунга гувоҳ қилингандирлар. Одамлардан эмас, Мендан қўрқинглар, оятларимни арзонга сотманглар. Ким Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритмаса, ўша кофирлардандир. 45. Биз унда уларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёздик. Ким ундан кечса, ўзига каффорат бўлади. Ким Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритмаса, ўша золимлардандир. 46. Уларнинг изларидан Марям ўғли Исони ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик ҳамда унга ҳидоят ва нур бўлган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва тақводорлар учун эслатма бўлмиш Инжилни бердик. 47. Инжил аҳли ундаги Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм юритсин, ким Аллоҳ нозил қилгани билан ҳукм юритмаса, ўша фосиқлардандир. 48. (Эй Муҳаммад), сизга ўзидан олдинги Китобни тасдиқловчи ва сақловчи ҳаққи-рост Китобни туширдик. Энди улар ўртасида Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритинг, ўзингиздаги Ҳақдан узилиб, уларнинг хоҳишларига эргашманг. Ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл кўрсатиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди, аммо У берган нарсасида сизларни синашни истади. Яхши ишларга
шошилинглар, барчангизнинг қайтишингиз Аллоҳгадир. Сўнгра У тортишган нарсаларингизнинг хабарини беради. 49. Улар ўртасида Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритинг, уларнинг хоҳишларига эргашманг ва Аллоҳ сизга туширган ҳукмдан чалғитиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг. Агар юз ўгиришса, билингки, Аллоҳ баъзи гуноҳлари сабабли уларни жазолашни истабди. Албатта инсонларнинг кўпи фосиқдир. 50. Жоҳилият ҳукмронлигини қўмсашадими? Комил имонлилар учун Аллоҳдан яхшироқ ҳукм юритувчи борми? 51. Эй имон келтирганлар, яҳудий ва насронийларни дўст қилманглар, улар бир-бирлари билан дўстдирлар. Сизлардан ким уларни дўст қилса, у ҳам улардандир. Аллоҳ золим қавмларни асло ҳидоят қилмайди. 52. Дилида касаллик борларнинг: «Бизларга бирор бало келишидан қўрқамиз» деб, улар олдига югурганини кўрасиз. Шоядки, Аллоҳ зафар берса ё Ўз тарафидан бирор ишни зоҳир қилсаю, улар дилларида яширганларига пушаймон бўлишса! 53. Мўминлар: «Сизлар биланмиз, деб таъкидлаб Аллоҳ номига қасам ичганлар шуларми?» дейишади. Амаллари беҳуда кетди, ўзлари зиёнкорлардан бўлишди. 54. Эй имон келтирганлар, сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ Ўзи севадиган ва улар эса Аллоҳни севадиган бир қавмни келтиради. Улар мўминларга меҳрибон, кофирларга қаттиққўл бўлишади, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишади, маломатчининг маломатидан қўрқишмайди. Бу Аллоҳнинг марҳаматидир, уни хоҳлаганига беради. Аллоҳ карами кенг, билувчидир. 55. Сизларнинг дўстингиз ҳақиқатда фақат Аллоҳдир, Унинг Пайғамбари ва бўйсунган ҳолларида намозларини адо, закотларини ато этувчи мўминлардир. 56. Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва мўминларни дўст тутганлар Аллоҳнинг фирқасидирлар ва ўшаларгина ғолибдирлар. 57. Эй имон келтирганлар, сизлардан олдин китоб берилганлардан динингизни масхара ва калака қиладиганларини ҳамда кофирларни дўст тутманглар. Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар. 58. Намозга чақирсангиз, улар уни масхара ва калака қилишади, бу уларнинг беақл қавм эканидандир. 59. «Эй аҳли китоблар, бизларни фақат Аллоҳга ҳамда ўзимизга ва бизлардан аввал туширган нарсаларига имон келтирганимиз ва кўпларингиз итоатсиз бўлганларингиз учунгина айблаяпсизларми?» денг. 60. «Аллоҳ ҳузурида бундан ҳам ёмонроқ жазо борлигини айтайми, ким Аллоҳнинг лаънатига ва ғазабига учраган, маймун ва тўнғизга айлантирилган, шайтонга сиғинган бўлса, ўшалар энг ёмон ўриндадир ва тўғри йўлдан тамоман адашганлардир», денг. 61. Улар олдингизга келганида: «Имон келтирдик», дейишади. Ҳолбуки, кофир ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқишади. Аллоҳ улар яширганини яхши билади.
62. (Эй Муҳаммад), кўпларининг гуноҳ, зулм ва ҳаромхўрликка муккасидан кетганини кўрасиз, бу қилмишлари ниҳоятда ёмондир! 63. Улуғлари ва уламолари гуноҳ сўзлардан ва ҳаром ейишдан нега қайтаришмайди, бу ишлари ниҳоятда ёмондир! 64. Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ», дейишади. Ўзларининг қўллари боғлансин, гаплари учун лаънатга учрашсин. Йўқ, Унинг икки қўли очиқ, хоҳлаганича эҳсон қилади. Сизга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарса кўпларининг туғён ва куфрини кўпайтиради. Улар орасига Қиёматгача адоват ва нафрат солганмиз. Қачон уруш оловини ёқишса, Аллоҳ ўчиради. Улар Ер юзида бузғунчилик қилишади, Аллоҳ бузғунчиларни яхши кўрмайди. 65. Агар Аҳли китоблар имон келтириб, қўрқишганида эди, уларнинг гуноҳларини кечириб, жаннат боғларига киритган бўлардик. 66. Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорларидан нозил қилинган нарсаларга амал қилишганида эди, устларидан ҳам, остларидан ҳам ризқланган бўлишарди. Уларнинг баъзилари тўғри йўлда бўлишса ҳам, кўпларининг қилмишлари жуда ёмон! 67. Эй Расул, Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсани етказинг. Агар бундай қилмасангиз, Унинг рисолатини етказмаган бўласиз. Аллоҳ сизни бу одамлардан асрайди, Аллоҳ кофир қавмларни ҳақиқатан тўғри йўлга солмайди. 68. «Эй аҳли китоб, Таврот ва Инжилга, Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсаларга амал қилмагунингизча ҳеч қандай йўлда эмассизлар!», денг. Парвардигорингиздан сизга нозил қилинган нарса уларнинг туғёни ва куфрини зиёда қилади. Бу кофир қавмга ачинманг! 69. Албатта, имон келтирганлар, шунингдек яҳудий бўлганлар, собиийлар ва насронийлардан Аллоҳга ва охират кунига имон келтириб, савобли ишни қилганлари учун хавф ҳам, ташвиш ҳам чекмайдилар. 70. Бани Исроилдан аҳднома олган ва уларга пайғамбарлар юборган эдик. Ҳар гал пайғамбар уларга ёқмаган ҳукм келтирса, баъзиларини ёлғончига чиқарар, баъзиларини ўлдирар эдилар. 71. Улар ҳеч қандай жазо келмайди, деб ўйлаб, кўр ва кар бўлиб олишди. Сўнгра Аллоҳ уларни кечирди. Шундан кейин ҳам кўплари яна кўр ва кар бўлиб олишди. Аллоҳ уларнинг қилмишларини кўрувчидир. 72. «Аллоҳ Марям ўғли Масиҳдир», деганлар шаксиз кофир бўлишди. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй Бани Исроил, Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга қуллик қилинглар», деган. Ким Аллоҳга шерик қилса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади, унинг жойи дўзах бўлади ва бундай золимларга мададкорлар йўқдир. 73. «Аллоҳ учтанинг биридир», деганлар шаксиз кофир бўлишди. Ҳолбуки, ягона Маъбуддан ўзга илоҳ йўқ! Агар гапларидан қайтишмаса, уларнинг кофирларини аламли азоб кутади. 74. Аллоҳга тавба қилиб, мағфират сўрашмайдими, зотан Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир. 75. Марям ўғли Масиҳ илгари ўтган пайғамбарлар каби бир пайғамбар, онаси сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ейишади. (Эй Муҳаммад),
уларга далилларни қандай баён қилганимизни ва уларнинг қандай юз ўгирганларини кўринг. 76. «Аллоҳ ўрнига зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиган нарсага сиғинасизларми, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир», денг. 77. «Эй Аҳли китоб, динингизда ноҳақ ҳаддан ошманглар ва илгари ўзлари ҳам йўлдан озиб, кўплаб бошқаларни ҳам оздирган ва тўғри йўлдан адашиб кетганларнинг ўзбошимчалигига эргашманглар», денг. 78. Бани Исроилнинг кофирлари исён ва ҳаддан ошганлари сабабли Довуд ва Марям ўғли Исо тилларидан лаънатланишди. 79. Улар бир-бирларини ёмонликлардан қайтаришмас эди, бу қилмишлари ниҳоятда ёмон! 80. Кўпларининг кофирлар билан дўстлашганларини кўрасиз. Уларнинг эришганлари ёмон нарса бўлди: Аллоҳ уларга ғазаб қилди ва улар мангу азобда қолишди. 81. Агар улар Аллоҳга, Пайғамбарга ва унга нозил қилинганларга ишонишганида эди, уларни ўзларига дўст қилиб олишмас эди, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир. 82. Яҳудий ва мушрикларнинг мўминларга ҳаммадан кўра ашаддий душман эканларини кўрасиз. «Биз насронийлармиз» дейдиганларнинг мўминларга ҳаммадан кўра яқин дўст эканларини ҳам кўрасиз. Бу улар орасида руҳонийлар ва роҳиблар борлиги ҳамда уларнинг кибр қилмасликларидандир. 83. Улар Расулга нозил қилинган нарсани эшитишганида Ҳақни таниб, кўз ёши тўкишганини кўрасиз. Улар айтишади: «Парвардигоримиз, имон келтирдик, бизларни гувоҳлар қаторида ёзгин; 84. нечун Аллоҳга, бизларга келган Ҳаққа ишонмайликки, Парвардигоримиз яхшилар қаторига қўшиб жаннатга киритишини истаётган бўлсак!». 85. Аллоҳ бу сўзлари учун уларни остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатда абадий қолиш билан мукофотлайди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шу! 86. Кофирлигича қолиб, оятларимизни ёлғон деганлар дўзахийлардир. 87. Эй имон келтирганлар, ҳаддингиздан ошиб, Аллоҳ ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаромга чиқарманглар. Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёмон кўради. 88. Ва Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни енглар ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар. 89. Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун жазоламайди, балки қатъий ичган қасамларингиз сабабли жазолайди. Бунинг каффорати оилангиздагиларни боқадиган ўртача даражада ўн муҳтожга таом бериш ё уларни кийинтириш ё бир қул-чўри озод қилиш, ким топа олмаса, уч кун рўза тутишдир. Булар ичган қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни сақланглар. Шукр қилишларингиз учун Аллоҳ ҳукмларини шундай баён қилади.
90. Эй имон келтирганлар, хамр, қимор, бутлар ҳамда қуръа чўплари шайтон ишидан бўлган ифлосликлардир, нажот топиш учун булардан четланинглар. 91. Шайтон хамр ва қимор орқали орангизга душманлик ва адоват солиш, Аллоҳ зикри ва намоздан тўсишни истайди. Шунда ҳам тийилмайсизларми? 92. Аллоҳга итоат қилинглар, Расулга бўйсунинглар, эҳтиёт бўлинглар. Агар юз ўгирсангизлар, билингларки, Расулимиз зиммасида аниқ етказиш бор, холос. 93. Имон келтирган ва яхши амал қиладиганларга, агар ширкдан сақланиб имон келтиришса, яхши амаллар қилишса, кейин яна қўрқиб, мўмин сифатида имон келтиргач, савобли ишларда бардавом бўлишса, уларнинг еб-ичганларида гуноҳ йўқ. Аллоҳ чиройли амал қилувчиларни яхши кўради. 94. Эй имон келтирганлар, Аллоҳ Ўзидан кимлар ғойибона қўрқишини аниқлаш учун қўл ва найза билан қилаётган овларингизда сизларни синашни истайди. Шундан кейин ким ҳаддан ошса, унга аламли азоб бор. 95. Эй имон келтирганлар, эҳромдалик пайтингизда ов қилманглар. Сизлардан ким қасддан бирон овни ўлдирса, жазоси орангиздан икки одил киши ҳукмига кўра унга муқобил чорва ҳайвонини Каъбага ҳадя қилиб етказишдир. Ёки бунинг каффорати муҳтожларга таом бериш ё қилмишининг жазосини тортиш учун рўза тутишдир. Аллоҳ ўтган гуноҳларни кечирди, ким яна қайтарса, Аллоҳ ундан ўч олади, Аллоҳ қудратли қасос олувчидир. 96. Сизларга, яна сайёҳларга денгиз ови ва ундаги озуқалар ҳалол қилинди. Модомики, эҳромда экансизлар, қуруқликдаги ов ҳаром қилинди. Унинг ҳузурида тўпланишингиз аниқ бўлган Аллоҳдан қўрқинглар. 97. Аллоҳ Каъбани – Байтул Ҳаромни, шунингдек ҳурматли ойларни, ҳадяни ва ҳадя белгиларини инсонларга таянч қилди. Бу эса, Аллоҳ таолонинг осмонлару Ердаги ҳамма нарсани билишини, ҳамма нарсанинг билими Унда эканини англашингиз учундир. 98. Билингларки, албатта Аллоҳнинг азоби қаттиқ ва Аллоҳ кечирувчи, меҳрибондир. 99. Расул зиммасида фақат етказиш бор ва Аллоҳ ошкор қилганингизни ҳам, яширганингизни ҳам билади. 100. (Эй Муҳаммад): «Гарчи нопокнинг кўплиги сизни ажаблантирса ҳам нопок пок билан тенг бўлмайди, эй аҳли донишлар, нажот топишингиз учун Аллоҳдан қўрқинглар» денг. 101. Эй имон келтирганлар, маълум қилинганида сизларни ранжитадиган нарсалар ҳақида сўраманглар. Қуръон туширилаётганида сўраганингизда, сизларга очиб берилади. Ҳолбуки, ўтган нарсаларни Аллоҳ кечирган эди, Аллоҳ кечирувчи, ҳалимдир. 102. Булар ҳақида сизлардан олдин ҳам бир қавм сўраган ва кейин уларни инкор қилган эди.
103. Аллоҳ «баҳийра», «соиба», «васийла», «ҳом»ни муқаррар қилмаган, лекин кофирлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқишяпти. Уларнинг кўплари ақл юритишмайди. 104. Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсани ва Расулни танинглар», дейилса, «Ота-боболаримизни нимада топган бўлсак, шу кифоя», дейишади. Ота-боболари ҳеч нарса билмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлишса ҳамми?! 105. Эй имон келтирганлар, ўзларингни билинглар, агар тўғри йўлда бўлсангизлар, адашганлар сизларга зарар беролмайди. Барчаларингиз Аллоҳ ҳузурига қайтасизлар, шунда Аллоҳ қилмишларингизнинг хабарини беради. 106. Эй имон келтирганлар, бирортангизга ўлим яқинлашганида васият пайтида ўзларингиздан, бордию сафарда ўлим етса, бошқалардан икки одил киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин. Агар шубҳа қилсангиз, гувоҳларни намоздан кейин тўхтатинг, улар: «Қариндошимиз бўлса ҳам қасамимизни арзонга сотмаймиз, Аллоҳ учун гувоҳлигимизни яширмаймиз, акс ҳолда гуноҳкор бўлиб қоламиз» деб, Аллоҳ номига қасам ичишсин. 107. Агар уларнинг гуноҳлари билиниб қолса, ўрниларига меросга ҳақдорлардан икки киши ўтсин ва: «Гувоҳлигимиз уларникидан ҳаққонийроқ, ҳаддан ошмадик, акс ҳолда золимлардан бўламиз» деб қасам ичсин. 108. Бунда тўғри гувоҳлик беришлари ё қасамларидан кейин яна қасам ичилишидан қўрқишлари яқинроқ. Аллоҳдан қўрқинглар ва бўйсунинглар, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоят қилмайди. 109. Аллоҳ пайғамбарларни тўплаб: «Сизларга нима жавоб қилинди?» деб сўраганида улар: «Биз билмаймиз, Сенгина ғайб илмларини билувчисан», дейишади. 110. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг: «Эй Исо ибн Марям, сенга ва онангга берган неъматимни – сени Муқаддас Руҳ билан қўллаганимни, бешикда ҳам, улғайганингда ҳам одамларга сўзлаганингни эсла. Сенга Китобни, илм-ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатдим. Менинг изним билан лойдан қуш шаклини ясаб, унга пуфла-ганингда изним билан ҳақиқий қушга айланганини, изним билан туғма кўр ва песни тузатганингни ва изним билан ўликларни турғазганингни эсла. Бани Исроилга бу мўъжизаларни далил қилиб келтирганингда уларнинг кофирлари: «Бу аниқ жодудан бошқа-си эмас», деганида сени улардан тўсганимни эсла!» деганини ёдга олинг. 111. Ҳаворийларга: «Менга ва Расулимга имон келтиринглар» деб ваҳий юборганимда, улар: «Имон келтирдик, гувоҳ бўлки, бизлар албатта итоатгўйлармиз», дейишганини эсланг. 112. Ҳаворийлар: «Эй Исо ибн Марям, Парвардигоринг осмондан бир дастурхон тушира оладими?» дейишганида у: «Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар!» деб жавоб қилган эди. 113. Улар: «Ундан ейишни, дилларимиз таскин топишини, рост гапирганингни билишни ва бунга гувоҳ бўлишни истаймиз», дейишди. 114. Исо ибн Марям: «Эй Парвардигоримиз Аллоҳ, осмондан бир дастурхон туширгинки, аввалгию охиргиларимизга хурсандчилик, Сендан
эса бир мўъжиза бўлиб қолсин. Бизларни ризқлантир, Сен энг яхши ризқлантирувчисан», деди. 115. Аллоҳ айтди: «Мен уни албатта тушираман, шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, уни дунёда бирор кишига берилмаган азобим билан азоблайман». 116. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ: «Эй Исо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳ ўрнига мени ва онамни икки илоҳ қилинглар», деганмидинг?» деб сўраганида: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айта олмайман- ку, агар айтганимда албатта билган бўлардинг, Сен дилимдагини биласан, мен эса Сендаги нарсани билмайман. Албатта Сенинг Ўзинг ғайб нарсаларни билувчисан» деганини эсланг. 117. (Исо айтди): «Мен уларга Ўзинг буюрган: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз Аллоҳга бандалик қилинг»дан бошқасини айтмадим ва ораларида бўлганимда уларга гувоҳ бўлдим. Ҳузурингга кўтарганингдан кейин уларни Ўзинг кузатиб турдинг ва Сен ҳамма нарсага шоҳидсан; 118. Агар уларни азобласанг Ўз бандаларингдир, агар кечирсанг, Сен қудратли ва ҳикматлисан». 119. Аллоҳ айтди: «Бу кун ростгўйларнинг рост сўзи фойда берадиган кундир. Уларга остидан анҳорлар оқиб турадиган ва абадий қолинадиган жаннатлар бордир. Аллоҳ улардан рози бўлади, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлишади, бу эса буюк саодатдир!» 120. Осмонлару Ер ва улардаги ҳамма нарса Аллоҳникидир, У ҳар нарсага қодирдир. 6. АНЪОМ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 165 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Мақтовлар осмонлар билан Ерни яратган, зулматлар билан нурни таратган Аллоҳгадир. Сўнгра эса кофирлар Парвардигорларига бошқаларни тенглаштирмоқдалар. 2. У сизларни лойдан яратиб, кейин ажални белгилаган Зотдир. Унинг ҳузурида яна бир белгиланган ажал бор. Шундан кейин ҳам сизлар шубҳа қиляпсизлар. 3. У осмонлар ва Ердаги ягона Аллоҳдир. У яширганингизни ҳам, ошкор қилганингизни ҳам билади, нима қилаётганингизни ҳам билади. 4. Парвардигорларидан қандай далил-ишора келмасин, мушриклар бундан юз ўгиришади. 5. Уларга Ҳақ келганида ҳам ёлғонга чиқаришди. Яқинда улар масхара қилиб юрган нарсанинг хабари келади. 6. Улардан олдин қанча авлодларни ҳалок қилганимизни кўришмайдими? Уларга ерда сизларга бермаган имкониятни бердик, устларига осмондан барака ёмғири ёғдирдик, остларидан анҳорларни оқизиб қўйдик. Кейин гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилиб, ўрниларига бошқа авлодларни пайдо қилдик.
7. (Эй Муҳаммад), бордию сизга қоғоздаги битикни туширсагу уни қўллари билан тутиб туришса ҳам куфр келтирганлар: «Бу аниқ жодуликнинг ўзгинаси», – деган бўлишар эди. 8. Улар: «Унга фаришта туширилганида эди», – дейишди. Агар фаришта туширсак, ишлар тугайди, уларга муҳлат ҳам берилмайди. 9. Агар уни фаришта қилганимизда ҳам эркак суратида туширган ва улар шубҳасини янада мушкуллаштирган бўлур эдик. 10. (Эй Муҳаммад), сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам масхара қилинишган, сўнгра масхара қилувчиларни кулгилари ўз домига тортган. 11. «Ер юзида айланиб, ёлғончи қилувчиларнинг оқибати нима билан тугаганини кўринглар», денг. 12. «Осмонлару Ердаги ҳамма нарса кимники?» – деб сўранг ва: «Аллоҳникидир!» – денг. У раҳматни зиммасига олган, сизларни шак қилинмайдиган Қиёмат кунида тўплайди. Ўзларига зиён қилганларгина имон келтирмайдилар. 13. Кеча ё кундузда таскин топувчилар Уникидир. У эшитувчи ва билувчидир. 14. «Осмонлару Ернинг яратувчиси, емайдиган, аммо едирадиган Аллоҳдан бошқани дўст тутайми?» денг. «Аллоҳга бўйсунувчиларнинг биринчиси бўлишга буюрилдим», денг. Асло мушриклардан бўлманг! 15. «Агар Парвардигоримга итоатсизлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», денг. 16. Ўша куни кимдан четлатилса, унга Аллоҳ раҳм қилибди ва у аниқ нажот топибди. 17. (Эй инсон), Аллоҳ агар сенга бирор кулфат етказса, Ўзидан бошқа уни аритувчи йўқ, агар У бирор яхшилик юборса, У ҳар нарсага ўта қодирдир. 18. У бандалари устидан ҳокимдир, ҳикматли ва хабардордир. 19. (Эй Муҳаммад), «Гувоҳликларнинг энг улуғи қайси?» – денг. «Мен билан сизларнинг ўртамизда Аллоҳ гувоҳдир, сизларни ва ушбу Қуръон етиб борганларни огоҳлантиришим учун менга ваҳий қилинди. Ҳақиқатан Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар борлигига гувоҳлик бера оласизларми?» – денг. «Мен гувоҳлик бермайман», – денг. «Аллоҳ ягонадир, сизлар келтираётган ширкдан албатта покман», – денг. 20. Биз Китоб берганлар уни ўз ўғилларини танигандек танишади. Ўзларига зиён қилганларгина имон келтиришмайди. 21. Аллоҳга ёлғон тўқиган ё Унинг оятларини ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроғи борми? Золимлар асло нажот топишмайди. 22. Ўша кунда барчаларини тўплаб, мушриклардан: «Сизлар даъво қилган худоларингиз қани?» – деб сўраймиз. 23. Шунда уларнинг: «Аллоҳга қасамки, бизлар мушрик эмасдик», – дейишдан бошқа алдовлари қолмайди. 24. (Эй Муҳаммад), улар ўзларини қандай алдашганини, тўқиб олган нарсалари қандай йўқолганини кўринг. 25. Уларнинг сизга гўё қулоқ соладиганлари ҳам бор. Лекин буни англамасликлари учун қалбларига парда тўсдик, қулоқларини кар қилдик.
Улар далилларни кўриб туриб ҳам имон келтиришмайди. Ҳатто сиз билан тортишгани келганларида, кофирлари: «Бу олдингиларнинг афсоналари», – дейишади. 26. Улар бундан бошқаларни қайтариб, ўзлари ҳам қочишади. Улар сезмаган ҳолда ўзларинигина ҳалок қилишади. 27. (Эй Муҳаммад), дўзах устида тўхтатилганида уларнинг: «Кошкийди ортга қайтарилсак, Парвардигоримиз оятларини ёлғон демаган ва мўминлардан бўлар эдик», – дейишларини кўрсангиз эди. 28. Йўқ, уларнинг олдин яшириб юрганларигина ошкор бўлди: улар дунёга қайтарилишса ҳам ман қилинган ишларни қилишаверади ва улар албатта ёлғончилардир. 29. Улар: «Дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт йўқ, бизлар қайта тирилмаймиз», – дейишади. 30. Парвардигорлари ҳузурида турғизиб қўйиб, У: «Бу ҳақ эмасми?» – деганида, улар: «Парвардигорга қасамки, ҳақдир» – дейишганини, Унинг: «Энди кофирлигингиз азобини тортинглар», – деганини кўрсангиз эди. 31. Аллоҳга йўлиқишни ёлғон деганлар Қиёмат тўсатдан келиб, устларига гуноҳларини ортмоқлаган ҳолда: «Минг афсус, бунга бепарво бўлибмиз» – дейишгунгача албатта зиёнга учрашади. Уларнинг ортмоқлагани қанчалар ёмон! 32. Дунё ҳаёти фақат беҳуда ўйин-дилхушлик, холос. Тақводорлар учун охират диёри яхшироқлигини тушунмайсизларми? 33. (Эй Муҳаммад), уларнинг гаплари сизни хафа қилишини биламиз. Улар сизни ёлғончи дейишмаяпти, аслида золимлар Аллоҳ оятларини инкор қилишяпти. 34. Сиздан олдин ҳам кўпгина пайғамбарлар ёлғончига чиқарилган. Улар ёрдамимиз келгунича ёлғончи дейилгани ва азият берилганига сабр қилишган. Аллоҳнинг сўзларини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Пайғамбарлар қиссаси сизга етиб келган. 35. Агар уларнинг эътирозлари сизга оғир ботаётган бўлса, Ерга тешик ёки осмонга нарвон излаб, уларга мўъжиза-далил келтира олсам, дейсиз. Агар Аллоҳ истаганида эди, уларни ҳидоят узра жам қилган бўлур эди. Асло жоҳиллардан бўлманг! 36. Ҳақиқатни уни эшитадиганларгина қабул қилишади, ўликларни эса Аллоҳ тирилтиради ва кейин ҳаммаларини Ўзига қайтаради. 37. Улар: «Нега Парвардигордан унга мўъжиза туширилмади?» дейишади. «Аллоҳ мўъжиза туширишга қодирдир», денг. Лекин кўплари буни билишмайди. 38. Ерда ўрмалаган жонивор, осмонда қанот қоқувчи қуш борки, улар сизлар каби жамоалардир. Китобга ҳеч нарсани қолдирмай ёзганмиз. Кейин улар Парвардигорлари даргоҳида тўпланишади. 39. Оятларимизни ёлғон деювчилар зулматлар ичидаги кар ва соқовдирлар. Аллоҳ хоҳлаганинии адаштиради, хоҳлаганини тўғри йўлда қилади.
40. (Эй Муҳаммад), «Агар ростгўй бўлсанглар, айтинглар-чи, Аллоҳнинг азоби келса ё Қиёмат бўлса, Аллоҳдан ўзгага ёлборасизларми?», денг. 41. Ҳа, фақат Унгагина ёлборасизлар, шунда У хоҳласа, сўраган нарсангизни аритади ва шерик қилган нарсангизни унуттиради. 42. Сиздан олдинги умматларга ҳам пайғамбар юборганмиз, кейин ёлборишлари учун машаққат ва зиёнларга гирифтор қилганмиз. 43. Азобимиз келганида ёлборишса бўларди, лекин диллари қотиб, қилмишларини шайтон уларга яхши кўрсатди. 44. Эслатмаларимизни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсаларга қувониб туришганида уларни тўсатдан ушладик ва шунда ҳасратда қолишди. 45. Кейин золимларнинг тухуми қирилди, оламлар Парвардигори Аллоҳга мақтовлар бўлсин! 46. (Эй Муҳаммад), уларга: «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб, дилларингизни муҳрлаб қўйса, Аллоҳдан бошқа қайси илоҳ уларни қайтариб беради?» денг. Биз қандай далиллар келтирганимизни ва уларнинг қандай юз ўгириб кетишларини кўринг. 47. «Ўзларинг кўрдингларми, агар сизларга Аллоҳнинг азоби бирданига ва очиқчасига келса, золим қавмдан бошқалари ҳалок қилинадими?» денг. 48. Биз пайғамбарларни фақат хушхабар берувчи ва қўрқитувчи қилиб юборганмиз. Ким имон келтириб, яхши амаллар қилса, хавфсирамасин, ғам ҳам чекмасин. 49. Оятларимизни инкор қилганлар итоатсизликлари учун азобга учрашади. 50. (Эй Муҳаммад), «Сизларга ҳузуримда Аллоҳ хазиналари бор, «ғайбни биламан» демайман ва сизларга «фариштаман» ҳам демайман, ўзимга юборилган ваҳийгагина эргашаман», денг. «Кўр билан кўрувчи тенг бўлармиди, фикр қилмайсизларми?» денг. 51. Парвардигорлари ҳузурида тўпланишдан қўрқадиганларни Қуръон билан қўрқитинг. Тақводор бўлишса, уларга Ундан бошқа дўст ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. 52. Эртаю кеч Парвардигорларига холис ибодат қилувчи ва Унинг ризосини истовчиларни ҳайдаманг. Сиз улар учун ҳисоб бермайсиз, улар сиз учун ҳисоб беришмайди. Уларни ҳайдасангиз, золимлардан бўлиб қоласиз. 53. «Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар анавиларми?» дейишлари учун баъзиларни баъзилари орқали синадик. Шукр қилувчиларни Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми? 54. Агар оятларимизга ишонганлар ҳузурингизга келишса: «Сизларга салом бўлсин, Парвардигорингиз раҳмат-меҳрибонликни зиммасига олган, ким нодонлик туфайли ёмонликка йўл қўйгач ортидан тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилса, У албатта кечирувчи, меҳрибондир», – денг. 55. Гуноҳкорларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларимизни шундай баён қилурмиз.
56. «Аллоҳни қўйиб, сизлар сиғинаётган нарсага ибодат қилишдан қайтарилганман», денг. «Сизларнинг истакларингизга эргашмайман, чунки у ҳолда йўлдан адашиб, ҳидоят топганлардан бўлмай қоламан», денг. 57. «Менда Парвардигоримдан келган аниқ ҳужжат бор, сизлар эса уни ёлғон дейсизлар, сизлар тезлаштираётган нарса ихтиёримда эмас, ҳукм қилиш Аллоҳгагина хосдир, У Ҳақни кўрсатади, ажрим қилувчиларнинг энг яхшисидир», денг. 58. «Сизлар тезлаштираётган нарса ихтиёримда бўлганида эди, сизлар билан ўртамиздаги иш битган бўларди ва Аллоҳ золимларни яхши билувчидир», денг. 59. Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадир, уларни Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. У қуруқликдаги ва сувдаги ҳамма нарсаларни билади, бирон барг узилиб тушганини ҳам билади. Ер бағридаги битта дон ҳам, ҳўлу қуруқ ҳам Очиқ Китобда бордир. 60. У сизларни кечалари «вафот эттиради» ва кундузлари қилиб турган ишларингизни билади. Кейин муайян муддатнинг тугал бўлиши учун қайта «тирилтиради». Сўнгра ҳузурига қайтишингиз бор. Ўшанда нима қилганингизнинг хабарини беради. 61. У бандалари устидан ғолибдир ва сизларга муҳофаза қилувчиларни юборади. Бирортангизга ўлим келса, фаришталаримиз камчиликка йўл қўймай жонини олишади. 62. Сўнгра ҳақиқий Хожалари Аллоҳ ҳузурига қайтарилади. Огоҳ бўлингларки, ҳукм Унгагина хосдир ва У энг тез ҳисоб-китоб қилувчидир. 63. (Эй Муҳаммад), Унга чин дилдан ёлбориб: «Агар шу балолардан қутқарса, албатта шукр қилувчилардан бўлардик», дейишганида, «Сизларни қуруқлигу денгиз балоларидан ким қутқаради?» денг. 64. «Сизларни бу ва бошқа ғам-ташвишлардан Аллоҳ қутқаради, сизлар эса яна ширк келтирасизлар», денг. 65. «Угина сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга ёки сизларни турли гуруҳларга айлантириб юбориб, баъзингиздан баъзингизга зарар етказишга қодир Зотдир» денг. Улар англаб етишсин деб, оятларни қандай баён қилганимизни кўринг. 66. Қавмингиз уни ёлғон деди, ҳолбуки у Ҳақдир. «Мен сизларга вакил эмасман», денг. 67. «Ҳар бир хабарнинг тайин ўрни бор, яқинда билиб оласизлар», денг. 68. Оятларимиз ҳақида беҳуда тортишаётганларни кўрсангиз, то бошқа мавзуга ўтмагунларича, улардан юз ўгиринг. Агар шайтон эсингиздан чиқарган бўлса, эслаганингиз заҳоти золимлар билан ўтирманг. 69. Тақводорлар зиммасида мушриклар борасида ҳеч нарса йўқ, лекин улар ҳам тақводор бўлишлари учун насиҳат қилиш бор. 70. (Эй Муҳаммад), динларини ўйин-кулгига айлантирган, дунё ҳаётига алданиб қолганларни тарк этинг. Ҳар бир жон ўз қилмиши туфайли ҳалокатга учрашини, Аллоҳдан ўзга бирон дўст ё қўлловчи бўлмаслигини, бирон нарсасини фидо қилса ҳам ундан қабул қилинмаслигини уларга Қуръон билан эслатинг. Ана шундайлар қилмишлари учун ҳалокатга
учраганлардир. Куфрлари учун уларга қайноқ сувдан ичимлик ва аламли азоб бордир. 71. «Аллоҳ ўрнига ҳеч қандай фойда-зарар беролмайдиган нарсага илтижо қилайликми, худди дўстлари «бизларга қўшил» деб ҳидоятга чорлаб туришса ҳам шайтонлар адаштириб, ер юзида ҳайрон юрганга ўхшаб Аллоҳ тўғри йўлга йўллаганидан кейин яна ортимизга қайтайликми?» денг. «Ҳақиқатда энг тўғри йўл Аллоҳнинг йўлидир, оламлар Парвардигорига итоатга буюрил-ганмиз»; 72. Ва «намоз ўқинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар», денг. Чунки барчаларингиз Унинг ҳузурида тўпланасизлар. 73. У осмонлару Ерни ҳикмат билан яратган, У «Бўл!» деган куни бўлади. Унинг сўзи Ҳақдир. Сур чалинадиган кунда бутун салтанат Уники бўлади. У махфийни ҳам, ошкорни ҳам билувчидир, У ҳаким ва хабардордир. 74. (Эй Муҳаммад), Иброҳимнинг отаси Озарга: «Бутларни илоҳ қилиб оласанми, сени ва қавмингни очиқ адашувда кўряпман», деганини эсланг. 75. Иброҳимнинг аниқ ишонувчилардан бўлиши учун унга шу йўсинда осмонлару ернинг ажойиботларини кўрсатамиз. 76. Тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Менинг Парвардигорим шу», деди. У ботиб кетгач эса: «Ботувчиларни ёқтирмайман», деди. 77. Чиқаётган Ойни кўриб: «Парвардигорим мана шу», – деди. У ҳам ботиб кетганидан кейин: «Агар Парвардигорим мени ҳидоятга бошламаса, албатта адашганлардан бўлиб қоламан», – деди. 78. Кўтарилаётган қуёшни кўриб: «Мана шу Парвардигорим, бу каттароқ», деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, сизлар Худога шерик қилаётган нарсаларин-гиздан воз кечдим», – деди. 79. «Ҳақиқатда тўғри йўлга мойил ҳолда юзимни осмонлару Ерни яратган Зотга қаратдим, мен мушриклардан эмасман», – деди. 80. Шунда қавми у билан тортишди. У айтди: «Сизлар Аллоҳ хусусида мен билан тортишяпсизларми, ҳолбуки У мени ҳидоятга бошлаган. Сизлар Унга шерик қилаётган нарсангиздан қўрқмайман, Парвардигорим хоҳлаган нарсагина бўлади. Парвардигорим ҳамма нарсани илми билан ўраб олган, бундан ибрат олмайсизларми?; 81. сизларга ҳужжат туширмагани ҳолда Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмайсизлару шерик қилган нарсаларингиздан мен нега қўрқай? Агар билсангизлар, қай биримиз қўрқмасликка ҳақлироқмиз?» 82. Имон келтирганлар ва ўз имонларига зулм аралаштирмаганлар, ана ўшаларга омонлик бор ва улар ҳидоят топувчилардир. 83. Мана шу Иброҳимга қавмига қарши берган ҳужжатимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Парвардигорингиз ҳақиқатан ҳикматли, билувчидир. 84. Ва унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик, ҳаммаларини тўғри йўлда қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳамда унинг авлодидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни ҳам тўғри йўлда қилган эдик. Яхши амал қилувчиларни шундай тақдирлаймиз. 85. Ва Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни ҳам, барчалари солиҳлардандир.
86. Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни бутун олам аҳлидан афзал қилдик. 87. Ва уларнинг оталаридан, зурриётидан ва ака-укаларидан айримларини ҳам тўғри йўлда қилдик. Уларни танлаб олдик ва тўғри йўлга ҳидоят қилдик. 88. Мана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир, бандаларидан кимни хоҳласа, ҳидоятга йўллаб қўяди. Агар улар ширк келтиришганида, албатта барча амаллари беҳуда кетарди. 89. Булар Биз Китоб, ҳокимлик ва пайғамбарлик берганлардир. Манавилар бунга куфр келтиришса-да, уларни куфр келтирмайдиган қавмга топширганмиз. 90. Ана шуларни Аллоҳ ҳидоятда қилган, сиз ҳам (эй Муҳаммад), улар йўлида юринг. «Мен бунга ҳақ сўрамайман, бу олам аҳли учун бир ҳужжатдир», денг. 91. Улар «Аллоҳ башариятга ҳеч нарса туширмаган» дейишганида Аллоҳнинг қудратини тўғри англашмади. (Эй Муҳаммад): «Мусо нур ва одамларга ҳидоят қилиб олиб келган, сизлар уни саҳифа қилиб олгач, баъзисини кўрсатиб, кўпини яширадиган, сизлар ҳам, ота-бобларингиз ҳам билмаган нарсаларни ўргатган Китобни ким туширган эди?» денг. «Аллоҳ», денг. Кейин уларни бўҳтонларига қўйиб беринг. 92. Биз нозил қилган муборак бир Китобдир, ўзидан олдингиларни тасдиқловчидир, Уммул Қуро ва атрофидагиларни огоҳлантиришингиз учундир. Охиратга ишонганлар унга имон келтиришади ва намозларини вақтида адо этишади. 93. Аллоҳга ёлғон туҳмат қилувчи, ваҳий келмаса-да, «менга ваҳий келди» деювчи ва «Аллоҳ нозил қилган нарсани мен ҳам тушира оламан», деювчилардан ҳам золимроқ ким бор? Золимларнинг ўлим талвасасида қолишларини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб: «Жонларингни беринглар, Аллоҳга ноҳақ сўзлаганингиз, Унинг оятларига кибр қилганингиз учун бугун хорлик азоби билан жазоланасизлар!» дейишганидаги ҳолларини бир кўрсангиз эди. 94. Сизларни бошда яратганимиздек ҳузуримизга якка-якка келдинглар, берган нарсаларимизни ортда қолдирдинглар, ўзларингизча шерик гумон қилган ҳомийларингизни ҳам сизлар билан бирга кўрмаяпмиз. Ўртангиздаги алоқаларингиз узилди, ишонганларингиз йўқ бўлди. 95. Аллоҳ ҳақиқатан донни ва данакни ёрувчидир, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқарувчидир. Аллоҳ ана шундайдир! Сизлар нега юз ўгиряпсизлар?! 96. У тонг оттирувчидир, У тунни ором-фароғат, қуёш ва ойни ҳисоб учун белгилаб қўйди. Бу қудратли ва билувчи Зот ўлчовларидир. 97. У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратиб қўйган. Билувчи қавмлар учун далилларни шундай батафсил баён қилдик. 98. У сизларни бир жондан яратган. Сизларга бир жой омонат ва бир жой доимийдир. Фаҳмлайдиган қавмлар учун далилларни шундай батафсил баён қилдик.
99. У осмондан сув туширгандир. Унинг билан турли набототни ундирдик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан бошоқли донларни, хурмонинг узун-қисқа новдаларидан шиғил ғужумларни, яна узум боғларини, бир-бирига ўхшаган-ўхшамаган зайтун ва анорларни пайдо қиламиз. Ҳар бирининг мева туккан пайтдаги ҳосилига ва пишганига боқинглар. Албатта буларда имонли қавмларга далиллар бор. 100. Улар жинларни Аллоҳга шерик қилишади, ҳолбуки уларни ҳам У яратган. Жоҳиллик туфайли Унга ўғил-қиз «ўйлаб топишади». У булардан пок ва Олийдир. 101. У осмонлару Ерни пайдо қилган. Унинг жуфти йўғу қандай боласи бўлади? Ҳамма нарсани Ўзи яратган ва У ҳамма нарсани яхши билувчидир. 102. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Унгагина ибодат қилинглар, У ҳамма нарсанинг ҳомийидир. 103. Кўзлар Уни қамраб ололмайди, У кўзларни қамраб олади. У ниҳоятда меҳрибон ва огоҳдир. 104. Ҳақиқатан Парвардигорингиздан равшан далиллар келди. Кимнинг кўзи очилса, фойдаси ўзига, ким кўрлигича қолса, зарари ўзига. Мен устларингизда қўриқчи эмасман. 105. (Эй Муҳаммад), «Ўрганиб олгансан» дейишлари учун ва билувчи қавмга маълум қилиш учун оятларимизни шундай баён қиламиз. 106. Парвардигорингиздан келган ваҳийларга эргашинг. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Мушриклардан юз ўгиринг. 107. Агар Аллоҳ хоҳлаганида улар мушрик бўлишмасди. Сизни уларга пойлоқчи қилмадик ва уларга вакил ҳам эмассиз. 108. (Эй мўминлар), Аллоҳдан ўзгага ибодат қилаётган нарсаларини сўкманглар, кейин ҳаддан ошиб билмасдан Аллоҳни сўкиб юришмасин. Ҳар бир умматга амалини шундай чиройли кўрсатиб қўйдик. Сўнгра Парвардигорлари ҳузурига қайтишганида қилмишлари хабарини беради. 109. Агар уларга бирор оят-далил келса, унга албатта ишонишларига Аллоҳ номи билан қаттиқ қасам ичишади. (Эй Муҳаммад): «Оятлар фақат Аллоҳнинг ҳузурида», денг. Қаердан ҳам биласизлар, балки оят келса ҳам улар имон келтиришмас?! 110. Бошда имон келтиришмаганидек уларнинг диллари ва кўзларини буриб қўямиз ва туғёнларида адашиб сарсон бўлишларига қўйиб берамиз. 111. Агар уларга фаришталарни туширсак ҳам, ўликлар уларга гапирса ҳам, улар олдига ҳамма нарсани тўплаб қўйсак ҳам, Аллоҳ хоҳламаса, имон келтиришмайди. Лекин кўплари буни билишмайди. 112. Ҳар бир пайғамбарга инсонлар ва жинларнинг шайтонларини шундай душман қилиб қўйдик. Уларни алдаш учун бир-бирларини бўяма сўзлар билан васваса қилишади. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида бундай қилишмасди. Уларни ўз ёлғонларига қўйиб беринг. 113. Охиратга ишонмайдиганларнинг диллари бу сўзларга мойил бўлаверсин, истаганларича гуноҳ ишларини қилишаверсин.
114. «Аллоҳдан бошқани ҳакам қилиб олайми, ҳолбуки У сизларга Китобни муфассал баён билан туширган-ку?» денг. Биз Китоб берганлар уни ҳақиқатан Парварди-горингиз туширганини яхши билишади. Демак, бунга асло шубҳа қилувчилардан бўлманг. 115. Парвардигорингизнинг сўзлари тамоман рост ва адолатлидир, Унинг сўзларини ҳеч ким ўзгартиролмайди, У эшитувчи ва билувчидир. 116. (Эй Муҳаммад), агар Ер юзидагиларнинг кўпчилигига итоат қиладиган бўлсангиз, улар сизни Аллоҳ йўлидан адаштиришади. Улар гумонга суянишади ва алдашади, холос. 117. Ҳақиқатан ким Унинг йўлидан адашишини ва ким ҳидоятда бўлишини Парвардигорингиз яхши билади. 118. (Эй мўминлар), Унинг оятларига имонларингиз бўлса, Аллоҳ номи айтилган нарсалардан еяверинглар. 119. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳ номи айтилган нарсадан емайсизлар?! Ахир У сизларга ҳаром қилган нарсаларини батафсил айтиб қўйган-ку! Агар танг қолсангизлар, майли! Ҳақиқатан кўплар билмасдан ҳою ҳаваслари туфайли адаштиришади. Парвардигорингиз ҳаддидан ошганларни яхши билади. 120. Ошкора ҳам, яширин ҳам гуноҳ қилманглар. Гуноҳкорлар қилмишлари жазосини албатта олишади. 121. Аллоҳ номи зикр қилинмаган нарсаларни еманглар, бу фосиқликдир. Шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилишади. Агар уларга итоат қилсангизлар, албатта мушриклардан бўласизлар. 122. Ахир бошда ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида олиб юриши учун нур бериб қўйган бўлсак, у зулмат ичидан чиқа олмай қолган кимсага ўхшармиди?! Кофирларга қилмишлари мана шундай чиройли кўрсатиб қўйилди. 123. Худди шунга ўхшаш алдашлари учун ҳар бир юртда жиноятчи сардорларни пайдо қилиб қўйдик. Улар билмаган ҳолда ўзларини алдашади. 124. Уларга далил келганида: «Аллоҳнинг пайғамбарларига берилганига ўхшаш нарса бизларга ҳам берилмагунича ҳаргиз имон келтирмаймиз», – дейишади. Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйишини Ўзи яхши билади. Гуноҳкорларга қилмишлари учун Аллоҳ ҳузурида яқинда албатта хорлик ва қаттиқ азоб бордир. 125. Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса, унинг кўксини Исломга кенг очиб қўяди, кимни залолатга кетказишни хоҳласа, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандагидек қисиб, танг-тор қилиб қўяди. Шунингдек, Аллоҳ имонсизларни азобга дучор қилади. 126. Мана шу Парвардигорингизнинг тўғри йўлидир. Ибрат олувчиларга оятларимизни батафсил баён қилдик. 127. Уларга Парвардигорлари ҳузурида «омонлик уйи» бор, У яхши амал қилувчиларнинг дўстидир. 128. (Эй Муҳаммад), уларнинг барини тўплайдиган кунда У: «Эй жинлар жамоаси, инсонлардан кўпини адаштириб юбордингиз», дейди. Уларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: «Эй Парвардигоримиз,
баъзиларимиз баъзиларимиздан нафландик, Ўзинг бизга тайин қилган муддатга етиб келдик», – дейишади. У: «Қайтар жойларингиз дўзахдир, унда абадий қоласизлар, фақат Аллоҳ хоҳласагина нажот бор», – дейди. Парвардигорингиз албатта ҳикматли ва билувчидир. 129. Кирдикорлари сабабли золимларни бир-бирига шундай яқин қилиб қўямиз. 130. «Эй жин ва инсон жамоалари, сизларга ўзингиздан чиққан пайғамбарлар келиб оятларимизни ўқишмаганмиди, бугунги кунга дучор бўлишингиздан қўрқитишмаганмиди?!» Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дейишади. Уларга дунё ҳаёти фириб берди ва кофирликларини айтиб ўз зиёнларига гувоҳлик беришди. 131. Бунга сабаб, Парвардигорингиз шаҳар-қишлоқларнинг ғафлатдаги аҳолисини зулмларидан огоҳлантирмай туриб ҳалок қилмаслигидир. 132. Ҳар кимга қилганларига яраша даража бор ва Парвардигорингиз уларнинг амалларидан бехабар эмас. 133. Ва Парвардигорингиз беҳожат ва меҳрибондир. Агар хоҳласа, сизларни бошқа халқларга ворис қилганидек, сизларни ҳам кетказиб ўрнингизга истаган бошқасини келтиради. 134. Сизларга ваъда қилаётгани албатта келади ва сизлар Уни ожиз қолдира олмайсизлар. 135. (Эй Муҳаммад): «Эй қавмим, жойингизда билганингизни қилаверинглар, мен ҳам амалимни қиламан. Яқинда охират дунёси кимнинг фойдасига бўлишини биласизлар, золимлар ҳеч қачон нажот топишмайди», денг. 136. Улар Аллоҳ яратган экин ва чорвалардан Унга насиба ажратиб, ўзларича: «Бу Аллоҳга, буниси маъбудларимизга», – дейишди. Маъбудларининг нарсаси Аллоҳникига қўшилмайди, Аллоҳники бўлган нарсалар маъбудлариникига қўшилади. Қанчалар ёмон ҳукм чиқаришди-я! 137. Ана шу маъбудлари мушрикларни ҳалок этиш ва динларидан чалғитиб юбориш учун кўпларига болаларини ўлдиришни яхши кўрсатиб қўйди. Агар Аллоҳ хоҳлаганида бундай қилишмасди. Уларни туҳмат- бўҳтонлари билан бирга ўз ҳолларига қўйинг. 138. Улар ўзларича: «Бу чорва ҳайвонлари ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаганлар ейди, мана бу ҳайвонларни миниш ҳаром қилинган», – дейишади, уларни сўйишда Аллоҳ номини айтишмайди, бу Унга туҳматдир. Туҳматлари сабабли яқинда уларга Ўзи жазо беради. 139. Улар: «Мана шу жониворларнинг қорнидаги нарса эркакларимизга ҳалол, хотинларимизга ҳаромдир», – дейишади. Агар у ўлик бўлса, ҳаммаларигадир. Бундай дейишгани учун яқинда Ўзи жазо беради, У ҳақиқатан ҳикматли ва яхши билувчидир. 140. Ақлсизлик ва жоҳилликлари туфайли фарзандларини ўлдирганлар ва Аллоҳга туҳмат билан Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларни ҳаромга чиқарганлар зиёнга учрашди. Улар ҳақиқатан адашишди ва тўғри йўлда бўлишмади.
141. У ёввойи ва хонаки боғларни, хурмозорлар ва ҳосили хилма-хил экинларни, таъмига кўра бири бирига ўхшаган-ўхшамаган зайтун ва анорларни пайдо қилган. Ҳосили пишганида улардан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар ва исроф қилманглар. У исрофгар-ларни асло яхши кўрмайди. 142. У ҳайвонлардан юк ташувчиларини ва сўйиладиганларини берди. Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларни енглар ва шайтоннинг кирдикорларига эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир. 143. Саккиз жуфтликни: қўйдан иккита ва эчкидан иккитани яратди. (Эй Муҳаммад): «Икки эркакни ҳаром қилдими ё иккала урғочиними ёки иккала урғочининг бачадонидагиними? Агар ростгўй бўлсанглар, шуни ҳужжат билан айтиб беринглар-чи!», денг. 144. Ва туядан иккитани, қорамолдан иккитани яратди. «Иккала эркагини ҳаром қилдими ё иккала урғочиними ёки иккала урғочининг бачадонидагиними? Ёхуд Аллоҳ сизларни шунга буюрганига гувоҳмидинглар?!» денг. Илмсиз бўлса-да, одамларни адаштириш учун Аллоҳ шаънига ёлғон тўқигандан ҳам золимроғи борми? Аллоҳ албатта золим қавмларни ҳидоятга бошламайди. 145. «Менга ваҳий қилинган нарсада истеъмол учун ўлакса, тўкилган қон ё тўнғиз гўштидан бошқа ҳаром қилинган нарсани топмаяпман, булар нопок, ҳаромдир. Аллоҳдан ўзгага аталган ҳайвон ҳам. Киши танг қолганида зулм қилмай ва ҳаддан ошмай бир оз еса, майли. Парвардигорингиз албатта кечирувчи ва раҳмлидир», денг. 146. Яҳудийларга барча бир тирноқли жониворларни ҳаром қилдик, мол ва қўйдан эса ёғларини ҳаром қилдик. Орқаларидаги ва ичакларидаги чарвилари ё суякка ёпишган ёғлари мустасно. Бу уларнинг золимликлари учун берган жазоимиздир. Биз албатта рост сўзловчимиз. 147. (Эй Муҳаммад): Агар улар сизни ёлғончига чиқаришса: «Парвардигорингиз ниҳоятда раҳмли, аммо Унинг жазосини гуноҳкор қавмлардан қайтариб бўлмайди», денг. 148. Ширк келтирганлар: «Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота- боболаримиз ҳам мушрик бўлмаган ва бирор нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик», – дейишади. Улардан олдингилар ҳам то азобимизни тотмагунларича худди шундай ёлғончига чиқаришган эди. «Бизга кўрсатадиган бирон ҳужжатингиз борми, сизлар фақат гумонга боряпсиз ва фақат ёлғон сўзлаяпсиз», денг. 149. «Етарли ҳужжат фақат Аллоҳникидир, агар хоҳлаганида ҳаммангизни ҳидоят қилар эди», денг. 150. «Аллоҳ бу нарсаларни ҳаром қилганига шоҳидлик берадиган гувоҳларингизни келтиринглар», денг. Агар улар гувоҳлик беришса ҳам, улар билан бирга гувоҳлик берманг. Оятларимизни ёлғонга чиқарувчилар ва охиратга ишонмайдиганларнинг кирдикорларига эргашманг. Улар Парвардигорларига нарсаларни тенглаштиришади. 151. «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб эшиттирай: «Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-онага яхшилик қилинглар, қашшоқликдан қўрқиб фарзандларингизни ўлдир-
манглар, чунки сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирамиз. Фаҳш ишларнинг ошкорига ҳам, махфийига ҳам яқинлашманглар, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган бирор жонни ноҳақ ўлдирманглар. Шояд ақл ишлатсанглар, деб шуларни сизларга буюрган», денг. 152. Вояга етмагунларича етимларнинг молига тегманглар, уни кўпайтиришга бўлса майли. Ўлчов ва тарозини инсоф билан тўлдириб беринглар. Бирор кимсага тоқатидан ортиқ нарса юкламаймиз. Сўзлаганда қариндошингиз зиддига бўлса ҳам адолатли бўлинглар. Аллоҳга берган ваъдангизга вафо қилинглар. Булар насиҳат олишингиз учун айтилган ҳукмдир. 153. Бу Менинг тўғри йўлимдир, энди шунда юринглар. Бошқа йўлларга кирманглар, чунки улар Унинг йўлидан адаштиради. Бундан сақланишларингиз учун шунга буюряпти. 154. Яна яхшилик қилганларга неъматимизни тўкис бериш, ҳамма нарсани тушунтириш, раҳнамолик ва меҳрибонлик бўлиши учун Мусога Китобни бердик. Шояд, улар Парвардигорлари мулоқотига имон келтиришса! 155. Бу Биз нозил қилган муборак Китобдир, энди сизларга раҳм қилиниши учун унга эргашинглар ва тақво қилинглар. 156. «Бизлардан олдинги икки тоифага китоб нозил қилинган ва уларнинг нима ўрганганидан бехабармиз», демаслигингиз учун; 157. Ёки: «Агар бизларга ҳам китоб нозил қилинганида улардан тўғрироқ йўлда бўлардик», демаслигингиз учун энди Парвардигорингиздан очиқ-ойдин ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳ оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгиргандан ҳам золимроғи борми? Оятларимиздан юз ўгирганларни яқинда ёмон азоб билан жазолаймиз. 158. Улар фаришталар келишини ё Парвардигорингиз келишини ёки Парвардигорингизнинг баъзи далиллари келишини кутишяптими? Парвардигорингизнинг баъзи далиллари келган кунда олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик қилмаган бўлса, ҳеч кимга имонидан фойда йўқ. «Кутаверинглар, биз ҳам кутувчилармиз», денг. 159. (Эй Муҳаммад), динларида бўлинишга йўл қўйиб, фирқабозлик қилувчилар билан ҳеч бир алоқангиз йўқ. Албатта уларнинг иши Аллоҳга ҳавола, ўшанда қилмишларини маълум қилади. 160. Ким яхшилик қилса, унга бунинг ўн баробари, ким ёмонлик қилса, унга фақат қилмишига яраша жазо берилади ва уларга зулм қилинмайди. 161. «Парвардигорим мени тўғри йўлга, ҳақ динга, Иброҳимнинг ҳаниф миллатига йўллаган, у мушриклардан бўлмаган эди», денг. 162. «Намозим, ибодатларим, ҳаёт-мамотим оламлар Парвардигори Аллоҳ учундир», денг. 163. «Унинг шериги йўқ, мен шунга буюрилганман ва мен мусулмонларнинг аввалгисиман», денг. 164. «Аллоҳдан ўзгасини Парвардигорим дейми? Ахир У ҳамма нарсанинг Парвардигори-ку! Ҳар бир жоннинг гуноҳи ўзига, ҳеч ким
ўзганинг юкини кўтармайди. Кейин Парвардигорингизга қайтишингиз бор. Шунда У тортишган нарсаларингиз хабарини беради». 165. «У сизларни Ер юзида халифа қилган ва берган нарсасида синаш учун баъзиларингизнинг даражасини баъзиларингизникидан устун қилган. Парвардигорингиз албатта тезда азоб берувчи ва кечирувчи, раҳмлидир», денг. 7. АЪРОФ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 206 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф, лам, мим, сод. 2. (Эй Муҳаммад,) бу сизга нозил қилинган Китобдир, у билан огоҳлантиришингизда дилингизда танглик бўлмасин. У мўминлар учун ҳам эслатмадир. 3. (Эй инсонлар,) Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага эргашинглар, Ундан бошқа «дўстлар»га эргашманглар. Насиҳатни кам оласизлар. 4. Қанчалаб шаҳар-қишлоқларни ҳалок қилдик, уларга азобимиз тун уйқусида ёки туш уйқусида келди. 5. Уларга азобимиз келганида: «Ҳақиқатда бизлар золимлардан эдик», дейишдан нарига ўтишмади. 6. Биз пайғамбар юборилганлардан ҳам, пайғамбарлардан ҳам албатта сўраймиз. 7. Кейин уларга воқеани албатта баён қиламиз, Биз ғойиб эмас эдик. 8. Тўғри тортиш ўша куни бўлади: кимларнинг тортилган амаллари оғир келса, ўшаларгина нажот топишади. 9. Ва кимнинг тортилган амаллари енгил келса, ана шулар оятларимизни инкор қилганлари туфайли ўзига зиён етказганлардир. 10. (Эй инсонлар,) сизларни Ер юзида қарор топтириб, унда сизлар учун турмуш воситаларини яратдик, аммо сизлар кам шукр қиласизлар. 11. Биз сизларни яратдик, сўнгра сизларга қиёфа бердик, кейин фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», дедик. Улар сажда қилишди, фақат Иблис сажда қилувчилардан бўлмади. 12. (Аллоҳ): «Сенга саждани буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?» деди. У: «Ундан яхшироқман, мени ўтдан яратдинг, уни тупроқдан яратгансан», деди. 13. (Аллоҳ): «У ҳолда осмондан туш, унда кибру ҳаво қилиб юришинг тўғри эмас, йўқол, сен албатта хор бўлувчилардансан!», деди. 14. У: «Улар қайта тириладиган кунгача муҳлат бер», деди. 15. (Аллоҳ): «Сенга албатта муҳлат берилади», деди. 16. У: «Мени бадном қилганинг учун энди уларни тўғри йўлингдан тўсиб ўтираман;
17. Кейин уларнинг олдиларию орқаларидан, ўнг ва чап тарафларидан келаман ва кўпларини шукр қилган ҳолларида топмайсан», деди. 18. Шунда Аллоҳ: «Ундан хор ва ҳайдалган ҳолингда чиқиб кет! Қасамёд этаманки, инсонлардан ким сенга эргашса, ҳаммаларингиз билан дўзахни тўлдираман», деди. 19. Ва: «Эй Одам, жуфтинг билан жаннатда яшаб, хоҳлаган жойда таомланаверинглар, фақат мана бу дарахтга яқинлашманглар, унда ўзларингизга зулм қиласизлар», дедик. 20. Сўнг шайтон ўзларидан беркитилган авратларини бир- бирларига очиш учун икковини васваса қилди ва: «Парвардигорингиз фаришта бўлиб қолмасликларинг ёки абадий яшамасликларинг учунгина бу дарахтдан қайтарган», деди. 21. Ва уларга: «Мен ҳақиқий маслаҳатгўйингизман», деб қасам ичди. 22. Шундай алдов билан уларни мойил қилди. Икковлари дарахтдан татиб кўришган эди, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва жаннатдаги япроқларни улаб, шу билан ўз авратларини тўсмоқчи бўлишди. Шунда Парвардигорлари уларга нидо қилиб айтди: «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва шайтон сизларга душман демаганмидим!». 23. Икковлари: «Парвардигоримиз, ўзимизга зулм қилдик, агар бизни кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз», дейишди. 24. (Аллоҳ): «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар, сизлар учун маълум муддатгача Ерда қарор топиш ва фойдаланиш бор», деди. 25. У: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан чиқариласизлар», деди. 26. Эй Одам болалари, авратларингизни яширадиган либос ва зийнатларни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидир. 27. Эй Одам болалари, ота-оналарингизни авратларини ўзларига кўрсатиш учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, шайтон сизларни ҳам йўлдан оздирмасин. Чунки у ва унга ўхшашлар ўзингиз сезмаган томондан сизни кўриб туришади. Шайтонларни ҳақиқатан имон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз. 28. Улар ёмон ишлар қилишса: «Ота-боболаримизнинг шундай қилганини кўрганмиз, Аллоҳ бизларга шуни буюрган», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳ ёмон ишларга буюрмайди, Аллоҳ ҳақида билмайдиган нарсаларингизни айтаверасизми?» денг. 29. «Парвардигорим адолатга буюрган, ҳар бир ибодат пайтида Унга юзланинглар ва Унга холис дуо-илтижо қилинглар, сизларни олдин қандай яратган бўлса, шундай қайтасизлар», денг. 30. У бир гуруҳни ҳидоят қилди, бошқасини йўлдан оздирди. Чунки улар Аллоҳ қолиб, шайтоннни дўст қилишган ва тўғри йўлдамиз, деб ўйлашади.
31. Эй Одам болалари, ҳар бир масжид олдидан зийнатланиб олинглар. Шунингдек, енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У исрофгарларни яхши кўрмайди. 32. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳ бандаларига чиқарган либосларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди», денг. «Булар дунё ҳаётида мўминларга ҳамдир, Қиёмат куни эса фақат уларгадир», денг. Биладиганлар учун оятларимизни шундай батафсил баён қиламиз. 33. «Парвардигорим фақат ошкораю яширин бузуқ ишларни, ҳар бир гуноҳни, ноҳақ зулмни, ҳеч қандай ҳужжат тушмаган нарсаларни Аллоҳга шерик қилишингизни, Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни гапиришингизни ҳаром қилган», денг. 34. Ҳар бир умматнинг ажали бор, ажаллари келган вақтда уни бирор соат кейинга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди. 35. Эй Одам болалари, ўзларингдан пайғамбарлар келиб оятларимни тушунтирганида ким тақво қилиб, ўзини ўнгласа, хавфда ҳам, ғамда ҳам қолмайди. 36. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ҳамда уларга кибр қилганлар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади. 37. Аллоҳга бўҳтон қилган ва оятларини ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ борми? Ана шуларга Китобдаги насибалари етганида жонларини олиш учун элчиларимиз келиб: «Аллоҳ ўрнига ибодат қилаётган нарсаларингиз қаерга кетди?» деб сўрашади. Улар: «Бизларни ташлаб кетишди», дейишади ва кофирликларига ўзлари гувоҳлик беришади. 38. (Аллоҳ): «Сизлардан олдинги жин ва инсонлар уммати билан дўзахга киринглар», дейди. Қайси бир гуруҳ кирса, шеригини лаънатлайди. Ҳаммалари бир-бирлари билан топишгач кейингилар олдингилар ҳақида: «Эй Парвардигоро, анавилар бизларни адаштиришган, уларга дўзах азобини икки ҳисса қилиб бер», дейишади. У: «Ҳаммага икки ҳиссадан бўлади, лекин билмайсизлар», дейди. 39. Олдингилар кейингиларга: «Сизларнинг биздан афзаллигингиз йўқ, қилмишларингиз азобини тортаверинглар», дейишади. 40. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва уларга кибрда бўлганларга осмон эшиклари очилмайди ва туя игнанинг тешигидан ўтмагунича жаннатга киришмайди, гуноҳкорларни шундай жазолаймиз. 41. Дўзах уларнинг тўшаги ва чойшаби бўлади, золимларни шундай жазолаймиз. 42. Имон келтирган ва яхши амаллар қилганлар – Биз ҳеч кимга тоқатидан ортиқ юк қўймаймиз – ана шулар жаннтийлардир ва у ерда абадий қолишади. 43. Улар дилидан гина-ғашликларни тортиб оламиз, остларидан анҳорлар оқиб туради ва улар: «Бизларни бу ерга етказган Аллоҳга мақтовлар бўлсин, Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ўзимиз ҳаргиз йўл топа олмасдик, Парвардигоримизнинг пайғамбарлари ҳақиқатни олиб келишган», дейишади. Уларга: «Қилган амалларингиз учун сизлар мерос қилиб олган жаннат мана шу!», дейилади.
44. Ва жаннатийлар дўзахийларга: «Парвардигоримизнинг бизга берган ваъдаси рост эканини кўрдик, сизлар ҳам Парвардигорингиз ваъдаси рост эканини кўрдингизми?» деб нидо қилишади. Улар: «Ҳа», дейишади. Шунда улар орасидаги бир жарчи жар солади: «Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!; 45. улар Аллоҳ йўлидан тўсадиганлар, бундан қийиқ ахтарадиганлар ва охиратга ишонмайдиганлардир». 46. Ўрталарида тўсиқ, деворлар устида эса ҳаммани сиймосидан таниб оладиган кишилар бўлади. Истаклари бўлса ҳам жаннатга кирмай турган жаннатийларга: «Сизларга салом бўлсин!» деб нидо қилинади. 47. Уларнинг нигоҳлари дўзахийлар тарафга тушиб қолса: «Парвардигоро, бизларни золимларга қўшиб қўйма!», дейишади. 48. Аърофдагилар сиймосидан танийдиган одамларига бундай нидо қилишади: «Тўплаган нарсаларингиз ва кибру ҳавоингиз сизларга асқотмабди-ку!; 49. сизлар: «Ҳаргиз уларга Аллоҳ раҳматини етказмайди», деб қасам ичганларингиз анавилар эмасмиди, уларга: жаннатга киринглар, сизларга хавф ҳам, ғам ҳам йўқ, дейилди-ку!». 50. Дўзахийлар жаннатийларга: «Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ баҳраманд қилган неъматлардан тўкинглар», деб нидо қилишади. Жаннатдагилар айтишади: «Аллоҳ буларни кофирларга ҳаром қилган; 51. чунки улар динларини эрмак-мазах қилишган ва дунё ҳаётига алданишган». Бугунги учрашувни унутганлари ва оятларимизни инкор қилганлари учун энди Биз ҳам бугун уларни «унутамиз». 52. Ҳақиқатан Биз уларга илм билан баён қилинган бир Китоб бердикки, у мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир. 53. Улар эса Китобнинг оқибатини кутишяптими? Унинг оқибати келадиган кунда уни унутганлар: «Парвардигоримизнинг пайғамбарлари тўғри хабар олиб келишган экан, энди бизларни қўллайдиганлар бўлсайди ёки орқага қайтарилсагу қилган амалларимиздан бошқача амал қилсак», дейишади. Улар ҳақиқатан ўзларига зиён қилишди ва қилган даъволари чиппакка чиқди. 54. Ҳақиқатан Парвардигорингиз Аллоҳ осмонлару Ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршда ўрнашган. У бир-бирини бетиним қувадиган кундузни кеча билан ўрайди, Қуёш, Ой ва юлдузларни амрига бўйсунувчи қилиб яратди. Огоҳ бўлингларки, яратиш ва ҳукмронлик қилиш Унгагина хосдир. Оламлар Парвардигори мутлоқ буюкдир. 55. (Эй мўминлар,) Парвардигорингизга ёлбориб махфий дуо қилинглар, албатта У ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди. 56. Ва ўнглаб қўйилганидан кейин ҳам ер юзида фасод ишларни қилманглар, Унга қўрқув ва умид билан ёлборинглар. Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга ҳақиқатан яқиндир. 57. У раҳматидан олдин елларни хабарчи қилиб юборадиган Зотдир. Улар оғир булутларни кўтариб келишганида Биз уни ўлик юртга ҳайдаб, уни суғорамиз ва тушган сув билан турли мевалар ундирамиз. Ибрат олишларингиз учун ўликларни ҳам шундай тирилтирамиз.
58. Покиза ерларнинг экини Парвардигор изни билан унади, нопокиники эса фақат қийинчилик билан чиқади. Шукр қилувчиларга далилларимизни шундай баён қиламиз. 59. Ҳақиқатан Биз Нуҳни қавмига юбордик. Шунда у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар, сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Сизлар учун буюк кун азобидан хавфдаман», деди. 60. Қавмининг зодагон кишилари: «Сенинг аниқ адашувда эканингни кўряпмиз», дейишди. 61. Нуҳ айтди: «Эй қавмим, мен адашаётганим йўқ, балки мен барча оламларнинг Парвардигоридан элчиман; 62. сизларга Парвардигорим ҳукмларини етказаман, насиҳат қиламан ва сизлар билмаган нарсаларни Аллоҳ менга билдирган; 63. тақводор бўлсангизлар, раҳматга эришсангизлар, деб огоҳлантириш учун Парвардигорингиздан эслатма ўзларингиздан бир киши орқали келганига ажабланяпсизларми?». 64. Шунда уни «ёлғончи» дейишди. Кейин Биз уни ва у билан кемада бўлганларни қутқардик, оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ қилдик, чунки улар бир гумроҳ қавм эди. 65. Од қавмига биродарлари Ҳудни юбордик. У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингларки, Ундан ўзга илоҳингиз йўқ, қўрқмайсизларми?» деди. 66. Қавмнинг кофир сардорлари: «Сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз, сени албатта ёлғончи деб ўйлаймиз», дейишди. 67. У айтди: «Эй қавмим, менда нодонлик йўқ, аксинча мен оламлар Парвардигоридан элчиман; 68. сизларга Парвардигорим ҳукмларини етказаман ва насиҳат қиламан; 69. сизларни огоҳлантириш учун Парвардигорингиздан эслатма ўзларингдан бир киши орқали келганига ажабланяпсизларми? Сизларни Нуҳ қавмидан кейин ўринбосар қилганини ва куч-қувватингизни зиёда қилиб яратганини эсланглар. Нажот топай десанглар, Аллоҳ неъматларини ёдда тутинглар». 70. Улар: «Ота-бобларимиз сиғинган нарсаларни ташлаб ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз учун келганмисан? Агар ростгўй бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир-чи!», дейишди. 71. Ҳуд айтди: «Парвардигорингиз тарафидан азоб ва ғазаб тушиши аниқ. Аллоҳ ҳеч бир далил келтирмаган, ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлар хусусида мен билан тортишяпсизларми? Энди кутаверинглар, мен ҳам сизлар билан кутаман». 72. Шунда унга ва у билан бўлганларга раҳматимиз ила нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсаларнинг тухумини қуритдик, улар имонли эмас эдилар. 73. Ва Самуд қавмига биродарлари Солиҳни юбордик. У бундай деди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингларки, Ундан бошқа илоҳингиз йўқ. Парвардигорингиздан келган исбот – Аллоҳнинг бу туяси сизларга бир
далилдир. Уни ўз ҳолига қўйинглар. Унга ёмонлик қилманглар, яна аламли азоб тутиб қолмасин; 74. ва У сизларни Од қавмидан кейин ўринбосар қилганини, сизларга ер юзи водийларида қасрлар қуришингиз, тоғларда уй тарошлаб олишингиз учун имкон берганини эсланглар. Аллоҳ неъматларини ёдга олинглар ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар». 75. Қавмнинг мутакаббир сардорлари имон келтирган бечораларга: «Солиҳни Парвардигори пайғамбар қилиб юборган деб ўйлаяпсизларми?» дейишди. Улар: «У орқали юборилган нарсага албатта имон келтирамиз», дейишди. 76. Мутакаббирлар: «Сизлар имон келтирган нарсани инкор қиламиз», дейишди. 77. Ва Парвардигорлари амридан бош тортиб, туяни сўйиб юборишди ҳамда: «Эй Солиҳ, агар пайғамбарлардан бўлсанг, ваъда қилган азобингни кўрсат-чи!», дейишди. 78. Шунда уларни зилзила ушлади ва уйларида тиз чўкиб ҳалок бўлишди. 79. Кейин Солиҳ улардан юз ўгириб: «Эй қавмим, сизларга Парвардигоримнинг ҳукмини етказдим ва насиҳат қилдим, лекин сизлар насиҳатчиларни севмас экансизлар», деди. 80. Ва Лутни юбордик, (эй Муҳаммад), унинг ўз қавмига: «Сизлардан олдин олам аҳлидан бирор киши қилмаган ишни қиласизларми?; 81. яъни, хотинлар қолиб, эркакларга шаҳват билан яқинлашяпсизларми? Йўқ, сизлар ҳаддидан ошган қавмсизлар!», деганини эсланг. 82. Аммо қавм: «Уларни шаҳрингиздан ҳайдаб чиқаринглар, улар покликни истаган одамлар экан», дейишдан нарига ўтмади. 83. Шунда уни ва эргашувчиларини қутқардик, фақат хотини қолганлар билан ҳалок бўлди. 84. Улар устига тош «ёмғири» ёғдирдик, гуноҳкорларнинг қисмати қандай бўлганини кўринг. 85. Ва Мадянга биродарлари Шуайбни юбордик. У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингларки, Ундан ўзга илоҳингиз йўқ. Сизга Парвардигорингиздан далил келди, энди ўлчов ва тарозини тўлиқ қилинглар, одамлар нарсасидан уриб қолманглар ва ўнглаб қўйилгандан сўнг ер юзида бузғунчилик қилманглар. Агар мўмин бўлсангизлар, шуниси ўзларингизга яхшироқдир; 86. йўлларда ўтириб олиб, Аллоҳга имон келтирганларни чалғитиш учун йўлларини тўсиб қўрқитманглар. Озчилик пайтингизда сизларни кўпайтириб қўйганини эсланглар ва бузғунчиларнинг қисмати нима бўлганини кўринглар; 87. Агар бир тоифангиз мен билан юборилган нарсага имон келтирса, бошқаси имон келтирмаса, Аллоҳ ўртамизда ҳукм чиқаргунича сабр қилинглар, У энг яхши ҳукм қилувчидир!».
88. Қавмининг мутакаббир сардорлари: «Эй Шуайб, ё сени ва сен билан имон келтирганларни шаҳримиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки динимизга қайтасизлар», дейишди. Шуайб айтди: «Динингизни ёмон кўрсак ҳам-а?; 89. Аллоҳ халос қилганидан кейин ҳам динингизга қайтсак, Аллоҳга ёлғон тўқиган бўламиз. Аллоҳ хоҳламаса, унга қайтишимиз сира мумкин эмас. Парвардигоримиз ҳамма нарсани илми билан қамраб олган. Аллоҳга таваккал қилдик. Парвардигоро, қавм билан орамизда Ўзинг ҳукм қил, Сен энг яхши ҳукм қилувчисан». 90. Қавмининг кофир сардорлари: «Агар Шуайбга эргашсанглар, албатта зиёнга учрайсизлар», дейишди. 91. Шунда уларни зилзила ушлади ва уйларида тиз чўкиб ҳалок бўлишди. 92. Шуайбни ёлғончига чиқарганлар у ерда яшамагандай бўлишди, Шуайбни ёлғончига чиқарганларгина зиёнга учрашди. 93. Кейин Шуайб улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, сизларга Парвардигорим ҳукмларини етказдим ва насиҳат қилдим. Энди кофир қавмга нечун ачинаман?!» деди. 94. Қайси шаҳарга пайғамбар юборсак, аҳлининг тавба қилиши учун муҳтожлик ва мусибатга учратганмиз. 95. Кейин кулфатларини роҳатга алмаштирдик, улар кўпайишиб: «Ота-боболаримиз ҳам кулфат ва роҳатга учрашган эди», дейишганида эса сездирмай тўсатдан ушладик. 96. Агар юртларнинг аҳли имонга келиб тақво қилишганида эди, Биз уларга осмону Ернинг баракаларини очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқаришди ва уларнинг қилмишлари учун жазоладик. 97. Шаҳарлар аҳли азобимиз тунда уйқуда ётганларида келишидан хотиржаммилар? 98. Ёки шаҳарлар аҳли азобимиз туш пайти ўйин билан бандликларида келишидан хотиржамммилар? 99. Наҳотки улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлишса? Аллоҳнинг «макри»дан зиён кўрувчилардан бошқа ҳеч ким хотиржам бўлолмайди. 100. Агар хоҳласак, олдинги эгаларидан кейин Ерга меросхўр бўлганларнинг гуноҳлари туфайли азоб беришимиз, дилларини ҳеч нарсани эшитмайдиган қилиб муҳрлаб қўйишимиз маълум эмасми? 101. (Эй Муҳаммад,) сизга ана шу шаҳарлар воқеасини баён қиляпмиз. Уларга очиқ далиллар билан пайғамбарлар келишди, аммо улар олдин ёлғонга чиқаришгани учун имон келтиришмади. Аллоҳ уларнинг дилларини шундай муҳрлаган. 102. Уларнинг кўпларида аҳдга вафо топмадик, кўплари эса ҳақиқатан итоатсиз эдилар. 103. Сўнгра улардан кейин Мусони оятларимиз билан Фиръавн ва аъёнларига юбордик. Шунда улар оятларга куфр келтиришди. Энди бузғунчилар оқибати қандай бўлишини кўринг! 104. Мусо айтди: «Эй Фиръавн, мен оламлар Парвардигоридан элчиман;
105. Аллоҳ ҳақида фақат ҳақиқатни айтиш – бурчим. Мен сизларга Парвардигорингиздан очиқ ҳужжат келтирдим. Бани Исроилни мен билан бирга қўйиб юбор!» 106. Фиръавн: «Агар чиндан ҳам мўъжиза олиб келган бўлсанг, уни кўрсат!», деди. 107. Ҳассасини ташлаган эди, ростакам илонга айланди. 108. Ва қўлини чиқарган эди, қараб турганларга оппоқ бўлиб кўринди. 109. Фиръавн қавмининг сардорлари: «Бу одам сеҳргарнинг ўзгинаси!», дейишди. 110. Фиръавн: «У сизларни ерларингиздан чиқаришни истайди, бунга нима дейсизлар?» деди. 111. Улар айтишди: «Уни ва оғасини бироз ўз ҳолига қўй-да, шаҳарларга одамларни юбор; 112. Улар ўткир сеҳргарларнинг барини сенга йиғиб келишсин!» 113. Сеҳргарлар Фиръавнга келиб: «Агар биз ғолиб чиқсак, мукофот берилса керак?» дейишди. 114. У: «Албатта, сизлар энг яқинларимдан бўласизлар», деди. 115. Сеҳргарлар: «Эй Мусо, ё сен ташла, ё биз ташлаймиз», дейишди. 116. Мусо: «Сизлар ташланглар», деди. Улар ташлашди, одамларнинг кўзини афсунлаб қўрқитишди ва зўр сеҳр кўрсатишди. 117. Биз Мусога ваҳий орқали: «Ҳассангни ташла», дедик. Ҳасса афсунланган нарсаларини юта бошлади. 118. Ҳақиқат қарор топди ва уларнинг ҳаракатлари чиппакка чиқди. 119. Улар ўша жойда енгилиб, обрўсизланиб қайтишди. 120. Ва сеҳргарлар саждага йиқилишди; 121. «Имон келтирдик оламлар Парвардигорига; 122. Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига», дейишди. 123. Фиръавн: «Мен рухсат бермай туриб унга имон келтирдингларми? Бу унинг аҳолисини ҳайдаб чиқариш учун шаҳарда қилган ҳийла-тадбирингиз бўлса керак. Яқинда кўрасизлар; 124. оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесаман ва кейин ҳаммангизни осаман», деб қасамёд қилди. 125. Улар айтишди: «Албатта Парвардигоримизга қайтамиз; 126. Парвардигоримиз оятлари келганида уларга имон келтирганимиз учунгина ўч оляпсан. Эй Парвардигоримиз, устимиздан сабр ёғдир, мусулмон ҳолимизда жонимизни ол!». 127. Фиръавн қавмининг сардорлари: «Сени ва маъбудларингни тарк этишса ҳам, Мусо ва унинг қавмининг ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўясанми?», дейишди. Фиръавн: «Эркакларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирамиз ва уларга ҳукмронлик қиламиз», деди. 128. Мусо қавмига: «Аллоҳдан мадад сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳникидир, уни бандаларидан хоҳлаганига қолдиради ва тақводорларнинг оқибати яхшидир», деди. 129. Қавм: «Сен келмасингдан олдин ҳам, келганингдан кейин ҳам азият тортдик», деди. Мусо: «Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, нима қилишингизни кўриш учун сизларни бу ерда ўринбосар қилажак!» деди.
130. Насиҳат олишса, деб Фиръавн аҳлини қаҳатчилик ва мева танқислигига гирифтор этдик. 131. Уларга яхшилик келса: «Бунга муносибмиз», дейишади. Агар уларга бирор ёмонлик етса, Мусо ва унинг шерикларидан шумланишади. Огоҳ бўлишсинки, ўзларининг шумликлари Аллоҳга аёндир, аммо кўплари билишмайди. 132. Улар Мусога: «Ҳар қанча мўъжиза кўрсатиб, бизларни сеҳрламоқчи бўлсанг ҳам сенга ҳаргиз ишонмаймиз», дейишди. 133. Шунда очиқ далил сифатида улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар, қон балоларини юбордик. Лекин улар мутакаббирлик қилиб, гуноҳкорликларича қолишди. 134. Уларга азоб келганида: «Эй Мусо, Парвардигорингнинг сенга ваъдаси ҳурматидан Унга дуо қил, қасамки, агар устимиздан азобни кўтарса, сенга имон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан жўнатамиз», дейишди. 135. Етарли бўлган маълум муддатгача азобимизни кўтарганимизда улар бирдан ваъдаларини бузишди. 136. Шунда улардан ўч олдик: оятларимизни ёлғонга чиқаришгани, уларга бепарволик қилишгани учун денгизга ғарқ қилдик. 137. Ўзимиз баракотли қилган ернинг шарқию ғарбига бу бечора қавмни меросхўр қилдик. Сабр қилганлари туфайли Парвардигорингизнинг Бани Исроилга чиройли ваъдаси амалга ошди. Фиръавн ҳамда унинг қавми қурган ва тиклаган нарсаларини вайрон қилдик. 138. Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказиб қўйдик. Шунда улар бутларига чўқиниб турган бир қавм олдига келишди. Бани Исроил: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби бир санам ясаб бер», дейишди. Мусо айтди: «Сизлар жоҳил қавм экансизлар; 139. булар шуғулланаётган нарса барбод бўлувчи ва қилаётган ишлари бефойдадир; 140. наҳотки, Аллоҳ ўрнига сизларга бошқа илоҳ ахтарсам, ҳолбуки У сизларни бутун оламдан афзал қилиб қўйган-ку!». 141. Сизларга ёмон азоб берган, эркакларингизни ўлдириб, аёлларингизни тирик қолдирган фиръавнийлардан Биз қутқарганимизни эсланглар. Бунда Парвардигорингизнинг улуғ имтиҳони бор эди. 142. Ва Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса буни ўни билан тўлдирдик. Шунда Парвардигорингиз белгилаган вақт тўла қирқ кеча бўлди. Мусо оғаси Ҳорунга: «Қавмимдаги ўрнимни ол, яхши ишлар қил, бузғунчилар йўлидан юрма!», деди. 143. Ваъдалашган муҳлатимиз келиб, Парвардигори Мусо билан сўзлашганида, у: «Парвардигорим, менга кўрин, Сени бир кўрай!», деди. Аллоҳ: «Мени асло кўролмайсан, лекин тоққа қара, агар у жойидан жилмаса, Мени кўра оласан», деди. Парвардигор тоққа тажалли қилганида уни ер билан битта қилди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келиб: «Сен буюксан, тавба қилдим, мен олдинги мўминларданман», деди. 144. Аллоҳ: «Эй Мусо, пайғамбарлик бериш ва сўзлашишим билан сени одамлар ичидан танлаб олдим, берганларимни ол-да, шукр қилувчилардан бўл!», деди.
145. Ва унга ҳамма нарса тушунтирилган насиҳатларни тахтачаларга ёздик ҳамда: «Буларга қаттиқ амал қил, яхшиларини бажаришни қавмингга буюр, яқинда итоатсизлар маконини кўрсатаман», дедик. 146. Ер юзида ноҳақ такаббурлик қиладиганларни оят-далилларимдан тўсиб қўяман. Улар қандай далилни кўришса ҳам ишонишмайди, тўғри йўлни билишса ҳам унга юришмайди. Хато йўлни билишса ҳам унга юришади. Зеро, улар далилларимизни ёлғонга чиқаришган ва уларга эътиборсиздирлар. 147. Оятларимизни ва охиратдаги учрашувни ёлғонга чиқарганларнинг амаллари бефойдадир. Уларга қилмишлари учун жазодан бошқаси берилмайди. 148. Мусо қавми у йўқлигида безакларидан овозли бир бузоқ шаклини ясаб олди. Унинг гапирмаслигини, уларни ҳидоятга бошлай олмаслигини билишмадимикин?! Уни маъбуд қилиб олишди ва золимлардан бўлишди. 149. Қўллари ёнга тушиб, адашганларини тушуниб пушаймон бўлишганида: «Агар Парвардигоримиз раҳм қилмаса ва гуноҳларимизни кечмаса, албатта зиёнкорлардан бўлиб қоламиз», дейишди. 150. Мусо қавмига ғазабланган ва афсусланган ҳолда қайтиб: «Мендан кейин нақадар ёмон ўринбосар бўлдинглар, Парвардигорингиз буйруғини кутолма-дингларми?» деди ва тахтачаларни ташлаб, оғаси сочидан торта бошлади. Оғаси: «Эй онамнинг ўғли, бу қавм мени ожиз санаб, ўлдиришига сал қолди. Энди сен ҳам душманларга кулги қилма ва мени золим қавмдан ҳисоблама!», деди. 151. Мусо: «Эй Парвардигорим, мени ва акамни кечир, раҳматингдан дариғ тутма, чунки Сен раҳмлиларнинг ҳам раҳмлисисан!», деди. 152. Ҳақиқатан бузоққа чўқинганларга Парвардигорлари ғазаби ва дунёда хорлик бўлади. Бўҳтон қилувчиларни шундай жазолаймиз. 153. Гуноҳ ишларни қилганлар орқасидан тавба қилиб имон келтиришса, Парвардигорингиз албатта тавбадан сўнг кечирувчи ва меҳрибондир. 154. Мусонинг ғазаби босилгач тахтачаларни олди. Унда ёзилган нарсаларда Парвардигорларидан қўрқадиганларга ҳидоят ва раҳмат бор эди. 155. Ва белгилаган муддатимизга олиб келиш учун Мусо қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Улар даҳшатли зилзилага учрашганида Мусо айтди: «Эй Парвардигорим, агар хоҳлаганингда буларни ҳам, мени ҳам олдинроқ ҳалок қилган бўлардинг. Орамиздаги нодонларнинг қилмишлари учун бизларни ҳалок қилмоқчимисан? Бу Сенинг синовингдир, у билан хоҳлаганингни адаштирасан, хоҳлаганингни ҳидоят қиласан. Сен Хожамизсан, бизларни кечир ва раҳм қил. Ўзинг энг яхши кечирувчисан!; 156. ва бизларга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзиб қўй, Ўзингга тавба қилдик». Аллоҳ айтди: «Хоҳлаган бандамни азобимга соламан, раҳматим эса ҳамма нарсани қамраган. Уни тақво қилганларга, закот берганларга ва оятларимизга имон келтирганларга ёзаман»; 157. булар қўлларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган, уларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи, покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопокларини ҳаром қилувчи, зиммаларидаги машаққатлардан халос
этувчи уммий Пайғамбарга эргашишади. Унга имон келтирганлар, қўллаб ёрдам берганлар ва унга туширилган Нурга эргашганлар нажот топувчилардир». 158. (Эй Муҳаммад): «Эй одамлар, мен ҳақиқатан ҳаммаларингизга Аллоҳнинг элчисиман. Осмонлару Ер Уникидир, Ундан ўзга илоҳ йўқ, Угина тирилтиради ва ўлдиради. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг уммий набийига имон келтиринглар, чунки у Аллоҳга ва унинг калималарига имон келтирган Пайғамбардир, ҳидоят топишингиз учун унга эргашинглар», денг. 159. Мусо қавмининг бир гуруҳи борки, ҳақ йўлга далолат қилиб, ҳақ ила адолат қилишади. 160. Уларни алоҳида ўн икки уруғга бўлдик ва қавми сув сўраганида Мусога: «Ҳассангни тошга ур!» деб ваҳий юбордик. Шунда ундан ўн икки булоқ отилиб чиқди ва барча одамлар чашмаларини билиб олишди. Ва уларга булутни соябон қилдик, манна ва салвони туширдик ҳамда: «Ризқ қилиб берганларимизнинг покизасини енглар», дедик. Улар Бизга зулм қилишмади, лекин ўзларига зулм қилишяпти. 161. Уларга: «Мана шу шаҳарда истиқомат қилинглар, ундаги хоҳлаган жойларингда енглар ва дарвозадан «кечир!» деб сажда қилган ҳолда киринглар, шунда гуноҳларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларингизга мукофотни кўпайтириб берамиз», деганимизни эсланг. 162. Шунда уларнинг золимлари айтилган сўзни бошқасига алмаштиришди ва қилган зулмлари учун устларига осмондан азоб юбордик. 163. Улардан денгиз бўйидаги шаҳар ҳақида, шанбада ҳаддан ошганлари, балиқлар шанба куни келиб, бошқа кунлари келмагани ҳақида сўранг. Уларнинг итоатсизликлари туфайли шундай имтиҳон қиламиз. 164. Уларнинг бир гуруҳи: «Нега Аллоҳ ҳалок қиладиган ёки қаттиқ азоб берадиган қавмга насиҳат қиласизлар?» деганида, бошқалари: «Парвардигорларингиз ҳузурида бизларга узр бўлиши учун, зора улар тақво қилишса деб», дейишди. 165. Уларга тушунтирилган насиҳатни унутишганида ёмонликдан қайтараётган гуруҳларни қутқардик ва золимларини эса итоатсизликлари учун қаттиқ азобга гирифтор этдик. 166. Кейин ман этилган ишдан қайтмай қайсарлик қилганларида уларга: «Бадбахт маймунга айланинглар!» дедик. 167. Парвардигорингиз устларига Қиёмат кунигача қаттиқ азоб берадиганларни юбориши хабарини берганини эсланг. Парвардигорингизнинг азоби албатта шиддатли, Ўзи мағфиратли, раҳмлидир. 168. Ва Ер юзида уларни жамоалар қилиб бўлиб юбордик. Уларнинг солиҳлари ҳам бор, бундай бўлмаганлари ҳам бор. Шояд қайтишса деб, яхшилик ва ёмонликлар билан синадик. 169. Улардан кейин Китобга меросхўр бўлса ҳам тубан дунё матоҳларини олувчи ва: «Бизлар кечирилармиз» дейдиган бир авлод келди. Агар уларга яна дунё матоҳларидан берилса, олишаверади. Ахир Китобда Аллоҳга рост сўздан бошқани нисбат бермаслик ҳақида ваъдалари олинмаганмиди?! Улар ундаги бор нарсани ўрганишган эди-ку!
Охират диёри Аллоҳдан қўрқувчилар учун яхши-ку, нега тушунмайсизлар?! 170. Китобга амал қилиб, намозни адо қилувчилар ҳам борки, бундай солиҳ кишиларнинг мукофотларини асло зое қилмаймиз. 171. (Эй Муҳаммад,) улар устига тоғни соябондай кўтарганимизни, устимизга тушиб кетади, деб ўйлашганида: «Берган нарсамизни маҳкам ушланглар ва ундагиларни ёдда тутинглар, балки шунда тақво қиларсизлар?!», деганимизни эсланг. 172. Парвардигорингиз Одам болалари умуртқасидан зурриётларини чиқарганини, ўзларини ўзларига гувоҳ қилиб: «Парвардигорингиз эмасманми?» деганида: «Ҳақиқатан Парвардигоримизсан, гувоҳмиз», дейишганини эсланг. Бу Қиёмат кунида «Тавҳиддан бехабар эдик», демасликлари учундир. 173. Ёки: «Ҳақиқатан олдинги ота-боболаримиз ширк келтиришган, биз уларнинг авлодларимиз, жоҳилларнинг қилмишлари деб бизларни ҳалок этасанми?» демасликларингиз учундир. 174. Улар қайтишармикин, деб оятларимизни шундай очиқ баён қиламиз. 175. (Эй Муҳаммад,) оятларимизни келтирганимизда улардан четланган, шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан адашган кимсанинг хабарини уларга ўқиб беринг! 176. Агар хоҳлаганимизда эди, оятлар билан уни кўтарган бўлардик, лекин ўзи ерга ҳирс қўйди ва ҳавойи нафсига эргашди. Унинг ҳоли итга ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини чиқараверади, тинч қўйсанг ҳам тилини чиқараверади. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир, тафаккур қилишлари учун уни сўзлаб беринг. 177. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларнинг мисоли нақадар ёмон бўлди, улар ўзларига зулм қилишди. 178. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, йўлини топади, кимни адаштирса, ўшалар зиён кўрувчилардир. 179. Аниқки, жин ва инсонларнинг кўпини дўзах учун яратганмиз: уларнинг диллари бору очишмайди, кўзлари бору кўришмайди, қулоқлари бору эшитишмайди. Улар ҳайвон кабидирлар, ҳатто улардан ҳам баттарроқдирлар, ўшаларгина ғофилдирлар. 180. Аллоҳнинг гўзал исмлари бор, Уни ўша исмлар билан ёд қилинглар. Исмини эгрига бурадиганлардан четда бўлинглар, яқинда улар қилмишлари жазосини олишади. 181. Ва Биз яратганлар ичида ҳақ йўлга бошлайдиган ва одиллик билан ҳукм юритадиган бир жамоат бор. 182. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса ўзлари сезмаган ҳолда аста ҳалок қиламиз. 183. Уларга муҳлат бериб қўяман, тадбирим ҳақиқатан пухтадир. 184. Улар рафиқларида жиннилик йўқлигини ўйлаб кўришмайдими? У аниқ огоҳлантирувчи, холос.
185. Осмонлару Ердаги салтанатни, Аллоҳ яратган нарсаларни ва эҳтимол ажаллари яқинлашиб қолганини кўришмайдими? Бундан кейин яна қайси гапга ишонишади? 186. Аллоҳ кимни йўлдан оздирган бўлса, унга бир раҳнамо йўқ, уларни саркашлик билан адашиб юришларига қўйиб қўяди. 187. (Эй Муҳаммад,) Қиёмат қачон бўлишини сўрашади. Сиз: «Бунинг илми фақат Парвардигорим ҳузуридадир, уни ўз вақтида Ўзи ошкор қилади, осмонлару Ерга жуда оғир бўлади, сизларга тўсатдан келади», денг. Буни худди сиз биладигандек сиздан сўрашади, «Бунинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, лекин кўплар билишмайди», денг. 188. «Ўзим учун фойдага ҳам, зарарга ҳам қодир эмасман, фақат Аллоҳ хоҳлагани бўлади. Агар ғайбни билганимда, яхшиликларни кўпайтирган бўлар, ҳеч бир кулфатга учрамас эдим. Фақат мўмин қавмларга огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман», денг. 189. У сизларни бир жондан яратган, таскин топиши учун ўша жондан жуфтини вужудга келтиргандир. Жуфтига яқинлик қилганида енгил юкли бўлди ва уни кўтариб юрди. Юки оғирлашганида эса иккови Парвардигорларига: «Агар бизга яхши фарзанд берсанг, албатта шукр қилувчилардан бўламиз», деб дуо қилишди. 190. Уларга фарзанд берилганида эса бу нарсада Унга шерик қилишди, Аллоҳ уларнинг ширкидан олийдир. 191. Ҳеч нарса яратолмайдиган ва ўзлари яратилган нарсаларни Унга шерик қилишадими? 192. Бутлар ҳеч кимга ёрдам беришга қодир эмас ва ўзларига ҳам ёрдам беришолмайди. 193. (Эй мушриклар,) уларни ҳидоятга чорласангиз, эргашишмайди. Уларни даъват қиласизми ё жим турасизми, барибир. 194. Аллоҳни қўйиб сиғинаётган нарсаларингиз ўзингизга ўхшаш бандалардир. Агар ростгўй бўлсанглар, уларни чақиринглар, сизга жавоб беришсин-чи! 195. Бутларнинг оёқлари бормидики, юрса; ё қўллари бормидики, ушласа; ёки кўзлари бормидики, кўрса; ё қулоқлари бормидики, эшитса?! (Эй Муҳаммад), айтинг: «Шерикларингизни чақиринглар-да, кейин муҳлат ҳам бермай менга қарши найрангларингни кўрсатаверинглар!; 196. менинг эгам Китоб туширган Аллоҳдир, У яхшиларнинг дўстидир; 197. Уни қўйиб сиғинаётганларингиз сизларга ёрдамга қодир ҳам эмас, ўзларига ҳам ёрдам беришолмайди. 198. Агар уларни ҳидоятга чақирсангиз, эшитишмайди, сизга қарагандек кўринишса-да, кўришмайди», денг. 199. (Эй Муҳаммад,) авфни олинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан эса юз ўгиринг! 200. Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ тиланг, У албатта эшитувчи ва яхши билувчидир. 201. Шайтондан бирон васваса келганида тақводорлар Аллоҳни эслашади ва яна кўзлари очилади.
202. Ва шайтонларнинг дўстлари уларни йўлдан оздиришда ёрдам бериб чарчашмайди. 203. Агар уларга далил келтирмасангиз, «ўзинг тўқиб қўя қолмайсанми?» дейишади. «Фақат Парвардигоримдан менга юборилган Китобга эргашаман, у мўмин қавмлар учун кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳматдир!» денг. 204. (Эй мўминлар,) Қуръон тиловат қилинганида жим туриб тингланглар, шояд раҳм қилинсанглар! 205. Дилдан ёлбориш ва қўрқув билан, овозни кўтармай эртаю кеч Парвардигорингизни ёд қилинглар, яна ғафлатда қолманглар! 206. Парвардигорингиз ҳузуридаги фаришталар Унга қулликда кибрга боришмайди, Уни улуғлашади ва Унга сажда қилишади. 8. АНФОЛ СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 75 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй Муҳаммад,) сиздан ўлжалар ҳақида сўрашади. Сиз: «Ўлжалар Аллоҳ ва Унинг Расулиникидир, бас, агар мўмин бўлсангизлар Аллоҳдан қўрқинглар, ораларингни ўнгланглар, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилинглар», денг. 2. Аллоҳ зикр этилганида дилларига қўрқув тушадиган, оятлари уларга тиловат қилинганида имонлари зиёдалашадиган ва Парвардигорларигагина таваккал қилувчилар ҳақиқий мўминлардир. 3. Улар намозларини адо этишади ва ризқ қилиб берганларимиздан эҳсон қилишади. 4. Ана шулар чин мўминлардир. Парвардигорлари ҳузурида уларга мартабалар, авф этилиш ва мўл-кўл ризқ бордир. 5. (Эй Муҳаммад,) Бу ҳолат мўминлардан бир гуруҳи ёқтирмай турган бўлса ҳам Парвардигорингиз уйингиздан ҳақ ҳукм билан чиқарганига ўхшайди. 6. Худди ўлимга ҳайдаб кетилаётганларидек ва буни кўриб туришганидек сиз билан аниқ ҳақиқат ҳақида баҳслашишмоқда. 7. Ўшанда Аллоҳ икки тоифадан бирини сизларга ваъда қилган эди, сизлар эса қуролсизини қўлга киритишни истайсизлар. Аллоҳ эса Ўз калималари билан Ҳақни рўёбга чиқаришни ва кофирларнинг илдизини қуритишни ирода қилган эди. 8. Мушриклар буни ёқтиришмаса ҳам, У ҳақни ҳақ, ботилни ботил кўрсатиш учун шуни ирода қилган эди. 9. Парвардигорингиздан ёрдам сўраганингизда: «Сизларга кетма- кет келувчи мингта фаришта билан ёрдам бераман», деб ижобат қилганини эсланглар. 10. Аллоҳ буни дилларингизнинг хушнуд бўлиши ва шу билан таскин топиши учун қилди. Ғалаба эса Аллоҳнинг ҳузуридандир. Аллоҳ ҳақиқатан қудратли ва ҳикматлидир.
11. (Эй мўминлар,) Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун Ўзидан омонлик билан мудроққа солганини, сизларни поклаш, шайтон васвасасини кетказиш, дилларингизни қатъий, қадамларингизни собит қилиш учун осмондан ёмғир туширганини эсланглар. 12. (Эй Муҳаммад,) Парвардигорингизнинг фаришта-ларга ваҳий қилиб: «Мен албатта сизлар билан биргаман, мўминларни саботга унданглар. Куфрга кетганларнинг дилларига қўрқув соламан, уларнинг бўйинларига уринглар, оёқ-қўлларини синдиринглар», деб буюрганини эсланг. 13. Бу уларнинг Аллоҳга ва Расулига қарши чиқишгани учундир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши чиқса, Аллоҳнинг жазоси албатта қаттиқдир. 14. Жазо ҳам тайин, уни тотинглар. Кофирларга албатта дўзах азоби бордир. 15. Эй имон келтирганлар, кофирлар лашкарига тўқнаш келганда ортга чекинманглар. 16. Жанг ҳийласи ёки бошқа гуруҳга қўшилиш ҳолатларидан ташқари ким ортга чекинса, албатта Аллоҳнинг ғазабига учраган бўлади, унинг жойи дўзахдадир, нақадар ёмон жой у! 17. Уларни сизлар ўлдирмадинглар, Аллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад,) тупроқни сиз отмадингиз, Аллоҳ отди, буни мўминларга гўзал эҳсони сифатида қилди. Аллоҳ ҳақиқатан эшитувчи ва билувчидир. 18. Булар Аллоҳнинг ҳақиқатан кофирлар ҳийласини сусайтирганидандир. 19. (Эй кофирлар,) Орани очишни сўраган бўлсангизлар, сўраганингиз келди. Агар тийилсангизлар, ўзларингизга яхшироқ. Агар яна бошласангизлар, Биз ҳам шундай қиламиз. Қанчалар кўп бўлишингиз сизга бирор фойда беролмайди, чунки Аллоҳ мўминлар билан биргадир. 20. Эй мўминлар, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар, оятларни эшитиб туриб ҳам юз ўгириб кетманглар. 21. Эшитмаса ҳам «эшитдик» дейдиганлардан бўлманглар. 22. Аллоҳ наздида кар, соқов бўлиб, ақлини ишлатмайдиганлар энг ёмон жонзотлардир. 23. Агар Аллоҳ уларда яхшиликни билганида эшитувчи қилиб қўярди, лекин шундай қилса ҳам улар албатта қайсарлик билан ўгирилиб кетишарди. 24. Эй мўминлар, ҳаётбахш нарсага чорлаганларида Аллоҳ ва Унинг Расулига жавоб қилинглар. Билингларки, Аллоҳ инсон ва унинг дили ўртасида туради. Албатта Унинг ҳузурида тўпланасизлар. 25. Ва золимларингизнинг ўзигагина тегмайдиган фитнадан сақланинглар, билингларки, Аллоҳнинг азоби шиддатлидир. 26. Сизлар бу ерда озчилик, нотавон бўлганингизни, одамлар тутиб олишидан қўрқиб юрганингизни эсланглар. Шунда Аллоҳ сизларга жой берди, ёрдами билан қўллади, покиза нарсалардан еб, шукр қиларсизлар, деб ризқ берди. 27. Эй мўминлар, Аллоҳга ва Унинг Расулига ҳамда билатуриб бир- бирларингизнинг омонатларингизга хиёнат қилманглар.
28. Билингларки, молларинг ва фарзандларинг бир фитна-синовдир, Аллоҳ ҳузурида эса улкан мукофотлар бор. 29. Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, У сизларга фурқонни беради, гуноҳларингизни кечириб, мағфират қилади ва Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. 30. (Эй Муҳаммад,) Кофирлар сизни қўлга олиш ё ўлдириш ёки ҳайдаб чиқариш учун макр қилишганини эсланг. Улар макр қилишди ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди, Аллоҳнинг «макри» зўрроқдир. 31. Уларга оятларимиз ўқилганида: «Буларни эшитганмиз, агар хоҳласак, шунақасини ўзимиз ҳам айта оламиз, булар ўтганларнинг афсоналари, холос», дейишади. 32. Яна уларнинг: «Эй Худо, агар бунинг ҳузурингдан келгани рост бўлса, устимизга осмондан тош ёғдир ёки бошқа бирор қаттиқ азобни юбор», деганларини эсланг. 33. (Эй Муҳаммад,) Сиз уларнинг ичида экансиз, Аллоҳ уларни азобламайди. Улар истиғфор айтиб туришар экан, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. 34. Унинг эгаси бўлишмаса-да, Масжидул-Ҳаромдан халқни тўсишса ҳам Аллоҳ уларни азобламасинми? Тақводорлардан бошқаси унга эгалик қилолмайди, лекин кўпчилик буни билмайди. 35. Уларнинг Байтуллоҳ олдидаги «ибодат»лари ҳуштак ва чапак чалишдан иборат, холос. Энди куфрларингиз азобини тотаверинглар. 36. Кофирлар молларини Аллоҳ йўлидан тўсишгагина сарфлашади. Сарфлашадию, ўзларига ҳасрат бўлади. Кейин кофирлар мағлубиятга учраб, дўзахга ҳайдалишади. 37. Бу Аллоҳнинг нопокни покдан ажратиши, нопокларнинг баъзиларини баъзиларига қўшиб, ҳаммаларини дўзахга ташлаши учундир. Ана шулар зиён кўрувчилардир. 38. (Эй Муҳаммад,) Кофирларга айтинг, агар ўзларини тийишса, қилган гуноҳлари кечирилади, яна қайтгудай бўлишса, олдингиларнинг иши қайтарилади. 39. (Эй мўминлар,) Фитна йўқ бўлгунча ва дин бутунлай Аллоҳга бўлмагунча улар билан урушинглар. Куфрдан қайтишса, Аллоҳ уларнинг ишларини кўриб турувчидир. 40. Агар улар юз ўгиришса, билингки, Аллоҳ хожангиздир, У нақадар яхши хожа ва нақадар яхши мададкордир. 41. Билиб қўйинглар, агар Аллоҳга ҳамда ажрим куни – икки гуруҳ тўқнашган куни бандамизга туширган нарсамизга имон келтирган бўлсанглар, ўлжага олган нарсаларингнинг бешдан бири Аллоҳ, Пайғамбари, унинг қариндошлари, етимлар, муҳтожлар ва мусофирлар ҳақидир ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 42. Ўшанда сизлар водийнинг бу томонида, улар у томонида, карвон эса сизлардан пастроқда эди. Ваъдалашганингизда ҳам келишилган жой ва вақтда учраша олмасдинглар. Лекин Аллоҳ ҳалок бўлувчининг очиқ ҳужжат билан ҳалок бўлиши, тирик қолувчининг очиқ ҳужжат билан тирик қолиши
учун бўладиган ишни охирига етказди ва Аллоҳ ҳақиқатан эшитувчи, билувчидир. 43. (Эй Муҳаммад,) Ўшанда Аллоҳ тушингизда уларни оз қилиб кўрсатганини эсланг. Агар кўп кўрсатганида тушкунликка тушиб, бу иш ҳақида тортишган бўлардинглар. Лекин Аллоҳ сақлади, У диллардаги сирларни билувчидир. 44. (Эй мўминлар,) Аллоҳ бўладиган ишни охирига етказиш учун ўшанда уларни кўзингизга оз қилиб кўрсатганини, сизларни улар кўзига кўп қилиб кўрсатганини эсланглар ва ҳамма ишлар Аллоҳга қайтарилади. 45. Эй мўминлар, бирор жамоага рўпара келганда саботли бўлинглар ва нажот топиш учун Аллоҳни кўп зикр қилинглар. 46. Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилинглар ва низолашманглар, акс ҳолда сустлашиб кетасизлар ва обрў, қудратингиз кетиб қолади. Сабр қилинглар, Аллоҳ албатта сабрлилар биландир. 47. Диёрларидан кибр ва риёкорлик билан чиқувчи, Аллоҳнинг йўлидан тўсувчиларга ўхшаманглар. Аллоҳ уларнинг барча қилмишларидан хабардордир. 48. Ўшанда шайтон уларга амалларини чиройли қилиб кўрсатди ва: «Бугун ҳеч бир кимса сизларни енга олмайди, мана, мен ёнингиздаман», деди. Икки жамоа тўқнашгач эса орқасига қочди ва: «Сизлардан безорман, кўрмаётган нарсангизни кўряпман, мен Аллоҳдан қўрқаман», деди. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. 49. Ўшанда мунофиқлар ва дили маразлар: «Анавиларни динлари мағрурлантириб қўйибди», дейишди. Ким Аллоҳга таваккал қилса, Аллоҳ албатта қудратли ва ҳикматлидир. 50. (Эй Муҳаммад,) Фаришталар кофир бўлганларнинг юзлари ва кетларига уриб жонларинии олаётганларини кўрганингизда эди. Айтишардики: «Ёниш азобини тотинглар; 51. бу ўз қўлларингиз билан қилганларингизнинг жазосидир, Аллоҳ эса зулм қилувчи эмасдир». 52. Бу худди фиръавнийлар ва улардан олдин ўтганларнинг қилмишлари кабидирки, улар Аллоҳ оятларига куфр келтиришди, шунда Аллоҳ уларнинг гуноҳлари сабабли жазолади. Аллоҳ ҳақиқатан қудратли ва жазоси қаттиқдир. 53. Бу Аллоҳнинг бир қавмга берган неъматини то улар ўзларини ўзгартиришмагунича ўзгартирувчи эмаслигидандир ва Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. 54. Бу худди фиръавнийлар ва улардан олдин ўтганларнинг қилмишлари кабидирки, улар Парвардигорлари оятларини ёлғонга чиқаришди. Гуноҳлари сабабли уларни ҳалок қилдик ва фиръавнийларни ғарқ қилдик, ҳаммалари золим эди. 55. Аллоҳ ҳузурида махлуқларнинг энг ёмони кофирларидир, улар имон келтиришмайди. 56. Улар орасида сиз билан сулҳ тузгандан кейин ҳам ҳар сафар уни қўрқмасдан бузаверадиганлари бор.
57. Улар билан жангда тўқнашсангиз, издошлари сабоқ олишлари учун ўлдиринг. 58. Агар бир қавмнинг хиёнатидан қўрқсангиз, улар билан баравар сулҳни бузинг, Аллоҳ хоинларни ёмон кўради. 59. Кофирлар «қутулдик» деб ўйлашмасин, жазодан асло қоча олишмайди. 60. (Эй мусулмонлар,) Уларга қарши бор қуролларингизни ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйинглар. Бу билан Аллоҳнинг ҳамда ўз душманларингизни, Аллоҳгина биладиган, сизлар билмайдиган бошқа душманларни ҳам қўрқувга соласиз. Аллоҳ йўлида нима сарфласангиз, зулм қилинмай тўла қайтарилади. 61. (Эй Муҳаммад,) Агар улар сулҳга мойил бўлишса, сиз ҳам мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккал қилинг. У ҳақиқатан эшитувчи ва билувчидир. 62. Агар улар алдамоқчи бўлишса, сизга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У Ўз ёрдами ва мўминлар билан сизни қўллаган. 63. Ва дилларини улфат қилди. Агар Ер юзидаги барча бойликни сарфлаганингизда ҳам улар қалбини бирлаштира олмасдингиз, лекин Аллоҳ бирлаштирди. У ҳақиқатан қудратли ва ҳикматлидир. 64. Эй Пайғамбар, сизга ва эргашувчиларингизга Аллоҳ кифоядир. 65. Эй Пайғамбар, мўминларни жангга рағбатлантиринг. Агар сизлардан йигирма сабрли бўлса, икки юзни енгади. Агар сизлардан юз нафар бўлса, кофирларнинг мингини енгади. Бунга сабаб, уларнинг англамас қавм эканларидандир. 66. Энди Аллоҳ юкингизни енгиллаштирди, чунки сизларнинг ожизлигингизни билади. Агар сизда юзта сабрли бўлса, икки юзни енгади, агар мингта бўлса, Аллоҳ изни билан икки мингни енгади. Аллоҳ сабрлилар билан биргадир. 67. Ер юзида ғолиб бўлмагунича бирор пайғамбарга асир олиш жоиз эмас. (Эй мўминлар), дунё матоҳларини истаяпсизлар, Аллоҳ эса охиратни хоҳлайди, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир. 68. Агар Аллоҳ томонидан ёзиб қўйилмаганида олган нарсаларингиз учун улкан азоб берилар эди. 69. Ўлжага олганларингизни ҳалол-пок ҳолда енглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ кечирувчи ва меҳрибондир. 70. Эй Пайғамбар, қўлингиздаги асирларга: «Агар дилларингизда яхшилик бўлса, Аллоҳ сизлардан олинганидан ҳам яхшироғини беради ва сизни кечиради, Аллоҳ кечирувчи ва меҳрибондир», денг. 71. Агар улар сизга хиёнат қилишни исташса, билингки, бундан олдин Аллоҳга хиёнат қилишган эди. У шунда уларга имкон берди, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 72. Албатта имон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида молларию жонларини тикиб жанг қилганлар билан жой бериб ёрдам кўрсатганлар, айнан ўшалар бир-бирларига дўстдирлар. Имон келтиргану аммо кўчмаганларга то ҳижрат қилмагунларича сира масъул эмассиз. Агар сиздан ёрдам сўрашса, бу сиз билан шартнома тузганларнинг зиддига бўлмаса, ёрдам беришингиз шарт. Аллоҳ нима қилаётганларингизни кўриб туради.
73. Кофирлар бир-бирларига дўст, ҳомийдирлар, агар буни қилмасангиз, Ер юзида фитна ва улкан фасод бўлади. 74. Имон келтирган, кўчган, Аллоҳ йўлида жиҳод қилганлар билан уларга жой бериб ёрдам кўрсатганлар ҳақиқий мўминлардир, уларга мағфират ва тўкин ризқ бордир. 75. Кейин имон келтириб кўчган ва сизлар билан бирга жиҳод қилганлар ҳам сизлардандир. Аллоҳ Китобида қариндошларнинг баъзилари баъзиларидан ҳақдорроқдир. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 9. ТАВБА СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 129 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. (Эй мўминлар), бу мушрикларнинг сизлар билан аҳдлашганларига Аллоҳдан ва Пайғамбаридан ора очиқлиги эълонидир. 2. (Эй мушриклар), энди ер юзида тўрт ой сайр қилаверинглар, билингларки, Аллоҳни ожиз қолдиролмайсизлар ва Аллоҳ албатта кофирларни хор қилувчидир. 3. Бу Аллоҳ ва Пайғамбаридан одамларга «ҳажжи акбар» кунидаги билдирувдир. Аллоҳ ва Пайғамбарининг мушриклар билан оралари очиқдир. Энди тавба қилсанглар, ўзларингизга яхшироқдир, агар юз ўгирсанглар, билингларки, Аллоҳни ожиз қолдиролмайсизлар. (Эй Муҳаммад), кофирларга қаттиқ азоб ваъдасини бераверинг. 4. (Эй мўминлар), сизлар билан аҳдлашганларидан кейин аҳдларини бузмаганлари ва сизларга қарши ҳеч кимга ёрдам бермаганлари бундан мустасно, шулар билан аҳдномаларини муддати тугагунча давом эттираверинглар. Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради. 5. Ҳаром ойлар тугаса, мушрикларни кўрган ерингизда ўлдиринглар, асир олинглар, қамал қилинглар ва ҳамма жойда уларни кузатинглар. Агар тавба қилишса, намоз ўқишса ва закотни беришса, тинч қўйинглар. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир. 6. (Эй Муҳаммад), агар мушриклардан бирортаси сиздан ҳимоя сўраса, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг Каломини эшитсин. Сўнгра уни тинч жойига етказинг. Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир. 7. Қандай қилиб мушрикларда Аллоҳ наздидаги ва Пайғамбари наздидаги аҳднома бўлсин?! Аммо сизлар билан Масжиди Ҳаром олдида аҳдлашганлар тўғри туришса, сизлар ҳам уларга тўғри бўлинг, Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради. 8. Қандай аҳднома бўлсинки, агар сизлардан устун келиб қолишса, на аҳдга, на бурчга риоя қилишади?! Тилларида сизларни рози қилишадию диллари кўнмайди, уларнинг аксарияти итоатсизлардир. 9. Улар Аллоҳнинг оятларини арзон баҳога сотдилар, Унинг йўлидан тўсдилар, уларнинг қилмишлари ниҳоятда ёмон бўлди!
10. Улар мўминлар хусусида на аҳдга, на бурчга риоя қилишади, ана шулар ҳаддан ошганлардир. 11. Агар улар тавба қилишса, намоз ўқиб, закотни беришса, дин қардошларингиз бўлишади. Билувчи қавмларга оятларимизни батафсил баён қиламиз. 12. Агар аҳдларидан кейин уни бузишса, динингизга маломат қилишса, куфр сардорларига қарши жанг қилинглар. Чунки уларда аҳдларига вафо йўқдир. Шояд кирдикорларидан қайтишса! 13. Аҳдларини бузган, Пайғамбарни ватанидан ҳайдашга қасд қилган ва душманликни биринчи бошлаган қавм билан урушмайсизларми, улардан қўрқасизларми?! Агар мўмин бўлсанглар, қўрқилишга ҳақли бўлган Аллоҳдан қўрқинглар! 14. Улар билан жанг қилинглар! Сизларнинг қўлингиз билан Аллоҳ уларни азоблайди, хор қилади, уларга қарши сизларга ёрдам беради ва мўмин қавмнинг дилларига малҳам солади; 15. ва дилларидаги ғуссани кеткизади. Аллоҳ хоҳлаган кишиларнинг тавбасини қабул қилади, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 16. (Эй мўминлар), Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни, Аллоҳдан, Унинг расулидан ва мўминлардан ўзгани дўст тутмаганларни билмай туриб, тарк этиб қўйилишингизни ўйладингизми? Аллоҳ қилаётган барча ишларингиздан хабардордир. 17. Ўзларининг кофирликларига гувоҳлик бературиб мушрикларга Аллоҳ масжидларини обод қилиш ярамайди. Уларнинг амаллари беҳуда ва дўзахда абадий қолишади. 18. Аллоҳнинг масжидларини албатта фақат Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтирганлар, намозларини адо этадиган, закотларини берадиганлар ва Аллоҳдангина қўрқадиганлар обод қилишади. Ана шундайларгина ҳидоят топишлари мумкин. 19. (Эй мушриклар), ҳожиларга сув улашиш ва Масжиди Ҳаромни обод қилишни Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтирган ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилганларга тенг қилдингизми? Булар Аллоҳ ҳузурида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмайди. 20. Имон келтириб ҳижрат қилганлар ва Аллоҳ йўлида молларию жонлари билан жиҳод қилганлар Аллоҳ ҳузурида улуғ даражададирлар, ўшаларгина ютуққа эришишади. 21. Парвардигорлари уларга Ўз раҳмати, розилигини ва доимий неъматларга тўла жаннатини ваъда қиляпти; 22. улар унда абадий қолишади. Албатта буюк мукофотлар Аллоҳ ҳузуридадир. 23. Эй мўминлар, агар имондан куфрни устун кўришса, ота- оналарингиз ва ака-укаларингизни дўст тутманглар! Сизлардан ким уларни дўст тутса, золимлардан бўлади. 24. (Эй Муҳаммад): «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака- укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, касб билан топган молларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз, ёқтирган маскан- ларингиз Аллоҳдан, Пайғамбаридан ва Унинг йўлидаги жиҳоддан
севимлироқ бўлса, унда Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча кутаверинглар, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоятга бошламайди», денг. 25. (Эй мўминлар), ҳақиқатда Аллоҳ кўп жойларда сизларни ғолиб қилди, Ҳунайн куни ҳам. Ўшанда кўпчилик эканингиз сизларни ғурурга кетказган, аммо бу фойда бермаган эди. Шундай кенг дунё сизларга торлик қилиб қолди, ортга қарамай қочдинглар. 26. Кейин Аллоҳ Пайғамбарига ва мўминларга таскинини ҳамда сизларга кўринмайдиган лашкарларини туширди ва кофирларни азоблади, ана шу кофирларнинг жазосидир. 27. Шундан кейин Аллоҳ хоҳлаганларининг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. 28. Эй мўминлар, мушриклар ҳақиқатан нажасдирлар, улар бу йилларидан кейин Масжиди Ҳаромга яқинлашишмасин. Агар фақирликдан қўрқсангиз, Аллоҳ истаса, Ўз фазли билан сизларни бой қилиб қўяди. Аллоҳ ҳақиқатан билувчи ва ҳикматлидир. 29. Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтирмайдиган, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ динга юрмайдиган Аҳли китоблар то бўйсуниб, ўз қўллари билан жизя тўлашмагунича уларга қарши жанг қилинглар. 30. Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Насоролар: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапларига ўхшатадилар. Аллоҳ уларни лаънатласин, қаён бурилмоқдалар?! 31. Улар Аллоҳни қўйиб, руҳонийлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни илоҳ қилиб олишди. Ҳолбуки, ягона Илоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ, У шерик қилаётганларидан покдир. 32. Улар Аллоҳ нурини оғиз билан ўчирмоқчи бўлишади, Аллоҳ эса, кофирлар ёқтиришмаса-да, Ўз нурини комил қилмай қўймайди. 33. Мушриклар ёқтиришмаса-да, У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан ғолиб қилиш учун юборган. 34. Эй мўминлар, Аҳли китобларнинг руҳонийлари ва роҳибларининг кўплари одамлар молини ноҳақ ейишади ва Аллоҳ йўлидан тўсишади. Олтин-кумушларни босиб олиб, Аллоҳ йўлида сарфламайдиганларга аламли азоблар хабарини беринг. 35. Босиб қўйганлари ўша куни дўзах ўтида қиздирилиб, пешона, ёнбош ва орқаларига босилади ва: «Булар ўзингиз учун йиққанларингиз эди, энди тўплаганларингизни тотиб кўринглар-чи!», дейилади. 36. Аллоҳ наздида ойлар сони, Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратгандаги Китобига кўра ўн иккитадир. Булардан тўрттасида уруш ҳаром, бу ҳақ ҳукмдир. Бу ойларда ўзларингизга зулм қилманглар, мушриклар сизларга ялпи уруш очишсагина, сизлар ҳам уларга қарши ялпи жанг қилинглар. Билингларки, Аллоҳ тақводорлар биландир! 37. Дарҳақиқат, «насий» куфрда зиёдалашишдир, у билан кофирлар йўлдан адаштирилади. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойлар сонини ўзларига мослаш учун бир йил ҳалол санашса, иккинчи йили ҳаром қилиб олишади.
Уларга бу хунук ишлари чиройли кўрсатилди, чунки Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмайди. 38. Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, «Аллоҳ йўлида қўзғолинглар» дейилса, ерга ёпишиб оласизлар? Охиратдан кечиб, дунё ҳаётига рози бўласизларми? Ахир охират олдида дунё матоҳлари жуда арзимас-ку! 39. Агар қўзғолмасанглар, Аллоҳ сизларни аламли азоб билан жазолаб, ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради. Сизлар Унга бирор нарсада зарар етказа олмайсизлар, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 40. Агар Пайғамбарга ёрдам бермасанглар, кофирлар икки кишининг бири сифатида ҳайдаб чиқаргандагидай Аллоҳ ёрдам беради. Икковлон ғорда туришганида у шеригига: «Хафа бўлма, Аллоҳ биз билан!» деган. Шунда Аллоҳ унга Ўз хотиржамлигини туширди ва сизлар кўрмаган лашкарлар билан мадад берди, кофирларнинг сўзини тубан қилди. Аллоҳнинг сўзигина ҳамиша олий, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир. 41. (Эй мўминлар), енгил ва оғир туюлса ҳам жангга қўзғолинглар, молларингиз ва жонларингиз билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилинглар! Агар билсанглар, мана шу сизларга яхшидир. 42. (Эй Муҳаммад), агар осон ўлжа ва яқин сафар бўлганида улар сизга эргашишарди. Лекин уларга масофа узоқ кўринди, ўзларини ҳалок қилиб: «Агар қодир бўлганимизда сизлар билан чиқардик», деб албатта Аллоҳ номи билан қасам ичишади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ёлғончилигини билади. 43. Аллоҳ сизни кечирди. Ким ростгўй, ким ёлғончилигини аниқламай туриб, нега уларга ижозат бердингиз? 44. Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганлар молларию жонлари билан жиҳод қилишдан қолишга сиздан ижозат сўрашмайди, Аллоҳ тақводорларни билувчидир. 45. Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонмайдиганлар ва дилларига шубҳа тушиб, ўз шубҳаларида иккиланаверадиганларгина сиздан ижозат сўрашади. 46. Агар чиқишни исташганида унга тайёргарлик кўрган бўлишарди. Лекин Аллоҳ уларнинг чиқишларини истамай, боришдан тўсди ва: «Ўтирганлар билан қолаверинглар!», дейилди. 47. Агар улар сизларга қўшилиб чиқишганида ҳам ўрталарингизда бузғунчиликдан бошқасини қилишмас, ораларингизга фитна солишга уринишар эди. Ичларингизда уларга қулоқ соладиганлар ҳам бор, Аллоҳ золимларни билади. 48. Олдин ҳам, улар ёқтиришмаса-да ҳақ қарор топиб, Аллоҳнинг амри ғолиб бўлгунича фитна қўзғашар, ишларингизни остин-устун қилишар эди. 49. Улардан: «Менга ижозат беринг, мени фитнага солманг», дейдиганлари ҳам бор. Огоҳ бўлсинларки, улар фитнага тушиб бўлишди, жаҳаннам кофирларни албатта ўраб олувчидир. 50. (Эй Муҳаммад), агар сизга бир яхшилик бўлса, улар ғамгин бўлишади, агар сизга бирор мусибат етса: «Биз олдин ўз тадоригимизни кўриб қўйгандик», деб хурсанд кетишади.
51. «Бизларга Аллоҳ ёзганидан бошқаси келмайди, У хожамиздир, мўминлар Аллоҳгагина суянишсин», денг. 52. «Сизлар бизларга бўладиган икки яхшиликдан бирини кутяпсизлар, бизлар эса Аллоҳнинг Ўз ҳузуридан ёки бизнинг қўлимиз билан сизларга бир жазо юборишини кутяпмиз. Кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан кутаверамиз», денг. 53. «Ихтиёрий ёки мажбуран эҳсон қилсангизлар ҳам сизлардан ҳаргиз қабул қилинмайди, чунки сизлар ҳақиқий фосиқ қавмларсиз», денг. 54. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришгани, намозга хушламай келишгани, ноиложликдан хайр-садақа қилишгани уларнинг эҳсонлари қабул қилинишини тўсган нарсалардир. 55. Уларнинг мол-дунёси ва болалари кўплиги сизни ажаблантирмасин, зеро, Аллоҳ уларни дунё ҳаётида шу нарсалар билан азоблашни ва имонсизликда жон беришларини хоҳлайди, холос. 56. Улар: «Сизларданмиз», деб Аллоҳ номига қасам ичишади, лекин улар сизлардан эмаслар, балки улар қўрқоқ бир қавмдирлар. 57. Улар бош суқар жойми, ғорларми, бирор кирадиган бошпана топишганида ўша ерга чопган бўлишарди. 58. Уларнинг садақа тақсимотида сизни айблайдиганлари ҳам бор, улар ўзларига садақа тегса хурсанд бўлишади, берилмаса, бирдан ғазабланишади. 59. Агар Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг берганларига рози бўлишганида ва: «Аллоҳ бизларга кифоя, Аллоҳ Ўз фазлидан беради, Унинг Пайғамбари ҳам. Бизлар албатта Аллоҳ розилигини истаймиз», дейишганида яхши бўларди. 60. Садақалар фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, диллари улфат қилинадиганларга, тутқунларни озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳ йўлига ва мусофирларгадир. Аллоҳ шуни буюрган, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 61. Улар орасида Пайғамбарга озор берадиган ва: «У қулоқ» дейдиганлари ҳам бор. «Сизларга яхшилик қулоғидир, у Аллоҳга имон келтирувчи, мўминларга ишонувчи ва имон келтирганларингизга раҳматдир!» денг. Аллоҳ Пайғамбарига озор берувчиларга аламли азоб бор. 62. (Эй мўминлар!) Улар сизларни рози қилиш учун Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Агар улар мўмин бўлганларида Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини рози қилишлари ҳақли эди. 63. Кимки Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига хилоф қилса, унга албатта абадий қолинадиган жаҳаннам ўти бўлишини билмасмикин?! Ана шу улкан шармандаликдир! 64. Мунофиқлар дилларидаги нарсани билдирадиган сура тушишидан қўрқишади. «Масхара қилаверинглар, Аллоҳ сиз қўрқаётган нарсангизни рўёбга чиқаради», денг. 65. Агар улардан сўрасанг: «Бизлар баҳслашиб-ҳазиллашаётгандик, холос», дейишади. «Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарини калака қилмоқчимидингизлар?!» денг.
66. (Эй мунофиқлар), узр сўраманглар, имонингиздан кейин яна куфр келтирдинглар. Агар бир тоифангизни авф этсак-да, бошқа бир тоифани гуноҳлари сабабидан жазолаймиз. 67. Мунофиқ эрлар ва мунофиқ аёллар бир хил: ҳаммалари ёмонликка буюришади, яхшиликдан қайтаришади ва бахиллик қилишади. Улар Аллоҳни унутишди, энди Аллоҳ ҳам уларни унутади, шубҳа йўқки, мунофиқлар фосиқдирлар. 68. Аллоҳ мунофиқ эрларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга абадий қолинадиган жаҳаннам оташини ваъда қилган. Бу уларга кифоядир! Аллоҳ уларни лаънатлади, уларга доимий азоб бордир. 69. (Эй мунофиқлар), худди сизлардан олдингиларга ўхшайсизлар. Улар сизлардан кўра қувватлироқ, мол-дунё ва фарзандлари кўпроқ эди. Улар насибаларидан лаззатланишди, сизлар ҳам олдин ўтганлар каби насибангиздан лаззатландинглар, улар шўнғиган нарсага шўнғидинглар. Уларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетди ва ана шуларгина зиён кўрувчилардир. 70. Ўзларидан олдин ўтганлар, Нуҳ, Од, Самуд қавмлари, Иброҳим қавми, Мадян аҳолиси ҳамда яксон қилинган шаҳарлар хабари келмаганмиди?! Уларга пайғамбарлари очиқ-ойдин далиллар билан келишганди. Аллоҳ ўшанда уларга зулм қилмади, улар ўзларига зулм қилишди. 71. Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар: яхшиликка буюришади, ёмонликдан қайтаришади, намозларини адо этишади, закотни беришади ҳамда Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишади. Аллоҳ албатта уларга раҳм қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир. 72. Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи, абадий яшаладиган жаннат боғларидаги оромбахш масканларни ваъда қилган. Аллоҳ розилиги ҳаммасидан олийдир, ана шу улкан мукофотдир! 73. Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши жиҳод қилинг ва уларга қаттиқққўл бўлинг. Уларнинг жойи жаҳаннамдир, бу қандайин ёмон оқибатдир! 74. Улар айтмадик, деб Аллоҳ номи билан қасам ичишади. Ҳолбуки, куфр сўзини айтишди, Исломдан кейин яна куфрга қайтишди ва эриша олмайдиган нарсаларига қасд қилишди. Улар Аллоҳ ва Унинг Расули у(мўмин)ларни У (Аллоҳ)нинг фазлидан бой қилиб қўйгани учунгина ёмон кўришди. Агар тавба қилишса, ўзларига яхши бўларди. Бордию бош тортишса, Аллоҳ уларни дунё ва охиратда аламли азоб билан азоблайди. Ер юзида уларга дўст ҳам, мададкор ҳам бўлмайди. 75. Улар орасида: «Агар У фазли билан бизни бой қилса, садақалар бериб, яхши инсонлардан бўламиз», дея Аллоҳга ваъда берувчилар ҳам бор. 76. Аллоҳ уларга фазлидан берганида эса бахиллик қилиб, бош тортиб кетишди.
77. Шунда Аллоҳга берган ваъдаларини бузишгани ва ёлғон гапиришгани учун Ўзига рўбарў келинадиган кунгача улар дилида мунофиқлик бўлишини қисмат қилиб қўйди. 78. Аллоҳ уларнинг сирларию яширинча гапларини ҳам, Аллоҳ барча ғайбий нарсаларни ҳам билувчи эканини англашмасмикин? 79. Мўминлардан ихтиёрий садақа қилувчиларни ва зўрға топган- тутганидан берувчиларни айблаб масхаралайдиганларни Аллоҳ масхаралаб қўяди ва уларга аламли азоблар бор. 80. (Эй Муҳаммад), улар учун истиғфор айтсангиз ҳам, айтмасангиз ҳам барибир, ҳатто етмиш марта истиғфор айтсангиз ҳам Аллоҳ уларни асло мағфират қилмайди. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмайди. 81. Қолиб кетганлар Аллоҳнинг Пайғамбарига итоатсизлик билан ғазотга бормай қолишганига хурсанд бўлишди, Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилишни ёқтиришмади ва: «Иссиқда қўзғол-манглар!» дейишди. «Жаҳаннам оташи бундан-да иссиқ!», денг. Буни англашса эди! 82. Бироз кулиб туришсин, ҳали қилмишлари учун кўп йиғлашади. 83. Аллоҳ улардан бир тоифасига сизни рўпара қилганида улар урушга чиқишга сиздан ижозат сўрашса: «Мен билан асло чиқмайсизлар ва мен билан бирга ҳеч қачон душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар, олдинги сафар чиқмасликка рози эдинглар, энди ҳам чиқмаганлар билан қолаверинглар», денг. 84. Ва улардан ўлганларнинг бирортасига жаноза ўқиманг ва қабри тепасида ҳам турманг. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришди ҳамда фосиқларча ўлишди. 85. Уларнинг мол-дунёлари ва фарзандлари сизни таажжубга солмасин. Аслида Аллоҳ шу сабабли уларни дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини истайди. 86. «Аллоҳга имон келтиринглар ва Унинг Пайғамбари билан бирга жиҳод қилинглар» деган сура нозил қилинса, уларнинг давлатмандлари: «Бизларни қўяверинг, қолувчилар билан бирга бўлайлик», деб сиздан ижозат сўрашади. 87. Улар хотин-халажлар билан қолишга ҳам рози бўлишди, шунда дилларига муҳр урилдики, буни англашмайди. 88. Лекин Расул ва у билан имон келтирганлар моллари ва жонлари ила жиҳод қилишди. Барча яхшиликлар уларгадир, ўшаларгина нажот топишади. 89. Аллоҳ уларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий қолинадиган жаннатларни тайёрлаб қўйган, ана шу энг улкан ютуқдир! 90. Аъробийларнинг узр туфайли изн сўровчилари келишди, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ёлғон гапирганлари эса уйда қолишди. Уларнинг кофирларига албатта аламли азоб етади. 91. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига содиқ бўлишса, нотавонларга, беморларга ва харжлайдиган нарсаси йўқларга гуноҳ бўлмайди, яхшилик қилувчилар айбланмайди. Аллоҳ кечирувчи ва меҳрибондир!
92. Сиздан улов сўраб келишганида: «Сизларни миндирадиган ҳеч нарсам йўқ-ку!» деганингизда харжлашга ҳеч нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлиб, кўзидан ёш оқизиб кетганларга ҳам таъна қилинмайди. 93. Бадавлат бўлатуриб, сиздан ижозат сўрайдиганларни таъна қилиш керак. Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлишди. Аллоҳ уларнинг дилига муҳр урди, улар ҳеч нарсани билишмайди. 94. (Эй мўминлар), уларнинг олдига қайтганингизда улар сизлардан узр сўрашади. «Узр сўраманглар, сизларга асло ишонмаймиз, Аллоҳ бизларга хабарларингизни билдирди, Аллоҳ ва Унинг Расули албатта ишларингизни кўради. Сўнгра махфийни ҳам, ошкорани ҳам билиб турувчи Зотга қайтариласиз, шунда У қилмишларингизнинг хабарини беради», денг. 95. Олдиларига қайтган вақтингизда уларга эътибор бермаслигингиз учун Аллоҳ номи билан қасам ичишади. Улардан юз ўгиринглар. Улар ҳақиқатан нопокдирлар ва қилмишларининг жазоси учун борар жойлари дўзахдир. 96. Улардан рози бўлишингиз учун қасам ичишади, ваҳоланки, сизлар улардан рози бўлсангиз ҳам Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан асло рози бўлмайди. 97. Аъробийлар куфрда ва мунофиқликда қаттиқроқ ҳамда Аллоҳ Ўз Расулига нозил қилган нарсалар чегарасини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир. 98. Аъробийлар орасида шундайлари борки, улар қилган садақасини зиён деб билади, сизларга бирор бало келишини кутиб туради. Ёмон балолар ўзларига ёпишсин! Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. 99. Аъробийлар орасида Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган, қилган садақа-эҳсонлари Аллоҳ ҳузурида қурбатга ва Расулнинг дуосига етиш деб биладиганлари бор. Ҳақиқатан, ўша садақа- эҳсонлар ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни яқинда раҳматига олади. Аллоҳ албатта мағфиратли ва меҳрибондир. 100. Аллоҳ муҳожир ва ансорларнинг аввалги пешқадамларидан ва яхши ишларда уларга эргашган-лардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлишди. Яна У улар учун остидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий яшаладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу энг улкан ютуқдир! 101. Атрофингиздаги аъробийлар ва Мадина аҳли орасида мунофиқлари бор, улар нифоқларида доимийдирлар. (Эй Муҳаммад), сиз уларни билмайсиз, уларни Аллоҳ билади. Уларни албатта икки бор азоблаймиз, сўнгра улкан азобга қайтарилурлар. 102. Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларига иқрор бўлишди, улар яхши амални ёмонига аралаштириб юборишган. Шоядки, Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилса! Аллоҳ албатта кечирувчи ва меҳрибондир. 103. (Эй Муҳаммад), уларнинг молларидан бир қисмини уларни поклаб-тозалаш учун садақа сифатида олинг ва улар учун дуо қилинг. Сизнинг дуойингиз албатта уларга тасаллидир. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.
104. Улар Аллоҳгина Ўз бандаларининг тавбасини қабул қилишини ва садақаларини ҳам қабул этишини, Аллоҳгина тавбаларни қабул қилувчи раҳмли Зот эканини билишмайдими? 105. «Амал қилаверинглар, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалларингизни албатта кўришади. Яқинда пинҳон ва ошкора нарсаларни билувчи Зотга албатта қайтариласизлар, шунда У барча ишларингизнинг хабарини беради», денг. 106. Яна Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилган бошқалар ҳам борки, уларни ё азоблайди ёки тавбаларини қабул қилади. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир. 107. Яна шундайлар ҳам борки, улар зарар етказиш ва куфр учун, мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда олдин Аллоҳ ва Унинг Расулига қарши бўлган кимсага хушомад учун бир масжид қуриб олишди. Улар «Биз яхшиликдан бошқа нарсани истамаганмиз», деб қасам ҳам ичишади. Аллоҳ шоҳидки, улар ғирт ёлғончилардир! 108. (Эй Муҳаммад), сиз унда ҳеч қачон турманг. Биринчи кунданоқ тақво асосига қурилган масжид сизнинг ибодат қилишингиз учун муносиброқдир. Унда покланишни истайдиган кишилар бор, Аллоҳ эса покланувчиларни яхши кўради. 109. Демак, биносини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг розилиги пойдеворига қурган киши яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасидаги пойдеворга қуриб ўзи ҳам дўзах оловига қулаган кимсами?! Аллоҳ золим қавмни ҳидоятга бошламайди. 110. Юраклари парча-парча бўлиб кетгунича қурган бинолари қалбларида шак-шубҳа бўлиб қолиб кетади. Аллоҳ ўта билувчи ва ҳикматлидир. 111. Аллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини жаннат эвазига «сотиб олган»: улар Аллоҳ йўлида жанг қилиб, ўлдирадилар ва ўлдириладилар. Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини берган Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Демак, келишган бу савдоларингдан хурсанд бўлинглар! Ана шу ҳақиқатан улкан ютуқдир! 112. Улар тавба қилувчилар, бандалик қилувчилар, Уни улуғловчилар, рўза тутувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар, ёмонликдан қайтарувчилар ва Аллоҳнинг чегараларига риоя этувчилардир. (Эй Муҳаммад), бу мўминларга хушхабарни етказинг! 113. На Пайғамбар ва на мўминларга, агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам, дўзахий эканлари маълум бўлганидан кейин улар учун мағфират сўрашлари жоиз эмас. 114. Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши қилган ваъдаси туфайлигина эди. У Аллоҳнинг душмани эканини билганидан кейиноқ ундан воз кечди. Ваҳоланки, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалим эди. 115. Аллоҳ бирор қавмни ҳидоят қилганидан кейин то унинг сақланиши зарур бўлган нарсани аниқ баён қилмагунича уни адаштирмайди. Аллоҳ албатта ҳамма нарсани билувчидир.
116. Ҳақиқатан осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳгагина хосдир. У тирилтиради ва ўлдиради. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст, на бир мададкор бор! 117. Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳининг қалби чалғий деб қолганидан кейин машаққатли пайтда унга эргашишди. Шунда уларнинг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ ҳақиқатан уларга мушфиқ ва раҳмлидир. 118. Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб ўзгага бориб бўлмаслигини билганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Дарҳақиқат, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, раҳмли Зотдир. 119. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва ростгўйлар билан бирга бўлинглар. 120. Мадина аҳолиси ва ўша атрофдаги аъробийлар учун Аллоҳнинг Расулидан қолиб кетишлари ва ундан кечиб, ўз ишларига машғул бўлишлари жоиз эмас эди. Зеро, Аллоҳ йўлида бирор ташналик, машаққат, очлик етса ва кофирларни хафа қиладиган бирор қадам қўйишса, душманга бирор зарар етказишса, албатта бу ишлари сабабли уларга яхши амал ёзилади. Ҳақиқатан, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг мукофотини зое этмайди. 121. Улар каттами-кичикми бирор садақа қилишса ёки бирор водийни босиб ўтишса, қилган яхшиликлари сабабли Аллоҳ уларни мукофотлаши учун фойдаларига ёзилади. 122. Мўминларнинг ёппасига чиқишлари шарт эмас. Унда ҳар гуруҳдан бир тоифа бўлсайди, динни чуқур англаб, қайтиб келганида қавмларини огоҳлантирган бўларди. Шояд азобдан сақланишса эди! 123. Эй имон келтирганлар, ён-атрофингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сиздаги қаттиққўлликни ҳис қилишсин! Билиб қўйингки, Аллоҳ тақволилар биландир! 124. Бирон сура нозил қилинса, улардан «Бу қай бирингизнинг имонини зиёда қилди?» дейдиганлари ҳам бор. Ҳолбуки, у имон келтирганларнинг имонини зиёда қилади ва улар мас-рур бўлишади. 125. Аммо дилларида касали бўлганларнинг ифлосликлари устига яна ифлослик қўшилади ва улар кофирлигича ўлиб кетади. 126. Ҳар йили бир ёки икки марта балога дуч келаётганларини кўришмайдими? Шундан кейин ҳам на тавба қилишади, на насиҳатни олишади. 127. Бирор сура нозил қилинса, улар: «Сизларни биронтаси кўриб қолмадими?» деб бир-бирларига қараб олишади, сўнг жўнаб қолишади. Англамайдиган қавм бўлганлари учун Аллоҳ уларнинг дилларини буриб қўйган. 128. (Эй инсонлар), батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизларнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сиз(нинг саодат топишингиз)га ташна, (ҳақиқатан гуноҳларингиздан ғам чекадиган), мўминларга марҳаматли ва меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди!
129. (Эй Муҳаммад,) шунда ҳам юз ўгиришса: «Менга Аллоҳ кифоядир, Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир, Унгагина суяндим, У улуғ Аршнинг Парвардигоридир», денг. 10. ЮНУС СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 109 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф, лам, ро. Булар ҳикматли Китоб оятларидир. 2. Одамларга ўзларидан бир кишини ваҳий билан юбориб: «Кишиларни огоҳлантиринг ва мўминларга Парвардигорлари ҳузурида чин имтиёзлар борлигининг башоратини беринг», деганимиз ажабланарли туюлдими? Кофирлар: «Албатта, бу аниқ сеҳргардир», дейишди. 3. (Эй инсонлар), ҳақиқатан Парвардигорингиз осмонлару Ерни олти кунда яратган ва кейин Аршга истиво қилган Аллоҳдир. У ҳар ишнинг тадбирини кўради, Унинг изнисиз бирор шафоатчи бўлмайди. Ана ўша Парвардигорингиз Аллоҳдир, Унгагина ибодат қилинглар! Ё насиҳатни олмайсизларми? 4. Аллоҳнинг рост ваъдасига биноан ҳаммангиз Унга қайтасизлар. Бошда ҳам Ўзи яратган эди, энди имон келтирган ва яхши амал қилганларни адолат билан ҳисоб-китоб қилиш учун қайтадан тирилтиради. Кофирларга куфрлари сабабидан ичгани қайноқ сув ва оғир азоблар бордир. 5. У Қуёшни чароғон, Ойни нурли қилган ҳамда йиллар сони ва вақт ҳисобини билишингиз учун манзилларини белгилаб қўйган Зотдир. Аллоҳ буларни ҳикмат билан яратган. У билувчи қавмларга оятларини баён этади. 6. Кеча ва кундуз алмашиб туришида ҳамда Аллоҳ осмонлару Ерда яратиб қўйган нарсаларда албатта тақводорлар учун ибрат бордир. 7. Аммо Бизга рўпара келишдан умид қилмайдиган, дунё ҳаётига рози бўлиб хотиржамликка берилганлар ҳамда оятларимиздан ғофиллар ҳам бор. 8. Ана ўшаларнинг жойи қилмишлари туфайли дўзахдадир. 9. Имон келтириб, яхши амаллар қилганларни эса Парвардигор имонлари сабабли ҳидоят этади ва уларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи неъматларга тўла жаннатлар бор. 10. У жойдаги дуолари: «Эй Аллоҳим, Сен покдирсан!», саломлашишлари: «Ассалом!», охирги дуолари эса: «Оламлар Парвардигори Аллоҳга мақтов бўлсин!» (дейиш)дир. 11. Агар одамлар яхшилик тез келишини исташгани каби Аллоҳ ёмонликни ҳам тезлатганида эди, ажаллари етган бўларди. Лекин Бизга рўпара бўлишни кутмайдиганларни адашиб юришлари учун туғёнларида қолдирамиз. 12. Инсонга бирор кулфат етса, Бизга ётиб ҳам, туриб ҳам, ўтириб ҳам илтижо қилиб қолади. Ундан кулфатини аритсак, гўё Биздан ҳеч нарса
сўрамагандек кетаверади. Мана шундай қилиб, исрофгарларга қилган амаллари чиройли кўрсатиб қўйилди. 13. Ўзларига зулм қилиб, пайғамбарлари очиқ далилларни келтирганида ҳам ишонишмаганида сизлардан олдингиларни ҳалок қилганмиз. Гуноҳкор қавмларни мана шундай жазолаймиз. 14. Сўнгра нималар қилишингизни кўриш учун улардан кейин сизларни Ерда ўринбосарлар қилдик. 15. Равшан оятларимиз тиловат қилиб берилганида Бизга учрашишни ўйламайдиганлар: «Бу Қуръон ўрнига бошқасини келтир ёки ўзгартир», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Буни ўзимча ўзгартиролмайман, ваҳий қилинган оятларгагина эргашаман, Парвардигоримга осийлик қиладиган бўлсам, улуғ кун азобидан қўрқаман», денг. 16. «Аллоҳ хоҳлаганида уни тиловат қилмаган ва сизларни хабардор этмаган бўлар эдим. Ахир, бир умр ораларингизда яшадим-ку, нега тушунмайсизлар?!» денг. 17. Аллоҳга ёлғон тўқиган ёки оятларини ёлғон деювчилардан ҳам золимроқ бормикин?! Гуноҳкорлар асло нажот топишмайди. 18. Ва улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига на зарар, на фойда келтира оладиган нарсаларга сиғиниб: «Аллоҳ ҳузурида қўллайдиганларимиз шулардир», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги гўё У билмайдиган нарсаларни билдирмоқчимисизлар?» денг. У уларнинг ширкларидан пок ва олийдир. 19. Одамлар бир уммат эди, кейин бўлиниб кетишди. Агар Парвардигорингиздан Сўз ўтмаганида улар тортишаётган нарса ажрим қилинган бўлар эди. 20. Улар: «Нега унга Парвардигоридан бирор мўъжиза туширилмади?» дейишади. Шунда: «Ғайб Аллоҳгагина хосдир, кутинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман», денг. 21. Балодан кейин одамларни раҳматимиздан баҳраманд этсак, улар дарров оятларимизга макр қилишади. «Аллоҳ тадбирда ҳаммадан тездир», денг. Фаришталаримиз уларнинг макрларини албатта ёзиб боришади. 22. Сизларга қуруқлик ва сувда сайр қилиш имконини берган Удир. Кемада бўлганингизда майин шамол уни елдириб кетса, улар хурсанд бўлишади. Бордию бирдан пўртана бошланиб, тўлқинлар ҳар тарафдан ҳамла қилиб қолса, чўкишларини англаб Аллоҳга ихлос билан: «Агар бизларни қутқарсанг, шукр қилувчилардан бўламиз», дея илтижо қилишади. 23. У қутқарганида эса улар Ер юзида ноҳақ зулм қилишади. Эй инсонлар, бу зулмларингиз ўз зарарингизгадир. Дунё ҳаёти ўткинчи, кейин Бизга қайтишингиз бор ва Биз қилмишларингиз хабарини берамиз. 24. Дунё ҳаётининг мисоли Биз осмондан туширадиган сувга ўхшайди: ундан Ерда ўсимликлар униб чиқади, улардан инсонлар ва ҳайвонлар фойдаланишади. Ер юзи ясаниб, чиройли бўлганида, ундагилар ўзларини хўжайин ҳис этишаётганида бирдан кечасими ё кундузими, Бизнинг амримиз келиб, Ерни худди кечагина ҳеч нарса ўсмагандек шип- шийдам далага айлантириб қўяди. Биз тафаккур қилувчиларга оятларни шундай тушунтирамиз.
Search
Read the Text Version
- 1
- 2
- 3
- 4
- 5
- 6
- 7
- 8
- 9
- 10
- 11
- 12
- 13
- 14
- 15
- 16
- 17
- 18
- 19
- 20
- 21
- 22
- 23
- 24
- 25
- 26
- 27
- 28
- 29
- 30
- 31
- 32
- 33
- 34
- 35
- 36
- 37
- 38
- 39
- 40
- 41
- 42
- 43
- 44
- 45
- 46
- 47
- 48
- 49
- 50
- 51
- 52
- 53
- 54
- 55
- 56
- 57
- 58
- 59
- 60
- 61
- 62
- 63
- 64
- 65
- 66
- 67
- 68
- 69
- 70
- 71
- 72
- 73
- 74
- 75
- 76
- 77
- 78
- 79
- 80
- 81
- 82
- 83
- 84
- 85
- 86
- 87
- 88
- 89
- 90
- 91
- 92
- 93
- 94
- 95
- 96
- 97
- 98
- 99
- 100
- 101
- 102
- 103
- 104
- 105
- 106
- 107
- 108
- 109
- 110
- 111
- 112
- 113
- 114
- 115
- 116
- 117
- 118
- 119
- 120
- 121
- 122
- 123
- 124
- 125
- 126
- 127
- 128
- 129
- 130
- 131
- 132
- 133
- 134
- 135
- 136
- 137
- 138
- 139
- 140
- 141
- 142
- 143
- 144
- 145
- 146
- 147
- 148
- 149
- 150
- 151
- 152
- 153
- 154
- 155
- 156
- 157
- 158
- 159
- 160
- 161
- 162
- 163
- 164
- 165
- 166
- 167
- 168
- 169
- 170
- 171
- 172
- 173
- 174
- 175
- 176
- 177
- 178
- 179
- 180
- 181
- 182
- 183
- 184
- 185
- 186
- 187
- 188
- 189
- 190
- 191
- 192
- 193
- 194
- 195
- 196
- 197
- 198
- 199
- 200
- 201
- 202
- 203
- 204
- 205
- 206
- 207
- 208
- 209
- 210
- 211
- 212
- 213
- 214
- 215
- 216
- 217
- 218
- 219
- 220
- 221
- 222
- 223
- 224
- 225
- 226
- 227
- 228
- 229
- 230
- 231
- 232
- 233
- 234
- 235
- 236
- 237
- 238
- 239
- 240
- 241
- 242
- 243
- 244
- 245
- 246
- 247
- 248
- 249
- 250
- 251
- 252
- 253
- 254
- 255
- 256
- 257
- 258
- 259
- 260
- 261
- 262
- 263
- 264
- 265
- 266
- 267
- 268
- 269
- 270
- 271
- 272
- 273
- 274
- 275
- 276
- 277
- 278
- 279
- 280
- 281
- 282
- 283
- 284
- 285
- 286
- 287
- 288
- 289
- 290
- 291
- 292
- 293
- 294
- 295
- 296
- 297
- 298
- 299
- 300
- 301
- 302
- 303
- 304
- 305
- 306
- 307
- 308
- 309
- 310
- 311
- 312
- 313
- 314
- 315
- 316
- 317
- 318
- 319
- 320
- 321
- 322
- 323
- 324
- 325
- 326
- 327
- 328
- 329
- 330
- 331
- 332
- 333
- 334
- 335
- 336
- 337
- 338
- 339
- 340
- 341
- 342
- 343
- 344
- 345
- 346
- 347
- 348
- 349
- 350
- 351
- 352
- 353
- 354
- 355
- 356
- 357
- 358
- 359
- 360
- 361
- 362
- 363
- 364
- 365
- 366
- 367
- 368
- 369
- 370
- 371
- 372
- 373
- 374
- 375
- 376
- 377
- 378
- 379
- 380
- 381
- 382
- 383
- 384
- 385
- 386
- 387
- 388
- 389
- 390
- 391
- 392
- 393
- 394
- 395
- 396
- 397
- 398
- 399
- 400
- 401
- 402
- 403
- 404
- 405
- 406
- 407
- 408
- 409
- 410
- 411
- 412
- 413
- 414
- 415
- 416
- 417
- 418
- 419
- 420
- 421
- 422
- 423
- 424
- 425
- 426
- 427
- 428
- 429
- 430
- 431
- 432
- 433
- 434
- 435
- 436
- 437
- 438
- 439
- 440
- 441
- 442
- 443
- 444
- 445
- 446
- 447
- 448
- 449
- 450
- 451
- 452
- 453
- 454
- 455
- 456
- 457
- 458
- 1 - 50
- 51 - 100
- 101 - 150
- 151 - 200
- 201 - 250
- 251 - 300
- 301 - 350
- 351 - 400
- 401 - 450
- 451 - 458
Pages: