23. Мадян сувига етиб келгач бир тўп одамнинг ҳайвонларини суғораётганини кўрди ва улардан четроқда кутиб турган икки аёлни кўриб: «Сизларга нима бўлди?» деди. Улар: «Чўпонлар кетмагунларича суғора олмаймиз, отамиз эса кексайиб қолган», дейишди. 24. Шунда икковига суғориб берди, кейин бир сояга бориб: «Парвардигорим, менга нима эҳсон туширсанг, ўшанга муҳтождирман», деди. 25. Сўнг икковидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам бизларга суғориб берганингнинг ҳақини тўлаш учун сени чақиряпти», деди. Унга келиб, бўлган воқеани сўзлаб берганида у: «Қўрқма, золим қавмдан қутулдинг», деди. 26. Бири: «Эй отажон, уни ёллагин, чунки сен ёллайдиган бу яхши киши кучли ва ишончлидир», деди. 27. У айтди: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар ўн йилга етказсанг – ўзингнинг ишинг, мен эса сени қийнашни истамайман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан». 28. У айтди: «Бу сен билан менинг ўртамиздагидир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам менга зўрлик қилинмас. Айтаётганларимизга Аллоҳ гувоҳдир», деди. 29. Мусо муддатни ўтагач, оиласи билан йўлга тушиб, Тур томонда бир олов кўриб қолди. У аҳлига: «Сизлар кутиб туринглар, мен бир оловни кўриб қолдим. Балки у ердан сизларга бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келарман», деди. 30. Унинг олдига етиб келганида у муборак жойдаги водийнинг ўнг томонидан, дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, Мен оламларнинг Парвардигори – Аллоҳдирман; 31. асойингни ташла». Унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, қайт ва қўрқма, чунки сен омонликда бўлувчилардансан; 32. қўлингни ёқанг ичига кирит, ҳеч бир зарарсиз оппоқ бўлиб чиқади. Қўрққанингда қўлларингни кўкрагингга торт. Мана шу иккиси Парвардигорингдан Фиръавн ва унинг аъёнларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар». 33. У айтди: «Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман, мени ўлдиришларидан қўрқаман; 34. оғам Ҳоруннинг мендан кўра тили бурророқ, мени тасдиқлаши учун уни ҳам менга ёрдамчи қилиб юбор, зеро улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқаман». 35. У Зот айтди: «Биз сени оғанг билан қувватлантирамиз ва икковингизга ҳукмронлик берамизки, улар сизларга ета олишмайди. Бизнинг мўъжизаларимиз билан икковингиз ҳам, сизларга эргашганлар ҳам ғолибсизлар». 36. Мусо уларга аниқ мўъжизаларимизни келтиргач, улар: «Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас. Ўтган ота-боболаримиздан ҳам бу ҳақда эшитмаганмиз», дейишди.
37. Мусо айтди: «Парвардигорим Ўз ҳузуридан ким ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёрининг оқибати кимга бўлишини ҳам яхши билувчидир. Золимлар асло нажот топишмайди». 38. Фиръавн айтди: «Эй аъёнлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳни билмайман. Сен, эй Ҳомон, лойни пишириб, мен учун бир баланд минора қур, шояд Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман». 39. У ва унинг лашкарлари Ер юзида ноҳақ такаббурлик қилдилар ҳамда ўзларини Бизга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар. 40. Шунда Биз уни ва унинг лашкарларини тутдик-да, денгизга отдик. Энди золимларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. 41. Уларни дўзахга чорлайдиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат куни ҳам уларга ёрдам берилмайди. 42. Бу дунёда уларга лаънатни эргаштириб қўйдик. Қиёмат куни эса улар бахтсизлардандир. 43. Дарҳақиқат, аввалги авлодларни ҳалок қилганимиздан сўнг Биз Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат қилиб Китобни бердик. Шояд, улар насиҳатни олишса! 44. (Эй Муҳаммад), Биз ишни Мусога ҳукм қилган пайтимизда мағриб томонда ҳам эмас эдингиз, гувоҳлардан ҳам бўлмагансиз. 45. Лекин Биз кўп авлодларни пайдо қилдик, уларнинг умри узун бўлди. Сиз Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганингиз йўқ, лекин Биз юборувчи бўлдик. 46. Биз нидо қилган чоғимизда Турнинг ёнида ҳам бўлмагансиз. Лекин Парвардигорингиздан раҳмат сифатида сиздан олдин огоҳлантирувчи келмаган қавмни огоҳлантириш учун юбордик. Шояд, улар насиҳатни олишса! 47. Уларга қилмишлари туфайли мусибат етганида: «Парвардигоримиз, бизга пайғамбар юборганингда эди, оятларингга эргашар ва имонлилардан бўлар эдик», дейишмаса бўлгани. 48. Уларга ҳузуримиздан ҳақ келганида улар: «Унга ҳам Мусога берилган нарса берилса эди», дейишди. Улар илгари Мусога берилган нарсага куфр келтиришмаганмиди?! Улар: «Булар бир-бирини қувватлайдиган икки сеҳрдир» ва «Биз ҳар бирига куфр келтирувчимиз», дейишди. 49. (Эй Муҳаммад), «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳ ҳузуридан ўша иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», денг. 50. Агар сизга жавоб бера олишмаса, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам адашганроқ ким бор?! Аллоҳ золим қавмларни асло ҳидоят қилмайди. 51. Эслатма олишлари учун уларга Сўзни етказиб турдик. 52. Ундан олдин китоб берилганлар унга имон келтиришади.
53. Уларга тиловат қилинса: «Бизлар унга имон келтирдик. Албатта у Парвардигоримиздан келган ҳақдир. Бизлар бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дейдилар. 54. Ана шуларга сабр қилганлари учун мукофотлари икки марта берилади. Улар ёмонликни яхшилик билан даф қилишади ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан эҳсон қилишади. 55. Беҳуда нарсани эшитишса, ундан юз ўгириб: «Бизнинг амалларимиз ўзимизга, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамаймиз», дейишади. 56. (Эй Муҳаммад), аниқки, сиз ўзингиз севган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаганларини ҳидоят қилади. У ҳидоят топувчиларни яхши билувчидир. 57. Улар: «Агар сен билан ҳидоятга эргашсак, ўз заминимиздан узиб олинамиз», дейишди. Ахир Биз уларга омонлик Ҳарамини макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳамма нарсанинг мевалари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо уларнинг кўплари билишмайди. 58. Биз маишатида ҳаддан ошган қанчадан-қанча юртларни ҳалок қилдик. Уларнинг масканларидан камдан-ками кейинчалик маскан қилинди. Биз ворис бўлиб қолдик. 59. Оятларимизни тиловат қиладиган пайғамбарни бошшаҳрига юбормагунча Парвардигорингиз ҳеч бир шаҳар-қишлоқни ҳалок қилган эмас. Биз шаҳар-қишлоқларни фақат аҳли золим бўлгандагина ҳалок қиламиз. 60. Сизларга берилган нарсалар дунёнинг матоҳ ва зийнатлари, холос. Аллоҳ ҳузуридаги нарса эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ақл юритмайсизларми? 61. Биз унга гўзал ваъда қилган ва ўшанга эришувчи киши Биз дунё ҳаётининг матоҳидан фойдалантирганимиздан сўнг қиёмат кунига дучор қилинувчилардан бўлган киши кабимиди? 62. У Зот (қиёмат куни) уларга нидо қилади: «Сизлар даъво қилган Менинг «шерик»ларим қани?!». 63. Устларига Сўз ҳақ бўлганлар: «Парвардигоримиз, анави бизлар йўлдан оздирганларни ўзимиз йўлдан озганимиздек оздирганмиз. Ҳузурингда гуноҳсизмиз: улар бизга ибодат қилишмаган», дейишди. 64. Уларга: «Шерик»ларингизни чақиринглар», дейилди. Улар чақиришган эди, уларга жавоб беришмади. Ва азобни кўришди. Кошки улар ҳидоят топганларида эди! 65. (Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларга нима жавоб бердингиз?» деган Кунда; 66. ана ўша Кунда хабарлар тўсилади ва улар бир-бирларидан сўрай олишмайди ҳам. 67. Энди ким тавба қилса, имон келтирса ва солиҳ амал қилган бўлса, шояд у нажот топувчилардан бўлса! 68. Парвардигорингиз хоҳлаганини яратади ва ихтиёр қилади. Уларда ихтиёр йўқдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир, олийдир.
69. Парвардигорингиз уларнинг дилларидаги яширин нарсаларни ҳам, ошкор қилаётганларини ҳам билади. 70. У Аллоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Дунёда ҳам, охиратда ҳам мақтов Унга хосдир. Ҳукм Уникидир ва Унгагина қайтариласизлар. 71. (Эй Муҳаммад), «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ кечани устингизда қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси «илоҳ» сизга ёруғлик келтира олади? Ахир эшитмайсизларми?!» денг; 72. «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ кундузни устингизда қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси «илоҳ» сизларга таскин оладиган кечани келтира олади?! Ахир кўрмайсизларми?!» денг. 73. У Ўз раҳмати билан сизларга кеча ва кундузни ором олишингиз ва Ўз фазлидан исташингиз учун пайдо қилди. Шояд, шукр қилсанглар. 74. (Аллоҳ) уларга нидо қилиб, «Сизлар даъво қилган «шерик»ларим қани?» деган Кунда; 75. ва ҳар бир умматдан бир гувоҳ чиқариб: «Далилларингизни келтиринг!» деймиз. Шунда улар ҳақ Аллоҳники эканини билишади ва тўқиб олганлари улардан ғойиб бўлиб қолади. 76. Қорун Мусо қавмидан бўлиб, кейин уларга кибр қилди. Биз унга шунчалар хазина берган эдикки, калитлари бақувватлар гуруҳига ҳам оғирлик қилар эди. Ўшанда қавми унга айтди: «Зўравонлик қилма, Аллоҳ зўравонларни ёқтирмайди; 77. ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла, дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилгани каби сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни истама, Аллоҳ бузғунчиларни ёқтирмайди». 78. У: «Менга булар ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. Аллоҳ ундан олдинги авлодлардан ундан кўра бақувватроқ, йиққанлари уникидан кўпроқларни ҳам ҳалок этганини у билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ҳам ўтирилмайди. 79. Сўнгра у қавми ҳузурига ясан-тусан билан чиқди. Дунё ҳаётини истайдиганлар: «Қанийди, Қорунга берилганидан бизга ҳам бўлса эди. Ҳақиқатан у улуғ насиба эгасидир», дейишди. 80. Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга Аллоҳнинг ажр-савоби яхшироқ-ку, аммо бунга сабр қилганларгина эришадилар», дейишди. 81. Кейин Биз уни ва ҳовли-жойини ерга юттирдик. Унга Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирор гуруҳ бўлмади, ўзи ҳам ёрдам олувчилардан бўлмади. 82. Кечагина унинг мартабасини орзу қилганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларининг ризқини кенг ёки танг қиладиганга ўхшайди. Агар Аллоҳ бизларга лутф қилмаганида, бизларни ҳам ерга юттирар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмас экан-ку!» дейишга ўтдилар. 83. Биз ўша охират диёрини ер юзида зўравонликни ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун берамиз. Оқибат эса тақводорларникидир.
84. Ким бир яхшилик билан келса, унга бундан кўра яхшироғи бор. Ким бир ёмонлик билан келса, ёмонлик қилганлар фақат қилмишларига яраша жазоланишади. 85. (Эй Муҳаммад), сизга Қуръонни фарз қилган Зот сизни қайтиш жойига албатта қайтарувчидир. Сиз: «Парвардигорим ҳидоятдагини ҳам ва аниқ залолатдагини ҳам яхши билувчидир», денг. 86. Ўзингизга Китоб туширилишидан умидвор ҳам эмас эдингиз. Бу фақат Парвардигорингизнинг марҳамати бўлди. Энди кофирларга асло ёрдамчи бўлманг. 87. Сизга Аллоҳнинг оятлари нозил қилинганидан кейин улар зинҳор сизга тўсқинлик қилишмасин. Парвардигорингизга даъват қилинг, асло мушриклардан бўлманг. 88. Аллоҳ билан бирга бошқа «илоҳ»га илтижо қилманг. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ундан бошқа ҳар бир нарса йўқ бўлувчидир. Ҳукм Уникидир ва Унгагина қайтариласиз. 29. АНКАБУТ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 69 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф лаам миим. 2. Одамлар «Имон келтирдик» дейишлари билангина, синалмай қолдирилишларини ўйлашдими? 3. Биз улардан олдингиларни ҳам синовдан ўтказганмиз. Аллоҳ содиқларни ҳам, ёлғончиларни ҳам аниқ билади. 4. Ёки ёмонликлар қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлашадими? Нақадар ёмон ҳукм чиқаришади-я! 5. Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, Аллоҳнинг «муддат»и албатта келувчидир. У эшитувчидир, билувчидир. 6. Ким жидду жаҳд қилса, албатта ўз фойдаси учун ҳаракат қилади. Аллоҳ оламлардан беҳожатдир. 7. Имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларнинг ёмонликларини улардан албатта ўчирамиз ва қилган амалларининг энг яхшиси билан уларни мукофотлаймиз. 8. Ва инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Агар улар сен билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга мажбурлашса, бунда уларга итоат этма! Қайтишларингиз Менгадир, шунда сизларга қилган амалларингизнинг хабарини берурман. 9. Имон келтириб, яхши амалларни қилганларни солиҳларга қўшиб қўямиз. 10. Одамлар орасида «Аллоҳга имон келтирдик» дейдиган, сўнгра Аллоҳ йўлида озорланса, одамларнинг фитналарини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Парвардигорингиздан мадад келса, улар: «Албатта биз сизлар билан бирга эдик», дейишади. Аллоҳ оламларнинг дилларидаги нарсаларни яхши билувчи эмасми?!
11. Аллоҳ имон келтирганларни ҳам албатта билади, мунофиқларни ҳам албатта билади. 12. Кофир бўлганлар имон келтирганларга: «Бизнинг йўлимизга юринглар, гуноҳларингизни биз кўтарамиз», дейишади. Ҳолбуки, улар буларнинг гуноҳларидан бирор нарсани кўтарувчи эмаслар. Улар албатта ёлғончилардир. 13. Улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтаришади. Қиёмат куни ўзлари тўқиб олганлари ҳақида албатта сўралишади. 14. Дарҳақиқат, Биз Нуҳни қавмига пайғамбар қилиб юбордик. Ўшанда у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон тутди. 15. Сўнгра Биз унга ва кемадаги ҳамроҳларига нажот бердик ҳамда уни оламларга ибрат қилдик. 16. Ва Иброҳимни ҳам. Ўшанда у ўз қавмига айтди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар. Агар билсангиз, мана шу сизлар учун яхшидир; 17. сизлар Аллоҳни қўйиб, бутларга ибодат қиляпсизлар ва ёлғон тўқияпсизлар. Аниқки, Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётганларингиз сизларга ризқ беришга қодир эмас. Ризқни Аллоҳнинг даргоҳидан истанглар, Унгагина ибодат ва Унга шукр қилинглар. Унгагина қайтариласизлар; 18. агар сизлар ёлғончига чиқарсанглар, сиздан олдинги умматлар ҳам ёлғончига чиқаришган. Пайғамбар зиммасида аниқ етказиш бор, холос». 19. Аллоҳ махлуқни аввал бошда қандай яратишини, сўнгра уни яна қайта яратишини кўришмадими? Бу Аллоҳ учун осондир. 20. (Эй Муҳаммад): «Ер юзида юриб, У махлуқотларни яратишни қандай бошлаганини кўринглар, сўнгра Аллоҳ иккинчисини пайдо қилади. Аниқки, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир», денг. 21. (Аллоҳ) хоҳлаган кимсани азоблайди, хоҳлаган кишига эса раҳм қилади. Унгагина қайтариласизлар. 22. Сизлар ерда ҳам, осмонда ҳам ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмайди. 23. Аллоҳ оятларини ва Унга рўбарў бўлишни инкор қилганлар, айнан ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид бўлишди, уларга аламли азоб бордир. 24. Қавмининг жавоби «Уни ўлдиринглар ёки ёндиринглар!» дейишгина бўлди. Шунда Аллоҳ уни оловдан қутқарди. Бунда имон келтирадиган қавмлар учун аломат бордир. 25. У айтди: «Сизлар дунё ҳаётида ўзаро дўстлашиш учун Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингиз. Сўнгра қиёмат куни баъзиларингиз баъзиларингиздан тонасиз ва айримларингиз айримларингизни лаънатлайсиз ва жойингиз дўзахдир, сизларга ёрдам берувчи бўлмайди». 26. Лут унга имон келтирди ва: «Мен Парвардигоримга ҳижрат қилувчидирман. У иззатлидир, ҳикматлидир», деди.
27. Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни ҳадя этдик, пайғамбарлик ҳамда китобни унинг зурриётида қилдик ва унга шу дунёда ҳам мукофотини бердик. У охиратда ҳам солиҳлардандир. 28. Лут эса ўз қавмига: «Сизлар шундай фаҳш ишни қиляпсизларки, олдин ўтган оламлардан ҳеч ким буни қилмаган эди; 29. ҳақиқатан сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизларми ва йиғинларингизда ёмон ишни қиласизларми?!» Қавмининг жавоби фақат «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтир», дейиш бўлди. 30. У айтди: «Парвардигорим, бузуқлар қавмига қарши менга ёрдам бер!». 31. Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтириб: «Бизлар мана шу шаҳар аҳлини ҳалок қилувчидирмиз, чунки унинг аҳли зулм қилувчилардан бўлди», дейишди. 32. У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши биламиз. Биз уни ва аҳлини албатта қутқарамиз, фақат унинг хотини қолувчилардандир», дейишди. 33. Элчиларимиз Лутнинг олдига келишганида улар сабабидан ёмон ҳолатга тушди ва юраги сиқилди. Улар айтишди: «Сен қўрқма ва хафа ҳам бўлма, бизлар сени ва аҳлингни албатта қутқарамиз, фақат хотининг қолувчилардандир; 34. фосиқлик қилганлари учун бизлар ушбу шаҳар аҳли бошига осмондан азоб туширувчилармиз». 35. Дарҳақиқат, Биз ақл юритувчи қавмлар учун ундан аниқ аломатлар қолдирганмиз. 36. Мадянга биродарлари Шуъайбни (юбордик). Шунда у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар, охират кунидан умидвор бўлинглар ва ерда бузғунчилик қилиб юрманглар», деди. 37. Уни ёлғончига чиқаришди. Шунда уларни шиддатли зилзила тутиб, тонгда уйларида мук тушганча ўлишди. 38. Од ва Самудни ҳам. Бу сизларга уларнинг масканларидан аён бўлиб турибди. Шайтон уларга амалларини чиройли кўрсатиб, уларни йўлдан тўсди. Ҳолбуки, улар эсли-ҳушли кишилар эди. 39. Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни ҳам. Дарҳақиқат, Мусо уларга аниқ ҳужжатлар келтирганида улар Ерда мутакаббирлик қилишди ва қочиб қутула олишмади. 40. Кейин ҳаммаларини ўз гуноҳлари билан тутдик. Улардан баъзиларининг устига тош ёғдирдик, айримларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга юттирдик ва айримларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилдилар. 41. Аллоҳдан ўзгани дўст тутганларнинг мисоли ўзига уй қурган ўргимчакка ўхшайди. Агар улар билишса эди, уйларнинг энг мўрти ўргимчакнинг уйидир. 42. Аллоҳ Ўзини қўйиб, нималарга илтижо қилишаётганини яхши билади. У қудратлидир, ҳикматлидир.
43. Ушбу мисолларни одамлар учун келтирамиз, лекин буларни олимларигина англайдилар. 44. Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳақ билан яратгандир. Бунда мўминлар учун албатта аломат бордир. 45. (Эй Муҳаммад), Китобдан сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни адо этинг, намоз албатта фаҳш ва ёмонликлардан қайтаради. Албатта Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни билади. 46. (Эй мўминлар), сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат чиройли йўсинда мужодала-мунозара этинглар ва: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизларга нозил қилинган нарсага имон келтирдик, бизларнинг илоҳимиз ва сизларнинг илоҳингиз бирдир, бизлар Унгагина бўйсунувчимиз», денглар. 47. (Эй Муҳаммад), шу каби сизга ҳам Китоб нозил қилдик. Биз китоб берган кишилар унга имон келтиришади. Анавиларда ҳам унга имон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этишади. 48. Унгача бирор китобни тиловат қилмас эдингиз ва қўлингиз билан уни ёзмас эдингиз. Акс ҳолда бузғунчилар албатта шубҳага тушган бўлишарди. 49. Йўқ! У илм берилганларнинг дилидаги аниқ оятлардир. Бизнинг оятларимизни золимларгина инкор қилишади. 50. Улар «Унга ҳам Парвардигоридан мўъжизалар туширилса эди», дейишди. Сиз «Мўъжизалар Аллоҳнинг ҳузуридадир, мен эса фақат очиқ огоҳлантирувчиман», денг. 51. Уларга тиловат қилинаётган ушбу Китобни сизга нозил этганимиз улар учун етарли эмасми?! Бунда имон келтирадиган қавм учун албатта раҳмат ва эслатма бордир. 52. «Сизлар билан менинг орамизда гувоҳликка Аллоҳ кифоядир. У осмонлару Ердаги нарсаларни билади. Ботилга имон келтириб, Аллоҳга куфр келтирганлар – ана ўшалар зиён кўрувчилардир», деб айтинг. 53. Улар сиздан азобни тезлатишни талаб қилишади. Агар белгиланган муддат бўлмаганида уларга албатта азоб келган бўлур эди. У уларга тўсатдан, улар сезмаган ҳолда келади. 54. Улар сиздан азобни тезлаштиришни талаб қилишади. Ҳолбуки, дўзах кофирларни албатта ўраб олувчидир. 55. У Кунда азоб устларидан ҳам, оёқлари остидан ҳам уларни ўраб олади ва (Аллоҳ): «Қилмишларингизнинг жазосини тотинглар!» дейди. 56. Эй имон келтирган бандаларим, Менинг ерим кенгдир, Менгагина ибодат қилинглар. 57. Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир, сўнгра Бизга қайтариласизлар. 58. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни жаннатда остидан анҳорлар оқиб турган манзилларга жойлаштирамиз. Улар у ерда мангу қолишади. Амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши! 59. Улар сабр қилган ва Парвардигорларигагина таваккул қилувчилардир.
60. Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчалаб жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам ризқни Аллоҳ беради. У эшитувчидир, билувчидир. 61. (Эй Муҳаммад), агар улардан: «Осмонлару Ерни яратган, қуёш ва ойни бўйсундирган ким?» деб сўрасангиз, «Аллоҳ», дейишади. Унда қаёққа ўгирилиб кетишяпти? 62. Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганининг ризқини кенг қилади ва танг қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 63. Агар улардан: «Осмондан сув тушириб, у билан ўлик ерни тирилтирган ким?» деб сўрасангиз, улар: «Аллоҳ», дейишади. Сиз: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» денг. Йўқ, кўплари ақл юритишмайди. 64. Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидир. Агар билишса, охират диёригина ҳақиқий ҳаётдир. 65. Кемага минишганида Аллоҳга, Унинг динига ихлос билан илтижо қилишади. Қутқариб, уларни қуруқликка чиқарганида эса, дарров ширк келтиришади. 66. Уларга берган нарсаларимизга ношукрлик қилишаверсин ва «фойдаланиб» туришаверсин, яқинда билиб олишади. 67. Атрофларидаги одамлар қирғинбарот бўлаётганида Биз уларга Ҳарамни омонлик жойи қилганимизни кўришмадими? Наҳот улар ботилга имон келтириб, Аллоҳнинг неъматини инкор қилишса?! 68. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ҳақ келганида уни ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ ким бор? Кофирларнинг жойи дўзахда эмасми?! 69. Биз учун жиҳод қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этамиз. Аллоҳ албатта яхшилик қилувчилар биландир. 30. РУМ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 60 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф лаам миим. 2. Рум мағлуб бўлди. 3. Энг паст ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. 4. Бир неча йилларда. Бундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланишади; 5. Аллоҳнинг ёрдамидан. У хоҳлаганига ёрдам беради. У қудратлидир, раҳмлидир. 6. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди, лекин кўп одамлар билишмайди. 7. Улар дунё ҳаётининг зоҳиринигина билишади, охиратдан эса улар бехабардирлар. 8. Ахир Аллоҳ осмонлару Ерни ва улар орасидаги ҳамма нарсани фақат ҳақ билан ва маълум муддат билан яратганини улар ўзларича тафаккур қилиб кўришмайдими? Дарҳақиқат, одамларнинг кўплари Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилувчилардир.
9. Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Ўшалар булардан қувватлироқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилганидан ҳам кўпроқ обод қилишган эди. Уларга ҳам пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар билан келишди. Аллоҳ уларга зулм қилмади, лекин улар ўзларига зулм қилишди. 10. Сўнгра Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқариш ва улар устидан кулиш билан ёмонлик қилганларнинг оқибати ёмон бўлди. 11. Аллоҳ махлуқотни аввал бошда яратади, сўнгра уни қайта яратади, кейин Унга қайтариласизлар. 12. Қиёмат қойим бўлган кунда гуноҳкорлар ноумид бўлишади. 13. Шерик қилганларидан уларга шафоатчилар бўлмайди ва улар шерик қилганларини инкор қилишади. 14. Қиёмат қойим бўлган кун – ўша кунда ажралишади. 15. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар жаннатда шодланишади. 16. Аммо куфр келтириб, оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганлар – ана ўшалар азобга ҳозир қилинишади. 17. Тунга кирганингизда ҳам, тонгга кирганингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинглар. 18. Оқшомда ва тушда ҳам осмонлару Ердаги ҳамд-сано Уникидир. 19. У ўликдан тирикни чиқаради ва тирикдан ўликни чиқаради ҳамда ерни ўлганидан кейин «тирилтиради». Сизлар ҳам шундай чиқариласизлар. 20. Сизларни тупроқдан яратгани ва сўнгра сизларнинг башар бўлиб тарқалганингиз Унинг белгиларидандир. 21. Таскин топишингиз учун сизларга ўзингиздан жуфтлар яратгани, ораларингизга муҳаббат ва меҳрибонлик солиб қўйгани Унинг белгиларидандир. Бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун аломатлар бордир. 22. Осмонлару Ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг хилма-хил бўлиши ҳам Унинг белгиларидандир. Бунда илм эгалари учун аломатлар бордир. 23. Кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан исташингиз ҳам Унинг белгиларидандир. Бунда эшитадиган қавм учун аломатлар бордир. 24. Сизларга қўрққан ва умидвор ҳолингизда чақмоқни кўрсатиши ва осмондан сув тушириб, у билан ерни ўлганидан кейин тирилтириши Унинг белгиларидандир. Бунда ақл юритадиган қавм учун аломатлар бордир. 25. Осмонлару Ернинг Унинг амри билан туриши ҳам Унинг белгиларидандир. Сўнгра сизларни бир бор чақириши билан ердан ҳаммангиз бирдан чиқасизлар. 26. Осмонлару Ердагилар Уникидир. Барчаси Унга итоатдадирлар. 27. У махлуқотни аввал бошда яратиб, сўнгра уни қайта яратадиган Зотдир, бу эса Унга жуда осон. Осмонлару Ердаги энг олий мавқеъ Уникидир. У қудратлидир, ҳикматлидир. 28. У сизларга ўзларингиздан мисол келтиради. Сизларнинг қўл остингиздагилардан Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсада шерикларингиз
бормики, сизлар унда тенг бўлиб, улардан ҳам бир-бирингиздан қўрққандай қўрқасизларми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай муфассал баён қиламиз. 29. Йўқ, золимлар бирор билимсиз ҳавойи нафсларига эргашдилар. Аллоҳ адаштирганни ким ҳидоят қила оларди? Уларга ёрдам берувчилар ҳам бўлмайди. 30. (Эй Муҳаммад), ҳаниф динга юзланинг, Аллоҳ одамларни мана шу соф табиатда яратган. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмайди. Мана шу тўғри диндир, лекин кўп одамлар билишмайди. 31. Унга ўзингизни топширган ҳолда тақво қилинглар, намозни адо этинглар ва мушриклардан бўлмангларки; 32. улар динларини бўлиб олиб, фирқаларга ажралишди ва ҳар бир фирқа ўзидаги нарса билан хурсанддир. 33. Қачон одамларга бирор зиён етса, Парвардигорларига қайтиб, Унгагина илтижо қилишади. Сўнгра қачон уларга Ўзидан раҳмат тоттириб қўйса, улардан бир гуруҳи Парвардигорларига ширк келтира бошлайдилар; 34. уларга ато қилган нарсамизга куфр келтираверсинлар! Фойдаланиб қолинглар, яқинда биласизлар! 35. Ёки Унга ширк келтирганлари ҳақида сўзлайдиган уларга бирор ҳужжат-далил туширганмизми? 36. Биз одамларга бирор марҳамат кўрсатсак, ундан хурсанд бўлишади. Агар уларга ўз қўллари қилган нарса туфайли бирор ёмонлик етса, дарҳол умидсизликка тушишади. 37. Аллоҳ хоҳлаганларининг ризқини кенг ёки танг қилишини кўришмасмикин? Бунда имон келтирадиган қавм учун аломатлар бордир. 38. Қариндошга, мискинга ва мусофирга ҳаққини беринг. Ана шу Аллоҳ розилигини истайдиганлар учун яхшидир ва ана шулар нажот топувчилардир. 39. Одамлар моли ичида кўпайсин деб рибога берган молингиз Аллоҳ ҳузурида кўпаймайди. Аллоҳнинг розилигини кўзлаб берган закотларингиз эса, айнан шулар кўпайтирувчилардир. 40. Сизларни яратган, сўнгра ризқлантирган, кейин жонларингизни оладиган ва сизларни яна тирилтирадиган Аллоҳдир. «Шерик» қилаётганларингиз ичида шуларнинг бирортасини қила оладигани борми?! Улар ширк келтираётган нарсалардан У пок ва олийдир. 41. Одамларнинг қилган ишлари сабабли қуруқлик ва денгизда бузғунчиликлар содир бўлди. Бу қилмишларининг баъзиларини ўзларига тоттириш учундирки, шояд улар қайтишса! 42. (Эй Муҳаммад): «Ерда юриб, олдингиларнинг оқибати нима бўлганини кўринглар, уларнинг кўплари мушрик эдилар», денг. 43. Аллоҳ томонидан қайтарилмайдиган Кун келмай туриб тўғри динга юзланинг. Ўша Кунда бўлиниб кетишади. 44. Ким куфр келтирса, унинг куфри ўзига. Ким солиҳ амал қилган бўлса, ўзлари учун жой тайёрлашади. 45. Бу Унинг имон келтирган ва солиҳ амал қилганларни Ўз фазли билан мукофотлаши учундир. У кофирларни ёқтирмайди.
