Important Announcement
PubHTML5 Scheduled Server Maintenance on (GMT) Sunday, June 26th, 2:00 am - 8:00 am.
PubHTML5 site will be inoperative during the times indicated!

Home Explore BMKN (Abdullaeva)

BMKN (Abdullaeva)

Published by Maxsud Mannanov, 2023-01-17 05:51:25

Description: BMKN (Abdullaeva)

Keywords: BMKN (Abdullaeva)

Search

Read the Text Version

1. ФОТИҲА СУРАСИ Маккада нозил бўлган, 7 оятдан иборат. Қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳнинг паноҳини сўрайман. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман. 1. Барча мақтовлар оламлар Парвардигори Аллоҳгадир. 2. У меҳрибон, раҳмлидир. 3. Жазо кунининг Эгасидир. 4. «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз; 5. Бизларни тўғри йўлга бошла; 6. Сен инъом этган зотларнинг йўлига; 7. ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас». 2. Бақара сураси Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф, лаам, мийм. 2. Бу Китоб шубҳадан холидир, Аллоҳдан қўрқувчилар учун тўғри йўлдир. 3. Улар ғойибона имон келтирадиган, намозларини тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берганларимиздан эҳсон қиладиганлардир. 4. (Эй Муҳаммад), улар сизга ва сиздан олдингиларга туширилган нарсаларга имон келтиришади ҳамда охиратга аниқ ишонишади. 5. Ана шулар Парвардигорлари йўлидадирлар ва ана шулар нажот топувчилардир. 6. Куфр йўлини тутганларни қўрқитинг ё қўрқитманг, улар барибир имон келтиришмайди. 7. Аллоҳ уларнинг диллари ва қулоқларига муҳр урган, кўзларини эса парда қоплаган, уларга қаттиқ азоб бордир. 8. Баъзи инсонлар борки, улар: «Бизлар Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишондик», дейишади, ҳолбуки улар мўмин эмаслар. 9. Улар Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўлишади, ваҳоланки, ўзлари сезмаган ҳолда ўзларини алдашади. 10. Уларнинг дилларида касаллик бор, Аллоҳ уларнинг касалини янада кучайтирди ва ёлғон гапиришгани учун уларга аламли азоб бордир. 11. Агар уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар» дейилса, «Бизларгина тузатувчилармиз» дейишади. 12. Огоҳ бўлингки, айнан уларгина бузғунчилик қилувчилардир, лекин буни сезишмайди.

13. Уларга: «Бошқалар имон келтиргани каби сизлар ҳам имон келтиринглар» дейилса, «Ақлсизлар имон келтиргани каби имон келтирайликми?» дейишади. Огоҳ бўлингки, уларнинг ўзларигина ақлсизлардир, лекин билишмайди. 14. Ва улар мўминлар билан учрашиб қолишганида: «Биз ҳам имон келтирдик», дейишади. Шайтонлари билан холи қолганда эса: «Бизлар албатта сизлар билан биргамиз, уларни фақат масхара қиляпмиз, холос», дейишади. 15. Аллоҳ уларни масхара қилади ва уларнинг саркашликда адашиб юришларига муҳлат беради. 16. Ана шулар тўғри йўл эвазига гумроҳликни сотиб олишди, бу савдолари фойда бермади ва ҳидоят топганлардан ҳам бўлишмади. 17. Улар худди ёққан ўти атрофини энди ёритганида Аллоҳ нурларини ўчириб, ўзини қоронғиликда қолдирган кимсага ўхшаб ҳеч нарсани кўришмайди. 18. Кардирлар, соқовдирлар ва кўрдирлар, энди улар зинҳор қайтишмайди. 19. Улар осмондан ёмғир ёққанида, қоронғилик босганида, момақалдироқ ва чақмоқ бўлганида қаттиқ овоз туфайли ўлишдан қўрқиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб олган одамга ўхшашади. Аллоҳ эса кофирларни ўраб-қамраб олувчидир. 20. Чақмоқ кўзларини олиб қўяй, деди. У ёруғ берса юриб олишади, қоронғи бўлса тўхтаб қолишади. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўз ва қулоқларини олиб қўярди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 21. Эй инсонлар, сизларни ва сиздан олдин ўтганларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилинглар, шундагина тақволилардан бўласизлар. 22. У сизларга Ерни тўшаб, осмонни шифт қилиб берди ва осмондан сув тушириб, сизларга ризқ сифатида турли меваларни ундирди. Билиб туриб ҳам, энди Аллоҳга ҳеч кимни шерик қилманглар. 23. Агар Биз бандамизга туширган нарса хусусида шубҳада бўлсанглар, сизлар ҳам биргина шундай сура келтиринглар ва агар рост айтаётган бўлсанглар, Аллоҳдан ўзга гувоҳларинг бўлса, чақиринглар. 24. Агар бундай қила олмасанглар, ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган, ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзахдан сақланинглар. 25. (Эй Муҳаммад), имон келтирган ва яхши ишлар қилган одамларга хушхабар берингки, уларга остидан анҳорлар оқиб турувчи боғлар бордир. Уларга жаннат меваларидан ризқ қилиб берилганида: «Бу меваларни аввал ҳам еган эдик-ку!» дейишади. Зеро, уларга бир-бирига ўхшаш мевалар ва покиза хотинлар берилади ҳамда улар жаннатда абадий қолишади. 26. Аллоҳ чивин ё ундан каттароқ нарсани мисол қилишдан уялмайди. Мўминлар бу мисолнинг ҳақиқатан Парвардигорлари ҳузуридан эканини билишади. Кофирлар эса: «Бу мисолдан Аллоҳнинг нима мақсади

бор?» дейишади. Аллоҳ бу билан кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳидоятга йўллайди. У бу билан фосиқларнигина залолатга кетказади. 27. Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир. 28. (Эй кофирлар), нега Аллоҳга куфр келтирасизлар? Ҳолбуки бежон эдинглар, У жон берди. Кейин жонингизни олади, яна тирилтиради, сўнгра Унинг ҳузурига қайтариласизлар. 29. (Эй инсонлар), Аллоҳ Ер юзидаги ҳамма нарсани сизлар учун яратган. Кейин осмон тарафга юзланиб, уни етти осмон қилиб ростлади. У ҳамма нарсани билувчидир. 30. Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен ер юзида бир халифа пайдо қилмоқчиман», деганини эсланг. Шунда фаришталар: «Ерда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиганни халифа қиласанми, ҳолбуки биз Сенга ҳамду сано айтиш билан улуғлаймиз ва Сени пок тутамиз-ку!», дейишди. Парвардигорингиз: «Мен сизлар билмаган нарсани биламан», деди. 31. Ва Аллоҳ Одамга ҳамма нарсанинг номини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўпара қилди ва: «Агар рост гапирган бўлсанглар, Менга буларнинг номини айтиб беринглар», деди. 32. Фаришталар: «Эй пок Парвардигор, бизда билдирганингдан бошқа илм йўқ. Сен албатта буюк илм ва ҳикмат эгасисан», дейишди. 33. У деди: «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг номини айтиб бер». Одам уларга ўша нарсаларнинг номини баён қилди. (Аллоҳ таоло) айтди: «Мен сизларга осмонлару Ердаги махфий нарсаларни, сизларнинг яширин ва ошкора қилган амалларингизни биламан, демадимми?». 34. (Эй Муҳаммад), эсланг, Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизда саждага боришди, фақат Иблис мутакаббирлик билан бундан бош тортди ва кофирлардан бўлди. 35. Ва Биз: «Эй Одам, сен ва хотининг жаннатда туринглар, хоҳлаган ерларингизда истаган нарсалардан енглар, фақат бу дарахтга яқин келманглар, унда золимлардан бўласизлар», дедик. 36. Кейин шайтон уларни йўлдан оздирди ва турган жойларидан чиқарди. Ва Биз: «Энди тушинглар, бирингиз бирингизга душмандирсиз, Ерда сизларга маълум муддат фойдаланишингиз учун жой бор», дедик. 37. Кейин Одам Парвардигоридан бир неча сўзни таълим олди, сўнг У зот унинг тавбасини қабул қилди. У албатта тавбаларни қабул қилувчи, ниҳоятда меҳрибондир. 38. Биз: «Ҳаммангиз бу ердан тушинг, Мендан сизларга ҳидоят келганида ким ҳидоятимга эргашса, уларга хавф ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди», дедик. 39. Ва куфр келтирганлар ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, айнан ана шулар дўзахийлардир, улар унда абадий қолишади. 40. Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонимни эсланглар ва Менга берган аҳдларингга вафо қилинглар. Мен ҳам сизларга берган аҳдимдаман ва Мендангина қўрқинглар.

41. Ва ўзингиздаги нарсани тасдиқ этувчи қилиб туширган Китобимга имон келтиринглар ва унга биринчи куфр келтирувчи бўлманглар. Оятларимни арзонга сотманглар ва Мендангина қўрқинглар. 42. Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва Ҳақни била туриб яширманглар. 43. Намозни адо этинглар, закотни беринглар ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилинглар. 44. Одамларни яхшиликка буюриб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, Китоб тиловат қиласизлар. Нега тушунмайсизлар? 45. Сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар. Ва албатта намоз ўзларини ҳоксор тутувчилардан бошқаларга жуда қийин ишдир. 46. Улар албатта Парвардигорларига рўпара бўлишларини, Унга қайтишларини аниқ билишади. 47. Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонимни ва яна сизларни бутун олам аҳлидан афзал қилганимни эсланглар. 48. Бирор жон бошқа бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимнинг шафоати қабул қилинмайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган ва ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар. 49. Ва ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдирган ва сизларга ёмон азоб берган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар. Ана шу ишларда Парвардигорингиздан катта имтиҳон бор эди. 50. Ва денгизни ёриб, сизларни қутқарганимизни, кўз ўнгингизда Фиръавн одамларини ғарқ қилганимизни ҳам эсланглар. 51. Биз Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимизни, у кетгач золим бўлган ҳолингизда бузоққа сиғинганларингизни эсланглар. 52. Сўнг шундан кейин шояд шукр қилсанглар, деб сизларни афв этдик. 53. Ҳидоят топишингиз учун Биз Мусога Китоб ва Фурқонни берганимизни эсланглар. 54. Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, бузоққа сиғиниб, ўзларингга жабр қилдинглар, энди бир-бирингизни ўлдириш билан Яратувчингизга тавба қилинглар. Шундай қилганингиз Яратувчи ҳузурида сизларга яхшироқдир» деганини эсланглар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло тавбаларингизни қабул қилди, У албатта кечирувчидир, раҳмлидир. 55. «Эй Мусо, Аллоҳни аниқ кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз» деб қараб турганларингизда сизларни яшин урганини ҳам эсланглар. 56. Кейин шояд шукр қилсангизлар, деб ўлганингиздан сўнг қайта тирилтирдик. 57. Ва булутни устингизга соябон қилдик, сизларга манна ва салвани туширдик: «Сизларга ризқ қилиб берганларимизнинг покизасини енглар». Бизга зулм қилишмади, ўзларигагина зулм қилишди. 58. «Ушбу шаҳарга (Қуддусга) киринглар ва унинг хоҳлаган ерида бемалол еб-ичинглар ва дарвозадан сажда қилган ҳолларингда «авф қил» деб киринглар. «Биз хатоларингизни мағфират этамиз ва яхшилик қилувчиларга зиёда қиламиз» деганимизни эсланглар.

59. Золимлар айтилган сўзни бошқасига алмаштиришди. Шунда бузғунчиликлари сабабидан золимлар устига осмондан бало ёғдирдик. 60. Эй Бани Исроил, Мусо қавми учун сув сўраганида: «Ҳассангни тошга ур» деганимизни эсланглар. Шунда ўн икки чашма отилиб чиқди ва барча одам ўз сувхонасини билиб олди. «Аллоҳ таоло берган ризқдан еб- ичинглар, Ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар» деб айтдик. 61. «Эй Мусо, бир хил таомга сабр қила олмаймиз, Парвардигорингга илтижо қил, бизларга ерда унадиган нарсалардан - сабзавот, тарра-бодринг, саримсоқ, мош, пиёзлардан чиқариб берсин» деганингизни эсланглар. Мусо: «Яхши нарсани паст нарсага алиштирасизми, бирор шаҳарга тушинг, сўраган нарсаларингизни топасиз», деди. Уларга хорлик-муҳтожлик туширилди ва Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди. Бу, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига куфр келтиришгани, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришгани учундир. Бу, итоатсизлик қилиб, ҳаддан ошишгани учундир! 62. Имон келтирганлар, яҳудийлар, насронийлар ва собиийлардан қай бирлари Аллоҳга, қиёмат кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида албатта мукофот бордир, уларга хавф ҳам йўқдир, ғамгин ҳам бўлишмайди. 63. Аҳд-паймонларингизни олганимизни, тепангизга Турни кўтариб: «Биз сизларга берган Китобга қаттиқ амал қилинглар ва ундаги ҳукмларни ёдда тутинглар, шояд тақводор бўлсангиз», деганимизни эсланглар. 64. Кейин аҳдларингдан қайтдинглар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида албатта зиёнкорлардан бўлардингиз. 65. Шанба ҳақида тажовузга борганлар сизларга маълум, Биз уларга: «Хор ва расво маймунга айланинглар», дедик. 66. Биз буни замондошларига, ундан кейингиларга ва тақволи кишиларга ибрат қилдик. 67. Эсланг, Мусо қавмига: «Аллоҳ таоло сизларга бир сигир сўйишни буюрди» деганида улар: «Сен бизни мазах қиляпсанми?» дейишди. Мусо: «Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан Аллоҳ асрасин», деди. 68. Улар: «Парвардигорингга илтижо қил, бизга унинг қандайлигини билдирсин», дейишди. «У Зот: «Қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, ўртача бир сигир», деяпти, бас, сизга буюрилганини бажаринглар», деди. 69. Улар: «Парвардигорингга илтижо қил, бизга унинг ранги қандайлигини баён этсин», дейишди. «У Зот кўрганларнинг кўзини қувонтирадиган тўқ сариқ рангли сигир», деяпти», деди. 70. Улар: «Парвардигорингга илтижо қил, унинг қандай бўлишини билдирсин, сигирлар бир-бирига ўхшаш кўринмоқда, бизлар, Худо хоҳласа, тўғри йўлни албатта топамиз», дейишди. 71. (Мусо): «У зот: ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, нуқсонсиз, ҳеч қандай доғ-дуғи йўқ бир сигир» деяпти», деди. Улар: «Энди тўғри гапирдинг», дейишди. Кейин улар шундай сифатли сигирни топиб, уни сўйишди. Ваҳоланки, бу ишни амалга ошира олмасликларига сал қолган эди.

72. Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақда жанжаллашганингизни эсланглар. Аллоҳ яширган нарсангизни ошкор қилувчидир. 73. Шунда: «Уни сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», дедик. Аллоҳ ўликларни шундай тирилтиради. Шоядки тушунсанглар, деб сизларга Ўз қудрати белгиларини кўрсатади. 74. Шундан кейин қалбларингиз янада қаттиқлашиб, тошдан ҳам қотиб кетди. Ҳолбуки баъзи тошлардан анҳорлар оқиб чиқади, баъзиси ёрилиб, ундан сув чиқиб туради, баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулаб кетади. Аллоҳ амалларингиздан ғофил эмасдир. 75. (Эй мусулмонлар), уларнинг сизларга ишонишларидан умид қиляпсизларми? Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб- тушунгандан кейин ҳам билатуриб ўзгартирар эди-ку?!. 76. Ва мўминлар билан учрашиб қолишса: «Имон келтирдик» дейишарди. Ўзлари холи қолишганда эса: «Улар Парвардигорингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида уларга гапиряпсизларми, ақлни ишлатмайсизларми?» дейишар эди. 77. Аллоҳ уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билиб туришини билишмасмикин? 78. Улар орасида саводсиз, Китобдан бехабар, фақат ёлғон орзуларга берилиб, гумон қиладиганлари бор. 79. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнг бир оз қийматини ошириш учун уни «Бу Аллоҳ ҳузуридандир» дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга ёзганлари сабабидан ҳалокат бўлсин, топган фойдалари сабабидан ҳалокат бўлсин! 80. (Яҳудийлар): «Бизни жаҳаннам ўти бир неча кунгина тегади, холос», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳ аҳдини бузмайди, деб Аллоҳдан аҳд олганмисизлар ёки билмаган нарсаларингизни Аллоҳ номидан сўзлаяпсизларми?!» денг. 81. Йўқ! Ким ёмонлик қилган бўлса ва ёмонлиги уни ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади. 82. Имон келтириб, яхши амалларни қилувчилар жаннатийлардир ва унда абадий қолишади. 83. Бани Исроилдан: «Фақат Аллоҳга сиғинасизлар, ота-онага, қариндошларга, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар, одамларга ширинсўз бўлинглар, намозни адо этинглар ва закотни беринглар», деб аҳд олган эдик. Кейин озчиликдан бошқаларингиз юз ўгириб кетдинглар. 84. Сизлардан: «Ўзаро қон тўкмайсизлар ва бир-бирингизни ватанидан бадарға қилмайсизлар» деб аҳд олган эдик. Кейин иқрор бўлиб, гувоҳлик ҳам бергансизлар. 85. Лекин кейинчалик ўз кишиларингизни ўлдиряпсиз, баъзи гуруҳларни ватанидан чиқаряпсиз, гуноҳ ва зулм билан уларнинг душманларига ёрдам беряпсиз. Агар сизларга асирлар келса, уларни товон билан қутқариб оласизлар. Ҳолбуки уларни чиқариб юбориш ҳаром эди. Ёки китобингизнинг баъзи жойига имон келтириб, баъзисини инкор қиласизларми? Сизлардан бундай иш қилганларга дунёда хорлик ва

расволик, қиёмат кунида қаттиқ азоб бўлади. Аллоҳ қилмишларингиздан ғофил эмасдир! 86. Ана ўшалар дунё ҳаётини охират эвазига сотиб олувчилардир, шундай экан, уларнинг азоби енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам қилинмайди. 87. Ҳақиқатан Мусога Китоб бердик ва ортидан пайдар-пай пайғамбарларни юбориб турдик. Исо ибни Марямга очиқ мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас Руҳ билан қўлладик. Қачонгача бир пайғамбар сизларга ёқмайдиган бирор ҳукмни келтирса, кибр қиласизлар, бировини ёлғончига чиқариб, бошқасини ўлдирасизлар? 88. Улар: «Қалбларимиз берк», дейишади. Аслида Аллоҳ куфрлари сабабли уларни лаънатлаган, шунга биноан уларнинг имонлилари оз. 89. Қачон уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагини тасдиқловчи Китоб келганида олдин шу Китобдан кофирларга қарши ёрдам кутиб юришган эди. Ўзларига таниш нарса келганида эса, уни инкор қилишди. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! 90. Улар Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганига фазлидан юборганига ҳасад қилиб, Аллоҳ туширган нарсага куфр келтиришдек жуда ёмон нарса эвазига жонларини сотишди. Шунда ғазаб устига ғазабга гирифтор бўлишди. Кофирларга хўрловчи азоб муқаррардир. 91. Агар уларга: «Аллоҳ туширган нарсага имон келтиринглар» дейилса, «Биз ўзимизга туширилган нарсага имон келтирамиз» деб, ўз китобларини тасдиқлаб келган Ҳақ Китобни инкор қилишади. (Эй Муҳаммад): «Агар мўмин бўлсангиз, нега олдин Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирдинглар?» денг. 92. Ва Мусо сизларга очиқ ҳужжат келтирди, сизлар эса у йўқлигида золимлардан бўлиб бузоққа сиғиндингиз. 93. Сизлардан аҳд олиб, тепангизга Тур тоғини кўтариб: «Биз сизларга берган Китобни маҳкам тутинглар ва эшитинглар» деганимизни эсланглар. Улар: «Эшитдик, аммо итоат қилмадик», дейишди. Куфрлари сабабидан қалбларига бузоқ муҳаббатини солдик. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Агар мўмин бўлсангиз, «имон»ларингиз буюрган нарса бунчалик ёмон-а!». 94. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги охират диёри бошқалар қолиб ёлғиз сизларники саналса, ростгўй бўлсангизлар, ўзингизга тезроқ ўлим тиланглар». 95. Улар қилмишлари сабабли ҳаргиз-ҳаргиз ўлимни орзу қила олишмайди. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир! 96. (Эй Муҳаммад), уларнинг ҳаётга мушриклардан ҳам кўпроқ ҳирс қўйганини биласиз. Уларнинг ҳар бири минг йил умр кўришни хоҳлайди, ҳолбуки узоқ умр ҳам уларни Аллоҳнинг азобидан қутқаролмайди. Аллоҳ уларнинг ҳар бир кирдикорини кўриб туради. 97. Жаброилга душман бўлганларга: «Албатта у Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги Китобларни тасдиқлайдиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни туширди-ку!», деб айтинг. 98. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, Аллоҳ ҳам бундай кофирларнинг душманидир.

99. Ҳақиқатан Биз сизга очиқ оятларни туширдик, уларни фақат фосиқларгина инкор этишади. 100. Ҳар гал улар аҳдлашса, бошқа бир гуруҳи уни бузаверадими? Аслида уларнинг аксари имон келтирмайди. 101. Уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагиларни тасдиқлаб Пайғамбар келганида Аҳли китобларнинг бир гуруҳи Аллоҳ Китобини билмагандек ортларига отишди. 102. Ва улар Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар ўқиган нарсага эргашиб кетишди. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр ўргатишгани учун шайтонлар кофир бўлишди ҳамда Бобил шаҳрида Ҳорут ва Морут исмли икки фариштага тушган нарсага эргашишди. Ҳолбуки иккови: «Бизлар синовмиз, яна кофир бўлиб қолма» демай туриб ҳеч кимга сеҳр ўргатмас эди. Икковидан эр-хотин орасини бузишни ўрганишарди, ваҳоланки, улар Аллоҳ изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олишмайди. Улар ўзларига зарарли ва бефойда нарсани ўрганишади. Ахир уни алмаштирганга охиратда насиба йўқлигини билишади-ку! Насибаларини нақадар ёмон нарсага сотиб юборишганини билишмасмикин?! 103. Агар улар билишса, имон келтириб, Аллоҳдан қўрқишганида Аллоҳ ҳузуридаги савоблари яхшироқ эди. 104. Эй имон келтирганлар, «роина» деманглар, «унзурна» денглар ва яхшилаб тингланглар, кофирлар учун оғир азоблар бордир. 105. Аҳли китобларнинг кофирлари ва мушриклар Парвардигорингиздан сизларга бирор яхшилик тушишини асло исташмайди. Аллоҳ хоҳлаган бандасига раҳматини хослаб беради ва Аллоҳ буюк фазл эгасидир. 106. (Эй Муҳаммад), бирор оятни мансух қилсак ё унуттирсак, унинг ўрнига ундан яхшироғини ё унга баробарини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмадингизми? 107. Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулки эканини ҳамда сизларга Аллоҳдан ўзга дўст ва мададкор йўқлигини билмадингизми? 108. (Эй маккаликлар), сизлар ҳам Пайғамбарингиздан илгари Мусодан савол қилинганни сўрамоқчимисизлар? Ким имонни куфрга алишса, тўғри йўлдан озиши муқаррардир. 109. Аҳли китобларнинг кўплари ҳасадлари туфайли Ҳақ аниқ билинганига қарамай, имонли бўлганингиздан кейин сизларни яна кофир қилмоқчи бўлишади. Аллоҳ ҳукмини юборгунча уларни афв этинглар ва кечиринглар. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 110. Намозни адо қилинглар ва закотни беринглар. Ўзингизга нима яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳ ҳузуридан топасизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингни албатта кўриб турувчидир. 111. Улар: «Яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди», дейишади. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад): «Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжатингизни келтиринглар», денг. 112. Шундай, ким юзини Аллоҳга буриб, яхшиликлар қилса, унинг мукофоти Парвардигори ҳузуридадир. Уларга хавф-хатар ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди.

113. Яҳудийлар: «Насронийлар тўғри йўлда эмаслар», дейишади. Насронийлар эса: «Яҳудийлар ҳақ йўлда эмаслар», дейишади. Ҳолбуки улар Китоб ўқишади. Шунингдек, илмсизлар ҳам уларнинг гапини қайтаришади. қиёмат куни улар ўртасидаги тортишувни Аллоҳ ажрим қилади. 114. Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр қилинишидан қайтарадиган ва уларни хароб қилишга уринадиганлардан ҳам золимроғи борми? Бундайлар фақат қўрққан ҳолларидагина масжидларга киришлари керак эди. Уларга дунёда шармандалик, охиратда қаттиқ азоб бордир. 115. Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир, демак қаёққа юзлансангиз ҳам Аллоҳни топасиз. Аллоҳ албатта кенг қамровли ва билимлидир. 116. «Аллоҳнинг фарзанди бор», дейишади. Аллоҳ бундан покдир! Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Унинг мулкидир, ҳамма Унга бўйсунувчидир. 117. У осмонлару Ернинг яратувчисидир, бирор ишни қилмоқчи бўлса, фақат «Бўл!» дейди, шунда бўлади. 118. Жоҳил кимсалар: «Аллоҳ биз билан сўзлашса эди ё Ундан бир далил келса эди», дейишади. Булардан олдингилар ҳам уларникидай гап айтишган эди, диллари бир-да! Биз оятларни чиндан ишонувчиларга баён қилганмиз. 119. (Эй Муҳаммад), Биз сизни Ҳақ билан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз. Дўзахийлар хусусида сиздан сўралмайди. 120. Яҳудийлар ва насронийлар динларига кирмагунингизча асло сиздан рози бўлишмайди. «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқийдир!», денг. Қасамки, агар сизга ҳужжат келганидан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига кўнсангиз, Аллоҳ тарафидан дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам бўлмайди. 121. Биз Китоб берганлар унинг ҳаққини адо этиб ўқишади, ўшалар имон келтиришади. Ким уни инкор қилса, ана шулар зиёнкорлардир. 122. Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматларимни ва сизларни оламлар узра афзал қилиб қўйганимни эсланглар. 123. Ҳеч ким бошқа бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган, ҳеч кимга шафоат фойда бермайдиган, ёрдам кўрсатилмайдиган Кундан қўрқинглар. 124. Эсланг, Парвардигори Иброҳимни бир неча сўзлар билан синаганида, уларни бажо қилди. Шунда У: «Сени одамларга йўлбошчи қиламан», деди. «Зурриётимдан ҳамми?» деди у. Аллоҳ: «Менинг аҳдим золимларга тааллуқли эмас!» деди. 125. Эсланг, Байтуллоҳни инсонлар тўпланадиган ва омонлик жойи қилиб бердик: «Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар». Иброҳим ҳамда Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, эътикофдагилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун покланглар», деб буюрдик. 126. Иброҳимнинг: «Парвардигорим, буни омонлик шаҳри қилгин ва Аллоҳга, охиратга имон келтирган аҳлини турли мевалар билан ризқлантир» деганини эсланглар. Аллоҳ: «Ким куфр келтирса, уни бироз

фойдалантираман-да сўнгра дўзах азобига дучор қиламан, у ниҳоятда ёмон жойдир», деди. 127. Иброҳим билан Исмоил Каъба деворини кўтараётиб: «Эй Парвардигоримиз, биздан ушбуни қабул қил, Сенгина эшитувчи ва билувчисан», деганини эсланглар. 128. «Эй Парвардигоримиз, бизни Ўзингга янада бўйсунганлардан, зурриётларимизни ҳам итоатгўйлардан қил, ибодат йўлларини кўрсат ва тавбаларимизни қабул айла! Сен тавбаларни албатта қабул қилувчи меҳрибон Зотсан!». 129. «Эй Парвардигоримиз, уларга ўзларидан бўлган, оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Ҳақиқатан қудрат ва ҳикмат Сендадир!». 130. Иброҳимнинг динидан ўз қадрини билмайдиган енгилтакларгина юз ўгирадилар. Биз дунёда Иброҳимни танлаб олганмиз, охиратда ҳам у солиҳлардан бўлур. 131. Парвардигори унга: «Бўйсун!» деганида у: «Оламлар Парвардигорига бўйсундим» деганини эсланглар. 132. Иброҳим буни ўғилларига ва шунингдек, Яъқуб ҳам васият қилиб: «Эй ўғилларим, Аллоҳ сизларга шу динни танлади, мусулмон бўлмагунингизча дунёдан ўтмайсиз», деди. 133. Яъқубга ўлим келгач ўғилларига: «Мендан кейин кимга ибодат қиласизлар?» деганида, «Сенинг Илоҳинг, оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг Маъбуди бўлмиш ягона Илоҳга ибодат қиламиз ва Унгагина итоатда бўламиз», дейишганига гувоҳ эмасмидингиз? 134. Улар ўтиб кетган бир умматдир. Уларнинг амаллари ўзларига, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир. Сизлардан уларнинг қилмишлари ҳақида сўралмайди. 135. Улар: «Яҳудий ё насроний бўлинглар, ҳидоят топасизлар», дейишади. (Эй Муҳаммад), «Йўқ, Иброҳимнинг ҳаниф динида бўламиз, у мушриклардан эмас эди», денг. 136. (Эй мўминлар), «Аллоҳга, бизларга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва уларнинг авлодига туширилган нарсага, Мусо ва Исога, бошқа пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга имон келтирдик. Уларнинг ҳеч бирини ажратмаймиз ва Ўзига бўйсунамиз», денглар. 137. Улар ҳам сизлар каби имон келтиришса, тўғри йўлни тутган бўлишади, агар юз ўгиришса, демак сизларга адоватдадирлар. Сизга (эй Муҳаммад), Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У эшитувчи ва билувчидир. 138. «Аллоҳнинг сибғасини қабул қилдик, Аллоҳдан ҳам яхшироқ сибға берувчи борми? Унгагина ибодат қиламиз». 139. (Эй Муҳаммад), уларга: «Биз билан Аллоҳ хусусида тортишасизларми, ҳолбуки У бизнинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бизнинг амалимиз ўзимизга, сизларники ҳам ўзингизга ва биз Унга ихлослимиз», денг. 140. Ёки (эй Бани Исроил), «Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди яҳудий ё насроний эдилар» деяпсизларми? (Эй Муҳаммад): уларга

айтинг: «Сизларми яхши биладиган ёки Аллоҳми? Ўзидаги Аллоҳдан келган шаҳодатни яширган кимсадан ҳам золимроқ ким бор? Аллоҳ қилмишларингиздан ғофил эмас». 141. Улар ўтиб кетган бир умматдир. Уларнинг амаллари ўзларига, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир. Сиздан уларнинг қилмишлари ҳақида сўралмайди. 142. Одамларнинг эси пастлари: «Нима буларни қиблаларидан юз ўгиртирди?» дейишади. «Машриқ ва Мағриб Аллоҳники, Ўзи хоҳлаганларни тўғри йўлга бошлайди», денглар. 143. Шу тариқа сизларни бошқаларга гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун «ўрта бир уммат» қилдик. (Эй Муҳаммад), сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлардан ким Пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик. Бу, гарчи Аллоҳ ҳидоятга бошлаганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ имонларингизни зое қилувчи эмас, Аллоҳ ҳақиқатан одамларга меҳрибон ва раҳмлидир. 144. Гоҳо юзингизни осмонга қаратганингизни кўриб турибмиз. Энди ўзингиз рози бўлган қиблага юзлантирамиз. Юзингизни Масжидул-Ҳаром тарафга буринг! Қаерда бўлсангизлар ҳам юзларингизни у томонга буринглар! Китоб берилганлар бунинг Парвардигорларидан келган Ҳақиқат эканини албатта билишади ва Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир. 145. Қасамки, агар Китоб берилганларга барча далилларни келтирсангиз ҳам улар қиблангизга юзланишмайди, сиз ҳам уларнинг қибласига юзланмайсиз ва уларнинг баъзиси бошқасининг қибласини қабул қилмайди. Қасамки, агар ўзингизга келган ваҳийдан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига эргашсангиз, унда албатта золимлардан бўлиб қоласиз. 146. Биз Китоб берганлар уни худди болаларини танигандек танишади ва улардан бир гуруҳи билатуриб ҳақиқатни яширади. 147. Бу ҳақиқат Парвардигорингиздандир, асло шубҳа қилувчилардан бўлманг. 148. Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор, шундай бўлгач, сизлар яхшиликларга шошилинглар! Қаерда бўлсангизлар ҳам Аллоҳ ҳаммангизни жамлайди, Аллоҳ албатта ҳар нарсага қодирдир. 149. (Эй Муҳаммад), қайси тарафдан чиқсангиз ҳам, юзингизни Масжидул Ҳаромга ўгиринг. Бу Парвардигорингиз тарафидан бўлган ҳақиқатдир ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир. 150. Қай тарафдан чиқсангиз ҳам юзингизни Масжидул-Ҳаромга ўгиринг. (Эй мўминлар), қаерда бўлсангизлар ҳам юзингизни у тарафга буринглар, токи ноинсоф одамларда сизга қарши ҳужжат бўлмасин. Уларнинг золимлари ҳам борки, улардан қўрқманглар, неъматимни тўкис қилиб беришим ва тўғри йўлда бўлишинглар учун Мендангина қўрқинглар. 151. (Эй инсонлар), шунингдек сизларга ўз орангиздан оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, Китоб ва Ҳикматдан таълим берадиган, билмаганларингизни ўргатадиган бир Пайғамбар юбордик.

152. Бас, Мени ёд қилинглар ва Мен ҳам сизларни ёд қилурман, Менга шукр қилинглар ва куфр келтирманглар! 153. Эй имон келтирганлар, сабр ва намоз орқали мадад сўранглар. Аллоҳ албатта сабр қилувчилар биландир. 154. Аллоҳ йўлида ҳалок бўлганларни «ўлик» деманглар, йўқ, улар тирик, лекин сезмайсизлар. 155. Ва Биз сизларни баъзан бироз қўрқинч ва очлик билан, молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад), сабрлиларга башорат берингки; 156. уларга мусибат келганида: «Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз», дейишади. 157. Ана шуларга Парвардигорларидан мағфират ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлардир. 158. Сафо ва Марва ҳақиқатан Аллоҳнинг нишонларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, иккиси орасида бориб-келиши гуноҳ эмас. Ва ким ихлос ила яхшилик қилса, Аллоҳ албатта тақдирловчи ва билувчидир. 159. Биз туширган равшан оятларни ва тўғри йўлни Китобда одамларга очиқ баён қилганимиздан кейин ҳам яширадиганларни Аллоҳ лаънатлайди ва лаънатловчилар ҳам лаънатлашади. 160. Фақат тавба қилгач, ўзларини ўнглаб ҳақиқатни баён қилганларнинг тавбасини қабул қиламан ва Менгина тавбаларни қабул қилувчи, раҳмлиман. 161. Куфрда бўлиб, кофирлигича ўлганлар, шубҳасиз Аллоҳнинг, шунингдек фаришталар, барча инсонларнинг лаънатига учрашади. 162. Бу абадийдир, уларнинг азоби енгиллатилмайди ҳам, уларга муҳлат берилмайди ҳам. 163. Маъбудингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У ниҳоятда раҳмли ва меҳрибондир. 164. Осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундуз алмашинувида, денгизда одамларга керакли нарсалар билан сузаётган кемаларда, Аллоҳ осмондан туширган сув билан ўлик ерни тирилтирганида ва унда турли жониворларни тарқатганида, осмон ва замин оралиғидаги ҳавонинг ўзгаришию булутлар итоатида ақлли одамлар учун ишоратлар бор. 165. Одамлар орасида Аллоҳдан ўзгаларни Унга тенг қилиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар ҳам бор. Мўминларнинг эса Аллоҳга муҳаббатлари ҳаддан зиёдадир. Золимлар азобга рўпара бўлишгач барча куч- қудрат Аллоҳгагина хос эканини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқлигини билишса эди! 166. Ўшанда пешволар ўзларига эргашувчилардан тонишади ва ҳаммалари азобни кўришади, ораларидаги муносабатлар қирқилади. 167. Эргашувчилар: «Кошки қайтишнинг иложи бўлганида улар бизлардан тонганидек, биз ҳам улардан тонардик», дейишади. Аллоҳ уларнинг қилмишларини мана шундай ўзларига армонли кўрсатиб қўяди ва улар дўзахдан асло чиқа олишмайди. 168. Эй инсонлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтонга эргашманглар, чунки у сизларнинг аниқ душманингиздир.

169. У сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка, Аллоҳ хусусида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради. 170. Уларга: «Аллоҳ туширган нарсаларга эргашинглар» дейилса, «Йўқ, ота-бобларимиз қилганларига эргашамиз», дейишади. Ота-боболари ҳеч нарсани тушунмаган ва тўғри йўлда юрмаган бўлса-чи?! 171. Кофирлар худди бақир-чақир қилаётган чўпондан бошқанинг овозини эшитмайдиган ҳайвонларга ўхшайди: улар кар, соқов ва кўрдирлар, тушунишмайди ҳам. 172. Эй имон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангизлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз покиза нарсалардан енглар ва шукр қилинглар. 173. У сизларга ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзганинг номи билан сўйилганларни ҳақиқатан ҳаром қилди. Энди ким ночор қолганида золимлик қилмай, ҳаддидан ошмай еса, гуноҳкор бўлмайди. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир. 174. Аллоҳ туширган Китобдаги нарсани яширганлар ва уни арзонга сотганлар қоринларини фақат оловга тўлдиришади. Қиёмат куни Аллоҳ улар билан сўзлашмайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бордир. 175. Ана шулар ҳидоят эвазига залолатни, мағфират ўрнига жазони сотиб олганлардир. Улар дўзах ўтига шунчалик бардошлими? 176. Бу шунинг учунки, Аллоҳ Китобни ҳақ билан туширган эди, Китоб ҳақида тортишганлар эса, ихтилофда чуқур кетганлардир. 177. Юзингизни машриқ ёки мағрибга буришингизгина яхшилик эмас, Аллоҳга, қиёмат кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, мусофирларга, сўровчиларга, қулларни озод қилишга берадиган, намозни адо қиладиган, закотни берадиган, аҳдлашганда вафо қиладиган, қийинчилик ва муҳтожликда, мусибат етганида сабр қиладиганлар яхшилардир. Ана шулар сиддиқдирлар, ана шулар тақволилардир. 178. Эй имон келтирганлар, ўлдирилганлар учун ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл қасоси сизларга фарз қилинди. Энди ким биродари тарафидан авф этилса, у ҳолда яхшилик билан бўйин эгиб, хунини адо этсин. Бу Парвардигорингиз тарафидан енгиллик ва раҳматдир. Шундан кейин ҳам ким ҳаддидан ошса, унга аламли азоб бордир. 179. Эй оқиллар, сизларга қасосда ҳаёт борки, шояд тийилсангизлар! 180. Бировингизга ўлим келганида мол-дунё қолдираётган бўлса, ота- онасига ва қариндошларига муносиб равишда васият этиш сизларга битилди. Бу тақводорлар зиммасидаги бурчдир. 181. Ким буни эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи ўзига бўлур. Аллоҳ албатта эшитувчи ва билувчидир. 182. Ким васият қилувчининг оғиши ёки гуноҳ бўлишидан қўрқиб орани ислоҳ қилса, унга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ албатта мағфиратли ва раҳмлидир. 183. Эй имон келтирганлар, олдин ўтганларга каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шунда тақводор бўлурсизлар.

184. У саноқли кунлардир, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари саноқни тўлдирсин. Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир. Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингизга яхшидир. 185. Рамазон ойида инсонларга ҳидоят бўлган ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ башорати бўлиб Қуръон туширилган. Ким бу ойга етса рўза тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни бут қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шунда тақводор бўлурсизлар. 186. (Эй Муҳаммад), агар бандаларим Мен ҳақимда сиздан сўрашса, Мен уларга яқинман, дуогўйнинг дуосини ижобат қиламан. Улар ҳам Менга жавоб қилишсин, Менга имон келтиришсин, шояд шунда тўғри йўлга тушишар? 187. Сизларга рўза кечаларида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз. Ўзларингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбаларингизни қабул этиб, афв қилди. Энди уларга яқинлашаверинглар ва Аллоҳ сизларга ёзган нарсани умид қилаверинглар. Субҳда оқ ип қорасидан ажрата олингунича еб- ичаверинглар, сўнгра кечгача рўзаларингизни тўкис қилинглар. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманглар. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларга асло яқинлашманглар. Инсонлар тақво қилишсин, деб Аллоҳ оятларини мана шундай очиқ баён этади. 188. Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар. 189. Сиздан ҳилол ҳақида сўрашади. «Улар инсонлар учун ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», денг. Уйларингизнинг орқа тарафидан келишингиз яхшилик эмас, яхшилик тақводорликдадир. Уйларга эшикларингиздан киринглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар. 190. Сиз билан урушаётганларга қарши Аллоҳ йўлида жанг қилинглар, аммо тажовуз этманглар. Аллоҳ тажовузкорларни асло севмайди. 191. Уларни кўрган жойингизда ўлдиринглар, сизларни чиқаришган жойдан уларни ҳам қувиб чиқаринглар. Фитна қотилликдан ҳам ёмондир. Ўзлари уруш бошламагунча улар билан Масжидул-Ҳаромда жанг қилманглар. Агар сизларга уруш очишса, уларни ҳам ўлдиринглар, кофирларнинг жазоси шудир. 192. Куфрдан қайтишса, Аллоҳ албатта мағфиратли ва раҳмлидир. 193. Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар. Агар тўхташса, золимлардан бошқасига душманлик йўқ. 194. Ҳаром ой ҳаром ойга муқобилдир, ҳаромларда қасос бор. Ким сизларга душманлик қилса, сизлар ҳам шунинг баробарида душманлик қилинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, билингки, Аллоҳ тақводорлар биландир. 195. Аллоҳ йўлида сарф қилинглар ва ўзларингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокатга отманглар. Яхшилик қилинглар, Аллоҳ албатта яхшилик қилувчиларни севади.

196. Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тўкис қилинглар. Агар тўсилсангиз, қодир бўлганингизча қурбонлик қилинглар. Жонлиқ жойига етиб бормагунича бошларингизни қирманглар. Агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирон азият бўлса, у ҳолда ё рўза тутиш ё садақа бериш ёки қурбонлик қилиш билан фидя берсин. Хотиржамлик бўлганида ким умра билан ҳажни бирга адо этолса, муяссар бўлганича ҳадясини берсин. Ким топа олмаса, ҳажда уч кун, қайтганидан кейин етти кун, тугал ўн кун рўза тутсин. Бу аҳли-оиласи Масжидул-Ҳаромда турмаганлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. 197. Ҳаж вақти маълум ойлардир, ким уларда ҳажни қасд этса, ҳаж пайтида шаҳвоний ишлар, гуноҳ ва жанжал-тортишишдан сақлансин. Қандай яхши амал қилсангиз ҳам Аллоҳ билади. Озуқа ғамлаб олинглар, энг яхши озуқа тақводир. Эй оқиллар, азобимдан қўрқинглар! 198. Парвардигорингиздан ризқ талаб қилиш сизларга гуноҳ эмасдир. Арафотдан қайтганингизда Машъарул-Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинглар. Илгари адашганлардан бўлсангиз-да, сизларни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинглар. 199. Сўнгра одамлар тушган ердан тушинглар ва Аллоҳдан мағфират сўранглар. Аллоҳ албатта мағфират қилувчи, раҳмлидир. 200. Маносикларингизни тугатгач, аждодларингиз ёдлаганидек ё ундан ҳам зиёда Аллоҳни ёдланглар. Баъзи одамлар борки, улар: «Эй Парвардигоримиз, бизга шу дунёлигимизни бер», дейишади. Уларга охиратда насиба йўқдир. 201. Ва шундайлар ҳам борки, улар: «Эй Парвардигоримиз, бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар бер ва дўзах азобидан асра», дейишади. 202. Ана ўшаларга қилган ишларидан насиба бор ва Аллоҳ тез ҳисоб- китоб қилувчидир. 203. Саноқли кунларда Аллоҳни ёдланглар. Ким икки кун ичида бажаришга шошилса, унга гуноҳ йўқ, ким кечикса унга ҳам гуноҳ йўқ, бу тақводорлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, албатта Унинг ҳузурида тўпланасизлар. 204. (Эй Муҳаммад), одамлар ичида шундайлари ҳам борки, унинг дунё ҳаётидаги гаплари сизга ажиб туюлади. У Исломга ашаддий хусуматда бўлгани ҳолда дилидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилади. 205. У юз ўгирганидан сўнг Ер юзида бузғунчилик ҳамда экин ва наслларни ҳалок қилиш мақсадида ҳаракат қилади. Аллоҳ эса бузғунчиликни ёмон кўради. 206. Унга «Аллоҳдан қўрқ!» дейилганида ҳам ғурури гуноҳга бошлайверади. Унга жаҳаннам кифоядир, у ниҳоятда ёмон жойдир. 207. Одамлар орасида Аллоҳ розилиги учун жонларигача тикадиганлари ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир. 208. Эй имон келтирганлар, Исломга тўлиғича киринглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у очиқ душманингиздир. 209. Агар сизларга равшан ҳукмлар келганидан кейин ҳам тойиб кетсангизлар, билингларки, Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат эгасидир.

210. Наҳотки улар фақат Аллоҳнинг ҳамда фаришталарнинг булутлар соясида олдиларига келишини ва ишнинг тугашини кутишаётган бўлса?! Барча ишлар Аллоҳга қайтажакдир. 211. Бани Исроилдан уларга қанчалаб очиқ далилларни берганимизни сўранг. Ким Аллоҳ неъматлари келганидан кейин уларни ўзгартирса, Аллоҳ албатта қаттиқ жазо берувчидир. 212. Кофирларга дунё ҳаёти зийнатлаб қўйилди, улар мўминларни масхара қилишади. Ҳолбуки тақводорлар қиёмат куни улардан устундир. Аллоҳ хоҳлаганига беҳисоб ризқ берур. 213. Инсонлар бир миллат эдилар. Кейин Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди, уларга одамлар орасидаги ихтилофлар ҳақида ҳукм қилиш учун ҳақ Китобни туширди. Очиқ-ойдин ҳужжат келганидан кейин ҳам Китоб берилганлар ҳадларидан ошиб, равшан оятлар ҳақида талашиб-тортишишди. Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни тортишган нарсаларида ҳидоятга йўллади. Аллоҳ хоҳлаган бандасини тўғри йўлга ҳидоят қилади. 214. Ёки илгари ўтганларга келган нарса сизларга келмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйлаяпсизларми? Уларга бало ва мусибат етиб, шундай ларзага тушишдики, ҳатто Пайғамбар ва мўминлар: «Аллоҳнинг ёрдами қачон келаркин?» дейишди. Ҳа, огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами албатта яқиндир! 215. (Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, «Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади», денг. 216. Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз этилди. Ёқтирмаган нарсангизда сизларга яхшилик бўлиши мумкин, ёқтирган нарсангизда эса сизларга ёмонлик бўлиши мумкин. Аллоҳ билганини сизлар билмайсизлар. 217. Сиздан ҳаром ойдаги жанг ҳақида сўрашади. «Ундаги жанг улкан гуноҳдир, Аллоҳ йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул-Ҳаромдан қайтариш, аҳлини ундан қувиб чиқариш эса Аллоҳ ҳузурида бундан ҳам улканроқ гуноҳдир, фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир», денг. Улар қўлларидан келса, динингиздан қайтаргунча сиз билан урушаверишади. Сизлардан ким динидан қайтиб, кофирликда ўлса, унинг амаллари дунё ва охиратда зое кетади. Улар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади. 218. Ҳақиқатан имон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчилар Аллоҳ раҳматини умид қиладилар. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир. 219. Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрашади. «Иккаласида улкан гуноҳ бор ва одамларга бироз манфаати ҳам бор, аммо гуноҳи манфаатидан каттадир», денг. Яна сиздан нималарни эҳсон қилиш ҳақида сўрашади. «Ортиқчасини», денг. Фикр юритишларингиз учун Аллоҳ оятларини шундай баён этади. 220. Булар дунё ва охират ҳақида эди. (Эй Муҳаммад), сиздан етимлар ҳақида сўрашса, «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир», денг. Агар харжда шерик қилиб олсангизлар, улар биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳ

қилувчини ҳам билади. Агар Аллоҳ хоҳлаганида сизларни машаққатга солган бўларди. Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат соҳибидир. 221. Имонга келишмагунича мушрикаларни никоҳингизга олманглар. Гарчи мушрика сизларга манзур бўлса-да, мўмина чўри мушрикадан яхшидир. Мушриклар имонга келишмагунича уларга никоҳлаб берманглар. Гарчи мушрик сизларга маъқул туюлса-да мўмин қул мушрикдан яхшидир. Улар дўзахга чорлашади. Аллоҳ эса изни-иродаси билан жаннат ва мағфиратга даъват қилади, шояд эслатма олишар, деб одамларга оятларини баён этади. 222. Ҳайз ҳақида сўрашса, «У нохуш нарсадир», денг. Ҳайз пайтида хотинларингдан четланинглар, покланмагунларича уларга яқинлашманглар. Покланишса, Аллоҳ буюрган тарафдан уларга келинглар. Аллоҳ ҳақиқатан тавба қилувчиларни севади, ўзини пок тутувчиларни севади. 223. Хотинлар экинзорларингиздир, шундай экан, экинзорингизга хоҳлаган томонидан келаверинглар ва ўзларингиз учун (савобли) ишларни тақдим этинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Унга албатта йўлиқасизлар. (Эй Муҳаммад), мўминларга бундан хушхабар беринг. 224. Аллоҳга ичган қасамларингизни яхшилик, тақво ва одамлар орасини ислоҳ қилишга сабаб қилманглар. Аллоҳ ҳақиқатан эшитувчи ва билувчидир. 225. Аллоҳ қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун жавобгарликка тортмайди, лекин дилларингиз қилган қасам учун жавобгарликка тортади. Аллоҳ албатта кечирувчи, ҳалимдир. 226. Хотинларига яқинлашмасликка қасам ичганларга кутиш тўрт ойдир. Агар қайтишса, Аллоҳ албатта кечирувчи, раҳмлидир. 227. Агар талоқни қасд қилишса, Аллоҳ албатта эшитувчи, билувчидир. 228. Ва талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб уч ҳайз муддатини кутишади. Агар Аллоҳга ва охират кунига ишонишса, бачадонларидаги Аллоҳ яратган нарсани яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ярашишни исташса, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлироқдирлар. Яхшиликда хотинларнинг эркаклар бурчлари баробарида ҳақлари ҳам бор ва эркакларда улардан бир даража устунлик бор. Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир. 229. Талоқ икки мартадир. Кейин яхшиликча ушлаб қолиш ё хурсанд қилиб қўйиб юбориш бор. Сизлар учун уларга берган нарсани қайтариб олиш дуруст эмас. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрганларини бажара олмасликдан қўрқишса, мустасно. Бас, эр-хотиннинг Аллоҳ буюрганларини бажара олмасликларидан қўрқилса, хотин эваз қилиб берган нарсада икковларига гуноҳ йўқ. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларни бузманглар ва ким Аллоҳ чегараларини бузса, ана ўша золимдир. 230. Агар у яна талоқ берса, аёл бундан кейин бошқа эрга никоҳ қилинмагунича унга ҳалол бўлмайди. У (кейинги) эр ҳам талоқ қилсаю, Аллоҳ чегараларида туришларига ишонишса, бир-бирларига қайтишларининг гуноҳи йўқ. Булар Аллоҳнинг билувчи қавмга билдирган чегараларидир.

231. Хотинларингизни талоқ қилганингизда иддалари тугаса, уларни яхшилик билан ушлаб қолинглар ёки яхшиликча жавобини беринглар. Уларга зулм билан зарар етказиш ниятида ушлаб қолманглар. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилган бўлади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил санаманглар. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини, насиҳат учун туширган Китобини ва ҳикматини ёдда тутинглар. Аллоҳдан қўрқинглар ва билингларки, Аллоҳ албатта ҳамма нарсани билувчидир! 232. Хотинларингизни талоқ қилганингизда уларнинг иддалари тугаса, шариатга мувофиқ ўзаро келишишган бўлса, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманглар. Бу насиҳат Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларгадир. Бу сизларга сафолироқ, покликроқдир ва Аллоҳ билганини сизлар билмассизлар! 233. Эмизишнинг тўла-тўкис бўлишини истаган оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизишади. Уларни меъёрида едириш- ичириш ота зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиғи юкланмайди. Боласи туфайли она ҳам, ота ҳам зарар кўрмасин. Меросхўр ҳам шундай. Агар ўзаро келишиб ва маслаҳатлашиб сутдан ажратишни исташса, гуноҳкор бўлишмайди. Агар болаларингизни эмиздирмоқчи бўлсангиз, берадиганингизни яхшиликча тўласангиз, гуноҳ бўлмайди. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Аллоҳ нима иш қилаётганларингизни албатта кўриб турувчидир. 234. Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларингизнинг хотинлари тўрт ойу ўн кун ўзларини интизорда сақлашади. Муҳлатлари тугагач, ўзлари борасидаги қиладиган яхши ишларида сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. 235. У аёлларга ишора билан совчилик қилишларинг ёки буни дилингизда сақлашларингнинг гуноҳи йўқ. Аллоҳ улар ҳақида ўйлашларингни билади. Лекин улар билан яширинча ваъдалашманглар. Яхши гаплар айтсангиз, майли. Иддалари тугамагунича никоҳ боғлашга қасд қилманглар. Англаб олингларки, Аллоҳ дилларингиздагиларни билади. Ундан эҳтиёт бўлинглар, Аллоҳ кечирувчи ва ҳалимдир. 236. Тегинмай ё бирор маҳрини аниқ қилмай туриб хотинларингизни талоқ қилишингизнинг гуноҳи йўқ. Бойларингиз қодирлигига қараб, йўқларингиз қўлидан келганича, уларни манфаатлантиринглар. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир. 237. Агар маҳрини белгилаб қўйган ҳолда тегинмай туриб уларни талоқ қилсанглар, белгиланганининг ярмини берасизлар. Лекин аёл ва никоҳ битими қўлида бўлган киши маҳрни кечиб юборса, бермайсизлар. Кечиб юборишингиз тақвога яқиндир. Ўзаро бир-бирингизга яхшилик қилишни унутманглар, Аллоҳ нима қилаётганларингни кўриб туради. 238. Намозларни, хусусан ўрта намозни эҳтиётланглар. Аллоҳ ҳузурида хушуъ билан туринглар. 239. Агар хавфда бўлсанглар, пиёда ё уловдалигингизда (ўқинглар), бехавотир бўлганингизда эса билмаганларингизни Аллоҳ ўргатганидай Унинг зикрини қилинглар. 240. Вафот этиб, хотинлари қолганларингиз уларга бир йилгача кетмай фойдаланадиган нарсани васият қилишсин. Агар улар чиқиб кетишса

ҳам хотинлар ўзларича қилган яхши ишларда сизларга гуноҳ йўқ. Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат эгасидир. 241. Талоқ қилинган хотинларини меъёрида манфаатлантириш тақводорлар бурчидир. 242. Ақл ишлатишинглар учун Аллоҳ оятларини шундай баён этади. 243. (Эй Муҳаммад), ўлимдан қўрқиб, диёрларидан қочиб чиққан минглаб одамларни кўрмадингизми? Аллоҳ уларга «Ўлинглар!» деди, сўнг уларни тирилтирди. Аллоҳ албатта одамларга фазлу карам қилувчидир, лекин уларнинг кўпчилиги шукр қилмайди. 244. Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ва англангларки, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир. 245. Аллоҳга қарзи ҳасана берувчи бўлса, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтаради. Аллоҳгина ризқларни кам ва мўл қилади. Сизлар Унинг ҳузурига қайтасизлар. 246. (Эй Муҳаммад), Мусодан кейинги Бани Исроил аъёнларини кўрмадингизми? Улар пайғамбарларига: «Бизга бир подшоҳни тайин қилиб бер, шунда Аллоҳ йўлида жанг қилайлик!» дейишди. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, балки урушмассизлар?» деди. Улар: «Диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо бўлгач, Аллоҳ йўлида урушмасмидик!» дейишди. Уларга уруш фарз бўлганида озчиликдан ташқари ҳаммалари бош тортишди. Аллоҳ золимларни билувчидир. 247. Пайғамбарлари уларга: «Мана, Аллоҳ Толутни сизларга подшоҳ этиб тайинлади», деди. Улар: «Биз ундан кўра подшоҳликка ҳақлироқ бўлсак, унинг моли ҳам кўп эмас, қандай қилиб у бизга ҳукмдор бўлсин?!» дейишди. У: «Аллоҳ уни сизларга муносиб билди, илмини ва жисмоний қувватини зиёда қилди, Аллоҳ ҳукмронликни хоҳлаганига беради, Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир», деди. 248. Пайғамбарлари уларга: «Сизларга сандиқнинг келиши Толутнинг подшоҳлигига далилдир, унда Парвардигорингиз ҳузуридан таскин, Мусо ва Ҳорун авлодларидан қолган нарсалар бор, уни фаришталар кўтариб келишади. Агар мўмин бўлсангизлар, бу нарсада албатта бир аломат бор», деди. 249. Толут аскарлари билан чиққач: «Аллоҳ албатта сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади, ким ундан сув ичса, у мендан эмас, қўли билан ҳовучлаб олганлардан ташқари ким ундан тотинмаса, у мендандир», деди. Озчиликдан бошқа ҳаммалари ичишди. У ҳамда у билан имон келтирганлар дарёдан ўтиб олишганидан кейин: «Жолут ва унинг аскарлари билан жанг қилишга қудратимиз етмайди», дейишди. Аллоҳга рўпара бўлишларига ишонганлар: «Аллоҳнинг иродаси билан қанча-қанча озчилик гуруҳлар кўп сонли гуруҳларни енгишган, Аллоҳ албатта сабрлилар биландир», дейишди. 250. Жолут ва унинг аскарларига рўпара бўлишганида: «Парвардигоримиз, бизларга сабр ато эт, қадамларимизни собит қил ва кофирларга қарши зафар бер», дейишди. 251. Аллоҳнинг изни ила уларни енгишди ва Довуд Жолутни ўлдирди. Аллоҳ Довудга салтанат ва ҳикмат берди, Ўзи хоҳлаган нарсаларни ўргатди.

Агар Аллоҳ баъзилар билан баъзиларни даф қилиб турмаса, Ер юзи бузғунчиликка тўларди. Лекин Аллоҳнинг фазли бутун оламлар устидадир. 252. (Эй Муҳаммад), булар Аллоҳ оятларидир, уларнинг ҳақиқатини сизга тиловат қилурмиз ва сиз албатта пайғамбарлардансиз. 253. Булар – пайғамбарлар, улардан баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ сўзлашганлари ҳам, мартабаларини баланд кўтарганлари ҳам бор. Исо ибн Марямга очиқ мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан мададлантирдик. Аллоҳ хоҳлаганида эди, улардан кейингилар ўзларига равшан ҳукмлар келганидан сўнг урушишмас эди. Лекин уларда ихтилоф пайдо бўлди: кимдир имон келтирди, кимдир куфр келтирди. Аллоҳ хоҳлаганида эди, улар урушишмасди, аммо Аллоҳ нимани хоҳласа, шуни қилади. 254. Эй имон келтирганлар, савдо-сотиқ ҳам, дўстлик ва шафоат ҳам бўлмайдиган Кун келмай туриб сизларга ризқ этиб берганимиздан эҳсон қилинглар. Кофирларгина ўзларига зулмкордирлар. 255. Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Самовоту Ердаги бор нарсалар Уникидир. Ҳузурида ҳеч ким Унинг изнисиз қўллай олмайди. У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Ва улар Унинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Курсиси осмонлар ва Ерни ўзида сиғдира олур. Иккисини ҳимоятида сақлаб туриш Унга оғир келмайди. У энг юксак ва буюкдир! 256. Динда мажбурлаш йўқдир. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Ким тоғутни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, у ҳақиқатан ниҳоятда мустаҳкам бир тутқични ушлаган бўлади. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. 257. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир, уларни зулматдан нурга чиқаради. Кофирларнинг улфати эса тоғутлардир, уларни нурдан зулматга чиқаради. Ана шулар дўзахийлардир, улар унда абадий қолажаклар! 258. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ подшоҳлик бергани сабабли Иброҳим билан Парвардигори ҳақида тортишган кимсани кўрмадингизми? Иброҳим: «Менинг Парвардигорим тирилтиради ва ўлдиради» деганида у: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Аллоҳ қуёшни албатта шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар-чи!» деди. Шунда кофир довдираб қолди. Аллоҳ золимларни ҳидоятга бошламайди. 259. Ёки таг-туги билан вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётганни кўрмадингизми? У: «Аллоҳ бу харобани қандай жонлантираркин?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнг тирилтириб: «Қанча ётдинг?» деди. У: «Бир кун ё ундан ҳам озроқ ётдим», деди. «Йўқ, юз йил ётдинг, таом ва ичимлигингга қара, бузилмаган, энди эшагингни кўр. Бу сени одамларга ибрат қилиш учун. Суякларни қандай тиклаб, уларга гўшт қоплашимизни кўр», деди. Булар аниқ бўлгач: «Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини билдим», деди. 260. Иброҳим: «Эй Парвардигорим, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат!» деганида, У: «Ишонмадингми?» деганини эсланг. У: «Ишондим, лекин дилим хотиржам бўлиши учун», деди. Аллоҳ: «Тўртта қушни олдингга тўпла-да, уларни бўлаклаб, ҳар бўлагини турли тоғларга

жойла, кейин уларни чақирсанг, тезда олдингга келишади ва билки, Аллоҳ албатта қудратли ва ҳикматлидир», деди. 261. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли биргина дондан етти бошоқ чиқиб, ҳар бирида юзтадан дон бўлгани кабидир. Аллоҳ хоҳлаганига кўпайтириб беради. Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир. 262. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнг харжлаганлари ортидан миннат ва азият етказмайдиганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди. 263. Яхши гап ва кечириш эса ортидан озор келадиган садақадан яхшироқ. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир. 264. Эй имон келтирганлар, молини одамларга кўз-кўз қилиш учун сарфлайдиган, Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирмайдиганларга ўхшаб садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманглар. Улар худди устини тупроқ босган, аммо жала қуйиши билан яланғочланиб қолган силлиқ тошга ўхшашади. Улар топганларидан ҳеч нарсага эга бўлишмайди ва Аллоҳ кофирларни ҳидоятга йўлламайди. 265. Молларини Аллоҳ розилигини топиш ва дилларидаги ишончни мустаҳкамлаш учун сарфлайдиганлар жала ёғса, меваси икки баравар кўпаядиган адирдаги боққа ўхшашади. Агар жала бўлмаса, шивалаб ёққан ёмғирга яраша (ҳосил) бўлаверади. Аллоҳ қилмишларингизни албатта кўриб туради. 266. Бирор киши остидан анҳорлар оқиб турувчи хурмозор ва узумзори, турли мевалар мўл-кўл боғи бўлсаю, ўзи кексайиб, нотавон зурриёдлар билан қолганида боғига олов сели ёғилиб, ёниб битишини хоҳлайдими? Тафаккур қилармикинсизлар, деб Аллоҳ оятларини шундай баён этади. 267. Эй имон келтирганлар, касб билан топганингизнинг покизасидан ва сизларга ердан чиқариб берганларимизнинг яхшисидан эҳсон қилинглар. Эҳсон учун ўзингиз ҳам жирканиб, олмайдиган ёмонларини танламанглар ва билингларки, Аллоҳ албатта беҳожат ва мақтовга лойиқдир. 268. Шайтон сизларга фақирлик ваъда қилади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга Ўз мағфирати ҳамда фазлини ваъда қилади ва Аллоҳ кенг қамровли, билувчидир. 269. У хоҳлаганига ҳикмат беради, кимга ҳикмат берилган бўлса, унга кўп яхшиликлар берилганидир. Бундан фақат оқилларгина ибрат олишади. 270. Қилган нафақа ва садақаларингизни Аллоҳ албатта билади ва золимлар учун ҳеч қандай ёрдам йўқдир. 271. Садақаларингизни ошкора берганингиз яхши, агар уни камбағалларга яширинча берсангиз ўзларингизга янада яхшидир, бу гуноҳларингизни ювади. Аллоҳ барча қилмишларингиздан хабардордир. 272. (Эй Муҳаммад), уларнинг ҳидояти зиммангизда эмас, лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ҳидоятга йўллайди. Қилган эҳсонларингиз ўз фойдангизгадир. Фақат Аллоҳ розилигини топиш учун эҳсон қилинг, шунда яхшиликларингиз сизга зулм қилинмай тўлалигича қайтарилади. 273. Хайр-эҳсонлар ўзларини Аллоҳ йўлига батамом бағишлаб, тирикчилик йўлида сафар қилолмайдиган камбағалларгадир. Иффатлари

сабабли билмаганлар уларни бой деб ўйлашади. Уларни сиймоларидан, хиралик билан тиланмасликларидан танийсиз. Қилган яхшилик ва эҳсонларингизни Аллоҳ албатта билади. 274. Молларини Аллоҳ йўлида кечаю кундуз, яширину ошкора эҳсон қиладиганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди. 275. Фоиз ейдиганлар гўё шайтон ўраб олиб ҳушидан кетказгандек мажнунсифат туришади. Бундай бўлишлари «тижорат ҳам фоизга ўхшаш-ку» деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Ким Парвардигори насиҳати келиши билан тўхтатса, унинг аввалги ишлари Аллоҳга ҳавола, ким яна судхўрликка қайтса, ана шулар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади. 276. Аллоҳ фоизнинг баракасини йўқ қилади, садақаларникини кўпайтиради ва Аллоҳ ҳеч бир кофир, гуноҳкорни яхши кўрмайди. 277. Имон келтирган, яхши амаллар қилган, намозини адо этиб, закотни берганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди. 278. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва агар имонли бўлсанглар, фоизнинг сарқитини ҳам тарк қилинглар. 279. Мабодо бундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расулидан уруш очилади. Тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизда қолади. Золим бўлмасангиз, сизларга ҳам зулм қилинмайди. 280. Агар қарздорнинг қўли қисқа бўлса, бойигунича муҳлат беринглар. Билсангиз, садақа қилишингиз ўзингизга яхшидир. 281. Аллоҳ ҳузурига қайтиладиган кундан қўрқинглар. Кейин ҳар бир жонга қилмишига яраша берилади ва уларга зулм қилинмайди. 282. Эй имон келтирганлар, маълум бир муддатга ўзаро қарз муомаласи қилсанглар, уни ёзинглар, ораларингиздан бир котиб инсоф билан ёзиб қўйсин. Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидай ёзишдан тортинмасин ва қарз олган айтиб турсин: у Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин ва олганидан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар қарз олувчи ақли паст, нотавон ё айтиб беришга лаёқатсиз бўлса, ҳомийси тўғри ёздирсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзларингизга маъқул бир эр, икки аёл гувоҳ бўлсин. Икковидан бири унутса, бошқаси эсига солади. Гувоҳлар чақирилганида рад этишмасин. Хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, муомалани муҳлатигача ёзишдан эринманглар. Бу, Аллоҳ ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликнинг тўғрироғи ва шубҳаланмаслигингизга яқинроқдир. Агар ораларингда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам сизларга гуноҳ бўлмайди. Олди-сотди қилганингизда орага гувоҳ қўйинглар. Котиб ва гувоҳга зарар етмасин. Агар бундай қилмасанглар, бу албатта итоатсизлигингиздандир. Аллоҳдан қўрқинглар ва Аллоҳ сизларга билдирувчи, ҳар нарсани билувчидир. 283. Сафарда бўлсанглар ёки котиб топа олмасанглар, қўл тутгулик гаров бўлсин. Агар баъзингиз баъзингизга ишониб омонат қўйса, ишонилган омонатни қайтарсин ва Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин. Гувоҳликни

яширманглар, ким уни яширса, дили гуноҳкордир ва Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир. 284. Осмонлару Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Дилларингиздаги нарсани хоҳ очинглар, хоҳ яширинглар, Аллоҳ сизларни ўша билан ҳисоб- китоб қилади: кимни хоҳласа кечиради, хоҳлаганини азоблайди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 285. Пайғамбар ва мўминлар ҳам Парвардигоридан туширилганга имон келтиришди, ҳаммалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига имон келтиришди: «Пайғамбарлардан бирорталарини ажратмаймиз». «Эшитдик ва итоат этдик, мағфиратингни тилаймиз ва қайтиш Сенинг ҳузуринггадир», дейишди. 286. Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага буюрмайди. Эришгани ўз фойдасига, қилмишлари эса зараригадир. «Эй Парвардигор, унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй Парвардигор, биздан олдингиларга юклаганингни бизга юклама! Эй Парвардигор, тоқатимиз етмайдиган нарсага мажбурлама! Бизларни афв эт, мағфират қил ва раҳм айла! Сен бизнинг Хожамизсан, бас, бизларни кофирлар устидан ғолиб қил!». 3. ОЛИ ИМРОН СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 200 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Алиф, лаам, миим. 2. Аллоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У тирик ва қайюмдир. 3. (Эй Муҳаммад), У сизга ўзидан олдингиларини тасдиқловчи Китобни ҳақ билан нозил қилди. Таврот ва Инжилни ҳам нозил қилдики; 4. олдинги одамларга ҳидоят қилиб. Ва Фурқонни ҳам нозил қилди. Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларга қаттиқ азоблар бордир. Аллоҳ ғолибдир, интиқом олувчидир. 5. На Ердаги, на осмондаги бирор нарса Аллоҳга асло яширин эмасдир. 6. У бачадонда бўлганларингизда хоҳлаган сувратига солувчидир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У қудратли ва ҳикматлидир. 7. У сизга Китоб нозил қилгандир, унда Китобнинг ўзаги саналган муҳкам оятлар ҳам бор, муташобиҳ оятлар ҳам бор. Дилларида оғиш бўлганлар фитна қилиш ва ўзларича маъно бериш учун муташобиҳларига эргашишади. Ҳолбуки буларнинг маъносини Аллоҳдан ўзгаси билмайди. Илмда собитлар: «Унга ишонганмиз, барчаси Парвардигоримиз ҳузуридандир», дейишади. Ақл эгаларигина насиҳат олишади. 8. «Эй Парвардигор! Ҳидоят қилганингдан кейин яна дилларимизни буриб қўйма ва бизларга раҳматингни ато эт! Сен албатта кўп неъматларни ато қилувчисан». 9. «Эй Парвардигор! Сен ҳеч шубҳасиз келадиган Кунда одамларни тўплайсан». Аллоҳ албатта ваъдасини бузмайди.

10. Кофирларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳнинг азобидан асло қутқара олмайди, ана шулар дўзах ёқилғисидир. 11. Фиръавн авлоди ва улардан олдингиларга ўхшаб улар ҳам оятларимизни ёлғонга чиқаришди. Гуноҳлари туфайли Аллоҳ уларни жазолади, ахир Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. 12. (Эй Муҳаммад), кофирларга: «Шак-шубҳасиз мағлуб бўласизлар ва жаҳаннамда тўпланасизлар, у ниҳоятда ёмон жойдир», денг. 13. (Эй яҳудийлар), тўқнашган икки гуруҳда сизларга ибрат бор: бири Аллоҳ йўлида жанг қилади, бошқаси куфр келтиради. Ва улар душман икки баробар кўплигини кўзлари билан кўриб туришар эди. Аллоҳ хоҳлаганини ёрдами билан қувватлантиради. Бунда оқилларга албатта ибрат бор. 14. Аёллар, болалар, олтин ва кумуш хазиналари, чопқир отлар, чорва ва экинларга муҳаббат одамларга чиройли кўрсатиб қўйилди. Булар дунё ҳаётининг ўткинчи фойдаларидир, Аллоҳ ҳузурида эса гўзал қайтиш жойи бор. 15. (Эй Муҳаммад), «Сизларга булардан ҳам яхшироғини айтайми, тақводорларга Парвардигорлари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турувчи, унда абадий яшаладиган жаннатлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳ ризоси бор, Аллоҳ албатта бандаларини кўриб турувчидир», денг. 16. Улар: «Парвардигоро, бизлар имон келтирдик, гуноҳларимизни кечир ва дўзах азобидан асра!» дейдиганлардир. 17. Улар сабрлилар, ростгўйлар, қаноатлилар, эҳсон қилувчилар ва саҳарда истиғфор айтувчилардир. 18. Аллоҳ, фаришталар ва илм эгалари ҳам адолатли ҳукм юритувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришди. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У қудратли ва ҳикматли Зотдир. 19. Аллоҳ наздидаги мақбул дин Исломдир. Аҳли китоблар билиб туришса ҳам ўзаро ҳасад туфайли тортишувга боришди. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, Аллоҳ албатта тез ҳисобга тортувчидир. 20. Агар сиз билан тортишишса: «Мен ҳам, менга эргашганлар ҳам тамоман Аллоҳга бўйсундик», денг. Ва Аҳли китоблар ҳамда жоҳиллардан: «Сизлар ҳам бўйсундингизми?» деб сўранг. Улар агар Исломни қабул қилишса, албатта, ҳақ йўлни топган бўлишади, юз ўгиришса, у ҳолда вазифангиз фақат етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир. 21. Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиган, пайғамбарларини ноҳақ қатл этадиган, инсофга чақирадиганларни ўлдирадиганларга оғир азобнинг хабарини беринг. 22. Ана шулар дунё ва охиратда амаллари беҳуда кетадиган ва бирор мададкори бўлмайдиганлардир. 23. Китобдан насибадор бўлганлар ўз ораларида ҳукм юритишлари учун Аллоҳнинг Китобига чақирилишса, бир гуруҳнинг юз ўгириб ортига қайтишини кўрмайсизми? 24. Уларнинг: «Саноқли кунлардан ташқари бизларга ҳеч қачон дўзах ўти тегмайди» деганлари бунга сабабдир. Тўқиган ёлғонлари уларни динларидан адаштирди.

25. Шубҳасиз келадиган Кунда уларни тўплаганимизда, ҳар бир жон эгаси зулм кўрмай қилмишига яраша жазосини тўла олганида уларнинг ҳоли нима бўларкин? 26. Айтинг: «Эй барча оламларнинг подшоҳи Аллоҳим! Хоҳлаганингга салтанат берасан ва хоҳлаганингдан салтанатни тортиб оласан, истаганингни азиз қиласан, истаганингни хор қиласан. Барча яхшиликлар Сендадир ва Сен албатта ҳамма нарсага қодирсан». 27. Кечани кундузга киритасан ва кундузни кечага киритасан, ўликдан тирикни чиқарасан ва тирикдан ўликни чиқарасан ҳамда хоҳлаганингга туганмас ризқ берасан». 28. Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутишмасин. Ким шундай қилса, унинг Аллоҳ билан алоқаси бўлмайди. Эҳтиёткорлик юзасидан қилинса, мумкин. Аллоҳ сизларни Ўзидан огоҳ қилади ва қайтиш Аллоҳгадир! 29. (Эй Муҳаммад): «Дилларингиздаги нарсани яширсангиз ҳам, ошкор қилсангиз ҳам Аллоҳ билади, чунки У осмонлару Ердаги нарсаларни билади, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир», денг. 30. Ҳар бир жонга қилган яхши амали ҳам, ёмон амали ҳам кўрсатиб қўйиладиган Кунда у гуноҳларидан узоқда бўлишни хоҳлаб қолади. Аллоҳ сизларни Ўзидан огоҳ қилади, Аллоҳ бандаларига албатта меҳрибондир. 31. (Эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсанглар, менга эргашинглар, Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир», денг. 32. «Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоатда бўлинглар», денг, агар юз ўгиришса, Аллоҳ кофирларни асло яхши кўрмайди. 33. Аллоҳ албатта Одамни ва Нуҳни, Иброҳим ва Имрон авлодини ҳам оламларга пайғамбарликка танлаб олди. 34. Баъзилари баъзиларига зурриётдир. Аллоҳ албатта эшитувчи ва билувчидир. 35. Имроннинг хотини: «Эй Парвардигорим, қорнимдаги нарсани халос этиб, Ўзингга назр қилдим, мендан қабул эт, Сен ахир эшитувчи, билувчисан», деганини эсланг. 36. Уни туққанида: «Эй Парвардигорим, буни қиз туғдим-ку», деди. – Ҳолбуки, унинг нима туққанини Аллоҳ яхши билади ва у ўғил бу қиздай бўлмас – «Унга Марям деб исм қўйдим ва уни ҳамда зурриётларини қувилган шайтон васвасасидан Сенинг паноҳингга топшираман». 37. Парвардигори уни яхши қабул қилди, чиройли улғайтирди ва Закариё қарамоғига топширди. Закариё ҳар гал у турган меҳробга кирганида олдида егулик кўрарди. У: «Эй Марям, булар қаердан?» деди. «Бу Аллоҳ ҳузуридан, Аллоҳ хоҳлаганига беҳисоб ризқ беради», деди. 38. Шунда Закариё Парвардигорига дуо қилиб: «Эй Парвардигорим, менга ҳузурингдан покиза зурриёт бер, Сен албатта дуони эшитувчисан», деди. 39. У масжидда намоз ўқиётганида фаришталар: «Аллоҳ сенга Аллоҳнинг Сўзини тасдиқловчи, раҳбар, шаҳвати тийилган ва солиҳ пайғамбарлардан бўлган Яҳёнинг хабарини бермоқда», дейишди.

40. У: «Эй Парвардигор, ўзим қари бўлсам, хотиним туғмас бўлса, қандай ўғил кўрай?» деди. У зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини бажаради», деди. 41. У: «Парвардигорим, менга аломатини билдир», деди. У зот: «Аломати шуки, уч кун одамларга фақат ишора билан гапирасан, Парвардигорингни кўп эсла ва эртаю кеч зикрини қил», деди. 42. Фаришталарнинг: «Эй Марям, Аллоҳ ҳақиқатан сени танлади, поклади ва оламларнинг аёлларидан афзал қилди; 43. эй Марям, Парвардигорингга итоат эт, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил» деганларини эсланг. 44. (Эй Муҳаммад), бу Биз сизга билдираётган ғайб хабарларидандир. Марямга вакил бўлиш учун қалам ташлашаётганларида уларнинг олдида эмас эдингиз, тортишаётганларида ҳам улар олдида эмас эдингиз. 45. Фаришталарнинг: «Эй Марям, ҳақиқатан Аллоҳ сенга Ўзидан бир калима хабарини берурки, унинг исми Масиҳ Исо ибн Марямдир, дунё ва охиратда мартабали ҳамда яқин бандаларидандир; 46. у бешикдалигида ҳам, улғайганида ҳам гапиради ва солиҳлардан бўлади» деганларини эсланг. 47. Марям: «Эй Парвардигорим, менга инсон қўли тегмаган бўлса, қандай қилиб фарзандли бўлай?» деганида У: «Аллоҳ шу тариқа хоҳлаганини яратади, бирор ишни истаса, «Бўл!» дейиши кифоя, амалга ошаверади», деди. 48. Ва унга ёзиш, илм-ҳикмат, Таврот ва Инжилни ўргатади. 49. Ва Бани Исроилга пайғамбар қилади. У айтади: «Сизларга ҳақиқатан Парвардигорингиздан далил олиб келдим. Сизларга лойдан қуш сувратидаги нарса ясаб унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни билан учар қуш бўлади ҳамда кўр, песларни тузатаман, Аллоҳнинг изни билан ўликни тирилтираман, еяётган ва уйингизда сақлаётган нарсаларингизнинг хабарини бераман. Агар мўмин бўлсанглар, буларда албатта сизларга далил бордир; 50. Мендан олдин келган Тавротни тасдиқловчи, сизларга ҳаром қилинганларнинг бир қисмини ҳалол қилувчи бўлиб келдим ва сизларга Парвардигорингиздан далиллар келтирдим. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоатда бўлинглар; 51. Аллоҳ албатта менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Унга бандалик қилинглар: тўғри йўл шудир!». 52. Исо улардаги куфрни сезганида: «Ким Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?» деди. Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳ динига ёрдамчилармиз, Аллоҳга имон келтирдик ва мусулмонлигимизга гувоҳ бўл»; 53. эй Парвардигоро, Сен туширган нарсага имон келтирдик, пайғамбарга эргашдик. Энди бизни гувоҳлар қаторига ёз!», дейишди. 54. Макр қилишди ва Аллоҳ макр қилди, Аллоҳнинг макри зўрроқдир! 55. Аллоҳ айтди: «Эй Исо, Мен сени олувчиман ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман, сени кофирлардан покловчиман ва сенга эргашганларни қиёматгача кофирлардан устун қилувчиман. Кейин ҳаммаларингиз ҳузуримга

қайтасизлар ва ўзаро тортишган нарсаларингиз хусусида Ўзим ҳукм чиқараман; 56. Кофирларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азоб билан жазолайман, уларга мададкор бўлмайди». 57. Аллоҳ имон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг мукофотини тўлиқ беради. У золимларни севмайди. 58. (Эй Муҳаммад), Биз сизга тиловат қилаётган нарса оятларимиз ва ҳикматли насиҳатлардир. 59. Исонинг Аллоҳ ҳузуридаги мисоли худди Одамники кабидир: уни тупроқдан яратиб, сўнгра: «Бўл!» деди ва у бўлди. 60. Бу Парвардигорингиздан келган ҳақдир, асло шубҳа қилувчилардан бўлманг. 61. Сизга ҳужжат келганидан кейин ҳам сиз билан тортишадиганларга: «Келинглар, биз ўғилларимизни ва сизлар ҳам ўғилларингизни, хотинларимизни ва сизлар ҳам хотинларингизни, биз ўзимизни, сизлар ўзларингизни йиғайлик-да, «Ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» деб илтижо қилайлик», денг. 62. Албатта бу рост қиссадир ва Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ, албатта Аллоҳнинг Ўзи қудратли ва ҳикматлидир. 63. Шунда ҳам юз ўгиришса, Аллоҳ бузғунчиларни билувчидир. 64. (Эй Муҳаммад): «Эй Аҳли китоблар, бизга ҳам, сизга ҳам баробар бир сўзга келинг – Аллоҳдан ўзгасига ибодат этмайлик, Унга ҳеч кимни шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни парвардигор қилиб олмайлик», деб айтинг. (Эй мўминлар), шунда ҳам юз ўгиришса: «Гувоҳ бўлингларки, бизлар албатта мусулмонлармиз», денглар. 65. Эй Аҳли китоблар, Иброҳим хусусида нега жанжаллашасизлар? Ҳолбуки, Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин тушган-ку! Ақл ишлатмайсизларми? 66. Биладиган нарсаларингиз ҳақида-ку тортишган эдинглар, энди билмаган нарсаларингиз ҳақида нега тортишасизлар? Аллоҳ биладиганини албатта сизлар билмайсизлар! 67. Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳаниф мусулмон эди ва у мушрик ҳам бўлмаган. 68. Унга эргашганлар, ушбу Пайғамбар ҳамда мўминлар Иброҳимнинг дўстларидир, Аллоҳ эса мўминларнинг дўстидир. 69. Аҳли китоблардан бир тоифалари сизларни адаштиришни исташади. Улар ўзларини адаштираётганларини билишмайди. 70. Эй Аҳли китоблар, ўзингиз гувоҳ бўлатуриб нега Аллоҳнинг оятларига ишонмайсизлар? 71. Эй Аҳли китоблар, билиб туриб нега ростни ёлғонга аралаштирасизлар ва ҳақиқатни яширасизлар? 72. Аҳли китоблардан бир тоифаси айтди: «Мўминларга туширилган нарсага эрталаб имон келтиринглар, кечқурун инкор қилинглар, шояд улар ҳам қайтишса; 73. ва динингиздагидан бошқага ишонманглар, токи бирортага сизларга берилганига ўхшаш нарса берилмасин ёки Парвардигорингиз

ҳузурида сизлар билан ҳужжат талашмасин». (Эй Муҳаммад): «Асл ҳидоят Аллоҳнинг ҳидоятидир, ҳақиқатан фазлу карам Аллоҳнинг ҳузурида, уни хоҳлаганига беради. Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир; 74. раҳматини истаган кишисига хослаб беради, Аллоҳ буюк фазл эгасидир», денг. 75. Аҳли китоблар орасида қинторни омонатга қўйсангиз – қайтарадиганлари, бир динорни омонат топширсангиз, устида туриб олмагунингизча бермайдиганлари ҳам бор. Бу уларнинг: «Нодонларнинг моли бизларга ҳалол» дейишгани туфайлидир. Улар билиб туриб ҳам Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлашади. 76. Йўқ! Аҳдига вафо қилувчигина Аллоҳдан қўрқади, Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради. 77. Аллоҳ билан аҳдларини бузадиган ва қасамларини арзонга сотадиганларга охиратда асло насиба йўқ. Қиёмат куни Аллоҳ уларга бир сўз демайди ва назар солмайди, уларни покламайди ҳам. Уларга оғир азоблар бордир. 78. Уларнинг бир гуруҳи борки, Китобдан бўлмаган нарсани ундан деб ўйлашларингиз учун Китобни тилларини бураб ўқишади. Ҳолбуки бу Китобдан эмас. Улар: «Бу Аллоҳдан», дейишади, ваҳоланки Аллоҳ ҳузуридан эмас. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқишади. 79. Ҳеч бир башар зотига Аллоҳ Китоб, ҳукм юритиш ва пайғамбарлик берганидан кейин унинг одамларга: «Аллоҳни қўйиб, менга қуллик қилинглар» дейиши тўғри эмас, балки одамларга: «Китобни ўргатиб ва ўзингиз ҳам ўрганиб, Аллоҳга раббонийлардан бўлинглар» десин. 80. У сизларни фаришталар ва пайғамбарларни парвардигор қилиб олишга буюрмайди. Мусулмон бўлганларингдан кейин У сизларни куфрга буюрармиди? 81. Аллоҳ пайғамбарлардан: «Сизларга Китоб ва ҳукмлар берганимдан кейин ўзингиздаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганида албатта унга имон келтирасиз ва ёрдамлашасиз» деб аҳд-паймон олатуриб: «Иқрор бўлдингларми ва шу шарт билан сизларга юклаганимни қабул қилдингларми?» деганини эсланг. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Мана, гувоҳ бўлдинглар, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳларданман», деди. 82. Ким бундан кейин ҳам юз ўгирса, ўша фосиқлардандир. 83. Аллоҳнинг динидан бошқасини истайдиларми? Ҳолбуки, осмонларда ва Ерда нимаики бўлса, хоҳлайдими-хоҳламайдими, Унга бўйсуниб турибди ва ҳаммалари Ўзига қайтишади-ку! 84. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳга ва ўзимизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига туширилган нарсага ҳамда Мусо ва Исога, барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсага имон келтирдик. Улар орасидан бирортасини ажратмаймиз ва бизлар Унинг Ўзигагина итоаткормиз», денг. 85. Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, унинг дини ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиёнкорлардан бўлади. 86. Имон келтирганидан, Пайғамбарининг ҳақлигига гувоҳлик берганидан ва ўзларига очиқ далиллар келганидан кейин ҳам куфрга борган

қавмни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ золим қавмни ҳидоятга йўлламайди. 87. Уларнинг жазоси Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънат ёғдиришидир. 88. Бунда абадий қолишади, азоблари енгиллатилмайди ҳам, муҳлат берилмайди ҳам. 89. Шундан кейин тавба қилиб, ўзларини ўнглаганлар мустасно, Аллоҳ албатта кечирувчи, раҳмлидир. 90. Имон келтирганларидан кейин яна куфрга бориб, зиёда куфрда қолиб кетганларнинг тавбалари асло қабул қилинмайди, улар адашганлардир. 91. Куфр келтириб, кофирлигича ўлиб кетганлардан бирортаси ҳатто ер юзи тўла олтин бериб ўзини қутқармоқчи бўлса ҳам қабул қилинмайди. Уларга оғир азоб бор ва мададкор ҳам бўлмайди. 92. (Эй мўминлар), ўзингиз суйган нарсалардан эҳсон қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка етолмайсиз. Нимани эҳсон қилганингизни Аллоҳ яхши билувчидир. 93. Таврот туширилишидан олдин Бани Исроил ўзига ҳаром қилиб олганидан бошқа барча таомлар ҳалол эди. (Эй Муҳаммад): «Агар ростгўй бўлсанглар, Тавротни келтириб ўқинглар», денг. 94. Шундан кейин ҳам ким Аллоҳ хусусида ёлғон тўқиса, ўшалар золимлардир. 95. «Аллоҳ рост айтади, Иброҳимнинг ҳаниф динига эргашинглар, у мушриклардан эмасди», денг. 96. Ҳақиқатан Баккадаги биринчи Уй одамларга баракот ва бутун жаҳон аҳлига ҳидоят уйидир. 97. Унда аниқ далиллар – Иброҳим мақоми бор. Ким унга кирса, омонда бўлади. Аллоҳ ҳаж йўлига қодир кишиларни Уйини ҳаж қилишга буюрган. Ким буни инкор қилса, Аллоҳ албатта олам аҳлидан беҳожатдир. 98. «Эй Аҳли китоблар, нега Аллоҳнинг оятларини инкор қиласиз, Аллоҳ қилмишларингизга гувоҳ-ку?!» денг; 99. «Эй Аҳли китоблар, нима учун мўминларни Аллоҳ йўлидан тўсасизлар, ўзингиз гувоҳ бўлатуриб, ундан қийиқ ахтарасизлар. Аллоҳ кирдикорларингдан бехабар эмас-ку», денг. 100. Эй имон келтирганлар, агар Аҳли китоблардан бирор тоифасига итоат қилсанглар, имонингиздан кейин яна куфрга қайтаришади. 101. Сизларга Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинаётгани, орангизда Унинг Пайғамбари тургани ҳолда нега куфрга борасизлар? Ким Аллоҳга маҳкам боғланса, у албатта тўғри йўлга йўлланган бўлади. 102. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан ҳақиқий тақво билан қўрқинглар ва фақат мусулмон ҳолингизда дунёдан ўтинглар. 103. Барчаларингиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушланглар, айрилманглар. Ўзаро душман бўлганингизда Аллоҳ дилларингизни улфат қилганини, Унинг фазли туфайли биродарлашганингизни эсланглар. Олов жари ёқасида турганингизда сизларни ундан қутқарди. Ҳидоят топишингиз учун Аллоҳ оятларини шу тарзда баён этади.

104. Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсинки, ана ўшалар нажот топувчилардир. 105. Аниқ ҳукмлар келганидан кейин бўлиниб кетиб, ихтилофга борганларга ўхшаманглар, уларга оғир азоб бордир. 106. Баъзи юзлар оқ ва баъзиси қора бўладиган Кунда юзи қораларга: «Имонга келгандан кейин ҳам куфрга борганмидинглар, энди кофирлигингиз азобини тотинглар», дейилади. 107. Юзи оқлар эса Аллоҳнинг жаннатидадирлар ва унда абадий қолишади. 108. (Эй Муҳаммад), булар Аллоҳнинг оятларидир, уларни сизга ҳаққи-рост тиловат қиляпмиз. Аллоҳ оламларга асло зулм истамайди. 109. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир ва ишлар Аллоҳга қайтарилади. 110. (Эй мусулмонлар), одамларга рўбарў қилинган умматнинг энг яхшиси бўлдинглар: яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар ва Аллоҳга имон келтирасизлар. Агар Аҳли китоблар ҳам имон келтиришганида эди, ўзларига яхшироқ бўларди. Улардан имонлилари ҳам бор, аммо кўплари фосиқлардир. 111. Улар сизларга озордан бошқа ҳеч қандай зарар бера олишмайди ва агар сизлар билан урушишса, ортларига қочишади, кейин уларга ёрдам ҳам йўқ. 112. Агар Аллоҳдан ҳамда мусулмонлардан паноҳ сўрашмаса, улар қаерда бўлишса ҳам хорликка дуч келишади. Улар Аллоҳнинг ғазабига учрашган, бечораликка мубтало бўлишган. Бу уларнинг Аллоҳ оятларига куфр келтиришгани, пайғамбарларини ноҳақ ўлдиришгани сабабидандир. Бу уларнинг исёнлари ва ҳаддан ошганлари сабаблидир. 113. Улар баробар эмас: Аҳли китобларнинг бир тоифаси тўғри йўлдадир, кечалари сажда этган ҳолларида Аллоҳ оятларини тиловат қилишади. 114. Улар Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтиришади, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришади, яхшиликда бир-бирларидан ўзишади. Ана шулар солиҳлардандир. 115. Қандай яхши иш қилишса, асло унутилмайди, Аллоҳ тақводорларни яхши билади. 116. Кофирларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳнинг азобидан асло қутқара олмайди. Ана шулар дўзахийлардир ва улар унда абадий қолишади. 117. Уларнинг дунёда қилган эҳсонлари мисоли худди ўзига зулм қилган қавмнинг экинини урган изғиринга ўхшайди. Аллоҳ ҳақиқатан уларга зулм қилмади, улар ўзларига зулм қилишди. 118. Эй имон келтирганлар, ўзингиздан бўлмаганларни дўст тутманглар, улар сизга зарар етказиш пайидан бўлишади, машаққатда қолишингизни исташади. Тилларидан душманликлари маълум бўлса-да, дилларидаги пинҳона адоватлари янада каттароқ. Агар оқил бўлсанглар, сизларга оятларни очиқ баён қилдик.

119. Ҳой сизлар, уларни яхши кўрасизу улар сизни севишмайди. Сизлар барча китобларга имон келтирасизу улар сизларни учратишганида: «Имон келтирдик» дейишади, холи қолишганида эса сизларга қаттиқ аламларидан бармоқларини тишлашади. (Эй Муҳаммад): «Аччиқларингдан ўлиб кетинглар, Аллоҳ албатта диллардагини билиб туради», денг. 120. Сизларга яхшилик келса, бу уларни хафа қилади, кулфат етса, севинишади. Агар сабр ва тақво қилсанглар, уларнинг найрангларидан сизларга ҳеч бир зарар етмайди. Аллоҳ албатта уларнинг қилмишларини иҳоталаб туради. 121. (Эй Муҳаммад), эрталаб хонадонингиздан чиқиб, мўминларни уруш жойига сафлаганингизни эсланг. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. 122. Шунда сизлардан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлаганини эсланг. Аллоҳ уларнинг мададкоридир, мўминлар фақат Аллоҳга суянишсин. 123. Ҳақиқатан Бадрда ночор бўлсанглар ҳам Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Аллоҳдан қўрқинглар, шояд шукр қилсанглар. 124. Мўминларга: «Парвардигорингизнинг туширилган уч минг фаришта билан берган ёрдами сизларга кифоя эмасми?» деганингизни эсланг. 125. Ҳа, агар сабр ва тақво қилсанглар, улар бехос устингизга келса ҳам Парвардигорингиз беш минг белгили фаришта билан ёрдам беради. 126. Аллоҳ буни фақат хурсанд бўлишингиз ва қалбларингиз ором топиши учун қилди. Аслида ғалаба фақат қудратли ва ҳикматли Аллоҳ ҳузуридандир. 127. Кофирларнинг баъзиларини ҳалок қилиши ёки хорлаши уларнинг ортларига ноумид қайтишлари учундир. 128. Уларнинг тавбасини қабул қилиш ёки азоблаш сизнинг ишингиз эмас, улар ҳақиқатан золимлардир. 129. Осмонлару Ердаги нарсаларнинг бари Аллоҳникидир. Хоҳлаганини мағфират қилади, хоҳлаганини азоблайди. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. 130. Эй имон келтирганлар, рибони бир неча баробар қилиб еманглар, Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар. 131. Кофирларга тайёрлаб қўйилган ўтдан сақланинглар. 132. Аллоҳга ҳамда Унинг Расулига итоат этинглар, шоядки сизларга раҳм қилинса! 133. Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга, кенглиги осмонлару Ер баробарида бўлган жаннатга шошилинглар. У тақводор зотлар учун тайёрлаб қўйилган. 134. Улар шодликда ҳам, кулфатда ҳам эҳсон қилувчи, ғазабларини ютувчи ва одамларни кечирувчилардир. Аллоҳ албатта яхшилик қилувчиларни севади. 135. Улар бирор фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилишса, Аллоҳни ёдга олиб гуноҳларини кечиришини сўрайдиган, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга кечирувчи бўлмаслигини билиб, уларни давом эттирмайдиганлардир. 136. Ана шуларнинг мукофоти Парвардигорлари мағфирати ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатдирки, улар унда абадий қолишади. Бундайларнинг мукофоти қанчалар яхши!

137. (Эй мўминлар), сизлардан олдин кўп ибратлар ўтган. Ер юзида кезиб, ёлғончиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар. 138. Бу одамларга тушунтириш, тақводорларга ҳидоят ва насиҳатдир. 139. Бўшашманглар ва ғамга ботманглар, агар имонда бўлсанглар, устунсизлар. 140. Агар сизларга бир заҳмат етган бўлса, у қавмга ҳам шундай заҳмат етган. Аллоҳ мўминларни билиши ва ораларингдан шаҳидларни ажратиб олиши учун бундай кунларни Биз одамлар орасида алмаштириб турамиз. Аллоҳ золимларни ёмон кўради. 141. Бу Аллоҳ мўминларни поклаши ҳамда кофирларни барбод қилиши учундир. 142. Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни аниқламай, сабр қилувчиларни билмай туриб жаннатга киришни ўйлаяпсизларми? 143. Ўлим келмасидан олдин уни орзу қилардинглар, мана, кўриб турибсизлар. 144. Муҳаммад пайғамбар, холос, унгача ҳам пайғамбарлар ўтишган. Агар у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизга қайтасизми? Ким ортига қайтса ҳам ҳаргиз Аллоҳга зарар етказа олмайди ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлайди. 145. Ҳеч бир жон Аллоҳ изнисиз, белгилаган муҳлатисиз ўлмайди. Ким дунё савобини хоҳласа, унга истаганини берамиз, ким охират савобини хоҳласа, унга ҳам истаганини охиратда топширамиз ва шукр қилувчиларни албатта тақдирлаймиз. 146. Қанча пайғамбарлар билан бирга жанг қилган кўплаб жамоалар Аллоҳ йўлида етган кулфатлардан на бўшашиб-сустлашишган ва на таслим бўлишган. Аллоҳ сабрлиларни севади. 147. Улар фақат: «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимизда ҳаддан ошишларимизни кечир, собитқадам эт ва кофир қавмлар устидан ғолиб қил!», деган гапнигина айтишарди. 148. Кейин Аллоҳ уларга дунё савобини ва охиратнинг гўзал мукофотини берди. Аллоҳ яхши амал қилувчиларни севади. 149. Эй имон келтирганлар, агар кофирларга итоат қилсанглар, ортингизга қайтаришади, кейин зиёнга йўлиқасизлар. 150. Ҳа, Аллоҳ мададкорингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир. 151. Энди ҳужжатсиз нарсани Аллоҳга шерик қилишгани учун кофирлар дилига қўрқув соламиз. Уларнинг жойи дўзахдир ва у золимлар учун ёмон жойдир. 152. Аллоҳ сизларга берган ваъдасининг устидан чиқди: то сустлашиб, буйруқ ҳақида тортишмагунингизча ва сизлар суйган нарса кўрсатиб қўйилгач, итоатсизлик қилмагунингизча Унинг изни билан кофирларни қира бошладинглар. Орангизда дунёни хоҳлайдиганлар ҳам, охиратни хоҳлайдиганлар ҳам бор. Кейин сизларни имтиҳон қилиш учун улардан қайтарди ва албатта гуноҳларингизни кечирди. Аллоҳ мўминларга марҳаматлидир.

153. Пайғамбар ортингиздан чақириб турса ҳам ҳеч кимга қарамай кетиб қолганингизни эсланглар. Кейин қўлдан кетганига ва мусибат етганига қайғу чекмаслигингиз учун сизларга ғам ортидан ғам берди. Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир. 154. Сўнгра Аллоҳ бир гуруҳингизга ғам кетидан ўраб олувчи ором уйқуси – мудроқни туширди. Бошқа гуруҳ эса жон талвасасига тушди, Аллоҳ ҳақида жоҳилона ноҳақ гумон қилиб: «Қўлимиздан нима ҳам келарди?» дейишди. «Ҳамма иш Аллоҳнинг изнидадир», денг. Улар дилларидаги нарсани сиздан яширишади: «Агар ихтиёр бизда бўлганида бу ерда ҳалок қилинмас эдик», дейишади. «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам ўлдирилиш ёзиб қўйилганлар ҳалокат жойига бориб қолган бўлишарди. Буни Аллоҳ кўнглингиздаги нарсани имтиҳон қилиш ва дилларингиздагини поклаш учун қилди», денг. Аллоҳ диллардагиларни билувчидир. 155. Ҳақиқатан икки гуруҳ тўқнашган кунда сизлардан қочганларни шайтон баъзи гуноҳлари сабабидан йўлдан оздирди. Аллоҳ уларни кечирди, Аллоҳ албатта кечирувчи, раҳмлидир. 156. Эй имон келтирганлар, куфрга борган ва бошқа ерларга сафарга чиққан ёки жиҳодга борган биродарлари ҳақида: «Агар олдимизда бўлишганида ўлишмас ҳам, ўлдирилишмас ҳам эди» дейдиганларга ўхшаманглар. Аллоҳ буни улар дилида ҳасратга айлантириб қўяди. Аллоҳгина ўлдиради ва тирилтиради, Аллоҳ барча ишларингизни кўриб туради. 157. Агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсангиз ёки ўлсангиз, Аллоҳнинг мағфирати ва раҳмати улар ғамлаган нарсалардан яхшидир. 158. Агар ўлсанглар ёки ўлдирилсанглар, албатта Аллоҳ ҳузурида тўпланасизлар. 159. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг марҳамати туфайли уларга мулойим бўлдингиз, агар қўпол ва дили қаттиқ бўлганингизда улар атрофингиздан тарқаб кетишарди. Энди уларни афв этинг, уларга мағфират сўранг ва ишларингизда улар билан маслаҳатлашинг. Бирор ишга киришсангиз, Аллоҳга таваккал қилинг, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севади. 160. Агар Аллоҳ ёрдам қилса, ҳеч ким сизларни енголмайди, агар ташлаб қўйса, Ундан бошқа ким ҳам ёрдам бера оларди? Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилишсин. 161. Пайғамбарнинг хиёнат қилиши мумкин эмас, ким хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнати билан келади. Кейин ҳар кимнинг қилмишига яраша тўлиқ жазо берилади, ҳеч кимга зулм қилинмайди. 162. Аллоҳ розилигини истаган киши Аллоҳнинг ғазабига учраган ва борар жойи дўзах бўлган кимсага ўхшармиди? Бу нақадар ёмон оқибат! 163. Уларнинг Аллоҳ ҳузуридаги даражалари турличадир. Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини кўриб туради. 164. Аллоҳ мўминларга, гарчи улар олдинлари очиқ залолатда бўлишса ҳам ўзларидан пайғамбар юбориб, инъом кўрсатди. У Аллоҳ оятларини тиловат қилиб беради, уларни поклайди, Китоб ва ҳикматни ўргатади. 165. (Эй мўминлар), сизларга мусибат етганида – ҳолбуки ўзларингиз ҳам икки баравар қилиб мусибат етказган эдинглар – «Бу қаёқдан келди?»

дейсизларми? (Эй Муҳаммад): «Бу ўзларингиздан», денг. Аллоҳ албатта ҳамма нарсага қодирдир. 166. Икки гуруҳ тўқнашган кунда сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни билан У мўминларни аниқлаши; 167. ҳамда мунофиқларни «билиши» учун келди. Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлда урушинглар ёки ақалли ҳимояланинглар» дейилганида: «Жанг бўлишини билганимизда сизларга қўшилардик», дейишди. Улар ўша куни имондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Дилларида йўқ нарса тилларига чиққан эди. Аллоҳ улар яширган нарсани яхши билади. 168. Ўзлари қолганлари етмай биродарлари ҳақида: «Агар бизга итоат қилишганида ўлмай қолишарди», дейишди. (Эй Муҳаммад): «Гапларинг рост бўлса, ўзларингдан ўлимни қайтаринглар-чи», денг. 169. Аллоҳ йўлида ҳалок бўлганларни ўлик, деб ҳисобламанг, улар тирикдир, Парвардигорлари ҳузурида ризқланишмоқда. 170. Улар Аллоҳ фазли билан берган неъматларидан хурсанд ҳолда ортларидан ҳали ўзларига келиб қўшилмаганларга на хавф борлиги, на ғамгин бўлмасликлари хушхабарини беришмоқда. 171. Улар Аллоҳнинг фазли ва карамининг ҳамда Аллоҳ мўминларнинг мукофотини зое қилмаслигининг хушхабарини ҳам беришмоқда. 172. Заҳмат етганидан кейин ҳам улар Аллоҳ ва Унинг Расулига бўйсунган эдилар. Уларнинг чиройли иш қилиб, Аллоҳдан қўрққанларига улуғ мукофотлар бордир. 173. Уларга: «Мана, одамлар сизларга қарши куч тўплашяпти, улардан қўрқинглар!» дейилганида имонлари кучайиб: «Бизларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У қандайин яхши вакилдир», дейишди. 174. Шунда улар Аллоҳнинг фазли ва карами билан кулфат етмасдан қайтишди ва Аллоҳ ризосини топишди. Аллоҳнинг фазли улуғдир! 175. Албатта шайтонгина ўз дўстларини шундай қўрқитмоқчи бўлади, агар мўмин бўлсанглар улардан эмас, фақат Мендан қўрқинглар! 176. Куфрга интилаётганлар сизни хафа қилмасин, улар Аллоҳга асло зарар етказа олишмайди. Аллоҳ уларга охиратда насиба бўлишини хоҳламайди, уларга қаттиқ азоб бордир. 177. Ҳақиқатан имонни куфрга алишганлар Аллоҳга бирор зарар етказа олишмайди, уларга қийноқли азоб бордир. 178. Кофирлар уларга муҳлат берганимизни ҳаргиз яхшилик деб ҳисоблашмасин. Биз гуноҳлари кўпайиши учун уларга муҳлат берганмиз. Уларга хўрловчи азоб бордир. 179. Аллоҳ мўминларнинг покидан нопокини ажратмай туриб сизларни ҳозирги ҳолатингизда қолдирмоқчи эмас. Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор ҳам қилмоқчи эмас. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан хоҳлаганини танлаб олади. Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтиринглар, агар имон келтирсанглар ва тақводор бўлсанглар, сизларга улкан мукофотлар бордир. 180. Аллоҳ фазли билан берганларига бахиллик қиладиганлар буни яхшилик деб ўйлашмасин. Йўқ, бу уларга ёмондир. Бахиллик қилган

нарсалари қиёмат куни бўйинларига ўралади. Осмонлару Ер ягона Аллоҳга мерос бўлиб қолади ва Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир. 181. «Аллоҳ камбағал, бизлар эса боймиз» деганларнинг сўзини Аллоҳ эшитди. Уларнинг айтганларини ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларини ёзиб қўямиз ва: «Дўзах азобини тотиб кўринглар», деймиз. 182. Бу қўлларингиз билан қилганларингиз туфайлидир, Аллоҳ асло бандаларига эулм қилувчи эмас. 183. (Эй Муҳаммад), «Олов ейдиган қурбонлик билан олдимизга келмагунича бирор пайғамбарга имон келтирмаслигимизга Аллоҳ буюрган» дейдиганларга: «Мендан аввал ҳам сизларга бир қанча пайғамбарлар шундай далиллар ва айтган нарсаларингиз билан келишган, агар ростгўй бўлсанглар, уларни нега ўлдирдинглар?» денг. 184. Агар улар сизни ёлғончи дейишса, сиздан аввал ҳам очиқ далиллар, саҳифалар ва равшан Китоблар билан келган пайғамбарларни ҳам ёлғончи қилишган эди. 185. Ҳар бир жон ўлимга маҳкумдир. Қиёмат куни мукофотларингизни тўлиқ оласизлар. Дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилганлар муродига етибди ва бу дунё ҳаёти алданиш воситасидан бошқаси эмас. 186. (Эй мўминлар), молларингиз ва жонларингиз билан имтиҳон қилинасиз. Шунингдек, сизлардан олдин китоб берилганлар ва мушриклардан кўп озорларга учрайсиз. Агар сабр ва тақво қилсанглар, бу ишларнинг энг мақбулидир. 187. Аллоҳ аҳли китоблардан: «Буни одамларга тушунтирасизлар ва яширмайсизлар» деб ваъдаларини олганини эсланг. Лекин улар буни ортларига отиб, арзонга сотиб юборишди. Ушбу тижоратлари бунча ҳам ёмон-а! 188. (Эй Муҳаммад), қилмишларига севинадиган, қилмаганлари билан мақтанишни яхши кўрадиганлар жазодан қутулиб қолишади, деб ўйламанг. Уларга қаттиқ азоблар бор. 189. Осмонлару Ердаги ҳукмронлик Аллоҳга тегишли ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 190. Албатта осмонлару Ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинувида ақл эгалари учун далиллар бор. 191. Улар турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида Аллоҳни эслашади, осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритиб айтишади: «Парвардигоро, буларни беҳуда яратмагансан, Сен поксан, бизларни дўзах азобидан асра; 192. Парвардигоро, кимни дўзахга киритсанг, уни хор қилган бўласан. Золимларга мададкор ҳам бўлмайди; 193. Парвардигоро, бир жарчининг: «Парвардигорингизга имон келтиринглар» деганини эшитдик ва имон келтирдик. Эй Парвардигор, гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва яхшилар билан бирга ўлдир! 194. Парвардигоро, пайғамбарларинг орқали ваъда қилганларингни ато эт, қиёмат куни шарманда қилиб қўйма, ҳақиқатан Сен ваъдангга хилоф қилмайсан!».

195. Парвардигорлари уларнинг дуоларини қабул қилиб айтди: «Хоҳ эркак, хоҳ хотин – бирортангизнинг амалингизни зое қилмайман. Бирингиз бошқангиздансиз. Ҳижрат қилганлар, диёридан ҳайдалганлар, Менинг йўлимда азият чекканлар, жанг қилганлар ва ҳалок бўлганларнинг гуноҳларини ўчираман ҳамда уларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритаман. Бу Аллоҳнинг мукофотидир ва мукофотларнинг энг гўзали Аллоҳ ҳузуридадир». 196. (Эй Муҳаммад), кофирларнинг юрт кезишлари сизни алдаб қўймасин. 197. Бу озгина роҳат-фароғатдир, кейин уларнинг жойи дўзах бўлади, у жуда ёмон жойдир. 198. Лекин Парвардигорларидан қўрққанларга остидан анҳорлар оқиб турадиган ва унда абадий қолинадиган жаннатлар бўлади. Бу Аллоҳ тарафидан меҳмондор-чиликдир. Аллоҳнинг ҳузуридагилар яхшиларга энг афзал нарсалардир. 199. Албатта Аҳли китоблар орасида Аллоҳга, сизга нозил қилинган нарсага ҳам, ўзларига туширилганига ҳам имон келтирадиганлари, Аллоҳга бўйсуниб-итоат қилувчилари, Аллоҳнинг оятларини арзонга сотмайдиганлари ҳам бор. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари ҳузуридадир, Аллоҳ ҳақиқатан тез ҳисоб қилувчидир. 200. Эй имон келтирганлар, сабр қилинглар, сабрда устун бўлинглар ва доимо курашга шай бўлиб туринглар. Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар. 4. НИСО СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 176 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган, ундан жуфтини яратиб, икковидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқинглар! Савол-жавобларингизда номи ишлатиладиган Аллоҳдан ва қариндошчиликни узишдан қўрқинглар. Аллоҳ албатта устингиздан кузатиб турувчидир. 2. Етимларга молларини беринглар, нопокни пок нарсага алмаштирманглар. Уларнинг молларини ўзингизникига аралаштириб еманглар, бу катта гуноҳдир. 3. Агар етималарга адолатли бўла олмасликдан қўрқсанглар, ўзингизга ёққан аёллардан икки, уч, тўрттасини никоҳларингга олаверинглар. Бордию одиллик қилолмасликдан қўрқсанглар, у ҳолда биттаси ёки қўл остингиздагилар кифоя. Мана шунда жабр қилинмаслиги аниқроқ. 4. Хотинларингизга маҳрларини хурсандчилик билан беринглар. Агар ундан бир миқдорини чин дилдан кечишса, бемалол фойдаланаверинглар.

5. Аллоҳ сизларга турмуш сабаби қилган молларингизни эсипастларга берманглар, уларни бу моллардан едириб-кийинтиринглар ва уларга яхши гапиринглар. 6. Етимларни то балоғатга етгунларича синаб туринглар, агар эс- ҳушлари жойида эканини билсанглар, молларини ўзларига топширинглар. Уларнинг молларини исроф қилманглар ва шошилиб ишлатиб қўйманглар. Ким ўзига тўқ бўлса, ундан парҳез қилсин, ким муҳтож бўлса, инсоф билан олсин. Уларга молларини гувоҳлар иштирокида топширинглар, ҳисоб-китобга Аллоҳ кифоядир. 7. Ота-оналари ва қариндошлари қолдириб кетганида эркакларга улуш бор, ота-оналари ва қариндошлари қолдириб кетганида аёлларга улуш бор. Бу оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам, фарз қилинган улушлардир. 8. Тақсимотда қариндошлар, етимлар ва муҳтожлар бўлишса, уларни ҳам баҳраманд қилинглар ва уларга яхши гапиринглар. 9. Ўзларидан ёш болаларни қолдириб, бундан хавфда бўлганлар каби қўрқишсин. Улар Аллоҳдан қўрқишсин ва тўғри сўзлашсин. 10. Етимлар молини зулм билан еганлар қоринларига оловни еган бўлишади ва албатта дўзахга киришади. 11. Аллоҳ фарзандларингиз борасида бир ўғилга икки қиз улушини беришга буюрди. Агар қизлар иккитадан кўп бўлса, мероснинг учдан иккиси, қиз битта бўлса, унга унинг ярми, агар марҳумнинг фарзанди бўлса, унинг ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир улуш берилади. Агар фарзанди бўлмай, фақат ота-она меросхўр бўлишса, қилган васияти ва қарзлари берилганидан сўнг онасига учдан бири, ака-укалари бўлса, олтидан бири тегади. Ота-онангиз ва фарзандларингиздан қай бири сизларга манфаатлироқ эканини билмайсизлар, буларни Аллоҳ фарз қилган. Аллоҳ албатта билимли ва ҳикматлидир. 12. Хотинларингизнинг агар фарзандлари бўлмаса, улар қолдирган мероснинг ярми сизга бўлади; агар фарзандлари бор бўлса, сизга мероснинг чораги тегади; улар қилган васият ва қарз адо этилгандан кейин. Агар сизнинг болангиз бўлмаса, хотинларингизга меросингизнинг тўртдан бири; агар фарзандларингиз бўлса, хотинларингизга меросингизнинг саккиздан бири тегади; қилган васиятингиз ва қарзингиз адо этилгандан кейин. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг битта (она бир) иниси ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир; агар улар бирдан кўпроқ бўлишса, учдан бирига шерикдирлар; зарар келтирмаган ҳолда, қилган васияти ва қарзи адо этилгандан кейин. Булар Аллоҳнинг васияти, Аллоҳ албатта, билимли ва ҳикматлидир. 13. Булар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоатда бўлса, У остидан анҳорлар оқиб турувчи, унда абадий қолинадиган жаннатига киритади. Бу эса буюк саодатдир. 14. Ким Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарига исён ва чегараларига тажовуз қилса, У абадий қолинадиган дўзахига киритади ва унда хорловчи азоблар бордир.

15. Хотинларингиздан фоҳишалик қилганига ўзларингиздан тўрт кишини гувоҳ қилинглар. Агар гувоҳлик беришса, ўлим келгунича ёки Аллоҳ бирор йўл кўрсатгунича уйларингизда сақлаб туринглар. 16. Сизлардан ўша ишни қилган икки эркакнинг таъзирини беринглар. Агар иккови тавба қилса ва тузалса, тек қўйинглар. Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва меҳрибондир. 17. Нодонликдан ёмон ишга қўл уриб, сўнгра тезда тавба қилганларнинг тавбасини қабул қилиш Аллоҳгадир. Аллоҳ бундайларнинг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир. 18. Гуноҳларни мунтазам қилиб юриб, ўлим келганида: «энди тавба қилдим» дейдиганлар ва кофир ҳолларида ўлганларнинг тавбаси қабул бўлмайди. Уларга қийноқли азоблар тайёрлаб қўйганмиз. 19. Эй имон келтирганлар, хотинларни зўрлик билан мерос қилиб олиш сизларга ҳалол эмас. Агар очиқ фаҳш иш қилишмаган бўлса, берган маҳрларингизнинг бир қисмини олиш учун уларни мажбуран ушлаб турманглар. Агар уларни ёқтирмасангиз ҳам муносиб умр кечиринглар, зеро, сиз ёқтирмаган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни бериши мумкин. 20. Агар бир хотин ўрнига бошқасини олмоқчи бўлсанглар, биринчисига ҳисобсиз мол берган бўлсанглар ҳам ҳеч нарсани қайтариб олманглар. Буни бўҳтон ва очиқ гуноҳ билан оласизларми? 21. Ахир қандай ҳам оласизлар, ахир бир-бирингизга қовушиб, улар сиздан қатъий аҳд олишган-ку! 22. Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманглар, аммо аввалда ўтган бўлса, зарари йўқ. Бу албатта хунук ва жирканч иш, ёмон бир йўлдир. 23. Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган «она»ларингиз, эмишган «опа-сингил»ларингиз, қайноналарингиз, қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари сизларга ҳаром қилинган. Агар улар билан қовушмаган бўлсанглар, гуноҳи йўқ. Яна пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, икки сингилни бир никоҳда жамлаш ҳам ҳаром қилинди, аммо бу аввалда ўтган бўлса, зарари йўқ. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир. 24. Эрли хотинлар ҳам сизларга ҳаром, фақат қўлингизга мулк бўлиб тушган чўрилар мустасно. Булар Аллоҳнинг қонунидир. Булардан бошқа аёлларни ўзларингизни сақлаган, зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз билан талаб этишингиз ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланганингиз учун маҳрларини беринг, маҳр белгиланганидан кейин ўзаро келишсанглар, гуноҳи йўқ. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 25. Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга қодир бўлмаса, қўлларингизда мулк бўлган мўмина чўрилардан бирига уйланаверсин. Аллоҳ имонларин­гизни яхши билади. Сизлар ўзаро бир жинсдирсиз. Улардан ўзини сақлаган, зино қилмаган ва махфий ўйнаш тутмаганларини эгаларининг ижозати билан никоҳингизга олинг ва муносиб маҳрларини беринг. Эрга теккач, фаҳш ишлар қилишса, уларга ҳур хотинларга бериладиган жазонинг ярми тайинланади. Бу бузилиб кетишдан

қўрққанлар учундир, сабрли бўлишингиз ўзингизга яхшироқдир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. 26. Аллоҳ сизларга тушунтиришни, олдингиларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни истайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 27. Аллоҳ сизларни кечиришни истайди, шаҳватига қул бўлганлар эса бутунлай йўлдан чиқиб кетишингизни хоҳлашади. 28. Аллоҳ сизларга енгиллатишни истайди, чунки инсон заиф яратилган. 29. Эй имон келтирганлар, ўзаро розилик билан қилинган савдодан ташқари бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Ўзларингизни ўлдирманглар, Аллоҳ албатта сизларга меҳрибондир. 30. Ким ҳаддидан ошиб адоват ва зулм қилса, уни албатта дўзахда куйдирамиз, бу Аллоҳга осондир. 31. Агар қайтарилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансанглар, кичикларини кечириб, яхши манзилга киритамиз. 32. Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан бирор неъмат билан ортиқ этган бўлса, сизлар у нарсаларни орзу қилманглар. Эркакларга ўз касбларидан, хотинларга ҳам ўз касбларидан насиба бор. Аллоҳнинг фазлини сўранглар, Аллоҳ албатта ҳамма нарсани билувчидир. 33. Ҳар бир киши учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган нарсадан меросхўрларни пайдо қилдик. Аҳд-паймон билан боғланганларнинг улушини беринглар, Аллоҳ албатта ҳар бир нарсага гувоҳдир. 34. Аллоҳ биридан бирини устун қилгани ва эрлар молларини сарфлашгани учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа, эрларига итоаткор ва улар йўқлигида молларини Аллоҳ муҳофазасида асровчи аёллар хотинларнинг яхшисидир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, олдин уларга насиҳат қилинглар, сўнгра ётоғини алоҳидаланглар ва сўнг уларни уринглар. Агар итоат қилишса, айблашга йўл изламанглар. Аллоҳ албатта олиймақом ва буюкдир. 35. Эр-хотиннинг ораси бузилишидан қўрқсанглар, эр хонадонидан бир ҳакам, хотин хонадонидан бир ҳакам чақиринглар. Агар улар яраштиришни хоҳлашса, Аллоҳ эр-хотин ўртасига тотувлик солади. Аллоҳ албатта билувчи ва хабардордир. 36. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-оналарга, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнда бўлганларга, мусофирларга ва қўл остингиздагиларга яхшилик қилинглар. Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқларни яхши кўрмайди; 37. чунки улар ўзлари бахиллик қилишади, бошқа кишиларни ҳам бахилликка чақиришади, Аллоҳ фазли билан берганларини яширишади. Биз кофирларга хорловчи азобларни тайёрлаб қўйганмиз; 38. чунки улар молларини хўжакўрсинга сарфлашади ва улар Аллоҳга ҳам, қиёмат кунига ҳам ишонишмайди. Кимнинг дўсти шайтон бўлса, у қандайин ёмон дўстдир. 39. Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонишса, Аллоҳ берганларини эҳсон қилишса, нима зарар бўларди? Ахир Аллоҳ уларни яхши билади-ку!

40. Шубҳасиз, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмайди, яхшиликни бўлса икки баравар кўпайтириб беради ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофотларни ато қилади. 41. Ҳар бир умматдан гувоҳ чақириб, сизни (эй Муҳаммад), уларга гувоҳ қилганимизда нима бўлади? 42. Ўша куни кофирлар ва Пайғамбарга итоатсизлик қилганлар ерга кириб кетишни орзу қилишади ва улар бирор гапни Аллоҳдан яшира олишмайди. 43. Эй имон келтирганлар, маст ҳолатингизда гапингизни англайдиган бўлмагунингизча, сафарда бўлмасанглар жунуб ҳолингизда то ғусл қилмагунингизча намозга яқинлашманглар. Агар бетоб ё сафарда бўлсанглар ёки бирортангиз халодан келса ёхуд хотинларингизга яқинлик қилсанглар-да, сув топа олмай қолсанглар, тоза тупроқни юзингиз ва қўлларингизга суртиб таяммум қилинглар. Аллоҳ мағфират қилиб кечирувчидир. 44. (Эй Муҳаммад), Китобдан улуш берилганларнинг гумроҳликни сотиб олганларини ва сизларнинг тўғри йўлдан адашишингизни истаётганларини кўрмаяпсизми? 45. Аллоҳ душманларингизни яхши билади ва ҳомийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя, мададкорликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя! 46. Яҳудийлар орасида калималарнинг жойини ўзгартирувчилари ҳам бор. Улар тилларини буриб ва динга зарба бериш учун: «Эшитдик ва итоат қилмадик», «Эшит, эй эшитмай қолгур», «Роина» дейишади. Агар улар «Эшитдик ва итоат қилдик», «Сиз эшиттиринг» ва «Бизга назар солинг» дейишганида ўзларига яхши ва дуруст бўлар эди. Лекин куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлади, энди уларнинг жуда ози имон келтиради. 47. Эй китоб берилганлар, бир қанча юзларни текислаб, орқасига бурмасимиздан олдин ёки уларни ҳам шанба куни эгалари каби лаънатламасимиздан аввал сизлардаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширганимизга имон келтиринглар. Аллоҳнинг ҳукми албатта ижро этилади. 48. Аллоҳ Ўзига бошқани шерик қилганни асло кечирмайди, хоҳлаган бандасининг ширкдан бошқа гуноҳини албатта кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, гуноҳнинг улканини қилган бўлади. 49. (Эй Муҳаммад), ўзларини покдомон қилиб кўрсатаётганларни кўрмаяпсизми? Йўқ, Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани поклайди ва уларга қилча ҳам зулм қилинмайди. 50. Уларнинг Аллоҳга туҳмат қилишаётганини кўринг, шунинг ўзи уларнинг очиқ гуноҳкорлигига кифоядир. 51. Китобдан насибадор бўлганларнинг бутга ва шайтонга имон келтирганларини ва кофирларни: «Булар ҳидоятдаги имон келтирганлардан кўра ортиқроқ» дейишларини кўрмаяпсизми? 52. Ана шуларни Аллоҳ лаънатлаган, кимни Аллоҳ лаънатласа, унга мадакор тополмайсиз. 53. Ёки уларнинг салтанатда улуши борми, шундай бўлганда ҳам одамларга қилча нарса беришсин-чи!

54. Ёки Аллоҳ фазли билан одамларга берган нарсаларга ҳасад қилишяптими? Ахир Иброҳим авлодига Китоб ҳам, ҳикмат ҳам, улуғ салтанатни ҳам берганмиз-ку! 55. Шунда баъзилари бунга имон келтиришди, баъзилари юз ўгиришди ва уларга дўзах ўти кифоядир. 56. Оятларимизга куфр келтирганларни албатта дўзахда куйдирамиз. Терилари куйиб битгач, азобни кучайтириш учун териларини янгилаймиз. Аллоҳ албатта қудратли ва ҳакимдир. 57. Имон келтириб, яхши амалларни қилганларни Биз остларидан анҳорлар оқувчи ва абадий қолинадиган жаннатларга киритамиз. Унда уларга покиза хотинлар бор ва уларни қалин сояларга киритамиз. 58. Аллоҳ ҳақиқатан сизларга омонатни эгаларига етказишни, одамлар орасида ҳукм юритишда адолат билан қарор чиқаришни буюради. Аллоҳ сизларга қандайин гўзал насиҳат қиляпти, Аллоҳ албатта эшитувчи ва кўрувчидир. 59. Эй имон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлган раҳбарларга итоат қилинглар. Агар Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлсанглар, бирор нарсада тортишиб қолганингизда уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилинглар. Ана шу яхши ва оқибати хайрлидир. 60. (Эй Муҳаммад), уларнинг сизга нозил қилинган Китобга ва сиздан олдин туширилганларга имон келтирганликни даъво қилишларини, тоғутдан ҳукм сўрашни исташларини кўрмадингизми? Ҳолбуки унга ишонмаслик буюрилган, шайтон сизларни ҳамиша йўлдан оздиришни хоҳлайди. 61. Уларга: «Аллоҳ нозил қилганига ва Пайғамбарга мурожаат қилинглар», дейилса, мунофиқларнинг сиздан дарҳол юз ўгирганларини кўрасиз. 62. Қилмишлари туфайли уларга мусибат етганида ҳузурингизга келгач, Аллоҳ номи билан қасам ичиб: «Биз фақат яхшиликни ва муросани хоҳлаган эдик» дейишлари қандай бўлди? 63. Аллоҳ бундайларнинг кўнгилларидагини билади, шунинг учун уларнинг қилмишларидан кўз юминг, дилларига етиб борадиган сўзлар билан насиҳат қилинг. 64. Қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳ изни билан унга итоат қилинсин деб юборганмиз. Агар ўзларига жабр қилганларида ҳузурингизга келиб Аллоҳга истиғфор айтишганида ва Пайғамбар ҳам улар учун мағфират тилаганида Аллоҳнинг албатта кечирувчи ва раҳмли эканини билишарди. 65. Йўқ, (эй Муҳаммад), Парвардигорингизга қасамки, улар то ораларидаги келишмовчиликларга сизни ҳакам қилмагунларича, сизнинг ҳукмингизга чин дилдан бутунлай рози бўлмагунларича ҳаргиз мўмин бўла олишмайди. 66. Агар уларга: «Ўзларингизни ўлдиринглар ёки диёрларингиздан чиқинглар!» деб буюрганимизда эди, бунга озчилик бўйсунарди. Улар

ўзларига қилинган насиҳатларга амал қилишганида ўзларига яхши бўларди ва бу уларни саботлироқ қиларди. 67. У ҳолда ҳузуримиздан улуғ мукофотлар берган бўлур эдик. 68. Ва уларни тўғри йўлга йўллар эдик. 69. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилса, Аллоҳ инъом ато этган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар билан биргадир. Улар энг яхши сафдошдирлар. 70. Бу Аллоҳнинг марҳаматидир ва Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 71. Эй имон келтирганлар, эҳтиёткор бўлинглар, гуруҳларга бўлиниб ёки ҳаммангиз бирлашиб чиқинглар. 72. Ораларингизда чиқмай қоладиганлар ҳам бор. Агар сизларга мусибат етса у: «Менга Аллоҳнинг инъоми бўлди, яхшиямки улар билан бирга эмасдим», дейди. 73. Агар Аллоҳ сизларга фазл-марҳамат қилса, гўё ҳеч нима бўлмагандай: «Қанийди, улар билан бирга бўлсайдим, улуғ зафарга эришардим», дейди. 74. Дунё ҳаётига охиратни сотиб оладиганлар Аллоҳ йўлида жанг қилишсин. Ким Аллоҳ йўлида жанг қилиб ўлдирилса ё ғалаба қилса, Биз унга улуғ мукофотлар берамиз. 75. (Эй мўминлар), сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ҳамда «Парвардигоро, бизларни аҳли золим бўлган бу шаҳардан чиқар, ҳузурингдан бизларни ҳимоя қилувчи ва ёрдам берувчи бир дўст юбор» деяётган ночор эрлар, хотинлар ва болалар ҳаққи-ҳурмати нега жанг қилмайсизлар?! 76. Мўминлар Аллоҳ йўлида урушишади, кофирлар тоғут йўлида жанг қилишади. Шайтон дўстларига қарши урушинглар, албатта шайтоннинг макр-ҳийлалари кучсиздир. 77. (Эй Муҳаммад), «Ўзларингизни тийиб, намозларингизни адо қилиб, закотни бериб туринглар» дейилганларни кўрмайсизми? Уларга жанг фарз қилинганида бир гуруҳи одамлардан Аллоҳдан қўрққанидан ҳам қаттиқроқ қўрқишди ва: «Эй Парвардигор, бизларга нега жангни фарз қилдинг, бир оз кейинга сурсанг бўлмасмиди?!» дейишди. Уларга: «Дунёнинг фойдаси оз, тақводорларга охират яхшидир ва қилча ҳам зулм қилинмайди», денг. 78. Қаерда бўлсанглар ҳам, ҳатто мустаҳкам қалъаларда ҳам ўлим сизларни топади. Агар улар фойда кўришса, «бу Аллоҳдан», дейишади, бирор зарар етса, бунга сизни сабабчи дейишади. Уларга: «Бари Аллоҳдан» денг. Нега бу қавм ҳеч гапни тушунмайди?! 79. (Эй инсон), сенга етган яхшилик Аллоҳдандир, ҳар қандай ёмонлик эса ўзингдандир. (Эй Муҳаммад), Биз сизни инсонларга пайғамбар этиб юбордик ва гувоҳликка Аллоҳ кифоядир. 80. Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади, ким юз ўгирса, энди Биз сизни уларга соқчи қилиб юбормаганмиз. 81. Улар: «Итоатдамиз», дейишадию ҳузурингиздан чиққач айримлари айтганингизнинг тескарисига хуфёна тил бириктиришади. Аллоҳ

эса уларнинг яширинча келишувларини ёзиб қўяди. Улардан юз ўгиринг ва Аллоҳга таваккал қилинг, ҳомийликка Аллоҳ кифоядир. 82. Қуръон ҳақида фикр юритишмайдими? Агар у Аллоҳдан бошқанинг томонидан бўлганида эди, унда кўп қарама-қаршиликлар топган бўлишарди. 83. Уларга тинчлик ёки хавф-хатар хабари келганида буни тарқатиб юборишади. Агар уни Пайғамбарга ё ўз раҳбарларига ҳавола қилишганида улар бу иш моҳиятини тушунган бўлишарди. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида кўпчилигингиз шайтонга эргашиб кетардингиз. 84. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ йўлида жанг қилинг! Ўзингиздан бошқага масъул эмассиз, мўминларни қизиқтиринг. Шояд, Аллоҳ кофирларнинг шиддатини даф қилса! Аллоҳ барчадан шиддатли ва азоби қаттиқдир. 85. Ким чиройли шафоат қилса, ўзига ҳам савобдан насиба тегади, ким ёмон шафоат қилса, унга ҳам «насиба» тегади ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 86. Сизларга бир ибора билан салом берилса, ундан яхшироқ сўзлар билан алик олинглар ёки ўзини қайтаринглар. Аллоҳ албатта ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир. 87. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни қиёмат куни тўплашига асло шубҳа йўқ. Аллоҳдан ҳам рост сўзловчи бормиди? 88. (Эй мўминлар), нега сизлар мунофиқлар хусусида иккига бўлиниб турибсизлар? Ҳолбуки, Аллоҳ уларни қилмишлари учун расво қилган-ку! Аллоҳ адаштирганларни тўғри йўлга бошламоқчимисизлар? Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга йўл тополмайсизлар! 89. Ўзлари кофир бўлишгани каби сизларнинг ҳам уларга ўхшаб куфр келтиришингизни исташади. Энди то Аллоҳ йўлида ҳижрат қилишмагунича уларни дўст тутманглар. Агар улар бундан юз ўгиришса, уларни тутган ерингизда ўлдиринглар. Уларни дўст ҳам, ёрдамчи ҳам қилманглар. 90. Аммо ораларингизда аҳд-паймон бўлган қавмга қўшилган ёки сизлар билан ҳам, қавми билан ҳам урушиш жонига тегиб олдингизга келганлар бундан мустасно. Аллоҳ хоҳлаганида уларни сизлардан устун қиларди ва улар сизларга уруш очишарди. Агар улар урушишдан четланиб, сулҳ таклиф қилишса, Аллоҳ уларга қарши чиқишга йўл бермайди. 91. Сизлардан ҳам, қавмидан ҳам омонда бўлишни истайдиган бошқаларни ҳам албатта кўрасизлар. Қачон уларни куфрга чақиришса, унга ўзларини отишади. Агар сизлардан ўзларини тортишмаса, сулҳ таклиф қилишмаса, сизларга қарши қўл кўтаришса, уларни тутган ерингизда ўлдираверинглар. Биз бундайларга қарши сизларга ошкора ҳуқуқ бердик. 92. Мўмин мўминни ўлдирмайди, фақат билмасдан қилиши мумкин. Ким мўминни билмай ўлдириб қўйса, бир мусулмон қулни озод қилсин ва ўлдирилганнинг ворислари кечишмаса, хунини тўласин. Агар мўмин душманингиз томондан бўлса, бир мусулмон қулни озод қилиш шарт бўлади. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг ворисларига хун тўланади ва бир мусулмон қул озод қилинади. Агар мусулмон қул тополмаса,

икки ой пайдар-пай рўза тутиб беради. Бу Аллоҳ томонидан кечириш ўрнидадир. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 93. Ким бир мусулмонни атайлаб ўлдирса, унинг жазоси абадий қолинадиган дўзах бўлади. У Аллоҳнинг ғазабига, лаънатига ва унга тайёрлаб қўйган қаттиқ азобига гирифтор бўлади. 94. Эй имон келтирганлар, Аллоҳ йўлида урушга чиқсанглар, душманни аниқ таниб олинглар. Дунё фойдасини кўзлаб, салом берувчига: «Сен мусулмон эмассан!» деманглар. Аллоҳ ҳузурида ўлжалар кўп. Авваллари ҳам шундай эдинглар, кейин Аллоҳ сизларни неъматлантирди. Аниқ билиб олинглар, Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир. 95. Мўминларнинг узрсиз бўлатуриб уйда қолганлари билан Аллоҳ йўлида мол ва жони ила жиҳод қилувчилари баробар эмаслар. Аллоҳ ҳаммаларига чиройли ваъда қилган. Мол ва жонлари билан жиҳод қилувчилар даражасини уйида қолганларникидан ортиқ қилган. Аллоҳ мужоҳидларни уйида қолганлардан улуғ мукофотлар билан афзал қилди. 96. Уларга Ўзи тарафидан даражалар, мағфират ва раҳмат бор. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир. 97. Фаришталар ўз жонига зулм қилганларнинг жонини олишаётганда: «Қандай яшадинглар?» деб сўрашади. Улар: «Ер юзида чорасиз эдик», деб жавоб беришади. «Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг Ери кенг эди- ку!» дейишади. Ана шуларнинг жойи дўзахдир ва у энг ёмон макондир. 98. Чиқиб кетиш учун тадбир ва йўл тополмаган ночор эркаклар, аёллар ва болалар бундан мустасно. 99. Уларни Аллоҳ кечиришига умид бор, Аллоҳ кечирувчи ва мағфиратлидир. 100. Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, Ер юзида кенг жой ва паноҳ топади. Ким уйидан Аллоҳга ва Расулига ҳижрат қилиб чиқиб, йўлда ўлим топса, бунинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир ва Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир. 101. (Эй мўминлар), сафарда юрганингизда кофирлардан хавфда бўлсанглар намозларингизни қаср қилиб ўқишингизнинг гуноҳи йўқ. Кофирлар ҳақиқатан сизларга очиқ душмандир. 102. (Эй Муҳаммад), мўминлар орасида турганингизда уларга имом бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсангиз, уларнинг бир қисми қуролланган ҳолда сиз билан намозда бўлсин, улар сажда қилганларидан кейин намоз ўқимаган иккинчи қисми сиз билан намоз ўқисин, улар ҳам эҳтиёт юзасидан қуролларидан ажрашмасин. Кофирлар қурол-анжомларингиздан ғафлатда бўлганингизда қўққисдан ҳужум қилишни хоҳлашади. Агар ёмғирдан азият етса ёки бемор бўлсанглар, қуролларингизни ечишда гуноҳ йўқ. Лекин ҳушёр бўлинглар. Аллоҳ албатта кофирларга хорловчи азоб тайёрлаб қўйган. 103. Намозни тугатгач, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолда ҳам Аллоҳни зикр этинглар. Хотиржамликда намозни мукаммал адо қилинглар. Намоз ҳақиқатан мўминларга вақти белгиланган фарздир. 104. Душманни қувишда бўшашманглар. Агар азоб чекаётган бўлсанглар, улар ҳам худди сизлардек азоб чекишяпти. Улар Аллоҳдан умид қилмаган нарсани сизлар умид қиляпсизлар. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.

105. (Эй Муҳаммад), ҳақиқатан ҳақ Китобни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатганидай ҳукм қилишингиз учун сизга туширдик. Хоинларнинг ёнини олувчи бўлманг. 106. Аллоҳга истиғфор айтинг, Аллоҳ албатта мағфиратли, раҳмлидир. 107. Ўз жонига хиёнат қилувчиларнинг ёнини олманг. Аллоҳ албатта хиёнатчи гуноҳкорларни ёмон кўради. 108. Инсонлардан яширишса-да, Аллоҳдан яшира олишмайди. Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмаган гапга хуфёна келишаётганларида ҳам улар билан бирга эди ва Аллоҳ уларнинг қилмишларини қамраб-ўраб олувчидир. 109. Сизлар-ку дунё ҳаётида уларнинг ёнини оляпсизлар, қиёмат куни Аллоҳ олдида ким уларнинг ёнини олади ёки ким уларга ҳомий бўлади? 110. Ким ёмонлик ёки ўзига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, у Аллоҳнинг кечирувчи ва меҳрибон эканини кўради. 111. Ким гуноҳ қилса, фақат ўз зарарига бўлади. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 112. Ким хато ё гуноҳ қилсаю уни бегуноҳга ағдарса, катта бўҳтон ва очиқ гуноҳни бўйнига олибди. 113. Агар Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, уларнинг бир тоифаси сизни адаштиришга уриниб қолган эди. Улар ўзларидан бошқани адаштира олишмайди ва сизга зарар етказа олмайди. Аллоҳ сизга Китоб ҳамда ҳикматни туширган, билмаганларингизни ўргатган ва сизга Аллоҳнинг фазли буюкдир. 114. Садақага, яхшилик қилишга ва одамлар орасини тузатишга буюришмаса, уларнинг махфий сўзлашувларида яхшилик йўқ. Бу ишларни Аллоҳ розилиги учун қилганларга албатта улуғ мукофотлар берамиз. 115. Ким тўғри йўл аниқ бўлганидан кейин ҳам Пайғамбарга ихтилоф қилиб, мўминларнинг йўлидан чекинса, юрган томонига йўллаб қўямиз ва дўзахга киритамиз. У жуда ҳам ёмон жой! 116. Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини асло кечирмайди. Аммо Ўзи хоҳлаганнинг бундан бошқа барча гуноҳларини кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, ҳақиқатан қаттиқ адашибди. 117. Улар Ўзини қўйиб бут-санамларга ва саркаш шайтонларга сиғинишади. 118. Аллоҳ шайтонни лаънатлади, у эса: «Қасамки, бандаларингдан албатта тегишли улушимни оламан; 119. Ва уларни йўлдан оздираман, ҳою ҳавасга мубтало қиламан, уларга буюрсам чорваларининг қулоғини кесишади, уларга буюрсам, Аллоҳ яратганини ўзгартиришади», деди. Ким Аллоҳ ўрнига шайтонни дўст тутса, аниқ зиёнга учрайди. 120. Шайтон уларга ваъдалар беради, хаёлларини чалғитади ва у ёлғондан бошқасини ваъда қилмайди. 121. Ана шуларнинг жойи дўзахдир ва ундан қутулишга жой топишолмайди.

122. Имон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий қолинадиган жаннатларга киритамиз. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор? 123. (Эй мусулмонлар), сизларнинг ҳам, Аҳли китобларнинг ҳам хомхаёллари нажот бермайди. Ким ёмонлик қилса, жазосини олади ва у Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, мададкор ҳам топа олмайди. 124. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, ким мўмин ҳолида солиҳ ишлар қилса, ўша жаннатга киритилади ва унга заррача ҳам зулм қилинмайди. 125. Яхшилик қилиш йўлида Аллоҳга юзланган ва Иброҳимнинг ҳаниф динига эргашганнинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган. 126. Осмонлару Ердаги жамики нарса Аллоҳникидир ва Аллоҳ ҳар бир нарсани қамраб олган. 127. (Эй Муҳаммад), сиздан аёллар ҳақида фатво сўрашади. Сиз: «Аллоҳ улар ҳақида Китобда тиловат қилинаётган ҳукм билан: сизлар ҳақларини бермасдан никоҳингизга олишга рағбат кўрсатган етим аёллар ҳақида, шунингдек, ночор-нотавон болалар ва етимларга адолат қилишингиз ҳақида фатво беради», денг. Аллоҳ ҳар бир яхшилигингизни билади. 128. Агар аёл эрининг кўнгилсиз бўлиши ва ташлаб кетишидан қўрқса, иккови ўзаро сулҳга келишларининг гуноҳи йўқ. Сулҳ яхши, нафс эса қизғанишга мойил. Агар чиройли муомала қилсанглар ва Аллоҳдан қўрқсанглар, Аллоҳ ҳар бир амалингиздан хабардордир. 129. Ҳар қанча уринсанглар ҳам хотинларингизга бир хил адолатли бўла олмайсизлар. Бирига оғиб кетиб, иккинчисини ташлаб қўйманглар. Агар ўнгланиб, Аллоҳдан қўрқсанглар, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. 130. Агар улар ажралишса, Аллоҳ фазли билан бадавлат қилади. Аллоҳ карами кенг, ҳикматлидир. 131. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. Биз сизлардан олдин китоб берилганларга ва сизларга Аллоҳдан қўрқишни буюрдик. Агар куфр келтирсанглар ҳам осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир ва Аллоҳ беҳожат, мақтовга сазовордир. 132. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. Ҳомийликка Аллоҳ кифоядир. 133. Агар У хоҳласа, эй инсонлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтиради ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 134. Ким дунё савобини истаса, ҳам дунё, ҳам охират савоби Аллоҳ ҳузуридадир ва Аллоҳ эшитувчи, кўрувчидир. 135. Эй имон келтирганлар, адолатли бўлинглар, ўзингиз, ота-онангиз, қариндошларингиз зарарига бўлса ҳам Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик беринглар. Бой бўлсин, камбағал бўлсин, Аллоҳ уларга хайрихоҳдир. Ҳавойи нафсга эргашиб адолатсизлик қилманглар. Гувоҳликни нотўғри берсанглар ёки ундан бош тортсанглар, Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир. 136. Эй имон келтирганлар, Аллоҳга, Унинг Расулига, Расулига нозил қилган Китобга, аввал туширган китобга имон келтиринглар. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига ишонмаса, у аниқ адашган бўлади.

137. Имон келтирганларидан кейин куфрга кетган, сўнгра имон келтиргач яна кофир бўлган, ҳатто куфри ортиб кетганларни Аллоҳ асло кечирмайди ва тўғри йўлга йўлламайди. 138. Мунофиқларга қаттиқ азоб хабарини беринг. 139. Улар мўминлар ўрнига кофирлар билан дўстлашишади. Иззат ва қудратни улардан кутишяптими? Иззат ва қудратнинг бари Аллоҳ ҳузуридадир. 140. Ахир У сизларга Китобда: «Аллоҳ оятларини инкор ё масхара қилаётганлар билан то бошқа гапга ўтмагунларича бирга ўтирманглар!» деб буюрган эди-ку! Шундай қилсангиз, улар кабидирсизлар. Аллоҳ мунофиқ ва кофирларни дўзахда тўпловчидир. 141. Сизларга кўз тикиб турган мунофиқлар Аллоҳ томонидан фатҳ келиб қолса: «Сизлар билан эмасмидик?» дейишади. Агар кофирларга насиб қилса: «Мусул­монлардан ҳимоя қилишда ёрдам бермаганмидик?» дейишади. Аллоҳ қиёмат куни ўртада ҳакамлик қилади ва Аллоҳ кофирларни мўминлар устидан ҳаргиз ғолиб қилмайди. 142. Ҳақиқатан мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлишади, ҳолбуки Аллоҳ уларнинг ўзларини «алдаб» қўювчидир. Улар намозга эриниб туришади, хўжакўрсинга ўқишади ва Аллоҳни камдан-кам эсга олишади. 143. Улар аросатда қолишган: на у тарафга ва на бу тарафга қўшила олишади. Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга асло йўл топиб беролмайсизлар. 144. Эй имон келтирганлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Аллоҳ ҳузурида ўз зарарингизга аниқ ҳужжат бўлишини истайсизларми? 145. Мунофиқлар албатта дўзахнинг энг тубидадирлар ва уларга ҳеч қачон ёрдамчи тополмайсиз. 146. Фақат тавба қилиб, ўзини тузатган ва Аллоҳга боғланиб, динларини холис Аллоҳ учун ушлаганлар мўминлар билан бирга бўлишади. Аллоҳ албатта мўминларга улкан мукофотлар беради. 147. Агар шукр қилсанглар ва имонга келсанглар, Аллоҳ сизларни азоблармиди?! Аллоҳ шукрни қадрловчи ва билувчидир. 148. Аллоҳ мазлумникидан бошқа бирор ёмон сўзнинг ошкор айтилишини яхши кўрмайди ва Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. 149. Яхшиликни ошкор ва яширин қилсанглар ҳам ёки ёмонликни кечирсанглар ҳам Аллоҳ албатта қодир бўлатуриб кечирувчидир. 150. Ҳақиқатан Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига куфр келтирувчилар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари орасини ажратишни ва: «Баъзиларига ишониб, баъзиларига ишонмаймиз» деб ора йўлни тутишни исташади. 151. Ана шулар ҳақиқий кофирлардир ва кофирларга хорловчи азоб тайёрлаб қўйганмиз. 152. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига ишонса, улардан бирортасини ажратмаса, мукофотини албатта беради ва Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир.

153. (Эй Муҳаммад), Аҳли китоблар осмондан китоб тушириб беришингизни сўрашади. Мусодан бундан каттароғини сўрашган ва: «Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат» дейишган. Шунда зулмлари туфайли уларни чақмоқ урди. Аниқ далиллар келганидан кейин ҳам улар бузоқни илоҳ қилиб олишди. Шунда ҳам кечирдик ва Мусога аниқ ҳужжат бердик. 154. Ваъдаларига мувофиқ устларига Турни кўтардик ва уларга: «Дарвозадан сажда қилиб киринглар» ҳамда «Шанба хусусида ҳаддан ошманглар» дедик ва улардан қатъий аҳднома олдик. 155. Аҳдномани бузганлари, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари, «дилларимиз ёпиқ» деганлари сабабли уларни жазоладик. Йўқ, Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйган, шунинг учун айримларигина имон келтиришади. 156. Ва куфрлари ҳамда Марямга улкан бўҳтон қилганлари учун; 157. «Биз Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибн Марямни ўлдирдик» дейишгани учун жазоладик. Ваҳоланки, уни ўлдиришмаган ҳам, осишмаган ҳам, уларга шундай туюлди. Талашиб-тортишганлар унинг тўғрисида шубҳада қолишган. Бу ҳақда маълумотлари йўқ, фақат гумонга суянишади. Уни ўлдирмаганлари аниқ! 158. Балки Аллоҳ уни ҳузурига кўтарган, Аллоҳ буюк ва ҳикматлидир. 159. Ўлимидан олдин унга имон келтирмайдиган бирор Аҳли китоб қолмайди. У эса қиёмат куни уларга қарши гувоҳ бўлади. 160. Яҳудийларнинг золимликлари ҳамда кўпларни Аллоҳ йўлидан қайтарганлари учун аввал уларга ҳалол бўлган нарсаларни ҳаром қилдик. 161. Ман этилган фоизни олганлари ва одамлар молини ноҳақ еганлари учун уларнинг кофирларига аламли азоб тайёрлаб қўйдик. 162. Лекин уларнинг чуқур билимлилари, сизга (эй Муҳаммад) ва сиздан олдин туширилганларга имон келтирадиган мўминлари, намозга қоимлари, закот берувчилари, Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига албатта улкан мукофотларни берамиз. 163. Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва авлодларига, Исо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ҳам ваҳий юбордик, Довудга эса Забурни бердик. 164. Ва қиссалари аввал сизга айтиб берилган, айтиб берилмаган пайғамбарларни юбордик ва Аллоҳ Мусо билан роз айтишди. 165. Пайғамбарлардан кейин одамларда Аллоҳга нисбатан ҳужжат қолмаслиги учун хушхабар берувчи ва қўрқитувчи пайғамбарларни юбордик. Аллоҳ буюк ва ҳикматлидир. 166. Лекин Аллоҳ сизга нозил қилган нарсага Ўзи гувоҳлик беради, уни илми билан нозил қилган, фаришталар ҳам гувоҳдир, лекин гувоҳликка Аллоҳ етарлидир. 167. Кофирлар ва Аллоҳ йўлидан тўсувчилар қаттиқ адашишади. 168. Ҳақиқатан кофир ва золимлик қилганларни Аллоҳ асло кечирмайди ва тўғри йўлга солмайди. 169. Фақат абадий қолинадиган дўзахга йўллайди, бу Аллоҳга осондир.

170. Эй инсонлар, Пайғамбар Парвардигорингиздан Ҳақни олиб келди, унга ишонинглар, ўзингизга яхши бўлади. Агар инкор қилсанглар, осмонлару Ердаги нарсалар албатта Аллоҳникидир. Аллоҳ билувчи, ҳикматлидир. 171. Эй аҳли китоблар, динингизда ҳаддан ошманглар, Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқасини айтманглар. Масиҳ Исо ибни Марям албатта Аллоҳнинг пайғамбари, Унинг Марямга илқо қилган калимаси ва У томондан бир руҳдир. Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига имон келтиринглар, Уни «учта» деманглар. Тийилсанглар, ўзларингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, фарзандли бўлишдан покдир. Осмонлару Ердаги нарсалар Уникидир. Ҳомийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. 172. Масиҳ ҳам, яқин фаришталар ҳам Аллоҳга бандаликдан асло ор қилишмайди. Ким Унга бандаликдан ор қилиб, кибрга борса, уларнинг барини Ўз ҳузурига тўплайди. 173. Ўшанда имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларнинг мукофотини тўлиқ беради, Ўз фазлидан зиёда ҳам қилади. Аммо ор қилиб, кибрга кетганларни аламли азоб билан жазолайди. Улар ўзларига Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, мададкор ҳам топа олишмайди. 174. Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан аниқ ҳужжат келди ва сизларга равшан нурни ҳам туширдик. 175. Аллоҳга имон келтирган ва Унга маҳкам боғланганларни Ўзининг фазли ва марҳаматига сазовор қилади ҳамда тўғри йўлга йўллайди. 176. (Эй Муҳаммад), сиздан фатво сўрашса, айтингки: «Аллоҳ сизларга калоланинг ҳукмини баён қилади: агар бир киши ўлсаю ўзи фарзандсиз, фақат синглиси бўлса, унга марҳум қолдирганининг ярми берилади. Агар сингилнинг фарзанди бўлмаса, ака меросининг ҳаммасини олади. Агар сингил иккита бўлса, ака қолдирганининг учдан иккиси тегади. Агар меросхўрлар ака-сингил бўлишса, бир эркакка икки аёл ҳиссаси берилади». Аллоҳ адашмасликларингиз учун баён қиляпти, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 5. МОИДА СУРАСИ Мадинада нозил бўлган, 120 оятдан иборат. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 1. Эй имон келтирганлар, аҳдномаларга вафо қилинглар. Сизга кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Лекин эҳромдалик вақтингиздаги овни ҳалол санаманглар. Аллоҳ нимани хоҳласа, албатта шунга буюради. 2. Эй имон келтирганлар, Аллоҳ динининг рамзларини, ҳурматли ойларни, аталган қурбонликни, тақилган белгиларини, Парвардигор фазли ва ризосини тилаб Байтул Ҳаромни кўзлаб чиққанларни беҳурмат қилманглар. Эҳромдан чиқиб поклангач, ов қилишингиз мумкин. Масжидул-Ҳаромдан тўсганларга нафратингиз ҳаддан ошишингизга асло сабаб бўлмасин. Яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ёрдамлашинглар, гуноҳ ва зулм қилиш йўлида

ҳамкорлик қилманглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Аллоҳнинг азоби шиддатлидир. 3. Сизларга ўлакса, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номига сўйилган, бўғилиб ўлган, урганда, йиқилганда, сузишганда ўлган, йиртқич еган, лекин сўйишга улгурилмаган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ҳам, чўп билан фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди. Бу ишларингизнинг ҳаммаси гуноҳдир. Бугун кофирларнинг динингиздан умидлари узилди, энди улардан эмас, Мендан қўрқинглар. Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим. Ким очликда гуноҳга мойиллик кўрсатмай мажбур бўлса, Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир. 4. (Эй Муҳаммад), ўзларига нима ҳалол қилинганини сўрашади. «Барча покиза нарсалар сизларга ҳалол қилинди. Аллоҳ сизларга билдирганидай овчи ит каби ўргатилган йиртқичлар тутиб келтирганини Аллоҳ номини зикр қилиб еяверинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳнинг ҳисоби албатта тездир», денг. 5. Бугун сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди. Аҳли китобларнинг таомлари сизларга ва сизларники уларга ҳалолдир. Покдомон мўминалар ва олдин китоб берилганларнинг иффатли, зино қилмаган ва ўйнаш тутмаган покдомон аёллари, агар маҳрларини берсангиз, сизларга ҳалолдир. Ким имонни инкор қилса, унинг амали беҳуда кетади ва охиратда зиёнкорлардан бўлади. 6. Эй имон келтирганлар, намозга турмоқчи бўлсанглар, юзингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан ювинглар, бошингизга масҳ тортинглар ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювинглар. Булғансанглар, покланинглар. Агар бемор ё мусофир бўлсанглар ёхуд бирингиз хало жойдан келса ё хотинларга яқин борсанглару, кейин сизлар сув тополмасанглар, пок тупроққа таяммум қилиб, уни юз ва қўлларингизга суртинглар. Аллоҳ сизларга тангликни раво кўрмайди, лекин сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун неъматларини тўкис беришни истайди. 7. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ҳамда «Эшитдик ва итоат қилдик» деганингизда сизлардан олган аҳдини эсланглар ҳамда Аллоҳдан қўрқинглар. Аллоҳ дилларингиздагини албатта билувчидир. 8. Эй имон келтирганлар, адолатли гувоҳ сифатида Аллоҳ йўлида ҳақни тутинглар. Бирор қавмни ёмон кўришингиз уларга нисбатан адолатсизлигингизга олиб бормасин. Адолатли бўлинглар, бу тақвога яқиндир. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ қилмишларингиздан албатта хабардордир. 9. Аллоҳ имон келтириб, яхши ишларни қилганларга мағфират ва улуғ мукофотларни ваъда қилди. 10. Кофир бўлиб, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар дўзах эгаларидир. 11. Эй имон келтирганлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – бир қавм қўл кўтармоқчи бўлганида сизлардан қайтарганини эсланглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Мўминлар Аллоҳга таваккал қилишсин.


Like this book? You can publish your book online for free in a few minutes!
Create your own flipbook