46. Сизларга Ўз раҳматидан тоттириш учун, Ўз амри билан кемаларнинг сузиши учун ва Унинг фазлидан исташингиз учун шамолларни хушхабарчи қилиб юбориши Унинг белгиларидандир. Шояд, шукр қилсанглар. 47. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан олдин ҳам пайғамбарларни қавмларига юборганмиз. Шунда уларга аниқ ҳужжатлар келтиришган. Сўнг Биз жиноятчилардан интиқом олганмиз ва мўминларга ёрдам бериш зиммамиздаги ҳақ эди. 48. Аллоҳ шундай Зотки, шамолларни юбориб, улар булутларни ҳайдайди. Уларни осмонда Ўзи хоҳлаганича ёяди ва бўлак-бўлак қилади, шунда унинг орасидан ёғин чиқаётганини кўрасиз. Қачон уни бандаларидан хоҳлаганларига етказса, улар дарҳол хурсанд бўлишади. 49. Ҳолбуки, устларига ёғдирилишидан мутлақо умид қилишмас эди. 50. Парвардигорингиз раҳматининг изларини: ерни ўлганидан кейин қандай тирилтиришини кўринг. У ўликларни тирилтирувчидир, У ҳамма нарсага қодирдир. 51. Агар Биз бир шамол юбориб, (экинни) сарғайган ҳолда кўришса, шундан кейин ношукрлик қилишга ўтишади. 52. (Эй Муҳаммад), сиз «ўлик»ларга эшиттира олмайсиз ва ортларига ўгирилиб кетаётган «кар»ларга ҳам даъватни уқтира олмайсиз. 53. Яна сиз «кўр»ларни залолатларидан ҳидоятга солувчи эмассиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга имон келтирадиганларгагина уқтира оласиз, ана ўшалар мусулмонлардир. 54. Аллоҳ шундай Зотдирки, сизларни заиф нарсадан яратди, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилди, сўнгра қувватдан кейин яна сизларга заифлик ва қарилик беради. У хоҳлаганини яратади, У билувчидир, қодирдир. 55. Қиёмат қойим бўладиган кунда гуноҳкорлар бир соатдан ортиқ турмаганлари ҳақида қасам ичишади. Улар ана шундай йўлдан озиб кетишади. 56. Илм ва имон берилганлар: «Аниқки, Аллоҳ Ўз Китобида ёзиб қўйганидек, қайта тирилиш кунигача турдинглар. Бугун қайта тирилиш кунидир, лекин сизлар билмас эдинглар», дейишади. 57. Ана ўша Кунда зулм қилганларга узрлари фойда бермайди ҳамда улардан тавба-тазарру ҳам талаб қилинмайди. 58. Дарҳақиқат, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисолларни келтирдик. (Эй Муҳаммад), агар уларга мўъжиза келтирсангиз ҳам куфр келтирганлар: «Сизлар фақат ёлғонлайсизлар», дейишади. 59. Аллоҳ билмайдиганларнинг дилларини ана шундай муҳрлаб қўяди. 60. (Эй Муҳаммад), сабр қилинг, Аллоҳнинг ваъдаси шубҳасиз ҳақдир. Ишонмайдиганлар сизни енгилтак санашмасин. 31. ЛУҚМОН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 34 оятдан иборат.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф лаам мийм. 2. Ушбулар ҳикматли Китобнинг оятларидир. 3. У яхши иш қилувчиларга ҳидоят ва раҳматдир; 4. улар намозни адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга аниқ ишонадиганлардир; 5. улар Парвардигорларининг ҳидоятидадир ва ана шулар нажот топувчилардир. 6. Одамлар орасида шундайлар борки, улар илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш ва уни масхара қилиш учун беҳуда сўзларни сотиб олишади. Ана шуларга хорловчи азоб бордир. 7. Бизнинг оятларимиз унга тиловат қилинса, худди уларни эшитмагандек ёки қулоғида карлик бордек мутакаббирлик билан юз ўгириб кетади. Унга аламли азобнинг «хушхабар»ини беринг. 8. Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга неъмат боғлари бордир; 9. у ерда мангу қолишади. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. У қудратлидир, ҳикматлидир. 10. (У) сизлар кўриб турган осмонларни устунсиз яратди, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни ташлади ва унда турли жонзотларни тарқатиб қўйди. Яна осмондан сув туширдик, у билан ҳар хил фойдали нарсаларни ўстирдик. 11. Бу Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди Ундан бошқалар нимани яратганини Менга кўрсатинглар-чи! Йўқ, золимлар аниқ адашувдадирлар. 12. Луқмонга ҳақиқатан ҳикматни ато этдик: «Аллоҳга шукр қил, ким шукр қилса, ўзи учун қилади. Ким ношукрлик қилса, Аллоҳ беҳожатдир, мақтовга лойиқдир». 13. Эсланг, Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтди: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма, чунки ширк улкан зулмдир». 14. Инсонга ота-онаси ҳақида буюрдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтариб юрди. Уни сутдан ажратиш икки йилдадир. «Менга ва ота-онангга шукр қил! Қайтиш фақат Менгадир». 15. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрлашса, у ҳолда уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга юз бурганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Шунда сизларга нима амал қилганингизнинг хабарини бераман. 16. «Эй ўғилчам, агар у ҳардал уруғи вазнича бўлса ҳам, у бир харсангтош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам Аллоҳ уни келтиради. Аллоҳ лутфли ва хабардордир; 17. эй ўғилчам, намозни адо эт, яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган нарсага сабр қил. Булар албатта муҳим ишлардандир; 18. такаббурлик билан одамлардан юз бурма ва ерда керилиб ҳам юрма. Аллоҳ барча кеккайган ва мақтанчоқларни севмайди;
19. юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир, чунки овозларнинг энг ёмони эшаклар овозидир». 20. (Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги нарсаларни сизларга беминнат хизматкор қилиб қўйганини, сизларга зоҳирий ва ботиний неъматларини мукаммал қилиб берганини кўрмадингизми?! Одамлар орасида илмсиз, ҳидоятда бўлмаган ва равшан китобсиз ҳолида Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор. 21. Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар» дейилса, «Йўқ, оталаримизни нима устида топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар шайтон уларни оловнинг азобига чақириб турган бўлса ҳамми?! 22. Ким яхшилик қилувчи ҳолида Аллоҳга юзланса, ҳақиқатан у мустаҳкам тутқични ушлабди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтади. 23. Ким куфр келтирса, унинг куфри сизни (эй Муҳаммад), хафа қилмасин. Уларнинг қайтишлари Бизгадир, шунда уларга қилган амалларининг хабарини берамиз. Аллоҳ диллардаги сирларни билувчидир. 24. Уларни бироз фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобга мажбурлаймиз. 25. Агар улардан: «Осмонлару Ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта «Аллоҳ» дейишади. Сиз: «Аллоҳга ҳамд бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг кўплари билишмайди. 26. Осмонлару Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Аллоҳ беҳожатдир, мақталгандир. 27. Агар Ер юзидаги ҳамма дарахт қалам бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлсаю) ва ундан кейин яна етти денгиз ёрдамга келса ҳам Аллоҳнинг сўзлари тугамасдир. Аллоҳ қудратлидир, ҳикматлидир. 28. (Эй инсонлар), сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам биргина жонники кабидир. Аллоҳ эшитувчидир, кўриб турувчидир. 29. Аллоҳ кечани кундузга киритишини, кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни маълум муддатгача юрадиган қилиб бўйсундириб қўйганини ва Аллоҳнинг қилаётган амалларингиздан хабардор эканини кўрмадингизми?! 30. Бу Аллоҳнинг Ўзигина ҳақ экани, Уни қўйиб илтижо қилаётганлари эса ботил экани ва Аллоҳнинг Ўзигина олий, буюк эканидандир. 31. Кемалар сизларга Аллоҳнинг мўъжизаларидан кўрсатиш учун Унинг марҳамати билан денгизда юрганини кўрмадингизми?! Бунда барча сабрли, шукрлилар учун аломатлар бордир. 32. Уларни тоғдек тўлқинлар ўраб олганида улар Аллоҳнинг динига холис ҳолда дуо-илтижолар қилишади. Нажот бериб, уларни қуруқликка чиқарганида эса, баъзиларигина тўғри йўл тутишади. Оятларимизни фақат хоин, ношукрлар инкор этишади. 33. Эй инсонлар! Парвардигорингиздан қўрқинглар ва ота боласига ёрдам бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада ёрдам берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинглар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, демак, дунё
ҳаёти сизларни алдаб қўймасин ва ўта алдовчи сизларни Аллоҳ борасида алдаб қўймасин. 34. Қиёматнинг илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдиради, бачадонлардаги нарсани ҳам У билади. Ҳеч бир жон эртага нима иш қилишини билмайди. Ҳеч бир жон қаерда ўлишини ҳам билмайди. Аллоҳ билувчидир, хабардордир. 32. САЖДА СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 30 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф лаам мийм. 2. Китобнинг нозил қилиниши ҳеч шубҳасиз оламларнинг Парвардигоридандир. 3. Балки «Уни ўзи тўқиб олган» дейишар? Йўқ, у сиздан олдин бирор огоҳлантирувчи келмаган қавмни огоҳлантиришингиз учун Парвардигорингиздан ҳақдир. Шояд, улар ҳидоят топишса! 4. Аллоҳ осмонлару Ерни ва улар орасидаги ҳамма нарсани олти кунда яратиб, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. Сиз учун Ундан ўзга дўст ҳам, қўлловчи ҳам йўқдир. Эслатма олмайсизларми?! 5. У осмондан Ергача ҳамма ишнинг тадбирини қилади. Сўнгра булар сизларнинг ҳисобингизда минг йилга тенг бўладиган Кунда Унга кўтарилади. 6. Ана шу Зот яширин ва ошкорни билувчидир, қудратлидир, раҳмлидир; 7. ҳамма нарсани гўзал қилиб яратган, инсоннинг яратилишини эса лойдан бошлаган Зотдир. 8. Сўнгра унинг наслини ҳақир сув сулоласидан қилди. 9. Сўнгра уни ростлади ва ичига руҳидан пуфлади, сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни пайдо қилди. Қанчалар кам шукр қиласизлар а! 10. Улар: «Биз ер остида йўқ бўлиб кетгач, яна янгидан яратиламизми?!» дейишади. Йўқ, улар Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилувчилардир. 11. (Эй Муҳаммад), «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни олади, сўнгра Парвардигорингизга қайтариласиз», деб айтинг. 12. Агар гуноҳкорларнинг Парвардигорлари ҳузурида бошларини эгган ҳолда: «Парвардигоримиз, кўрдик, эшитдик. Энди бизларни қайтар, яхши амал қилайлик, бизлар аниқ ишонувчилармиз» дейишларини кўрсангиз эди. 13. Агар хоҳлаганимизда ҳар бир жонга ўз ҳидоятини берган бўлар эдик, лекин Мен томонимдан «Дўзахни жинлар ва одамларни жамлаб тўлдираман» деган сўз ҳақ бўлди. 14. Ушбу кунингиздаги рўбарў бўлишни унутганингиз туфайли тотинглар. Дарвоқе, Биз ҳам сизларни «унутдик». Қилмишларингиз сабабли мангу азобни тотинглар!
15. Оятларимизга улар билан насиҳат қилинганида саждага йиқиладиган, Парвардигорларига мақтов билан тасбеҳ айтадиган ва мутакаббирлик қилмайдиганларгина имон келтиришади. 16. Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан узоқ бўлади. Парвардигорларига қўрқув ва умид билан дуо қилишади ҳамда Биз уларга ризқ қилиб берганларимиздан нафақа-эҳсон қилишади. 17. Уларга қилиб ўтган амалларининг мукофоти учун яшириб қўйилган кўз қувончларини ҳеч ким билмайди. 18. Ахир мўмин киши фосиқ кимса каби бўлармиди, улар тенг бўлишмайди. 19. Аммо имон келтирган, солиҳ амалларни қилганларга қилган амаллари учун манзил ўлароқ жаннатул маъво бор. 20. Фосиқ бўлганларнинг жойлари эса дўзахдир. Ҳар сафар ундан чиқмоқчи бўлишса, унга қайтарилишади ва уларга: «Ўзларингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинглар», дейилади. 21. Уларнинг ўнгланишлари учун буюк азобдан олдин яқин азобни уларга тоттирамиз. 22. Парвардигорининг оятлари билан эслатилгандан сўнг улардан юз ўгиргандан кўра золимроқ кимса борми?! Биз гуноҳкорлардан интиқом олувчидирмиз. 23. Дарҳақиқат, Мусога китобни ато этдик. (Эй Муҳаммад), унинг рўбарў бўлишидан шубҳада бўлманг. Биз уни Бани Исроилга ҳидоят қилиб бердик. 24. Улар сабр қилишганида улардан амримиз билан ҳидоятга бошлайдиган пешволарни чиқардик. Улар оятларимизга аниқ ишонишар эди. 25. Ўзаро ихтилоф қилган нарсалари тўғрисида қиёмат куни албатта Парвардигорингизнинг Ўзи ажрим қилади. 26. Ўзларидан олдин ўтган, ўзлари уларнинг масканларида юрган қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганимиз уларга маълум эмасми? Бунда албатта аломатлар бордир, ахир эшитмайдиларми?! 27. Улар қуруқ ерга сувни ҳайдаганимизни, у билан чорвалари ва ўзлари ейдиган экинларни чиқаришимизни билишмайдими, ахир кўрмайдиларми?! 28. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар, бу фатҳ қачон?» дейишади. 29. (Эй Муҳаммад): «Фатҳ куни куфр келтирганларга имонлари фойда бермайди ва уларга муҳлат ҳам берилмайди», денг. 30. Шунда улардан юз ўгиринг ва кутинг. Улар ҳам кутувчилардир. 33. АҲЗОБ СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 73 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг, кофир ва мунофиқларга итоат этманг! Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир.
2. Парвардигорингиздан сизга ваҳий қилинаётганларга эргашинг. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. 3. Аллоҳгагина таваккул қилинг, вакилликка Аллоҳ кифоядир. 4. Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита юрак қилган эмас. Зиҳор қилаётган хотинларингизни сизлар учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизларга фарзанд ҳам қилган эмас. Булар оғизларингиздаги гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтади ва У тўғри йўлга бошлайди. 5. Уларни оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасанглар, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмай қилган хатоларингиз учун сизларга гуноҳ йўқ, лекин дилларингиз қасд қилганида бор. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 6. Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир- бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақлироқдирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилишингиз мустасно. Бу Китобда битиб қўйилган. 7. Пайғамбарлардан аҳдларини олганимизни эсланг! (Эй Муҳаммад), Сиздан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Исо ибн Марямдан ҳам. Ва улардан қатъий аҳд олган эдик. 8. Буни У содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун қилди ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди. 9. Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини: сизларга лашкарлар келганида уларнинг устига шамолни ва сиз кўрмаган лашкарларни юборганимизни эсланглар. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб туради! 10. Ўшанда улар сизларга юқоридан ҳам, қуйи томондан ҳам келишган эди. Ўшанда кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қила бошлаган эдингиз. 11. Ана шу жойда мўминлар синовга учрадилар ва қаттиқ ларзага тушдилар. 12. Ўшанда мунофиқлар ва қалбларида касаллиги борлар: «Аллоҳ ва Унинг Расули бизга фақат ёлғонни ваъда қилган экан», дейишар эди. 13. Ўшанда улардан бир тоифаси: «Эй Ясриб аҳли, сизларга туришга жой йўқ, қайтинглар», деди. Улардан бир гуруҳи эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ қолган» деб, Пайғамбардан изн сўрашди. Ҳолбуки, улар очиқ-сочиқ эмасди, улар қочишнигина исташар эди. 14. Агар улар устига унинг ҳар тарафидан бостириб кирилса, сўнгра улардан фитна талаб қилинса, улар кўп иккиланмай қўшилган бўлишарди. 15. Ҳолбуки, улар бундан олдин ортга қочмасликка Аллоҳга аҳд беришган эди. Аллоҳга берилган аҳд эса масъулиятдир. 16. (Эй Муҳаммад): «Агар ўлишдан ёки ўлдирилишдан қочсангиз, бу қочиш сизларга асло фойда бермайди. Демак, сизлар жуда оз фойдаланасизлар», денг.
17. «Агар У сизларга ёмонликни ирода қилса ёки сизларга раҳматни ирода қилса, сизларни Аллоҳдан тўсадиган ким бор?» деб айтинг. Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, мададкор ҳам топа олмайдилар. 18. Дарҳақиқат, Аллоҳ ораларингиздаги тўсқинлик қилувчиларни ҳам, ўз дўстларига «Биз томонга келинглар» деювчиларни ҳам билади. Улар жангга кам келишади; 19. сизларга бахилликлари сабабидан. Хавф-хатар келганида уларнинг ўлим талвасасидаги кишига ўхшаб, сизларга кўзлари ола-кула бўлиб қарашаётганини кўрасиз. Хавф кетганида эса яхшиликни қизғаниб, сизларга ўткир тиллар билан озор беришади. Ана шулар имон келтирмаганлардир, Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилди. Бу эса Аллоҳга осондир. 20. Улар фирқаларни кетмаган деб ҳисоблашади. Агар фирқалар яна келса, улар кўчманчи бадавийлар ичида бўлишни, сизларнинг хабарингизни сўраб туришни исташади. Орангизда бўлишганида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлишар эди. 21. (Эй имон келтирганлар), сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир. 22. Мўминлар фирқаларни кўрганларида: «Бу Аллоҳ ва Унинг Расули бизларга ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзлайди», дейишди. Бу уларнинг имон ва итоатларини янада зиёда қилди. 23. Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ кишилар бор. Уларнинг аҳдига вафо қилганлари ҳам, мунтазир бўлиб турганлари ҳам борки, улар ўзгартирганлари йўқ. 24. Аллоҳ содиқларни садоқатлари учун мукофотлаши ва агар хоҳласа мунофиқларни азоблаши ёки тавбаларини қабул қилиши учундир. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 25. Аллоҳ куфр келтирганларни дарғазаб ҳолларида қайтарди, улар бирор яхшиликка эришмадилар. Мўминларга урушда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди. Аллоҳ кучлидир, азиздир. 26. У аҳли китоблардан уларга ёрдам берганларини ўз қалъаларидан туширди ва қалбларига қўрқинч солди. Бир гуруҳини ўлдирасизлар ва бир гуруҳини асир оласизлар. 27. Ва уларнинг ерини, ҳовли-жойларини, мол-мулкларини ва қадамингиз етмаган ерларни сизларга мерос қилиб берди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 28. Эй Пайғамбар, хотинларингизга айтинг: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатларини истайдиган бўлсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиб қўяй; 29. агар Аллоҳни ва Унинг Расулини, охират диёрини истайдиган бўлсангиз, унда Аллоҳ сизларнинг яхшилик қилувчиларингизга улуғ мукофотни тайёрлаб қўйган». 30. Эй Пайғамбар аёллари, сизлардан ким очиқ гуноҳ қилса, унга бериладиган азоб икки баробар кўпайтирилади ва бу Аллоҳга осондир.
31. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатда бўлса, солиҳ амал қилса, унинг мукофотини икки ҳисса қилиб берамиз ва унинг учун гўзал ризқ тайёрлаганмиз. 32. Эй Пайғамбар аёллари, сизлар аёлларнинг бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманглар, акс ҳолда қалбида бузуқлиги борлар таъма қилиб қолади. Яхши сўзларни гапиринглар. 33. Уйларингизда қарор топинглар. Илгариги жоҳилиятнинг ясан- тусани каби очиқ-сочиқ юрманглар. Намозни адо этинглар, закотни беринглар, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар. Эй Пайғамбар хонадони, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказиб, буткул поклашни истайди. 34. Уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланглар. Аллоҳ лутфлидир, хабардордир. 35. Муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, содиқ эркаклар ва содиқ аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва зикр қилувчи аёллар – ана шулар учун Аллоҳ мағфиратни ва улуғ мукофотни тайёрлаб қўйгандир. 36. Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун ишларини ўзларича қилиш ихтиёри йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатсиз бўлса, у аниқ залолат билан йўлдан адашибди. 37. (Эй Муҳаммад), эсланг: Аллоҳ неъматлантирган ва сиз ҳам неъматлантирган кишига: «Жуфтингни ёнингда тутиб тур ва Аллоҳдан қўрққин», дер эдингиз. Ичингизда эса Аллоҳ ошкор қиладиган нарсани махфий тутардингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда одамлардан қўрқардингиз. Зайд ундан ҳожатини адо этгач, токи мўминларга асранди болаларининг ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилгач танглик бўлмаслиги учун сизни унга уйлантирдик. Аллоҳнинг амри адо бўлажакдир. 38. Аллоҳ Пайғамбарга фарз қилган нарсада унга танглик бўлмайди. Бу олдин ўтганлар ҳақидаги Аллоҳнинг йўлидир. Аллоҳнинг амри белгиланган тақдирдир. 39. Улар Аллоҳнинг рисолатларини етказадиган, Ундангина қўрқиб, Аллоҳдан бошқадан қўрқмайдиганлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб-китобга кифоядир. 40. Муҳаммад сизлардан бирор кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг Расули ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. 41. Эй имон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар. 42. Ва тонгда ҳам, кечда ҳам Уни поклаб ёд этинглар. 43. У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун салавот айтади. Унинг фаришталари ҳам шундай. У мўминларга меҳрибондир. 44. Унга рўбарў бўладиган Кундаги сўрашишлари «Салом»дир. Улар учун гўзал мукофотни тайёрлаб қўйгандир. 45. Эй Пайғамбар, Биз сизни гувоҳ бўлувчи, хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи;
46. Ва Ўзининг изни билан Аллоҳга даъват қилувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик. 47. Мўминларга Аллоҳдан улуғ фазл бўлиши ҳақида хушхабар беринг. 48. Кофир ва мунофиқларга итоат этманг ҳамда уларнинг азиятларига парво қилманг. Аллоҳга таваккул қилинг, вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. 49. Эй имон келтирганлар! Мўминаларни никоҳлаб олсангиз-у, сўнгра қўл теккизмай туриб уларни талоқ қилсангиз, сизлар учун улар зиммасида саналадиган идда йўқдир. Демак, уларни баҳраманд қилиб, гўзал кузатиш билан кузатинглар. 50. Эй Пайғамбар! Маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларни, сиз билан ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини, аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини, холаларингизнинг қизларини, яна бир мўмина ўзини Пайғамбарга тортиқ қилса-ю, Пайғамбар уни ўз никоҳига олишни истаса, ҳаммаларини сизга ҳалол қилдик. Бу мўминлар учун эмас, махсус сиз учундир. Биз уларга жуфтлари ва қўлларида мулк бўлганлар ҳақида нимани фарз қилганимизни албатта биламиз, бу сизга танглик бўлмаслиги учундир. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 51. Улардан хоҳлаганингизни четлатиб, хоҳлаганингизни ўзингизга хамхона қиласиз. Ўзингиз четлатган аёллардан бирортасини истасангиз, сизга гуноҳ бўлмайди. Бу уларнинг кўзлари қувнашига, хафа бўлмасликларига ва барчаларининг сиз уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ дилларингиздаги нарсани билади, Аллоҳ билувчидир, ҳилмлидир. 52. Сизга бундан бошқа хотинлар ҳам, гарчи ҳусни қизиқтирса-да, уларни бошқасига алмаштиришингиз ҳалол бўлмайди. Қўл остингиздаги чўрилар мустасно. Аллоҳ ҳамма нарсани кузатиб турувчидир. 53. Эй имон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига сизларни бирор таомга чақирилсагина киринглар, шунда ҳам уни кутиб турувчи бўлманглар. Агар чақирилсангиз, киринглар-да, таомни еб бўлишингиз билан гапга тушмай тарқалиб кетинглар. Бундай қилишингиз Пайғамбарга озор беради, у эса сизлардан уялади, Аллоҳ ҳақдан уялмайди. Улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилишингиз сизларнинг дилларингиз учун ҳам, уларнинг диллари учун ҳам покликдир. Сизларга Аллоҳнинг Расулига озор бериш ва ундан кейин унинг завжаларини никоҳингизга олишингиз асло мумкин эмас. Бундай қилишингиз Аллоҳ наздида улкан(гуноҳ)дир». 54. Агар бирор нарсани ошкор қилсангиз ҳам ёки яширин қилсангиз ҳам Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 55. Ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларининг ўғиллари, аёлларга ва қўл остидагиларга (ҳижобсиз кўринишда) уларга гуноҳ йўқдир. (Эй Пайғамбар аёллари), Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳдир. 56. Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга албатта салавот айтишади. Эй имон келтирганлар, унга салавот ва салом йўлланглар.
57. Аллоҳга, Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ дунё ва охиратда лаънатлайди ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйгандир. 58. Ҳеч нарса қилишмаса ҳам мўмин ва мўминаларга озор берадиганлар ҳақиқатан очиқ бўҳтон ва гуноҳни ўзларига олган бўлишади. 59. Эй Пайғамбар, хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг: устларига ёпинчиқларини ташлаб олишсин. Шунда улар танилишади ва озорланишмайди. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 60. Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлиги борлар ва Мадинада миш-миш тарқатувчилар тийилишмаса, сизни уларга қарши оёқлантирамиз. Сўнгра улар оз муддатгина сиз билан бирга тура олишади; 61. лаънатланган ҳолларида. Улар қаерда топилса, ушланишади ва қириб ташланишади. 62. Илгари ўтганлар ҳақида Аллоҳнинг йўли шудир. Аллоҳнинг йўлини асло ўзгартира олмайсиз. 63. Одамлар сиздан қиёмат ҳақида сўрашади. «Бунинг илми фақат Аллоҳ ҳузуридадир» деб айтинг. Қаердан биласиз, эҳтимол, қиёмат яқинда бўлар? 64. Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди; 65. унда мангу қолишади. Бирор дўст ҳам, бирор ёрдам берувчи ҳам топа олишмайди. 66. Юзлари оловда айлантирилаётган Кунда улар: «Қанийди, Аллоҳга итоат қилганимизда, Расулига итоат қилганимизда», дейишади. 67. Яна айтишади: «Парвардигоримиз, дарҳақиқат бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйсундик, улар бизни йўлдан оздиришди; 68. Парвардигоримиз, уларга азобни икки ҳисса бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин!» 69. Эй имон келтирганлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Аллоҳ улар айтган нарсадан уни поклади. У Аллоҳ наздида обрўли эди. 70. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар. 71. У ишларингизни ўнглайди ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, у ҳақиқатан улкан ютуққа эришибди. 72. Биз омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Шунда улар уни кўтаришдан бош тортишди ва ундан қўрқишди. Уни инсон зиммасига кўтарди. Ҳақиқатан у золимдир, нодондир. 73. Бу Аллоҳ мунофиқлар ва мунофиқаларни, мушриклар ва мушрикаларни азоблаши ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул қилиши учундир. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. 34. САБАЪ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 54 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Ҳамду сано Аллоҳгадир. Осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарса Уникидир. Охиратдаги ҳамду сано ҳам Уникидир. У ҳикматлидир, хабардордир. 2. У ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган нарсаларни ҳам билади. У раҳмлидир, мағфиратлидир. 3. Куфр келтирганлар: «Бизларга қиёмат келмайди», дейишди. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Йўқ, ғайбни билувчи Парвардигоримга қасамки, у сизларга албатта келади. Осмонлару Ердаги бир зарра вазнича, ундан кичик ҳам, катта ҳам нарса Ундан яширин қолмайди: ҳаммаси очиқ Китобдадир». 4. Бу имон келтирган ва яхши амаллар қилганларни мукофотлаш учундир. Ана шуларга мағфират ва карамли ризқ бордир. 5. Оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қилганларга эса аламли азоб жазоси бордир. 6. Илм берилганлар Парвардигорингиздан сизга нозил қилинган нарсанинг ҳақ эканини, қудратли ва мақталган Зотнинг йўлига бошлашини билишади. 7. Куфр келтирганлар эса айтишади: «Парча-парча бўлиб титилиб кетган пайтингизда янгитдан яратилишингизнинг хабарини бераётган кишини сизларга кўрсатайликми; 8. у Аллоҳ шаънига ёлғон тўқидими ёки унда жиннилик борми?» Йўқ! Охиратга имон келтирмайдиганлар азобда ва бутунлай адашувдадирлар. 9. Ахир улар осмону Ердаги: олдларидаги ва ортларидаги нарсаларни кўришмайдими?! Агар хоҳласак, уларни ерга юттириб юборамиз ёки устларига осмондан парчалар туширамиз. Бунда Унга қайтувчи ҳар бир банда учун аломат бордир. 10. Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик: «Эй тоғлар ва қушлар, у билан бирга тасбеҳ айтинг!». Унга темирни юмшоқ қилиб қўйдик. 11. «Совутлар ясагин ва ҳалқаларини бириккан қилгин. Солиҳ амал қилинглар. Мен қилаётган амалларингизни албатта кўриб тураман». 12. Сулаймонга эса шамолни. Унинг эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик. Жинлардан Парвардигорининг изни билан унинг қўл остида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга дўзах азобини тоттирамиз. 13. Улар унга меҳроблар, тимсоллар, ҳовузлар каби лаганлар ва мустаҳкам қозонлардан хоҳлаганини ясаб беришар эди. Эй Довуд оиласи, шукр қилинглар! Бандаларимдан озчиликкина шукр қилувчилардир. 14. Биз унга ўлимни ҳукм қилганимизда ҳассасини кемираётган ёғоч қуртигина унинг ўлимига уларни далолат қилди. У йиқилгачгина жинларга аён бўлдики, агар улар ғайбни билишганда хорловчи азобда қолмаган бўлишарди. 15. Дарҳақиқат, сабаъликлар учун ўз масканларида аломат – ўнг ва чапда икки боғ бор эди: «Парвардигорингизнинг ризқидан енглар ва Унга шукр қилинглар! Покиза шаҳрингиз ва мағфиратли Парвардигорингиз бор».
16. Улар юз ўгиришди. Шунда устларига сел тўғонини очиб юбордик, боғларини эса аччиқ мевали, юлғунзор ва сийрак бутали «боғлар»га айлантирдик. 17. Кофир бўлганлари учун уларни шундай жазоладик. Биз кофирлардан бошқасига жазо берармидик! 18. Биз улар билан Ўзимиз баракали қилган шаҳарлар орасида кўринарли қишлоқлар пайдо этиб, улар орасидаги юришни ўлчовли қилганмиз: «Уларда кечалари ҳам, кундузлари ҳам омонликда юраверинглар». 19. Улар: «Парвардигоримиз, сафарларимиз орасини узоқ қил!» дейишди ва ўзларига зулм қилишди. Шунда Биз уларни ҳикояларга айлантирдик ва уларни бутунлай парчалаб ташладик. Албатта бунда ҳар бир сабрли ва шукрли учун аломатлар бордир. 20. Дарҳақиқат, иблис улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарди. Шунда фақат бир гуруҳ мўминлардан бошқалари унга эргашишди. 21. Ҳолбуки, унинг улар устидан ҳеч бир ҳукмронлиги йўқ. Бу фақат охиратга имон келтирадиганни ундан шубҳаси борлардан ажратишимиз учун бўлди. Парвардигорингиз ҳамма нарсани муҳофаза қилувчидир. 22. (Эй Муҳаммад), «Аллоҳдан ўзга гумон қилганларингизга илтижо этаверинглар!» денг. Улар осмонлару Ерда зарра вазнича нарсага ҳам эга эмаслар. Уларнинг бу иккисида шериклиги ҳам йўқ ва Унга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ. 23. Унинг ҳузурида фақат Ўзи изн берганлардан бошқанинг шафоати фойда бермайди. Дилларидан қўрқув кетгач эса: «Парвардигорингиз нима деди?» дейишади. «Ҳақни. У олийдир, буюкдир», дейишади. 24. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизларни осмонлару Ердан ким ризқлантиради?». «Аллоҳдир! Бизлар ёки сизлар ё ҳидоятдамиз, ё аниқ адашувдамиз», денг. 25. «Сизлар бизлар қилган гуноҳдан сўралмайсиз, бизлар эса сиз қилган амалдан сўралмаймиз», денг. 26. «Парвардигоримиз бизларни тўплайди, сўнгра ҳақ билан ўртамизда ҳукм қилади. Угина ҳукм қилувчидир, билувчидир», денг. 27. «Унга шерик қилиб олганларингизни менга кўрсатинг-чи! Асло! Балки У қудратли, ҳикматли Аллоҳдир», денг. 28. Сизни барча одамларга фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик, лекин одамларнинг кўплари билишмайди. 29. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?» дейишади. 30. «Сизларга шундай бир Куннинг ваъдаси борки, уни бир соат ортга ҳам, олинга ҳам сура олмайсизлар», денг. 31. Куфр келтирганлар: «Ушбу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам асло имон келтирмаймиз», дейишди. Агар сиз ўша золимларнинг Парвардигорлари ҳузурида турғизиб қўйилганда бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. Ўшанда заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Сизлар бўлмаганингизда, бизлар албатта мўмин бўлар эдик», дейишади.
32. Мутакаббирлик қилганлар заиф саналганларга: «Сизларга ҳидоят келганидан кейин сизларни ундан биз тўсдикми? Йўқ, ўзларингиз жиноятчи бўлдингиз», дейишади. 33. Заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Йўқ, кечаю кундуздаги макрингиздир. Ўшанда сизлар Аллоҳга куфр келтиришимизга, Унга тенг шериклар қилишимизга буюрар эдинглар», дейишади. Улар азобни кўрган чоғларида ичларида надомат қилишади ва куфр келтирганларнинг бўйинларига кишанлар соламиз. Улар фақат қилиб ўтган амалларига яраша жазоланишади. 34. Қайси бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантирувчи юборсак, унинг маишатбозлари: «Сизлар билан юборилган нарсага куфр келтирувчилармиз», дейишган. 35. Яна улар: «Бизнинг мол-дунёимиз, фарзандларимиз кўпроқ, бизлар азобланувчи эмасмиз», дейишади. 36. (Эй Муҳаммад, уларга): «Парвардигорим хоҳлаганларининг ризқини кенг ва танг қилур. Лекин кўп одамлар билишмайди», денг. 37. На мол-дунёларингиз, на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилолмайди. Аммо имон келтирган ва солиҳ амал қилганларга – айнан ўшаларга қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар хос хоналарида омонликда бўлишади. 38. Оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса – ана ўшалар азобга ҳозир қилинганлардир. 39. Айтинг: «Парвардигорим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилади ва танг қилади. Ҳар бир эҳсон қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдиради. У ризқ берувчиларнинг яхшисидир». 40. Уларнинг барчаларини жамлаб, сўнгра У фаришталарга: «Анавилар сизларга ибодат қилишганмиди?» дейдиган Кунда; 41. улар: «Сен поксан! Улар эмас, Сен Ўзинг бизларнинг валийимизсан! Ҳа, улар жинларга ибодат қилишар эди, кўплари ўшаларга имон келтирувчидирлар», дейишди. 42. Ушбу кунда бир-бирингиз учун фойдага ҳам, зарарга ҳам қодир эмассиз. Зулм қилганларга эса: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинглар», деймиз. 43. Уларга Бизнинг очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида «Бу сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқчи бўлган одамдир» ва яна: «Бу тўқилган бир уйдирмадир», дейишди. Ва куфр келтирганлар ўзларига ҳақ келган пайтда: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас», дейишди. 44. Ҳолбуки, Биз уларга ўрганиладиган китоблар ҳам бермаганмиз ва сиздан олдин уларга бирор огоҳлантирувчи ҳам юбормаганмиз. 45. Улардан олдингилар ҳам ёлғончига чиқарган эдилар. Ҳолбуки, уларга берганларимизнинг ўндан бирига ҳам етганлари йўқ. Улар пайғамбарларимни ёлғончига чиқардилар, энди инкорим қандай бўлди? 46. (Эй Муҳаммад) айтинг: «Мен сизларга биргина нарсани насиҳат қиламан: «Аллоҳ учун холис, жуфт ва якка ҳолда туриб, бир фикр юритиб
кўринглар. Соҳибингизда ҳеч қандай жиннилик йўқ. У қаттиқ азоб олдидан сизларга огоҳлантирувчи, холос». 47. Айтинг: «Мен сизлардан бирор ажр сўрамайман, у сизларга бўлақолсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. У ҳамма нарсага гувоҳдир». 48. Айтинг: «Парвардигорим ҳақни (барча ботиллар устидан ҳукмрон бўлиши учун) отур. У ғайбларни аниқ билувчидир». 49. Айтинг: «Ҳақ келди, ботил бошлай олмас ва қайтара олмайди». 50. Айтинг: «Агар мен йўлдан озсам, ўз зараримга озаман. Агар ҳидоят топсам, Парвардигорим менга қилаётган ваҳий сабабли топаман. У эшитувчидир, яқиндир». 51. Агар уларни даҳшатга тушган, қочиб қутулишнинг имкони йўқ ҳолда яқин бир макондан тутиб кетилаётганларини кўрсангиз эди! 52. Шунда улар: «Унга имон келтирдик», дейишади. Энди узоқ жойдан (имонга) қандай ҳам қўллари етсин?! 53. Ҳолбуки, олдин унга куфр келтирган эдилар, узоқдан туриб ғайбга тош отар эдилар. 54. Худди олдинги маслакдошларига қилингани каби улар билан ўзлари истайдиган нарсалар ораси тўсиб қўйилди, зеро, улар шак-шубҳада эдилар. 35. ФОТИР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 45 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Осмонлару Ернинг илк яратувчиси, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга мақтов бўлсин. У яратганларидан нимани хоҳласа, кўпайтиради. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 2. Аллоҳ одамларга қай бир раҳматни очиб қўйса, уни тутиб қолувчи бўлмайди. Нимани ушлаб қолса, Ундан кейин уни юборувчи бўлмайди. У қудратлидир, ҳикматлидир. 3. Эй инсонлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини эсланглар! Сизларга осмону Ердан ризқ берадиган Аллоҳдан ўзга яратувчи борми? Ундан ўзга илоҳ йўқ, қаёққа ўгирилиб кетяпсизлар?! 4. (Эй Муҳаммад), агар сизни ёлғончига чиқаришса, унда сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам ёлғончига чиқарилишган. Ишлар Аллоҳгагина қайтарилади. 5. Эй инсонлар, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Дунё ҳаёти сизларни алдаб қўймасин, алдоқчи сизларни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин. 6. Шайтон сизларга душмандир, демак уни душман тутинглар. У ўз фирқасини дўзах эгаси бўлишга чақиради, холос. 7. Куфр келтирганларга қаттиқ азоб бордир. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга эса мағфират ва катта мукофот бордир. 8. Ахир қилган ёмон амали ўзига чиройли кўрсатилиб, уни яхши деб билган киши(дан яхшилик чиқармиди)? Аллоҳ хоҳлаганини адаштиради,
хоҳлаганини ҳидоят қилади. Уларга ҳасрат чекиб, дилингиз ачинмасин. Аллоҳ уларнинг қилмишларини билувчидир. 9. Аллоҳ шамолларни юбориб, улар булутни қўзғатади. Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, у билан «ўлган» ерни тирилтирамиз. Қайта тирилиш ҳам шу кабидир. 10. Ким куч-қудрат истаса, барча куч-қудрат Аллоҳдадир. Ёқимли Сўз Унга юксалади, солиҳ амал уни кўтаради. Ёмонликлар билан макр қиладиганларга эса қаттиқ азоб бордир, уларнинг макрлари ҳам йўқ бўлади. 11. Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфтлар қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ва кўз ёриши фақат Унинг илми билан бўлади. Ҳар бир умр кўрувчига умр қўшилиши ёки умри қисқартирилиши Китобда мавжуддир. Албатта бу Аллоҳга осондир. 12. Икки денгиз тенг бўла олмайди: буниси чучук-мазали, ютуми енгил, наригиси эса, шўр, тахирдир. Сизлар ҳар биридан янги гўшт ейсизлар ва тақадиган тақинчоқ чиқариб оласизлар. Ва Унинг фазлидан исташингиз учун уни ёриб кетаётган кемаларни кўрасиз. Шояд, шукр қилсанглар. 13. У кечани кундузга, кундузни кечага киритади, қуёш ва ойни бўйсундириб қўйгандир: ҳар бири белгиланган муддатгача юради. Ана шу сизларнинг Парвардигорингиз Аллоҳдир. Подшоҳлик Уникидир, Уни қўйиб, илтижо қилаётганларингиз эса хурмо данаги пўстига ҳам эга эмас. 14. Агар сизлар уларни чорласангиз, даъватингизни ҳам эшитишмайди. Мабодо эшитишса ҳам сизларга жавоб қила олишмайди. Қиёмат куни эса сизларнинг шерик қилиб олганларингизни инкор этишади. (Эй Муҳаммад), ҳеч ким сизга Хабардор Зот каби хабар беролмайди. 15. Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз, Аллоҳ эса беҳожатдир, мақталгандир. 16. Агар У хоҳласа, сизларни кетказиб, янги бир халқни келтиради. 17. Ва бу Аллоҳга қийин эмасдир. 18. Ҳеч бир кўтарувчи бошқанинг юкини кўтармайди. Юки оғир жон ўз юкига чорласа-да, гарчи қариндоши бўлса ҳам ундан ҳеч нарсани кўтаришмайди. (Эй Муҳаммад), сиз Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиган ва намозни адо этганларнигина огоҳлантира оласиз. Ким покланса, ўзи учун покланади. Қайтиш Аллоҳгадир. 19. Кўр билан кўрувчи тенг бўлмайди; 20. зулматлар билан нур ҳам; 21. соя билан жазирама ҳам; 22. Тириклар билан ўликлар ҳам тенг бўлмайди. Аллоҳ хоҳлаганига эшиттиради, сиз эса қабрдагиларга эшиттира олмайсиз. 23. Сиз фақат огоҳлантирувчисиз. 24. Биз сизни ҳақ билан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Ҳар бир умматда албатта бир огоҳлантирувчи бўлган. 25. Агар сизни ёлғончига чиқаришса, улардан олдингилар ҳам ёлғончига чиқарган эдилар. Ҳолбуки пайғамбарлари уларга аниқ аломатлар, саҳифалар ва нурли китоб билан келишган эди.
26. Сўнгра куфр келтирганларни тутдим. Энди Менинг инкорим қандай бўлди?! 27. Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингизми? Кейин Биз у билан турфа рангли меваларни чиқардик. Тоғлардаги тизмаларнинг эса турли рангдагиси – оқ, қизил ва ҳатто тим қоралари ҳам бор. 28. Шунингдек, одамлар, ҳайвонлар ва чорвалардан ҳам турли рангдагиси бор. Аллоҳдан бандаларининг фақат олимларигина қўрқишади. Аллоҳ қудратлидир, мағфиратлидир. 29. Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни адо этадиган, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиганлар асло касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлишади. 30. Зеро, У Зот уларнинг мукофотларини тўлиқ қилиб беради ва Ўз фазлидан кўпайтириб ҳам беради. У мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир. 31. (Эй Муҳаммад), Биз сизга ваҳий қилган Китоб ҳақдир, ўзидан олдингиларни тасдиқловчидир. Аллоҳ Ўз бандаларидан хабардордир, кўриб турувчидир. 32. Сўнгра бу Китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Улардан ўзига зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни билан яхшиликларда ўзувчилар ҳам бор. Ана шу улуғ фазлдир. 33. Улар Адн жаннатларига киришади. Унда олтин билагузуклар ва маржонлар билан безанган бўлишади. Унда кийимлари ипакдан бўлади. 34. Улар шундай дейишади: «Биздан қайғу-хафаликни кетказган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ҳақиқатан Парвардигоримиз мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир»; 35. «У бизларни Ўз фазли билан шундай бир мақомга жойлаштирдики, у ерда бизга на машаққат етади, на ҳорғинлик етади». 36. Куфр келтирганларга дўзах олови бордир. Уларга на ҳукм қилиниб ўла олишади, на улардан унинг азоби енгиллатилади. Ҳар бир кофирни мана шундай жазолаймиз. 37. Улар у ерда: «Парвардигоро, бизларни чиқар, қилиб юрган амалларимиздан бошқа солиҳ амалларни қилайлик!» деб дод-фарёд қилишади. «Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаганмидик? Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди? Энди тотаверинглар, золимларга ёрдам берувчи бўлмайди». 38. Аллоҳ осмонлару Ернинг ғайбини билувчидир. Ҳақиқатан У диллардаги ҳамма нарсани ҳам билувчидир. 39. У сизларни ер юзида халифа қилиб қўйган Зотдир. Ким куфр келтирса, куфрининг зарари ўзигадир. Кофирларга куфри Парвардигорлари ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилади, кофирларга куфри зиённигина зиёда қилади. 40. (Эй Муҳаммад), «Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринглар-чи! Улар Ерда нимани яратганини кўрсатинглар-чи! Ёки уларнинг осмонларда иштироклари борми?» денг. Ёки Биз уларга китоб берганмиз-у, улар ундан бирон ҳужжат топишганми? Йўқ! Золимлар бир-бирларига фақат алдовни ваъда қилишади.
41. Аллоҳ осмонлару Ерни заволга кетишдан ушлаб туради. Агар улар заволга юз тутса, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмайди. У ҳилмлидир, мағфиратлидир. 42. Улар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятлироқ бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи билан қаттиқ қасам ичишган эди. Огоҳлантирувчи келганида эса, уларда нафратнигина зиёда қилди; 43. ер юзида мутакаббирликлари ва ёмон макрлари учун. Ёмон макр эса фақат ўз эгасини тутади. Улар фақат олдингиларнинг йўлларига кўз тутишяпти. Аллоҳ суннатининг ҳаргиз ўзгарганини кўрмайсиз, Аллоҳ суннатининг асло алмашганини кўрмайсиз. 44. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Ҳолбуки, ўшалар булардан кўра қувватлироқ эдилар. На осмонларда ва на Ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмайди. У билимлидир, қудратлидир. 45. Агар Аллоҳ одамларни қилмишларига яраша жазолайдиган бўлса, Ер юзида бирорта жонзотни қўймаган бўларди. Лекин уларни маълум муддатгача кечиктириб туради. Ўша ажаллари келганида эса... Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир. 36. ЁСИН СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 83 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ё сиин. 2. (Эй Муҳаммад), ҳикматли Қуръонга қасамки; 3. сиз албатта пайғамбарлардансиз; 4. тўғри йўл узрасиз. 5. Бу Қудратли, Раҳмлининг нозил қилганидир; 6. ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари ҳам ғафлатда бўлган қавмларни огоҳлантиришингиз учун. 7. Дарҳақиқат, уларнинг кўпларига Сўз ҳақ бўлди, аммо улар имон келтиришмайди. 8. Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача қилиб кишанлар солдик, шунда улар ғўдайганча қолишди. 9. Яна уларнинг олдиларидан ҳам тўсиқ, ортларидан ҳам тўсиқ қилиб, уларни ўраб қўйдик, энди «кўра» олишмайди. 10. (Эй Муҳаммад), уларни огоҳлантирдингизми ёки огоҳлантирмадингизми – уларга барибир, имонга келишмайди. 11. Сиз фақат Зикрга эргашган ва Раҳмондан ғойибона қўрққанларнигина огоҳлантира оласиз. Энди ўшаларга мағфират ва улуғ мукофотнинг хушхабарини беринг. 12. Биз ўликларни албатта тирилтирамиз ҳамда олдинги ишларини ва кейинги изларини ёзиб қўямиз. Ҳаммасини очиқ китобда ҳисобга олганмиз. 13. (Эй Муҳаммад), уларга шаҳар аҳлини, уларга пайғамбарлар келган пайтни мисол қилиб келтиринг.
14. Ўшанда уларга икки нафарини юборганимизда улар икковини ёлғончига чиқаришгач, учинчиси билан қўлладик. Шунда улар: «Ҳақиқатан биз сизларга юборилганлармиз», дейишди. 15. Улар: «Сизлар ҳам бизга ўхшаган одамсизлар. Раҳмон бирор нарса нозил ҳам қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзлаяпсизлар», дейишди. 16. Улар айтишди: «Парвардигоримиз биладики, биз сизларга юборилганлармиз; 17. зиммамизда аниқ етказишдан бошқа нарса йўқ». 18. Улар: «Биз сизлардан ёмон гумондамиз. Агар тўхтамасангиз, сизларни албатта тошбўрон қиламиз ва сизларга биздан аламли азоб етади», дейишди. 19. Улар: «Ёмон гумонларингиз ўзингизда қолсин. Сизларга насиҳат қилинса ҳамми?! Йўқ! Сизлар ҳаддидан ошган қавмдирсиз», дейишди. 20. Бир киши шаҳар чеккасидан шошганча келиб, шундай деди: «Эй қавмим, юборилганларга эргашинг!»; 21. сизлардан ҳақ сўрамайдиган, ўзлари ҳидоятда бўлганларга эргашинг! 22. мен нима учун ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам Унгагина қайтариласизлар; 23. У Зотни қўйиб, бошқа илоҳлар қилиб олайми?! Агар Раҳмон менга бирор зарарни раво кўрса, уларнинг шафоати менга асло фойда бермайди ва улар мени қутқара олишмайди ҳам; 24. у ҳолда мен очиқ-ойдин адашувда бўлурман; 25. ҳақиқатан мен Парвардигорингизга имон келтирганман. Энди мени эшитинглар». 26. «Жаннатга кир», дейилди. У айтди: «Қанийди, қавмим билсайди; 27. Парвардигорим мени мағфират қилганини ва мукаррам кишилардан қилганини». 28. Биз ундан кейин Унинг қавмига осмондан бирор қўшин туширмадик ва туширмоқчи ҳам эмас эдик. 29. Фақат биргина «қичқириқ» бўлдию, улар бирдан «ўчиб» қолишди. 30. Бандаларга надоматлар бўлгайки, уларга бирор пайғамбар келиши билан уни масхара қилишар эди. 31. Ахир улар ўзларидан олдинги қанча авлодларни ҳалок қилганимизни, ўшалар уларнинг олдига қайтмаётганини кўришмайдими?! 32. Барчалари ҳузуримизда ҳозир қилинувчилардир. 33. Улар учун ўлик ер бир аломатдир. Уни тирилтирдик ва ундан сизлар ейдиган донлар ундирдик. 34. Яна унда хурмо ва узум боғлари қилдик ҳамда улардан булоқларни чиқардик; 35. токи унинг меваларидан ва қўллари етиштирган нарсалардан ейишлари учун. Ахир шукр қилишмайдими?! 36. Ер ундирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан барча жуфтларни яратган Зот покдир.
37. Улар учун тун ҳам бир аломатдир. Биз уни кундуздан шилиб олишимиз билан улар бирдан зулматда қолишади. 38. Қуёш ўз қароргоҳи сари юради. Бу қудратли ва билувчи Зотнинг ўлчовидир. 39. Ойни эса то эски хурмо шохи ҳолатига қайтгунига қадар манзилларида ўлчаб қўйганмиз. 40. На қуёш ойга етиб олади ва на кеча кундуздан ўзиб кета олади. Барчаси фалакда сузиб юради. 41. Биз уларнинг зурриётларини тўла кемада кўтарганимиз ҳам уларга бир аломатдир. 42. Яна улар учун шунга ўхшаш миниладиган нарсаларни ҳам яратдик. 43. Агар хоҳласак, уларни ғарқ қиламиз. Шунда уларнинг халоскори ҳам бўлмайди ва улар қутқарилишмайди ҳам. 44. Биздан бир раҳмат ва маълум муддатгача баҳрамандлик мустасно. 45. Қачонки уларга: «Олдингиздаги ва ортларингиздаги нарсадан қўрқинглар, шояд раҳм қилинсангиз», дейилганда; 46. ва уларга Парвардигорларининг оятларидан бирор оят келганда албатта ундан юз ўгирувчи бўлишади. 47. Уларга: «Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилинглар» дейилса, куфр келтирганлар имон келтирганларга: «Аллоҳ хоҳласа Ўзи таом берадиганларни бизлар таомлантирамизми?! Сизлар очиқ-ойдин залолатдасиз», дейишади. 48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?» дейишади. 49. Ғижиллашиб туришганида уларни тутувчи биргина қичқириқни кутишяпти, холос. 50. Улар на васият қилишга, на ўз оилаларига қайтишга қодир бўлишади. 51. Ва сур чалинганида улар бирданига қабрларидан Парвардигорлари сари шошиб чиқишади. 52. Улар: «Шўримиз қурисин! Жойимиздан бизларни ким қўзғатди?! Бу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар тасдиқлаган нарса-ку?!» дейишади. 53. Фақат биргина қичқириқ, шунда ҳаммалари бирдан ҳузуримизда ҳозир қилинишади. 54. Бугунги кунда бирор жонга зулм қилинмайди. Қилиб ўтган амалларингизга яраша тақдирланасизлар. 55. Жаннат эгалари бугун ўз машғулотларидан хушнуддирлар. 56. Улар ўз жуфтлари билан соялардаги сўриларда суяниб ўтиришади. 57. Уларга у ерда мевалар ва улар истаган нарсалар бор; 58. раҳмли Парвардигордан «Салом» ҳам. 59. Бугун ажралинглар, эй гуноҳкорлар! 60. Сизларга амр қилмаганмидим: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилманглар, у сизларга очиқ-ойдин душмандир; 61. ва Менга ибодат қилинглар, мана шу тўғри йўлдир», деб?!
62. (Шайтон) сизлардан кўп халқларни адаштирди. Ақл юритувчи бўлмаганмидингиз? 63. Сизларга ваъда қилинган дўзах мана шудир! 64. Куфр келтириб ўтганингиз сабабли бугун унда куйинглар! 65. Бугун уларнинг оғизларига муҳр уриб қўямиз. Қилиб ўтган ишлари ҳақида Бизга қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик беради. 66. Агар хоҳласак, уларнинг кўзларини кўр қилган бўлардик. Ўшанда улар йўлга шошишадию, қандай қилиб кўра олишсин? 67. Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўйган бўлардик. Шунда улар юришга ҳам, қайтишга ҳам қодир бўла олишмайди. 68. Кимнинг умрини узоқ қилсак, хилқатини эгиб қўямиз. Ахир ақл юритишмайдими?! 69. Унга шеър ўргатганимиз йўқ, бу унга тўғри ҳам келмайди. У фақат зикр ва очиқ-ойдин Қуръондир. 70. Тирик одамларни огоҳлантириш ва кофирларга Сўзни ҳақ қилиш учундир. 71. Ахир улар учун Ўз «қўлимиз» билан чорваларни яратиб қўйганимизни кўришмайдими? Улар ўшаларга эгадирлар-ку! 72. Уларга ўшаларни бўйсундириб ҳам қўйдик. Уларнинг уловлари ҳам ўшалардан, улардан ейишади ҳам. 73. Улар учун ўшаларда фойдалар ва ичимликлар бор. Ахир шукр қилишмайдими?! 74. Шояд ёрдамлари тегса деб Аллоҳдан ўзга «илоҳ»ларни тутишди. 75. Уларга ёрдам беришга (сохта худолари) қодир бўлмаслар. Улар эса ўша (сохта худо)лари учун ҳозир қилинган аскардирлар. 76. (Эй Муҳаммад), уларнинг гапи сизни хафа қилмасин. Биз уларнинг яширадиганларини ҳам, ошкор қиладиганларини ҳам биламиз. 77. Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?! Энди эса у бирдан аниқ хусуматчи бўлиб турибди! 78. У Бизга мисол келтирди ва ўзининг яратилишини унутди. «Чириган суякларни ким тирилтира оларди?!» деди. 79. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Уларни дастлаб йўқдан бор қилган Зот тирилтиради ва У барча яратганларини билувчидир; 80. сизларга У яшил дарахтдан олов қилиб берган Зотдир. Энди сизлар ундан олов ёқяпсизлар». 81. Осмонлар ва Ерни яратган Зот уларга ўхшашини яратишга қодир бўлмасмиди? Ҳа, У яратувчидир, билувчидир. 82. Бирор нарсани ирода қилганида Унинг иши «Бўл!» дейиш, холос. Шунда ўша нарса бўлади. 83. Ҳамма нарсанинг эгалиги Ўз «қўли»да бўлган Зот покдир ва Унгагина қайтариласизлар. 37. СОФФОТ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 182 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Саф-саф тизилиб турувчиларга қасам. 2. Зажр қилувчиларга қасам. 3. Зикрни тиловат қилувчиларга қасам. 4. Албатта Илоҳингиз ягонадир. 5. У осмонлару Ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир ва машриқларнинг ҳам Парвардигоридир. 6. Дарҳақиқат, Биз дунё осмонини юлдузлар билан зийнатладик. 7. Ва ҳар қандай итоатсиз шайтондан ҳимоя қилдик. 8. Улар олий жамоатни эшита олишмайди ва ҳар томондан таъқиб қилинади; 9. Ҳайдаш учун. Уларга узлуксиз азоб бордир. 10. Ким бирорта сўзни ўғриликча тинглаган бўлса, уни куйдирувчи шуъла таъқиб этар. 11. (Эй Муҳаммад, мушриклардан) сўранг: уларни яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларними? Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратганмиз. 12. Балки сиз ажабланарсиз, улар эса масхара қилишади. 13. Насиҳат қилинса, насиҳатни олишмайди. 14. Бирор мўъжизани кўришса, қаттиқроқ масхара қилишади. 15. Улар: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас», дейишди. 16. Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякка айлансак ҳам қайта тирилтириламизми?! 17. Олдинги ота-боболаримиз ҳам-а?!» 18. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Ҳа, сизлар ҳам хор бўласизлар!» 19. У фақат бир қичқириқдир, холос. Шунда улар қараганча қолишади. 20. «Воҳ, шўримиз қурисин! Бу жазо куни-ку!» деб қолишади. 21. «Бу сизлар ёлғонга чиқариб юрган ажрим Кунидир; 22. зулм қилганларни, уларнинг ёронларини ва улар сиғиниб юрган; 23. Аллоҳдан ўзга нарсаларини тўпланглар. Уларни дўзах йўлига бошланглар». 24. Уларни тўхтатиб туринглар, чунки улар сўралувчилардир. 25. Нега бир-бирларингизга ёрдамлашмаяпсиз?! 26. Йўқ! Улар бугун таслим бўлувчилардир. 27. Уларнинг баъзилари баъзиларига савол билан юзланишди. 28. Улар: «Ҳақиқатан бизларга ўнг томондан келар эдингиз», дейишди. 29. Улар айтишди: «Йўқ, ўзларингиз мўмин эмасдинглар; 30. бизларда устингиздан ҳукмронлик йўқ эди, ўзингиз ҳаддан ошган қавм эдингиз; 31. энди бизларга Парвардигоримизнинг Сўзи ҳақ бўлди, бизлар тотувчидирмиз; 32. чунки ўзимиз йўлдан озувчи бўлганимиз сабабли сизларни ҳам йўлдан оздирдик». 33. Улар ўша Кунда азобда шерик бўлувчилардир. 34. Дарҳақиқат, Биз жиноятчиларга шундай қилурмиз.
35. Чунки улар ўзларига «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» дейилганда кибрга боришганди. 36. «Ахир бизлар бир мажнун шоирни деб, илоҳларимизни тарк этарканмизми?!» дейишарди. 37. Йўқ, у ҳақни келтирди ва пайғамбарларни тасдиқлади. 38. Сизлар албатта аламли азобни тотувчидирсиз. 39. Фақат қилиб ўтган амалингизнинг жазосини оласиз, холос. 40. Лекин Аллоҳнинг хос бандалари борки; 41. айнан ўшалар учун маълум ризқ; 42. мевалар бўлади. Улар иззат-икромдадир; 43. Неъмат жаннатларида; 44. сўриларда юзма-юз ўлтиришади. 45. Уларга оқин чашмадан қадаҳлар айлантирилади; 46. оппоқ, ичувчилар учун лаззатбахшдир; 47. ундан на бошлари оғрийди, на сархуш бўлишади. 48. Олдиларида нигоҳини тийган оҳукўзлар борки; 49. Улар ўраб қўйилган тухум кабидирлар. 50. Шунда бир-бирларидан савол-жавоб қилишади. 51. Улардан бири айтади: «Менинг бир яқиним бор эди. 52. У шундай дерди: «Сен ҳам тасдиқловчиларданмисан; 53. ўлгач, тупроқ ва суякка айлансак ҳам жазога тортиламизми?!» 54. «Сизлар уни кўряпсизларми?» дейди. 55. Шунда ўзи ҳам қараб, уни дўзахнинг ўртасида кўргач; 56. у айтди: «Аллоҳга қасамки, мени ҳам ҳалок қилишингга оз қолган экан; 57. агар Парвардигоримнинг неъмати бўлмаганида мен ҳам ҳозир қилинувчилардан бўлур эдим». 58. «Биз ўлмас эканмизмиз 59. ўша биринчи ўлимимиздан бошқа-я?! Биз азобланмас ҳам эканмизми; 60. албатта мана шунинг ўзи катта ютуқдир; 61. амал қилувчилар шундай ютуқ учун амал қилсинлар». 62. Бундай зиёфат яхшими ёки заққум дарахтими? 63. Биз уни золимлар учун фитна қилдик. 64. Дарҳақиқат, у дўзах қаъридан чиқувчи бир дарахтдир. 65. Унинг бутоқлари худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди. 66. Албатта, улар ундан еювчи ва қоринларини у билан тўлдирувчилардир. 67. Сўнгра уларга бунинг устидан қайноқ сув аралаштириб ҳам берилади. 68. Кейин уларнинг қайтар жойи албатта дўзах сари бўлади. 69. Чунки улар ота-боболарини адашган ҳолда топдилар. 70. Ўзлари ҳам уларнинг изидан чопишмоқда. 71. Улардан аввалгиларнинг кўплари ҳам адашган эдилар. 72. Ҳолбуки, уларнинг ораларига огоҳлантирувчилар юборгандик.
73. (Эй Муҳаммад), энди огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. 74. Аллоҳнинг ихлосли бандалари мустасно. 75. Қасамки, Нуҳ Бизга нидо қилди. Биз нақадар яхши ижобат қилгувчимиз. 76. Уни ва аҳлини буюк ташвишдан қутқардик. 77. Ва унинг зурриётларини, ўзларини боқий қолувчилардан қилдик. 78. Кейингиларга унинг учун (олқишлар) қолдирдик: 79. «Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!» 80. Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз. 81. Чунки у мўмин бандаларимиздандир. 82. Сўнгра бошқаларни ғарқ қилдик. 83. Ҳақиқатан Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир. 84. Ўшанда у Парвардигорига тоза қалб билан келган эди. 85. Ўшанда отасига ва қавмига шундай деган эди: «Нимага ибодат қиляпсизлар; 86. Аллоҳдан ўзга сохта «илоҳ»ларни истайсизларми; 87. оламлар Парвардигори ҳақида қандай гумонингиз бор?!» 88. Шунда у юлдузларга назар солди. 89. Сўнг: «Мен бетобман», деди. 90. Дарҳол ундан юз ўгириб кетишди. 91. Шунда уларнинг «илоҳ»лари олдига аста келиб айтди: «Емайсизларми; 92. Сизларга нима бўлди, гапирмайсизлар ҳам?!» 93. Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўлидаги билан урди. 94. У томон шоша-пиша келишди. 95. У айтди: «Ўзингиз йўниб ясаган нарсаларга ибодат қиласизларми?! 96. Ҳолбуки, сизларни ҳам, сиғинаётганларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» 97. Улар: «Унинг учун бино қилинглар, уни гулханга отинглар!» дейишди. 98. Улар унга макр-ҳийла қилмоқчи бўлишган эди, Биз уларни тубан- мағлуб қилдик. 99. Ва у айтди: «Мен Парвардигоримга кетувчиман, У мени ҳидоят қилади; 100. Парвардигорим, менга солиҳлардан ато эт». 101. Шунда унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. 102. Ўзи билан юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, бу ҳақда нима фикринг бор?» деди. У: «Эй отажон, сенга буюрилганини бажар, иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсан», деди. 103. Иккови ҳам бўйсуниб, пешонаси билан ётқизган эди; 104. унга шундай нидо қилдик: «Эй Иброҳим; 105. ҳақиқатан сен тушни тасдиқладинг! Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз».
106. Бу албатта очиқ-ойдин имтиҳондир. 107. Унинг ўрнига улуғ қурбонликни эваз қилдик. 108. Кейингиларга унинг учун (олқишлар) қолдирдик: 109. «Иброҳимга салом бўлсин!» 110. Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз. 111. Чунки у мўмин бандаларимиздандир. 112. Яна унга солиҳлардан бўлган пайғамбар Исҳоқнинг хушхабарини бердик. 113. Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан яхшилик қилувчи ҳам, ўзига аниқ зулм қилувчи ҳам бўлади. 114. Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга неъмат бердик. 115. Икковларига ва қавмларига катта ташвишдан нажот бердик. 116. Биз уларга нусрат бердик, шунда улар ғолиб бўлишди. 117. Биз уларга аниқ китобни бердик. 118. Ва икковларини тўғри йўлга ҳидоят қилдик. 119. Кейингиларга иккови учун (олқишлар) қолдирдик: 120. «Мусо ва Ҳорунга салом бўлсин!» 121. Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз! 122. Чунки иккови мўмин бандаларимиздандир. 123. Илёс ҳам албатта пайғамбарлардандир. 124. Ўшанда у қавмига айтди: «Тақво қилмайсизми; 125. Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми? 126. Ўз Парвардигорингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори – Аллоҳни-я?!» 127. Шунда уни ёлғончига чиқардилар. Улар албатта ҳозир қилинувчилардир. 128. Аллоҳнинг ихлосли бандаларигина мустасно. 129. Биз кейингиларга унинг учун (олқишлар) қолдирдик: 130. «Илёсинга салом бўлсин!» 131. Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз. 132. Чунки у мўмин бандаларимиздандир. 133. Лут ҳам албатта пайғамбарлардандир. 134. Ўшанда унга ва барча аҳлига нажот бердик. 135. Аммо бир кампиргина қолувчилардан бўлди. 136. Сўнгра бошқаларини ҳалок қилдик. 137. Сизлар улар устидан ўтиб турасизлар тонгда ҳам; 138. ва кечда ҳам. Ахир ақл юритмайсизларми?! 139. Юнус ҳам албатта пайғамбарлардандир. 140. Ўшанда у тўлган кемага қочганди. 141. Шунда қуръа ташлашди ва мағлуб бўлди. 142. Сўнг маломатланган ҳолида уни наҳанг балиқ ютди. 143. Агар у кўп тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида; 144. унинг қорнида қайта тирилтириладиган кунгача қолиб кетар эди. 145. Сўнгра Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик. 146. Унинг устида қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.
147. Биз уни юз минг ёки ундан кўпроққа пайғамбар қилиб юбордик. 148. Ўшанда имон келтиришди, Биз уларни бир муддат баҳралантирдик. 149. (Эй Муҳаммад), улардан сўранг-чи, қизлар Парвардигорингизга- ю, ўғиллар уларга эканми?! 150. Ёки фаришталарни қиз қилиб яратганмиз-у, улар гувоҳ бўлишганми? 151. Огоҳ бўлингки, улар ўз уйдирмаларида шундай дейишади: 152. «Аллоҳ туғди». Улар албатта ёлғончилардир. 153. У ўғилларни қўйиб, қизларни танлабдими? 154. Сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм қилмоқдасиз? 155. Ахир ўйлаб кўрмайсизларми?! 156. Ёки сизларда очиқ-ойдин ҳужжат борми?! 157. Агар ростгўй бўлсангиз, китобингизни келтиринг! 158. У билан жинлар орасида насаб қилишди. Ҳолбуки, жинлар ўзларининг (азобга) ҳозир қилинишларини билишади. 159. Аллоҳ улар васф қилган нарсадан покдир. 160. Лекин Аллоҳнинг ихлосли бандалари мустасно. 161. Албатта, сизлар ҳам, сиғинаётганларингиз ҳам; 162. Унга қарши фитнага сололмайсизлар. 163. Ким дўзахда куювчи бўлса, мустасно. 164. Ҳар биримизнинг маълум мақомимиз бор; 165. дарҳақиқат, бизлар саф тортиб турувчилармиз; 166. Ва албатта бизлар тасбеҳ айтувчилармиз». 167. Дарвоқе, шундай дейишарди: 168. «Агар бизларда ҳам аввалгилардан бир эслатма бўлганида; 169. албатта, Аллоҳнинг ихлосли бандаларидан бўлар эдик». 170. Унга куфр келтиришди. Яқинда билиб олишади. 171. Пайғамбар қилиб юборилган бандаларимиз учун Сўзимиз ўтгандир; 172. албатта, айнан уларгина ёрдам олишади; 173. ва албатта Бизнинг қўшинимизгина ғолибдир. 174. (Эй Муҳаммад), улардан вақтинча юз ўгиринг; 175. ва уларни кузатиб туринг! Ўзлари ҳам кўришади. 176. Ҳали улар азобимизни тезлаштиришмоқчими?! 177. Уларнинг масканига тушганида огоҳлантирилганларнинг тонглари ёмон бўлади. 178. Улардан маълум вақтга юз ўгиринг. 179. Уларни кўриб туринг, ўзлари ҳам яқинда кўришади. 180. Иззат Робби бўлмиш Парвардигорингиз улар қилган васфдан покдир. 181. Ва пайғамбарларга салом бўлсин! 182. Оламларнинг Парвардигори – Аллоҳга ҳамд бўлсин! 38. СОД СУРАСИ
Маккада нозил бўлган, 88 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Соод. Зикр манбаи бўлган Қуръонга қасам. 2. Аммо куфр келтирганлар ғурур ва мухолифликдадирлар. 3. Биз улардан илгари ҳам қанча авлодларни ҳалок этганимизда улар фарёдлар чекишди, аммо қочиб қутулиш вақти эмасди. 4. Уларга ўзларидан огоҳлантирувчи келганидан ажабланишди ва кофирлар: «Бу сеҳргар ёлғончидир», дейишди. 5. «У илоҳларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу ажабланарли нарса!» 6. Уларнинг катталари шундай деганча туриб кетишди: «Юринглар, илоҳларингиз борасида сабр қилинглар. Албатта, бу исталган нарсадир; 7. бу ҳақда охирги диндан эшитмаганмиз, бу фақат уйдирмадир; 8. орамиздан фақат ўшанга Зикр нозил қилинибдими?!» Ҳа, улар Менинг Зикрим ҳақида шубҳададирлар. Ҳа, улар ҳали азобимни тотиб кўришгани йўқ. 9. Ёки улар ҳузурида қудратли ва карамли Парвардигорингнинг раҳмат хазиналари борми? 10. Ёки осмонлару Ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг ҳукмронлиги уларникими? Унда осмонга нарвон қўйиб кўтарилсинлар-чи! 11. (Эй Муҳаммад), ўша ердаги енгилган фирқалардан бир қўшиндир. 12. Улардан олдин Нуҳ қавми, Од ҳам, қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғончига чиқарган. 13. Ва Самуд ҳам, Лут қавми ҳам, Айка эгалари ҳам. Ана шулар фирқалардир. 14. Барчалари пайғамбарларни ёлғончига чиқаришди ва азобим ҳақ бўлди. 15. Ана ўшалар бир зумда келадиган биргина қичқириқнигина кутишяпти. 16. Улар: «Парвардигоримиз, бизларга насибамизни Ҳисоб кунидан аввалроқ тезлатиб бер!» дейишади. 17. (Эй Муҳаммад), улар айтаётган нарсаларга сабр қилинг. Қувват эгаси бўлган бандамиз Довудни эсланг. Ҳақиқатан у қайтувчидир. 18. Биз тоғларни кечқурун ва эрталаб у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик; 19. ва тўпланувчи қушларни ҳам. Барчалари Унга қайтишади. 20. Ва унга подшоҳлигини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи нутқни бердик. 21. (Эй Муҳаммад), сизга даъволашганларнинг хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга тушишган эди. 22. Улар Довуднинг олдига киришганида у улардан қўрқиб кетди. Улар: «Қўрқма, икки даъволашувчимиз, бир-биримизга зулм қилдик. Энди
орамизда ҳақ билан ҳукм чиқариб бер, жабр қилмагин. Бизларни тўғри йўлга бошлагин», дейишди. 23. «Мана бу менинг биродарим. Унинг тўқсон тўққизта сов-лиғи бор. Менинг эса биргина совлиғим бор. Шунда у: «Уни ҳам менга топширгин», деди ва сўзда мендан устун чиқди». 24. (Довуд): «Дарҳақиқат, у совлиғингни ўз совлиқларига сўраб, сенга зулм қилибди. Дарвоқе, шериклар бир-бирларига зулм қилишади. Имон келтириб, солиҳ амал қилганларгина мустасно. Улар жуда озчилик», деди. Довуд уни синаганимизни билди-да, тезда Парвардигорига истиғфор айтиб, саждага йиқилди ва тавба қилди. 25. Биз унинг ўша(хатоси)ни кечирдик. Унинг учун ҳузури-мизда қурбат ва гўзал оқибат бордир. 26. Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Одамлар орасида ҳақ билан ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашмаки, яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга ҳисоб кунини унутганлари учун қаттиқ азоб бордир. 27. Осмону Ерни ва улар орасидаги нарсаларни беҳуда яратмаганмиз. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир. Куфр келтирганларга дўзахдан «вайл» бўлсин! 28. Имон келтирган, солиҳ амаллар қилганларни Биз ерда бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик? Ёки тақводорларни фожирлар каби қилармидик?! 29. (Эй Муҳаммад), Биз сизга муборак Китобни ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслатма олишлари учун туширдик. 30. Довудга Сулаймонни ато этдик. У қандайин яхши банда! Дарҳақиқат, у юзланувчидир. 31. (Эсланг), бир оқшом унга гижинглаган учқур отлар кўрсатилди. 32. Ва у айтди: «Албатта, мен Парвардигоримнинг зикридан кўра дунё ишқига берилиб кетиб, ҳатто (қуёш) парда ортига беркинибди-ку; 33. Уларни менга қайтаринг!» Сўнгра уларнинг оёқ ва бўйинларини «силай» бошлади! 34. Сулаймонни имтиҳон қилдик. Унинг тахтига жасадни ташладик. Сўнгра у тавба қилди. 35. У: «Парвардигорим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига берилмайдиган салтанатни ҳадя этгин. Албатта, сен кўплаб неъмат берувчисан», деди. 36. Шунда унга шамолни бўйсундирдик, унинг амри билан у истаган томонга майин эсаверади. 37. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. 38. Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда (бўйсундирдик). 39. Бу Бизнинг ато этганимиздир. Эҳсон қил ёки ушлаб қол, ҳисоб қилинмас. 40. Унинг учун ҳузуримизда албатта яқинлик ва гўзал оқибат бордир. 41. (Эй Муҳаммад), Бандамиз Айюбнинг Парвардигорига ни-до қилиб: «Мени шайтон машаққат ва азобга тутди», деганини эсланг.
42. «Оёғинг билан тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув», дедик). 43. Биз Ўзимиздан марҳамат кўрсатиб, оқилларга ибрат бўлиши учун унга аҳлини ва уларга қўшиб яна шунчани ҳадя этдик. 44. «Қўлингга бир боғламни ол-да, ўша билан ур, қасамингни бузма». Дарҳақиқат, уни сабрли топдик. У нақадар яхши банда! Ҳақиқатан у Бизга юзланувчидир. 45. (Эй Муҳаммад), қувват ва ақл-заковат соҳиблари бўлган бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубни эсланг. 46. Биз уларни тоза хислат – (охират) диёрини эслаш билан покладик. 47. Яна улар ҳузуримизда танланган яхшилардандир. 48. Исмоил, Алясаъ ва Зулкифлни ҳам эсланг, барчалари яхшилардандир. 49. Бу бир эслатмадир. Тақводорлар учун эса албатта гўзал қайтар жойи бор; 50. улар учун дарвозалари очиқ мангу жаннатлардир. 51. Улар жойларида ёнбошлаган ҳолда кўплаб мева ва шароблардан чақиришади. 52. Улар ҳузурида назарини тийган тенгқурлар бордир. 53. Булар сизларга Ҳисоб куни учун ваъда қилинган нарсалардир. 54. Албатта, бу Бизнинг ризқимиздирки, улар асло тугамайди. 55. (Ҳақиқат) шудирки, туғёнга кетувчилар учун ёмон оқибат – 56. дўзах бордир. Унга киришади, у кўп ёмон маскандир. 57. Мана бу қайноқ сув ва йиринг, уни тотиб туришсин; 58. ва шунга ўхшаш бошқа (азобларни) ҳам. 59. «Мана бу сизлар билан бирга кирувчи жамоадир»; «уларга «марҳабо» йўқ, улар ҳақиқатан дўзахга кириб куювчилардир». 60. Улар: «Йўқ, ўзларингизга «марҳабо» йўқ! Бизга уни сизлар келтирдинглар, у нақадар ёмон қароргоҳ!» дейишади. 61. Улар: «Парвардигоро, ким бизларга буни келтирган бўлса, унга дўзахда азобни икки баробар кўпайтиргин!» дейишади. 62. Ва улар айтишади: «Бизларга нима бўлдики, ёмонлардан деб санаб юрган одамларни кўрмаяпмиз; 63. ё уларни масхара қилганмидик ёки кўзларимиз улардан чалғидими?!» 64. Дўзах аҳлининг мана шундай тортишишлари албатта ҳақдир. 65. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен фақат огоҳлантирувчиман, холос. Ягона ва ғолиб Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ; 66. У осмонлару Ернинг ва улар орасидаги ҳамма нарсанинг Парвардигоридир, қудратлидир, мағфиратлидир». 67. Айтинг: «Бу буюк бир хабардир; 68. сизлар эса ундан юз ўгирмоқдасиз; 69. ўзаро тортишаётган олий гуруҳ ҳақида менда ҳеч қандай билим бўлмаган эди.
70. менга фақат ўзимнинг аниқ огоҳлантирувчи эканимгина ваҳий қилинади». 71. Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга айтди: «Мен лойдан бир одам яратувчиман; 72. ўшанда уни тиклаб, унга Ўз руҳимдан пуфлаганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар!» 73. Шунда барча фаришталар жам бўлиб сажда қилишди. 74. Фақат иблисгина кибру ҳаво қилиб, кофирлардан бўлди. 75. У Зот: «Эй иблис, Ўз «қўл»им билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима тўсди?! Кибрга бордингми ёки даражанг олиймиди?!» деди. 76. У: «Мен ундан яхшироқман: мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг», деди. 77. У Зот айтди: «Ундан чиқ! Зеро, сен қувилгансан; 78. ва жазо кунигача сенга лаънатим бўлгай». 79. (Иблис): «Парвардигорим, улар қайта тирилтириладиган Кунгача менга муҳлат бергин!» деди. 80. У Зот айтди: «Сен муҳлат берилганлардандирсан; 81. маълум вақт Кунигача». 82. (Иблис) деди: «Сенинг қудратингга қасамки, мен уларнинг ҳаммасини албатта йўлдан оздираман; 83. фақат булардан ихлосли бандаларинггина мустасно». 84. У Зот деди: «Ҳақдирман, фақат ҳақни айтаманки; 85. дўзахни сен ва уларнинг барча сенга эргашганлари билан тўлдираман». 86. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен сизлардан ҳақ сўрамайман ва мен сохтакорлардан ҳам эмасман. 87. У фақат оламлар учун эслатма, холос. 88. Албатта сизлар унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз». 39. ЗУМАР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 75 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Китобнинг нозил қилиниши қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидандир. 2. (Эй Муҳаммад), Биз сизга бу Китобни ҳақ билан нозил қилдик. Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ибодат этинг. 3. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингларки, холис дин Аллоҳникидир. Ундан ўзгани дўст тутганлар: «Уларга фақат бизларни Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қиламиз», (дейишади). Дарҳақиқат, Аллоҳ ихтилоф этаётган нарсалари бўйича улар ўртасида ҳукм қилади. Аллоҳ ёлғончи, кофир кимсаларни асло ҳидоят қилмайди.
4. Агар Аллоҳ фарзанд тутишни ирода қилганида албатта Ўзи яратган нарсалардан хоҳлаганини танлаб олар эди. У покдир, Аллоҳ ягонадир, ғолибдир. 5. У осмонлару Ерни ҳақ билан яратгандир. У кечани кундуз устига ўрайди, кундузни кеча устига ўрайди. Қуёшни ҳам, ойни ҳам бўйсундириб қўйган. Ҳар бири белгиланган муддатгача ҳаракатда бўлади. Огоҳ бўлингизки, У қудратлидир, кечирувчидир. 6. У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтликни туширди. У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичра бирин-кетин яратади. Мана шу Парвардигорингиз Аллоҳдир. Ҳукмронлик фақат Уникидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Қаёққа бурилиб кетяпсизлар?! 7. Агар куфр келтирсанглар, Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмайди. Агар шукр келтирсанглар, сизлардан рози бўлади. Ҳеч бир кўтарувчи ўзганинг юкини кўтармайди. Сўнгра қайтишларингиз фақат Парвардигорингизгадир. Шунда сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини беради. У диллардаги нарсаларни ҳам билувчидир. 8. Инсонга бирор зарар етганида Парвардигорига тавба-тазарру билан дуо қилади. Сўнгра Ўз фазлидан унга неъмат берса, олдин қилиб турган дуосини унутади ва Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун Унга «тенг»ларни топади. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Куфринг билан бир оз фойдаланиб тур. Албатта, сен дўзах аҳлидандирсан». 9. Ёки у кечалари сажда ва қиёмда турган ҳолида ибодат қилган, охиратдан қўрқиб, Парвардигорининг раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгмиди?! «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айтинг. Ақл эгаларигина эслатма олишади. 10. (Эй Муҳаммад, Менинг номимдан) айтинг: «Эй имон келтирган бандаларим, Парвардигорингиздан қўрқинглар. Бу дунёда яхшилик қилганларга яхшилик бордир, Аллоҳнинг ери эса кенгдир. Сабр қилувчиларга албатта мукофотлари беҳисоб берилади». 11. Айтинг: «Мен динни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳга ибодат этишга буюрилганман; 12. ва мусулмонларнинг биринчиси бўлишга буюрилганман». 13. Айтинг: «Албатта, мен агар Парвардигоримга исён этсам, буюк Куннинг азобидан қўрқаман»; 14. айтинг: «Динимни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳгагина ибодат қилурман; 15. энди Уни қўйиб, хоҳлаган нарсаларингизга ибодат қилаверинглар». (Эй Муҳаммад), айтинг: «Ҳақиқий зиён кўрувчилар қиёмат куни ўзларига ва аҳлларига зиён қилганлардир. Огоҳ бўлингларки, ана шу аниқ зиёнкорликдир». 16. Улар учун тепаларидан ҳам ўт-олов «соябонлар» бор, остларидан ҳам ўт-олов «соябонлар» бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитади: «Эй бандаларим, Менга тақво қилинглар;
17. тоғутга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бордир. (Эй Муҳаммад), Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки; 18. улар сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига эргашишади». Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир. 19. Ёки бир кимсага азоб сўзи муқаррар бўлса, сиз дўзахдаги кимсани қутқара олурмидингиз?! 20. Лекин Парвардигорларидан қўрққанлар учун устма-уст қурилган болохоналар бордир. Остларидан анҳорлар оқиб туради. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмайди. 21. Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбалардан оқизиб қўйганини кўрмадингизми?! Сўнгра у билан турли рангдаги экинларни чиқаради. Кейин у қурийди, шунда уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра уни хазон-хашакка айлантиради. Бунда ақл эгалари учун албатта эслатма бордир. 22. Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, Парвардигоридан келган нур узра бўлган киши (адашганлар каби бўлармиди?). Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин, улар аниқ залолатдадирлар. 23. Аллоҳ гўзал Сўзни ўхшаш ва такрорланувчи Китоб қилиб нозил этди. Ундан Парвардигорларидан қўрқадиганларнинг терилари титраб кетади. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшайди. Мана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У билан Аллоҳ Ўзи хоҳлаганларни ҳидоят қилади. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун ҳидоятга бошловчи бўлмайди. 24. Ахир қиёмат куни ёмон азобдан юзи билан «сақланадиган» кимса (азобдан омон бўлган мўмин билан тенг бўлармиди?) Золимларга: «Касб қилиб юрганларингизни тотиб кўринглар» дейилади. 25. Улардан олдингилар ҳам ёлғончига чиқаришганида уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келганди. 26. Аллоҳ уларга дунё ҳаётида шармандаликни тоттирди. Агар улар билганларида, охират азоби бундан-да каттадир. 27. Ҳақиқатан бу Қуръонда инсонларга турли мисолларни келтирдикки, шояд насиҳат олсалар. 28. Эгриликсиз арабий Қуръонни (туширдикки), шояд тақво қилишса! 29. Аллоҳ бир мисол келтиради: бир кишига талашувчи шериклар эга бўлса, бошқасига фақат бир киши эгалик қилади. Икковларининг мисоли баробармиди? Мақтов фақат Аллоҳгадир, ҳа, уларнинг кўплари билишмайди. 30. (Эй Муҳаммад), сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар ҳам ўлувчидирлар. 31. Сўнгра сизлар қиёмат куни Парвардигорингиз ҳузурида албатта тортишасизлар. 32. Аллоҳ шаънига ёлғон гапирган ва ўзига ростлик келганида уни ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ борми?! Дўзахда кофирларга жой йўқми?! 33. Ростликни келтирган ва уни тасдиқ қилганлар эса – ана шулар тақводорлардир.
34. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Бу яхшилик қилувчиларнинг мукофотидир. 35. Аллоҳ улар қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб юрган энг гўзал амаллари савоби билан мукофотлайди. 36. Аллоҳ Ўз бандасига кифоя эмасми?! (Эй Муҳаммад), улар сизни (Аллоҳдан) бошқа нарсалар билан қўрқитишади. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун асло ҳидоят қилувчи бўлмайди. 37. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, унинг учун асло йўлдан оздирувчи бўлмайди. Аллоҳ қудратли, интиқом олувчи эмасми?! 38. Агар улардан: «Осмонлару Ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта «Аллоҳ!» дейишади. Айтинг: «Менга хабар беринглар-чи, Агар Аллоҳ менга бирор зиённи истаса, ўша сизлар илтижо қилаётган Аллоҳдан бошқа нарсаларингиз Унинг зарарини кетказа олишармиди? Ёки менга бирор марҳаматни ирода қилса, ўшалар Унинг марҳаматини тутиб қолишармиди?». Яна айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир, таваккул қилувчилар Унгагина таваккул қилишади». 39. Айтинг: «Эй қавмим, ўз ҳолингизча амал қилаверинг, мен ҳам амал қилувчиман. Яқинда биласизлар; 40. кимга шарманда қиладиган азоб келажагини ва кимга мангу азоб тушажагини». 41. Биз ҳақиқатан сизга Китобни одамлар учун ҳақ билан нозил қилдик. Ким ҳидоятга юрса, фойдаси ўзига, ким залолатга кетса, зарари ўзига. Сиз улар устидан вакил эмассиз. 42. Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларини эса уйқу вақтида олади. Ўзи ўлимга ҳукм қилганларини тутиб қолади, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборади. Бунда тафаккур қилувчи қавмлар учун албатта аломатлар бордир. 43. Балки улар Аллоҳдан ўзга шафоатчиларни тутишгандир? (Эй Муҳаммад): «Ахир улар бирор нарсага эга бўлолмасалар ва англамасалар ҳамми?!» деб айтинг. 44. Айтинг: «Барча шафоат фақат Аллоҳникидир. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги ҳам Уникидир, сўнгра Унгагина қайтариласизлар». 45. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинганида охиратга имон келтирмайдиганларнинг диллари сиқилиб кетади. Ундан ўзгалар зикр қилинганида улар бирдан шодланиб кетишади. 46. Айтинг: «Аллоҳим, эй осмонлару Ерни яратган Зот, яширин ва ошкорни билувчи Зот! Сен бандаларинг орасида улар ихтилоф қилиб юрган нарсаларда ҳукм қилурсан». 47. Агар золим кимсалар Ер юзидаги бор нарса ва яна шунча нарса бўлганида, аниқки, қиёмат куни азобининг бадалига уни тўлаб юборишарди. Уларга Аллоҳ томонидан хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалари намоён бўлур. 48. Яна уларга ўз қилмишларининг ёмонлиги аён бўлади ва масхара қилиб юрган нарса ўзларини ўраб олади.
49. Инсонга бирор мусибат етганида Бизга илтижо қилади. Сўнгра унга Ўзимиздан неъмат берсак, у: «Бу шубҳасиз менга илмим туфайли берилди», дейди. Аслида у синовдир, лекин уларнинг кўплари билишмайди. 50. Буларни улардан олдингилар ҳам айтишган эди, лекин бу қилмишлари ўзларига асқотмади. 51. Шунда уларга қилмишларининг ёмонликлари мусибат бўлди. Анавиларнинг золимларига ҳам қилган ёмонликлари тезда мусибат бўлади, улар қочиб қутула олмайдилар. 52. Ахир улар Аллоҳ хоҳлаганига ризқни кенг ва танг қилишини билишмасмиди? Имон келтирувчилар учун бунда албатта аломатлар бордир. 53. (Эй Муҳаммад, Менинг номимдан) айтинг: «Эй ўз жонларига зулм қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Аллоҳ барча гуноҳларни албатта кечиради. Зеро, У албатта кечирувчидир, раҳмлидир». 54. Сизларга азоб келиб, кейин ёрдам берилмай қолишидан олдин Парвардигорингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. 55. Сизларга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Парвардигорингиздан нозил қилинган гўзал нарсага эргашинглар. 56. Бирор жон (айтсаки): «Аллоҳ ҳақидаги камчиликларим учун афсуслар бўлсин, ҳақиқатда ҳам мен масхара қилувчилардан бўлган эдим»; 57. ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида албатта тақводорлардан бўлар эдим»; 58. ёки азобни кўрган чоғида: «Қанийди, мен яна бир марта ортга қайтганимда яхши амал қилувчилардан бўлар эдим». 59. «Йўқ, сенга оятларим келганида уларни ёлғонга чиқардинг, кибрга бориб, кофирлардан бўлдинг!» 60. Қиёмат куни Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаганларни юзлари қопқора ҳолда кўрасиз. Ёки дўзахда мутакаббирлар учун жой йўқмиди?! 61. Аллоҳ тақво қилганларни ютуқлари туфайли қутқаради. Уларга бирор ёмонлик ҳам етмайди, улар хафа ҳам бўлишмайди. 62. Аллоҳ ҳамма нарсанинг яратувчисидир ва У ҳамма нарсага вакилдир. 63. Осмонлару Ернинг калитлари Ундадир. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар – ана ўшаларгина зиён кўрувчилардир. 64. (Эй Муҳаммад): «Сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрасизларми, эй нодонлар?!» деб айтинг. 65. Дарҳақиқат, сизга ва сиздан олдингиларга ҳам ваҳий қилинганди: «Агар ширк келтирсанг, амалинг албатта беҳуда кетади ва албатта зиён кўрувчилардан бўлурсан; 66. балки Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этувчилардан бўл!». 67. Улар Аллоҳни Ўзига муносиб равишда қадрлашмади. Ҳолбуки, қиёмат куни бутун Ер Унинг «қабзаси»дадир. Осмонлар эса Унинг «қўли»га йиғилувчидир. У уларнинг ширк келтираётган нарсаларидан пок ва олийдир. 68. Сур чалинганида осмонлару Ерда ким бўлса, беҳуш йиқилди. Аллоҳ хоҳлаганларгина мустасно. Сўнгра у яна бир бор чалинганида улар баногоҳ туриб, қараб туришади.
69. Ер Парвардигорининг нури билан ёришади, китоб қўйилади, пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилади. Уларнинг ўрталарида зулм қилинмаган ҳолда ҳаққоний ҳукм чиқарилади. 70. Ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилади. Уларнинг нима қилаётганини У яхши билувчидир. 71. Куфр келтирганлар тўда-тўда қилиб дўзахга ҳайдалади. Унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва қўриқчилари уларга: «Сизларга ораларингиздан Парвардигорингизнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, сизларни ушбу кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирадиган пайғамбарлар келмаганмиди?» дейишади. Улар: «Шундай, лекин азоб сўзи кофирларга ҳақ бўлгандир», дедилар. 72. «Дўзах дарвозаларидан унда мангу қолувчи ҳолингизда киринглар!» дейилади. Мутакаббирларнинг жойлари нақадар ёмон! 73. Парвардигорларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб бошлаб борилади. Унга етиб келишганида унинг дарвозалари очилади ва қўриқчилари уларга: «Сизларга салом бўлсин! Хуш келдингиз! Энди унга мангу қолувчи ҳолингизда киринглар!» дейишади. 74. Улар: «Бизларга рост ваъда берган ва бизларни Ерга ворис қилган Аллоҳга мақтовлар бўлсин. Жаннатда ўзимиз хоҳлаган ерга жойлашамиз», дейишади. Амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши! 75. (Эй Муҳаммад), фаришталарни Аршни ўраб олиб, Парвардигорларига мақтов билан тасбеҳ айтаётганларини кўрасиз. Улар орасида ҳаққоний ҳукм қилинди ва: «Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» дейилди. 40. ҒОФИР СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 85 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳа миим. 2. (Қуръон) қудратли ва билимли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. 3. (Аллоҳ) гуноҳни мағфират қилувчи, тавбани қабул этувчи, азоби қаттиқ ва фазлу карам эгасидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир. 4. Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр келтирганларгина тортишишади. (Эй Муҳаммад), уларнинг юртма-юрт кезишлари сизни алдаб қўймасин. 5. Улардан олдин Нуҳ қавми ва улардан кейинги фирқалар ҳам ёлғончига чиқаришган эди. Ҳар уммат ўз пайғамбарини тутишга қасд қилган, ботил ёрдамида тортишиб, ҳақни йўқотмоқчи бўлган. Шунда Мен уларни тутдим, энди азобим қандай бўлди?! 6. (Эй Муҳаммад), куфр келтирганларга ҳам Парвардигорингизнинг Сўзи ана шундай ҳақ бўлди. Албатта улар дўзах эгаларидир. 7. Аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагилар Парвардигорларига мақтов билан тасбеҳ айтишади, Унга имон келтиришади
ва имон келтирганларга мағфират сўрашади: «Парвардигоро, раҳматинг ва илминг билан ҳамма нарсани қамрагансан. Тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин; 8. Парвардигоро, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган Адн жаннатларига киритгин. Албатта, Сен қудратлисан, ҳикматлисан; 9. уларни ёмонликлардан сақла, ўша Куни кимни ёмонликлардан сақласанг, ҳақиқатан, унга раҳм қилибсан. Мана шу буюк ютуқдир». 10. Дарҳақиқат, куфр келтирганларга: «Сизлар имонга чорланганда куфр келтирган чоғингиздаги Аллоҳнинг нафрати сизларнинг ўзингизга нафратингиздан каттароқдир» деб нидо қилинади. 11. Улар айтишди: «Парвардигоро, бизларни икки марта ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг. Гуноҳларимизни эътироф этдик, энди чиқишнинг бирон йўли борми?». 12. Бу ёлғиз Аллоҳга даъват қилинганида куфр келтирганингиз, Унга ширк келтирилганида ишонганингиз учундир. Ҳукм олий ва буюк Аллоҳникидир. 13. У сизларга Ўз аломатларини кўрсатадиган, осмондан сизларга ризқ туширадиган Зотдир. Фақат кўп илтижо қиладиган кишигина эслатма олади. 14. (Эй мўминлар), кофирлар ёқтиришмаса ҳам Аллоҳга динни холис этган ҳолингизда Унга илтижо қилинглар. 15. У даражаларни кўтарувчи, Арш эгасидир. У Ўз амри билан бандаларидан хоҳлаганига мулоқот кунидан огоҳлантириш учун руҳни нозил қилади. 16. Улар юзага чиқадиган Кунда Аллоҳга уларнинг бирор нарсаси махфий қолмайди. Ўша куни ҳукмронлик кимники? Ягона, ғолиб Аллоҳникидир! 17. Ўша кунда ҳар бир жон ўз қилмишига яраша жазо олади. Бу кунда зулм йўқдир. Аллоҳ албатта тез ҳисоб қилувчидир. 18. (Эй Муҳаммад), уларни яқинлашувчи Кундан огоҳлантиринг. Ўшанда юраклари бўғзиларига тиқилиб, аламга тўлиб туришади. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам бўлмайди. 19. У кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билади. 20. Аллоҳ ҳақ билан ҳукм қилади. Уларнинг (Аллоҳни) қўйиб илтижо қилаётганлари эса бирор нарсага ҳукм қилолмайди. Аллоҳнинг Ўзи эшитувчидир, кўриб турувчидир. 21. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Ҳолбуки, ўшалар куч-қувватда ва Ер юзида из қолдиришда булардан устун эдилар. Шунда Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли ушлади. Уларга Аллоҳдан ўзга бирорта қутқарувчи бўлмади. 22. Бунга сабаб, уларга пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келишганди, улар эса куфр келтиришди. Шунда Аллоҳ уларни ушлади. Зеро, У кучли ва азоби қаттиқдир. 23. Мусони Ўз оятларимиз ва очиқ-ойдин ҳужжат билан юбордик;
24. Фиръавнга, Ҳомонга ва Қорунга. Шунда улар: «(Мусо) ёлғончи сеҳргардир», дейишди. 25. (Мусо) уларга ҳузуримиздан Ҳақ билан келганида, улар: «У билан бирга имон келтирганларнинг ўғилларини ўлдириб, қизларини тирик қолдиринглар», дейишди. Кофирларнинг макр-ҳийласи залолатдадир. 26. Фиръавн айтди: «Менга қўйиб беринглар, Мусони ўлдирай. Қани, у Парвардигорига дуо қилсин-чи! Мен унинг динингизни ўзгартиришидан ёки Ер юзида бузғунчилик чиқаришидан қўрқмоқдаман». 27. Мусо айтди: «Мен ҳисоб кунига имон келтирмайдиган барча мутакаббирлардан Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлган Зотдан паноҳ сўрайман». 28. Фиръавн аъёнларидан бўлган, имонини яшириб юрадиган бир мўмин шундай деди: «Бир одамни «Парвардигорим Аллоҳдир» дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизларга Парвардигорингиздан ҳужжатлар билан келган. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар. Агар ростгўй бўлса, у ваъда қилаётган баъзи мусибатлар сизларга етиб қолади-ку! Аллоҳ албатта ҳаддидан ошувчи, ёлғончи кимсани ҳидоят қилмайди; 29. эй қавмим, бугун ҳукмронлик сизларники, Ерда ғолиб бўлиб турибсизлар. Агар бизларга Аллоҳнинг азоби келса, унда бизларга ким ёрдам беради?!» Фиръавн айтди: «Сизларга ўзим кўраётган нарсанигина кўрсатаман ва сизларни фақат тўғри йўлга бошлайман». 30. Имон келтирган киши айтди: «Эй қавмим, сизларга ҳам бошқа фирқаларнинг куни тушишидан қўрқаман; 31. худди Нуҳ қавми, Од, Самуд ва улардан кейингилар ҳолига ўхшаш. Ҳолбуки, Аллоҳ бандаларига зулмни истамайди; 32. эй қавмим, ҳақиқатан мен сизлар учун нидолашув кунидан қўрқаман; 33. сизлар ортга қараб қочадиган Кундан. Сизлар учун Аллоҳ (азоби)дан қутқарувчи бўлмайди. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи бўлмайди; 34. дарвоқе, олдин Юсуф сизларга аниқ ҳужжатлар билан келганида ҳам сизларга келтирган нарсаларга шак-шубҳада туриб олдингиз. У вафот қилганида эса: «Аллоҳ ундан кейин пайғамбар юбормайди» дедингиз. Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва шак келтирувчиларни ана шундай залолатга кетказади; 35. Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз тортишадиганлар Аллоҳ наздида ҳам, имон келтирганлар наздида ҳам қаттиқ нафратга қолишади. Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини ана шундай муҳрлаб қўяди». 36. Фиръавн айтди: «Эй Ҳомон, менга бир баланд минора қургин, шоядки, йўлларга етсам; 37. осмонларнинг йўлларига. Сўнгра Мусонинг Илоҳини кўрсам. Мен уни ҳақиқатан ёлғончи деб гумон қиляпман». Шундай қилиб, Фиръавнга унинг ёмон амали чиройли кўрсатилди ва у йўлдан тўсилди. Фиръавннинг макри ҳалокатдан бошқага ярамади.
38. имон келтирган киши айтди: «Эй қавмим, менга эргашинглар, мен сизларни тўғри йўлга бошлайман; 39. эй қавмим, бу дунё ҳаёти бир матоҳ, холос. Албатта, охират барқарорлик диёридир. 40. Ким бирор ёмонлик қилса, фақат шунинг баробарида жазо берилади. Эркакми-аёлми, ким мўмин ҳолида яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга киради, унда уларга беҳисоб ризқ берилади. 41. Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга чорласам, сизлар мени дўзахга чақиряпсизлар; 42. сизлар мени Аллоҳга куфр келтиришга ва ўзим билмайдиган нарсаларни Унга шерик қилишга чақиряпсизлар. Ҳолбуки, мен сизларни қудратли, ўта мағфиратли Зотга чорламоқдаман; 43. ҳеч шубҳа йўқки, сизлар мени чақираётган нарсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга муносиб эмас. Қайтишимиз албатта Аллоҳгадир. Дарҳақиқат, ҳаддан ошувчилар, айнан ўшалар дўзах эгаларидир; 44. ҳали мен сизларга айтаётган гапларни эслайсизлар. Ишимни Аллоҳга топширдим, Аллоҳ ҳақиқатан бандаларини кўриб турувчидир». 45. Шунда Аллоҳ уни макрларининг ёмонликларидан сақлади ва Фиръавн аҳлини ёмон азоб ўраб олди; 46. оловки, унга эртаю кеч рўпара қилинади. Қиёмат қойим бўлганида эса: «Фиръавн аҳлини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилади). 47. Ўшанда улар дўзахда бир-бирлари билан тортишиб, ожизлари мутакаббирларга: «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди бизларни дўзах азобининг бир улушидан қутқара оласизларми?!» дейишади. 48. Мутакаббирлари эса: «Бизларнинг ҳаммамиз унинг ичидамиз. Шубҳасиз, Аллоҳ бандалари ўртасида ҳукм чиқариб бўлди», дейишади. 49. Дўзахдагилар жаҳаннам посбонларига: «Парвардигорингизга илтижо қилинглар, бизлардан бирор кунги азобни енгиллатсин», дейишганида; 50. улар: «Сизларга пайғамбарларингиз равшан ҳужжатлар билан келишмаганмиди?» дейишди. Улар: «Шундай», дейишди. Улар: «Энди илтижо қилаверинглар, лекин кофирларнинг илтижоси албатта бефойдадир», дейишди. 51. Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва имон келтирганларга дунё ҳаётида ҳам, гувоҳлар турадиган Кунда ҳам ёрдам берурмиз. 52. У Кунда золимларга узрлари фойда бермайди. Уларга лаънат бўлади ва уларга энг ёмон жой бўлғай. 53. Биз Мусога ҳидоят бердик ва Бани Исроилга Китобни мерос қилдик; 54. ақл эгаларига ҳидоят ва эслатма бўлиши учун. 55. (Эй Муҳаммад), энди сабр қилинг. Зеро, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳингизга мағфират сўранг ва эртаю кеч Парвардигорингизга мақтов билан тасбеҳ айтинг. 56. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирор ҳужжатсиз тортишадиганларнинг дилларида шундай кибр борки, улар
ўшанга ета олишмайди. Сиз Аллоҳдан паноҳ сўранг. Албатта, Унинг Ўзи эшитувчидир, кўриб турувчидир. 57. Албатта, осмонлару Ерни яратиш одамларни яратишдан каттароқдир, лекин аксар одамлар билишмайди. 58. Кўр билан кўрувчи ҳам, имон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар билан ёмонлик қилувчи ҳам тенг бўлмайди. Камдан-кам эслатма оласизлар. 59. Қиёмат албатта келувчидир, бунда шубҳа йўқ. Лекин одамларнинг кўпи имон келтирмайди. 60. Парвардигорингиз айтди: «Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қилурман. Менга ибодатдан бош тортганлар албатта дўзахга хор-зор ҳолларида кирурлар». 61. Аллоҳ сизларга ором олишингиз учун кечани ҳамда кундузни ёруғ қилиб яратган Зотдир. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан фазлу марҳамат эгасидир, лекин одамларнинг кўпи шукр қилмайди. 62. Ана шу Аллоҳ – Парвардигорингиздир, ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?! 63. Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчилар ана шундай бурилиб кетишади. 64. Аллоҳ сизларга Ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг суратларингизни гўзал кўринишда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир. Ана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Оламларнинг Парвардигори Аллоҳ баракот эгасидир. 65. У тирикдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизлар (эй мўминлар), Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинглар. Оламларнинг Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин. 66. (Эй Муҳаммад): «Мен ўзимга Парвардигоримдан равшан ҳужжатлар келиши биланоқ сизлар сиғинаётган нарсаларга ибодат қилишдан қайтарилганман ва оламларнинг Парвардигорига бўйсунишга буюрилганман», деб айтинг. 67. У сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра «алақа»дан яратган Зотдир. Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқаради. Сўнгра вояга етишингизга, сўнгра қаришингизга (имкон беради). Ораларингизда бундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлади. (Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир. Шояд, ақл юритсанглар. 68. У тирилтирадиган ва ўлдирадиган Зотдир. Бирор ишни ҳукм қилганида «Бўл!» дейди холос, шунда у бўлади. 69. Аллоҳнинг оятлари ҳақида тортишадиганларни кўрмайсизми? Қаёққа бурилиб кетишяпти? 70. Китобни ва Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни ёлғонга чиқарганлар яқинда билишади. 71. Ўшанда улар бўйинларида кишан-занжирлар билан судраб кетилади; 72. қайноқ сув сари, сўнгра оловда куйдирилади. 73. Сўнгра уларга айтилади: «Ширк келтириб юрган нарсаларингиз қани;
74. Аллоҳдан ўзга?» Улар: «Биздан ғойиб бўлиб қолишди. Йўқ, бизлар олдин ҳеч нарсага илтижо қилмаган эдик», дейишади. Аллоҳ кофирларни шундай залолатга кетказади. 75. Мана шулар Ер юзида ноҳақ шодланиб юрганингиз ва кибру ҳавога берилганингиз учундир. 76. Дўзах эшикларидан унда мангу қолувчи ҳолингизда киринглар. Мутакаббирларнинг жойи нақадар ёмондир! 77. (Эй Муҳаммад), сабр қилинг, зеро, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Агар ўшаларга ваъда қилганларимиздан айримларини сизга кўрсатсак ёки сизни вафот эттирсак ҳам фақат Бизгагина қайтарилишади. 78. Сиздан олдин ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Улардан айримларининг қиссасини сизга айтдик ва баъзиларининг қиссасини сизга айтмадик. Бирор пайғамбарга Аллоҳнинг изнисиз мўъжиза келтириш мумкин бўлмаган. Аллоҳнинг амри келганда албатта ҳақ билан ҳукм қилинади ва ўшанда ботил аҳли зиён кўради. 79. Аллоҳ сизларга чорва ҳайвонларини, улардан баъзиларини минишингиз учун яратган Зотдир. Улардан баъзиларини ейсизлар. 80. Уларда сизлар учун фойдалар бор. Улар устида дилларингиздаги эҳтиёжларга етишишасиз. Сизларни уларда ва кемаларда элтиб қўйилади. 81. У сизларга Ўз аломатларини кўрсатади. Шунда Аллоҳнинг қайси аломатларини инкор қилурсизлар? 82. Ахир улар Ер юзида сайр қилиб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Ҳолбуки, ўшалар булардан кўпроқ, қувватлироқ ва ер юзидаги осорлари зўрроқ бўлган эди. Аммо уларга касб қилган нарсалари асқатмади. 83. Чунки уларга пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар билан келганларида улар ўзларидаги билим билан шодланишди. Уларни ўзлари масхара қилган нарса ўраб олди. 84. Улар азобимизни кўрганларида: «Ягона Аллоҳга имон келтирдик ва Унга шерик қилган нарсаларимизга куфр келтирдик», дейишди. 85. Азобимизни кўрганларидаги имонлари уларга фойда бермайди. Бу Аллоҳнинг бандаларига жорий қилган суннатидир. Ўшанда кофирлар зиён кўрдилар. 41. ФУССИЛАТ СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 54 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Ҳа миим. 2. (Қуръон) ар-Раҳмон ва ар-Роҳийм томонидан нозил қилинган. 3. Биладиганлар учун арабий Қуръон ўлароқ оятлари муфассал баён қилинган Китобдир. 4. Хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчидир. Кўплар ундан юз ўгирдилар, улар энди эшитишмайди.
Search
Read the Text Version
- 1
- 2
- 3
- 4
- 5
- 6
- 7
- 8
- 9
- 10
- 11
- 12
- 13
- 14
- 15
- 16
- 17
- 18
- 19
- 20
- 21
- 22
- 23
- 24
- 25
- 26
- 27
- 28
- 29
- 30
- 31
- 32
- 33
- 34
- 35
- 36
- 37
- 38
- 39
- 40
- 41
- 42
- 43
- 44
- 45
- 46
- 47
- 48
- 49
- 50
- 51
- 52
- 53
- 54
- 55
- 56
- 57
- 58
- 59
- 60
- 61
- 62
- 63
- 64
- 65
- 66
- 67
- 68
- 69
- 70
- 71
- 72
- 73
- 74
- 75
- 76
- 77
- 78
- 79
- 80
- 81
- 82
- 83
- 84
- 85
- 86
- 87
- 88
- 89
- 90
- 91
- 92
- 93
- 94
- 95
- 96
- 97
- 98
- 99
- 100
- 101
- 102
- 103
- 104
- 105
- 106
- 107
- 108
- 109
- 110
- 111
- 112
- 113
- 114
- 115
- 116
- 117
- 118
- 119
- 120
- 121
- 122
- 123
- 124
- 125
- 126
- 127
- 128
- 129
- 130
- 131
- 132
- 133
- 134
- 135
- 136
- 137
- 138
- 139
- 140
- 141
- 142
- 143
- 144
- 145
- 146
- 147
- 148
- 149
- 150
- 151
- 152
- 153
- 154
- 155
- 156
- 157
- 158
- 159
- 160
- 161
- 162
- 163
- 164
- 165
- 166
- 167
- 168
- 169
- 170
- 171
- 172
- 173
- 174
- 175
- 176
- 177
- 178
- 179
- 180
- 181
- 182
- 183
- 184
- 185
- 186
- 187
- 188
- 189
- 190
- 191
- 192
- 193
- 194
- 195
- 196
- 197
- 198
- 199
- 200
- 201
- 202
- 203
- 204
- 205
- 206
- 207
- 208
- 209
- 210
- 211
- 212
- 213
- 214
- 215
- 216
- 217
- 218
- 219
- 220
- 221
- 222
- 223
- 224
- 225
- 226
- 227
- 228
- 229
- 230
- 231
- 232
- 233
- 234
- 235
- 236
- 237
- 238
- 239
- 240
- 241
- 242
- 243
- 244
- 245
- 246
- 247
- 248
- 249
- 250
- 251
- 252
- 253
- 254
- 255
- 256
- 257
- 258
- 259
- 260
- 261
- 262
- 263
- 264
- 265
- 266
- 267
- 268
- 269
- 270
- 271
- 272
- 273
- 274
- 275
- 276
- 277
- 278
- 279
- 280
- 281
- 282
- 283
- 284
- 285
- 286
- 287
- 288
- 289
- 290
- 291
- 292
- 293
- 294
- 295
- 296
- 297
- 298
- 299
- 300
- 301
- 302
- 303
- 304
- 305
- 306
- 307
- 308
- 309
- 310
- 311
- 312
- 313
- 314
- 315
- 316
- 317
- 318
- 319
- 320
- 321
- 322
- 323
- 324
- 325
- 326
- 327
- 328
- 329
- 330
- 331
- 332
- 333
- 334
- 335
- 336
- 337
- 338
- 339
- 340
- 341
- 342
- 343
- 344
- 345
- 346
- 347
- 348
- 349
- 350
- 351
- 352
- 353
- 354
- 355
- 356
- 357
- 358
- 359
- 360
- 361
- 362
- 363
- 364
- 365
- 366
- 367
- 368
- 369
- 370
- 371
- 372
- 373
- 374
- 375
- 376
- 377
- 378
- 379
- 380
- 381
- 382
- 383
- 384
- 385
- 386
- 387
- 388
- 389
- 390
- 391
- 392
- 393
- 394
- 395
- 396
- 397
- 398
- 399
- 400
- 401
- 402
- 403
- 404
- 405
- 406
- 407
- 408
- 409
- 410
- 411
- 412
- 413
- 414
- 415
- 416
- 417
- 418
- 419
- 420
- 421
- 422
- 423
- 424
- 425
- 426
- 427
- 428
- 429
- 430
- 431
- 432
- 433
- 434
- 435
- 436
- 437
- 438
- 439
- 440
- 441
- 442
- 443
- 444
- 445
- 446
- 447
- 448
- 449
- 450
- 451
- 452
- 453
- 454
- 455
- 456
- 457
- 458
- 1 - 50
- 51 - 100
- 101 - 150
- 151 - 200
- 201 - 250
- 251 - 300
- 301 - 350
- 351 - 400
- 401 - 450
- 451 - 458
Pages: